Хонасининг эшигини кимдир тақиллатмай қўққисдан очди-ю, хаёл суриб ўтирган Лидж Бейлининг капалаги учиб, қўлидаги трубкасини полга тушириб юборди. У бетакаллуф меҳмонни койимоқчи бўлувди, ким келганини кўриб эгилиб трубкасини олишниям унутди.
– Дэниел Олив! Кўзларимга ишонмайман, ўзингизмисиз?
– Ҳа, бу менман, – деди меҳмон дона-дона қилиб. Унинг ҳиссиз юзи кишида ғалати таассурот қолдирарди. – Олдиндан хабар бермай, сизни безовта қилганим учун узр. Лекин вазият шуни тақозо этди. Бу ерга келганимни ҳамкасбларингиз ҳам, роботлар ҳам билмагани маъқул. Сизни кўрганимдан жуда хурсандман, дўстим Лидж.
Робот шундай деб, Лидж билан худди одамдек қўл сиқишиб кўришди.
– Сизни ўзимнинг хонамда кўраман деб сира ўйламовдим, – деди изқувар ҳамон ҳайратини яширолмай. – Қандай шамол учирди? Ҳеч кимга билдирмай келишингизга қараганда галактикамизда яна бирор кўнгилсизлик рўй бердими, дейман?
– Йўқ, дўстим Лидж. Мени бу ерга етаклаган муаммо бир қарашда арзимас гапдек туюлиши мумкин. Коинотда парвоз вақтида иккита математик олим жанжаллашиб қолишди. Ерга яқинлигимиз боис…
– Демак, воқеа юлдузлараро лайнер бортида рўй берибди, шундайми?
– Худди шундай. Олимларнинг низоси безиёндек туюлса-да, аслида, ўртада жиддий масала турибди.
Бейли беихтиёр жилмайди.
– Инсонларнинг айрим хатти-ҳаракатлари сиз роботларни ўйлантириши табиий. Ахир, одамлар роботларга ўхшаб Уч қонунга бўйсунишмайди-да.
– Афсуски, шундай, – деди Дэниел жиддий қиёфада. – Баъзан инсонларнинг ўзлари ҳам бир-бирларини тушунишга қодир эмас, деб ўйлаб қоламан. Лекин менимча, жанжаллашган икки олим ҳолатини сиз бошқа сайёраларда яшовчи одамлардан яхшироқ тушунасиз. Чунки Ерда инсонлар тиғиз яшайди. Шунинг учун ҳам олдингизга ёрдам сўраб келдим.
Дэниел шундай деб бироз сукут сақлади-да, кейин қўшиб қўйди:
– Одамларнинг муомала маданиятидан тузуккина хабардорман. Лекин боя сўрашаётганда хотинингиз ва ўғлингизнинг аҳволи яхшими, дейиш ёдимдан кўтарилибди.
– Яхши, раҳмат. Ўғлим коллежда ўқияпти. Жесси эса, сиёсат билан шуғулланяпти. Энди айтинг-чи, сизни олдимга ким юборди?
– Ерга яқин қолганда капитанга сиз билан маслаҳатлашсак-чи, деб ўзим таклиф қилдим, – деди Р. Дэниел.
– Капитан рози бўлдими? – Улкан фазо кемасининг бошқарувчиси арзимас низо туфайли парвоз режасини бузгани Бейлини таажжубга солди.
– Муаммони ҳал этишнинг бошқа йўли йўқ эди. Мен сизни унга роса мақтадим, лекин бир оғиз ҳам ёлғон гапирганим йўқ. Фазо кемасининг учувчи ва йўловчилари Ерга тушиб карантинни бузмаслиги учун ёнингизга бир ўзим келдим.
– Ўша низо ҳақида гапиринг-чи, – деди Бейли қошини чимириб.
– “Эта Карини” фазо кемаси йўловчилари орасида нейробиофизика бўйича юлдузлараро конференцияда қатнашиш учун Аврорага учаётган икки нафар математик ҳам бор. Шу олимлар ўзаро келишолмай қолишди. Бирининг исм-фамилияси – Альфред Барр Гумболдт. Иккинчиси – Женнан Себбет. Сиз уларни танимайсизми?
