Земство касалхонаси. Доктор уйланиш учун кетгани сабабли касалларни қирқ ёшлардаги бақалоқ фельдшер Курятин қабул қилмоқда. Унинг устида эскириб кетган жужинча жакетка ва йиртиқ-ямоқ трико шим. Юзида ўз вазифасига садоқат ҳамда дилкашлик аломати зоҳир. Чап қўлида, кўрсаткич бармоғи билан ўрта бармоғи орасида сигара, ундан бадбўй ҳид тарқалади.
Қабулхонага жигарранг жубба кийиб, устидан кенг чарм камар боғлаган, новча норғил гавдали чол дьячок[1] Вонмигласов кириб келади. Ўнг кўзига оқ тушган ва у ярим юмуқ, бурни устида ортиғи бор, узоқдан қараган кишига худди катта пашшага ўхшаб кўринади. Дьячок бир пас икона қаерда экан, деб қарайди. Уни топмагач, корболка[2] солинган шишага қараб чўқиниб олади-да, таъзим билан қизил рўмолчасидаги назир-ниёзини фельдшер олдига қўяди.
— А-а-а… Сиҳат-саломатлик тилаймиз! — деб эснайди фельдшер. — Хўш, қандай хизмат?
— Ийдингиз муборак бўлсин, Сергей Кузьмич… Сизнинг мурувватингизни истаб келдим… Мен сизга айтсам, кечирасиз, псальтирда[3] «Неки ичмай кўз ёшим бирла қўшилгай» деганлар. Боя кампирим билан бир пиёладан чой ичайлик деб ўтирдик, шу десангиз, вой худоё тавба-ей, бир қултумини ҳам юта олмай қолсам бўладими, нақ бир қултумгинани-я… Жонимни ҳовучлаб қолдим… Бир қултум ютай десам, жоним товонимга келади! Бунинг устига тишимнинг ўзида ҳам бир бало бор-да, мана шу томоним… Лўқ-лўқ этиб, зирқирайди. Қулоғимгача қақшаб оғрийди, афв этинг, назаримда ичига михми ё шунга ўхшаган бирон нарса кириб қолганга ўхшайди: шундай санчади, шундай санчадики, асти тараф йўқ… Вой-вой-вой, бунинг азобини айтмайсизми. Худойи таоланинг олдида гуноҳкори азим бўлдим… Гуноҳ қилиб, ўз жонимга жафо этдим, негаки умрим ёлқовликда ўтиб кетяпти… Гуноҳимга яраша бўлар, Сергей Кузьмич, гуноҳимга Литургиядан[4] чиққанимизда иерей[5] отахонимиз: «Нима бало, тилинг калимага келмай қолипти, Ефим, дудуқланиб, ғўлдираб қолибсан, қироатни жойига қўясан-у, лекин нима деяётганингга сира тушуниб бўлмайди» деб койиб бердилар. Ўзингиз ўйлаб кўринг, оғизни очолмайман-у, қандай қилиб қироат бўлсин, яна бунинг устига ҳамма ёғим шишиб кетган, афв этгайлар, туни билан мижжа қоққаним йўқ.
— Ҳм, майли… Қани ўтиринг-чи… Оғзингизни очинг…
Вонмигласов ўтиради ва оғзини очади.
Курятин қовоғини солиб, унинг оғзига қарайди ҳамда вақт ўтиши ва тамаки истеъмоли туфайли сарғайиб кетган тишлари орасидан қурт еб, қорайиб қолган бир тишга кўзи тушади.
— Дьякон отахонимиз тишингга арақ билан туруп тулпини босгин деб маслаҳат берган эдилар, бари бир, нафъи бўлмади. Илоҳим тани-жонлари соғ бўлгур, Гликерия Анисимовна қўлингизга тақиб юринг, деб Афон тоғи[6] ипидан бердилар, яна у киши, тишингизни ҳамиша иссиқ сут билан чайиб туринг деб айтдилар. Мен бўлсам, ипни тақиб юришга тақиб юрдим-у, аммо сутга келганда очиқ иқрор бўлай, ҳеч нима чиқмади: рўза кези эди — оғзимга олгани худодан қўрқдим…
— Хурофот… (Пауза)… Ефим Михеич, уни олиб ташлаш керак!
