Бу воқеа Сивас туманларидан бирида бўлиб ўтган. Мен аниқ жойини айтмайман, негаки қаҳрамонимизни у ўлкаларда ҳамма яхши танийди. Шундай экан, уни яна ҳаммага айтишнинг нима кераги бор…
Адвокат Ибо воқеанинг гувоҳи бўлганини тасдиқлайди, одамлар эса у ҳаммасини ўйлаб топган дейишади. Менимча, адвокат Ибо чиндан гувоҳи бўлганми ёки ҳаммасини ўйлаб топганми, бу муҳим эмас, муҳими воқеа жуда қизиқ.
Ибонинг ҳикоясига ўтайлик.
Қиш кирди. Сиваснинг шафқатсиз қиши… Уйларнинг томида икки метрга яқин қор тўпланди. Ҳар қалай кундузи чиқса бўларди, аммо у тунда чиқди ва томни қордан тозалай бошлади. Белкуракни қўйиб, муштугига сигарет тиқди. Тунги байрамона осмондан кўз узолмай боши айланди. Тутунни ҳам ой томонга қараб пуфлади… Орзулади…
Хаёллари ўтган кунларга, узоқ-узоқларга кетди… Айнан шу дамда қичқириқ ва узун яна қичқириқ… бўлди .
— Қўшнилар! Ёрдам беринг! Ўлаяпман! Бу ёққа!
Қўшнилар бу овозни эшитибоқ югуришди ва… Улар нимани кўришди денг: қаҳрамонимиз томдан қулаб тушган, қорда думалаб ётибди. Ўзига тегишга қўймади, оғриқ зўр… Суякнинг сингани аниқ… Бечора шу дамда бир қоп синган суякдек бўлиб дод соларди.
Ибо суякли қопни чанага юклади-да, олиб кетди. Деярли бир кеча-кундуз юриб шифохонагача борди. Травматолог беморни кўраркан:
— Ие, ие кўп йиллардан бери ишлаб бунақасини кўрмаган эдим, — деб ҳайратланди.
Операция узоқ давом этди. Травматолог ҳамон таажжубланишдан толмас, бу одам қандай қилиб икки оёғини баробар синдириб, олганини сўрайверарди. Оёқни, албатта синдириш мумкин, аммо бундай ҳолда бу қандай содир бўлдийкан? Жумбоқ шифокорга тинчлик бермасди.
Шифокорнинг тинимсиз сўровидан безган қаҳрамонимиз, ҳеч кимга айтмаслик, сир сақлаш шарти билан рози бўлди. Ҳатто қасам ҳам ичирди.
Шифокор сир сақлашга қасам ичди. Бемор ҳикоясини бошлади:
— Қирқ йил аввал…
— Қирқ йил аввалгини қўй, яхшиси, айтчи, томдан қандай йиқилдинг?
— Қирқ йил аввал…
— Сенга айтяпман, менга қирқ йил аввал нима бўлганининг қизиғи йўқ. Сен қандай қилиб, бир йўла иккала оёғингни синдиришни уддаладинг?
— Ҳа, мен сизга худди шуни гапиряпман, Қирқ йил аввал…
— Қайсар эш-шак экансан, яқинроқдан кел. Қирқ йил аввал оёғингни синдирганинг йўқ-ку… Сенинг қирқ йил аввалингни ким эшитади?..
— Ҳа, ўша қирқ йил аввалги воқеа бўлмаганда, мен оёғимни синдирмаган бўлардим.
— Майли, билганингни қил. Гапир.
…Мен ўшанда ўн саккиз ёш, мўйловим энди чиқа бошлаган, ҳали аёлларни билмаган пайтларим эди. У вақтларда ов билан қизиқардим. Одатда милтиқни олардим-да тоғлар, ўрмонларни кезардим.
Қиш кирди. Совуқ. Одам бўйи қор. Ов қилгани тоққа жўнадим. Қор остида сўқмоқни кўриб бўлмас, ҳар томон туман, аммо омадим келдиёв. Халтамни қушлар, қуёнлар билан тўлдирдим. Буғини шохидан ушлаб судрадим. Бўрон бошланди, ерниям, осмонни ҳам кўриб бўлмайди. Таваккал қилиб узоқ юрдим, ўрмонда эканман. Бироз енгиллашгандай туюлди, ҳар қалай бу ерда шамол унчалик иззиллатмаяпти. Бир зумда тун тушди… Яна эсимни йўқотдим…
Шунда бирдан олдиндаги шуълага кўзим тушди. Шуъла — демак инсон, том, уй, иссиқ… Ёруғликка қараб боряпману унинг яқин ёки олислигини билолмайман… Юрдим, етиб ҳам бордим, бироқ эшикни таққиллатишга мадорим етмади, остонада қуладим. Йиқилаётиб бақирганман, шекилли, эшик очилди: остонада аёл пайдо бўлди. Гўзалларнинг гўзали… Эшик орқасида суратдек турибди, мен бўлса буғининг шохидан тутиб қорда ётибман, бироқ туришга мадорим йўқ.
— Вой, бечора йигит, роса чарчабсан.
Мени кўтариб уйга олиб кирди. Уй иссиқ эди. Ўчоқда ўт ёниб турарди.
— Бечора, бутунлай музлаб қолибсан. Ҳамма нарсангни еч, яхшилаб артин, манавиларни кийиб ол, — деб кийим узатди.
Мен у айтгандай қилиб, ўчоқ ёнидаги оромкурсига чўкдим. Аёл тез орада чой олиб кирди.
— Иссиқ-иссиқ ич, ичингдан исийсан.
Маълум вақт ўтгач у столга, тўғрироғи, шоҳона дастурхонга таклиф этди. Ранг-баранг егуликлар, ширинликлар… Мен овқатга ташландим, тезда қоринни тўйдирдим. Чарчоқ енгди, иссиқ элитди. Киприкларимга тош осиб қўйгандек ҳис қилдим. Уйқу босиб келди. У билан курашишга кучим етмади, бошим ўз-ўзидан эгилди.
— Уйқунг келяптими? Бор, ётақол…
У мени хобхонага олиб кирди. Эшикни ёпиб чиқиб кетди. Ечиниб икки кишилик юмшоқ кўрпа-ёстиққа чўзилдим. Қанча вақт ўтди билмайман, бир пайт эшик очилиб аёл кириб келди. Таралган сочлари елкаларидан тушиб турарди. У узоқ тикилиб турди, мендан садо чиқмагач, секингина сўради:
— Сенга бирон нима керакми?
Мен бу меҳрибон аёлдан нима ҳам исташим мумкин? У мени совуқдан қутқарди. Уйига киритиб, қорнимни тўйдирди, кийим-бош берди. Менга яна нима керак?
— Сенга раҳмат, мен яна нима хоҳлашим мумкин. Ҳаммаси зўр, Оллоҳ сенга мададкор бўлсин, раҳмат, — дедим чин кўнгилдан.
— Демак, сен ҳеч нарса хоҳламайсан?
Мен яна қайта-қайта миннатдорлик билдирдим, ҳеч нарса керакмаслигини айтдим. Аёл чуқур хўрсинди, нега бундай қилганини мен тушунмадим. Яна бир неча дақиқа турди-да, кейин хонадан чиқиб кетди.
Ойнадан тушаётган қуёш нури кўзимга тушганда уйғондим. Чошгоҳ бўлган… Тезда кийиниб аёлга раҳмат айтдим. Миннатдорлик сифатида буғи, қуёнларни қолдирмоқчи бўлгандим, у жиддий қаршилик қилди. Мен яна буғининг шохидан тутиб йўлга тушдим тез орада уйимга етиб олдим.
Мана, бор гап шу, доктор… Шунча йил ўтди. Мана, олтмиш ёш яқинлашяпти… Кел, жиндай нафас ростлай, чекиб олай дедим… Шунда ёдимга ўша тун келди. Белкуракни ташлаб ойга боқиб ўйга толдим. Нега энди ўшанда у аёл шундай чуқур хўрсинди? Ўйладим, ўйладим ва топдим. Эҳ, тўнка! Овсар! Мен ўзимнинг ахмоқ бошимга ура бошладим, ғазабланиб сакрадим — қулаб тушдим. Қолганини ўзинг биласан, доктор. Оёқларимни, синдирдим бироқ шунинг эвазига қирқ йил аввал ўша аёл нима демоқчи бўлганини билдим. Ахир, буни билмасдан ўлиб кетишим ҳам мумкин эди.
Шифокор беморни эшитиб деди:
— Модомики шундай экан, оёғинг билан эмас, калланг билан тушсанг яхши бўларкан. Аёлнинг ўша хўрсиниши учун қовоқ бошинг пачоқ бўлиши керак эди.
Ибо бу воқеани сир сақлашга сўз бергани учун ҳам Сивасда уни билмайдиган одам йўқ. Менга ҳам бу гаплар катта сир сифатида айтилган.
Рус тилидан Ҳабиб Сиддиқ таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 9-сон