Бухгалтер Казанликов хотинига деди:
– Унга шу қадар ачинаманки… Доим ёлғиз, у билан деярли ҳеч кимса қизиқмайди, гап қўшмайди… Лекин кўринишидан туппа-тузук, баодоб киши, ахир у бизга халал бермайди-ку! У ҳам менга ўхшаган банк хизматчиси. Қарши эмасмисан, азизам? Бугунги зиёфатга уни таклиф этдим.
– Бемалол! – жавоб берди хотини пича ажабланиб. – Хурсанд бўламан.
Меҳмонлар соат ўнда жам бўлишди. Чой ичишди, мезбонни исм куни* билан табрик этишди ва ёш жуфтлик – бухгалтер Казанликовнинг синглиси ва унинг қаллиғи, талаба Аничкинга ҳазил-мутойиба қилишди.
Соат ўнда Казанликов ва хотинининг суҳбатига мавзу бўлган ўша одобли жаноб ҳам ташриф буюрди… У баланд бўйли, гавдаси худди яшинқайтаргичдек типпа-тик киши бўлиб, сочлари пўлат чўтка каби сийрак ва қаттиқ, қуюқ қора қошлари ажаблангандек керилиб турарди. Эгнидаги қора сюртук тугмалари охиригача қадалган, босиқ ва мулойим, лекин таъсирли гапирар, ўзини эшитишга мажбур этарди.
Чойни ром билан ичарди.
Икки стакан чой ичгач, учинчисини рад этди ва мезбонга илтифот юзасидан нигоҳ ташлагач, сўради:
– Болаларингиз борми?
– Кутяпмиз! – жилмайди Казанликов, дик этиб ўрнидан турган ва семиз одамлар сингари яққол туртиб чиққан қорнини кичрайтириб кўрсатмоқчи бўлгандек ҳаракат қилган хотинига хижолатомуз ишора қилиб.
Ёлғиз жаноб виқор билан беканинг қорнига разм солди.
– Кутяпмиз денг? Ҳа… Ҳм… Бола туғилиши – хавфли нарса.
– Нега? – сўради Казанликов.
– Хавфли бўлмай нима? Бунақа ишлар кўпинча ўлим билан якун топади. Туғруқ вақтида безгак ёки бошқа бирон дард тутса борми, тамом деяверинг!
Казанликов ўлганининг кунидан жилмайди.
– Начора, ҳаммаси хайрли тугайди деб умид қиламиз. Паҳлавондек, дўмбоққина ўғилчамиз бўлади… Ҳе-ҳе!
Ёлғиз жаноб терлаган кафти билан бошидаги сийрак қора сочларни силаркан, ўйланиб қолди.
– Ўғилчамиш… Ҳм… Ҳа, ўғилчалар ҳам, биласизми… Кўпинча ўлик туғилади.
Мезбон елкасини қисди.
– Камдан-кам ҳолларда шундай бўлади.
– Камдан-кам? – эътироз қилди меҳмон. – Йўқ, бунақа ҳоллар кам бўлмайди. Баъзи аёллар мутлақо фарзанд кўра олмайдилар… Организмлари йўл қўймайди. Мана, сиз, хоним… Болангиз дунёга келиши – сиз учун охири қайғули бўлган жуда жиддий хавф-хатар билан таҳдид соладими деб қўрқаман…
– Бу нимаси, бошқа гап қуриб қолганми, жаноблар? – деди амалдор Фитилевнинг хотини. – Ҳеч қанақа нохушлик бўлмайди. Ҳали сиз, – у ёлғиз жанобга мурожаат қилди, – чақалоқни чўқинтириш маросимида ҳам кайфу сафо қиласиз!
Ёлғиз жаноб ҳасрат билан бошини чайқади:
– Худо насиб этсин. Аммо гоҳида шундай бўладики, бола дуппа-дуруст вояга ета бошлайди, сўнг бирдан ўлиб қолади. Бола организми жуда мўрт, нозик… Шамол эсиб, чангми ё бошқа нарсани учириб келади ва – тамом. Болалар ўлими статистикасига кўра…
Казанликовнинг хотини меҳмоннинг босиқ ва назокатли гапларини бўздек оқариб, юзлари қўрқувдан буришиб тинглаб ўтирарди.
– Э, қўйинг ўша статистикани! Менинг уч фарзандим бор, бари соғ-саломат, – унинг сўзини бўлди Фитилевнинг хотини.
Меҳмон лутф билан табассум қилди.
– Бу вақтинча, хоним, вақтинча. Дарвоқе, шаҳарда бўғма тарқалганини эшитдингизми? Болакай бемалол ўйнаб юради, шўхлик қилади ва бирдан йўтала бошлайди… Томоғида нўхатдай қизиллик пайдо бўлади… Бир қарашда ҳеч ваҳимали жойи йўқдек…
Фитилевнинг хотини титраб, кўзларини катта-катта очди.
– Вой ўлмасам! Кеча оқшом менинг Серёжкам ростдан ҳам бир-икки марта йўталгандек бўлувди-я…
– Ана, кўрдингизми? – бош ирғади меҳмон. – Эрка ўғилчангиз бўғмага чалинган бўлса сираям ажаб эмас. Умуман, ҳозирча тинчланинг, чунки бу бўғма бўлмаслиги ҳам мумкин. Балки у қизилча билан оғригандир. Кеча йўталди, дедингизми? Ҳм… Агар у алоҳида ажратилган бўлмаса, бошқа болаларингизга ҳам осонгина юқтириши мумкин…
Бўздек оқариб кетган Фитилевнинг хотини оғзини очар ва юмар, аммо лоақал битта сўз айтишга мажоли қолмаганди.
– Сиз кўпам ҳаяжонланманг, – юпатди уни меҳмон. – Қизилча ҳар доим ҳам ўлим билан тугайвермайди. Баъзида у шунчаки эшитиш аъзоларига таъсир этиб кар қилиб қўяди ёки, буниси, албатта, бир оз хавфли – ўпкани ишдан чиқаради.
– Қаёққа отландингиз? – ҳадиксираб сўради Казанликовнинг хотини, Фитилева хоним қалтироқ қўллари билан шляпасини ғижимлаётгани ва тишини-тишига қўйганча шляпа тўғноғичини бармоқларига суқаётганини кўриб.
– Мени кечиринг, жонгинам, аммо… даҳшатга тушяпман. Эҳтимол… Серёжка… ростдан ҳам бетобдир.
Аёл меҳмонлар билан хайрлашишни ҳам унутиб, эшикни қаттиқ ёпди ва ғойиб бўлди.
Ёлғиз меҳмон ром қўшилган чойини майда ҳўплаб ичар ва ҳар замонда қаршисида ўтирган талаба Аничкин ва унинг қаллиғига қараб қўярди.
– Қайси факультетда ўқийсиз? – сўради у, чап кўзини одоб билан қисиб.
– Ҳуқуқшунослик факультетида.
– Аҳа! Шундай денг… Ўзим ҳам бир маҳаллар университетда ўқиганман. Ёшларни севаман. Аммо, очиқ сўзлаганим учун маъзур тутинг: ҳуқуқшунослик маълумотидан наф чиқиши гумон.
– Нега энди?
– Ҳозир тушунтираман. Мана сиз, ўқияпсиз, роса тўрт йил ўқийсиз, тўғрими? Ахийри бир кун тамомлайсиз (агар орада бирон кўнгилсизлик рўй бериб, ҳайдалмасангиз!)… Хўш кейин-чи? Амалиётингиз бўлмагани ҳолда ёқловчи адвокатга ёрдамчи бўласизми, ёки қирқ сўм маошлик жой бўшашини кутиб темир йўл бошқармасида текинга ишлаб юрасизми? Турган гапки, бунақа вазиятда уйланишдек хатога йўл қўймайсиз, аммо…
Талаба айбдорлардек ер сузди ва жилмайди.
– Мен айнан уйланмоқчиман. Мана – таништиришга рухсат этинг – қаллиғим.
– Демак, уй-лан-яп-сиз, – ҳасратли товушда маънодор чўзиб деди ёлғиз жаноб. – Ана холос! Начора, ойимқиз… Сизларга бахт ва поёнсиз фаровон ҳаёт тилайман. Ҳарҳолда, оилали талабалар қандай яшашини кўрганман: олтинчи қаватда торгина хона, парда орқасида касал чақалоқ (айнан касал – диққат этинг!), нобоп турмуш туфайли барвақт қариётган, озғин, қайғули хотин, очлик ва омадсизликдан силласи қуриган эр… Албатта, хайрли истиснолар ҳам бор: чақалоқ – ўлиб қолиши, хотин эса келишган қўшни эркак билан қочиб кетиши мумкин, аммо бу таассуфки, камдан-кам ҳолларда юз беради… Кунларнинг бирида эр пальтосини гаровга қўйиши учун хотинини ломбардга жўнатади, ўзи эса камарини шипдаги илгакдан ўтказадию, шу билан…
Хонага сукунат чўкди.
Талаба жунжикканча нарироқдаги стулга бориб ўтирди, қушчалар қафасига қаттиқ тикилиб ўтирган қаллиғининг эса кўзларида ёш томчилари йилтирар ва бу томчилар тўлқинланаётган кўксига думалаб тушиши билан ўрнини янгилари эгалларди…
– Қўйинг бунақа гапларни, – оғзини қийшайтириб тиржайди бухгалтер Казанликов. – Келинглар, ёқимли нарсалар ҳақида сўзлашайлик.
– Сиз ҳаётга жуда маъюс ва бирёқлама қарар экансиз, – деди солиқчи амалдор Тюляпин. – Мана, масалан, мени олайлик: яхши кўриб уйланганман ва хотиним билан бахтиёрман. Оиламиз тузук таъминланган, эр-хотин жуда иноқмиз… У менга ҳеч ҳам озор бермайди… Мана бугун – унинг боши оғриётганди, ҳурматли мезбонни табриклагани келолмади – аммо “лоақал сиз боринг” деб қаттиқ туриб олди…
Ёлғиз жаноб шубҳа билан бош чайқади:
– Эҳтимол… эҳтимол… Лекин мен негадир бахтиёр оилаларни кўрмадим. Вафодор, эрини севадиган хотинлар – бу шундай нодир нарсаларки, уларни музейларга қўйиш керак… Ҳаммадан даҳшатлиси, – у қовоғини уйганча бақрайиб қараб турган талабага юзланди, – хотин қанча мулойим, сертакаллуф бўлса, билингки, у зимдан эрига шунча катта кулфат келтирмоқда.
– Менинг хотиним ундай эмас! – хафа бўлиб ғўлдиради солиқчи.
– Ишонаман, – виқор билан бош ирғади меҳмон. – Мен умуман айтдим. Ўз умримда хотинлари ҳақида тўлқинланиб, кўзлари ёшланиб гапирадиган неча-неча одамларни кўрдим, аксар ҳолларда бу гаплар бир неча соат бурун ўша хотиннинг қучоғида ётган бегона эркак ҳузурида айтиларди…
– Жин урсин, нималар деб алжираяпсиз! – бирдан қичқириб юборди солиқчи Тюляпин.
– Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг! Бир пайтлар аллақандай адвокатнинг уйида ижарада яшардим. Унинг хотини “тобим йўқ, ётмоқчиман” деган баҳонада ҳар оқшом эрини клубга бориб кўнглини хушлашга қистарди. Гўё, ишлаб чарчаган эрига раҳми келгандек. Эрини силаб-сийпалар, ҳаётим чироғи деб атарди. Тентак эр клубгами, бошқа гўргами кетгани заҳоти жавондан жазман (хотинларнинг ўйнаш яширадиган жойлари кўп) чиқиб келар ва икковлари чинакамига ўпиша бошлашарди. Мен буларни деворнинг нариги ёғидан эшитардим.
Солиқчи оқариб-бўзариб ўтирар, зўрға нафас оларди… У, худди шу бугун хотини уни “ҳаётим чироғи” деб эркалагани, ишга берилиб дам олишни унутгани ҳақида ачиниб гапирганини эслади. Тюляпин турасола уйига югуришни хоҳлар, аммо бунақа қилиш ўнғайсиз эди.
Ошхонадан йиғидан кўзлари қизариб, каловланиб Казанликовнинг хотини чиқди ва кечки овқат тортилганини маълум қилди.
Ғамгин кайфият бир оз аригандек бўлди. Барча ўрнидан турди, юзлар ёришиб, енгил шовқин-сурон кўтарганча ошхонага йўл олдилар.
Қадаҳлар тўлдирилганда ёлғиз жаноб турди ва деди:
– Муҳтарам базм сабабчисини муборакбод этишга ижозат берсангиз. Худо унга яна ўн-ўн икки йиллаб умр ва бир этак бола-чақа ҳадя этсин!
Қадаҳ сўзи жуда ҳам зўр чиқмаган бўлса-да, ҳамма ичди.
– Иккинчи қадаҳни, – тантанавор деди ёлғиз жаноб, – бўлғуси тўнғич фарзандингиз шарафига кўтараман.
Бўлажак она гул-гул яшнаб кетди ва ёлғиз жанобга шундай нигоҳ ташладики, ундан меҳмоннинг аввал айтган барча совуқ гапларини кечиришга тайёрлигини ўқиш мумкин эди.
– Бўлажак ўғлингиз учун ичаман! Рост, болалар ҳар доим ҳам қобил бўлаверишмайди. Тўққиз ёшидан отасининг пули ва ароғини ўғирлай бошлаган бир болани билардим, яна, ўзига энагалик қилган қари кампирнинг қорнини ёриб ташлаган ўн тўрт яшар ўспиринни ҳам кўрсатишган менга, кейин, уни қамоққа олмоқчи бўлишганида, икки миршабни револьвердан отиб ўлдирган эди… Лекин, ҳарқалай…
– Қўйинг, яхшиси тамадди қилинг, – маслаҳат берди мезбон, хўмрайиб. – Манави ажойиб сёмга балиғидан олинг, бодрингдан татиб кўринг…
Меҳмон одоб билан миннатдорчилик билдирди ва сёмга балиғини талабанинг қаллиғи томонга суриб, деди:
– Куни кеча бир танишим балиқдан заҳарланиб ўлди. Худди шунақа сёмга балиғидан еган экан…
– Сёмга егим келмаяпти, – деди қиз. – Колбаса тузук.
– Марҳамат, – илтифот қилиб колбаса узатди меҳмон. – Балиқдан кўра трихиндан заҳарланиш кўпроқ учрайди. Яқинда газетада ўқиб қолдим: бир кампирни касалхонага элтишибди, сил бўлган деб ўйлашибди, ёриб кўришса – чўчқа трихинлари урчиб ётганмиш…
Солиқчи амалдор хайр-хўшлашиб, Казанликовларникидан чиққан пайтда ёлғиз жаноб мезбонга таъзим қилиб, ажойиб меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдириб бўлган ва қоронғи, чироқ хирагина ёритиб турган зинапоядан пастга тушаётган эди.
Солиқчи Тюляпин овқат устида ўзини алланечук ғалати тутди, кўп ичди. У ёлғиз жанобга етиб олди ва елкасидан тутиб, чайқала-чайқала деди:
– Сиз, иблис тилка-пора қилгур, ҳали хотинлар ҳақида нималар деб вайсадингиз… Ҳозир мен манави таёқ билан каллангизга соламан – бунақа гапларнинг охири вой бўлишини билиб оласиз.
Ёлғиз жаноб унга ўгирилди ва сал-пал қунишди, аммо пинагини ҳам бузмади:
– Таёғингиз йўғонгина экан, бунинг устига темирдан… У билан бошимга урсангиз, ўлдирасиз. Менга-ку ҳеч бало бўлмайди, чунки ўликман, лекин сизни қўлга олиб, Сибирга сургун қилишади. Хотинингиз қашшоқликда қолиб абгор бўлади, сиз эса сургун шароитига чидай олмай ўзингизга сил орттирасиз… Болаларингиз ҳар ёққа дайдиб кетади, киссовурларга қўшилади, онангиз эса жиноят қилганингиздан хабар топганида юраги ёрилиб ўлади… Шунақа!
1908 йил.
Рус тилидан Ойбек Мўминов таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 11-сон.
_______________
*исм куни (день ангела) – айрим насроний халқларида исм қўйилган кунни байрам сифатида нишонлаш одатга тусини олган.