Аркадий Аверченко. Сўқирлар (ҳикоя)

Кунлардан бир кун пешин чоғи ёш ёзувчи Абе қироллик боғига сайрга келди. Бироз атрофни кузатгандан сўнг ўриндиқда ўтирди. Ўриндиқда хуш сиймоли, мулойим бир чол ҳам ўтирарди. Меҳрибон юзли чол ёш Абе тарафга юзланди ва бироз тараддуланиб:
– Сиз кимсиз? – дея сўради.
– Менми? Мен ёш ёзувчи Абеман! – деб жавоб қайтарди ёш ёзувчи.
– Яхши санъат, – дея тиржайди чол, – қизиқарли ва ҳурматга сазовор.
Абе ҳам унга бошдан оёқ назар солиб:
– Хўш, ўзингиз ким бўласиз? – дея сўради.
– Менми? Мен қиролман.
– Бу мамлакатнингми?
– Албатта, бошқа қайсиям бўларди.
Ёш ёзувчи ўзини ҳотиржам кўрсатиб сўз жуфтлади:
– Сизнинг иш ҳам яхши санъат – мароқли ва шарафга сазовор.
– Оҳ, ярамни янгиламанг! – дея оҳ чекди қирол. – Шарафлиликка-ку, майли, бироқ бу ишда бирорта қизиқарли нарса йўқ. Сизга айтиб берақолай, майли. Ҳукмронлик қилиш кўплар ўйлаганидек ҳузурбаҳш иш эмас.
Абе қўлларини пахса қилди ва таажжубланиб:
– Қанақасига? – деди. – Мен шу пайтгача қисматидан рози бирорта одамни учратмадим тўғриси. Хўш, айтингчи, сиз розимисиз?
Қирол кинояли тарзда кўзларини ўйнатди.
– Очиғи, унчаликмас… Хўш, ўзингизчи?
– Баъзида бир танқидчи сизни шундай аҳволга соладики, ўтириб йиғлагинг келади одам.
– Ана, кўрдингизми, сиз ўн-ўн беш танқидчининг эътирозидан тўйгансиз. Менда эса шундай танқидчилар миллионлаб топилади. Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам танқидчилардан умуман қўрқмасдим.
Абе хаёл сурган ҳолда “йўқ” дея бошини чайқатди, сўнгра доно қироллардек туриб сўз бошлади:
– Ҳамма муаммо ҳам шунда. Яхши қарорлар қабул қилиш керак!
Қирол қўлини пахса қилди:
– Гапингизга қўшилмайман, сариқ-чақалик фойдаси йўқ.
– Шундайми?
– Худди шундай!
– Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам…
Қирол ғазаб отига миниб:
– Менинг ўрнимда? – деди. – Мен шу пайтгача кўп қироллар кўрганман, яхши ёзувчи бўлишган. Бироқ бирор мартаям ёзувчининг учинчи, борингки охирги даражада бўлсаям қирол бўлганини кўрмадим. Менинг ўрнимдами? Майли, сизни ўз ўрнимга бирор ҳафта қўяман, қани, кўрамиз сиздан нима чиқар экан…
– Қаерга қўясиз?! – дея оҳиста сўради Абе.
– Албатта, ўз ўрнимга.
– Ўз ўрнимга дейсизми? Бунинг иложи борми?
– Нега бўлмас экан, биз қиролларга ҳам озроқ раҳм кўрсатиб, бундай қилиш адолатдан бўларди албатта. Зора шунда сиз каби танқидчиларимиз биз – қиролларни тушунган бўлармиди…
Абе тавозе билан:
– Нима ҳам дердим, зарра қаршилигим йўқ. Бироқ, бир нарсани ҳисобга олинг, мен биринчи марта бундай ишга қўл уряпман. Агар менинг тажрибасизлигим туфайли, нима десам экан, сизга четдан қараганда кулгули кўринсам, айбга буюрмайсиз…
– Ҳеч қиси йўқ, – қирол меҳрибонлик билан табассум қилди. – Ўйлайманки, сиз бир ҳафта ичида кўп аҳмоқликлар қилишга улгурмайсиз.
– Албатта ақл билан иш кўришга ҳаракат қиламан. Хўш, анчадан бери хаёлимда айланиб юрган кичик, аммо кўпчилик учун фойдали бир қарор бор. Уни бугуноқ қабул қиламиз.
