Азиз Несин. Оркестр одам (ҳикоя)

Дунёда шундай одамлар борки, уларнинг ҳар бир бармоғида биттадан ҳунар бўлади. Бизга ўхшаш мулла қуруқларнинг бўлса ўнта бармоғида ўнта тирноқдан бошқа нарсаси йўқ. Дарвоқе, менинг қўлимдан ҳам бир ҳунар келади: одам кўп жойга тушиб қолсам, дарров қўлимни ишга солиб, атрофимдаги хотинларни эт-бетидан чимчилаб оламан. Лекин бу ҳунарим ҳозирча фақат менга шапалоқ ейишдан бошқага ярамай турибди, холос.
Менинг санъатим тилим билан бурнимга жойлашган. Сабабини сўрасангиз, димоғда хиргойи қилиб, бурундан чиқарсам, одамлар сурнай чаляпти, деб ўйлашади. Кейин тилни такиллатиб, унга оёқни жўр қилсам, нақ ноғора овозининг ўзи бўлади.
Лекин бурунни сурнай-ю, оғизни ноғора қилиб чалиб юрган билан тирикчилик ўтмас экан. Одамлар музикани яхши тушунавермаслиги, дидининг пастлиги учун мен ўз қадрини топмаган санъаткорга ўхшаб кўпинча оч қоламан.
Эҳ-ҳа, бир бурда нон топаман деб озмунча сарсон бўлдимми?
Қаерга бормай, мендан:
— Қўлингдан нима иш келади? — деб сўрашади.
Ҳаммага ўхшаб:
— Нима иш бўлса шуни қилавераман! — деб айтолмасам нима қилай?
Ҳар кимнинг ўзига яраша касб-кори бўлиши керак. Лекин менга қолса ҳар бир киши ўзига ярашадиган ишни қилиши лозим. Модомики, менга бурунда сурнай чалиш санъати насиб бўлган экан, шуни қилишим керак-да.
Аммо мен: «Жаноблар, менинг қўлимдан бурунда сурнай чалиш келади», — деб гап бошлашим биланоқ, «гур» этиб кулги кўтарилади, ҳамма мени калака қила бошлайди.
Шунда мен:
— Рухсат этинг, бир чалиб берай, ёқмаса йўлимни берасиз! — дейман.
— Қани, нағмангни эшитсак эшита қолайлик! — дейишади улар.
Куйнинг даромад қисмини бошлайман. Дам-бадам «ноғора» чаламан. Буни кўриб, уларнинг оғзи очилиб қолади. Сизга ёлғон, менга чину, лекин мутлақо тишининг оқини кўрсатмайдиган не-не баобрў кишилар ҳам бунақа пайтларда қизишиб кетиб, ечиниб ташлайдиларда, қорин ўйинига тушиб кетадилар.
Мен чалиб берган «Сурнай навоси»дан кейин нима бўлишини айтиб берайми?
— Вой-бў, агар бу одам Европа ёки Америкада яшаса борми, бир зумда миллионер бўлиб кетар экан, — дейишади нуқул.
Мамлакатимизда оч-яланғоч одамларга нуқул шунақа дейишади.
Буни қарангки, ўз ватанимизда эмасу, Европа ёки Америкада эмиш. Бундан чиқди, худойи таоло одамларни икки тоифа қилиб — бир тоифасини осиёлик билан африкалигу, иккинчисини европалик билан америкалик қилиб яратган экан-да. Биз шўринг қурғур камбағал бечоралар яратилишимиздан ватангадо эканмиз, қисматимиз доим шунақа экан. Бисотингда қанчалик илму ҳунаринг бўлмасин, сен ва сенга ўхшаганларга барибир иш топилмас экан.
Бу ёғини сўрасангиз, ана шундай ҳиммат-илтифотлардан кейин қўлимга беш-ўн қуруш пул тутқазишадида, кейин олдиларига солиб қувлаб беришади.
Мана, ўзингиз кўриб тургандек, мен санъатнинг ҳамма машаққатларини тотиб кўрган одамман. Худога минг қатла шукурки, агар мен меҳрибон, санъатсевар бир хўжайинни учратмаганимда умримнинг охиригача бурунда сурнай чаладиган ҳаваскор созанда бўлиб қолаверар эканман.
У билан учрашишимиз қизиқ бўлди. Ўша пайтларда мен сайёр театрда оркестр бўлиб ишлар эдим. Ия, бу гапга ҳайрон қоляпсизми?
Ҳа, мен чиндан ҳам оркестр бўлиб ишлардим. Ахир бир одам ҳам сурнай, ҳам ноғора чалишни билса, уни оркестр демай бўладими! Лекин менинг бошқа вазифаларим ҳам бор эди: мен ҳам саҳнага чиқар, ашула айтар, бунинг устига хотинчасига кийиниб, ўйинга ҳам тушар эдим. Устига-устак кассада билет сотиш, саҳна безаш, чодир бузиб, чодир тикиш, безакларни ташиш ҳам менга юклатилган эди. Мабодо бирорта артист бетоб бўлиб қолса, унинг ўрнига ҳам мен чиқишим керак эди.
Шекспирнинг «Гамлет»и қўйиладиган кун эди. Гамлет роли менга топширилган. Лекин нима сабабдандир бугун шу спектакль кетишини менга айтиб қўйишмабди, айтишган бўлса ҳам, ёдимдан кўтарилибди. Шундан бир кун олдин «Лабламачи Хорхор» пьесасини кўрсатганлигимиз учун бугун ҳам шу кетса керак, деб ўйлабман. Навбат менга келиши билан бурнимда сурнай, оғизда ноғора чалиб, Хорхор ролида саҳнага чиқиб келдим. Саҳна безаги билан артистларга бундоқ разм солиб қарасам, биз Даниядаги саройдамизу, мен даниялик шаҳзода эканман. Олдинига нима қилишимни билмай эсанкираб қолдим: лабламачининг ролини давом эттириб, сурнай билан ноғорамни чалаверайми ё Гамлетга ўтиб кетайми? Бир лаҳза иккиландиму, дарров қарорга келдим: томоша менинг саҳнага чиқишимдан олдин бошланган, демак, Гамлет ролини ўйнашим керак. Скрипкачи Христоснинг хотини семиз Елена қаршимда турибди. У қизи Маронинг нейлондан тикилган кўйлагини кийиб олган, кампирнинг сигир елинини эслатадиган гумбаз кўкраклари қизғиш кўйлакдан хурмачага ўхшаб туртиб чиққан.
Мен дарров Гамлетнинг монологини бошлаб юбордим: «Мен онам аталмиш бу беномус қироличадан отамнинг қасосини оламан. Мен шаҳзода Гамлет бўламан! Отамнинг бу сирли ўлимининг айбдори бир умр топилмаган жиноятлар ичида қолиб кетмайди. Мен жасадни табибларга текширтираман. Мен гўрни қазиб, отамнинг жасадини олдираман ва бу сирли жиноят жумбоғини ечаман. Ва мен амаким аталмиш қотилни полицияга топшираман».
Гапни тугатишим биланоқ, бор овозим билан қичқирдим:
— Офелия!.. Офе-е-лия! Офе-е-лия!
— Полициядан хабар келди: бемаҳалда бақириш ман этилибди! — дея шивирлаб қолди шу пайт суфлёр.
Мен ўзимни семиз Еленанинг қучоғига отдим.
Халойиққа Гамлет роли манзур бўлмабди шекилли:
— Сурнайдан бўлсин! Сурнай! — дея шовқин кўтаришди. Бу жанжални кўриб хўжайин дарғазаб бўлди. Дарров пардани тушириб, менга дўқ ура кетди.
— Ҳўв маҳмадана, бу ер сенга ваъз айтадиган жой эмаски, оғзингга келганини гапираверсанг. Бу ерни саҳна дейдилар!
Бирпасда паттамни қўлимга берди. Қўлимга осонгина патта текканлигининг сабаби шундаки, мен бу ерда ҳақ олмасдан ишлаётган эдим.
Одам бирор жойда ишласа, қарз олиши осон бўлади. Мана энди мен бошқаларни шилиб юришдан ҳам маҳрум бўлдим.
Гамлет ролида чиққанимда кийиш учун ҳарбийларнинг қишки кийимидан тикилган калта шимни, асли футболчиларга аталган ола-була пайпоғимни ҳамда битта устара билан нимчани қўлтиқлаб, чодирдан чиқдим. Шу атрофда ўралашиб юрган бекорчи одамлар мени кўра солиб, бир-бирини турта кетди:
— Ана, ана бояги артист! Бурнида сурнай чалишни шундоқ боплаб ташлайдики!
Шу пайт бир одам олдимга келиб, мурожаат қилди:
— Афандим, сизга икки оғиз гапим бор эди.
— Вақт масаласи чатоқроқ, — жавоб бердим унга. — Олдин мендан розилик олинг, кейин навбат кутинг.
— Сизга айтадиган зарур гапим бор эди-да!
— Қани, бўлмаса менга бир дона сигарет беринг-чи, сал ўзимга келиб олай.
У менга хушбўй сигарет узатди. Кейин унинг машинасига ўтириб, катта фабрикага бордик. У мени дабдаба билан ясатилган хонага олиб кирди.
— Айни Гамлет ўйнайдиган жой экан-а! — деб юборибман.
— Қани, мақсадга ўта қолайлик, — деди у менга қараб. — Мен шу фабриканинг эгаси бўламан.
— Бунақа нарсани олдиндан айтиб қўйиш керак, — дедим унга бир оз ўнғайсизланиб. — Ҳар ҳолда шунга қараб тўн бичган бўлардик.
— Сен бу ёғидан хотиржам бўлавер, мен демократ одамман, бунақа нарсаларга эътибор бермайман. Гапимни жон қулоғинг билан эшит. Мен фабрика эгаси бўлсам ҳам, ҳеч кимнинг ҳақига хиёнат қилмайман.
— Ия, унақа бўлса, қорнинг нонга тўймас экан-да!,
Суҳбатдошимнинг жаҳли чиқди:
— Бемаъни гапингни қўй! Мен сенга эксплуатацияга қаршиман, деяпман. Агар ишонмасанг дуч келган ишчидан сўра!
Фабрикага кирган эдик, биринчи учраган ишчидан сўрадим:
— Сен нима дейсан, хўжайиннинг гапи тўғрими?
— Ҳа, ҳўжайин тўғри гапиряпти, — жавоб берди у. — Бу ерда оладиган кундалик иш ҳақимиз бошқа фабрикалардагидан икки ҳисса кўп. Ҳар йили бир ой меҳнат отпускасига чиқамиз. Отпуска учун алоҳида ҳақ тўланади. Бундан ташқари, ортиқча қилинган иш учун мукофот бериб турилади. Байрам кунлари ва янги йилда ҳайитлик ҳам оламиз.
Бу гапларга ҳайрон бўлганимдан «ана холос!» деб юбордим.
Кабинетига қайтиб келишимиз билан ўзидан сўрадим:
— Мен тушунолмай қолдим, сен ўзинг каллаварам одаммисан ё жинни-пинни бўлиб қолганмисан?
— Йў-ў-ўқ, — деди у. — Ақли ҳушим жуда жойида.
— Бўлмаса буни қандай тушунса бўлади?
— Мана, мен гапириб бера қолай, сен эшит. Илгари фабрикамда уч юзта одам ишларди. Табиий, улар кам ҳақ олишарди. «Хўш, борди-ю, маошингизга ўн фоиз қўшиб берсам, иш унумингиз қанча ошиши мумкин?» деб сўрадим улардан. «Икки ҳисса ошади», деган жавобни олдим. Мен дарров ишчиларнинг сонини камайтириб, фабрикада икки юзта одам қолдирдим. Чиндан ҳам иш унуми икки баравар ошди. «Кундалик иш ҳақингизни яна ўн фоиз ошириб берсам, иш унуми ҳанча кўтарилади?» деб яна сўраган эдим. «Яна икки марта кўпаяди» деб жавоб беришди. Мен ҳам яна эллик кишини ишдан бўшатдим. Иш унуми тўрт ҳисса кўпайди. Ниҳоят, бора-бора фабрикада йигирма беш ишчи қолди. Ҳозир улар бир ой меҳнат отпускасига чиқишади, оладиган маошлари ҳам бошқа жойлардагидан анча кўп, қолаверса, мен ҳам илгаригига қараганда ўн ҳисса кўп даромад оляпман.
— Хўш, менга нима демоқчи эдингиз?
Ҳовлиқма, ҳозир айтаман. Гап мундоқ. Мана энди ишчилар сонини бундан ортиҳ камайтириб бўлмайди. Шунинг учун меҳнат унумдорлигини оширишнинг бошқа йўлларини ўйлаб юрибман. Фабрика ичини жуда озода қилиб ташлаганман, бошқа ердагиларга сира ўхшамайди. Одамлар тоза жойда яхши ишлашади. Иннайкейин, иш пайтида ойнани очтириб қўяман. Ёруғ тушиб турса, иш баракали бўлади. Қолаверса, сен ўзинг ҳам кўрган бўлсанг керак, биноларнинг девори билан шифти янги бўёқдан чиққан. Рангнинг кишига таъсири катта бўлади. Мовий ва оқ ранг одамнинг асабини бўшаштиради, уни таскин топтиради, шунинг учун ҳам касалхоналарни мана шу рангларга бўяшади. Қора ранг кишини эзиб ташлайди. Пушти билан сариқ ранг хаёлни бўлади. Қизил ва яшил ранглар эса одамни қитиқлайди, ҳаяжонга солади, қонини жўштириб юборади. Шунинг учун ётоқхона деворлари доим қизил рангга бўялади. Мен ҳам фабрика биноларини шундай рангга бўятдимки, натижада меҳнат унуми яна икки баравар ошди.
— Хўп, майлику-я, лекин менга нима демоқчисан?
— Ҳовлиқаверма, ҳозир айтаман. Мен ҳеч кимни эксплуатация қилмай, иш унумини тағин ҳам оширмоқчиман. Бунинг учун эса ишчиларнинг музикага бўлган эҳтиёжини қондиришим керак. Одам музика тинглаб ишласа, ўзи ҳам сезмаган ҳолда баракалироқ ишлайди. Сенга айтмоқчи бўлган гапим мана шу. Оркестр ёлламоқчи бўлган ҳам эдим, лекин қимматга тушадиган кўринади.
— Пластинка қўйиб эшитаверсанг бўлмайдими?
— Ундан қуруқ товуш чиқади. Бу нарса кишининг асабига тегади, ишига халал беради. Эшитилаётган овоз табиий бўлиши керак.
— Жуда соз! Мен розиман.
— Лекин битта шартим бор: музика туркча бўлмаслиги керак. Ғарб куйларини чалишни биласанми?
— Билганда қандоқ!
— Қани, бўлмаса венгер рапсодияларидан бирортасини чалиб бер-чи!
Бурунни сурнай, лабимни ноғора қилиб рапсодияни боплаб чалиб берган эдим, хўжайиннинг ўзи ҳам қойил қолди.
— Лекин биласанми, — деди у менга қараб. — Сурнай билан ноғора камлик қиларкан. Бурнинг билан оғзинг ишлаётганда оёғинг бекор турмасин-да. Агар бунисини ҳам эпласанг, маошингни икки ҳисса ошириб бераман.
— Хўп бўлади, — дедим. — Ўнг қўлим билан қоринни чилдирма қилиб чалиб тураман.
— Жуда соз. Ия, оёғинг бекор қоладими унда?
— Ботинкамнинг тагидаги нағалини тақиллатиб турсам бўлади.
— Ажойиб! Яна?
— Янами? Яна… Яна… Топдим, топдим! Чап ҳўлим бўш-ку, уни орқамга уриб, музикага жўр қилиб туришим мумкин.
— Хўш, яна?
— Яна бир-икки бўш жойим бору, лекин ўзимга ҳам керак-да!
— Хўп, майли бўлмаса. Демак, сен олтита созандадан иборат оркестрнинг ишини қиласан-да. Агар мен бундай оркестр ёллайдиган бўлсам, кунига икки юз лира ҳақ тўлашим керак бўларди. Сен бўлсанг эллик лирага ҳам розисан, шундайми?
— Илтифотларига раҳмат! Мен бир ҳафтада ҳам бунча пул олмаганман.
— Ундай бўлса келишдик. Ишчиларга бошқа жойдагиларга нисбатан икки-уч ҳисса ошиқ ҳақ тўлашимни энди ўзинг ҳам кўриб турибсан. Мен фақат ҳақ тўлаш билан чекланаётганим йўқ. Уларнинг иши унумли бўлсин деб қўлимдан келган нарсани қиляпман. Қани, айт, сенга нима керак? Ўтирадиган жойингнинг бўёғи яшил бўлсинми? Ёки сенга қизили маъқулми? Ҳа, тортинмай айтавер, ёки кийимингни янги қилиб берайми?
Маҳоватли хўжайиннинг бетига тикилиб айтдим:
— Менга ҳеч нарса керак эмас, шунисига ҳам раҳмат. Лекин мена унумли ишласин десангиз, фақатгина бир илтимосимни бажо келтиринг.
— Гапиравер, дарров қилиб бераман.
— Рухсорингни кўзимдан нари қилсанг бўлди!
Хўжайин суюниб кетди:
— Қани, хўроз, қўлингни бер. Мана энди бу ёғига чалавер сурнайингни!

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси