Азиз Несин. Асабий одам (ҳикоя)

Азбаройи тутақиб кетганидан қўл-оёғини титроқ босган нимжонгина бир мўйсафидни итариб-суриб полиция бўлимига олиб киришди.
— Манави чол ҳаммамизни ҳақорат қилди, комиссар тўра, дарҳол жавобгарликка тортинг.
Комиссар энг олдинда турган барзангидан сўради:
— Нима деб ҳақорат қилди?
— Ёмон сўзлар билан ҳақорат қилди, комиссар тўра, отам раҳматликка ҳам тил теккизди. Падари бузрукворимиз ўртага тушмаганларида ҳам майли эди…
Гапни чолнинг ўзи илиб кетди:
— Тўғри, ҳақорат қилдим, ҳўкиздан тарқаган экансан, дедим. Мана, мен бўлган воқеани гапириб берай, ўзингиз эшитиб кўринг. Таксида келаётган эдим. Бу йигит Олтинбаққол деган жойда машинага чиқди. Тақсим майдонига келганда тушаман, деб қолди. Буни кўриб қоним қайнаб кетди. «Ҳўв ҳўкиздан тарқаган, ҳали ёш экансан, куч-қувватинг жойида экан, шу икки қадам ерга машинага тушмасанг ўласанми?» деб айтдим. Бўлган гап шу. Мана ишонмасангиз ўзидан сўранг. — Барзанги чолнинг гапини тасдиқлади.
— Бу ерда йигитнинг ўзи айбдор, лекин мени бекорга хафа қилди, — деди ўнг томонда турган иккинчи бир даъвогар.
Чол комиссарнинг саволини кутиб ўтирмай ўзи гап бошлади:
— Буниям боплаб сўкдим, айб ўзида. Бу одам ўзи Тақсимда машинага ўтирди. Бир нафасда иккита сигарет чекиб ташлади. Индамадим, яна битта тутатди. Миқ этмадим. Машинанинг ичи тутунга тўлиб кетди. Ойнани сал очиб қўяйлик, нафас олиб бўлмаяпти, десам, йўқ, ҳаво совуқ, мен шамоллаб қоламан, дейди-я. Гапини эшитиб ғазабим қайнади. «Қанақа эшаксан ўзинг, аблаҳ, шамоллаб қолишдан қўрқадиган бўлсанг, нима учун ўтирган жойингда мўркондек кетма-кет тутун қайтарасан?» дедим.
— Қариянинг гапи тўғри. Бунақа бетамиз одамларнинг таъзирини бериб қўйиш керак, — гапга аралашди учинчи даъвогар.
— Сиз ўзингиз нима демоқчисиз? — сўради комиссар унга юзланиб.
— Мениям, афандим… Ёмон ҳақорат қилди…
— Қилдим, қиламан ҳам… Бу киши Галатасаройдан таксига чиқди. Етти туғиб бир қолган одамини топгандай менга ҳасрат қила кетди. Оиласи тўрт жон эмиш, икки хонали уйда ижара турармиш. Хотини ўтакетган шаллақи эмиш. Ўтган йили қизини узатган экан, куёви ноқобил чиқибди. Хотини яна ҳомиладор бўлган экан, қорнини ёриб болани олишибди. Энди яна бўйида бўлиб қолганмиш. Бола бўлмасликнинг йўлини билмайсизми, деб мендан сўраб қолди. Шу гапни эшитиб тепа сочим тик бўлиб кетди. «Ҳўв афандим, бу қандоқ бўлди, ўзинг оғзида битта тиши қолмаган рўдапо чол бўлсанг, бунинг устига хотининг кетма-кет туғиб бераверса? Бу ҳақда сен эмас, бошқалар ўйлаши керак. Ўзинг қанақа молфаҳм одамсан, уйдаги гапни дуч келганга айтаверасанми, номард», дедим.
— Жуда боплабсан, сенинг ўрнингда бўлгаиимда мен ҳам шундоқ қилган бўлардим, — деб юборди бошқа бир даъвогар.