– Йўқ, математикларга ишим тушмаган, – деди Бейли энсасини қашиб. – Ишқилиб капитанга мени математика бўйича мутахассис демадингизми?
– Йўқ, дўстим. Гап шундаки, можаронинг математикага деярли алоқаси йўқ.
– Хўш, жанжал нимадан чиқди?
– Аввал сизга олимлар ҳақида қисқача гапириб берай, – деди робот тараддудланиб. – Доктор Гумболдт Галактиканинг уч нафар энг обрўли зиёлиларидан бири. Доктор Себбет эса, ундан анча ёш, ҳали элликка ҳам кирмаган. Себбет замонавий математиканинг мураккаб муаммолари билан шуғулланаётган ноёб истеъдод эгаси.
– Демак, икковиям донгдор олим, – Бейли полда ётган трубкасини олди-ю, тутатгиси келмай четга қўйди.
– Шу олимлардан бири иккинчисининг обрўсини тўкмоқчи. Адашмасам, машҳур одамлар учун обрўни йўқотиш ўлим билан баробар, шундайми?
– Шундай десаям бўлади, – деди Бейли ўйланиб. – Хўш, ким шеригининг мисқоллаб йиққан обрўсини тўкмоқчи бўлаяпти?
– Биз ҳам шуни билолмаяпмиз-да, дўстим Лидж, – деди Дэниел. – Иккала математик ҳам бир-бирини айблаяпти. Гумболдтнинг айтишича, фазо кемаси парвозни бошлагач, унинг миясига фавқулодда ажойиб ғоя келган. У инсон бош чаноғидаги нейронларнинг микротўлқинларни ютишини математик йўл билан таҳлил этиш методини ўйлаб топган. Илмий фаразини обдон ўйлаб кўргач, Гумболдт фанда инқилоб ясайдиган оламшумул кашфиёт қилганини тушунган. Кейин кема бортида тасодифан доктор Себбетни учратиб, қувончини у билан баҳам кўрган. Ёш ҳамкасбига ғоясини ипидан игнасигача изоҳлаб тушунтирган. Себбет ҳам бу оламшумул кашфиёт эканини тасдиқлаб, Гумболдтни кўкларга кўтариб мақтаган. Шундан сўнг Гумболдт Аврорадаги конференцияда ғоясини жамоатчиликка етказиш учун ҳисобот тайёрлашга киришган. Кейин билса, унинг илмий фаразини ўзлаштириб олган Себбет ҳам худди шу мазмунда ҳисобот ёзаётган экан.
– Гумболдтнинг фиғони фалакка чиққандир?
– Бўлмасам-чи!
– Хўш, Себбет нима деяпти?
– Гумболдтнинг гапларини сўзма-сўз такрорлаяпти. Фақат исмларнинг ўрни алмашган. Себбетнинг айтишича, кашфиётни у қилгану, Гумболдт унинг ғоясини ўғирлаган.
– Демак, икковиям кашфиёт меники, деяпти, тўғрими? Лекин ҳақиқатнинг тагига етиш осон-ку. Илмий тадқиқот ёзилган қоғозлар кўздан кечирилса, муаллифи ким экани аён бўлади-қолади.
– Агар кашфиёт бошқа соҳага алоқадор бўлганда биз худди айтганингиздек қилардик, дўстим Лидж, – деди робот. – Аммо бу ерда гап математика ҳақида кетаяпти. Доктор Гумболдт кашфиётини миясида хомчўт қилганини ва конференцияга ҳисобот ёзгунича қоғозга туширмаганини айтаяпти. Себбет ҳам худди шундай деябди.
– Ундай бўлса икковиниям миясини зонддан ўтказиб, ким ёлғон гапираётганини аниқланглар.
Р. Дэниел бош чайқади.
