Йиртиқ пўстинчага ўраниб, каттакон қора пийма кийиб олган, бет суяклари чиқиқ, оқиш бир бола, земство докторининг касалхонада бетобларни кўриб бўлиб уйига қайтар пайтини пойлаб турган эди; доктор келганда, бола ҳайиқибгина ёнига борди.
— Бир арзим бор эди, — деди у.
— Нима дейсан?
Бола бурнини кафти билан пастдан юқорига сидириб артди, осмонга бир қараб олиб, кейин жавоб берди:
— Бир арзим бор эди… Ҳалиги, ўша, тақсир, сен қарайдиган арестантлар палатасида менинг Васька деган акам ётипти, ўзи варваринолик, темирчи…
— Хўш, ётса нима?
— Ҳалиги, ўша, Васьканинг укаси бўламан мен… Отадан икки ўғилмиз: акам — Васька-ю, мен — Кирила. Тағин учта опа-сингилданам бор, Васьканинг бўлса хотини билан кичкина ўғилчаси қолган… Одам кўп-у ишлайдиган йўқ… Мен сенга айтсам, дўконнинг ўчоғига ўт қаланмаганигаям уч йил бўп қолгандир, дейман. Ўзим бўлсам чит фабрикасидаман, темирчиликка даст-панжа келмайди. Отамнинг қўлидан нима келарди? Иш қилиш у ёқда турсин, овқатини амаллаб еёлмайди; овқат олиб борса, оғзини тополмай ёнидан ўтказиб юборади.
— Менга нима дейсан, ахир?
— Бир яхшилик қил: Васькани қўйиб юбор!
Доктор Кирилага ҳайрон бўлиб қаради-ю, индамай кетаверди. Бола олдинга югуриб ўтиб, ўзини унинг оёқлари остига ташлади-да, кўзларини мўлтиллатиб ва яна кафти билан бурнини артиб ялина бошлади:
— Доктор худо хайрингни берсига! Худо йўлига бир яхшилик қил-у, Васькага жавоб бер! Ўлар-ўлгунча дуо қилайлик! Жон хўжайин, жавоб бер. Бўлмаса уйдагиларнинг бариси очидан ўлади! Онам худо берган куни йиғлайди, Васьканинг аёлиям йиғидан бош кўтармайди. Ўлар бўлсак ўлиб бўлдик! Тўйдим, ажал келса кўзимни юммай ўлардим! Бир яхшилик қил: акамни қуйиб юбор, тасаддуқинг кетай, хўжайин!
— Нима, сен эс-месингни еб қўйганмисан ё жинни бўлганмисан? — деб сўради доктор, унга жаҳл оилан хўмрайиб. — Мен қанақа қилиб қўйиб юбораман. Ахир у қамоқда ўтирипти-ю!
Кирила йиғлаб юборди.
— Тфу, тентак! Қўйиб юборишга ҳақим борми? Нима мен турма хўжайиниманми? Касалини қаратгани олиб келишган эди, қараб турибман. Сени қамаб қўйиш қўлидан қанчалик келмаса, уни бўшатиб юбориш ҳам, шунақа, қўлимдан келмайди. Миясини еб қўйган нодон!
— Ахир уни бекорга қамаб қўйишди-да! Ҳалиги, суд бўлгунча овохтада росо бир йил ўтирди-ю, энди нимага ўтирипти? Одам ўлдирган ё от ўғирлаган булсаям майлийди. Ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ қамаб қўйишди.
— Тўғридир, лекин бунга менинг нима алоқам бор.
— Бояқишни қамашга қамаб қўйиб, нимага қамашганини ўзлариям билмайди. Кайфи баланд экан-да, хўжайин нима қилганини ўзиям билмайди; отамнинг қулоғи тагида шовла қайнатиптиям билмайди, ўзининг бетини бутоққа уриб ёриптиям билмайди мастлик-да. Шу орада нимаям бўлади-ю, оғайниларимиздан иккитаси турк тамакисига хумор бўлиб қолади; акамни қўярда қўймай, кечаси арманининг дўконига тушайлик, деб қисташади — тамаки олишга-да. Акамам мастликда хўп деб юборса бўладими! Аҳмоқ. Ҳалиги, қулфни синдиришади-ю, дўконга кириб олишиб, ҳамма ёқнинг тўс-тўполонини чиқаришади. Бари нарсани пачоқлашади, ойналарни синдиришади қоплардаги унларни сочиб ташлашади. Мастлик ёмон-да. Бир маҳал қарабсанки, миршаб ҳам етиб келипти… у депти, бу депти хуллас, ишни терговга оширипти. Қамоқда роппа роса бир йил ўтиришди, бир ҳафта бўлди, чоршанба куни, уччовини шаҳарда суд қилишди. Орқаларида солдат милтиқ билан ҳайдаб борди… Одамларни тақир яқин йўлатмади. Васьканинг гуноҳи ҳаммасиникидан кам-у, каттаконлар уни ишбоши деб айтишди. Иккита шеригини қамоққа, Васькани бўлса арестантлар ротасига кесишди, уч йил хизмат қилармиш. Нимага бунақа? Худо ҳақи ўзинг ўйлаб кўр!
— Яна айтаман, менинг ҳеч ҳанақа алоқам йўқ бу нарса-га. Бошлиқларнинг олдига бор.
— Уларгаям бордим! Судгаям бордим, гуноҳини ўтинглар деб ариза ташлай девдим, аризамни олишмади. Миршабларнинг каттасигаям, терговчигаям учрадим, ҳаммасиям: менинг ишим эмас бу, дейди! Ахир кимнинг иши? Касалхонада бўлса сендан каттаси йўқ. Нима қиламан десанг қилаверасан, хўжайин.
— Аҳмоқ экансан! — деди доктор, чуқур тин олиб. Маслаҳатчиларни айблашиптими — бўлди, иш тамом! Миршаблар каттаси бир ёқда турсин, энди ҳоким ҳам, ҳатто министр ҳам бир нима қилолмайди. Бекор овора бўлиб юрибсан!
— Бўлмаса ким суд қилди?
— Жаноб маслаҳатчилар…
— Ие, уларни нимага жаноб дейсан? Ўзимизнинг мужиклар эди-ку! Андрей Гурьев бор эди, иннайкейин Алёшка Хук бор эди.
— Бўлди, сенга гап уқтиргунча музлаб қоладиганга ўхшайман…
Доктор қўл силтаб, эшик томонга тез-тез юриб кетди. Кирила орқасидан бормоқчи бўлди-ю, лекин эшикнинг тақиллаб ёпилганини кўриб, тўхтаб қолди. Шапкасини ҳам киймасдан, доктор уйига тикилиб, касалхона ҳовлисида ўн минутча қотиб турди. Кейин чуқур нафас олиб, шошмасдан қашинди-да, дарвоза томонга юриб кетди.
— Энди арзимни кимга бориб айтсам экан? — деб ғўлдиради у, йўлга тушаётиб. — Бирига айтсам, — менинг ишиммас дейди, яна бирига айтсам, — унисиям — менинг ишиммас, деб айтади. Ахир кимнинг иши бўлмасам? Чамамда, битта-яримтасининг оғзини мойламасам ишим юришмайдиганга ўхшайди. Докторнинг оғзи гапда-ю, кўзи қўлимда: кўк қоғоздан биттасини чўзиворармикан, деб ўйлайди-да, йуқ, оғайни, мен ҳали ярим пошшогача бораман…
Оғирликни гоҳ бир оёғидан иккинчи оёғига олиб, гоҳ теварагига бекорга жовдираб, хушёқмаслик билан судралиб борди; афтидан, қаёққа боришини билмай ҳайрон эди… Ҳаво совуқ эмас эди, шунинг учун оёғининг тагидаги қор эшитилар-эшитилмасгина ғижирларди. Олдида, ярим чақиримча келадиган узоқликдаги адирда уезд шаҳари кафтдай кўриниб турибди; акасини яқинда ана шу шаҳарда суд қилган эдилар. Ўнг ёқда томи қизил, бурчаклари будкали қамоқхона қорайиб кўринади, чап ёқда эса — ҳозир қиров босиб ётган шаҳар ўрмони. Ҳамма ёқ жимжит, фақат олдинда заифона камзил, каттакон шапка кийиб бир чол йўталиб ва шаҳарга ҳайдаб кетаётган сигирига ўхтин-ўхтин қичқириб бораётир.
Кирила чолга етиб олиб:
— Салом, бува, — деди.
— Салом…
— Сотгани олиб кетяпсанми?
— Йўқ, ўзим… — деди чол, хушёқмаслик билан.
Шу тахлит гаплашиб кетишди. Кирила касалхонага нима учун борганини, доктор билан ўзи ўртасида бўлиб ўтган гапни айтиб берди. Икковлари шаҳарга киришгандан кейин чол унга:
— Нафсамбирга қараганда, доктор бунақа ишларни билмайди, — деди. — Орий рост, у ҳам илмли киши-ю лекин дори-дармон бериб тузатадиган илмни ўқиган-да. Мушкулингни осон қиладиган маслаҳатлар бериш ё бўлмаса ариза битиб бериш тўғрисига келсак, — йўқ, бунақанги ишлар қўлидан келмайди, билмайди-да. Бунақа қиладиган тўралар бор, улар бошқа гап. Мана, шаҳар судьясигаям, миршаблар каттасигаям учрабсан. Булар ҳам жонингга аро киришолмайди, қўлларидан келмайди-да.
— Кимга бориб арз қилай бўлмаса?
— Сендақа деҳқонларнинг ишини кўрадиган катталаринг бор. Ана ўшанга арз қил. Жаноб Синеоков деган тўра.
— Ие, у Золотоводаги эмасми?
— Ҳа, қандингни ур, ўша. Деҳқонларнинг каттаси ўша киши бўлади. Сиздақаларнинг иши тушиб қолса исправник ҳам бирнима қилолмайди, — қўлидан келмайди-да.
— Пича йироқ-да, қурғур!.. Чамамда, ўн беш чақирнм келар, йўқ, ортиқлик ҳам қилади.
— Зарур келса, юз чақмримига ҳам қараб турмайди киши.
— Буниси-ку тўғри-я… Унга ариза ташлаш керакми?
— Борганингда биласан. Ариза ташлаш керак бўлса, мирза дарров ёзиб беради. Каттаконларингнинг мирзаси бор.
Кирила бободан ажралгандан кейин бозор майдонида пича ўйланиб турди; ахир Золотовога борадиган бўлиб шаҳардан чиқиб кетди.
Орадан беш-олти кун ўтгандан сўнг доктор касалларни кўриб бўлиб уйига қайтганда, яна ҳовлида Кириланинг кутиб турганини кўрди. Бу сафар бола ёлғиз эмас, ёнида жуда ҳам озғин, рангги-рўйи қонсиз бир чол ҳам бор эди; чол бошини соат кабгиридай сира тинмай ликиллатиб, лабларини тамшаб турар эди.
— Хўжайин, яна сендан шафқат сўраб келдим! — деб Кирила сўз бошлади. — Мана, отамам бирга келди. Раҳминг келсин, Васькани қўйиб юбор! Деҳқонларнинг каттаси гаплашгисиям келмади. «Йўқол кўзимдан!» деб ҳайдаб юборди.
Чол ҳам, дириллаб турган қошларини баланд кўтариб, бўғиздан чиққан товуш билан:
— Тақсир, раҳмингиз келсин, — деб вишиллади. — Яхшилигингизга яраша бир нима берайлик десак, — ўзимизда ҳеч нима йўқ — камбағалмиз. Башарти тақсирим хўп десалар, Кирюшками ё Васьками, иш қилиб, биттаси қарзимизни узиб қўяр. Майли, ишингизни қилиб беришсин.
— Ишингни қилиб берамиз! — деди Кирила; кейин, худди қасамёд қилаётгандай қўлини кўтариб, зорланди: — Жавоб бериб юбор! Очидан ўлишяпти уйдагилар! Дод-фиғонлари юракни эзади, хўжайин!
Бола отасига ялт этиб қаради, енгидан тортди. Ана шунда иккови, худди команда эшитгандай, доктор оёғига баравар йиқилди. Доктор бўлса, қўлини силтади-да, орқасига ҳам қарамай ўз уйига қараб тез-тез юриб кетди.
Мирзакалон Исмоилий таржимаси