— Ўзингиз биласиз, Сергей Кузьмич. Суғуриб ташлайсизми ё дори-дармон қиласизми.. . Бу ишнинг илму ҳунари ўзингизнинг қўлингизда. Бошқа яна бирор чора қиламан десангиз, яна ихтиёр ўзингизда… Сизни парвардигор ана шунақа ишларга, яъни авомга мурувват кўрсатсин деб яратган-да, илоҳим тани-жонингиз соғ бўлсин, сиз отахонимнинг ҳақига кечаю-кундуз, токи қабрга киргунча дуо қилгаймиз…
— Ҳеч гап эмас… — деб камтарлик билан жавоб қилади фельдшер ва шкаф олдига келиб, асбобларни кавлаштиради. — Хирургия қийин гап эмас ўзи… Бир зумлик иш… Тунов куни худди сизга ўхшаб касалхонага помешчик Александр Иванич Египетский келиб қолдилар… У кишининг ҳам тишлари оғриб қопти… Ўзи кўп ўқимишли одам, ҳамма нарсанинг баланд-пастига тушунадиган, ҳар бир ишга қизиқадиган ва уни қандай, қанақалигини суриштириб кўрадиганлардан… Киши билан исм шарифларини айтиб, қўл қисиб кўришадилар… Петербургда етти йилча истиқомат қилганлар. У киши билмаган ва учрамаган профессор қолмаган деса бўлади… Биз у киши билан бу ерда анча вақт ҳамсуҳбат бўлиб ўтирдик… Шу десангиз, жонини жабборга бериб ялинди, Сергей Кузьмич, худо ҳақи ана шу тишимни суғуриб ташланг! — деди. Нега энди суғуриб ташламас эканман? Шунга ҳам ота гўри қозихонами… Фақат гап шундаки, ишнинг кўзини билиш лозим, бусиз мумкин эмас… Тишлар ҳар хил бўлади. Баъзи бир тишлар бўладики, уни омбир билан, бошқасини эса эчки туёқ қисқич билан, яна бошқа бирини махсус омбир билан суғуриб олиш керак… Ҳар кимнинг тишига қараб иш тутилади-да…
Фельдшер шундай деб эчки туёқ қисқични қўлига олади ва унга бир он ҳайрон бўлиб, тикилиб туради-да, сўнгра уни ўз жойига қўйиб, қўлига омбирни олади.
— Хўш, қани оғзингизни катта очинг-чи… — дейди у, омбирни ушлаганича дьячок ёнига келиб. — Биз уни бир нафасда… Ҳалигидай. Бизга чўт эмас… фақат милкни кесиш лозим бўлади… Ҳа, тиккасига қараб тракция қилиш зарур… Шу билан вассалом… (милкни кеса бошлайди) мана бўлди қўйди…
— Илоҳим қўлингиз дард кўрмасин, отахоним… Биз, аҳмоқларга йўл бўлсин, сизга бўлса худойимнинг ўзи маърифат ато қилган…
— Оғиз очиқ пайтда гап сотманг… Уни олиб ташлаш чўт эмас, шунақаси ҳам бўладики, нуқул илдизини суғуриш лозим… Сизники бўлса ҳаш-паш дегунча битадиган нарса… (омбир солади). Тўхтанг, жим ўтиринг… Қимирламанг дейман сизга… Кўз очиб-юмгунча битади… (Тракция қилади). Ҳамма гап уни чуқурроғидан ушлаб олишда… (Торта бошлайди)… Шундай қилганда коронкаси синмайди…
— О, падаргинам… Азиз авлиёлар… Ввв…
— Ундаймас… ундаймас… Ҳалиги нима эди? Қўлингиз билан менга ёпишманг! Туширинг қўлингизни! (Яна тортади)… Ҳозир… мана, мана… Ахир ўзиям осон иш эмас-да бу…
— Отахоним… Азизларим… (Бақиради) Ё фаришталар! Вой, вой… Суғур тезроқ, торт дейман ахир! Мунча чўзасан?..
— Бу шунақа ўзи… Хирургия дейилади… Шартта битириб бўлмайди… Мана, мана ҳозир…
Вонмигласов тиззаларини тирсагига қадар кўтаради, бармокларини қимирлатади, кўзларини чақчайтириб, энтика-энтика нафас олади… Унинг шалғомдек қизариб кетган юзида тер пайдо бўлади, кўзига ёш тўлади. Курятин бўлса зўр бериб пишиллайди, дьячок олдида депсиниб юриб, омбирни тортади… Кўзга дунёни тор қилган ярим минутлик серизтироб фурсат ўтади — омбир тишдан чиқиб кетади. Дьячок ирғиб ўрнидан туради-да, бармоғини оғзига тиқади. У, эски тиши ўз жойида турганини сезади.
— Мунча чўзмасанг! — дейди у йиғламсираган ва айни вақтда масхара қилган оҳангда. — Илоҳим сени ҳам нариги дунёда шундай қийнашсин! Хизматларига тасанно-ей! Ҳамонки суғуриб ташлашни билмас экансан, қўл уриб нима қилардинг! Юрагим орқамга тортиб, кўз олдим қоронғилашиб кетди-я…
— Нега бўлмаса, ўзинг қўлларимга тирмашиб олдинг? — Жаҳл билан дейди фельдшер. — Мен тиш суғуряпман-у, сен бўлсанг билагимга ёпишасан, бунинг устига, қаёқдаги бемаъни, бўлмағур гапларни қиласан… Аҳмоқ!
— Сенинг ўзинг аҳмоқ!
— Сен нодон, нима деб ўйлайсан, тиш суғуриш осон ишми? Қани ўзинг бир суғуриб кўр-чи! Бу сенга қўнғироқхонага чиқиб, қўнғироқ чалиш эмас! (Масхара қилиб). «Қўлингдан келмайди, билмайсан!» эмиш. Хўп биладиган чиқиб қоптими! Вой сендақа биладиганни қара-ю… Мен Египетский жанобларини, яъни Александр Иваничнинг тишларини суғуриб олганман, ўша киши ҳам лом-мим демаганлар… сендан ўлса ўлиги ортиқ, мўътабар одам, билагимга бирон марта бўлсин ёпишганлари йўқ… Ўтир! Ўтир дейман сенга!
— Кўзим тиниб кетди, ҳеч балони кўрмаяпман.. Тўхта, сал нафасимни ростлаб олай… Оҳ! (Ўтиради). Узоқ тортиб, жонимни олма, шартта суғур қўй. Билдингми, тортмагин, шартта суғур… Суғуриб ол-да!
— Биладиганга ўргатишга бало борми. Вой худо-ей, қандай нодон халқ-а! Бунақаларнинг орасида яшасанг… Жинни бўлиб кетасан! Оғзингни каттароқ оч… (Оғзига омбир солади). Оғайни-чи, хирургия сенга ҳазил эмас… Ўз ҳолингча, бу ҳам меҳробда ибодат қилишга ўхшаган нарса деб юрган бўлсанг керак-да… (Тракция қилади). Юлқима… Кўряпсанми, тишинг қимирлаб турипти, чириб қолган, томири ҳам анча чуқур кўринади… (Омбирни тортади). Қимирлама… Шундай… Ҳа, ҳа, шундай… Қимир этма дейман сенга… Қани, хўп… (Тишнинг қисирлагани эшитилади) Ўзим ҳам худди шундай бўлади девдим-а!
Вонмигласов бир нафас, худди эс-ҳушини йўқотиб қўйгандек қимир этмай ўтиради. У ҳангуманг бўлиб қолган… Лўқ кўзларини безрайтириб, атроф-теваракка бефарқ назар билан боқади, бўздек оқариб кетган юзидан тинмай тер қуйилади.
— Асли билмабман, ҳалиги эчки туёқ қисқични солсам бўларкан, — ўзича минғирлайди фельдшер. — Ғалати иш-да!
Дьячок ўзига келиб, эс-ҳушини йиғиштириб олгач, огзига бармоғини суқиб, оғриқ тиш ўрнида иккита сўппайиб турган қиррани пайпаслайди.
— Вой уйинг куйгур, муттаҳам-ей… — койиниб дейди у, — сен аблаҳларни бу ерга бизнинг қонимизни сўриш учун қўйишган экан-да!
— Мунча кекирдагини чўзади бу… — шкафга омбирларни солар экан, ўзича дўнғиллайди фельдшер, — нодон одам… Бурсада[7] ўқиб юрганингда сени жуда кам калтаклашганга ўхшайди… Александр Иванич, жаноб Египетский Петербургда етти йил истиқомат қилганлар… Қандай ўқимишли, донишманд одам… Устларидаги биргина костюмларининг ўзи юз сўлковой туради… Ана ўша киши ҳам бир оғиз ёмон гапирганлари йўқ… Сен ким бўпсан? Сенга жин ҳам урмайди, ҳаром ўлмайсан!
Дьячок стол устида турган ўз назирини олади-да, кафти билан жағини ушлаганича уйига қараб жўнаб қолади.
С. Абдуқаҳҳоров таржимаси
[1] Дьячок — православ черковида энг қуйи даражадаги руҳоний.
[2] Корболка — медицинада дезинфекция учун ишлатиладиган дори.
[3] Псальтир — диний оятлар тўплами.
[4] Литургия — православ черковида энг катта ибодат.
[5] Иерей — авлиё.
[6] Афон тоғи — христиан динида зиёратгоҳ жой.
[7] Бурса — диний мактаб.