Галчинская волостида кўп замонлардан бери энг яхши уста, айни замонда энг ёмон эркак деб ном чиқарган токарь Григорий Петров бетоб кампирини шаҳар касалхонасига олиб кетяпти. У ўттиз чақиримча йўл босиши керак; йўл ниҳоятда ёмон, бундан ҳатто давлатнинг почтачиси ҳам ўтолмайди-ю, токарь Григорий сингари иш ёқмасга йўл бўлсин! Рўпарадан уриб турган шамол бурунни учириб юборай дейди. Қаёққа қарама, ҳамма ёқда қор шундай чарх уриб ётибдики, қорнинг осмондан ёғаётганини ҳам, ердан чиқаётганини ҳам билиб бўлмайди. Қордан на дала кўринади, на симёғоч ва на ўрмон; шамол қутуриб келиб Григорийга урилгудай бўлса чананинг дўғаси ҳам кўринмай кетади. Шалвираб қолган нимжон бия оёқларини зўрға-зўрға кўтариб босади. Бор кучи оёқларини қордан сўғуриб олишга ва калласини силташгагина кетади. Токарь шошилади. Хавотирланиб, ўтирган ерида типирчилайди, от сағрига нуқул қамчи уради.
— Қўй, Матрёна, йиғлама… — дейди ғудунглаб токарь. — Пича сабр қил. Худо хоҳласа, касалхонага етиб борсак, бир зумда ҳалигингни… Павел Иванич дори томизиб берса ё қон қуйинглар деб буюрса ё бўлмаса, шафқат қилиб, баданингни спирт билан ишқалатса борми… қарабсанки, соппа-соғ бўлиб кетибсан-да. Павел Иванич қараб турмайди… Орий рост, пича бақириб ҳам беради, ер тепиниб ўшқиради ҳам, лекин ташлаб қўймайди, ҳаракат қилади… Яхши хўжайин, бировнинг кўнглини қолдирмайди, худо умрига барака бергур… Ҳозир касалхонага етиб бордикми, дарров кабинетидан югуриб чиқади, оғзига келганни қайтармай сўкади. «Хуш? Нимага бунақа кеч келасан? Нима учун барвақт келмадинг? Нима, мен итманми сен муттаҳамлар билан эртадан кечгача овора бўлгани? Нима учун эрталаб келмадинг? Йўқол, кўзимга кўринма! Эртага кел!» деб бақириб беради. Мен бўлсам: «Ҳурматли доктор! Павел Иванич! Жаноби олийлари!» деб ялинаман. Юрсангчи, харом ўлгир! Чўҳ!
Токарь бияга қамчи босади-да, кампирига қарамай, яна пинғиллайди:
— Жаноби олийлари! Ёлғон айтсам худо урсин… мана крест, йўлга саҳарда чиққанман. Қандай қилиб вақтида етиб келиб бўлади?.. Худо шоҳид ахир… ғазабига олиб, бўронини кюоргандан кейин… Ўзлари ҳам кўриб турибдилар… От тузукроқ бўлганда ҳам, барибир, етказиб келолмас эди. Менинг чанамдаги отми, худонинг қаҳри-ку!» десам, Павел Иванич қовоғини солиб: «Яхши биламиз сенларни! Ҳамма вақт баҳона топасанлар! Айниқса сен шунақасан, Гришка! Сени жуда яхши биламан! Бу ерга етиб келгунча, қовоқхонага беш марта кириб чиққандирсан ҳали!» дейди. Мен ҳам: «Жаноб олийлари! Нима, мени жудавало худо уриптими ё диндан чиқибманми? Кампирим худога омонатини берай деб ётса-ю, мен қовоқхоналарда санқиб юрсам қалай бўлади! Қўйинг-е, бунақа гапларингизни, тақсиржон! Худо кўтарсин ўша қовоқхоналарни!» дейман. Ана шундан кейин Павел Иванич сени касалхонага олиб киринглар деб буюради. Мен бўлсам, дарров оёғига йиқилиб: «Павел Иванич! Жаноби олийлари! Қуллуқ, худо умрингизга барака берсин! Биз аҳмоқ бедаволардан хафа бўлманг, биз мужиклардан койинманг! Бизни бўйнимизга тушириб, чиқариш керак эди, сиз бўлсангиз, ташвиш еб, оёқларингизни қорга булғаб юрибсиз!» дейман. Павел Иванич, худди уриб юборадигандай, ўқрайиб қарайди-ю: «Бировларнинг оёғига йиқилиб юргунча, арақ ичишингни қўйиб, кампирингни парвариш қил, аҳмоқ. Сени боплаб калтаклаш керак!» дейди. Мен ҳам қараб турмайман: «Тўғри айтасиз, калтаклаш керак, Павел Иванич, ур, худо ҳақи, ур! Бизга шафқат қиласизлар, оталик қиласизлар-у, тағин оёқларингизга йиқилиб, қуллуқ қилмайликми? Жаноби олийлари! Хўп деяверинг… мана, тепамда худо турипти… Ёлғон айтсам бетимга тупуринг! Матрёна тузалиб, ҳалиги, асли ҳолига келсачи, ҳа, нима десангиз қиламан, гапингизни ерда қўймайман! Корелия қайинидан қўлинг ўргилсин портсигарми… крокет соққасими, хоҳласангиз чет элникига ўхшатиб жуда ажойиб кегль қилиб бераман… Сиздан хеч нимани аямайман! Бир тийин ҳам олмайман. Москвада бўлса бунақа портсигарга тўрт сўмингизни олади, мен бир пул ҳам олмайман» десам, доктор кулади-ю: «Бўпти, бўпти… Билдим. Лекин пиянистасан-да, шунисига ачинаман…» дейди. Мен, кампирвой, хўжайинлар билан гаплашишни ана шунақа қотириб юбораман! Менинг гапимни эшитиб эримайдиган хўжайин йўқ дунёда. Иш қилиб, худо йўлдан адаштирмасин-да! Қорнинг элашини қара-я! Кўзни очирмай қўйди.
Токарь шу хилда валақлаб бораверади. Юрагини қайғудан озгина бўлса ҳам бўшатиш учун ҳеч тилини тиймайди, нима гапираётганини ўзи ҳам билмайди. Тилида гап кўп, миясида эса фикр ва масала ундай ҳам кўп. Токарнинг бошига қайғу тўсатдан тушиб, ғафлатда қолди, мана энди ўзига келолмай, ҳайрон бўлиб юради. Шу маҳалгача маст кишининг уйқусидай тинч яшаб келарди; қайғу билан ҳам, шодлик билан ҳам иши йўқ эди, мана энди қалбида ёмон бир оғриқ пайдо бўлганини сезиб қолди. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, ичкиликдан бошқасини назарига илмайдиган бу ишёқмас, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, иши кўп, жонсарак, қаёққадир шошиб турган, ҳатто табиат билан курашаётган киши аҳволига тушиб қолди.
Қайғуси кеча кечқурун бошланганини токарь яхши билади. Кеча кечқурун уйига, одатдагича, кайфи ванг кечди-да, эски қилиғини қилиб, кампирини сўкди ва унга мушт ўхталди. Ана шунда кампир тўполончи чолига шундай бир қараш қилдики, илгари ҳеч вақт бундай қарамас эди. Қампирнинг кекса кўзларида ҳар маҳал кўп калтакланиб, кам боқиладиган ит кўзларидаги мазлумлик ва мўминлик бўлар эди, энди эса иконалардаги авлиёлар ё жони узилаётган одамлар сингари қимирламай, қовоғини очмай қараб турди. Токарнинг қайғуси ана шу ғалати кўзларнинг хунук қарашидан бошланди. Токарнинг юраги чиқиб кетди; қўшнисининг отини сўраб олиб, энди у кампирини Павел Иванич дори-дармон билан яна аввалгидай қарайдиган қилиб беради, деган умидда касалхонага олиб кетяпти.
— Ҳа-да, Матрёна, ҳалиги… — деб ғўлдирайди у. — Павел Иванич мабодо мени урдими деб сўраб қолса, урмади, де! Энди ҳеч урмайман. Ишонмасанг, мана крест. Нима, сени урган бўлсам, ёмон кўрганимдан урибманми? Йўқ, шундай, бекордан бекорга урганман. Сенга раҳмим келади. Бўлак одам бўлса пинагини ҳам бузмас эди, менчи? Мана… касалхонага олиб кетяпман. Оббо, қорнинг элашини қара-я! Э худо, сен шуни хоҳлагансан-ку! Иш қилиб, худо, йўлдан адаштирма-да… Ҳа, биқининг оғрияптими. Матрёна, нимага индамайсан? Мен сендан сўраяпман: биқининг оғрияптими?
Кампирнинг юзидаги қор эримаётгани унга ғалати туйилади; юзининг жуда ҳам чўзилиб кетгани, мум тусига кириб, салобатли, вазмин бўлиб қолгани ғалати кўринади.
— Вой нодон-е! — деб дўнғиллайди токарь, — Мен сенга ростини айтяпман, мана, худо тепамда… сен бўлсанг, ҳалиги… Вой нодон-е! Жаҳлимни чиқараверсанг, Павел Иваничнинг олдига обормайман!
Токарь тизгинни ёнига қўйиб, ўйланиб қолади. Кампирига қарай, деса, юраги бетламайди — жуда ваҳимали! Савол берса-ю, жавоб ололмаса, — бу ҳам ваҳимали. Дудмал аҳволга хотима бериш учун кампирга қарамасданоқ, пайпаслаб бориб, совуқ қўлни топади. Кўтариб туриб қўйиб юборилган қўл таёқ сингари тақиллаб тушади.
— Ўлиб қопти. Э, шўрим қурсин!
Токарь йиғлайди. Қампирнинг ўлиб қолгани учун эмас, алам қилгани учун йиғлайди. Бу дунёда хамма нарса мунча тез бўлади-я! Бошига тушган қайғуси чўзилмасданоқ тугаб қолди. Кампири билан тотув яшашга юрагидаги гапларни айтишга, аяшга улгурмасдан ўлиб қолди… Кампири билан қирқ йил умр қилди-ю, лекин шу қирқ йилнинг ҳаммаси тушдай ўтиб кетди. Мастлик кунининг қандай ўтганини ҳам билмай қолди. Ҳаммасидан ҳам унга шуниси алам қилардики, у кампирини аяш кераклигини, усиз яшай олмаслигини, унинг олдида қаттиқ айбдорлигини энди сезганда, кампири бирдан ўлиб қолди.
— Бояқиш тиланчилик ҳам қиларди, — деб эслайди у. Ҳа, одамлардан нон тилаб кел, деб ўзим чиқарардим э, шўрим қурсин! Нодон бўлмаса, яна ўн йилгина ўлмай турмайдими? Мени чиндан ҳам шунақа расво одам деб ўйлаган-да. Э, худо, қаёққа кетяпман? Энди буни тузатиш эмас, кўмиш керак-ку! Қайт!
Токарь чанасини қайтаради ва кучининг борича отга қамчи уради. Йўл тобора ёмонлашиб боради. Ахири дўға ҳам кўринмай қолади. Чана гоҳо ёш арчага бориб урилади, ана шунда аллақандай қорамтир нарсалар токарнинг қўлини тилади, кўзлари олдида лип этиб кўринади, кейин кўз ўнгини яна пирпираб учаётган оппоқ қорлар тўсиб олади.
«Умрни яна бошдан бошлашшинг иложи бўлса-ю…» деб ўйлайди у.
Матрёнанинг қирқ йил олдин ёш, чиройли, дилкаш, бой қизи бўлганини эслайди. Гришканинг ҳунарига учиб, Матрёнани унга берган эдилар. Яхши умр кечиришса бўларди, бунинг учун ҳамма замин бор эди, лекин битта касофат иш бўлиб қолди-да: токарь тўйдан кейин қаттиқ маст бўлиб келди-ю, печкага чиқиб ётиб олди, ана шундан бери ҳалигача уйғонмагандай, уйқуда яшагандай яшаб келади. Тўй бўлгани эсида, лекин тўйдан кейин нима бўлганини уриб ўласи қилсанг ҳам эслай олмайди, фақат ароқ ичганларини, кайф қилиб ётганларини, муштлашганини билади холос. Қирқ йиллик умр шу зайлда қулоғини ушлаб кетди.
Булутдай турган оппоқ қор аста-секин кулранг тусга кириб боради. Ғира-шира қоронғи тушади.
— Қаёққа кетяпман? — дейди токарь, эси ўзига келиб. — Кўмиш керагу, мен буни касалхонага олиб бораяпман… Нима бало, эсимни еб қўйдимми?
Токарь чанани тағин орқага қайтариб, отга яна қамчи босади. Бия кучанади, чнранади, пишқиради, кейин майда қадамлар билан йўртиб кетади. Токарь бўлса бия сағрига устма-уст қамчи ураверади… Орқадан алланиманинг тақирлагани эшитилади. Токарь қайрилиб қарамаса ҳам, у марҳуманинг чанага урилаётган боши эканини билади. Қоронғи тобора қуюқлашиб, шамол кучайиб, изғирин туради…
«Умрни янгидан бошлашнинг иложи бўлса-ю… — деб ўйлайди токарь. — Асбобларни янгиласам, буюртмалар олсам… пулларни кампирга бериб турсам… Эҳ?»
Шу пайт қўлидан тизгини тушиб кетади. Қарайди, уни тушган еридан олмоқчи бўлади, лекин ололмайди: қўллари қимирламайди…
«Барибир, от ўзи топиб боради, йўлни билади, — деб ўйлайди у. — Пича мизғиб олсамми… Кампирни кўмиб, азасини тутиб бўлгунларича ётиб турсамми…»
Токарь кўзларини юмади-ю, мудраб кетади. Бироз боргандан кейин отнинг тўхтаб қолгангани сезади. Кўзларини очмб қараса: олдида кулбага ё ғарамга ўхшаган бирнима қорайиб турибди…
Чанадан тушиб, нима гаплигини билмоқчи бўлган эди, қараса: бутун вужуди толиқиб, қимирлагиси келмай қолибди, шунинг учун жойидан жилгандан кўра музлаб қолишни афзал кўради… Ана шундан кейин уйқуни баҳузур ураверди…
Бир вақт уйғониб қараса: деворлари бўялган каттакон уйда ётибди. Деразалардан офтоб чарақлаб тушиб турибди. Токарь олдида одамлар борлигини кўриб, ўзини энг аввал тузук, фаҳм-фаросатли киши қилиб кўрсатмоқчи бўлади.
— Кампирга аза тутсак бўларди, оғайнилар, — дейди у. — Попни чақиртирсак…
— Бўпти, бўпти! Валақлама кўп, жим ёт! — деб кимдир унинт сўзини бўлади.
— Отахоним! Павел Иванич! — деб ҳайрон бўлади токарь, олдида доктор турганини кўриб. — Яхшилигингизни эсдан чиқармайман, тақсир!
У ётган еридан иргиб тушмоқчи, докторнинг оёқларига ўзини ташламоқчи бўлган эди, қўллари билан оёқлари бўйсунмаётганини сезиб қолди.
— Тақсиржон! Оёқларим қани? Қўлларим-чи?
— Оёқларинг билан ҳам, қўлларинг билан ҳам энди хайр-маъзур қилавер… Музлатиб қўйибсан! Ия, ия… нимага йиғлайсан? Шунча умр кўрдинг, худога шукур қилгин-да! Олтмишни уриб қўйгандирсан ҳали? Етади-да шу!
— Мусибат!.. Мусибат-да, тақсир! Меҳрибонлик қилиб кечиринг! Яна беш-олти йил умр кўрсам дейман…
— Нега?
— От бировники, эгасига берардик… Кампирни кўмардим…. Тавба, бу дунёда ҳамма нарса мунча ҳам тез бўладн-я! Тақсиржон! Павел Иванович! Карелия қайичидан ясалган портсигар ажабсара бўлади-да! Соққа йўниб берардим…
Доктор, қўлини силтаб, палатадан чиқиб кетди. Токарнинг тупроғи енгил бўлсин!
Мирзакалон Исмоилий таржимаси