— Қурмағурнинг ўзиям жуда катта олим-да.
— Нима, бирорта зўрроқ кашфиёт қилганми?
— Шу ҳам савол бўлдими? Шуни сўраб ўтирганингизга ҳайронман. Авомни авом десак, туппа-тузук зиёлиларимиз ҳам илму фанга қизиқмас экан-да. Бу олим адабиёт тарихига оид китобларда шу вақтга қадар нотўғри талқин этиб келинган бир санани аниқлаб берди.
— Хўш, қандай сана шу вақтга қадар нотўғри талқин этиб келинган экан?
— Ун тўртинчи асрда ўтган шоир Шармандий бор-ку…
— Эшитмаган эканман.
— Биласиз, катта девони ҳам бор. Номи кўп тазкираларда тилга олинган.
— Хўш, хўш?
— Адабиёт тарихига доир китобларнинг ҳаммасида мана шу шоир Шармандий май ойининг тўртинчи куни туғилган, деб ёзиб келинарди. Устоз эса бу зотнинг тўртинчи майда туғилмаганлигини исботлаб бердилар.
— Қизиқ, қандай қилиб?
— Олти юз саҳифалик китоб ёздилар.
— Шу билан исботлаб бердими?
— Албатта йўқ! Бундай муҳим муаммони бир жилд китобда ҳал этиб бўладими? Қитобнинг биринчи жилди масаланинг муқаддимаси, холос.
— Бу нима деганингиз?
— Айтмоқчиманки, биринчи жилдда устоз Шармандий тўртинчи майда туғилмаганини хабар қиладилар.
— Иннайкейин?
— Иннайкейин, у киши асарнинг иккинчими, учинчими ёки тўртинчими—хуллас, кейинги бирор жилдида тўртинчи май деб кўрсатилиши нотўғри эканлигини исботлаб берадилар. Кейин бешинчи ва олтинчи жилдларга келиб, Шармандийнинг аниқ туғилган кунини айтиб берадилар.
— Ҳаммаси неча жилд бўлади?
— Ҳали маълум эмас. Энди битта жилдни ёзиб тугатдилар. Шунинг ўзига ўн беш йил вақтлари кетди.
— Вой-бў, ўн беш йил дейсизми?
— Бунинг ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ. Фан соҳасидан батамом бехабар экансиз, кўриниб турибди.
— Бунақада китобнинг қолган қисмларини қачон ёзиб тугатади?
— Устоз ҳозир олтмиш тўрт ёшдалар. Худо умр берса, яна ўн беш-йигирма йилдан сўнг иккинчи жилдни ёзиб тугатишлари мумкин.
— Худо кўрсатмасину, лекин мабодо…
— У тақдирда бошқа олимлар келган жойидан ишни давом эттириб кетишади.
— Бир нарса сўрасам айбга буюрмайсизми? Мени жуда қизиқтириб қўйдингиз. Шу Шармандий деган шоирингиз майнинг тўртинчисида бўлмаса, қайси куни туғилган экан?
— Ҳа, балли, адабиётимиз тарихига аниқлик киритишни талаб қилаётган нарса ҳам шу! Шармандий май ойининг тўртинчисида эмас, балки учинчидан тўртинчига ўтар кечаси туғилган экан. Аниқроғи, у соат ўн иккига қадар дунёга келган экан, демак, у учинчи май куни туғилган бўлади-да. Лекин адабиёт тарихчиларининг ҳаммаси ҳам бу масалада хатога йўл қўйиб, уни тўртинчи майда туғилган, деб келган.
— Бори шуми?
— Ия, бу ҳали камми сизга? Нима, қадимда яшаган бир шоирнинг туғилган кунини аниқлаб бериш осон иш деб ўйлайсизми?
— Ахир олим бу гапни икки-уч сатрда айтиб қўя қолса бўлмасмиди? Шунга ҳам олти юз бетлик китоб ёзиш шартми?!
— Ана холос, ахир у буни икки-уч йўл, қилиб айтадиган бўлса, олим билан сенинг ўртангда қандай фарқ қолади? Ҳаммага маълум бўлган нарсани ҳеч ким тушунмайдиган қилиб ёзиш, беш оғиз гапни беш юз бетга чўзиш қўлидан келадиган одамга олим дейилади. Ҳа, худди шундоқ. Олим билан авомнинг фарқи ҳам шунда.
— Унақа бўлса, шоир Шармандий май ойининг тўртинчисида эмас, учинчисида туғилганини сиз қаердан била қолдингиз? Китобданми?
— Шу ҳам гап бўлдими? Олимнинг китобини ўқиган билан тушуниб бўладими. Илм шу қадар тубсиз нарсаки…
— Буниси тўғрику-я, лекин сиз қаердан билдингиз?
— Китобдан эмас, албатта. Буни менга у кишининг ўзлари айтганлар. Бу ёғини сўрасангиз, бунақа китоблар одамларнинг ўқиши учун ёзилмайди.
— Ундай бўлса нега босиб чиқаришади?
— Фан ҳақида заррача тушунчангиз йўқлиги маълум бўлиб турибди. Ҳозир тушунтириб бераман. Айтайлик, бирорта асар китобхонга маъқул келиб, қўлма-қўл бўлиб кетадиган бўлса, бунақа асарнинг қиммати йўқолади деяверинг. Шунинг учун ҳам олимлар ўзлари ёзган китобларнинг қўлдан-қўлга ўтиб юришини эмас, балки жавонда чанг босиб ётишини яхши кўришади. Ҳа, китоб қаичалик кам ўқилса ёки мутлақо ўқилмаса, у қанчалик кам тушунилса ёки мутлақо тушунилмаса, муаллифнинг обрўси шунчалик баланд бўлади.
— Очиғини айтсам, ҳайрон қолдим-ку!
— Ия, нимасига ҳайрон қоласиз? Биров тушунмайдиган қилиб ёзиш осон деб ўйлайсиз шекилли! Мана, қаранг, ҳозир икковимиз бир неча соатдан буён валақлашиб ўтирибмиз, бир-биримизни бемалол тушуняпмиз. Тўғрими? Қани, мард бўлсангиз, ҳеч тушунмайдиган қилиб беш минутча гапириб кўринг-чи! Қўлингиздан келадими шу иш?
— Қийин гап.
— Қийин эмас, иложи йўқ. Мана энди сиз беш минут гап сотишни эмас, беш юз саҳифа китоб ёзиш қанақалигини ўйлаб кўринг. Тағин ёзиладиган нарса бемаъни валдирашдан иборат бўлмаслиги керак. Тўғри, айрим жиннилар бир неча соатлаб, ҳатто кун бўйи сурункасига жавраб юришади ҳам. Лекин буларни ҳеч ким олим демайди. Олим билан жиннининг фарқи нимада? Олим беш юз саҳифалик асар ёзадиган бўлса, уни ҳеч ким тушунмайди, лекин сен бундан биттаям на имловий, на луғавий хато топасан. Унинг ҳамма ёғи силлиқ, мантиқли бўлади. Жиннининг эса бу иш қўлидан келмайди.
— Бир нарсани билмоқчи эдим. Шоир Шармандий тўртинчи майда эмас, балки учинчидан тўртинчига ўтар кечаси дунёга келганлигини устоз қандай исботлаб беради?
— Исботлаб ўтирмайди ҳам. Гап бундоқ: Шармандий ўзининг девондаги бир шеърида: «Мен дунёга кечаги кун билан бугунни қутлаб келганман», деган экан. Ўзи аниқ айтиб турибди, тўғрими? Кечаги кун билан бугунни қай пайтда қутлаш мумкин? Кечаси соат ўн иккидами? Эътибор қилинг, «қутлагач» эмас, «қутлаб» деяпти-я. Демак, у ҳали қутламаган бўлади. Бинобарин, тунги соат ўн иккига эҳтимол беш соат, эҳтимол икки минут вақт қолган бўлади. Маълум бўлишича, Шармандий тўртинчи майда эмас, учинчи майда туғилган экан.
— Хўп, азизим, гапларингга қўшиламан, лекин буни исботлаб беришнинг нима кераги бор экан, шунисига ҳайронман.
— Бунинг кераги йўқ деб ўйлайсанми? Мана, масалан, дейлик, бирорта олим чиқиб, уч жилдлик асар ёзади-да, Шармандий, айтайлик, май ойининг учинчи куни соат ўн биру ўттиз минутда туғилганлигини исботлаб беради. Иккинчи бир олим Шармандий соат ўн биру, ўттиз минутда эмас, балки ўн биру ўттиз беш минутда дунёга келганлигини айтиш учун беш жилддан иборат китоб ёзиб ташлайди. Қарабсанки, шоир Шармандийнинг қайси жой ва қайси соатда дунёга келганлиги аниқ бўлиб қолади.
— Кечирасиз, яна тушуна олмай турибман. Хўп, яхши, Шармандий май ойининг учинчисида бўлмаса, тўртинчисида, соат ўн биру ўттиз минутда бўлмаса, ўн биру ўттиз беш минутда туғилган бўла қолсин, лекин бунинг қандай нафи бор?
— Вой ошиам-эй, сиз нима деб ўйлайсиз? Агар шунақа бўлмаса адабиёт тарихи ҳам бўлмайди-ку! Бир олим чиқиб «учинчи майда» деса, иккинчиси туриб «йўқ, тўртинчи майда» дейди, қарабсанки, икки ўртада баҳс кўтарилади. Икковидан қайси бири тушуниб бўлмайдиган нарсаларни кўпроқ ёзса, ўшаниси каттароқ олим эканлигини кўрсатиб қўяди.
— Ақлим етмаяпти, бунинг амалий фойдаси нима ўзи?
— Ия, зап гапларни айтасиз-да. Ахир бунинг орқасида қанча-қанча одам худди хамирдан қил суғургандек осонгина профессор, кандидат бўлиб олади-ку. Лекин улар кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлайдиган одам, деган ном олишади. Жонлари ҳузур-ҳаловатда, ўзлари иззатда бўлишади, исми шарифлари авлодлар тилида қолади. Бу ёғини сўрасанг, агар шу олимларимиз бўлмаганда биз кўп нарсалардан, чунончи, Шармандий қайси кун ва қайси соатда дунёга келганлигидан бехабар ўтиб кетган бўлардик. Одамзод шу
тариқа олға қараб боради. Бирор олим бирор нарсани айтиб қолади. Иккинчиси «ундоқ эмас, бундоқ» деб унга қарши чиқади. Ораларида баҳс кўтарилади. Шунда учинчи бир олим баҳсга аралашади. Биз яшаётган дунё шу тариқа олға қараб одимлайди.
Жуда оқил гап! Бундоқ ўйлаб қарасанг, чиндан ҳам агар олимлар бўлмаганида биттаям ҳақиқатни билмай ўтиб кетган бўларканмиз. Олимлар бўлмаганида ҳеч нарсага ақлимиз етмай ўтиб кетарканмиз. Ҳатто шоир Шармандий қачон туғилганлиги ҳам биз учун қоронғи бўлиб қоларкан. Хайрият, бу дунёда олимлар бор экан, бўлмаса ҳолимиз нима кечарди?!
Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси