Антон Чехов. Ионич (ҳикоя)

I

С… деган губерна шаҳрига келганлар, бу ер жуда зерикарли ва ҳаёти бир шаклдалигидан шикоят қилганларида, маҳаллий аҳоли гўё ўзини оқлагандай, йўқ, аксинча, С. шаҳримиз жуда яхши, кутубхона, театр, клуб бор, базмлар бўлиб туради, яна танишса арзийдиган фаросатли, ёқимли, ажойиб оилалар бор, дейди. Бу ўринда улар энг маданий ва истеъдодли оила деб, Туркинларни тилга оладилар.
Туркинлар оиласи шаҳарнинг марказий кўчасида, губернатор ёнидаги ўз уйида яшайди. Иван Петрович Туркиннинг ўзи тўладан келган, қора мағиз, чакка соқол қўйган хушбичим одам. У хайр-эҳсон учун ҳаваскорлар спектакллари қўйдирар ва ана шу спектаклларда кекса генераллар ролини ижро этар, ўйин пайтида жуда ғалати йўталарди. Иван Петрович жуда кўп латифалар, жумбоқлар, мақоллар билар, ҳазил-мутойибани севар, ўзиям аскияни ўрнига қўярди, унинг юзида ҳамиша шундай ифода ўйнардики, у ҳазиллашяптими ё жиддий гапира ётиптими, билиб бўлмасди. Унинг хотини Вера Иосифовна эса озғингина, pince-nez таққан хушрўй жувон, қиссалар ва романлар ёзар, уларни мамнуният билан ўз меҳмонларига баланд овозда ўқиб берарди. Ёшгина қизи Екатерина Ивановна рояль чаларди. Хуллас, бу оиланинг ҳар бир аъзосида ўзига хос бирон истеъдод мавжуд эди. Туркинлар меҳмонларни ғоят хурсандчилик билан кутиб олар ва ўз истеъдодларини уларга хурсандлик ва соддалик билан намойиш қиларди. Уларнинг катта ғиштин уйлари кенг, ёз ойларида салқин, деразаларнинг ярми аввал баҳорда булбуллар наво қиладиган соя-салқин эски боғ томонга қурилган эди; уйда меҳмонлар ўтирган паллада ошхонада пичоқларнинг тарақлагани эшитилар, бутун ҳовли юзини пиёздоғ иси тутиб, ҳар сафар мўл-кўл ва мазали кечки овқат тайёрланаётганини билдирар эди.
Доктор Дмитрий Ионич Старцев С. шаҳридан тўққиз чақирим нарида бўлган Дялижга земство врачи этиб тайинланган ва бу ерга кўчиб келганда унга ҳам, зиёли одам бўлгани учун, Туркинлар оиласи билан танишиш зарурлигини айтишди. Нима ҳам бўлиб, қиш кунларининг бирида, уни кўчада Иван Петрович билан таништирдилар, об-ҳаво тўғрисида, театр тўғрисида, вабо тўғрисида гаплашдилар. Шундан кейин у уйга таклиф этилди. Баҳорда, Вознесение байрамида, Старцев касалларни қабул қилиб бўлгач, бир озгина кўнгил очиш ва шу баҳона билан ўзига баъзи нарсалар сотиб олгани шаҳарга тушди. У пиёда (бу маҳалда докторнинг ўз от-извоши йўқ эди) йўл босиб:

Ҳали ичмаганман ҳаёт жомидан кўз ёшлар…

қўшиғини хиргойи қилиб борарди.
Шаҳарга етиб келгач, овқатланди, боғда сайр қилиб юрди, кейин Иван Петровичнинг уйига таклиф этгани эсига тушиб қолди. Доктор Туркинлар уйига боришга ва улар қандай одам эканларини кўришга жазм қилди.
— Саломат бўлсинлар, қани марҳамат, — деб эшик олдида уни кутиб олди Иван Петрович, — Сиздай ҳурматли меҳмонни кўрганимга жуда-жуда хурсандман. Қани кирсинлар, мен сизни рафиқаи муҳтарамам билан таништирай. Верочка, мен унга айтдимки, — деб сўзида давом этди у хотинини доктор билан таништирар экан, — мен унга айтдимки, сизнинг ўз касалхонангиздан жилмай ўтиришингизга ҳеч қандай асос йўқ, сиз бўш вақтингизни жамиятга бағишлашингиз керак. Тўғри айтибманми? Жонгинам.
— Мана бу ерга ўтиринг, — деди Вера Иосифовна меҳмонни ўз ёнига ўтқазар экан, — сиз менга бемалол мулозамат қила беришингиз мумкин. Менинг эрим жуда рашкчи, Отеллонинг худди ўзгинаси, лекин биз, ўзимизни шундай тутамизки, у ҳеч нимани сезмай қолади.
— Ҳе, сен онахоннинг шўхлигини қара-я… — деб секингина шивирлади Иван Петрович ва хотинининг пешонасидан ўпди, — сиз жуда мавридида келдингиз-да, — деб яна меҳмонга мурожаат қилди, — менинг рафиқаи муҳтарамам каттакон бир роман ёзган эди, шуни бугун баланд овозда ўқиб беради.
— Жанчик, — деди Вера Иосифовна эрига қараб, — dites que l’on nous donne du the .
Старцевни онасига ўхшаган озғин ва хушрўйгина, энди ўн саккиз ёшга кирган Екатерина Ивановна билан таништиришди. У юзидан болалик ифодаси ҳали аримаган, ингичка бел, нозик бир қиз эди; эндигина балоғатга етган, мусаффо, чиройли кўкраклари унинг баҳоридан, чинакам баҳори бошланганидан хабар бериб турарди. Кейин мураббо, асал, конфетлар ва есанг оғзингда эриб кетадиган жуда мазали печеньелар билан чой ичилди. Кеч кириши билан бирин-кетин меҳмонлар йиғила бошлади. Иван Петрович уларнинг ҳар бирига ўзининг доимо кулиб турувчи кўзларини тикиб, алоҳида мурожаат қиларди:
— Саломат бўлсинлар, қани марҳамат.
Кейин ҳамма ғоят жиддий қиёфада меҳмонхонада ўтирди, Вера Иосифовна уларга романини ўқиб берди. Роман: «Совуқ борган сари зўраяпти…» деган жумла билан бошланарди. Деразалар ланг очиб қўйилган эди, ошхонадан пичоқларнинг тиқирлаши эшитилар, пиёздоғ ҳиди димоққа урарди… юмшоқ ва чуқур креслоларда ботиб ўтириш ғоят ҳузур-ҳаловатли эди, нимқоронғи меҳмонхона қўйнида чироқлар ёқимли милтилларди; мана ҳозиргидек ёз кечаси, кўчадан шўх овозлар ва кулги садолари эшитилиб турган, ҳовлидан сирень иси анқиб эсаётган бир паллада совуқнинг борган сари зўрайишини ва ботиб бораётган қуёш ўзининг совуқ нурлари билан қорли текисликни ҳамда йўлда танҳо кетаётган йўловчини қандай ёритаётганини тасаввур этиш мушкул эди; Вера Иосифовна ёш, гўзал графинянинг ўз қишлоғида қандай қилиб мактаблар, касалхоналар, кутубхоналар очгани тўғрисида, унинг аллақандай сайёр рассомнинг қандай севиб қолгани ҳақида, ҳаётда сира-сира бўлмайдиган нарсалар тўғрисида ўқиб бермоқда эди; лекин шунга қарамай эшитиш анча қулай ва кўнгилли бўлди, мияга ҳар қалай, яхши, осойишта фикрлар келарди, ишқилиб, кишининг туриб кетгиси келмасди-да…
— Чаккимас… — деди оҳиста Иван Петрович.
Меҳмонлардан бири романни эшитиб ўтириб, хаёли жуда узоққа, ғоят олисга олиб қочиб, зўр-базўр эшитилар-эшитилмас:
— Ҳа… чиндан ҳам… — деб қўйди.
Орада бир соат, кейин яна бир соат ўтди. Қўшни шаҳар роҳат боғида оркестр чалар, қўшиқчилар хори ашула айтарди. Вера Иосифовна ўқиб бўлиб, ўз дафтарини ёпганида, ҳаммалари беш минутча жим ўтиришди, хор айтаётган «Лучинушка» қўшиғига қулоқ солишди, бу қўшиқ романда бўлмаган, аммо ҳаётдаги мавжуд нодир ҳисларни тараннум этарди.
— Сиз асарларингизни журналларда бостириб турасизми? — деб сўради Старцев Вера Иосифовнадан.
— Йўқ, — деб жавоб қилди Вера Иосифовна, — мен уларни ҳеч қаерда бостирмайман. Ёзаман-да, кейин уларни шкафимга солиб, яшириб қўяман. Бостириб ҳам нима қиламан? — деб изоҳ берди у, — ахир биз моддий жиҳатдан муҳтож эмасмиз-ку.
Негадир ҳамма чуқур тин олди.
— Мана энди Котик, сен ҳам бизга бирон нима чалиб бер, — деди Иван Петрович қизига.
Роялнинг қопқоғини кўтаришди, шу ерда ҳозирлаб қўйилган ноталарни очишди. Екатерина Ивановна рояль ёнига ўтириб, икки қўллаб клавишаларни босди; кейин шу заҳоти кучи борича клавишаларни зарб билан урди, сўнг яна, кейин яна; унинг елкалари билан кўкраги титраб кетди, у ҳамон қайсарлик билан бир ерга урарди, баайни у клавишаларни уриб, рояль ичига киритиб юбормагунча тўхтамайдигандек эди. Меҳмонхона гумбурлаган садоларга тўлди; бу ерда ҳамма нарса: пол ҳам, шифт ҳам, мебель ҳам гумбурларди… Екатерина Ивановна қийин бир пассажни, худди ўзининг ана шу мушкуллиги билан қизиқ бўлган узун ва бир хилдаги пассажни чалиб берди. Старцев музикага қулоқ соларкан, ўзича баланд тоғ тепасидан қулаб тушаётган тошларни тасаввур этди, тошлар тинмай қулар ва тўхтамасди; у тезроқ уларнинг қулаб бўлишини истарди, айни маҳалда, зўр берганидан қизариб кетган, бир соч толаси пешонасига тушган, бақувват ва эпчил Екатерина Ивановна унга жуда ёқиб қолди. Дялижда, касаллар билан мужиклар орасида ўтказилган қишдан кейин ҳозиргидек меҳмонхонада ўтириб, нозик ва навқирон, эҳтимолки ҳали маъсума бир жононга кўз солиш, бунинг устига жонга тегса ҳам, ҳар қалай маданий бўлган сер шовқин овозларга қулоқ солиш, ниҳоятда кўнгилли ва янгилик эди…
— Баракалла, Котик, бугун ҳамма вақтдагидан кўра яхши чалдинг, — деди кўзига ёш олиб Иван Петрович, қизи чалиб бўлиб ўрнидан турганда, — Денис, ўлсанг ҳам бундан яхши ёзолмайсан.
Ҳамма қизнинг атрофини ўраб, уни табрикларди, таажжубда қолганларини изҳор этишди, кўп вақтлардан бери бундай ажойиб машқ эшитмаганларини таъкидлашди, қиз ҳам бу сўзларни жим туриб тинглади, сал жилмайди, бутун вужудидан тантана ёғилиб турарди.
— Ғоят гўзал! Жуда соз!
— Ғоят гўзал! — деди кўпчиликка қўшилиб завқ билан Старцев ҳам, — сиз рояль чалишни қаерда ўргангансиз? — деб сўради у Екатерина Ивановнадан — Консерваториядами?
— Йўқ, мен консерваторияга энди кирмоқчи бўлиб турибман, роялни ҳозирча шу ерда, Завловская хонимдан ўргандим.
— Сиз шу ердаги гимназия курсини тамом қилганмисиз?
— Йўғ-е! — деб қизи ўрнига жавоб қилди Вера Иосифовна, — биз ўқитувчиларни уйга таклиф қилганмиз, ахир ўзингиз ҳам хўп денг, гимназиядами ёхуд институтдами, барибир, ёмон таъсирнинг бўлиши мумкин-да, қиз ўсиб камолга етгунча биргина онасининг таъсирида бўлиши зарур.
— Мен ҳар қалай консерваторияга кирмоқчиман, — деди Екатерина Ивановна.
— Йўқ, Котик онасини жуда яхши кўради. Котик отаси билан онасини хафа қилмайди.
— Йўқ, кираман! Кираман! — деди ҳазил аралаш инжиқлик билан Екатерина Ивановна ва депсинди.
Кечки овқат маҳалида Иван Петрович ўз истеъдодини кўрсатди. Иван Петрович, битта кўзи билан кулиб, латифалар айтиб берди, аския қилди, ўртага турли хил ҳазил-мутойиба аралаш топишмоқлар ташлаб, уларни шу заҳоти ўзи ечиб берди. У ҳамма гапи давомида ўзига одат бўлиб қолган ғалати бир тилда сўзлади, чамаси бу одат унинг аския ва ҳазил-мутойиба билан гапиришга узоқ вақт машқ қилганидан туғилган ва бу сўзларга Иван Петрович аллақачон ўрганиб кегган. Айниқса у: кап-катта, тузукдан дурустроқ, жоним устига ташаккур сўзларини кўпроқ ишлатди…
Бу ҳали бўлган гапнинг ҳаммаси эмас. Қоринлари тўқ ва вақтлари чоғ меҳмонлар пальтоларини кийиб, ҳассаларини олгани даҳлизда уймалашар эканлар, сочлари олинган, баркаш юзли, ўн тўрт ёшли хизматкор Павлуша (уни Пава деб атардилар) улар ёнида гирдикапалак югуриб юрди.
Иван Петрович унга қараб:
— Пава, қани бир қиёфага кирчи! — деб қичқирди.
Пава дарҳол қиёфага кириб, қўлини юқори кўтарди-да, фожиали овозда:
— Ул, бебахт қиз! — деб бақирди.
Ҳаммалари хохолаб кулиб юборишди.
Старцев кўча томон кетаркан, «қизиғу» деб кўнглидан ўтказди.
У, бу ердан чиққач яна ресторанга кириб, пиво ичдида, кейин Дялижга, уйига қараб пиёда кетди. Старцев бутун йўл давомида:

Сенинг овозинг мен учун ҳузур-ҳаловат…

қўшиғини айтиб борди.
У тўққиз чақирим пиёда юриб ўрнига келиб ётаркан, ўзининг заррача ҳориб-чарчамаганини сезди. Бунинг аксича, назарида у яна йигирма чақирим йўл бўлса бажону дил, хурсандлик билан босадигандек туюлди.
Кўзи илинаркан «тузукдан дурустроқ…» сўзини эслади ва кулиб қўйди.

II

Старцев Туркинлар уйига бормоқчи бўлар, лекин касалхонада иш жуда кўпайиб кетиб, боришга фурсат топа олмасди. Шундай қилиб, иш билан ва ёлғизликда бир йилдан мўлроқ вақт ўтиб кетди; мана, шаҳардан унга кўк конвертда хат олиб келишди…
Вера Иосифовна кўпдан бери мигрень касали билан оғрирди, аммо, кейинги вақтларда ҳар куни Котик консерваторияга ўқишга кираман, деб қўрқитаётгани туфайли тутқаноғи тез-тез тутадиган бўлиб қолганди. Шаҳарнинг барча врачлари Туркинлар уйига келиб кетишди. Мана энди навбат земство врачига келганди. Вера Иосифовна унга, кўнгилни эритадиган, таъсирли хат ёзиб, бир келишини ва дардини енгиллатишни илтимос қилганди. Старцев Туркинлар уйига келди, шундан кейин тез-тез келиб турадиган бўлиб қолди… Чиндан ҳам у Вера Иосифовнага озгина ёрдам берди. Вера Иосифовна бўлса барча меҳмонларга бу жуда ажойиб, ғалати бир доктор деб мақтайдиган одат чиқарди. Старцев Туркинлар уйига энди фақат мигренни даволаш учунгина келмаётган эди…
Байрам куни Екатерина Ивановна ўзининг роялдаги узундан-узоқ, жонга тегувчи машқини чалиб бўлди. Шундан сўнг емакхонада узоқ фурсат ўтириб чой ичишди. Иван Петрович аллақандай кулгили бир воқиани сўзлаб берди. Шу орада қўнғироқ овози эшитилди, даҳлизга чиқиб, келган аллақандай меҳмонни кутиб олиш керак эди; Старцев бир нафаслик тараддуддан фойдаланиб, зўр ҳаяжон ичида Екатерина Ивановнага пичирлаб:
— Худо ҳаққи, ўтиниб сўрайман, менга азоб берманг, юринг боғчага чиқамиз! — деди.
Екатерина Ивановна бу кишига нима кераклигини тушунмагандай ва гўё бу гапдан ҳайрон қолгандай елкасини учирди, лекин ўрнидан туриб, эшик томон юрди.
— Сиз уч соатлаб, тўрт соатлаб рояль чаласиз, — деди Старцев унинг орқасидан юраркан, — кейин ойингиз билан бирга ўтирасиз, шу туфайли сиз билан гаплашишнинг сира имкони бўлмайди. Ўтиниб сўрайман сиздан, чорак соат вақтингизни менга бағишланг.
Куз яқинлашиб келмоқда эди, қадимий боғ бўш ва маъюс боқарди, хиёбонларда қорайиб кетган барглар кўзга ташланади. Тез қоронғи тушмоқда эди.
— Сизни кўрмаганимга нақ бир ҳафта бўлди, — деб сўзида давом этди Старцев, — бунинг қандай азоб-уқубат эканини билсангиз эди! Келинг, ўтирамиз. Гапимга қулоқ солинг.
Иккиларининг ҳам боғда ўз севган жойлари бор эди: кекса, сершох заранг дарахт остида скамейка турарди. Улар ҳозир ҳам шу скамейкага келиб ўтиришди.
— Нима демоқчи эдингиз? — деди қуруққина қилиб Екатерина Ивановна расмий равишда.
— Сизни кўрмаганимга роса бир ҳафта бўлди, шундай узоқ вақт ичида овозингизни эшита олмадим, мен товушингизни эшитишни истайман, унга жудаям муштоқман. Гапиринг.
Қиз ўзининг ёшлиги, кўзлари ва юзидаги содда ифода билаи уни мафтун этганди. Ҳатто, устидаги кўйлаги ҳам Старцев назарида ҳаддан зиёд ёқимли, хатти ҳаракати эса ўта содда ва таъсирли бўлиб кўринарди. Лекин, шу билан бир маҳалда Старцев уни бундай соддалигига қарамай ғоят ақлли, ёшига нисбатан савияси баланд деб биларди. Қиз билан у адабиёт тўғрисида, санъат ҳақида, нима истасангиз шу ҳақда гаплаша оларди, унга ҳаётдан, одамлар устидан шикоят қиларди, қиз бундай жиддий суҳбат вақтида, — баъзан шунақа бўларди, — кутилмаганда кула бошлар, ёки уйига қараб жўнаб қоларди. С.нинг барча қизлари каби у ҳам жуда кўп китоб ўқирди. (Умуман олганда С.да китобни жуда кам ўқишарди, бу ердаги кутубхонада, яхши ҳамки шаҳаримизда китоб ўқийдиган қизлар ва кексайиб қолган яҳудийлар бор, бўлмаса кутубхонани бемалол ёпиб қўйсак бўларди, деб гапиришарди). Бу нарса Старцевга жуда-жуда ёқарди. Шу туфайли ҳар сафар ҳам у зўр ҳаяжон ичида қизнинг кейинги кунларда нималар тўғрисида ўқиганини сўрар ва унинг жавобини, ўқиган китобини сўзлаб беришни жон қулоғи билан тингларди.
— Мана шу биз кўришмаган сўнгги ҳафта ичида қандай китоблар ўқидингиз? — деб ҳозир ҳам ундан сўради. Старцев, — айтинг, ўтиниб сўрайман сиздан.
— Мен Писемскийни ўқидим.
— Унинг нимасини ўқидингиз?
— «Минг жон» романини, — деб жавоб қилди Котик. — Писемскийни жуда ғалати: Алексей Феофилактич, деб аташаркан!
— Қаёққа ахир? — юраги чиқиб кетиб сўрайди Старцев, қизнинг бирдан ўрнидан туриб, уйга қараб кетаётганини кўриб. — Мен сиз билан гаплашишим зарур, бор гапни айтишим керак… Мен билан ҳеч бўлмаса яна беш минут ўтиринг! Ёлвораман сиздан!
Қиз нимадир айтишни истагандек тўхтади, кейин бесўнақайгина унинг қўлига хат қистириб, ўзи уйга қараб чопди, у ердан яна рояль овози эшитилди.
«Бугун кечаси соат ўн бирда, — деб бояги хатчани ўқиди Старцев, — қабристонда, Деметти ҳайкали ёнида бўлинг».
«Ана холос, бу энди ўта кетган лақмалик, — деб ўйлади ўзига келиб у, — қабристонга бало борми? Бунга нима ҳожат?».
Котикнинг майнавозчилик қилаётгани очиқ-ойдин кўриниб турарди. Бўлмаса, ярим кечаси, шаҳардан анча олисда, қабристонда учрашиш чиндан ҳам кимнинг бошига келиши мумкин? Ахир, осонгина шаҳар боғининг ўзида ё кўчада учрашилса бўлмайдими? Шундай бўлгач, эсли-ҳушли земство врачи, жиддий одамга оҳ-воҳ қилиб юриш, мактубчалар олиш, қабристонларга бориш, бемаънилик қилиш ярашадими, ахир унинг бу қилимишидан ҳатто гимназистлар ҳам кулишади-ку? Бу нарсанинг охири нима билан тугайди? Ўртоқлари билиб қолса нима дейди? Старцев клубда, столлар атрофида айланиб юриб, ўзича шундай ўйлади. Соат ўн ярим бўлганда бирдан қабристонга қараб жўнаб қолди.
Бу вақтда у икки отлик извошга ва духоба жилетка кийиб юрадиган Пантелеймон исмли кучерга эга эди. Тўлин ой чарақлаб сузиб юрибди. Атроф сокин ва илиқ, куз кунининг иссиқ нафаси кезади. Шаҳар четида, кушхона ёнида итларнинг увиллаши қулоққа чалинади. Старцев извошини шаҳар четида, тор кўчалардан бирида қолдириб, ўзи қабристонга пиёда кетди. «Ҳар ким ўз билганидан қолмайди» деб ўзича ўйлаб борарди у, — Котик ҳам ғалати нарса, ким билади дейсиз, балки у ҳазиллашмагандир, эҳтимол келиб қолар» — у ана шу бўлмағур, заиф ишончга берилди, бу ишонч унинг бошини айлантириб қўйди.
У дала бўйлаб ярим чақирим йўл босди. Қабристон узоқдан худди ўрмон ёки катта боғ сингари қорайиб кўзга ташланди. Шундан кейин оқ тошдан қилинган девор, дарвоза кўринди.. Ой ёруғида дарвозага ёзилган: «Вақт-соат етганда…» деган лавҳани ҳам ўқиш мумкин эди. Старцев эшикдан ичкари кирди, биринчи бўлиб унинг кўзига кенг хиёбоннинг икки томонидаги оқ крестлар ва ҳайкаллар, улардан ҳамда тераклардан тушаётган қора соялар кўринди; атроф-теварак олис-олисларгача оқ ва қора, олачалпак бўлиб кўринар, мудроқ дарахтлар ана шу оқ устига ўзларининг шохларини эгиб турарди. Назарида бу ер очиқ далага нисбатан ёруғроққа ўхшарли; заранг дарахтининг панжага ўхшаш барглари хиёбоннинг сариқ қумидан қатъий ажралиб туради, қабр тошларидаги ва ҳайкаллардаги лавҳалар ҳам равшан кўриниб турибди. Аввалига Старцев ҳаётида биринчи марта кўраётгани, эҳтимол, бошқа сафар кўришга тўғри ҳам келмас, бошқа нарсага сира ўхшамовчи дунёни кўриб, ғоят ажабланди, бу дунёда ой нури шундай юмшоқ ва яхшики, гўё унинг беланчаги шу, бунда ҳаётдан асар йўқ, ҳар бир қорайиб кўринаётган теракда, ҳар бир қабрда сокин, гўзал ва мангу ҳаёт ваъда қилувчи сир борлиги яққол сезилиб турарди. Қабр тошларидан ва куз нафаси инган барглар билан сўлиб қолган гуллардан, қайғи-ҳасрат ва осойишталик анқирди.
Теварак-атроф сокин, юлдузлар осмонда осойишта термуладилар. Старцевнинг қадами қулоққа дағал чалинади. Черковда соат занги урилганда у ўзини ўлган деб, бир умрга, мангу шу ерга кўмилган деб тасаввур этди, унинг назарида кимдир қараб тургандай туйилди, бир лаҳза у булар — жимлик ҳам, осойишталик ҳам эмас, ўлимни исташ, чуқур умидсизлик деган фикрни кўнглидан ўтказди.
Деметтининг ҳайкали, тепасига фаришта шакли ўрнатилган кичик черков тарзда ишланган эди; бир вақтлари Италия опера театри ўтиб кетаётиб С. шаҳрига қўнганди, ўшанда бир артистка вафот этган, уни шу ерга кўмиб, ана шу ҳайкални қўйгандилар. Шаҳарда у артисткани аллақачон ҳамма унутиб юборган, аммо кираверишдаги шам чироқ ой нурини ўзида акс этдириб, ёнаётганга ўхшарди.
Ҳеч ким йўқ эди. Ярим кечада бу ерга ким келарди? Аммо, Старцев бўлса кутарди, гўё ой нури унинг эҳтиросларини янада яллуғлантириб юборгандай зўр эҳтирос билан кутар, ўз кўнглида ўпиш ва қучоқлашии тасаввур этарди. У, ҳайкал ёнида ярим соатча кутди, кейин шляпасини қўлига олиб, ёнбошдаги хиёбонда юра бошлади. У кутиб юриб, бу қабрларга қанчадан-қанча гўзал, жозибали, ишқ-муҳаббат қўйган, кечалари эркалашларга берилиб, эҳтирос билан ёнган хотинлар, қизлар кўмилганини ўйларди. Аслини олганда, она-табиатнинг киши устидан бундай ёмон ҳазил қилиши кўнгилсиз нарса, яна бунга иқрор бўлиш алам қилади! Старцев ана шундай мулоҳаза қилар, айни маҳалда нима бўлса ҳамки муҳаббат келишини кутаётганини, шуни жуда-жуда хоҳлашини бор кучи билан бақириб айтгуси келарди. Унинг кўз олдида оқариб кўринаётган мармар тош эмас, ажойиб бадандек туюлар, у уятчанлик билан дарахтлар соясига ўзини яширган қоматларни кўргандай, иссиқ ҳароратни сезгандай бўларди, шунинг учун кутиш унга ғоят оғир ва азобли туйиларди.
Гўё бирдан парда ёпилди-ю, ой булутлар орасига кириб, ҳамма ёқ қоп-қоронғи бўлиб кетди. Старцев худди куз кечаларидаги сингари қоронғи бўлиб кетганидан дарвозани ҳам зўрға излаб топди, кейин извошини қолдирган тор кўчани қарийб бир ярим соатга яқин қидирди.
— Мен жуда чарчадим, зўрға оёғимда турибман, — деди у Пантелеймонга қараб.
Старцев зўр ҳузур-ҳаловат билан извошига ўтираркан, кўнглидан: «Эҳ, ортиқча семирмаслик керак» деган хаёлни ўтказди.

III

Эртаси кун кечқурун Старцев қизга уйланмоқчи эканини айтгани Туркинлар уйига борди. Лекин, бунинг мавриди эмас экан. Екатерина Ивановнани ўз хонасида сартарош сочини тарарди. Қиз клубга, танца кечасига боришга тайёрланмоқда эди.
Яна емакхонада узоқ ўтиришга, чой ичишга тўғри келди. Иван Петрович меҳмоннинг хаёлга ботганини ва зерикиб ўтирганини кўриб, жилеткаси чўнтагидан иш бошқарувчиси немиснинг кулгили хатини олиб, ўқиб берди, хатда у мулкдаги барча қулф-лўкидонлар ишдан чиқиб, ориятлар қулаганини маълум қиларди.
Старцев паришон хотирлик билан эшитар, ўзича: «булар чамамда, бир дунё сеп берсалар керак» деб ўйларди.
У кечаги уйқусиз тундан кейин биров унга ухлатадиган ва аллақандай ширин бир нарса ичиргандай карахт, довдираб ўтирарди; кўнгли хира-ю, аммо шод ва илиқ бир туйғуни сезиб турарди, айни маҳалда аллақандай совуқ ва оғир бир нарса миясига жойлашиб олиб:
«Вақт борида бу йўлдан қайт! Сенга у муносибми? У қиз эрка, инжиқ, кундуз нақ соат иккигача ухлайди, сен бўлсанг бир дьячокнинг ўғлисан, ўзинг земство врачи…» дерди.
«Хўш, шундай бўлса нима қипти? — деб ўйларди у, — майли-да».
«Бунинг устига, агар сен бу қизга уйлансанг, — деб бояги мияга жойлашган мулоҳаза овоз берарди, — унинг ота-оналари сени земство хизматини ташлашга ва ўзингни шаҳарда яшашга мажбур қиладилар».
«Нима қипти? — дерди Старцев, — шаҳарда яша дейишса, шаҳарда яшай берамиз-да. Сеп беришади, уй-жой жиҳозларини яхшилаб оламиз…»
Ниҳоят балга кийиладиган чуқур ўйма ёқали кўйлакда, сулув ва озода Екатерина Ивановна хонага кириб келди. Старцев унга маҳлиё бўлиб қолди ва шундай завқланиб кетдики, бирон сўз дейишга ҳам ожиз, фақат унга тикилиб, жилмаярди, холос.
Қиз хайрлаша бошлади, энди унга бу ерда ўтириш керак эмас эди, — ўрнидан турди-да, уйига кетиши кераклигини, уни беморлар кутаётганини айтди.
— Нима ҳам деймиз, — деди Иван Петрович, — майли, йўлакай Котикни клубга ташлаб ўтинг.
Ташқарида шивалаб ёмғир ёғарди, ғоят қоронғиликдан извошнинг қаерда турганини фақат Пантелеймоннинг йўталган овозидангина билиб олиш мумкин эди. Извошнинг соябонини кўтариб қўйишди.
— Мен гиламда юрибман, сен ёлғонни сурибсан, — дерди Иван Петрович қизини аравага ўтқизаркан, — у йўлда, ёлғони ўнгу сўлда… Қани жўнай бер! Саломат бўлсинлар, қани марҳамат.
Жўнашди.
— Мен кеча қабристонга бордим, — деб сўз бошлади Старцев, — сиз томондан қилинган бу шафқатсизлик ва илтифотсизлик…
— Сиз қабристонга бордингизми?
— Ҳа, бордим, сизни қарийб соат иккигача кутдим, мен ғоят изтироб чекдим…
— Майли, ҳазилни билмаганингиздан кейин, изтироб чека беринг.
Екатерина Ивановна севган одами устидан ана шундай ҳазил қилгани ва уни ғоят севганидан мамнун ва шод хохолаб кулди-да, тўсатдан бақириб юборди. Худди шу лаҳзада отлар клуб дарвозаси томон тўсат бурилиб, арава бир томонга қийшайиб кетган эди. Старцев Екатерина Ивановнани белидан қучоқлаб олди; қўрққанидан эси чиқиб кетган қиз унга ёпишди, ўзини тутиб туролмаган Старцев зўр эҳтирос билан унинг лабидан, бақбақасидан ўпди-да, уни маҳкамроқ қучоқлади.
— Бўлди, — деди қиз совуққина қилиб.
У бир онда извошдан ғойиб бўлди, клубнинг чароғон эшиги олдида турган миршаб Пантелеймонга қараб дағал, йўғон овозда:
— Ҳой, анқов, нега тўхтаб турибсан? Жўна йўлингга! — деб бақирди.
Старцев уйига кетди, аммо орадан сал ўтмай қайтиб келди. У бировнинг фрагини кийиб келди, бўйнига таққан оқ дағал галстуги дўппайиб турар ва ёқасидан сирғаниб кетаверар эди. Старцев ярим кечада клубнинг меҳмонхонасида ўтириб, зўр иштиёқ билан Екатерина Ивановнага гап маъқулларди:
— О, муҳаббат дардини тортмаганлар, бу ҳақда ҳеч нима билмайдилар? Менинг назаримда ҳеч ким чин муҳаббатни тўла ифода этолмаган, чиндан ҳам бундай нозик, қувончли ва изтироб тўла ҳисни ифода этиб бўлармиди, кимки муҳаббатни бирон марта бошидан кечирган экан, у сира-сира уни сўз билан ифода қилолмайди. Дебочанинг, ифоданинг нима ҳожати бор? Бу бефойда сўзамоллик кимга керак? Менинг муҳаббатим чексиз… Илтимос қиламан, ўтиниб сўрайман сиздан, — ниҳоят жазм қилиб деди: — менга тегинг!
— Дмитрий Ионич, — деди ўйлаб олиб, жуда ҳам жиддий бир қиёфада Екатерина Ивановна, — Дмитрий Ионич, менга кўрсатган илтифотингиз учун чин юракдан ташаккур билдираман, мен сизни ҳурмат қиламан, аммо… — у ўтирган ўрнидан туриб, тик турганича сўзида давом этди, — аммо, мени кечиринг, сизга тега олмайман. Жиддий гаплашиб олайлик. Дмитрий Ионич, ўзингиз ҳам жуда яхши биласизки, мен ҳаётимда ҳамма нарсадан кўра санъатни севаман, музикага берилганман ва ҳаётимни унга бағишлаганман. Мен артистка бўлишни истайман, шон-шуҳрат, муваффақият ва озодликни истайман, сиз бўлсангиз, мени шу шаҳарда қолиб яшашимни, ана шу бекорчи ва бефойда, жонга теккан, азоб-уқубатдан иборат ҳаётда қолишимни истайсиз. Эрга тегиш, о, йўқ, кечирасиз, асло! Одам олий мақсадга, ёрқин ниятга интилмоғи керак, оилавий ҳаёт бўлса бир умрга менинг оёқ-қўлимни боғлаб қўяди. Дмитрий Ионич (у «Дмитрий Ионич» деяр экан «Алексей Феофилактич»ни эслаб мийиғида кулиб қўйди), Дмитрий Ионич, сиз олижаноб, мурувватли ва ақлли, ҳаммадан яхши одамсиз… — унинг кўзида ёш кўринди, — мен сизга бутун қалбим билан ачинаман, аммо… ўзингиз ҳам тушунасиз-ку…
Шундай дегач, йиғлаб юбормаслик учун у юзини четга ўгирди ва меҳмонхонадан чиқиб кетди.
Старцев юрагининг дукиллаши босилди. У клубдан кўчага чиққанида энг аввал бўйнидаги дағал галстукни ечиб ташлаб, кўкрагини тўлдириб нафас олди. У озгина хижолат чеккан, иззати-нафси койиган эди. Старцев унинг рад этишини кутмаган эди, у ўзининг бутун орзу-истаклари, азоб-уқубатлари ва ишонч-умидлари ҳаваскорлар қўйган кичик пьесадаги каби бемаъни тарзда тугаганига ишонгиси келмасди. У ўзининг ана шу муҳаббати, ҳис-тўйғуларига шундай ачиндики, алам қилганидан йиғлаб юборишга ёки зонт билан Пантелеймониинг кенг елкасига тушириб қолишга тайёрдек эди.
Уч кун мобайнида унинг қўли ишга бормади, овқат ўтмади, тунлари мижжа қоқмади, аммо Екатерина Ивановнанинг консерваторияга кирмоқ учун Москвага жўнаб кетгани Старцев қулоғига етгач, у бутунлай овиниб, хотиржам бўлиб қолди ва аввалгидай яшай бошлади.
Кейинчалик, баъзи-баъзида ўзининг қабристонда лақиллаб юрганини, ёки бутун шақарни айланиб, фрак излаганини эслар экан, лоқайдлик билан керишар ва:
— Вой-бўй, бир дунё оворагарчилик эди-я! — деб қўярди.

IV

Орадан тўрт йил ўтди. Старцев энди шаҳарда тажрибали доктор бўлиб қолди. Ҳар куни эрталаб у Дялижда касалларни шошилиб қабул қилар, кейин шаҳарга тушиб, бу ерда беморларни кўрарди. Шаҳарга аввалгидай икки от қўшилган эмас, уч отли, қўнғироғи жиринглаб турган извошда келадиган бўлди, уйига кеч, алламаҳалда қайтарди. Ўзи анча семириб, йўғон тортган, феъли ўзгариб, юмшаб қолган эди, нафас сиқилиш касалига йўлиқиб қолганидан пиёда юришни жини севмасди. Пантелеймон ҳам семириб кетди. У тобора тўлишиб, оғир-оғир нафас олар, аравакашлик ёмон жонга тегди, деб ўзининг қисматидан шикоят қиларди.
Старцев ҳар кимларнинг уйида бўлар, шу туфайли турли кишилар билан учрашарди, лекин шунга қарамай бирон киши билан иноқ бўлмади. Обивателлар ўзининг мулоҳазалари, ҳаётга бўлган қарашлари, ҳатто ўз кўринишлари билан унинг ғашини келтирар эди. Тажриба секин-аста уни шунга ўргатдики, агар обиватель билан карта ўйнаётган ёки у билан ичиб ўтирган бўлсанг, бундай пайтда у софдил, кўнгилчан, ҳатто анчайин бамаъни одам, аммо у билан бирон ҳазил қилиб бўлмайди, жумладан дейлик, сиёсат ёки фан тўғрисида гаплашиб қолгудай бўлсанг, у дарҳол калавасининг учини йўқотиб, довдираб қолади ёки шундай бўлмағур ва аҳмоқона бир фалсафани гапира бошлайдики, киши ноилож ундан қўл силташга ва бир четга чиқиб кетишга мажбур бўлади. Старцев ҳатто либерал обиватель билан гаплашиб қолиб, унга жумладан; мана, худога шукурки, инсоният олға қараб кетяпти, шундай замонлар келадики, у паспортсиз ва ўлим ҳукмисиз ҳам тирикчилик қила олади, деган эди, обиватель унга ишонмаган ҳолда кўз қири билан қараб: «Демак, ўша маҳалда ҳар ким ўзи истаган одамини кўчада сўйиб кета берар экан-да?» деди. Бир сафар Старцев, жамоат орасида кечки овқат маҳалида ёки чой ичилиб турганда меҳнат қилмоқ керак, меҳнатсиз яшаб бўлмайди деса, шу ерда ўтирганларнинг бари бизни таъна қиляпти деб, жаҳллари чиқиб кетибди ва жон-жаҳдлари билан баҳслашишга тушибди. Шундай бўлса-да, обиватель ҳеч қандай иш билан шуғулланмайди, мутлақо ҳеч нарса қилмайди, ҳеч нимага қизиқмайди, шунинг учун ҳам улар билан нима тўғрида гаплашишни ўйлаб топиш амри маҳол. Шу сабабдан Старцев улар билан гаплашмасликка ҳаракат қилар, фақат бирга ичар, карта ўйнар, агар бирон одамнинг уйидаги оилавий ўтириш устига кириб қолса, уни дастурхонга таклиф этишса, у индамай ўтириб, фақат ўзининг тарелкасига қараганича жим овқат ерди; ана шу таом вақтида нима тўғридаки гапирилган бўлса уларнинг бари унинг учун бўлмағур, адолатсиз, аҳмоқона бир гап бўлиб кўринар, ғашини келтирар ва безовта қиларди, шунда ҳам бир нима деб гапирмасди. Шунинг учун ҳам ҳамиша тарелкадан кўз узмай, қатъият билан жим ўтиришидан шаҳарда уни поляк бўлмаганига қарамай «кеккайган поляк» деб лақаб қўйиб олишганди.
Театр ва концертлар сингари кўнгил очар жойларга у бормас, аммо ҳар кеча карта ўйинини уч соатлаб ҳузур қилиб ўйнарди. Унинг яна бир кўнгил очар машғулоти бор, бу машғулотга у, ўзи сезмагани ҳолда, аста-секин кўникиб кетди, яъни Старцев кечалари чўнтакларидан беморлардан тушган қоғоз пулларни олиб санарди, сариқ ва кўк қоғозлари ҳам бўлардики, улардан атир, сирка ва бухўр иси, баъзиларидан мол ҳиди келарди. Барча чўнтакларга тиқиб ташланган бу пуллар ҳар куни етмиш сўмча бўларди; пуллар бир неча юз сўмга етганда Старцев уларни «ўзаро кредит жамияти»га олиб бориб, жорий счётга қўйиб келарди.
Екатерина Ивановна кетиб қолганидан бери ўтган тўрт йил ичида у Туркинлар уйида атиги икки марта бўлди, ҳар иккала сафар ҳам ҳозиргача бош оғриғи дардидан даволанаётган Вера Иосифовна таклиф қилган эди. Ҳар йили ёзда Екатерина Ивановна ота-оналари уйига келар, аммо Старцев уни бирон марта учратмаганди; нимаям бўлиб тўғри келмасди.
Шундай қилиб орадан тўрт йил ўтиб кетди. Бир сафар, сокин ва илиқ эрталабки паллада касалхонага мактуб олиб келишди. Вера Иосифовна Дмитрий Ионичга уни жуда соғинганини, марҳамат қилиб албатта уйларига келишини ва ўзининг дардига малҳам бўлиб, тортаётган азобини енгиллатишни, ҳа айтгандай худди шу куни унинг туғилган куни эканини ёзиб юборганди. Мактубнинг остига: «Ойимнинг бу илтимосларига мен ҳам қўшиламан. К » деган илова қўшилган эди.
Старцев ўйлаб кўриб, шу куни кечқурун Туркинлар уйига жўнаб кетди.
— А, марҳамат қилиб келсинлар, — деб уни кутиб олди Иван Петрович бир кўзи билан жилмайиб. — Қадамларига ҳасанот!
Сочлари оқариб кетган, анча қариб қолган Вера Иосифовна Старцевнинг қўлини сиқаркан одатича чуқур тин олди-да:
— Сиз, доктор, мени даволашни истамайсиз, бизникига мутлақо келмайдиган бўлиб кетдингиз, мен энди сизга қарилик қиламан. Мана, ёшроғи, ҳали ўн гулидан бир гули очилмагани келди, эҳтимол, у бахтлироқ бўлар, — деди.
Котик-чи? Котик озиб кетибди, юзлари оқарибди, лекин ўзи аввалгидан анча чиройли, қадди-қомати янада хушбичим бўлибди; аммо у энди аввалги Котик эмас, Екатерина Ивановна бўлиб кетганди; бир вақтлардаги қирчилламалиги, болаларча соддалигидан асар қолмаганди. Энди унинг қарашида, ўзини тутишида, аллақандай янги бир нарса, тортинчоқ гуноҳкорона бир ифода мавжудки, гўё у бу ерда, Туркинлар уйида ўзини бегона одамдек ҳис қилаётганга ўхшарди.
— Неча йил, неча замонлар ўтиб кетди! — деди у Старцевга кўришмоқ учун қўлини чўзиб; унинг юраги ҳаяжон билан ураётгани сезилиб турарди; Котик доктор юзига қизиқсиниб қараркан, сўзида давом этди: — Қаранг, сиз жудаям тўлишиб кетибсиз! Анча қорайибсиз, улғайибсиз, умуман айтганда, деярли ўзгармабсиз.
Ҳозир ҳам у докторга ёқарди, жуда ёқмоқда эди, лекин унда аллақандай кемтик, етишмовчилик бордай, ёки нимадир ортиқчадай — қизда нима кемтик бор ё нима ортиқ — докторнинг ўзи ҳам айтолмасди, аммо, аввалгидай ҳис қилишга энди нимадир халақит бермоқда эди. Унга қизнинг рангсизлиги, чеҳрасидаги янги ифода, заиф табассум, овози ёқмади, салдан кейин кўйлаги ҳам, у ўтирган кресло ҳам, нимаси биландир бир вақтлари уйланишига оз қолган ўтмиш ҳам унга ёқмай қолди. Доктор ўз муҳаббатини, бундан тўрт йил муқаддам уни ҳаяжонга солган орзу ва умидларини эслади ва бу хотиралардан ўнғайсизланди.
Ширин пирог билан чой ичишди. Шундан кейин Вера Иосифовна баланд овозда рўй бермайдиган нарсалар ёзилган романини ўқиб берди, Старцев бўлса унинг кумушдек оқарган сочи, чиройли бошига қараб ўтириб қулоқ солди ва қачон ўқиб бўларкин деб тугатишини кута бошлади.
«Қобилиятсиз одам, повестлар ёзишни билмаган одам эмас, ёзса ҳам уни яшира олмаган одам» деб ўйлади у.
— Чаккимас, — деди Иван. Петрович.
Кейин Екатерина Ивановна узоқ вақт сершовқин рояль чалди, тамом қилганида ҳамма анча маҳалгача ташаккур айтиб, миннатдорчилик билдирди ва уни мақтади.
«Яхшиям унга уйланмаган эканман» деб кўнглидан ўтказди Старцев.
Қиз ҳадеб унга қарар, чамаси, ҳозир юринг боғчага чиқиб сайр қиламиз деб таклиф этишини кутарди, аммо Старцев индамай ўтирарди.
— Келинг, гаплашамиз, — деди қиз унинг ёнига келиб. — Қандай яшаяпсиз? Мен кейинги кунларда нуқул сизнинг тўғрингизда ўйладим, — асабий равишда сўзида давом этди у. — Мен сизга хат ёзмоқчи бўлдим, кейин Дялижга, сизнинг олдингизга ўзим келмоқчи бўлдим, ҳатто келишга қатъий жазм қилдим. Кейин айнидим — худо билади, сиз энди менга қандай қарайсиз. Бутун мен сизнинг келишингизни зўр ҳаяжон билан кутдим. Худо хайрингизни берсин, юринг боққа чиқайлик.
Улар боққа чиқиб, худди бундан тўрт йил аввалгидай кекса заранг дарахти остидаги скамейкага ўтиришди. Қоронғи тушиб қолганди.
— Туриш-турмушингиз қалай? — деб сўради Екатерина Ивановна.
— Тузук, бир амаллаб қимирлаб турибмиз, — деб жавоб қилди Старцев.
Бошқа бирон нима дейиш эсига келмади. Яна жим қолишди.
— Мен ҳаяжонланиб кетяпман, — деди Екатерина Ивановна қўллари билан юзини беркитиб. — Аммо, сиз бунга парво қилманг. Уйга келганимдан жуда хурсандман, ҳаммани кўриб роса қувондим, мана энди кўниколмай турибман. Қанчадан-қанча хотиралар! Мен ўзимча, сиз билан бир дақиқа тинмай, тонг отгунча гаплашсак керак, деб ўйлаган эдим.
Доктор шу топда унинг юзини, чарақлаб турган кўзини яқиндан кўрди, бу ерда, қоронғиликда у уйдагига нисбатан анча ёш кўринди, ҳатто унинг чеҳрасига аввалги болаларча содда ифода қайтиб келгандай бўлди. Чиндан ҳам у содда қизиқиш билан тикилиб турарди. Гўё бу билан у бир вақтлари ўзини оташин, ғоят нозик туйғу ва бахтсиз бир муҳаббат билан севган кишисини яқиндан кўрмоқчи-ю, унинг фнкрини гўё билмоқчи эди; унинг кўзлари ана шу муҳаббат учун докторга миннатдорлик изҳор этмоқда эди. Доктор ҳам орада нимаики ўтган бўлса барини, ҳатто майда-чуйдасигача эслади, ўзининг қабристонда эрталабгача лақиллаб юргани, ўлгудай ҳориб-чарчаб уйига қайтиб келгани хотирасидан ўтди, негадир тўсатдан хафа бўлиб, ўтмишига ачиниб кетди, қалбида илиқ ҳис уйғонди.
— Эсингиздами, мен сизни клубга кузатиб борганим? — деб сўраб қолди у. — Ўшанда ёмғир ёғиб турганди, ҳамма ёқ қоп-қоронғи эди…
Қалбдаги илиқ ҳис тобора авж олиб, алангаланди, унда гапириш, ҳаётдан шикоят қилиш истаги туғилди…
— Эҳ! — деди у чуқур тин олиб. — Мана, сиз мендан туриш-турмушинг қалай, деб сўраяпсиз. Биз бу ерларда қандай турмуш кечирамиз? Ҳеч қандай. Қариймиз, тўлишамиз, шу билан тамом бўламиз, тонг отади, кун ботади — кўрибсизки, бир кун ўтиб кетибди, ҳаёт ана шундай — ҳеч қандай таассуротсиз, фикр-ўйсиз, бир хилда, рангсиз ўтиб бормоқда… Кундузи ўлиб пул топамиз, кечқурун клубга борамиз, у ерда жининг севмайдиган картабозлар, ароқхўрлар, хирилдоқлар билан улфат бўламиз. Бунинг қандай яхши томони бор.
— Ахир сиз ишлайсиз, ҳаётингизда олижаноб мақсад бор. Сиз ўз касалхонангиз тўғрисида мароқ билан гапирардингиз. Мен у маҳалда аллақандай ғалати қиз эдим, ўзимни оламда тенги йўқ пианиночи деб ҳис этардим. Ҳозир бўлса қизларнинг рояль чалиши расм бўлиб кетди, мен ҳамма қатори чалардим. Менда ҳеч қандай алоҳида бир нима йўқ; ойим қанчалик ёзувчи бўлса, мен ҳам шунчалик пианиночиман. Албатта, у маҳалда мен сизга тушунмас эдим, кейинчалик Москвада сизнинг тўғрингизда тез-тез ўйлайдиган бўлиб қолдим. Фақат сизнинг тўғрингизда ўйлардим. Земство врачи бўлиш, азоб-уқубат чекувчи жафокашлар дардини енгиллатиш, халққа хизмат қилиш қандай бахт бу! Қандайин зўр бахт! — деб такрорлади Екатерина Ивановна кўтаринки руҳ билан. — Мен Москвада, сизнинг тўғрингизда ўйлаганимда сиз менга ғоят олижаноб ва идеал бир одам бўлиб кўринардингиз…
Старцев кечқурунлари чўнтакларидан қоғоз пулларни зўр мамнуният билан олишини эслади-да, юрагидаги аланга сўнди.
У уйига кетмоқчи бўлиб, ўрнидан турди. Қиз уни қўлтиқлаб олди.
— Умримда кўрган одамларим ичида энг аълоси сизсиз — деб сўзида давом қилди қиз. — Биз сиз билан кўришиб, гаплашиб турамиз, тўғрими? Менга шуни ваъда қилинг. Мен ўзим тўғримда энди хато фикр қилмайдиган бўлиб кетганман, пианиночи ҳам эмасман, сизнинг ҳузурингизда уни чалмайман ҳам, музика тўғрисида гапирмайман ҳам.
Уйга қайтиб киришганда Старцев кечқурунги чироқда унинг ғамгин юзига, синовчан ва миннатдор назар билан ўзига боқиб турган кўзларига қаради-да, бесаранжом бўлиб қолганини сезиб, яна: «яхшиям ўшанда бу қизга уйланмаган эканман» деб кўнглидан ўтказди.
У хайрлаша бошлади.
— Сиз, биз билан кечки овқатни емай туриб кетишга ҳеч қандай ҳуқуқингиз йўқ, — деди уни кузатаркан Иван Петрович. — Бу нарса сиз томондан ғоят тескари. Хўш, қани, бир қиёфага кирчи! — деди у даҳлизда турган Павага қараб.
Энди ёш бола эмас, мўйлови сабза бўлиб қолган Пава дарҳол қиёфага кирди, қўлларини баланд кўтариб, фожиали товушда:
— Ул бебахт! — деб бақирди.
Буларнинг ҳаммаси Старцевнинг ғашини келтирмоқда эди. У извошга ўтирар экан, бир вақтлари ўзига ғоят ёқимли ва қиммат бўлган, қорайиб кетган уй билан боғчага қаради-да, дарҳол барча нарсани: Вера Иорифовнанинг романларини, Котикнинг қаттиқ рояль чалишини, Иван Петровичнинг аскияларини, Паванинг фожиали қиёфага киришини эслади, агар бутун шаҳар бўйича энг қобилиятли деб аталган кишилар мана шундай нўноқ бўлса, бу ҳолда шаҳарнинг ўзи қандай бўлиши мумкин, деб ўйлади.
Орадан уч кун ўтгач Пава Екатерина Ивановнадан хат олиб келди.
«Сиз бизникига келмай қўйдингиз. Нима учун? — деб ёзган эди қиз. — Мен сизнинг бизга бошқача муносабатда бўлиб қолдингизми деб қўрқаман, мен бундан чўчийман, ана шу фикрнинг ўзиям мени қўрқитмоқда. Менга тасалли беринг, бизникига келинг ва менга ҳамма нарса жойида, аввалгидай яхши деб, тинчитинг.
Мен сиз билан, албатта, гаплашишим зарур. Сизнинг Е. Т.».
У хатни ўқиб чиқди-да, ўйлаб туриб, Павага:
— Менга қара, азизим, бориб айтгинки, бугун боролмайман, мен жуда бандман, — деди. — Айтгин бораман, тахминан уч кунлардан кейин.
Уч кун ўтди, бир ҳафта ўтди, ундан дарак бўлмади. Бир сафар, нимаям бўлиб Туркинлар уйи ёнидан ўтиб кетаётиб, бир минутга бўлса ҳам кириб чиқиш керак, деб эслаб қолди. Эслаб қолди-ю… кирмай ўтиб кетаверди.
Бундан кейин у Туркинлар уйида бошқа ҳеч қачон бўлмади.
Орадан яна бир неча йил ўтиб кетди. Старцев аввалгидан бадтар семириб, жир бойлаб, оғир нафас оладиган, кеккайиб юрадиган бўлиб қолди. Думалоқ, қип-қизил Старцев ўзининг қўнғироқчалар осилган уч отлик извошида кетаркан, думалоқ, қизарган, бўйнини ёғ босган Пантелеймон ҳам олдинда ўтириб, ёғоч сингари қотиб турган қўлларини олдинга узатганича рўпара келиб қолганларга: «Ўнг қўлдан юр» деб қичқиради, бу манзара шундай салобатли эдики, киши назарида гўё одам эмас, мажусийлар худоси келаётганга ўхшарди. Шаҳарда унинг иши ғоят юришиб кетган, қўли-қўлига тегмайди, бош қашлашга фурсати йўқ, лекин энди у ер-мулкка, шаҳарда икки уйга эга, ҳозир учинчи уйни сотиб олишни мўлжаллаб, арзонроқ тушириб олиш пайида юрибди. Унга «Ўзаро кредит жамияти»да сотишга белгиланган бирор уй борлиги тўғрисида гапириб қолишгудай бўлса, у ҳеч таптортмай ўша уйга тўғри кириб боради-да, ҳали кийинмаган аёллар ва болаларни назар-писанд қилмай, бутун хоналарни айланиб чиқади, уларнинг ҳайрат ва қўрқув ичида тикилиб қолганларига ҳеч бир эътибор қилмай, барча эшикларни ҳассаси билан туртиб:
— Бу ер нима, кабинетми? Бу-чи, ётоқхонами? Бу ерда нима? — деб суриштиради.
Шундай деб юриб, нафаси бўғилади, пешонасидан терларини артади.
Унинг ташвиши бошидан ошиб ётибди. Лекин у, земстводаги вазифасини ташламайди; оч кўзлик дардига учраган: у ердан ҳам, бу ердан ҳам қуруқ қолмай, дейди. Дялижда ҳам, шаҳарда ҳам энди уни оддийгина қилиб Ионич деб аташади. «Бу Ионичимиз қаёққа қараб кетяпти?» ёки «Ионични врач маслаҳатига чақирсакмикин?» дейишади.
Эҳтимол, томоғини ёғ босиб кетгандир, унинг овози ҳам ўзгариб, ингичка тортиб, чийиллаб қолди. Характери ўзгарди: салга жаҳли чиқиб кетадиган, бадфеъл бўлиб қолди. Касалларни қабул қилаётганда ҳам жаҳли чиқади, ҳассаси билан полга дўқиллатиб уради-да, ёқимсиз товуш билан:
— Фақат саволларимга жавоб қилинг! Гап сотманг, — деб бақиради.
Ўзи ҳамон ёлғиз, зерикарли ҳаёт кечиради, уни ҳеч нарса қизиқтирмайди.
Ўзининг мана шу Дялижда ўтган бутун умри ичида унинг якка-ю ягона қувончи, эҳтимол охиргиси ҳам, Котикка бўлган муҳаббати эди. Кечқурунлари клубда карта ўйнайди, кейин ёлғиз ўзи каттакон стол ёнида ўтириб овқатланади. Унга энг кекса ва ҳурматли лакей Иван хизмат қилади. Старцевга лафит 17 деган вино беришади, чунки, бу ерда ҳамма — клуб старшинаси ҳам, ошпаз ҳам, лакей ҳам унинг нимани яхши кўриб, нимани ёқтирмаслигиии яхши билади, бутун жон-жаҳдлари билан унга ёқишга, хурсанд қилишга тиришадилар, бўлмаса, худо кўрсатмасин, бирдан жаҳли чиқиб кетиб, ҳассаси билан полни уради.
Овқат еб ўтириб, баъзида у орқасига ўгирилиб қарайди-да, бўлаётган гапга аралашиб:
— Сиз нима тўғрисида гапираётибсиз? А? Кимни? — дейди.
Баъзан ўтирган столи ёнида кимдир Туркинлар тўғрисида гап очиб қолса, у:
— Сиз қайси Туркин тўғрисида гапираётибсиз? Ҳалиги қизи фортепьяно чаладиган Туркинми? — деб сўрайди.
Мана, Туркин оиласи тўғрисида шунигина билади.
Туркин оиласи энди қандай? Иван Петрович қаригани йўқ, унда ҳеч қандай ўзгариш юз бермаган, аввалгидай ҳамон аския қилади ва латифалар айтади; Вера Иосифовна меҳмонларга илгаригидай самимий, соддалик ва мароқ билан ўз романларини ўқиб беради. Котик бўлса ҳар куни, тўрт соатча рояль чалади. У сезиларли даражада қариган, касалманд, ҳар йили кузда онаси билан Қримга боради. Уларни вокзалга кузатгани чиққан Иван Петрович поезд йўлга тушганда кўз ёшларини артиб, улар орқасидан:
— Марҳамат қилиб, хайр! — деб қичқиради.
Ва рўмолчасини силкитади.

Сами Абдуқаҳҳор таржимаси