Антон Чехов. Ёш болалар (ҳикоя)

Надянинг отаси ҳам, онаси ҳам, холаси ҳам уйда йўқ. Улар кичкина бўз от миниб юрадиган офицерникига чўқинтириш маросимига кетганлар. Гриша, Аня, Алёша, Соня ва ошпаз хотиннинг ўғли Андрей, меҳмонга кетганларнинг қайтишини кутиб, емакхонадаги овқат столи атрофида лото ўйнаб ўтирибди. Инсоф билан айтганда, буларнинг ухлаш пайтлари аллақачон келган эди; лекин чўқинтирилган чақалоқнинг қанақалигини, зиёфат қандай бўлганлигини оналаридан сўрамай ухлаб бўладими? Устига рақамлар, ёнғоқ пўчоқлар, қоғоз парчалар, синиқ шишалар сочилиб ётган стол осма чироқ тагида олачипор бўлиб кўринади. Ҳар бир ўйновчининг олдида иккитадан карта, рақамлар устига қўйиладиган шиша синиқлари уйилиб ётади. Стол ўртасида эса беш тийин чақаси билан ликопча оқариб турибди. Ликопча ёнида бир-икки тишланган олма, қайчи ва ёнғоқ пўчоқлари солинадиган тарелка бор. Болалар пул тикиб ўйнаётирлар. Ҳар ўйин бир тийин. Шарти: ким ғиррамчилик қилса ўйиндан ҳайдалади. Емакхонада ўйновчилардан бошқа ҳеч ким йўқ. Энага Агафья Ивановна пастда, ошхонада, ошпаз хотинга кийим бичишни ўргатяпти; болаларнинг акаси, V синф ўқувчиси Вася зерикканидан, меҳмонхонадаги диванда чўзилиб ётибди.
Болалар қизиқиб ўйнаётирлар. Ҳаммадан кўра Гриша қизиқиб кетган. У бир туки қолдирилмай қирилган тақир бош, лўппи бет, негрларникига ўхшаш дўрдоқ лаб, тўққиз ёшли кичкина бола. Ҳозир тайёрлов синфида ўқийди, шунинг учун катта ва энг ақлли бола ҳисобланади. Лото ўйнаса фақат пулга ўйнайди. Ликопчада тийинлар бўлмаса, аллақачон ухлаб ётган бўларди. Унинг қуралай кўзлари ҳамма вақт бировларнинг карталари устида югуриб юради. Ютқазиб қўяманми деган ваҳима, ҳасад ва сочлари қириқ-тақир бошини тўлдириб ётган молия мулоҳазалари тинч ўтиришига, фикрини бир ерга тўплашига имкон бермайди. Игнага ўтириб олган кишидай безовталанади. Ютиб олгудай бўлса-чи? — Пулга оч кўзлик билан чанг солади-да, дарров чўнтагига суқади. Унинг ияги узунчоқ, бамаъни кўзлари хушчақчақ, саккиз ёшлар чамасидаги синглиси Аня ҳам, биров ютиб олмасайди деб, ваҳима босиб ўтиради. У гоҳ қизаради, гоҳ бўзаради, ўйновчиларга зийрак кўзларини тикиб қарайди. Уни қизиқтирган нарса тийинлар эмас. Ўйинда омади келса бас, иззати-нафси шу билан қаноатланади. Соня деган олти ёшли иккинчи синглиси эса лотога қизиқиб ўйнайди; унинг юзи фақат соғлом болаларда, қимматбаҳо қўғирчоқларда ва чиройли суратлардаги каби ширмойдай. Чеҳрасидан меҳр-шафқат қуйилиб туради. Ким ютса ҳам, барибир, хохолаб кулади, чапак чалиб юборади. Алёша соққага ўхшаш юм-юмалоқ, ширин бола; у ҳарсиллайди, пишиллайди, кўзлари чаноғидан чиққудай бўлиб карталар устида югуради. Унда манфаатпарастлик ҳам, иззати-нафс ҳам йўқ. Столдан қувиб юборишмаяпти, олиб бориб ётқизиб қўйишмаяпти — шунисига шукур. Афтини кўрган киши ювош бола экан дейди-ю, лекин ичи ғурмушлаб туради. Уни фақат лото ўйнаш учун ўтирибди деб ўйлайсизми? Йўқ, ўйин пайтида чиқиши муқаррар бўлган жанжални томоша қилиш учун ўтирябди. Биров бировни уриб юборса, ё сўкиб ташласа борми, жуда мазза қилади-да. Аллақачон бир ерга бориб келиши керак эди-ю, лекин, ташқарига чиқиб кетсам шишаларим билан тийинларимни ўғирлаб қўйишади, деган ваҳима билан ўтирган еридан қимирламайди. У фақат бир рақамларини ва ноль билан тугайдитан сонларнигина билади, шунинг учун бошқа рақамларни унинг ўрнига Аня босиб туради. Лотобозларнинг бешинчиси — ошпаз хотиннинг чит кўйлак кийиб, кўкрагига мис крест осиб олган қорамағиз, рангги заҳил ўғли Андрей — қимир этмай, рақамларга қараб турибди. Ютуққа ҳам, бошқаларнинг муваффақиятига ҳам парвосиз қарайди, чунки унинг бутун фикри ўйин ҳисобида, ўйиннинг оддий фалсафасида; дунёда ҳар хил рақамлар мунча кўп экан, нега аралашиб, чатоқлашиб кетмас экан, деб ҳайрон бўлади у.
Соня билан Алёшадан бошқа рақамларни баланд овоз билан ҳамма навбатма-навбат айтиб туради. Сонлар бир хил бўлгани учун, ўйин жараёнида жуда кўп терминлар ва кулгили лақаблар пайдо бўлади. Масалан, лотобозлар еттини — илгак, ўн бирни — қўш таёқ, етмиш еттини — қўш илгак, тўқсонни — йўқсан ва шунга ўхшаш лақаблар билан атайдилар. Уйин тобора қизиб боради.
Гриша отасининг шапкасидан сариқ ғўлачаларни чиқара ётиб қичқиради:
— Ўттиз икки! Ўн етти! Илгак! Йигирма саккиз — йўллар теккиз!
Аня Андрейнинг йигирма саккизни ёполмай қолганини кўради. Бошқа маҳал бўлса, ёпмадинг, деб айтарди, лекин ҳозир айтолмайди, нимагаки ликопчада тийинлар билан бирга иззати-нафси ҳам ётибди; шунинг учун Аня хурсанд.
— Йигирма уч! — деб Гриша қичқиришини давом қилади, — Қўш илгак! Тўққиз!
— Суварак, суварак! — деб қичқириб юборади Соня, стол устида чопиб кетаётган суваракни кўрсатиб. — Вий!
— Урма, — дейди Алёша дўнғиллаб. — Эҳтимол, болалари бордир…
Соня, чопиб кетаётган суваракдан кўзларини узмай, унинг болаларини ўйлайди: суваракчалари бирам кичкинадир!..
Гриша, Анянинг катаги иккитагина қолганига сўйиниб, қичқиришини давом қилади:
— Қирқ уч! Бир! Олти!
Соня ғамза билан кўзларини ўйнатиб ва хохолаб туриб:
— Тамом! Мен ютдим! — дейди.
Лотобозларнинг башаралари буришади. Гриша бўлса, Соняга нафрат билан қараб:
— Текшириб кўриш керак, — дейди.
Гриша катта ва энг ақлли бола; у бу ҳуқуқидан ҳамиша фойдаланиб келади, шунинг учун айтгани — айтган, дегани — деган. Шундай қилиб, Сонянинг карталарини хўп синчиклаб текширишади, ахир Сонянинг ғиррамлик қилмагани аниқланиб, бошқа ўйинчиларга алам қилиб қолади. Ана шундан кейин янги ўйин бошланади.
— Кеча бир бемаза нарсани кўрдим, — дейди Аня, ўзича гапираётган кишидай. — Филипп Филиппич қовоғини ағдарувди, кўзи қизариб, ажинаникига ўхшаш, ваҳимали бўлиб кетди.
— Мен ҳам кўрдим, — дейди Гриша. — Саккиз! Биз билан ўқийдиган битта бола қулоғини қимирлатади. Йигирма етти!
Андрей, кўзларини картадан кўтариб Гришага қарайди-да, ўйланиб туриб:
— Мен ҳам қулоғимни қимирлатаман-да… — дейди.
— Қани, қимирлатиб боқ-чи!
Андрей кўзларини, лабларини, бармоқларини қимирлатади; шунга қараб, қулоғим ҳам қимирлаяпти, деб ўйлайди. Ҳамма кулиб юборади.
— Ёмон киши ўша Филипп Филиппич, — деб Соня хўрсинади. — Кеча ётоғимизга сўппайиб кириб келди, мен ич кўйлакда турувдим… бирам уялиб кетдимки!
— Ютдим! — деб Гриша бирдан қичқиради-ю, ликопчадаги пулга чанг солади. — Мана, ютдим! Хоҳласанглар, қаранглар!
Ошпаз хотиннинг боласи оппоқ оқариб кетади, кўзлари жовдираб:
— Бўлмаса, энди мен ўйнаёлмас эканман-да, — дейди пичирлаб.
— Нимага?
— Ҳалиги… ҳалиги, пулим қолмади.
— Пулсиз ўйнаш мумкин эмас! — дейди Гриша.
Андрей яна чўнтакларини кавлаб кўради. Нон увоғи билан ғажилган қаламдан бошқа ҳеч нима топилмагандан кейин лабларини буради-да, хўрлиги келиб, кўзларини пирпиратади: йиғлаб юборгудай бўлиб туради…
— Сен учун мен қўяман, — дейди Соня, Андрейнинг хўрлиги келаётганига тоқат қилолмай. — Бироқ, кейин қайтариб берасан.
Ўртага пуллар ташлангач, яна ўйин бошланиб кетади.
— Аллақаерда занг уришяпти, — дейди Аня, кўзларини олайтириб.
Ҳамма ўйинни тўхтатиб, қоронғи деразага анграйиб қолади. Қоронғида чироқ шуъласигина йилтиллаб кўринади.
— Сенга шундай эшитилгандир.
— Кечаси фақат гўристонда занг уришади… — дейди Андрей.
— Гўристонда занг уришиб нима қилади?
— Черковга ўғрилар кирмасин деб. Ўғрилар зангдан қўрқишар экан.
— Вой, ўғрилар черковда нима қилишади? — деб сўрайди Соня.
— Нима қилишарди — қоровулларни ўлдиришади-да!
Ҳамма бир он жим бўлиб қолади, бир-бирига қараб чўқинишади; бир оздан кейин яна ўйин давом қилади. Бу сафар Андрей ютади.
— Ғиррамлик қилди! — деб Алёша ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ дўнғиллайди.
— Ёлғон айтасан, ғиррамлик қилганим йўқ!
Андрей бўзаради, оғзи қийшаяди, кейин Алёшанинг бошига бир мушт туширади! Алёшанинг ғазаби қайнайди, кўзлари чаноғидан чиқаёзади, ўрнидан сапчиб туради ва столга бир тиззасини қўйиб чиқади-ю, Гришанинг бетига у ҳам шапати тортиб юборади! Иккови бир-бирига яна биттадан шапати уриб, йиғлаб юборишади. Бундай жанжалларни ёмон кўрадиган Соня ҳам йиғлайди. Емакхона ҳадемай турли овоздаги йиғилар билан тўлади. Лекин бу ҳол ўйинга хотима берди, ўйин тўхтади деб ўйламанг тағин. Беш минут ўтмасдан, болалар яна хохолашиб кулишади, тотув гаплашиб ўтиришади. Юзлари ёшли бўлса ҳам, лекин бу илжайиб кулишларига ҳалал бермайди. Алёша жанжал чиққани учун анча хурсанд ҳам бўлади.
Емакхонага V синф ўқувчиси Вася киради. Афти уйқудан турган, ҳафсаласи пир бўлган кишига ўхшайди.
У Гришанинг чақалари жиринглаб турган чўнтакларини ушлаб-ушлаб қўйганлигини кўриб: «Бу қандай ярамас нарса-я! — деб ўйлайди. — Ёш болаларга пул бериб бўладими! Буларни қимор ўйнатиб қўйганлари нимаси? Ана тарбия-ю! На қадар ярамас нарса!»
Лекин болалар шундай ширин ўйнаб ўтиришардики, Васянинг ўзи ҳам ўйнагиси, омадини синаб кўргиси келиб кетади.
— Шошманглар, мен ҳам ўйнайман, — дейди у.
— Бир тийин қўй!
У чўнтакларити кавлаб туриб:
— Ҳозир, — дейди. — Менда майда чақа йўқ, бир сўмлигим бор, мана. Мен бир сўм қўяман.
— Йўқ, йўқ, йўқ… бир тийин қўй!
— Аҳмоқлар-ей, бир сўм бир тийиндан кўп-ку! — деб бўғилади гимназия ўқувчиси. — Майли, ким ютса, ошиғини қайтаради.
— Йўқ, бўлмайди! Қоч!
V синф ўқувчиси, елкаларини қисади-да, хизматкорлардан чақа сўрагани ошхонага кириб кетади, лекин у ерда ҳам бир тийин топилмайди. Ошхонадан қуруқ қайтиб келиб, энди Гришага хархаша килади:
— Булмаса, майда қилиб бер; бунинг учун ҳақ ҳам тулай. Хоҳламайсанми? Хуп бўлмаса, ўн тийинингни бир сўмга сот.
Гриша: «Қиливирлик қилиб мени алдамаётганмикан?» деб Васяга гумонсираб қарайди. Кейин чўнтагини чангаллаб туриб:
— Хоҳламайман, — дейди.
Васянинг жаҳли чиқади. Лотобозларни аҳмоқлар қовоқ бошлар деб койийди.
— Вася, кел сен учун мен қўяман, ўтир, — дейди Соня.
Гимназия ўқувчиси ўтириб, олдига иккита карта очиб қўяди. Аня рақамларни айта бошлайди. Худди шу пайтда Гриша ҳаяжонли товуш билан қичқириб юборади:
— Бир тийиним тушиб кетди! Шошманглар!
Осма чироқни оладилар, тушган тийинни қидириб стол тагига кирадилар, пайпаслаб бориб тупукларни ёнғоқ пўчоқларни ушлаб оладилар, каллаларини столга урадилар-у, лекин йўқолган тийинни тополмайдилар. Яна бошқатдан ахтаришга киришадилар; Вася чироқни Гришанинг қулидан тортиб олиб жойига илиб қўймагунча қидирадилар. Чироқ олингандан кейин Гриша ўзи ёлғиз қоронғида қидиради.
Мана, йўқолган тийин ахир топилди. Лотобозлар стол теварагига ўтириб, ўйинни энди бошламоқчи бўлиб турганларида, Алёша:
— Ие, Соня ухлаб қолипти-ку! — дейди.
Соня, қўнғир сочли бошчасини қўлига кўйиб, худди бир соатдан бери ухлаётган кишидай, ширин ухлаб ётарди. Бошқалар тийин қидириб кетганда, у ана шундай данг қотиб ухлаб қолган эди.
— Юр, ойимнинг жойига бориб ёт, — дейди Аня уни емакхонадан олиб чиқиб кетаётиб. — Юр!
Соняни ҳамма болалар биргалашиб олиб чиқадилар; ана шундан беш минут ўтар-ўтмас ойиларининг жойи ажойиб бир томошагоҳга айланади. Соня ухлаяпти. Ёнида Алеша хуррак тортаяпти. Гриша билан Алёша ҳам уларнинг оёқларига бошларини қўйиб, уйқуни уришяпти. Айтмоқчи, ошпазнинг ўғли ҳам шу ерда чўзилиб ётибди. Янги ўйингача қимматини йўқотиб қўйган тийинлар теваракда тўкилиб қолибди. Тинч ухланглар, болалар!

Мирзакалон Исмоилий таржимаси