Уч ой аввал Алёхин деган этикдўзга шогирдликка берилган тўққиз яшар бола Ванька Жуков рождествога ўтар куни кечаси ётмади. Хўжайинлари ва бошқа шогирдлар эрталабки ибодатга кетишгандан кейин у, хўжайинининг жовонидан сиёҳдон билан занг босиб кетган ручка олди-да, ғижимланган бир варақ қоғозни олдига ёзиб, хат битишга киришди. Хатни бошлашдан олдин эшикка ва деразаларга бир неча марта қўрқа-пуса қараб қўйди, икки томонига этик қолиплари тизиб қўйилган санамга ҳам кўз қирини ташлаб қўйди, кейин бир, уф тортди. Қоғозни скамейка устига ёзиб, унинг олдига тиз чўкиб ўтирди.
«Бобожоним Константин Макарич! — деб ёза бошлади у хатни. — Мен сизга дуойи салом ёзмоқдаман. Сизни рождество ҳайити билан қутлаб, у томонларда омон-эсон юришингизни худодан тилаб қоламан. Менинг отам ҳам, онам ҳам йўқ. Сиздан бошқа ҳеч кимим йўқ».
Ванька шам шуъласи акс этиб турган қоронғи деразага қаради, Живарев деган бойникида кечаси қоровуллик қиладиган бобоси Константин Макарич дарров кўз олдига келди. Бобоси олтмиш беш ёшлар чамасида, кичкинагина, қотмадан келган, аммо ниҳоятда эпчил ва серҳаракат, юзлари доим кулиб турадиган, кўзлари сузук бир чол эди. Кундуз кунлари у, хизматкорлар турадиган уйда ухлайди, ёки ошпаз хотинларга тегишиб ўтиради, кечалари эса кенг пўстинини кийиб, қўрғон атрофида шақилдоғини чалиб юради. Унинг кетидан Каштанка деган қари ит ва узун бўйи, қора жуни учун Вьюн деб аталган яна бир ит бошларини осилтириб эргашиб юради. Вьюн жуда итоаткор ва ювош ит, ўз одамларини ҳам, бегонани ҳам баравар ҳурмат қилади, аммо унга ҳеч ким ишонмайди. Унинг итоаткорлиги ва ювошлигида айёрлик бор. Билдирмасдан келиб туриб оёқни узиб олишда, музхонага кириб, у ердаги гўшт-ёғларни уришда, деҳқоннинг тозуғини қийратишда ундан ўткири йўқ. Одамлар бир-неча марта унинг кейинги оёғини уриб майиб қилишган, икки марта дорга ҳам осишган, чала ўлик қилиб ҳам уришган, бироқ ҳар сафар омон қолган.
Бобоси шу топда дарвоза олдида қишлоқ бутхонасининг чароғон деразаларига кўзини сузиб қараб тургандир, ё бўлмаса совуққа қотганидан пиймаси билан ер тепиниб, қароллар билан ўйнашаётгандир. Шақилдоғини белбоғига осиб олгани аниқ. Қўлларини бир-бирига ишқаб, совуқдан сескана-сескана, ҳиринглайди ва ё бека оқсочининг, ё ошпаз хотиннинг биқинини чимчилайди.
— Қани, тамакидан ҳидлайлик, тамакидан, — дейди-да, хотинларга тамаки тутади.
Хотинлар тамаки ҳидлаб, чучкуришади. Чол бунда» ииҳоятда хурсанд бўлиб кетади-да, қаҳ-қаҳ уриб кулади ва:
— Бурнингни арт, яхлаб қопти! — деб қичқиради.
Кейин итларга ҳам тамаки ҳидлатишади. Каштанка чучкуради, хафа бўлганидан бошини чайқай-чайқай четга чиқиб ўтиради. Вьюн одоб сақлаб, чучкурмайди, думини силкитиб туради. Ҳаво шинам, жимжит, мусаффо. Тун қоронғи, аммо бутун қишлоқ, унинг оппоқ томлари, мўрилардан буралиб-буралиб чиққан тутунлари, кумушдай қиров босган дарахтлар, қор босган тепаликлар равшан кўриниб туради. Осмон жилвали чарақлаб турган юлдузлар билан тўла, сомон йўли ҳам ойдиндек ёруғ, арафада уни ювиб, қор билан ишқалагандай…
Ванька бир уҳ тортди-да, перони сиёҳга ботириб, яна хатни ёзаверди:
«Кеча бўлса мени ўлгудек қийнашди. Хўжайинларнинг беланчакдаги боласини тебратиб ўтириб, билмасдан ухлаб қолибман. Хўжайин сочимдан судраб, ҳовлига олиб чиқиб, қайиш билан роса савалади. Ўтган ҳафта хўжайин бека мени селёдка тозалашга буюрди, мен уни думидан тозалай бошлаган эдим, бека балиқни қўлимдан тортиб олиб, унинг калласини башарамга ишқади. Халфалар мени масхара қилишади, қовоқхонага араққа юборишади, хўжайинникидан бодринг ўғирлаттиришади, хўжайин бўлса қўлига тушган нарса билан уради. Овқатдан ҳеч нарса йўқ. Эрта билан нон берилади, тушда бўтқа, кечқурун ҳам қуруқ ноннинг ўзи: чойни, карам шўрваларни нуқул ўзлари туширишади. Кечаси ётадиган жойим — йўлак, хўжайиннинг боласи йиғласа мижжа қоқмай кечаси билан беланчак тебратиб чиқаман. Жон бобо, худо хайир берсин, мени бу ердан уйга, қишлоққа олиб кетинг, ҳеч тоқатим қолмади… Оёқларингизга бошимни қўйиб ялинаман, ўлгунимча дуо қилай, мени бу ердан олиб кетинг, бўлмаса ўлиб қоламан…».
Ваньканинг лаблари буришди, қоп-қора мушти билан кўзларини артди-да, пиқиллади.
«Мен сизга тамакиларингизни майдалаб бераман, — деб давом этди бола, — ибодат қиламан, бирон айб қилсам итдай саваланг. Агар менга иш топилмайди десангиз, ялиниб-ёлвориб гумаштага этик тозаловчи бўлиб кираман, ё бўлмаса Федьканинг ўрнига подачига шогирд бўламан. Бобожон, сира тоқатим қолмади, жонимдан тўйдим. Қишлоққа пиёда жўнай десам этигим йўқ, совуқдан қўрқаман. Бу қилган яхшилигингизга катта бўлганимда сизни боқаман, ҳеч кимга хўрлатмайман, ўлганингизда онам Пелагеяга қилингандай, сизга ҳам дуойи фотиҳа қиламан.
Москва катта шаҳар. Ҳамма уйлар бойларга қарайди, от кўп, қўйдан сира йўқ, итлари ювош. Бу ернинг болалари барат ойи қўшиғини айтишмас экан. Бутхоналарда ҳам ҳеч кимга қўшиқ айттиришмайди, бир куни бир дўконда ипи ва ёғочи билан сотиладиган қармоқ кўрдим, бунақа қармоққа ҳар қанақа балиқ илинади, ҳатто бир пуд келадиган лаққа балиқ илинадиган қармоқ ҳам бор. Шунақангги дўконлар ҳам борки, у ерда бадавлат кишиларнинг кучи етадиган милтиқлар бор, ҳар биттаси юз сўмдан турар дейман… Гўшт дўконларида эса қирғовиллар, какликлар, қуёнлар тўлиб ётипти, уларни қаерда отилганини қассоблар сира айтишмайди.
Бобожон, хўжайинингизникида арча байрами бўлганда менга усти ялтироқ ёнғоқдан олиб, кўк сандиққа солиб, яшириб қўйинг. Ванькага десангиз ойимқиз Ольга Игнатьевна беради».
Ванька яна бир хўрсинди-да, деразага тикилиб, хаёлга ботди. Хўжайинга арча олиб келиш учун бобосининг ўрмонга боришини ва ўзи билан бирга Ванькани ҳам олиб борганларини эслади. Қандай яхши замонлар экан!
Бобоси зўр берарди, совуқ, ҳам зўр берарди, уларга қараб Ванька ҳам зўр берарди. Бобоси баъзан арча кесишдан олдин трубка чекиб оларди, тамаки ҳидларди, совқотган Ванькани масхара қиларди. Қировга ўралган ёш арчалар қайси бирларининг куни битганини билмасдан тик турарди. Бир ёқдан лип этиб қуён чиқиб қолар ва қор уюмлари устидан ўқдай учиб ўтиб кетарди… Бобоси эса:
— Ушла! Ушла уни! Ҳа, шайтон! — деб кетидан қичқириб қоларди.
Кесилган арчани бобоси хўжайинлар уйига судраб олиб келарди, кейин уни безатишарди. Ванькани яхши кўрган ойимқиз Ольга Игнатьевна ҳаммадан кўп жон куйдирарди. Ваньканинг онаси Пелагея тириклигида хўжайинларникида оқсоч эди, Ванькага Ольга Игнатьевна попуклар берарди, зерикканидан уни ўқишга, ёзишга, юзгача санашга ва ҳатто танца тушишга ўргатган эди. Пелагея ўлгандан кейин етим қолган Ванькани қароллар турадиган ошхонага чиқариб, бобосига қўшиб қўйишди, у ерда Москвага, Алёхин этикдўзникига жўнатишди.
«Тезроқ келинг, бобожон, — деб хатини давом эттирди Ванька, — худо хайир берсин, мени бу ердан олиб кетинг. Мендек бечора етимга раҳмингиз келсин, бу ерда мени уззукун савалайдилар, ўлардек оч юраман. Шундай зерикдимки, йиғлаганим йиғлаган. Қайси куни хўжайин қолип билан бошимга шундай урдики, йиқилиб тушдим, зўрға ўзимга келдим. Турмушим ҳар қандай итникидан ҳам баттар… Алёнага ҳам салом айтинг, ғилай Егоркага ҳам, кучерга ҳам, менинг гармонимни ҳеч кимга берманг, деб неварангиз Иван Жуков, жон бобо, тезроқ келинг».
Ванька хатни тўрт буклади-да, бир кун олдин бир тийинга сотиб олган конвертга солди… Бироз ўйлаб туриб кейин перони сиёҳга ботирди-да:
Бобом қишлоғига
деб адрес ёзди.
Кейии елкасини қашиб, бироз ўйланиб, «Константин Макаричга тегсин» деб қўшиб қўйди. Ҳеч ким халақит бермасдан хат ёзганидан хурсанд бўлиб, бошига шапкасини кийди ва кўйлакчан югурганича кўчага чиқиб кетди…
Кундуз куни сўраганида қассоблар «хат почта қутисига солинади, қутилардан олиниб, маст ямшчиклар минган, уч отли қўнғироқлар осилган араваларда бутун ер юзига тарқатилади» деб айтишган эди. Ванька энг яқин почта қутисига чопиб борди-да, қимматбаҳо хатни қутига солди.
Бир соатлардан кейин умидлар алласи остида қаттиқ уйқуга кетди… Тушига печь кирди. Печда бобоси яланг оёқларини пастга осилтириб, ошпаз хотинларга хат ўқиб бераётган эмиш… Печь ёиида Вьюн думини ликиллатиб айланиб юрганмиш…
О.Раҳимий таржимаси