— Хўш, сизга нима деди? — унинг ўзидан сўради комиссар.
— Бу одам мениям ҳақорат қилди, тўрам.
— Ҳа, бопладим, яна боплайман. Ўзи Тепабошида таксини тўхтатиб чиқиб олди. Чиқди-ю, пулемётга ўхшаб кетма-кет акса ура бошлади. Четга қараб урса ҳам гўрга эди, лекин бу муттаҳам нақ бетингизга пойлаб отади-я. Яна бир хапшу деб юборган эди, юз-кўзимни сўлакайи билан чаплаб ташлади. «Агар тумов бўлган бўлсанг, оғзингга рўмолча тут ёки аксираётганингда қўлинг билан оғзингни бекитиб тур. Одамнинг бетига қараб акса уриш қаёқдан чиққан, итвачча?» — деб сўкиб юбордим. Ахир йўли шундоқ эмасми, комиссар тўра?
— Балли, отахон, шунақа бўлиши керак, гапинг жуда тўғри, — деди уни қувватлаб яна бир даъвогар.
— Қани, ўзингиз нима демоқчисиз?
— Бу одам мениям куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилди.
— Ҳа, тонмайман, ҳайвон деганим рост. Гап бундоқ. Бу занғар Шишхонага келганда машинани тўхтатди. Пастга тушгач, нуқул чўнтагини ковлайди-ю, пулдан дарак йўқ. Ўзингиз биласиз, бу соатда кўчада қатнов зўр бўлади. Орқамизда трамвайлар, автобуслар, машиналар турна қатор бўлиб кетди. Полициячи бизга тезроқ юр, деб ҳуштак чалади, шофёрлар бақириб-чақиришади. Бу ҳўкизнинг эса парвойи фалак. Ҳали шимининг чўнтагини ковлайди, ҳали нимчасини. Анчадан кейин «мана-э, топдим» деб ич чўнтагидан юз лиралик қоғоз пул чиқариб берса бўладими?! Жон-поним чиқиб кетди. «Таксига ўтирган одам дарров пулини тайёрлаб қўйиши керак. Шунча одамни йўлдан қолдириш ярамайди. Пулингни майдалаб қўйсанг бўлмасмиди, ҳайвон?!» деб сўкиб бердим.
Даъвогар бўлиб келган шу таксининг шофёри ҳам унинг ёнини олди:
— Баракалла, боплаб таъзирини бердинг, қойилман.
Комиссар дарҳол унга ўгирилди.
— Ўзингиз нега келдингиз?
— Мен ҳам сўкиш эшитдим.
— Ҳа, тўғри, буниям эшак дедим. Нега деганда, у бнтта хотиндан пулни олиб, хўп опажон, деди, иккинчисига онажон деб мурожаат қилди. Бир кишини амаки, яна бирини тоға деб чақирди. Йўловчиларнинг бирини ака, бирини ука деб роса сайради. Бир мўйсафидни бой ота, деб кузатиб қолди. Тишимни тишимга қўйиб кетавердим. Охири мен ҳам ҳақимни тўлаб, машинасидан тушаётган эдим, «хафа бўлмай кетинг, ота», дейди-я. Бунисига энди нима деса бўлади? «Ҳў, хумпар, мен сенинг онангни кўрмаган бўлсам, хотининг кимлигини билмасам, нега энди менга ота дейсан? Машинангга тушган одам сенга уруғ-аймоқ бўлиб кетаверар экан-да, эшак!» — деб айтдим.
— Шунча ёшга кириб, Истамбул қанақалигини билмайсанми ўзинг? Мабодо сенга бунақа қўпол, бефаросат одамлар ёқмас экан, кўчага чиқиб нима қиласан? Уйингда тинч ётаверсанг бўлмайдими, эш…
Шу жойга келганда комиссар ўзини ўнглаб олди. — Афандим!

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси