Азиз Несин. Даъводан кечасизми? (ҳикоя)

Қаҳвахонада кимдир бировни «шарақ» этиб тушириб қолди. Гап-сўз бўлиниб, ўйин тўхтади. Ҳамма шапалоқ овози келган стол томонга ўгирилди. Тарсаки еган одам барваста, йўғону, урган одам чўпдек ингичка, нимжон экан. Йўғон одамнинг чап бетига тушиб қолган беш панжа изига қараб ҳам полиция уни ким урганини билиб олиши мумкин.
Ҳамма, йўғон одам ҳозир ўша қўл кўтарган мижғовни тагига босиб, итдек савалайди, деб ўйлади. Аммо кутилгандек бўлмади.
— Жавобгарликка тортаман! — деб бўкирди йўғон одам.
Биров бир нима демади.
— Ҳаммангиз кўрдингиз-а, — деди у яна ўтирганларга қараб.
Шундан кейин у бўйи елкасидан келмайдиган бояги ингичкага ўгирилиб:
— Қани, юр полицияга! — деди.
Тарсаки урган одам хира пашшани ҳайдамоқчи бўлгандек қўлини силтаб:
— Бор-э! — деб қўйди.
Йўғон лапанглаб кўчага югурди.
Қаҳвахонада ўтирган одамлар яна ўйинга шўнғиб кетишди.
Орадан сал ўтгач, бояги йўғон одам ёнида бир полициячи билан кириб келди-да, ингичкани кўрсатиб!
— Мана шу, мени урган! — деди. Кейин ўтирганларни кўрсатди. — Булар гувоҳ!
Полициячи қўшни столда ўтирган тўрт кишини ингичканинг ёнига қўшиб, идорасига ҳайдаб кетди.
Полиция бўлимига киргач, йўғон одам ҳалиям лавлагидек қизариб турган чап бетини кўрсатиб:
— Манави одамни жавобгарликка тортинг, комиссар тўра, мени урди. Булар ҳам гувоҳ, — деди.
Қомиссар урган билан калтак еганнинг, шунингдек тўрттала гувоҳнинг кимлигини суриштириб, ёзув машинкасида қоғозга туширтирди.
Даъвогар айбдор билан таниш эмаслигини айтди.
— Бизлар ҳеч нима кўрганимиз йўқ, — дейишди гувоҳлар.
— Шапалоқ овозини ҳам эшитмадингизми? — сўради уларга қараб йўғон одам.
Гувоҳларнинг тўрттовиям «бизлар ҳеч нима кўрганимиз ҳам, эшитганимиз ҳам йўқ» деб туриб олишди.
Шу орада ингичка одамнинг ўзи:
— Мен тонмайман, бу кишини урганим рост, бўйнимга оламан, — деб юборди.
— Хўш, нимага урдингиз? — деди унга қараб комиссар. — Орангизда бирор гап ўтганми? Ёки бу одам сизни ҳақорат қилдими?
— Нима гап ўтарди, мен бу одамни умуман танимайман.
— Бўлмаса нега урдингиз?
— Гап бундоқ, — деди ингичка. — Кеча кечқурун тўғри ишдан чиқиб уйга келдим. Уйда чироқ йўқ экан, ўчириб кетишибди. Пулини тўламаган эдик. Қоронғида ўтирдик. Туни билан мижжа қоқмадим. Бир ёқда онам касал, икки йилдан бери ошқозони оғрийди. Боёқишнинг кўрмаган азоби қолмади. Буни қарангки, доктор ёзиб берган дорини ичса, оғриғи босилади. Лекин дори топиш осонми ҳозир?
Эрталаб ўрнимдан турсам, чап томоним қақшаб оғрияпти. Уйдаги деразанинг ойнаси синганига уч ой бўлди, ҳали қўйдиролмайман. Ойна йўқ. Ўрнига чойшаб тутиб қўйган эдим, барибир бўлмади. Ғувиллаб шамол киради, уй совуқ. Чап томоним шамоллабди. Ўрнимдан туриб, кечирасиз, эшикка чиқдим. Сув тўхтаб қолибди. Ташқарида жала қуйиб турса-ю, уйингизда сув бўлмаса қизиқ туюларкан. Ҳаммамиз дир-дир титраймиз. Кўмирга ордер беришмаганидан озроқ ўтин олувдик, у ҳам тугабди. Мана энди ўтинга ҳам зормиз. Лекин бизга йўл бўлсин.
Ҳар куни ишга кетиш олдидан газеталарни бир ўқиб чиқаман. Қани, бугун нима гаплар бор экан, деб газеталарни ҳўлга олдим. «Гўзаллик мусобақаси», «Галатасарой» командаси чемпион бўлди», «Уч юз тонна қаҳва нима бўлади?», «Обидин давер» кемаси турган жойида чириди», деган нарсалар билан тўлибди газета. Хунобим ошиб кетди. Ўрнимдан сакраб туриб, кўчага отилдим. Югуриб чиқсам, эшигимизнинг олдида суд ходими билан уй эгасининг адвокати келиб туришган экан. Ижара ҳақини тўламаганим учун уйнинг эгаси мени судга берибди. Уйимни тинтув қилиб, мусодарага арзийдиган бирор нима топишолмади. Очиғини айтсам, бунақа рўзғорингда бирор арзигулик буюм бўлмаса хижолатда қоларкансан.
Шу пайт адвокат тушмагур:
— Манави диванни опкетамиз! — деб қолди.
У боёқиш диванимизга ёпишган эди, қўлига эски иштон, увада кўрпа, ҳар хил латта-путталар чиқди, тагидан ёғоч қутилар кўринди.
— Ия, бу ёқда радиоприёмник бор экан-ку! — деди у дивандан воз кечиб.
Шу дахмазани олиб кетишса, минг марта рози бўлардим. Жонивор бир йилда ўн ой ремонтда ётади-я. Топган пулим шунга кетади. Агар шу балойи азимдан қутулсам…
Энди кетай деб турган эдим, хотиним:
— Қизимиз мактабга бормаяпти, — деб қолди.
— Нега?
— Физкультура муаллими оқ резинкали ботинка билан шалвор олиб келмасанг, дарсга кирмайсан, дебди.
— Ҳа, бир гап бўлар.
— Овқатга ёғ йўқ.
Югуриб кўчага чиқдим. Ишдан кеч қолдим, энди бугун бормай қўя қолай дедим ўзимга-ўзим. Бунинг устига тинмай жала қуйиб турибди. Илгари биз томонларга трамвай юрарди, ҳозир у ҳам йўқ. Автобусни пойласанг, ярим соатда зўрға келади. Кошкийди кутганга яраша чиқолсанг. Ҳамиша тирбанд бўлади. Таксини гапирмаган маъқул. Кўчадан машиналар ғир-ғир ўтиб турибди-ю биттасиям тўхтамайди-я. Оёқдан сув ўтиб кетди, роса ивидим. Нима қиларимни билмай гангиб турган эдим, бир ўспирин олдимга келиб:
— Кечирасиз, тоға, — деб қолди.
Соат-поат сўраса керак, деб ўйладим.
— Кечаги ўйин нима бўлди, эшитмадингизми?
— Тавба… — Индамай жўнаб қолдим. Ўша ўртадаги қаҳвахонага кирдим. Уст-бошим жиққа ҳўл, чой сўрадим. Мен урган шу одам ёнимда газета ўқиб ўтирган экан. «Аҳвол чатоқ, бу ёғи нима бўлди» деб ўзимча хаёл суриб ўтирган эдим, бу киши «юртимиз жаҳаннамга кетяпти!» деганича қўлидаги газетани ирғитиб юборди. Бу одам ҳам менга ўхшаб бир нимадан куйган бўлса керак, деб ўйладим. Икковимиз ҳасратлашсак, зора енгил тортармиз, деган мақсадда унга қараб:
— Тинчликми, бейафандим? Сўраганнинг айби йўқ, нега хафа бўляпсиз? — деб сўрадим.
— Хафа бўлиш ҳам гапми, қоним қайнаб кетди, — деди у ҳамон тутақиб. — Мамлакат бедарвоза бўлиб қолди. Судьялар нима истаса шуни қилади. Буни қаранг, кечаги футбол ўйинида судья яна тарафкашлик қилибди.
Шундан кейин нима бўлганини билмайман. Ўзимни тутолмай қолдим, комиссарбей. Умримда бировни чертган инсонмасман. Биров электр тугмачасини босиб, баданимга ток юборгандек бўлиб кетди. Ўнг қўлим ўзидан-ўзи шартта кўтарилиб, шу одамнинг башарасига шапалоқ туширдим. Урганимни бўйнимга оламан. Лекин мен қасддан урганим йўқ. Ўзимни ушлолмай қолдим. Уриб бўлганимдан кейин ўзимга келдим, олдинига бу одам ҳозир мени дабдала қилади, деб қўрқдим. Аммо бўлар иш бўлган эди. Парвардигори олам ўша пайтда Зол ўғли Рустам паҳлавоннинг бутун кучини менга бердими дейман, ҳар ҳолда бу кишини қарсиллатиб уриб қолганим рост.
Комиссар калтак еган йўғон одамга бир қараб, тишларини ғижирлатиб қўйди. Кейин ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди-ю, лекин ўнг қўлининг кафтини ишқалаб қўя қолди. Сўнгра йўғон одам турган томонга ўгирилиб:
— Қани, даъводан кеча қолинг! — деб буюрди.
— Йўқ, асло кечмайман! — жавоб берди тарсаки еган одам. Комиссар тутақиб кетди, кейин ёзув машинкасининг олдида ўтирган полициячига ўгирилди.
— Қани, ёз бўлмаса. Даъвогар мамлакатимиз жаҳаннамга кетяпти, дебди. Бу билан у юртимизнинг олий манфаатларига ҳамда ҳукуматимизнинг маънавий обрўсига…
— Хўш, даъводан кечасизми? — сўради у яна йўғон одамдан.
Тарсаки еган одам беш панжанинг изи тушиб қолган чап бетини силаб туриб деди:
— Хўп бўлади, афандим, даъводан кечдим.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси