Антон Чехов. Каштанка (ҳикоя)

Биринчи боб

ЯРАМАС ХУЛҚ

Кўппак билан хонаки итдан бўлган тулки тумшуқ, сариқ ёш ит йўлкада у ёқдан бу ёққа югурар ва ташвишланиб атрофига аланглар эди. У ҳар замон-ҳар замонда тўхтар ва ингиллар, гоҳ совқотган бир оёғини, гоҳ иккинчисини кўтарар, қандай адашиб қолганини билишга уринарди.
Шу кунни у қандай ўтказганини, бу ёт йўлкага қандай келиб қолганини яхши эсларди.
Бугунги кун шундай бошланди: эгаси дурадгор Лука Александрич шапкасини кийди, ёғочдан ясалган аллақандай нарсани қизил рўмолга ўраб, қўлтиғига қистирди-да:
— Каштанка, юр! — деб қичқирди.
Каштанка ўз номини эшитиб, ётган еридан — дурадгорлик столи тагидаги қиринди орасидан чиқди-да, ҳузур қилиб керишиб олгач, эгаси кетидан югурди. Лука Александричга буюртма берган кишилар шу қадар узоқда турардики, уларнинг ҳар бириникига етиб боргунча дурадгор йўл-йўлакай бир неча марта майхонага кириб, томоғини ҳўллаб чиқарди. Каштанка йўлда ўзини жуда ёмон тутганини эслади. Сайрга чиққани учун севиниб кетганидан ирғишлар, от қўшилган коньканинг вагонларига қараб ҳурар, бегона ҳовлиларга кириб чиқар, бошқа итларнинг кетидан қувлар эди. Дурадгор уни йўқотиб қўяр, тўхтаб, аччиғланиб чақирарди. Бир марта у ғазаб билан итнинг тулкиникига ўхшаган шалпон қулоғидан чўзиб тортди-да:
— Ҳе… ўлиб кетгур… расво! — деб койиди. Буюртмачиларга учрашиб, қайтишда Лука Александрич синглисиникига кирди ва у ерда еб-ичиб чиқди; кейин таниш муқовасозникига борди, муқовасозникидан чиқиб майхонага кирди, у ердан чиқиб ошнасиникига борди ва ҳоказо. Хуллас, Каштанка бегона йўлкага келиб қолганда кеч кира бошлаган, дурадгор эса ғирт маст эди. У қўлларини ҳавода силкитар ва чуқур нафас олиб ғўлдирарди:
— Гуноҳкор, осий бандамиз! Гуноҳимизни ўзинг кечир! Мана ҳозир кўчада фонарларни томоша қилиб юрибмиз. Ўлганимизда эса дўзах ўтида ёнамиз…
У гоҳ мулойимлашиб, Каштанкани чақириб олар ва унга қараб шундай дерди:
— Сен-чи, Каштанка, бир жонивор-ҳашаротдан бошқа нарса эмассан. Дурадгор билан ромсознинг орасида қаича фарқ бўлса, сен билан одам орасида ҳам шунча фарқ бор…
У Каштанка билан шу тарзда гаплашиб турганида, бирдан музика янгради. Каштанка аланглаб қаради ва кўчада, бир полк солдатнинг тўппа-тўғри бостириб келаётганини кўрди. Ғашига тегаётган музика товушига чидаёлмай ўзини у ёқдан бу ёққа уриб вовуллади. Дурадгорнинг қўрқиб ғиншиш ва ҳуриш ўрнига тиржайганини, қаддини ростлаб, беш бармоғини чеккасига тақаб честь берганини кўриб, Каштанка ҳайрон бўлиб қолди. Эгасининг қаршилик кўрсатмаганини кўргач Каштанка боягидан ҳам баттар вовуллади ва жон ҳолатда кўчани кесиб ўтиб, нариги йўлкага югурди.
Каштанка ҳушини йиғиб олганда музика тинган, полкдан эса асар ҳам қолмаган эди. У кўчани кесиб ўтиб, хўжайинини қолдириб кетган жойига югурди, лекин, афсус! У ерда дурадгор йўқ эди. Каштанка жон ҳолатда олдинга отилди, кейин орқасига қайтди, кўчани яна бир кесиб ўтди, лекин дурадгордан ном-нишон қолмаган эди… Каштанка эгасининг изини ҳидидан топиб олай деб йўлкани искади, лекин бундан сал илгари янги резинка калиш кийган аллақандай муттаҳам ўтган экан, барча нозик ҳидлар, ўткир каучукнинг буриқсаб турган сассиқ ҳидига қўшилиб, ҳеч нарсани ажратиб бўлмади.
Каштанка гоҳ олдинга, гоҳ кейинга югурди, эгасини топмади. Бу орада қоронғи тушиб қолди. Кўчанинг ҳар икки томонидаги фонарлар ёқилди, уйларнинг деразаларида чироқ кўринди. Зудлаб ёғаётган лайлак қор тош кўчани, отларнинг яғринини, извошкачиларнинг шапкасини оқартирарди. Қоронғи қуюқлашган сари нарсалар тобора оқроқ кўринарди. Каштанканинг ёнида, унинг олдини тўсиб, оёқлари билан уни туртиб, бегона буюртмачилар у ёқдан бу ёққа тинмай ўтиб турарди. (Каштанка барча одамларни икки тоифага: хўжайинлар ва буюртмачиларга ажратарди; булар ўртасида катта фарқ бўлиб: хўжайинлар уни уришга ҳақли бўлса, Каштанканинг ўзи буюртмачиларнинг болдиридан узишга ҳақли эди). Буюртмачилар қаёққадир шошилар, унга парво ҳам қилмасдилар.
Жуда қоронғи бўлиб қолгач, Каштанканинг юрагини қайғу ҳамда ваҳима босди; у аллақандай бир эшикка сиқилиб олиб, зор-зор йиғлади. Каштанка Лука Александрич билан кун бўйи саёҳат қилиб чарчаган, қулоғи ва оёқлари совқотган, бунинг устига қорни ҳам жуда оч эди. Куни бўйи у атиги икки марта овқатланди: муқовасозникида озгинагина елим, қовоқхоналарнинг бирида колбасанинг пўстлоғини топиб олди. Ана шу холос. Агар у одам бўлганда эди, балки:
«Йўқ, бундай яшаб бўлмайди! Ундан кўра ўзингни отиб ўлдирганинг яхши!» деб қўйган бўларди.

Иккинчи боб

СИРЛИ БИР НОТАНИШ ОДАМ

Лекин Каштанка ҳеч нарсани ўйламас, фақат ғинширди. Энди орқа ва бошини момиқдай юмшоқ қор қоплаб олган, мадорсизликдан мудрай бошлаган ҳам эдики, бирдан эшик шиқиллади, ғижиллаб очилди ва биқинига урилди. Каштанка ирғиб турди. Очилган эшикдан буюртмачилар тоифасидан аллақандай бир киши чиқди. Каштанка ангиллаб, унинг оёғи тагида ўралашиб қолгани учун бу кишининг эътиборини ўзига жалб этди. У энгашди-да:
— Ҳа, кучукча, бу ерга қандай келиб қолдинг, — деди. — Эшик билан эзиб қўйдимми? Вой бечорагина-е… Қўй, хафа бўлма, қўя қол… Билмай қолдим.
Каштанка кипригига ёпишган қор учқунлари орасидан нотаниш кишига қаради ва рўпарасида соқоли қирилган лўппи юзли, бошига цилиндр кийган, эгнидаги пўстинининг олди очиқ, пакана ва бақалоқ одам турганини кўрди.
— Нега ғиншийсан? — деб сўради у киши қўли билан Каштанканинг устидаги қорларни қоқиб. — Эганг қани? Адашиб қолдингми? Эҳ, бечора кучукча-я! Энди нима қиламиз-а?
Нотаниш кишининг овозидаги меҳрибонлик оҳангини сезган Каштанка унинг қўлини ялади ва аввалгидан қаттиқроқ ғиншиди.
— Жуда ғалати ёқимтой кучук экансан-ку! — деди нотаниш киши. — Тулкининг ўзгинасисан-а! Майли энди, нима ҳам қилардик, мен билан юра қол. Бирон нарсага яраб қоларсан… Маҳ-маҳ!
У киши лабини чўпилатди ва Каштанкага қўли билан «юр» деган ишора берди. Каштанка унга эргашди.
Орадан ярим соат ўтар-ўтмас Каштанка катта ёруғ хонада, стол олдида, нотаниш кишининг овқатланишини, бошини бир томонга эгиб, ийдирадиган тарзда мароқ билан кузатиб ўтирарди. У киши овқатланар, Каштанкага ҳам овқатдан ташлаб қўярди… Аввал у Каштанкага бир бурда нон ва пишлоқнинг кўк пўстлоғини ташлади. Кейин бир парча гўшт, яримта сомса ва товуқ суягини берди. Каштанка оч бўлгани учун уларнинг ҳаммасини шу қадар тез ямлаб ютардики, мазасини ҳам билмай қоларди.
Қанча кўп еса ҳам тўймасди.
— Эганг яхши боқмас экан! — деди нотаниш киши итнинг овқатни оч кўзлик билан чайнамай ютаётганини кўриб. — Мунча озғинсан! Қоқ суяксан…
Каштанка кўп овқат еди, лекин тўймади, фақат ҳузур қилди, холос. Овқатдан кейин уйнинг ўртасига ётиб, оёғини узатди ва роҳат қилганидан думини ликиллатди.
Янги эгаси креслода ялпайиб ўтириб, сигара чекаётганда Каштанка думини ликиллатиб: бу ер яхшими ёки дурадгорники яхшими, деб ўйлади. Бу ерда жиҳозлари оз ва бунинг устига хунук: кресло, диван, лампа ва гиламлардан бошқа ҳечнарса йўқ. Шунинг учун ҳам уй бўшга ўхшаб кўринади. Дурадгорнинг уйи эса ҳар хил нарсалар билан тўла: уникида стол, дурадгорлик дастгоҳи, бир уюм қиринди, рандалар, исканалар, арралар, саъва қамалган қафас, тоғора бор… Нотаниш кишиникида ҳеч қанақа ҳид йўқ, дурадгорникида эса доим елим, лак ва қириндиларнинг хушбўй ҳиди анқийди. Лекин шунисини ҳам айтиш керакки, нотаниш кишининг кўпгина яхши томони бор: у овқатни кўп берди, Каштанка стол олдида думини ликиллатиб, ийдирадиган тарзда термулиб турганда бирон марта ҳам урмади, ер тепиниб: «йўқол лаънати!» деб ҳам қичқирмади.
Янги эгаси сигарасини чекиб бўлгач, чиқиб кетди ва кўрпача олиб кирди. Кўрпачани девор ёнига, бурчакка солар экан:
— Ҳой кўппак, бу ёққа кел! Бу ерда ёт. Ухла! — деди.
Кейин у лампани ўчириб, чиқиб кетди. Каштанка кўрпачада ётди ва кўзини юмди. Кўчадан итнинг вовуллагани эшитилди, у ҳам жавоб қайтармоқчи бўлган эди, лекин бирдан кўнглини ғусса босди.
У Лука Александрични, унинг ўғли Федюшкани ва дурадгорлик дастгоҳи тагидаги шинамгина ўрнини эслади… Каштанка қишнинг узоқ кечаларида дурадгор ёғоч рандалаётганда ёки овозини чиқариб газета ўқиётганда, Федюшка билан ўйнашини эслади… Федюшка Каштанканинг орқа оёғидан тортиб дастгоҳ тагидан судраб чиқарар ва у билан шундай фокуслар қилар эдики, кўз олди қоронғилашиб, аъзойи бадани оғрирди. Федюшка уни орқа оёғида юришга мажбур қилар, Каштанкани қўнғироқ қилар, яъни думидан қаттиқ тортар, натижада у ангиллар, ҳам вовулларди. Каштанкага тамаки ҳидлатарди… Айниқса мана бу фокус жуда азоб берарди: Федюшка бир парча гўштни ипга боғлаб Каштанкага ташлар, у ютиб юборгач эса, қаҳ-қаҳлаб кулиб, уни меъдасидан тортиб чиқарарди. Хотиралар кўз олдига равшанроқ келган сари Каштанка қаттиқроқ ва ғамгинроқ ғинший бошлади.
Лекин кўп ўтмай ҳорғинлик ва иссиқ қайғудан устун келди… У ухлаб қолди. Хаёлида итлар югуришиб юрарди; булар орасида Каштанка бугун кўчада учратган кўзига оқ тушган, тумшуғининг ёнини тиканакдай жун босган, бароқ қари хонаки ит ҳам бор эди. Федюшка бўлса, қўлига искана ушлаб уни қувлаб юрибди, кейин Федюшка ҳам бирдан ит қиёфасига кириб, бароқ жун босди, қувониб-қувониб вовуллади-да, Каштанканинг ёнига келиб қолди. Қаштанка иккаласи оқкўнгиллик билан бир-бирларининг тумшуқларини искашди-да, югуриб кўчага чиқиб кетишди…

Учинчи боб

ЯНГИ ЁҚИМТОЙ ТАНИШЛАР

Каштанка уйғонганда тонг ёришган, кўчадан эса фақат кундузлари бўладиган ғовур-ғувур эшитиларди. Уйда ҳеч ким йўқ. Каштанка керишди, эснади ва аччиғланиб хонада у ёқдан бу ёққа кезиб юрди. У бурчакларни ва жиҳозларни искади, даҳлизга кириб чиқди, лекин биронта қизиқарли нарса топмади. Даҳлизга чиқиладиган эшикдан ташқари яна бир эшик бор эди. Бироз ўйлаб кўргач, Каштанка икки оёғи билан эшикни тимдалаб очди ва иккинчи хонага чиқди. Кроватда буюртмачи тоифасидаги одам байко адёл ёпиниб ухлаб ётарди. Каштанка кечаги нотаниш кишини таниди.
— Рррр… — деди Каштанка, лекин шу заҳоти кечаги овқатни эслаб, думини ликиллатди ва искай бошлади.
Каштанка нотаниш кишининг кийимларини, этигини искади ва улардан от ҳиди келаётганини аниқлади. Ётоқхонада аллақаёққа чиқиладиган яна бир эшик бўлиб, у ҳам ёпиқ эди. Каштанка шу эшикни тимдалади, кўкраги билан итариб очди ва шу замоноқ ғалати, жуда шубҳали ҳидни сезди. Кўнгилсиз бир учрашувни олдиндан ҳис қилган Каштанка ириллади ва атрофига аланглаб, деворларига ёпиштирилган қоғозлар кир бўлиб кетган кичик уйга кирди-да, қўрққанидан тисланди. Каштанка рўпарасида сира кутилмаган ва қўрқинчли бир нарсани кўрди. Кулранг бир ғоз бўйни ва бошини ерга эгиб, қанотларини ёзиб ва қиғиллаб тўғри Каштанкага қараб бостириб келарди. Ундан сал нарида кичкинагина кўрпачада оппоқ мушук ётарди; Каштанкани кўриши биланоқ у ирғиб турди, белини камалак қилиб, думини кўтарди, юнгини ҳурпайтирди ва у ҳам пихиллади. Каштанка жуда қўрқиб кетди, лекин сир бой бермаслик учун қаттиқ вовуллади ва мушукка ташланди… Мушук белини боягидан ҳам баттарроқ эгди, пихиллади ва панжаси билан Каштанканинг бошига бир урди. Каштанка ўзини четга олди, чўнқайди, мушук томон тумшуғини чўзиб ғиншиди ва қаттиқ вовуллади; шу вақт орқа томондан келган ғоз Каштанканинг орқасини чўқиди. Каштанка сапчиб тушди ва ғозга ташланди…
Шу вақт бирдан:
— Бу нима деган гап? — деб жаҳл билан айтилган қаттиқ овоз эшитилди ва эгнига чопон кийган, сигара тишлаган кечаги нотаниш киши кириб келди. — Нима гап ўзи? Жой-жойингга бор!
У киши мушукнинг ёнига келди, эгилиб турган белига бир туртди-да:
— Федор Тимофеич, бу нима? Жанжал қўзғадингларми? Эҳ, қари тентак! Ёт! — деди.
Кейин ғоз томонга ўгирилиб бақирди:
— Иван Иванович, бор жойингга!
Мушук итоаткорлик билан кўрпачасига ётди ва кўзини юмди. Қизишиб кетиб, жанжалга аралашганидан ўзи ҳам норози экани тумшуқ ва мўйловидан сезилиб турарди. Каштанка ранжиб ғиншиди, ғоз эса бўйнини чўзиб, нима тўғридадир тез-тез, қизғин ва равшан гапирди, лекин унинг нима деганига ҳеч тушуниб бўлмас эди.
— Хўп, хўп! — деди хўжайин эснаб. — Аҳил бўлиб, дўст бўлиб яшаш керак. — У Каштанкани силаб қўйди ва гапини давом этдирди: — Сен, сариқ, қўрқма… Булар яхши, сени хафа қилишмайди… Шошма, отингни нима қўямиз? Отсиз юриб бўлмайди-ку, оғайни.
Нотаниш киши ўйлаб тургач:
— Топдим… — деди. — Сенинг отинг — Тётка бўлади… Тушундингми? Тётка.
У «Тётка» сўзини бир неча бор такрорлади-да, чиқиб кетди.
Каштанка ўтирди ва атрофини кузата бошлади. Мушук кўрпачасида қимир этмай ўтирар ва ўзини уйқуга солар эди. Ғоз эса бўйнини чўзиб ва турган жойида ер тепиниб, алланарса тўғрисида тез ва қизғин гапирарди. Афтидан жуда ақлли ғоз кўринарди; ҳар гал узундан-узоқ гапиргандан кейин, ҳайрон бўлиб, орқасига тисланар ва ўз сўзидан завқланаётгандай кўринарди… Каштанка унинг гапига қулоқ солди, «ррр…»деб жавоб қайтарди-да, бурчакларни искай бошлади. Бир бурчакда кичкина тоғора турар, унда нўхот ва нон ивитиб қўйилган эди. Каштанка нўхотни еб кўрди — бемаза экан, нондан еб кўрди — дуруст экан, индамай еяверди. Ғоз бегона бир ит овқатини еб қўяётгани учун хафа бўлмади, аксинча, боягидан ҳам қизғинроқ гапирди ва ўзининг ишончини кўрсатиш учун тоғора ёнига келди-да, нўхотдан бир неча донасини териб еди

Тўртинчи боб

ЧАМБАРАКДАГИ МЎЪЖИЗА

Бироздан кейин нотаниш киши яна кирди. Унинг қўлида дарвозага ва П ҳарфига ўхшаган ғалати бир нарса бор эди. Ёғочдан қўпол қилиб ишланган П ҳарфининг тепасига қўнғироқ осилган ва тўппонча боғлаб қўйилган; қўнғироқнинг тилига ва тўппончанннг тепкисига каноп боғланган эди. Нотаниш киши П ни уйнинг ўртасига қўйди, анчагача алланарсаларни ечди, бойлади, кейин ғозга қаради-да:
— Қани, Иван Иванович, марҳамат! — деди.
Ғоз П нинг ёнига келди ва алланарсани кутган вазиятда тўхтади.
— Қани, — деди нотаниш киши, — бошлаймиз. — Аввал бир салом қилиб қўй! Тез бўл!
Иван Иванич бўйнини чўзди, ҳар тарафга қараб бош чайқади ва панжаси билан ер тепиниб қўйди.
— Яша, балли… Қани энди, ўл!
Ғоз оёғини осмонга кўтариб чалқанча тушиб ётди. Ана шундай бир неча аҳамиятсиз фокуслардан кейин нотаниш киши бирдан бошини чангаллади ва юзида қўрқув акс этдириб қичқирди:
— Қоровул! Ўт кетди! Ёниб кетдик!
Иван Иванич П нинг ёнига югуриб борди, канопни тишлаб тортди-да, қўнғироқни чалиб юборди.
Нотаниш киши жуда мамнун бўлди. У ғознинг бўйнини силади-да:
— Баракалла, Иван Иванович! — деб қўйди. — Энди, ўзингни заргар деб фараз қил, олтин ва брильянтлар билан савдо қиласан. Магазинингга келсангки, ўғрилар юрипти. Шунда нима қилардинг?
Ғоз иккинчи канопни тишлаб тортди, тўппонча пақиллаб отилди. Қўнғироқнинг жаранглаши Каштанкага жуда ёқди, тўппончанинг пақиллаб отилиши эса уни шу қадар завқлантириб юбордики, П нинг атрофида югуриб вовуллади.
— Тётка, жойингга бор, — деб қичқирди нотаниш киши. — Тек тур.
Иван Иваничнинг иши тўппонча отиш билан тугамади. Нотаниш киши хипчинини шипиллатиб уни бир соатча ўз атрофида югуртирди, ғозни ғовдан сакрашга, чамбарак ичидан сакраб ўтишга, думини ерга тираб, панжаларини силкитишга мажбур қилди. Қаштанка Иван Иваничдан кўз узмас, завқланганидан ғинширди, бир неча марта қаттиқ вовуллаб, унинг кетидан югурди. Ғоз ҳам, ўзи ҳам чарчагандан кейин нотаниш киши пешонасининг терини артди-да:
— Марья Хавронья Ивановнани чақир! — деб қичқирди.
Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас ҳуриллаган овоз эшитилди… Каштанка вакиллади, ўзига қаҳрамонона тус берди-да, ҳар эҳтимолга қарши нотаниш кишининг ёнига бориб турди. Эшик очилди, аллақандай кампир мўралади ва бир нималар деди-да, қоп-қора жуда хунук бир чўчқани киритиб юборди. Чўчқа Каштанканинг ириллаганига парво қилмай тумшуғини кўтарди-да, хурсандлик билан ҳуриллади. У эгасини, мушукни ва Иван Иванични кўрганига жуда севиниб кетганга ўхшарди. У мушукнинг ёнига бориб, тумшуғи билан қорнига туртиб қўйганда ва ғоз билан алланарса ҳақида гаплашганда унинг ҳаракатлари, овози ҳамда думининг титрашидан анча кўнгилчанлиги сезилиб турарди. Бунақа шахсларга қараб ириллаш ва вовуллаш фойдасизлигини Каштанка дарров тушунди.
Хўжайин П ни олиб қўйди ва:
— Федор Тимофеич, марҳамат! — деб қичқирди. Мушук эринчоқлик билан ўрнидан турди-да, истар-истамас юриб, худди бир катта иш кўрсатаётгандек чўчқанинг ёнига келди.
— Қани, миср пирамидасидан бошлаймиз, — деди хўжайин.
У анчагача алланарсаларни тушунтирди, кейин: «Бир… икки… уч!» деб команда берди. «Уч» дейилиши биланоқ Иван Иванич қанотларини қоқди ва сакраб чўчқанинг устига чиқиб олди… Ғоз қанотларини ёйиб, бўйнини чўзиб, мувозанатни сақлаб, чўчқанинг устига жойлашгач, Федор Тимофеич эринчоқлик билан шалвираб юргю, уларнинг ёнига борди ва ўз санъатини назар-писанд қилмаган бир қиёфада аввал истар-истамас чўчқанинг устига чиқди, кейин ғознинг устига чиқди-да, олдинги оёқларини кўтариб турди. Нотаниш киши айтган миср пирамидаси ҳосил бўлди. Каштанка завқланганидан чийиллаб юборди, лекин шу маҳал кекса мушук эснади ва мувозанатини йўқотиб, ғознинг устидан ағинаб тушди. Нотаниш киши бақирди, қўлларини силкиди ва яна алланарсани тушуатира бошлади. Хуллас хўжайин пирамида билан бир соатча овора бўлгандан кейин Иван Ивановичга мушукка миниб юришни ўргата бошлади, кейин мушукка чекишни ўргатди ва ҳоказо.
Нотаниш киши пешонасининг терини артиб чиқиб кетиши билан таълим тугади. Федор Тимофеич жирканиб пих-пих қилиб қўйди-да, кўрпачасига ётиб кўзини юмди.
Иван Иванич тоғора ёнига борди, кампир чўчқани олиб чиқиб кетди.
Жуда кўп янги таассуротлар туфайли Каштанкага кун жуда тез ўтиб кетгандай туйилди, кечқурун эса деворларига ёпиштирилган қоғозлари кир бўлиб кетган уйга кўрпачаси билан кўчириб қўйилди-да, у ерда Федор Тимофеич ва ғоз билан биргаликда тунади.

Бешинчи боб

ТАЛАНТ! ТАЛАНТ!

Орадан бир ой ўтди.
Каштанка ҳар куни кечқурун яхши овқат билан боқишларига ва Тётка деб чақиришларига ўрганиб қолди. У нотаниш кишига ҳам, янги ҳамроҳларига ҳам кўникди. Умр силлиқ ва равон ўтарди.
Кунлар бир хилда бошланарди. Одатда Иван Иванич ҳаммадан аввал уйғонар ва Тётка ёки мушук ёнига борар, бўйнини эгиб алланарсалар тўғрисида қизғин ва берилиб гапирар, лекин унинг нима деяётганига аввалгидек сира тушуниб бўлмас эди. Баъзан у бошини баланд кўтариб узун монологлар ўқирди. Дастлабки танишган кунларида Каштанка ғозни ақлли бўлгани учун кўп гапиради деб ўйлаганди, лекин кўп ўтмай уни бутунлай иззат қилмайдиган бўлди; ғоз унинг ёнига келиб, узун нутқини бошлаганда, Каштанка аввалгидек думини ликиллатмас, аксинча ҳадеб гапиравериб ҳеч кимни ухлатмагани, эзмалиги учун сира менсимас ва ийманиб ўтирмай «ррр…» деб қўярди.
Федор Тимофеич эса бутунлай бошқача эди. У уйғонса ҳам дамини чиқармас, қимирламас, ҳатто кўзини ҳам очмас эди. Унга қолса сира уйғонмас эди, чунки ҳаётни унча яхши кўрмаса керак. Уни ҳеч нарса қизиқтирмас, ҳамма нарсага бепарво қарар, ҳамма нарсадан нафратланар, ҳатто мазали овқатни еб туриб ҳам жирканиб, «пих-пих»лаб қўярди.
Каштанка уйғонганидан кейин уйдан-уйга ўтиб юрар ва бурчакларни искар эди. Фақат унга ва мушукка ҳамма уйларга кириб юришга рухсат берилганди; ғоз бўлса, деворларига ёпиштирилган қоғозлари кир бўлиб кетган уйнинг остонасидан ҳатлашга ҳам ҳақсиз эди. Хавронья Ивановна ҳовлининг аллақаерида, оғилда яшар ва таълим пайтларидагина пайдо бўларди. Хўжайин кеч уйғонар ва чойини ичиб бўлиши биланоқ фокусларини бошларди. Ҳар куни уйга П, қамчи ва чамбарак олиб кирилар, ҳар куни шу фокуслар такрорланарди. Таълим уч-тўрт соат давом этар, ҳатто баъзан шундай бўлардики, Федор Тимофеич, ҳориганидан худди мастларга ўхшаб гандираклар, Иван Иванович тумшуғини очиб оғир нафас олар, хўжайин эса қип-қизариб кетиб, ҳадеб пешонасининг терини артарди.
Таълим ва овқатланиш туфайли кун жуда хурсандчилик билан ўтар, кечқурунлари эса Тётка зерикар эди. Одатда кечқурун хўжайин аллақаерга жўнар, ғоз билан мушукни ҳам ўзи билан олиб кетарди. Ёлғиз қолган Тётка кўрпачасига ётар ва ғуссага ботар эди. Ғусса, худди уйни босаётган қоронғилик сингари секин-аста бутун борлигини қамраб оларди. Шундай бўлардики, итнинг вовуллашга ҳам, овқат ейишга ҳам, уйдан-уйга югуриб юришга ҳам, ҳатто, қарашга ҳам хуши келмай қоларди; кейин итми, одамми эканлиги ноаниқ икки гавда хаёлига келарди. Уларнинг истараси иссиқ, ёқимтой, лекин кимлигини англаб бўлмасди; уларни кўрганда Тётка думини ликиллатар, назарида аллақаердадир кўргандай ва севгандай бўларди… Ухлаб кетар экан, улардан ҳар гал елим, қиринди ва лак ҳиди келаётгандай туйиларди.
У янги ҳаётга жуда кўникиб, озғин, суяклари чиқиб турган хонаки итдан тўқ ва шўх кўппакка айлангач, эгаси одатдаги таълим олдидан уни силаб қўйди-да, шундай деди:
— Тётка, энди ишни бошласак ҳам бўлар. Бекор юриш етар. Сени артист қилмоқчиман… Хўш, артист бўлгинг келадими?
Шундай қилиб унга турли ҳунар ўргата бошлади. Биринчи дарсда у кейинги оёқларида тик туришни ўрганди. Бу ҳунари ўзига ҳам жуда ёқди. Иккинчи дарсда кейинги оёқларида сакраб, эгаси ушлаб турган қандни оғзи билан илиб олиши керак эди. Кейинги дарсларда эса ўйин тушишни, эгасининг атрофида тизгинланган ҳолда югуришни, музикага жўр бўлиб увиллашни, кўнғироқ чалишни, тўппонча отишни ўрганди. Орадан бир ой ўтгач миср пирамидасида бемалол Федор Тимофеичнинг ўрнини босадиган бўлди. У жон-дили билан таълим олар, муваффақиятларидан эса ниҳоятда хурсанд эди; тилини осилтириб эгаси атрофида тизгинланган ҳолда югуриш, чамбарак орасидан сакраш ва кекса Федор Тимофеичга миниб юриш унга жуда хуш ёқарди. Ҳар бир муваффақиятли чиққан фокусдан завқланиб қаттиқ вовуллар, эгаси эса ҳайрон бўлар ва завқланганидан қўлларини бир-бирига ишқаб:
— Талант! Талант! — Ҳақиқий талант! Бу ўйинларинг, албатта, ҳаммага манзур бўлади! — деб қўярди.
Шундай қилиб Тётка «талант» деган сўзга ўрганиб қолди ва ҳар гал эгаси шу сўзни айтганда ирғиб турар, гўё бу сўз ўз исми бўлиб қолгандай, атрофга аланглаб қўярди.

Олтинчи боб

НОТИНЧ КЕЧА

Тётка туш кўрди, тушида қоровул супурги кўтариб, қувлаб юрган эмиш. Тётка қўрққанидан уйғониб кетди.
Хона жимжит, қоп-қоронғи ва жуда дим эди. Бургалар таларди. Тётка илгари қоронғидан ҳеч қўрқмасди, лекин энди негадир юрагини ваҳима босди, вовуллагиси келди. Қўшни хонада хўжайиннинг чуқур нафас олгани эшитилди, орадан бироз вақт ўтгач, оғилхонадаги чўчқа хуриллади, яна жимлик чўкди. Овқат ҳақида ўйласанг кўнглинг анча енгил тортади. Шунинг учун ҳам Тётка бугун Федор Тимофеичнинг овқати орасидан товуқнинг оёғини ўғирлаб олганини, ва меҳмонхонада шкаф ёнидаги ўргимчак ин қўйган ва чанг босган бурчакка яширганини ўйлади. Ҳозир бориб хабар олиб келса бўларди-я: товуқ оёғи турганмикан, ё йўқмикан? Эгаси топиб олиб, еб қўйган бўлиши ҳам мумкин. Лекин тонг отмасдан у уйга кириб бўлмайди; бу ернинг тартиби шундай. Тётка тезроқ ухлай деб кўзини юмди, чунки қанчалик тез ухласа, шунчалик тез тонг отишини у тажрибада биларди. Лекин шу вақт ундан сал нарироқда ғалати бир товуш эшитилди. Тётка сесканиб кетди ва ирғиб ўрнидан турди. Бу Иван Иваничнинг товуши эди. Лекин бу товуш одатдагидек эзма ва ишонарли бўлмай, эшикнинг ғижиллашига ўхшаш ғайри табиий, жуда даҳшатли чинқириқ эди.
Тётка қоронғида ҳеч нарсани кўрмади ҳам, тушунмади ҳам. Шунинг учун боягидан баттар қўрқиб кетди-да, ғўлдираб:
— Ррррр… — деб қўйди.
Орадан яхши бир суякни тозалагунча керак бўлган бир муддат ўтди; қичқириқ такрорланмади. Тётка аста-секин тинчланди ва мудраб кетди. Тушида сони ва ёнбошида бултургидан қолган юнглари осилиб турган иккита катта қора итни кўрди; улар катта тоғорадаги оппоқ буғи осмонга кўтарилаётган ва жуда мазали ис келаётган ювиндини очкўзлик билан ичишарди; улар баъзи-баъзида Тёткага қарар ва тишларини иржайтириб: «Сенга бермаймиз!» деб ғўлдирашади. Лекин уйдан пўстин кийган киши чопиб чиқди-да, уларни қамчи билан уриб, ҳайдаб юборди; шундан кейин Тётка тоғора ёнига бориб, ича бошлади, бояги киши дарвозадан чиқиб кетиши билан ҳалиги қора итлар ўкиришиб унга ташланди. Шу вақт яна қиғиллаган товуш эшитилди.
— Қ-ғў! Қ-ғе-ғе! — деб қичқирди Иван Иванич. Тётка уйғонди, ирғиб ўрнидан турди-да, кўрпачасидан тушмасданоқ улиди. Унга Иван Иванич эмас, бошқа биров қичқираётгандай туйилди, оғилхонадаги чўчқа ҳам негадир яна хуриллаб қўйди.
Бирдан туфлининг шипиллаши эшитилди ва чопон кийган, шам кўтарган хўжайин кириб келди. Лип-лип этган нур деворларга ёпиштирилган кир қоғозларни ва шипни ёритиб, қоронғиликни қувиб чиқарди. Тётка қараса, уйда бегона кимса кўринмайди. Иван Иванич ерда, ухламай ўтирарди. Унинг қанотлари ёйилган, тумшуғи очилган, жуда чарчаб, сувсаб қолганга ўхшарди. Қари Федор Тимофеич ҳам ухламасди. Бояги товуш уни ҳам уйғотиб юборган бўлса керак.
— Иван Иванич, сенга нима бўлди? — деб сўради хўжайин ғоздан. — Нега бақирасан? Тобинг йўқми?
Ғоз жавоб бермади.
Хўжайин унинг бўйнини ушлаб қўйди, орқасини силади-да:
— Вой, тентаквой-ей. Ўзинг ҳам ухламайсан, бошқаларни ҳам ухлатмайсан, — деб қўйди.
Хўжайин шамни олиб чиқиб кетгач, уй яна қоронғи бўлиб қолди. Тёткани ваҳима босди. Ғоз қичқирмас, лекин итнинг назарида қоронғиликда аллаким тургандай бўларди. Ҳаммасидан даҳшатлиси шу эдики, ўша бегонанинг ўзи кўринмас, шакли бўлмагани учун қопиб ҳам бўлмас эди-да. Негадир Тётканинг назарида шу кечаси бирон ёмон ҳодиса юз берадигандек сезиларди. Федор Тимофеич ҳам нотинч эди. Тётка унинг ўз кўрпачасида ивирсилаётганини, эснаб бошини силкитаётганини эшитарди.
Кўчанинг аллақаерида дарвоза тақиллади. Оғилхонадаги чўчқа хуриллади. Тётка ғиншиди, олдинги оёқларини чўзиб, устига бошини қўйди. Дарвозанинг тақиллаши, негадир ухламаган чўчқанинг хуриллаши, қоронғида ва сукунат ичида Тёткага Иван Иваничнинг овозидаги сингари, жуда ҳам ғамгин ва даҳшатли оҳанг эшитилди. Ҳамма ёқ ваҳима ва ташвиш ичида эди. Нима бўлаётган экан-а? Ана шу кўринмаган ким экан-а? Мана, Тётканинг ёнида иккита кўк учқун бир он йилтиллаб кетди. Бу Федор Тимофеич бўлиб, танишганларидан бери унинг ёнига биринчи марта келиши эди. Унга нима керак? Тётка панжасини ялади-да, унинг нега келганини ҳам сўрамай, ҳар хил овоз чиқариб ғиншиб қў’йди.
—Қ-ғе! — деб қичқирди Иван Иванич. — Қ-ғе-ғе!
Яна эшик очилди-да, шам кўтарган хўжайин кирди. Ғоз боягидек тумшуғини очиб, қанотини ёзиб ўтирарди. Унинг кўзлари юмуқ эди.
— Иван Иванич! — деб чақирди хўжайин.
Ғоз қимир этмади. Хўжайин унинг ёнига, ерга ўтириб бир пас индамай қараб турди-да:
— Иван Иванич, — деб чақирди— Сенга нима бўлди? Ўзи нима гап. Ўлаяпсанми? Ҳа, энди эсимга тушди! — деб қичқириб юборди у бирдан бошини чангаллаб. — Нега бунақа бўлаётганингга тушундим? Бугун сени от босиб олган эди! Эҳ, худойим, эҳ худойим!
Тётка хўжайинининг нима деяётганига тушунмас эди. Лекин шунга қарамай унинг бирор даҳшатли ҳол юз беришини кутаётганини пайқади. Тётканинг назарида қоронғи деразадан аллақандай бегона мўралаётганга ўхшаб кўринарди. У дераза томонга тумшуғини чўзиб увлади.
— Тётка, ғоз ўляпти, — деди хўжайин ва қўлларини ёзди, — ҳа, ҳа, ўляпти! Уйингизга ўлим кириб келди. Энди нима қиламиз? — Ранги ўчган, зўр ташвишга тушган бечора хўжайин уҳ тортди, бошини чайқай-чайқай ётоқхонасига чиқиб кетди. Тётка қоронғида қолишдан қўрқиб унинг кетидан эргашди. Хўжайин кроватига ўтирди-да:
— Э, худойим-ей, энди нима қиламиз? — деди бир неча марта.
Тётка унинг оёғи тагида ўралашар, нима учун юраги сиқилаётганини ва бошқалар нега ташвишга тушаётганини тушунмай, сабабини билиш ниятида хўжайиннинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турарди. Кўрпачасидан турмайдиган Федор Тимофеич ҳам хўжайиннинг хонасига кирди ва оёғига суйкала бошлади. У ташвишли хаёлларни чиқариб ташламоқчи бўлгандай, бошини силкитар ва кроват тагига хавотирланиб қараб-қараб қўярди.
Хўжайин бир ликопчага умивальникдан сув қўйдида, яна ғоз олдига чиқди.
— Ич, Иван Иванич! — деди у, мулойимлик билан ликопчани ғоз ёнига қўятуриб. — Ича қол, жоним.
Лекин, Иван Иванич қимир этмас, ҳатто кўзини ҳам очмас эди. Хўжайин унинг бошини ликопчага энгаштир-и ва тумшуғини сувга тегизди, аммо ғоз сувдан ичмади, қанотини яна ҳам кенгроқ ёзди, боши ликопчада қолаверди.
— Тамом, вассалом! — деб уҳ тортди хўжайин. — Тамом. Иван Иваничдан ажралиб қолдик!
Хўжайиннинг юзидан ялтироқ томчилар оқиб тушди, бунақа томчилар ёмғир ёққанда дераза ойналарида кўринади. Тётка билан Федор Тимофеич нима бўлаётганига тушунмай, унинг оёғига суйкалишар ва қўрқиб ғозга қарашарди.
— Бечора Иван Иванич, — деди хўжайин ғамгинлик билан уҳ тортиб. — Мен бўлсам сени баҳорда дачага олиб кетаман, биргалашиб кўм-кўк майсазорда сайр этамиз, деб ўйлаган эдим. Бечора жонивор, содиқ ўртоқ, сендан айрилиб қолдим-ку! Сенсиз энди нима қиламан?
Тётканинг назарида ўзи ҳам худди шунақа бўладигандек, яъни нима учундир кўзи юмилиб, оёқлари чўзилиб, оғзи очилиб қоладигандек, ҳамма унга қўрқиб қарайдигандек туйилди. Федор Тимофеичнинг мияси ҳам шундай фикрлар билан банд бўлса керакки, ҳеч қачон қари мушук бу қадар ғамгин ва маъюс бўлмаган эди.
Тонг ёриша бошлади. Тёткани қўрқитиб чиққан бегона нарса кўринмас эди. Тонг отгандан кейин қоровул келди, ғознинг оёғидан кўтариб аллақаёққа олиб кетди. Бир оздан сўнг кампир кирди ва тоғорани кўтариб чиқиб кетди.
Тётка меҳмонхонага чиқди ва шкаф орқасига қаради: хўжайин товуқ оёғини еб қўймапти, суяк ўша жойда, чангда, ўргимчак ини орасида ётарди. Аммо Тётканинг юраги сиқилар ва йиғлагиси келарди. У товуқ суягини ақалли ҳидлаб ҳам кўрмади. Диваннинг тагига кириб ўтирди ва ингичка овоз билан секин-секин:
— Инг-инг-инг… — қилиб ғиншиди.

Еттинчи боб

МУВАФФАҚИЯТСИЗ ЧИҚИШ

Бир кун кечқурун хўжайин деворларига ёпиштирилган қоғозлари кир бўлиб кетган уйга кирди-да, қўлларини бир-бирига ишқаб.
— Хў-ўш… — деб қўйди.
У яна бир нима демоқчи эди-ю, ҳеч нима демай чиқиб кетди. Таълим вақтларида хўжайиннинг қиёфаси ва овозининг оҳангини яхши ўрганиб олган Тётка унинг ҳаяжонланаётганини, ташвишланаётганини ва жаҳли чиқаётганини сезди. Бироздан кейин у қайтиб келди-да:
— Бугун Тётка билан Федор Тимофеични олиб кетаман, — деди. — Тётка, миср пирамидасида бугун сен марҳум Иван Иваничнинг ўрнини босасан. Нима бўларкан энди! Тайёргарлик кўрилмаган, машқ қилинмаган, репетиция ҳам жуда оз бўлди! Шарманда бўламиз! Майна қилишади!
Кейин у яна чиқиб кетди ва бир дақиқадан кейин пўстин ва цилиндрда қайтиб кирди. Мушукнинг ёнига келиб, уни олдинги оёқларидан ушлаб кўтарди ва қўйнига, пўстинининг ичига тиқиб қўйди. Федор Тимофеич эса жуда бепарво кўринар, ҳатто кўзини очишга ҳам эринарди. Унга ётадими, хўжайини оёғидан кўтарадими, кўрпачасида чўзиладими ё хўжайиннинг қўйнида пўстин тагида ором оладими, барибирга ўхшарди…
— Тётка, юр, — деди хўжайин.
Тётка ҳеч нарсага тушунмаса ҳам, думини ликиллатиб, эгасига эргашди.
Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас у чанада, эгасининг оёғи остида ўтирар ва унинг совуқдан жунжикиб ҳаяжон билан:
— Шарманда бўламиз! Майна қилишади! — деяётганига қулоқ соларди.
Чана тўнкарилиб қўйилган тоғорага ўхшаган каттакон, ғалати бир бино ёнида тўхтади. Бинога кираверишдаги учта ойнавонлик эшик ичкарисидаги узун йўлакда ўн-ўн бешта равшан ёнаётган фонарь нур сочарди. Эшиклар жаранглаб очилар ва шу ерда ўралишиб юрган одамларни худди оғизлар сингари ютарди. Бу ерда одамлар жуда кўп, эшик олдига тез-тез отлар келиб тўхтарди, лекин итлар кўринмасди.
Хўжайин Тёткани кўтарди ва қўйнига, пўстин ичига Федор Тимофеич олдига тиқиб қўйди. Бу ер қоронғи ва дим, лекин иссиқ эди. Шу маҳал иккита кўк учқун милтиллаб кетди. Бу эса Тётканинг совуқ ва қаттиқ оёғи тегиб кетганидан безовталанган мушукнинг очилган кўзи эди. Тётка унинг қулоғини ялади ва жойлашиб олиш учун ғивир-ғивир қила бошлади, совуқ оёқлари билан мушукни тагига босиб, тўсатдан пўстиндан бошини чиқарди-ю, шу замоноқ жаҳл билан ириллаб, яна бошини тортиб олди. Турли-туман баҳайбат маҳлуқлар билан тўлган, хирагина ёритилган каттакон уйни кўргандай бўлди; уйнинг икки томонига тортиб қўйилган тўсиқ ва панжаралардан бадбашара каллалар: от каллалари, шохли, шалпонқулоқ каллалар кўринди; яна бурун ўрнига дум осилган ва оғзидан узун иккита суяк чиқиб турган семиз ва баҳайбат бош кўринди.
Тётканинг оёғи остида мушук бўғиқ овоз билан миёвлади, лекин шу вақт хўжайин пўстинини ёзиб: «Хўппа!» деган эди, Фёдор Тимофеич ва Тётка сакраб ерга тушди.
Улар кулранг тахта деворли кичик бир уйда туришарди; бу ерда ойна қўйилган кичикроқ стол, табуретка ва бурчакларга илиб қўйилган латта-путталардан бошқа ҳеч қандай жиҳоз йўқ эди; лампа ёки шам ўрнига, трубкага улаб деворга қоқиб қўйилган, елпуғичсимон, ёруғ нарса нур сочиб турарди. Федор Тимофеич Тётканинг оёғи остида ғижим бўлган пўстинини ялади-да, табуретканинг тагига бориб ётди.
Хўжайин ҳамон ҳаяжонланар эди, қўлларини ишқаб ечина бошлади… У одатдагидек ечинди, яъни ички кийимларидан бошқа ҳамма нарсани ечди. Кейин табуреткага ўтирди-да, ойнага қараб башарасини ғалати бир қиёфага сола бошлади. Энг аввал бошига фарқи очилган, иккита кокили шохга ўхшаб диккайиб турган парик кийди. Кейин юзига аллақаидай оқ нарса сурди, оппоқ бўёқнинг устидан қош қўйди, мўйлов чизди ва икки бетига қизил сурди. Шу билан у кифояланмади. Юзини ва бўйнини бўягач аллақанақа кийимларни кия бошлади. Тётка бунақа кийимларни илгари уйда ҳам, кўчада ҳам ҳеч қачон кўрмаган эди. Мешчанларнинг уйида дераза пардалари ёки мебель қоплаш учун ишлатиладиган парча гулли читдан тикилган ҳаддан ташқари кенг, қўлтиғидан тугмаланадиган чолворни тасаввур қилинг; чолворнинг бир почаси жигарранг бўлса, иккиичи почаси оч сариқ читдан. Хўжайин чолворни кийиб бўлгач, каттакон кунгира ёқали, орқасига халдан юлдуз расми туширилгам чит камзилни илди, оёғига икки турли пайпоқ билан ковуш кийди…
Тётканинг кўзи қамашиб, тараддудланиб қолди. Оппоқ юзли, қўпол гавдали одамдан хўжайиннинг иси келади, овози ҳам таниш — хўжайиннинг овози, лекин баъзан Тётка иккиланар, ана шундай пайтларда, чипор одамдан қочмоқчи ва унга қараб вовулламоқчи бўларди. Янги жой, елпуғичсимон нур ва хўжайинида юз берган бу ўзгариш, юзига сурган мойларнинг иси — мана шуларнинг ҳаммаси унинг юрагига ғулғула соларди. Назарида бурун ўрнида дум ўсган бадбашара махлуққа ўхшаган бирон нарса билан тўқнаш келадигандай туйиларди. Бунинг устига деворнинг нариги томонидан ёқимсиз бир музика садоси келар, гоҳо аллақандай ғувиллаган товуш эшитиларди. Унга фақат бир нарса тасалли берарди, — у ҳам Федор Тимофеичнинг бепарволиги эди. Мушук табуретканинг тагида пинагини бузмай ётар, ҳатто табуретка сурилганда ҳам кўзини очмас эди.
Фрак ва оқ жилет кийган бир киши эшикдан қаради ва:
— Ҳозир Мисс Арабелла чиқади. Ундан кейин сизнинг навбатингиз, — деди.
Хўжайин индамади. У стол тагидан кичкина бир чемоданни тортиб олди-да, табуреткага ўтириб кута бошлади. Қўли ва лабларининг ҳаракатидан ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Тётка унинг нафас олиши бежо эканини эшитди.
— Мистер Жорж, марҳамат! — деб қичқирди аллаким эшик орқасидан.
Хўжайин ўрнидан турди, уч марта чўқинди, кейин табуретка тагидан мушукни олиб чемоданига солди.
— Тётка, бу ёққа кел! — деди у секин.
Тётка ҳеч нарсага тушунмасдан унинг ёнига келди; хўжайин унинг бошидан ўпди ва Федор Тимофеичнинг ёнига солиб қўйди. Кейин ҳаммаёқ қоронғи бўлиб қолди… Тётка мушукнинг устида типирчилар, чемоданнинг деворини тимдаларди, қўрққанидан овози чиқмас эди. Чемодан эса худди тўлқинда чайқалаётгандай бўлар ва титрарди…
— Мана, мен ҳам келиб қолдим! — деб қичқирди хўжайин. — Мана, мен ҳам келдим!
Тётка бу сўздан кейин чемодан аллақандай қаттиқ. нарсага текканини ва чайқалмай қолганини пайқади.
Қаттиқ ва кучли ўкириш эшитилди: аллакимни олқишлашар, ана ўша аллаким эса ўкирар ва шу қадар қаттиқ қаҳ-қаҳ урардики, чемоданнинг қулфи жингиллаб кетди. Бу ҳалиги бурни ўрнидан дум ўсиб чиққан бадбашара махлуқ бўлса керак. Бу ўкиришга жавобан хўжайин чийиллаган овоз билан кулиб юборди. У уйда ҳеч қачон бундай кулмас эди.
— Ҳа! — деди у қичқириб ўкирган товушни бостириб юбориш учун — Муҳтарам халойиқ! Мен ҳозир тўппа-тўғри вокзалдан келяпман! Бувим ўлиб, менга мерос қолдириб кетди! Чемодан жуда оғир — ичида тилла бўлса керак… Ҳа-ҳа! Бирдан ичидан миллион сўм тилла чиқса-я! Ҳозир очиб қараймиз…
Чемоданнинг қулфи шиқиллади. Ўткир нур Тётканинг кўзини қамаштирди; у чемодандан сакраб чиқди ва гулдираган овозлардан қулоғи батанг бўлиб, хўжайиннинг атрофида гир айланиб қаттиқ вовиллади.
— Ҳа! — деб қичқирди хўжайин. — Федор Тимофеич, тоға! Қимматли холажон. Меҳрибон қариндошлар, сизларни қаранглар-а!
У қумга қорни билан йиқилиб мушук билан Тёткани ушлаб олиб қучоқлай бошлади. Тётка хўжайиннинг қучоғида туриб, тақдир келтирган бу янги бир оламга кўз югуртириб чиқди, бу оламнинг ҳашаматини кўриб, аввал ҳайратда, завқ ичида қотиб қолди, кейин эса эгасининг қўйнидан отилиб чиқиб, таассуротнинг зўрлигидан пилдироқ сингари гир-гир айлана бошлади. Бу янги олам жуда ҳашаматли ва жуда ёруғ эди; қаерга қарама, ҳамма ёқда, ердан тортиб то шипгача фақат одамларнинг юзи, юзи, юзи, бошқа ҳеч нарса кўринмади.
— Холажон, марҳамат, ўтиринг! — деб қичқирди хўжайин.
Тётка бу гапнинг маъносини эслади-да, ирғиб стулга чиқиб ўтирди. Кейин у эгасига қаради. Унинг кўзи ҳамма вақтдагидек, жиддий ва мулойим боқарди, аммо башараси, айниқса оғзи ва тишлари ҳаракатсиз табассумдан қийшайган эди. Ўзи бўлса қаҳ-қаҳ уриб сакрар, кафтини қоқар ва минглаб кишилар тўлган бу ерда вақти чоқ эканини кўрсатмоқчи бўларди. Тётка унинг қувончига чиппа-чин ишонди, бирдан минглаб одамларнинг ўзига қараб турганини бутун вужуди билан ҳис қилди-да, тулки тумшуғини осмонга кўтариб, шодлик билан увлади.
— Холажон, сиз ўтира туринг, — деди унга эгаси, — биз тоғам билан камаринскаяга ўйин тушамиз.
Федор Тимофеич номаъқулчилик қилишни қачон буюришаркан, деб кутиб турар ва бепарволик билан атрофига қараб қўярди. Унинг думидан, мўйловидан ва ҳаракатларидан бўшашиб, қовоғини солиб, пала-партиш ўйнашидан, тўпланган халойиққа ҳам, ўткир нурга ҳам, эгасига ҳам, ҳатто ўзига ҳам таҳқир кўзи билан қараётгани билиниб турарди… Ўз ҳиссасини ўйнаб бўлгач, у эснади ва ўтирди.
— Хў-ўш, холажон, — деди хўжайин, —аввал биз қўшиқ айтамиз, кейин ўйин тушамиз. Хўпми?
У чўнтагидан сурнайча чиқариб чала бошлади. Тётка чийиллашга чидай олмай бетоқатлик билан стулда типирчилади ва увлади. Ғовур ва гулдурос кўтарилди.
Хўжайин таъзим қилди ва гулдурос тингач, яна чала бошлади. Музика авжига чиққанда юқорида ўтирганлардан аллакимнинг «Вой» дегани эшитилди.
— Дада! — деб қичқирди бир бола. — Бу Каштанка-ку!
— Ҳа, Каштанканинг ўзгинаси! — деб тасдиқлади ғўлдираган овоз билан маст. — Каштанка! Федюшка худо урсин агар. Каштанканинг ўзгинаси. Ма, ма!
Аллаким галереядан туриб ҳуштак чалди, бир ёш бола ва бир катта киши бараварига:
— Каштанка! Каштанка! — деб чақирди.
Тётка чўчиб тушди ва ўша овоз келаётган томонга қаради. Соқол босган, илжайиб турган маст башарага ва дўмбоққина, қизил юзини қўрқув босган болага кўзи тушиб, боя ёруғ шуълага дуч келгандагидек кўзи қамашди…
У бирдан ўтмишини эслади, стулдан йиқилиб тушиб, қумда питпрлаб қолди, сўнг қувончидан вангиллаганича улар томонга отилди. Ғовур ва гулдурос кўтарилди. Ора-сира ҳуштак товуши ва боланинг:
— Каштанка! Каштанка! — деб қичқирган овози эшитилиб турарди.
Тётка ғовдан сакраб ўтди, кейин аллакимнинг елкасидан ошиб ўтди-да, ложага чиқиб қолди: кейинги ярусга ўтиш учун баланд девордан ошиши керак эди; Тётка бир сакради, ошиб ўтолмай девордан сирғаниб тушди. Кейин у қўлдан-қўлга ўтди, аллакимларнинг қўли ва юзини ялаб, тобора юқорига кўтариларди. Ниҳоят галеркага ҳам ўтди…
Орадан ярим соат ўтгач, Каштанка елим ва лак ҳиди келадиган кишилар кетидан кўчада борарди. Лука Александрич чайқалар ва тажрибада кўриб-билиб қолгани учун ариқлардан нарироқда юришга ҳаракат қиларди.
— Гуноҳкор бандангман… — деб ғўлдирарди у. — Сен бўлсанг Каштанка — ғалатисан, дурадгор билан ромсоз орасида қанча фарқ бўлса, сен билан одам орасида ҳам шунча фарқ бор.
Унинг ёнида отасининг шапкасини кийиб олган Федюшка борарди. Каштанка уларнинг орқасидан қарар, назарида уларнинг кетидан кўпдан бери кетаётгандек, улардан ҳеч қачон ажралмагандек, қувонч билан борарди.
У деворга ёпиштирилган қоғозлари кир бўлиб кетган уйни, ғозни, Федор Тимофеични, мазали овқатларни, таълимни, циркни эслар, лекин энди буларнинг ҳаммаси узундан-узоқ, чалкаш, ташвишли тушдек туюларди.

Ҳ.Аҳророва таржимаси