Абу Али ал-Муҳассин ат-Тануҳий. Мароқли ҳикоятлар

* * *

Қуйидаги воқеани менга Талҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Каннош сўзлаб берган:
— Бир куни Сайф ўд-Давланинг улфатлари даврасида ўтирардим. Дўстона суҳбат асносида қандайдир бир одамни судраб олиб келишди. Амир нимадир деб, уни ўлимга буюрди, ҳукми дарҳол бажарилди..
Шунда амир бизга қараб, деди:
— Нақадар адабсизлик! Саройимдаги хулқ-ахлоқнинг ҳолига вой! Ана одамгарчилик! Наҳотки, биронтангиз ҳукмдорлар ҳақидаги ривоятларни эшитмагансиз? Наҳотки, эзгуликка ишонмайсиз? Ё сизга шундай тарбия беришганми?
Амир биронтамизни ножўя ишимиздан воқиф бўлган кўринади, шу боис бизга дашном беряпти, деб ўйланиб қолдик. Сўнг дедик:
— Биз ҳусни хулқни жанобларидан ўрганганмиз (биз амирга “жаноблари” деб мурожаат қилардик). Бу таъналарнинг боиси не, билолмай турибмиз. Ўзлари изоҳлаб берсалар, айни муддао бўлурди…
Амир деди:
— Наҳот кўрмадингиз? Кўз олдингизда бир мусулмоннинг қонини тўкдим. Бир чеккаси — ҳокимиятпарастлик, қисман тубан сиёсий манфаат важидан шундай ҳукм чиқардим. Ораларингизда бирон-бир эс-ҳушли одам сўз олиб, маҳкумнинг бир қошиқ қонини кечишни мендан сўрарди, деб умидвор эдим. Унинг айтганини қилардим ҳам. Бу иш маҳкумга ҳам, умуман аҳли фуқарога ҳам одиллик бўлурди. Сизлар эса лом-мим демадингиз. Оқибатда бир инсонни азиз жонидан жудо этдим.
— Жанобларининг муборак амрларига монелик кўргазишга юрагимиз бетламади, — деб, ўзимизни оқламоқчи бўлдик. Амир эса яна сўроққа тутди:
— Баракалло! Гап бир мўминнинг ҳаёт-мамоти устида борса ҳам оғиз очмай ўтираверамиз, денг? Ўзингизни оқлай олмайсиз! Асло! Биз шундай ҳолларда энди сукут сақламасликка амирга сўз бердик. Аммо унинг кўнгли тинчимагунига қадар ўзимизни оқлашда давом этдик.

* * *

Кўпгина кишилардан эшитганим мана бу ҳикояни менга падари бузрукворим сўзлаб берганлар:
— Абу Ҳанифадан фиқҳ илмини ўрганган Абу Юсуф дастлаб анча камбағал одам бўлган. Устозидан эрта-ю кеч сабоқ олиш билан бандлиги сабабли тирикчилиги базўр ўтган. Ҳар куни қош қорайганда ғариб кулбасига қайтиб, борига қаноат қилиб яшаган. Хотини боёқиш ўзини ва эрини бир амаллаб боқиш учун кўп машаққатлар чеккан. Бу аҳвол узоқ вақт давом этган. Ниҳоят хотинининг сабр косаси тўлиб, бир кеч Абу Юсуф сабоқдан қайтиб келганида таом солинган товоқ ўрнига қозончани тутқазган. Абу Юсуф товоқни очиб қараса, ўзининг хат битилган дафтарлари. Ҳайрон бўлиб сўрайди:
— Бу нимаси?
— Уззу-кун шу дафтарларни хат ёзиб, тўлдирдингиз, энди уларни кечлик ўрнида кўраверасиз, — деб жавоб қилади хотини.
Шунда Абу Юсуф йиғлаб юборади ва ноилож ўринга чўзилади. Эртаси кун барвақт туриб, кўчага чиқиб кетади, егулик бир нима топиб келиб, сўнг сабоққа йўл олади. Абу Ҳанифа ҳузурига ҳам кечикиб боради. Устозининг:
— Нега хаяллаб қолдинг, — деган саволига жавобан бор гапни рўйи-рост айтиб беради.
— Нега менга бир оғиз айтмадинг, — сўрайди устози, — албатта ёрдам берган бўлурдим.
Абу Юсуф бошини эгиб тураверади. Шунда устози дейди:
— Хафа бўлма! Бошинг омон бўлса, бу йиққан билимларинг сени албатта боқади. Писта-бодомли ҳалволар ейсан ҳали!
Отамларнинг айтишларига қараганда, Абу Юсуф шундай деган экан:
— Устозим каромат қилган эканлар. Ҳорун ар-Рашид саройида хизмат қила бошлаган пайтларим эди. Бир куни дастурхонга писта-бодомли ҳалво келтириб қўйишди. Уни тотиб кўрарканман, Абу Ҳанифа ҳазратларининг сўзлари ёдимга тушди. Кўзларимга дув этиб ёш келди. Ҳорун ар-Рашид жаноблари бунинг сабабини сўрадилар. Мен бошимдан ўтган ўша воқеани ҳукмдорга сўзлаб бердим.

* * *

Бу ҳикояни мен Абул Ҳусайн ибн Ҳишомдан эшитганман:
— Мазкур воқеани Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Саъд ҳикоя қилиб берган. У ҳошимийлар қабиласи озод қилиб юборган қул бўлиб, бир вақтлар қози Юсуфнинг котиби лавозимида ишлаган. Унинг айтишича, қози Исмоил ибн Исҳоқ ўз устозларидан эшитганки, Офийя-қози халифа ал-Маҳдий томонидан Бағдоднинг бир қасабасига қози этиб тайинланади. У зўр уламо, табиатан зоҳид бир одам бўлган. Бир куни у ўша қасабада қози бўлиб турган вақтда ал-Маҳдий саройига келиб, халифанинг бўш вақтини топиб, ҳузурига киради ва қабул қилишини сўрайди. Қози ҳужжатлар сақланадиган қутичани ўзи билан бирга олиб келганди. Қози ал-Маҳдийдан изн сўраб, дейди:
— Мени қозилик мансабидан халос этиб, манави қутичани ўзингиз раво кўрадиган кишига топширсангиз…
“Каттакон амалдорлардан биронтаси қозини ҳақорат этган ёхуд ҳуқуқларига даҳл қилган бўлса керак”, — деб ўйлайди халифа ва Офийяни шу мавзуда саволга тутади.
— Сиз олампаноҳ тилга олган ишлар содир бўлгани йўқ, — деб жавоб қилади қози.
— У ҳолда нечук лавозимдан воз кечаётирсан, — сўрайди ҳукмдор.
Шунда Офийя ундан яна бир карра ижозат сўраб, шундай дейди:
— Бир куни ҳузуримга икки даъвогар кириб келди. Бири — шерозлик, яна бири исфаҳонлик экан. Даъво иши бағоят чигал эди. Иккови ҳам ўз фойдасига ишлайдиган далил — гувоҳлари бор эканлигини айтиб, бирма-бир санар эдики, мен уларни ипидан-игнасигача кўриб чиқишим зарур эди. Шу боисдан пировард ҳукмни чиқаришга шошилмадим. Ё улардан бири битимга рози бўлади ёхуд можарони ҳал этувчи ечимни топаман, деб умид қилардим. Шу аснода даъвогарлардан бири менинг ширин хурмоларни хуш кўришимни билиб олган экан. Қаерда шундай хурмони кўрса, сотиб ола бошлаган. Айни пишиқчилик пайти эмасми, у шунчалик кўп хурмони сотиб олганки, бу иш ёлғиз амир ал-мўмининнинг қўлидан келса керак, деб ўйладим, ўзимча. Умрим бино бўлиб бунчалик кўп ширин хурмони кўрмагандим. Даъвогар уйимнинг қоровулини ўзига оғдириб олиб, ундан ҳам пулини аямаган. Менинг йўқ дейишимга қарамай, меваларни менга олиб келиб турсин, деб шундай қилган. Ҳар гал хурмо тўла лаганни хонамга кўтариб кирганида мен рад этиб, меваларни қайтариб олиб бориб беришни буюрар ва қоровул айтганимни беками-кўст бажарар эди.
Бугун ўша даъвогарлар яна ҳузуримга келишди. Аммо энди улар кўзимга тенг кўринмай қолди. Тарози бир томонга оққандек эди. Гарчи туҳфаларини қабул қилган бўлсам-да, даъвогарлардан бирига кўнглим мойилроқ эканини сезиб қолдим. Туҳфаларини олиб қолганим тақдирда натижа не бўлур эди? Бу ҳолда имонимга зид иш қилиб, аввало ўзимнинг, сўнг бошқа бир банданинг охиратини куйдиришим турган гап. Шу сабабга кўра мени қозилик лавозимидан бўшатишингизни ўтиниб илтимос этаман.
Ал-Маҳдий бироз ўйланиб туради-да, Офийяни қозиликдан халос қилади.

* * *

Котиб Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Абу муҳаммад ас-Сулҳий ҳикоя қилади: — Мен Мисрда ал-Котин деган машҳур табибни кўрганман. У ойига минг динор ишларди, чунки ҳукмдорлар унга доимий маош тайин этган, оддий кишилар ҳам хизматига яраша мукофотлашарди. Ал-Қотин уйини шифохонага айлантирган бўлиб, шу ерда камбағалларни турфа таомлар, дору дармонлар билан таъминлаб турар, парвариш қилар эди. Хуллас, топган пулларининг ҳаммасини савоб ишларга сарфларди. Бир куни катта бир амалдорнинг фарзанди ҳушидан кетиб, ётиб қолади. Мен ҳам (исми шарифи ҳозир ёдимда йўқ) ўша кишининг уйида эдим. Дарҳол табибларни, жумладан ал-Қотинни ҳам чақиртириб келишди. Ундан бўлак барча табиблар беморнинг жони узилади, деб ўйлаб, дафн маросимига тараддуд кўришни маслаҳат беришди. Ал-Қотин эса бундай деди:
— Бу болани даволаб кўришга менга изн берсангиз. Тузалса — айни муддао, тузалмаса — Оллоҳнинг иродаси… Сизлар уни ўлдига чиқардингиз, шундай эмасми?
Қариндошлари рози бўлиб, ал-Қотин билан табибларни ёлғиз қолдиришди. Ал-Қотин хизматкорларни чақириб, бозордан бақувват қулларни ёллаб келишни, ҳамда бир нечта пишиқ қамчи келтиришни буюрди. Дарҳол айтганларини бажо этишди. Ал-Қотин болани оёқ-қўлини чўзиб, ётқизиб қўйди-да, қуллардан бирига: “Ўн марта қамчи уринг”, деб тайинлади. Шундай қилишди. Табиб боланинг томирини ушлаб, яна ўн карра қамчилашни буюрди. Шундан сўнг яна қон томирни текшириб, атрофини ўраб турган табиблардан сўради: “Сиз ҳам кўринг-чи, томирини уряптими экан?”. Улар ал-Қотиннинг айтганини қилиб: “Йўқ”, деб жавоб беришди. Ал-Қотин муолажани давом эттириб, яна табибларга мурожаат қилди: “Томир уряпти, марҳамат, текширинг”. Табиблар ал-Қотиннинг сўзларини тасдиқлашди: “Ҳа, томир урмоқда, урганда ҳам тобора тезроқ уряпти!” Бола яна ўн карра қамчи еганидан кейин, томир уриши яна ҳам тезлашди, тағин ўн қамчи урилгандан кейин аста қимирлай бошлади. Шу иш яна бир марта такрорлангач эса бола қамчи зарбидан қичқириб юборди. Шундан кейин уни қамчиламай қўйишди. Бола бирдан ҳамманинг кўз ўнгида ўрнидан қўзғолиб, ўтириб олди. У ер-бу ерини ушлаб, оғриқдан инграй бошлади. У ҳаётга қайта бошлаганди! Ал-Қотин: “Аҳволинг дурустми?” деб сўради. Бола қори очганини айтди. Ал-Қотин тезда таом келтиришни буюрди. Бола таомни еб олгач, анча ўзига келди ва бироз вақт ўтиб, буткул тузалиб кетди.
Шунда табиблар ал-Қотиндан:
— Бундай ғаройиб усулни кимдан ўргангансиз? — деб сўрашди.
Ал-Қотиннинг жавоби шундай бўлди:
— Бир вақт карвонга қўшилиб, сафарга чиқдим. Бир тўда қуролланган бадавийлар бизни кузатиб боришарди. Бир куни улардан бири отдан ёмон йиқилиб, ҳушидан кетди. Ҳамма уни ўлганга чиқарди. Аммо ҳамроҳларимиздан бири — кекса шайх бадавийнинг танасига шитоб билан қаттиқ-қаттиқ мушт ура бошлади. То бадавий ўзига келганига қадар роса муштлади, ўзи қоп-қаро терга ботиб кетган бўлса-да, муштлай берди. Бадавий бир ўлимдан қайтди. Шунда фаҳмладимки, жонсиз бадан кучли зарбалар остида ҳарорат пайдо қиларкан, бу ҳарорат бемор ҳолатни енгадиган даражага етгунигача кўтарила бораркан. Боланинг худди шундай аҳволга тушганини кўриб мен ўша шайхнинг усулини эсладим ва Оллоҳга таваккал, мазкур муолажани қўлладим.

* * *

Ушбу ҳикояни менга Абул Ҳусайн ибн Айёш сўзлаб берган:
— Ишончли бир одамдан эшитгандимки, Саид ибн Маҳлад Исмоил ибн Булбулни таъқиб қилган кезларда Исмоил кўчага ҳам чиқмай қўйганди. Бундан ташқари у фарзандли бўладиган кун-соатни интиқиб кутарди. Ҳатто ҳали туғилмаган боланинг зоичасини тузсин, деб, мунажжимни ҳам чақириб келтирди. Аммо яқинларидан бири:
— Юлдузларга қараб, тақдирни аниқ билиб бўларканми? Шу атрофда башоратчи бадавий бор, яхшиси, ўшанга одам юбор! Дунёда унақаси топилмаса керак, — деб Исмоилга сўзини ўтказди. Шундай қилишди. Башоратчи келгач, Исмоил уни саволга тутди:
— Сени бу ерга нега чақиртирдим, биласанми?
— Биламан!
— Билсанг айт!
— Тез орада фарзандлик бўласан, унинг тақдирини мендан сўраб билмоқчисан, — деди бадавий ён-верига разм солиб:
Исмоил бадавий ҳузурига йўллаган кишисига: “Нега чақиртирганимизни айтмайсан”, деб тайинлаган эди. Башоратчининг жавобини эшитиб, ҳайратга тушди, унга ихлоси ортди. Яна сўради:
— Ўғил туғиладими, қизми?
— Ўғил! — деди дадиллик билан бадавий яна атрофига бир қараб қўйиб.
Исмоил мунажжимни суҳбатга тортди:
— Сиз бу гапга не дейсиз?
— Бадавий тилидан жаҳолат сўзлайди, — деди мунажжим башоратни рад қилиб.
Шу пайт Исмоилнинг бошига қовоқари келиб қўнди. Хизматкор уни қувиб, белбоғи билан уриб, бир амаллаб ўлдирди. Бадавий ўрнидан тура солиб, Исмоилга хитоб қилди:
— Оллоҳга қасамки, бир белбоғлик кишидан белбоғ воситасида халос бўлдинг! Энди сен унинг ўрнини эгаллайсан! Бу башоратим учун мендан зўр мукофот қарздорсан!
Бадавий шундай деб ўйинга тушиб кетди. Исмоил уни тўхтатмоқчи ҳам эдики, кимдир ичкаридан: “Чақалоқ муборак бўлсин”, деб қичқирди.
— Ўғилми, қизми? — шошиб сўради Исмоил.
— Ўғил! Ўғил!
Бадавийнинг башорати рост бўлиб чиққандики, энди Исмоил Саид ибн Маҳладнинг маҳв бўлишига ҳам умид қилса бўлаверарди. У бадавийни сахийларча тақдирлаб, жўнатиб юборди.
Орадан бир ой ўтар-ўтмас ал-Муваффақ Исмоил ибн Булбулга киши йўллаб, вазир этиб тайинланганини, Саид ибн Маҳладни эса унинг қўлига топширажагини маълум қилди.
Исмоил душманини то жон таслим этгунига қадар роса қийнади.
Исмоил ибн Булбул душманини олиб келишгунигача бадавийнинг башоратини эслаб, ҳузурига чақиртирди. “Ҳамма башоратларинг тўғри чиқди. Шу ишларни қаердан била қолдинг?” — деб сўради:
— Ахир, одам зоти пешонасида нима ёзилганини билмайди, ҳатто юлдузлар ҳам бу каби воқеалардан дарак беравермайди-ку!”
Бадавийнинг жавоби шундай бўлди:
— Бизнинг аҳли қабила жуда сезгир бўлишади. Айтайлик, осмонда учиб юрган қушларни кузатамиз, нимани кўрсак, ўшанинг маъносини топишга ҳаракат қиламиз. Эсингдами, бу ерга биринчи бор чақиртирганингда, мендан бунинг сабабини сўрадинг. Мен хонани бир кўздан кечириб, сув совутиб, солиб қўйиладиган кўзаларни кўрдим. Дарров шу хонадонда яшайдиган бирон аёлнинг ой-куни яқин, деб ўйладим. Кейин тўсатдан кўзалар устига нар чумчуқ келиб қўнди. Ўғил туғилади, деб хаёл қилдим. Сўнг худди насронийлар зуннорига ўхшаш бир қовоқари бошингга келиб қўнди. Бу — душманнинг белгиси эди. Мен Саид ибн Маҳлад асли насроний, у сени йўқ қилиб юбормоқчи бўлган ғаддор душманинг эканини яхши билардим. Қулинг ўшанда қовоқарининг бошини янчди. Бу эса душманинг устидан қўлинг баланд келишининг аломати эди.
Исмоил бадавийни яна бир карра мукофотлаб, кўнглини олди.

* * *

Яна ўша дўстим Абул ал-Ҳусайн ибн Айёшдан эшитганим ҳикояни сўзлаб бераман, у гапни мана бундай бошлаган эди:
— Бир қадрдоним менга айтишича, у ал-Ҳайр деган жойга бораётиб, бадавийлар манзилига яқин бир ерда отидан тушган-да, қуллари билан бир дастурхон ёзган. Улар таомга ўтирган бир пайтда бир бадавий келиб, қорни жуда очганини айтган. Уни дастурхонга таклиф этишиб: “Биздан қолгани — ҳаммаси сеники”, дейишган. Бадавий улар ёнига келиб ўтирган. Бир вақт улар тепасидан бир қарға қағиллаб учиб кетган. Шунда бадавий ўрнидан тура солиб, қарғага тош отган.
— Сен ёлғон сўзладинг, Оллоҳ душмани, — деб қарғага бақирган.
— Ўзи нима гап? — деб сўрашган бадавийдан.
— Кўрмайсизми, бир гап айтиб, ғазабимни келтирди. Гўё сизлар ҳозир мени ўлдирмоқчи эмишсиз. Ёлғон! Ахир сизлар қорнимни тўйдиришга ваъда бердингиз-ку! Шундай эмасми? Ўзимча бадавийни аҳмоққа чиқариб, овқатланиб бўлдик-да, дастурхон устидаги каттакон ўткир пичоқни олишни унутиб, ичидаги қолган-қутган таомлари билан бирга ўраб, бадавийнинг қўлига тутқаздик. Таомларни еб бўлганингдан кейин дастурхонни олиб келиб бер, деб тайинладик. Бадавий биздан хурсанд ҳолда дастурхонни елкасига орқалаб кўтарган ҳам эдики, ичидаги ўткир пичоқ нақ икки курагининг қоқ ўртасига санчилди! Бадавий ерпарчин бўлиб йиқиларкан:
— Лаънати қарға! Бекор қағилламаган экансан! Куним битди! — деб бақирди.
Нарироқдаги манзилда турган бадавийлар бу ишни биздан кўрмасин, деб, дастурхонимизни ҳам олмай, отга миниб, жўнаб қолдик. Бизни таниб қолмасинлар, деган ниятда тезда карвонга бориб қўшилдик. Қонига беланиб ётган бадавийни ўз ҳолига ташлаб кетишга мажбур бўлдик. У омон қолдими, йўқми, бехабармиз.

* * *

Мазкур ҳикояни менга падари бузрукворимиз сўзлаб берганлар:
— Абу Иброҳим деган бир дўстим бор эди. У аввал отамнинг, сўнг менинг хизматимда бўлган. У шоҳмотни жонидан яхши кўрарди, баъзан бизникига келиб, қулларим билан алламаҳалгача шоҳмот ўйнарди. Одати шу эдики, ер тиззалаб ўтириб олиб, икки қўлига тиралиб, доналарни суриб ўйнарди. Шунда биронта киши Абу Иброҳимнинг елкасига устма-уст болиш қўйиб кетса ҳам, то ўйинни тугатмагунига қадар жойидан қимирламасди. Ўйинни тамом қилгандан кейингина болишларни устидан итқитиб ташлаб, қулларни сўкишга тушарди.
Отам юқоридаги ҳикояга қўшимча тарзда яна бир воқеани айтиб бергани ёдимда:
— Яна бир шоҳмотбоз дўстим бўларди, бир куни унинг уйига йўл олдим. Аср намози ўқиладиган пайт эди.
— Энди ҳеч қаёққа кетмайсан, — деб таъкидлади у. — Кечгача шу ерда қоласан! Шоҳмот ўйнаймиз, зерикиб қолсанг, ўтган-кетган воқеалардан сўзлашиб ўтирамиз. Кел, аср намозини канда қилмайлик. Кейин хуфтонгача шоҳмот ўйнаймиз, бўптими?
Намозни адо этиб бўлганимиздан сўнг дўстим уйга чироқ кўтариб кирди. Ўйин бошланди! Шунчалик берилиб ўйнабмизки, тун ўтиб, саҳар яқинлашиб қолганини ҳам сезмабмиз! Ўзимиз ҳам роса чарчабмиз…
Бир пайт азон товуши келганга ўхшади. Дўстимга:
— Бомдодга чақиришди, хайр, мен кетдим, — дедим.
У қулларини чақирди, аммо улардан дарак бўлмади. Икковимиз ўрнимиздан туриб, қулларни уйғотдик. Кўчага чиқдик. Қуллар биздан сал олдинда боришарди. Чиндан ҳам муаззин бомдодга чорлаётган экан. Бутун бошли бир тун ўтиб кетибди-ю, биз шоҳмот қизиғида буни билмай қолибмиз!
Ҳа, дўстим шу қадар эҳтирос билан ўйнардики, менинг бу ҳақдаги гапларимга:
— Йўқ, мен сен айтганчалик шоҳмот жинниси эмасман. Ашаддий ишқибоз шундай ўйнайдики, ҳатто ўлим тўшагида ётганида ҳам: “Ло илоҳа иллолло!” деб калима келтиргин десалар, ҳарифига: “Шоҳ! Ана энди мот бўлдинг! Тўрангни ишга солмай қўяқол!” деб жавоб беради, — дерди.
Мен эса унинг фикрига қўшилмай, ўз гапимни маъқуллардим:
— Барибир, сендақаси оламда топилмаса керак! Мабодо бор бўлса ҳам, сен унинг даражасига етмагунингча тинчимас эдинг. Дўстим айтардики, шоҳмот жуда фойдали ўйин!
Масалан, шоҳмот ҳарбий маҳорат сирларини билиб олишда қўл келади, ақли пешлайди, ҳар бир ишда мулоҳаза юритишга, турфа воқеа-ҳодисаларни башорат этишга ўргатиши мумкин.
— Фақат шоҳмотга хос бир зўр хислат борки, — дерди дўстим, — унга тан бермай иложинг йўқ. Инсонлар минглаб йиллардан буён шоҳмот ўйнасалар ҳам бир ўйин ҳеч вақт бошқасини такрорламайди.

* * *

Ушбу ҳикояни менга Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Муҳаммад (У ат-Табарий тахаллуси билан машҳур) айтиб берган:
— Суфий Жаъфар ал-Ҳулдий бошқа бир суфий ал-Ҳаввосдан эшитгани бир воқени сўзлаб, шундай деган: “Мен бир вақт талай суфийлар билан бирга кемага тушиб, сафарга отландик. Денгизда анча узоққа бориб қолганимизда фалокатга учрадик. Бир тўдамиз кеманинг қолган-қутган парчаларига жон ҳолатда ёпишиб, бир амаллаб қирғоққа чиқиб олдик. Тамомила нотаниш бир жойда бир неча кун яшаб қолишимизга тўғри келди. Егулик ҳеч вақо йўқ, ажал ҳадемай бизни ўз домига тортиши муқаррарлигига кўзимиз етди. Шунда барчамиз жам бўлишиб, қуйидаги қарорга келдик: “Ўзимизни Оллоҳ ихтиёрига топширайлик. Унинг иродаси-ла бу ердан эсон-омон чиқиб, қайтадан ҳаёт бошласак, унга беҳисоб шукроналар қилайлик. Биримиз ҳеч қачон рўзани бузмаймиз деб, бошқамиз намозни асло канда қилмай ўқиймиз деб, яна биримиз ҳеч вақт ёлғонни тилга олмаймиз деб, қасам ичдик. Навбат менга келганида: “Фил гўштини оғзига олмаганим бўлсин”, деб аҳд этдим. “Шу ҳам гап бўлди-ю!” деб менга дашном берганлар, буни ҳазилга йўйганлар ҳам бўлди. “Бу — ҳазил эмас, — деб жавоб қилдим, — сизлар гап бошлаган пайтда Оллоҳ йўлида нимадан воз кечсам экан, деб роса ўйладим ва шундай қарорга келдим. Сиз нима десангиз деяверинг, аммо мен қасамимни бузмайман!” “Бунда бир гап бўлса керак”, деб қўйишди шерикларим.
Орадан бир оз вақт ўтиб, егулик топиш мақсадида ҳар томонга тарқалдик. Кўп ўтмай шерикларим фил боласига дуч келиб қолишди. Уни дарҳол бир амаллаб тутиб, ўлдириб, гўштини ажратишди ва қовуришди. Мен бу ишларга аралашмадим. Овқат тайёр бўлгач, мени қовурдоқдан тотиб кўришга чақиришди. “Бир соатгина бурун Оллоҳ йўлида қасам ичиб, фил гўштини оғзимга олмасликка қарор қилгандим, — дедим мен. — Қасам бўйича иш тутсам, очликдан ўлишим ҳам мумкин, чунки сизлар каби мен ҳам бир неча кундан бери ҳеч нарса емадим. Ўзимнинг ҳам кўнглим суст кетиб турибди. Аммо қасамимни бузмайман! Ўзингиз баҳузур тановвул қилаверинг”. Шундай деб шерикларимдан йироқлашдим. Улар фил гўштига қоринлари тўйди. Кеч кириб, ҳамма ўз жойига бориб ётди. Мен эса бир дарахтнинг остида ёнбошладим. Тунларни одатда шу ерда ўтказардим. Орадан бир соатдан мўлроқ вақт ўтди. Биз кундузи фил боласини учратган жойда баҳайбат бир фил пайдо бўлди. У бор овоз-ла ўкирган эди, бу даҳшатли ҳайқириғи бутун саҳрони тутиб кетди. Фил ҳар қаёққа аланглаб, бизни қидиргандек бўларди. Кунимиз битган кўринарди. Ҳаммамиз шундай хаёлда, даҳшат ичра ерпарчин бўлиб ётиб олдик. Фил шерикларимиздан бирининг устига яқинлашиб, хартумини чўзди-да, бошдан-оёқ искаб чиқди. Кейин бошқаларнинг ҳам гавдасини бир-бир ҳидлади. Ана, у бир шеригимизнинг гавдаси узра оёғини кўтариб уни парчалаб ташламоқчи бўлгандек, бор кучи билан ерга босиб, эзғилади. Ўлганига амин бўлгач, бошқа ҳамма шерикларимга ҳам шундай шафқатсиз “муомала” қилди. Мендан бўлак тирик жон қолмагунча, шу ишни давом эттирди. Мен ҳеч қаёққа қочмай, Оллоҳдан нажот тилаб, тавба-истиғфор айлаб, филнинг ҳаракатларини ваҳма аралаш кузатиб ўтирардим. Ана, у мен томон кела бошлади. Нима бўлса, бўлди деб чалқанча ётиб олдим. Фил тепамга келиб, худди шерикларим каби мени ҳам бошдан-оёқ искашга тушди. Бир-икки ҳидлаб кўриб, бирдан хартуми билан белимни ўраб олди-да, осмону фалакка даст кўтарди. У мени бошқача йўл билан, яъни чилпарчин қилиб ўлдирмоқчи, деб даҳшатга тушдим. Аммо фил мени қўйиб бормай, устига миндириб олди! Унинг устида чайқалиб ўтирарканман, бир оз ўзимга келиб, теварак-атрофга аста разм солдим. Ажалим муддати кам бўлса-да, кейинроқ сурилгани учун Оллоҳга шукрона айтдим. Ҳайрат аралаш шу фурсатни кутардим. Фил эса бирдан шитоб билан югуриб кетди! Шу югурганича тонг ғира-шира ёришганига довур тўхтамади. Бироз тин олиб, хартумини баланд кўтарди. Ана энди ажалим етди, ўйладим мен. Аммо фил тушмагур мени хартуми билан ўраб, оҳистагина ерга тушириб қўйди. Сўнг келган томонга қараб, мендан қочиб қолди! Кўзларимга ишонмай, тек туриб қолдим… Фил кўздан йўқолгач, Оллоҳга минг бора шукр қилиб, таҳорат олдим-да, намоз ўқидим. Кейин чор атрофимга қараб, кенггина бир йўл устида турганимни кўрдим. Йўл бўйлаб, бир-икки фарсах юриб, катта бир шаҳар четидан чиқиб қолдим. Сал юргач, бу — ҳиндлар яшайдиган шаҳар эканини кўрдим. Улар менга кўзлари тушиб, ҳайрон бўлишар, бу ерга қандай қилиб келиб қолганимни суриштиришар эди. Уларга кўрган-кечирганларимни қисқача сўзлаб бердим, Айтишларича, бояги фил мени кўтариб олган ҳолда бу шаҳар ёқасига келгунига нақ бир неча кунлик масофани босиб ўтган эмиш.
Ниҳоят мен ҳиндлар билан хайрлашиб, яна талай шаҳарларни босиб ўтиб, эсон-омон уйимга етиб олдим. Оллоҳга шукроналар айтиб, маърака ўтказдим.
Абу Муҳаммад ал-Муҳаллабий уйида зиёфат берган чоғларида улфатлари билан ёзилиб сўзлашиб ўтиришни жуда хуш кўрар, ўзи ҳам ғоят сўзамол одам эди. Атрофга кўпгина уламолар, адиблар ва яқин кишиларини бир ерда жамулжам этиб, қизиқ-қизиқ ҳикоялар, латифалар айтиб берарди.
Бир куни дастурхонга қовурилган булдуруқ гўштини олиб- келиб қўйишди. Шунда ал-Муҳаллабий деди:
— Амир сафдошларидан бири ар-Расибий айтиб берган қизиқ воқеа эсимга тушди. Ижозатингиз билан сизни баҳраманд этсам.
Ар-Расибий уйида тушлик қилардик. Зиёфатга бир кўп меҳмонлар ташриф буюрган, улар орасида ар-Расибийга қарашли вилоят билан чегарадош ер-мулкларнинг соҳиби — курд қабилаларининг сардори ҳам бор эди. Бу одам илгари қароқчилик билан шуғулланган, кейинчалик ар-Расибийдан узрхоҳлик қилиб, унинг яқин кишисига айланган эди. Зиёфат давомида булдуруқ гўштини тортишди. Шунда ар-Расибий қовурилган гўштдан бир парчасини курднинг олдига ташлади. Ўша вақтларда замона зўрлари ўз қўл остидаги яқинларига шундай “илтифот” кўргазишарди. Курд гўштини ўз олдига олиб қўйиб, оҳиста кула бошлади. Ар-Расибий, ҳайрон бўлиб, сардордан кулгисининг сабабини сўради.
Курд жавоб қилди:
— Бошимдан кечган бир воқеа булдурук гўштини кўриб, ёдимга келувди, кулишимнинг сабаби шу.
Ар-Расибий: “Айтиб бер”, деб буюрди. Курд ҳикоясини бошлади:
— Қароқчилик қилиб юрган кунларимдан бирида ингичка тоғ йўлидан ўтиб бораётган кишиларни кузатиб турардим. Қайбирининг йўлини тўссам экан, деб хаёл сурарканман, мен томон бир одам келаётганини кўрдим. Унинг олдида кутилмаганда пайдо бўлиб, тўхташни буюрдим. Менга қаршилик кўрсатишга ҳоли қолмаганлигини сездим. То шипшийдон қилгунимга қадар индамай туриб берди. Ечинишни буюриб эдим, дарҳол айтганимни бажо қилди. Ва шу ҳолда кетишга отланди. Йўлда у бирон-бир одамни учратиб, ёрдам сўрашидан қўрқар эдим, шу боис уни шу ондаёқ бир ёқли қилиш ниятида боши устида қиличимни яланғочладим. Шу пайт у тилга кириб, деди: “Яна мендан нима истайсан? Бор-йўғимни тортиб олиб, яна қиличингни қинидан чиқарганинг нимаси!”.
Сўзларига қулоқ ҳам солиб ўтирмай, қўлларини боғладим. Энди бошига қилич солмоқчи бўлиб турувдим, у тоғ чўққисида турган булдуруқни кўриб қолди ва жон ҳолатда унга бор овоз-ла хитоб қилди: “Эй булдуруқ! Ўзинг кўриб турибсан! Мени ёвузларча ўлдиришмоқчи! Қиёматда Оллоҳ олдида гувоҳлик қилурсан!”.
У яна нималардир демоқчи эди, аммо мен бўйнига қилич солиб, ишни саранжом этдим. Шу топгача бу воқеани эсламагандим, манави булдурук гўштини кўриб, ёдимга тушди ва беихтиёр кулиб юбордим…
Шунда ар-Расибийнинг ғазаби қўзғаб, туси ўзгарди ва курдга қараб бақирди:
— Эй малъун! Шуни билки, булдурукнинг гувоҳлиги бу дунёда ҳам ўтади ва сен эҳтимол ўша қушчадан анча бурун, яъни шу бугуноқ Оллоҳ ҳузурига жунайсен! Қароқчилигингни кечириб юборгандим, аммо бир бегуноҳ қонини тўккан экансан, Оллоҳ буни асло кечирмагай! Мана ҳозир, айни бизнинг кўз ўнгимизда ўша қилган жиноятингни беихтиёр бўйнингга олдингки, бу ҳам Оллоҳнинг иродаси!
Ар-Расибий шундай деб, қулига буюрди:
— Манави қотилнинг бошини кес!
Қул хўжасининг важоҳатидан қўрқиб, буйруқни бажаришга шошилди. Зиёфатда ўтирганлар ҳам ўринларидан тура солиб, курднинг бошига қилич ура кетишди. Ҳар ким унинг нақ бўйнини нишонга олишга тиришарди. Ниҳоят, курднинг боши ерга думалаб тушди. Қуллар жасадни судраб, ташқарига олиб чиқиб кетишди. Ар-Расибий зиёфати давом этди.

* * *

Басранинг машҳур тужжорларидан бири бўлмиш Абул Хасан Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Аббос ан-Нажжор /у хурмо савдоси билан шуғулланарди/ айтиб берган қуйидаги ҳикоядан мени ҳам баҳраманд қилишган:
— Айтишларича, ан-Нажжор узоқ умр кўриб, турфа ривоят ва ҳикоятларни котибга айтиб туриб ёздирган экан, аммо бунисини кишилар оғзидан эшитганман. “Бизнинг қасабада бир одам яширди. Бир куни у кўчадан ўтаётиб, нотаниш, кўзи кўр гадойга садақа бермоқчи бўлган, аммо бир дарҳам ўрнига бир динор бериб юборган. Гадой ҳам буни бир дирҳам деб уйлаб, мижози бўлмиш боққолга бояги тангани узатган. /У қарздор эди/. Гадой шу дирҳамдан қарз қисмини олиб қолиб, қайтимини боққолдан сўраган. Боққол гадой берган тангани қўлига олиб кўриб, ҳайрон бўлган.:
— Бу тангани кимдан олдинг?
— Менга уни кеча фалончи садақа қилди.
— Сен буни дирҳам деб ўйласанг керак, шундайми? Аслида диндор экан.
Боққол шундай деб, тангани гадойга қайтиб берган.
Гадой эртасига садақа берган кишининг уйини топиб борган ва динорни қўлига тутқазиб, шундай деган:
— Менга бир дирҳам ўрнига бир динор садақа қилиб, адашган кўринасиз. Шу боис бу садақангизни қабул қилолмайман.
Бу одам ҳам мардлик кўрсатган:
— Шу динорни сенга туҳфа қилганим бўлсин, — деган у. — Бундан кейин ҳар ҳафтанинг душанба куни шу ерга келиб тургил. Ҳалоллигинг эвазига сени қуруқ қайтармасман.
Ўша вақтдан буён гадой ҳар ойнинг биринчи куни шу уйга келиб, садақа олиб кетадиган бўлган.
Ан-Нажжорнинг айтишича, бу гадой Қуръонни ёд олган бўлиб, уни етти хил қироат билан қоидасини келтириб ўқий олган. Туни билан Қуръон ўқиб чиқадиган пайтлари ҳам бўлган. У камбағаллиги туфайлигина кундузлари тиланчилик қилган. Кўпинча суфийларнинг шеърларини ўқиб, садақа сўраган, аммо бошқа гадойлар сингари Қуръон оятларини ўқиб, тиланчилик қилмаган. ан-Нажжор бунинг сабабини сўраганида, гадой:
— Мен муқаддас оятларни ўқиб умуман тиланчилик қилмаганман, — деб жавоб берган.

ИЗОҲЛАР

Абу ҲАНИФА/699-767/ — улуғ фақиҳ, ҳанафийлар мазҳабининг асосчиси.
Абу ЮСУФ/731-798/ — машҳур фақиҳ, Абу Ҳанифанинг шогирди.
Ал-МУВАФФАҚ/901 йилда вафот этган/ — халифа, ал-Муътамиднинг биродари.
Динор — олтин танга, 4,25-4,55 грамм вазнга эга.
Дирҳам — кумуш танга, вазни 3,12 грамм атрофида.
Муиз ад-Давла/967 йилда вафот этган/ 945 йилда Бағдод хукмдори.
Ар-РАСИБИЙ — Али ибн Аҳмад /913 йилда вафот этган/ амир.
Саид ибн МАҲЛАД/889 йилда вафот этган/ амир, ал-Маваффақнинг котиби.
Исмоил ибн БУЛБУЛ—ал-Муваффақнинг вазири.
Фарсаҳ — олти – саккиз чақирим масофа.
Ал-ҲАВВОС Иброҳим /903 йилда вафот этган/ — суфийлар шайхи.
Ҳорун ар-РАШИД — аббосийлардан чиққан халифа, 786-809 йилларда ҳукмронлик қилган.

Илҳом Султонов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 12-сон