– Менимча, сиз гап кимлар ҳақида кетаётганини яхши тушунмаяпсиз, дўстим Лидж. Бу олимлар – Галактикалараро Академия аъзолари. Уларнинг хулқ-атворини фақат Академия комиссияси муҳокама қилади. Ўзлари рози бўлишсагина мияларини зонддан ўтказишимиз мумкин.
– Улардан рухсат сўранглар унда. Ёлғон гапираётгани миси чиқишидан қўрқиб унамайди. Шунда айбдор кимлигини билиб оласизлар.
– Дўстим Лидж, бундай нуфузли зиёлилар учун мия текширувига рози бўлишнинг ўзи айбини тан олиб шарманда бўлиш билан баробар. Икковиям йўқ, дейди.
– Шунақами? Унда низога аралашманглар. Аврорага етиб борганингларда ким ёлғончилигини конференциядаги академиклар аниқлайди.
– Бу можарони конференцияга етиб бормай туриб босди-босди қилиш керак-да, дўстим. Агар у ёқдагилар жанжалдан хабар топишса, иккала математикнинг ҳам номига доғ тушади. Бизларга ҳам гап тегади.
– Ўзлариям низони тинч йўл билан ҳал қилишмоқчими?
– Ҳа. Айниқса Гумболдт жанжалнинг овоза бўлишига қарши. “Агар Себбет ғояни ўғирлаганини тан олиб, конференцияда ҳисобот беришимга тўсқинлик қилмаса, унинг устидан кенгашга шикоят ёзмайман, ўртадаги гап шу ерда қолади”, деяпти у.
– Себбет нима деяпти?
– У ҳам худди шу гапни айтаяпти: Гумболдт айбини тан олса, олам гулистон эмиш. Дўстим Лидж, менимча, икковиям сир бой бермоқчи эмас, бир-бирининг оғзини пойлаяпти.
– Пойлашса пойлайверишсин.
– Аммо бу кетишда низо Аврорадаги кенгашгача бориб етади. Кейин фазо кемамизда тартиб-интизомни сақлолмаган капитанимизга гап тегади.
– Хўш, Дэниел. Сизнингча, бу чигални қандай ечиш мумкин?
– Битта йўли бор – Академиянинг обрўсини сақлаш, фанга доғ туширмаслик учун олимлардан бирини айбни ўз бўйнига олишга кўндирамиз. Аммо бу ҳолатда ҳақиқат қарор топмайди. Айбсиз айбдор мисқоллаб йиққан обрўсидан айрилиши, ғояни ўғирлаган фирибгар эса сувдан қуруқ чиқиши мумкин. Шунинг учун бу йўл ҳам тўғри келмайди.
Бейли оғир тин олди.
– Гувоҳларимиз ҳам борлигини айтишни унутибман, – деди Р. Дэниел.
– Жин урсин, гапни шундан бошламайсизми. Қанақа гувоҳлар?
– Доктор Гумболдтнинг хизматчи роботи Р. Престон ва доктор Себбетнинг роботи Р. Аид. Р. Престон кашфиётни хўжайини қилганини, Себбет эса уни ўзлаштириб олганини таъкидлаяпти, Р. Аид эса кашфиёт Себбетники, Гумболдт – ўғри, деяпти.
– Демак, роботлардан бири ёлғон гапиряпти. Тажрибали робопсихолог ёллаб, уларни текширувдан ўтказсанглар, ҳақиқат ойдинлашади.
– Кемамиз бортида робопсихолог йўқ-да. Роботларни Ерга юборишга эса хўжайинлари рухсат бермайди.
– Оббо, унда мендан нима истайсиз, ўзи, Дэниел? – деди Бейли хиёл аччиқланиб.
– Бу муаммони ҳал қилиш фақат сизнинг қўлингиздан келади, дўстим Лидж.
– Шунақами? Унда математикларингиз билан гаплашишим керак.
– Афсуски, бунинг иложи йўқ. Карантин туфайли улар кема бортини тарк эта олишмайди.
– Ҳеч бўлмаса хизматчи роботларни видеофон орқали сўроқ қилишнинг иложи бордир?
