Антон Чехов. Оқсоқол (ҳикоя)

(Кўриниш)

Н. деган бир уезд шаҳаридаги ифлос қовоқхоналардан бирида оқооқол Шельма ёғлиқ бўтқа еб ўтиради. У бўтқадан уч қошиқ егандан кейин бир рюмка арақ ичади-да, «бўлди, энди бошқа ичмайман» деб қўяди.
— Шундай, азизим, деҳқонларнинг можароларини бирёқлик қилиш ниҳоятда мушкул иш, — дейди у қовоқхона эгасига мурожаат қилиб. У, тугмалари ҳадеб ечилиб кетаверганидан қадаб қўйиш учун стол тагига энгашди. — Шунақа, азизим! Деҳқонларнинг иши бутун бир сиёсат, бунга Бисмарк ҳам ожизлик қилган. Бунақа ишларни олиб бориш учун ўткир ақлли ва эпчил бўлмоқ керак. Мана, нега мени мужиклар ҳурмат қилишади? Не сабабдан улар менга пашшадек ёпишаверадилар? Нега? Нега мен ёғлик бўтқа еб ўтирибман-ку, бошқа адвокатларнинг еган бўтқаси ёғсиз бўлади? Бунинг сабаби нимада? Сабаби шундаки, менинг миямда талант, идрок бор.
Шельма пишқириб яна бир рюмка ичди-да, кирланиб кетган бўйнини чўзиб, кеккайиб ўтирди. Бу одамнинг бўйингина эмас, балки қўлларини, кўйлагини, шимини, қўлидаги рўмолчасини, қулоқларини кир босиб саҳтиён бўлиб кетганди.
— Мен донишманд эмасман. Ёлғоннинг нима кераги бор? Адвокатлар курсида ўқимаганман, билимдонлар сингари олижаноб либослар киймайман, аммо мақтанчоғлик бўлса ҳам, дейманки, миллион сўм берсанг ҳам мендек адвокатни бир умр тополмайсан. Албатта, Скопиннинг ишини бирёқлик қилиш қўлимдан келмайди, Сарра Беккер ишини ҳам эплай олмайман, аммо деҳқонларнинг ишига келганда ҳечқанақа ўткир ҳимоячи, прокурор… ҳечким менга бас келолмайди. Рост айтаман! Деҳқонларнинг ишини мендан бўлак ҳечким бирёқлик қила олмайди. Хоҳ Ломоносов бўл, хоҳ Бетховен бўл, мендаги талант сенда бўлмаса бу ишга урина кўрма ҳам! Мана, Репловодаги оқсоқолнинг ишини мисол қилиб ол. Реплово оқсоқолининг можаросини эшитгандирсан?
— Йўқ, эшитганим йўқ.
— Жуда яхши можаро, сиёсий иш! Плеваковнинг ҳам тиши синар эди, фақат менинг кучим етди бу ишга. Мана шунақа. Мен сенга айтсам, биродари азиз, Москвадан сал нарида қўнғироқ заводи бор. Ўша заводда, мен сенга айтсам, бизнинг репловолик Евдоким Петров деган бир мужик старший мастер бўлиб ишлайди. Йигирма йилдан буён ўша заводда ишлайди. Паспортига қарасанг мужикнинг ўзгинаси, ялангоёқ, аммо афтига қарасанг сира мужикка ўхшамайди. Йигирма йил ичида сийқаланипти, одамга ўхшаб қолган-да. Хоҳ инон, хоҳ инонма, эгнида тринка костюм, қўлларида узук, кўкрагида тилла занжир, хуллас, олижанобдай! Ҳеч мужикка ўхшамайди. Ойлиги бир ярим минг бўлса, уй-жой берган бўлса, егани олдида, емагани кетида бўлса, завод эгаси билан иноқ бўлса, шундай даражага ҳам етмасинми. Ўзингдан-ўзинг олижаноб бўлиб кетасан киши… Афти-башараси ҳам, меа сенга айтсам, мана бундоқ (у яна бир рюмка кўтарди)… Кунлардан бир кун ўша Евдоким Петров, мен сенга айтсам, ўз ватанига, бизнинг Реплово қишлоғимизга келмоқчи бўпти. Ўша заводда туравериб, ўз қишлоғини соғиниб қопти. Қўнғироқ заводида-ку старший мастернинг турмуши яхши-я, зерикиб нима қиласан, тинч туравермайсанми? Аммо мен сенга айтсам, Америкага борсанг ҳам юз сўмлигинг кўп бўлса, барибир қовоқхонани соғинасан, кўнглинг кетади. Ҳарҳолда соғинганидан, бир келгуси келипти. Хў-ўш! Хўжайинидан бир ҳафтага жавоб опти-да, Репловога жўнапти. Энг олдин туғилиб ўсган уйига қўнипти. «Мен ёшлигимда шу ерда турган эдим, ҳов анови ерда отамнинг подасини боқардим, мана буер — ётадиган жойим эди» депти. Хуллас ёшлиги эсига тушиб шунга ўхшаш гапларни қилипти. Тағин мақтаниб ҳам қўйипти: «Мана, кўрдиларингми биродарлар! Мен ҳам сизларга ўхшаш ялангоёқ эдим, меҳнат қилиб, тер тўкиб мартабага етдим, бадавлат бўлдим. Сизлар ҳам меҳнат қилсаларинг…» деб вайсапти. Ялангоёқлар олдинига унинг насиҳатларини эшитиб, ҳурмат қилиб юришипти, кейин ўйлаб қолишипти. «Гапирган гапларинг жойида, рост, ҳаммамизга ҳам ёқади, аммо сендан бизга қандай фойда тегади? Келганингга бир ҳафта бўптию, ҳанузгача бир қултум арақ ичирмадинг» дейишипти, уйига юзбошини юбориб.
— Евдоким, юз сўм пул бер!
— Ҳа, нега энди?
— Юртга, арақ учун… юрт сенинг соғлигинг учун ичмоқчи…
Евдокимнинг ўзи бамаъни, одобли, художўй одам, арақ ҳам ичмайди, тамаки ҳам чекмайди, бошқаларга ҳам ичирмайди.
— Арақ учун сариқ чақа ҳам бермайман.
— Нега энди бермас экансан? Нима ҳақинг бор бермасликка? Сен бизнинг одамимиз эмасми?
— Сизнинг одам бўлсам нима қипти? Сизлардан қарзим йўқ… Орамиз очиқ. Шундай бўлгандан кейин, нега пул берай?
Ана гапу, мана гап! Евдоким ўз айтганида туриб олди, юрт эса ўз айтганида. Кейин юртнинг ғазаби қўзғаб кетди. Аҳмоқларни биласан-ку ўзинг! Минг гапир — барибир тушунмайди. Юртнинг ичгиси келгандан кейин ўн икки хил тилда гапир, замбаракка солиб от, барибир тушунмайди. Ичгимиз келди деб туриб олишади. Тўғрида! Ўзи ҳамқишлоқ бўлсаю, ҳиммати бўлмаса! Бу нима деган гап? Шундан кейин Евдокимдан ҳарқандай йўл билан бўлса ҳам юз сўм олиш учун ҳар хил иғво тўқишга киришишди. Шунча тиришсалар ҳам тўқий олмади ҳечким. Эшиги ёнига келиб, «Сеними, шошмайтур!» деб қўрқитишади. Евдоким бўлса уйида бемалол ўтираверади. «Худонинг олдида ҳам, банданинг олдида ҳам, қонун олдида ҳам софман, нимадан қўрқай? Эркин қушман, қаёққа учсам — учавераман!» депти. Хўш. Мужиклар пулдан умидларини узадилар, аммо уларнинг ҳурматини қилмаган ўша эркин қушнинг қанотларини юлиб олиш чорасини излай бошладилар. Каллаларида зиғирча ақл йўқлигидан, менга одам юборишди. Дарҳол мен Репловога бордим. «Иш хуржун Денис Ссмснич, пул бермаётир. Ўзинг бунинг чорасини кўр!» деб арз қилишди менга. Қандай чора топиб бўларди дейсан? Чора топишнинг сира иложи йўқ, ҳамма гап равшан: барча қонун Евдоким томонида. Мана мен деган прокуроринг ҳам минг йил бош қотирсин, — чорасини тополмайди… Бунга шайтоннинг ҳам ақли етмайди-да.
Шельма яна бир рюмкани кўтариб, кўзини қисиб қўйди.
— Чорасини мен топдим, менинг ақлим етди! — деди кулиб у. — Мен топдим! Қандай қилганимни ўйлаб топчи, қани! Минг ўйласанг ҳам тополмайсан! Мен мужикларга, «Халойиқ, уни ўз қишлоқларингга оқсоқол қилиб сайланглар» дедим. Улар дарҳол гапнинг тагига етиб, уни ўзларига оқсоқол қилиб сайлашди. Бу ёғини эшит. Евдокимга оқсоқоллик муҳрини келтириб беришди. У бўлса кулиб-қотиб ётипти. «Ҳазилни қўйинглар, мен сизларга оқсоқол бўлишни истамайман!» деб жавоб берди.
— Сен истамасанг, биз истаймиз!
— Истамайман дедим, истамайман! Эртагаёқ қишлоқни ташлаб кетаман!
— Кетолмайсан! Ҳақинг йўқ кетишга. Қонун бўйича оқсоқол оқсоқолликни ташлаб кетаолмайди.
Бунга Евдоким:
— Бу лавозимни устимдан соқит қиламан, — деб жавоб қипти.
— Ҳақинг йўқ. Оқсоқол камида уч йил оқсоқоллик қилиши керак, ўшанда ҳам суд ҳукм чиқарса соқит қилинади. Биз сени оқсоқол қилиб сайладикми, бўлди, на ўзинг, на биз ўриндан тушираолмаймиз!
Евдоким дод солди, фарёд кўтарди, дарров волостной оқсоқолга югурди. Волостной ва унинг мирзаси ҳамма қонунларни олиб унга кўрсатишди.
— Фалон-фалон моддаларга биноан уч йилгача оқсоқоллик қилишинг керак. Уч йил хизматни бажар, кейин кетавер.
— Қанақа уч йил! Буерда бир ой туришимнинг ҳам иложи йўқ. Хўжайиннинг менсиз уйи куяди-ку! Неча минглаб зарар кўради! Заводдан ташқари уй-жойим, бола-чақаларим ҳам ўшатда!
Ҳеч иложи бўлмади. Орадан бир ой ўтиб кетди, Евдоким юртга юз сўм эмас, уч юз сўм беришга рози бўлди. Уларку пулни жон деб олардилар, фақат вақти ўтган эди. Евдоким, жаноби ҳазрат ҳузурига бориб унга арз қилди.
— Сизга арзим бор, жаноби олийлари. Оилавий сабаблар важидан хизмат қилолмайман. Мени бўшаттиринг, худо хайрингизни берсин!
— Ҳақим йўқ. Сени бўшатишга қонуний асос йўқ. Аввало, ўзинг соппа-соғ одамсан, иккинчидан сени қоралайдиган материал йўқ. Хизмат қилишга мажбурсан.
Сенга шуни ҳам айтиб қўяйки, уерда ким бўлмасин ҳаммани сансираб гапиришади. Волостной оқсоқоллар, қишлоқ оқсоқоллари пошшоликнинг мартабали одамлари ҳисобланади, маҳкама чиновникларидан ҳам баланд туради, шундай бўлсада уларни қорол сингари сансирашади. Трико костюм кийган Евдокимнинг бундай сансирашни эшитишга тоқати бор дейсанми? Жаноби ҳазратга ялинди, ёлборди.
— Ҳақим йўқ, — деди у. — Инонмасанг уезд маҳкамасидан бориб сўра. Ҳамма ҳам сенга шундай дейди. Фақат мен эмас, губернатор ҳам сени бўшатолмайди. Халқнинг ҳукми, агар қоида асосида чиқарилган бўлса, уни ҳечким бекор қилолмайди. — Евдоким тўрага арз қилиб борди. Тўрадан исправникка югурди. Бутун уездни кезиб чиқди, ҳамма ерда — ҳақимиз йўқ, хизмат қил, деган жавобни қилдилар. Аҳволи танг. Заводдан бўлса кетма-кет хат келиб турипти. Евдокимнинг қавми-қариндошлари ҳам мени чақиртиришга маслаҳат беришипти. Хоҳ инон, хоҳ инонма, одам юбормасдан, ўзи от қўйиб келди. Кела-солиб гап-сўз йўқ, қўлимга юзталикни тутқизди. «Умидим сиздан» деб ялинди.
— Хўп, майли, юз сўлкавойга сизни бўшатдиришим мумкин, — дедим.
Юз сўлкавой олиб, унинг ишини дарров тўғриладим.
— Қандай қилиб? — деб сўради қовоқхона эгаси.
— Топкин-чи! Оппо-осон. Бутун гап — қонуннинг ўзида.
Шельма, унинг ёнига келиб, қаҳқаҳлаб кула-кула, қулоғига шивирлади.
— Бирон нарсани ўғирлаб, қўлга тушиб, ишининг судга оширилишини маслаҳат бердим. Қалай? Жойидами? Мен сенга айтсам, олдинига у шошиб қолди. Қандай қилиб ўғирлай, дейди. Мана шундай ўғирлайверасан-да, — дедим. — Мана, менинг ичи бўш ҳамёним, шуни ўғирла, бир ярим ой авахтада ётиб чиқасан, вассалом. Олдинига у, номим булғанади деб, кўнмади. Покиза номнинг сенга нима кераги бор, дедим. Нима, сенинг битилган номайи амолинг бормиди? Бир ярим ой авахтада ётиб чиқасан, вассалом, иш битади кетади. Сени қораловчи материал ҳам тайёр, оқсоқоллик медалини ҳам сендан тортиб олишади! Ўйлаб туриб-туриб, рози бўлди-да, меиинг қуруқ ҳамёнимни ўғирлаб кетди. Бир ярим ой авахтада ётиб чиқди, мени ҳалигача дуо қилади. Мана, ақлни кўрдингми энди, оғайни! Бутун дунёни ахтариб чиқсанг ҳам, деҳқонлар можаросидай сиёсатни тополмайсан, бунақа ишларни мендан бўлак ҳечким ечолмайди. Ҳечким бекор қилолмайди, фақат менинг қўлимдан келади. Шунақа.
Шельма яна бир бутилка арақ чақирди-да, бошқа бир ҳикоя, Реплово мужикларининг бировнинг ўрилмаган буғдойини сотиб, ичиб юборганлари ҳақида. ҳикоя бошлади.

О. Раҳимий таржимаси