– Худо ёрдамчингиз бўлсин! – қирол бош чайқаб ёш ёзувчининг сўзини тасдиқлади. – Қани, юринг, кетдик саройга. Бу менга бир ҳафта давомида мазза қилиб дам олиш учун яхши имконият. Хўш, сир бўлмаса айтингчи, нима экан ўша қабул қилмоқчи бўлган қарорингиз?
– Бугун йўлдан ўтаётганда бир кекса сўқир одамга кўзим тушди. У қўлидаги ҳассаси билан уйлар, кўчадаги нарсалардан мўлжал олиб базўр юриб борарди. Фойтунлар остида қолиб кетмасмикан, деб юрак ҳовучлаб турдим. Энг қизиғи, йўлдаги бирорта одам унга эътибор бермасди. Мен шундай сўқирларга шаҳардаги зобитлар кўмак бериши ҳақида қарор қабул қилишни истайман. Яъни, йўлда ёлғиз кетаётган сўқирни зобитлар қўлидан тутиб уйигача кузатиб қўйсин. Қандай, бўладими, маъқулми сизга менинг қарорим?
– Сиз жуда меҳрибон инсонсиз, – қирол маҳзун ва чарчаган алфозда жавоб қайтарди ва қарияларга хос жилмайди. – Худо қўлласин сизни! Менга энди руҳсат, борақолай, менам одамлардек дам олай…
Қирол кетаётиб ортига қайрилди ва деди:
– Бечора кўрлар…
Мана, уч кундурки меҳрибон ва кенг фикрли ёзувчи Абе қироллик қиларди. Адолатли бўлиш даркор эди. У ўз қироллиги, кучидан ўз фойдаси учун фойдаланмади. Агар унинг ўрнида бошқа биров бўлса, аниқ мамлакатдаги барча танқидчиларни, ёзувчиларни йиғиб қамоққа ташлар, халқни фақатгина ўзининг асарларини ўқишга мажбур қиларди. Ҳатто тонгги нонушта ўрнига ҳар кимдан бирор китобини мутолаа қилишни амр қиларди. Абе ўз нафсидан устун келган, доно қироллардек юртни бошқарарди. У қиролга айтганидек сўқирларни ёлғиз қолдирмаслик, уларни кўчада фойтунлар, ямалар, турли ҳил балолардан сақлашда зобитларнинг иштирокини таъминлаш қарори билан иш бошлади.
Кунларнинг бирида, яъни ўз қироллигининг тўртинчи тонггида Абе ўз хонасидаги деразадан ўй сурганча кўчани кузатиб турарди. Тўсатдан бир даҳшатли манзара унинг эътиборини тортди. Икки зобит бир одамнинг бўйнидан бўйинтуруқ солиб судрар, яна битта зобит эса “Юр, қани, тез юр” дея орқасидан тепарди. Абе абжирлик билан хонасидан югуриб чиқди ва зиналардан тушиб, ташқарига отилди.
Зобитлардан халлослаб:
– Уни қаерга олиб кетяпсизлар, нега тепяпсизлар, бу одам нима гуноҳ қилибди, кимни ўлдирибди? – дея сўради.
– Ҳеч қандай айби йўқ, – дея ҳотиржам жавоб қилди зобитлардан бири.
– Хўш, унда нега бунчалик озор беряпсизлар бу бечорага? Қаерга олиб кетяпсизлар?
– Алоҳазрат, бу одам сўқир. Биз ҳам сўнгги қарорга биноан уни ҳибсхонага олиб кетяпмиз.
– Қарорга кўра?! Товба, шундай қарор ҳам борми?
– Албатта, уч кун бўлди эълон қилинганига.
Абе чуқур хўрсиниб бошини чангаллади ва ингради:
– Менинг қарорим?!
Оломон ичидан бир одам дарғазаб билан:
– Чиқарилаётган қарорларга бир қаранг. Улар нима ҳақда ўзи? Биз, оддий одамлардан нима исташади тепадагилар? – дея бақирди.