– Ҳа, буни уюштириш мумкин.
– Демак, иккала роботни ҳам сўроқ қиламан. Айтинг-чи, Р. Дэниел, кема бортида олинган кўрсатмалар қоғозга туширилдими?
– Ҳа, сизга керак бўлади, деб уларни олиб келувдим.
– Яхши қилибсиз… Роботларни сўроққа тутишдан аввал бир ўйлаб кўрсак. Одатда робот ёлғон гапирмайди. Лекин Уч Қонундан бирини бузмаслик учун алдаши мумкин. Яъни, Учинчи Қонунга биноан ўзини омон сақлаш, Иккинчи қонунга кўра хўжайини – инсоннинг буйруғини бажариш, Биринчи Қонун бўйича одамларни хавф-хатардан асраш ва уларга зиён етказилишига йўл қўймаслик учун робот ёлғон гапириш ҳуқуқига эга. Бизнинг ҳолатимизда хизматчи роботлардан бири хўжайинининг обрў-эътиборини сақлаш учун ёлғон ишлатмоқда. Бу Биринчи Қонунга тўғри келади. Чунки машҳур математик учун обрўсини йўқотиш ўлим билан баробар.
– Аммо ёлғон гапираётган робот нариги олимга зарар етказади-ку, дўстим Лидж?
– Гапингиз тўғри. Лекин робот учун хўжайинининг манфаати биринчи ўринда туради-да… Хўш, дастлаб доктор Себбетнинг роботи Р. Аидни сўроқ қиламиз.
– Бир дақиқа, – деди Р. Дэниел девор томонга юриб. – Ҳозир проекторли микроузаткични ёқаман. Деворда роботнинг акси пайдо бўлади. У билан худди ёнма-ён ўтириб суҳбатлашаётгандек бемалол гаплашаверасиз.
Кўп ўтмай оппоқ деворда Р. Аиднинг икки ўлчамли тасвири кўринди. Р. Дэниелдан фарқли ўлароқ, танаси металлдан ясалган учта блокдан иборат бу новча робот сираям одамга ўхшамасди.
– Салом, Р. Аид, – деди Бейли.
– Салом, сэр, – кўриниши ўхшамасаям Р. Аид одамлардек равон гапирарди.
– Сен Женнан Себбетнинг ёрдамчисисан, шундайми?
– Ҳа, сэр.
– Қачондан бери унинг хизматидасан?
– Йигирма икки йилдан бери, сэр.
– Хўжайинингнинг обрў-эътибори сен учун муҳимми?
– Ҳа, сэр.
– Сен унинг обрўсини ҳимоя қилиш керак деб ҳисоблайсанми?
– Ҳа, сэр.
– Худди унинг ҳаётини ҳимоя қилгандекми?
– Йўқ, сэр.
– Худди бошқа бирор одамнинг обрўсини ҳимоя қилгандекми?
Р. Аид бироз ўйлаб, кейин шундай деди:
– Саволингизга аниқ жавоб бериш мушкул, сэр. Бунақа ҳолатларда вазиятга қараб иш кўраман.
Р. Аид Бейли ўйлагандан кўра фаросатлироқ экан. Изқувар кутилмаган савол билан уни қармоққа илинтириш осон кечмаслигини тушунди.
– Айт-чи, агар сен хўжайинингнинг обрўси бошқа одамнинг, мисол учун, Альфред Гумболдтнинг обрўсидан муҳимроқ деб ҳисоблаганингда уни ҳимоя қилиш учун ёлғон гапирармидинг?
– Ҳа, сэр.
– Хўжайининг ва Гумболдт ўртасидаги тортишув ҳақида кўрсатма бераётиб ёлғон ишлатдингми?
– Йўқ, сэр.
– Агар алдашга мажбур бўлсанг ҳам буни тан олмасдинг, шундайми?
– Ҳа, сэр.
– Унда гапимни диққат билан эшит, – деди Бейли ҳал қилувчи ҳамлага ўтиб. – Сенинг хўжайининг Женнан Себбет ёш ва келажаги порлоқ математик. Агар Гумболдтнинг гапи тасдиқланиб, кашфиётни Себбет ўғирлагани аниқланса ҳам, бу хўжайинингнинг келажакдаги фаолиятига унчалик таъсир қилмайди. Негаки олдинда уни бундан ҳам катта кашфиётлар кутмоқда. Лекин агар Гумболдтнинг ўзи плагиатга қўл ургани исботланса, унинг мисқоллаб йиққан обрўйи бир пул бўлади. Шуҳратини қайта тиклашга эса унда вақт йўқ. Гумболдт қартайиб қолган. Хуллас, кўриб турибсанки, доктор Гумболдт хўжайининг билан солиштирганда анча танг аҳволда қолди, шундай эмасми?
Р. Аид узоқ ўйлагач, ниҳоят тилга кирди:
– Аввалги кўрсатмаларим ёлғон эди. Кашфиётни доктор Гумболдт қилган, хўжайиним эса уни ўзлаштирмоқчи эди.
– Жуда соз, – деди Бейли. – Сенга раҳмат. Кетишинг мумкин.
Девордаги тасвир ўчгач, Бейли трубкасини тутатди.
– Энди Гумболдтнинг роботини чақиринг. Унга ҳам худди шу саволларни бераман.
– Нимага? – ҳайрон бўлди Р. Дэниел. – Р. Аид барини тан олди-ку?
– Р. Аиднинг иқрори билан иш битмайди. Унга Гумболдт оғир аҳволда деганимдан кейин кўрсатмасини ўзгартирди. Ҳозирги иқрори танг ҳолатдаги инсонни ҳимоя қилиш учун айтилган ёлғон бўлиши ҳам мумкин. Шундай экан, демак, ҳали иш битгани йўқ.
Кўп ўтмай деворда Гумболдтнинг роботи Р. Престоннинг тасвири кўринди. Бу робот Р. Аиддан фақат кўксидаги нақш билан фарқланарди.
– Салом, Р. Престон, – деди Бейли.
– Салом, сэр.
– Сен Альфред Гумболдтнинг ёрдамчисисан-а, шундайми?
– Ҳа, сэр.
– Қачондан бери унинг хизматидасан?
– Йигирма икки йилдан бери, сэр.
– Хўжайинингнинг обрў-эътибори сен учун муҳимми?
– Ҳа, сэр.
– Сен унинг обрўсини ҳимоя қилиш керак, деб ҳисоблайсанми?
– Ҳа, сэр.
– Худди унинг ҳаётини ҳимоя қилгандекми?
– Йўқ, сэр.
– Худди бошқа бир одамнинг обрўсини ҳимоя қилгандекми?
Р. Престон бироз ўйлаб, кейин гапирди:
– Саволингизга аниқ жавоб бериш мушкул, сэр. Бунақа ҳолатларда вазиятга қараб иш кўраман.
– Айт-чи, агар сен хўжайинингнинг обрўси бошқа одамнинг, мисол учун, Женнан Себбетнинг обрўсидан муҳимроқ деб ҳисоблаганингда уни ҳимоя қилиш учун ёлғон гапирармидинг?
– Ҳа, сэр.
– Хўжайининг ва Себбет ўртасидаги тортишув ҳақида кўрсатма бераётиб ёлғон ишлатдингми?
– Йўқ, сэр.
– Агар алдашга мажбур бўлсанг ҳам, буни тан олмасдинг, шундайми?
– Ҳа, сэр.
– Тушунарли, – деди Бейли. – Энди вазиятни жиддийроқ таҳлил қилайлик. Хўжайининг Альфред Гумболдт донгдор, атоқли олим. Агар Себбетнинг гапи тўғри чиқиб, Гумболдт унинг кашфиётини ўғирлаган бўлса, бу хўжайинингнинг обрўсига унчалик салбий таъсир қилмайди. Қариянинг ёш ҳамкасбига ҳавас қилиб беихтиёр унинг ғоясини ўзлаштирганини кўпчилик тўғри қабул қилади. Лекин агар Себбет хўжайинингнинг ғоясини ўғирлагани исботланса, ёш олимнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Унинг энди танилаётган номига доғ тушиб, обрўси бир тийин бўлади. Хуллас, Себбет хўжайининг билан солиштирсак жуда танг аҳволда қолди, тўғрими?
Р. Престон узоқ вақт товуш чиқармади. Сўнгра:
– Аввалги кўрсатмаларим ёлғо… – деди-ю, ўчиб қолди.
– Менимча, Р. Престоннинг мияси ишдан чиқди, дўстим Лидж, – деди Р. Дэниел гапга аралашиб.
– Ниҳоят айб кимда эканини аниқладик, – Бейли мамнун жилмайди.
– Ўғрини топдикми?
– Ҳа.
– Қанақасига?
– Ҳозир сизга тушунтираман. Масалан, мен виждони пок олим бўлсам, роботим худди Р. Аидга ўхшаб фақат бошқа бирор инсонга ҳам кўмак бериш учун, Уч Қонунга кўра, ёлғон ишлатади ва бу ёлғон унга зарар қилмайди. Лекин агар мен кашфиётни ўғирласаму, роботимга ёлғон кўрсатма беришни буюрсам, у Уч Қонунга кўра, менга ёрдам бериш учун ёлғон гапиради. Лекин бу ёлғон бошқа бир инсонга салбий таъсир этганини билса, ҳақиқат ва ёлғон ўртасида аросатда қолиб мияси ишдан чиқади. Р. Престоннинг мияси куйди. Демак, унинг хўжайини доктор Гумболдт шеригининг кашфиётини ўғирлабди. Фазо кемаси капитанига шундай деб айтинг, дўстим Дэниел. У Гумболдт билан бир гаплашиб кўрсин.
– Кўрсатмангизни ҳозироқ видеофон орқали капитанга етказаман. Мени маъзур тутасиз, кема капитани билан ёлғиз гаплашишим керак, – Р. Дэниел шундай деб хонадан чиқиб кетди.
Бейли тахмини тўғри чиққанига умид боғлаб, трубка тутатганча роботни узоқ кутди. Ниҳоят Р. Дэниел ортга қайтди.
– Айтганингиз тўғри чиқди. Капитан билан суҳбатдан сўнг доктор Гумболдт Себбетнинг кашфиётини ўғирлаганини тан олди. Айтинг-чи, дўстим Лидж, робопсихолог бўлмай туриб ёрдамчи роботлардан қайси бири ёлғон гапираётганини қандай аниқладингиз?
Бейли табассумини яширолмади.
– Дўстим Дэниел, мен роботларнинг эмас, одамларнинг фикрлаш тарзидан келиб чиқиб ҳақиқатни топдим. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: ёш олим Себбет кема бортида оламшумул кашфиёт қилади. Турган гапки, у қария Гумболдтдан маслаҳат сўрайди. Гумболдтдек довруғи достон, кўпни кўрган олим ўз кашфиётини таҳлил қилиш учун тажрибасиз Себбетдан маслаҳат сўраши мумкинмиди? Менимча, йўқ. Себбетнинг Гумболдтдек обрўли зотнинг кашфиётини ўғирлашга ҳадди сиғармиди? Йўқ. Бошқа томондан, қария Гумболдтнинг ёш ҳамкасбининг ғўрлигидан фойдаланиб, тайёр ғояни ўзлаштириб олганини тахмин қилиш қийин эмас. Шу эҳтимолларнинг барини ҳисобга олиб айбдор кимлигини аниқладим. Роботларнинг кўрсатмаси эса, исбот вазифасини ўтади, холос.
Р. Дэниел изқуварнинг гаплари устида анча бош қотирди.
– Сизга катта раҳмат, – деди у Бейлининг қўлини сиқаркан. – Яқин кунларда яна учрашармиз деган умиддаман.
– Бунақа можароларга мени аралаштирмаслигингиз учун кечроқ учрашишгаям розиман, – деди Бейли кулиб.
Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 8-сон