Яқинда мен болаларимнинг мураббияси Юлия Васильевнага ҳақини бериш учун кабинетимга чақирдим.
— Ўтиринг, Юлия Васильевна! — дедим. — Сизга пул керак бўлса ҳам, соддадиллигингиздан ўзингиз сўрагани уяласиз… қани, ўзаро ҳисоблашиб чиқайликчи. Биз сизнинг маошингизни ҳар ойга ўттиз сўмдан гаплашган эдик..
— Қирқ сўмдан…
— Йўқ, ўттиз сўмдан… Менда ёзилган… Мен мураббияларга ҳаммавақт ўттиз сўмдан тўлаб келганман. Хў-ўш, сиз бизда икки ой турдингиз…
— Икки ой-у, беш кун…
— Менда ёзилган. Роса икки ой… Демак, сизга олтмиш сўм тегади… Сиз Коля билан якшанба кунлари машғулот ўтказганингиз йўқ, ўша кунлари дам олдингиз, шунинг учун тўққиз якшанбани чиқариб ташлаймиз… Уч кун байрам…
Юлия Васильевна бирданига қизаринди, кўйлак бурмасини ғижимлади-ю, лекин ғинг демади!..
— Уч байрам куни… Демак, ўн икки сўм… Коля касал бўлиб қолиб, тўрт марта дарс бўлмади, ўша кунлари сиз машғулотни фақат Варя билангина ўтказдингиз… Уч кун тишингиз оғриди, хотиним пешиндан кейин уйга қайтишингизга рухсат берди… Ўн икки сўм ва етти сўм, демак яна ўн тўққиз сўмни чиқариб ташлаймиз… Қолади қирқ бир сўм. Тўғрими?
Юлия Васильевнанинг чап кўзи қизариб, ёшга тўлди. Ияги титради, асабийлашиб йўталди; бурнини қоқди, аммо ғинг демади.
— Янги йил олдидан бир талинкача билан чашкани синдирдингиз. Буни икки сўм дейлик, идишга фамилия ёзилган эди. Қимматроқ бўлса ҳам, майли, розиман! Бизнинг ҳақимиз кимларда кетмаган дейсиз! Сўнгра сизнинг бепарволигингиз натижасида Коля дарахтга чиқиб, камзилини йиртиб тушди, бу ҳам ўн сўм… яна сизнинг яхши қарамаганлигингиз натижасида уй хизматчиси Варянинг ботинкаси ўғирланган. Ахир, сиз маош оласиз, шуларнинг устидан назорат қилиб туришингиз керак. Демак, яна беш сўм… Унинчи январда мендан ўн сўм қарз олдингиз…
— Мен олганим йўқ, — деди Юлия Васильевна, секингина.
— Менда ҳаммаси ёзилган.
— Хайр, майли… яхши.
— Қирқ бир сўмдан йигирма етти сўмни чиқариб ташласак ўн тўрт сўм қолади…
Мураббиянинг икки кўзи жиққа ёшга тўлди… Узун, чиройли бурни терлаб кетди. Бечора қиз!
— Мен фақат бир мартагина олувдим, — деди у, қалдироқ товуш билан. — Бекачингиздан фақат бир марта уч сўм олганман, холос… Шундан бошқа пул олганим йўқ…
— Ҳали шундайми? Мен буни ёзиб қўймаган эканман! Ўн тўрт сўмдан уч сўмни чиқарсак — ўн бир сўм қолади… Олинг пулингизни жоним! Мана, уч… уч… уч… бир, тағин бир сўм… олинг!
Мен унга ўн бир сўм бердим. Пулни титроқ қўллари билан олиб, чўнтагига солди.
— Мерси! — деди пичирлаб.
Мен ўрнимдан сакраб туриб кетиб, уй ичида юра бошладим. Жуда жаҳлим чиқиб кетган эди.
— Нега менга мерси дейсиз? — дедим.
— Пулингиз учун…
— Ахир, пулингизни ўғирлаб ўтирибман-ку, мен сизни таладим-ку! Пулингизни ўғирладим! Нега тағин менга мерси дейсиз?
— Бошқа жойларда менга шуни ҳам беришмас эди…
— Беришмас эди? Ажаб эмас! Мен сизга ҳазиллашдим, сизга унутилмас сабоқ бердим. Мен сизнинг саксон сўм пулингизни бераман, ана, конвертга солиб тайёрлаб қўйганман. Одам ҳам шунақа латта бўладими? Нега ҳақингизни талаб қилмайсиз? Нега тек турасиз? Бу замонда одам ўткир тишли бўлиши керак! Одам шундай бўшанг бўладими?
У бўшашиб қолди. Унинг юзидан: «бўлиши мумкин!» дсган маънони ўқидим.
Унутилмас сабоқ учун ундан кечирим сўрадим-да, қўлига саксон сўмини бердим. У қўрқа-писа чиқиб кетди… Унинг кетидан қараб туриб: бу дунёда кучли бўлиш осон экан! — деб ўйладим.
О. Раҳимий таржимаси