Ёнидаги бошқа одам:
– Шуни айтинг? – дея унинг гапини тасдиқлади. – Жуда доно қарор. Кўчадаги сўқирларни кишанлаб ҳибсга олмоқ. Йўлдаги одамларга енгиллик яратади бу, албатта. Уларга пишириб қўйибдими кўчада, одамларга ҳалақит бериб…
Шундан сўнг халқ ўртасида талашиш бошланди. Кимдир қарорни ёқласа, кимдир қарғарди…
Абе шамолдек ўз хонасига қайтди ва хизматкорига бақирди:
– Боринг, тез нозирни топиб келинг! Шахсан ўзим нималар бўлаётганини аниқлашим лозим.
Нозир билан бўлган суҳбатда сўқирларнинг турли ҳил атроф-муҳит таъсирларидан асраш қарорига ойдинлик киритилди…
Абе қироллигининг биринчи кунида нозирни ёнига чақириб шундай деганди: “Зобитларнинг кўчада ёлғиз кетаётган сўқирларга ёрдам бериши, уларни фойтунлар, ямалар ва бошқа турли балолардан ҳимоялаб, соғ-омон уйигача кузатиб қўйиши ҳақида қарор қабул қилинсин”.
Нозир қиролга таъзим қилади ва хонасидан чиқади, шу ондаёқ ишга киришади. Шаҳар ҳокимини ёнига чақириб шундай дейди: “Сўқирлар кўчаларда юришмасин. Агар уларнинг ёнида ҳеч ким йўқ бўлса, зобитлар ишга киришсин. Улар дарҳол сўқирларни керакли жойга кузатиб қўйишсин”.
Нозирнинг қабулидан чиққан шаҳар ҳокими зобитлар бошлиғини ёнига чақиртиради ва шундай дейди: “Шаҳар кўчаларида сўқирлар ёлғиз юришибди. Ортиқ бунга чек қўйилсин. Қўл остингиздаги зобитлар уларнинг қўлидан тутиб керакли жойга етказишсин. Тушундингизми?”
Зобитлар бошлиғи ўша куниёқ бўлим бошлиқларини ёнига чорлайди ва буюради: “Хўш, гап бундай муҳтарам дўстлар! Бизга янги қарор ҳақида хабар келди. Унга биноан шаҳар кўчаларида ёлғиз юрган сўқирлар зобитлар томонидан тутилсин ва керакли жойга олиб борилсин. Ҳаммага тушанарлими?”
Бўлим бошлиқлари иш жойларига қайтишгач, ўз қўл остидаги зобитларни йиғиб шундай дейишади: “Ҳурматли жаноблар! Ҳаммага бу қарор етиб борсин. Кўчаларда ўзича юрган, шу туфайли фойтунлар ва одамлар ҳаракатига ҳалақит бераётган барча сўқирларни ҳибсга олиб, керакли жойга тиқинглар!”
“Зобитлар керакли жой қаер ўзи?”, дея бир-бирига анграйишди ва бошлиқдан сўрашади. Бошлиқ эса “Албатта, ҳибсхонага, бошқа қаер ҳам бўлиши мумкин…”, дея жавоб қайтаради.
Зобитлар эса қолганларига ҳам бу қарорни етказишади: “Биродарлар, агар сизга кўчада ёлғиз юрган сўқирлар дуч келиб қолса, бўйнига бўйинтуруқ, қўлига кишан солиб ҳибсхонага келтиринг, агар қаршилик қилгудай бўлишса бир-икки орқасидан тепинг, учиб-учиб келишади…”
Сўқирларга ёрдам бериш ҳақидаги қарорнинг тақдирини билгач ёш ёзувчи Абе бирдан хўнграб йиғлаб юборди. Кимдир меҳр билан қўлини унинг бошига қўйди:
– Нима бўлди ўғлим? Мен биринчи марта бу қарорингизни эшитганимда бекорга “бечора сўқирлар” демадим. Кўряпсизми, бу ҳолатда фақатгина сўқирлар ютқазишди. Мен эса ютдим.
– Сиз? Сиз нимани ютдингиз? – деди Абе шляпасини ахтараркан.
– Менинг танқидчиларим бир нафарга камайди. Хайр, азиз биродарим! Агар яна бирорта қарор чиқаргингиз, ислоҳот қилгингиз келса, албатта ташриф буюринг.
Ёш ёзувчи:
– Келиб бўбман! Икки дунёдаям… – дея шивирлади ва зиналардан ҳовлиқиб тушганча саройни тарк этди.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси