Яқинда институтни тамомлаган ёшгина қиз — Машенька Павлецкая ўзи тарбиячи бўлган Кушкинлар уйига сайрдан қайтиб келиб, таърифдан ташқари ғалати ғалва устидан чиқди. Унга эшик очган швейцар Михайло ҳаяжонланган ва қисқичбақадек қизариб кетган эди.
Юқоридан шовқин-сурон эшитиларди.
«Беканинг тутқаноғи тутиб қолганга ўхшайди… — деб ўйлади Машенька, — ёки эри билан жанжаллашиб қолган…»
У олдинги хонада ва даҳлизда оқсочларни кўрди. Бир оқсоч йиғлаб юборди. Кейин Машеньканинг кўзи ўзи турган хонадан чопиб чиққан хўжайини Николай Сергеичга тушди. У жимитгина, салқиган юзли, ҳали унча қаримаган, каттакон тепакали бор одам эди. У ҳам қизариб кетган, қалтирарди… Николай Сергеич йўл устида турган тарбиячини сезмай, Машенька ёнидан ўтиб кетди ва қўлларини осмонга кўтариб хитоб қилди:
— О, бу қандай даҳшат! Қандай андишасизлик! Қандай телбалик, ёввойилик! Бемазалик!
Машенька ўз хонасига кириб келди ва умрида биринчи марта бадавлат ҳамда отоқли одамлар уйида бир бурда нон учун яшовчи итоаткор, мўмин-қобил кишиларга жуда таниш бўлган аччиқ ҳис-туйғуларни бошидан ўтказди, уни равшан сезди. Унинг хонасида тинтув ўтказишмоқда эди. Бекаси — Феодосья Васильевна, тўладан келган, елкалари кенг, қалин қора қошли, юқори лабининг усти сезилар-сезилмас мўйлов қопланган, қўллари қип-қизил, афти-башараси ва юриш-туришидан оддий ошпаз аёлларга ўхшайдиган бесўнақай аёл, унинг столи ёнида бошяланг туриб, сумкача ичидан олинган, копток қилиб ўралган жун ип, латта-путта, қоғозларни солиб қўярди… Чамаси, тарбиячининг келиб қолишини кутмаган бўлса керак, Машеньканинг оқариб кетган ва ҳайрат ифодаси кезгав юзига кўзи тушиши билан бека сал изза бўлиб:
— Pardon , мен… мен билмасдан сочиб юбордим… енгим тегиб кетди… — деб ғўлдиради.
Кушкина хоним яна алланима деб, кўйлаги этакларини шилдиратганча уйдан чиқиб кетди. Машенька ҳайрон бўлиб, ўз хонасига кўз югуртирди. Ҳеч нимага тушунмай, нима тўғрида ўйлашни билмай, елкасини қисди ва қўрққанидан эти жимирлашиб кетди… Федосья Васильевна унинг сумкасидан нимани ахтарди? Борди-ю, ўзи айтганидек, чиндан ҳам сумкага енги тегиб кетиб, буюмларни сочиб юборган бўлса, нима сабабдан Николай Сергеич бу хонадан ҳаяжон ичида қип-қизариб чопиб чиқди? Нега столнинг бир тортмаси сал очиқ қолган? Тарбиячи майда пул билан эски маркаларни беркитиб қўядиган копилка очилипти-ку. Уни очишга очишипти-ю, лекин қулфни чақа қилиб, тирнаганларига қарамай ёпишолмапти. Китоблар жавони, стол ва ўрин устида ҳозиргина қилинган тинтув изи сезилиб турарди. Ички кийим-бош солинган сават ҳам титилган. Кийимларни яна яхшилаб тахлаб қўйишибди, лекин, Машенька уйдан чиқиб кетаётганда ўзи тахлаб кетган тартиб бузилибди. Демак, ҳақиқий тинтув бўлган. Лекин, нега, сабаби нима? Нима бўлди? Машенька, ҳаяжонга тушган швейцарни, ҳамон давом этаётган олағовурни, боя йиғлаб юборган оқсочни эслади; эҳтимол, буларнинг ҳаммаси ҳозиргина унинг хонасида ўтказилган тинтувга алоқадордир? Аллақандай даҳшатли ишга уни аралаштиришмаганмикин? Машеньканинг юзи бўздай оқариб кетди ва аъзойи-бадани кесакка айланиб, кийим солинган саватга ўтириб қолди.
Уйга оқсоч хотин кирди.
— Лиза, сиз билмайсизми, менинг уйимни, нега тинтишди? .. — деб сўради у оқсоч хотиндан.
— Бекамизнинг икки минг сўм турадиган тўғноғичлари йўқолипти… — деб жавоб қилди Лиза.
— Шундайми, лекин нега менинг уйимни тинтишди?
— Ойимқиз, ҳаммани ҳам тинтув қилишди. Менинг ҳамма ёғимни тинтиб кўришди… Бизларнинг ҳаммамизни қип-яланғоч қилиб ечинтириб, тинтишди… Мен бўлсам, ойимқиз, бошимизда худо бор… У кишининг тўғноғичларини олиш у ёқда турсин, ҳатто пардоз столлари ёнига яқин йўламаган эдим. Полицияга боргандаям шундай дейман.
— Хўп, лекин… меникини нега тинтишди? — деди тарбиячи тушунолмай.
— Айтаяпман-ку тўғноғич ўғирланган деб… Бекамизнинг ўзлари ўз қўллари билан ҳамма ёқни ахтариб чиқдилар. Ҳатто швейцар Михайловни ҳам ўзлари тинтиб кўрдилар. Жуда уят бўлди! Николай Сергеич фақат ўқрайиб қарайди-ю, товуқдай қақағлаб югуриб елади. Сиз, ойимқиз, бекорга титраб ўтирибсиз. Сизникидан ҳеч нима топишмади! Тўғноғични олмаган бўлсангиз қўрқиб ўтиришга ҳожат йўқ.
— Лиза, ахир бу пасткашлик… Ҳақорат-ку! — деди фиғони ошиб, нафаси қисилиб кетган Машенька. — Бу қабиҳлик, тубанлик! Мендан шубҳа қилишга, менинг буюмларимни титишга қандай ҳақлари бор?
— Ойимқиз, бегона кишилар уйида турасиз, — деди Лиза, чуқур нафас олиб, — ойимқиз бўлсангиз ҳам, ҳарқалай… Чўри сифатидасиз… Бу ер сизга ота-онанинг бағри эмас…
Машенька ўзини ўринга отиб ҳўнграб йиғлади. Ҳеч маҳал унга бугунгидай зўравонлик қилмаган ва ҳеч қачон уни бугунгидай оғир ҳақорат қилмаган эдилар… Яхши тарбия кўрган, сезгир, ўқитувчининг қизи Машенькадан шубҳаланишди, дайди аёлдай, унинг уйида тинтув ўтказишди! Бундан ортиқ ҳақоратни ўйлаб ҳам топиб бўлмас! Ана шу ранжиш ва хафалик устига, бу ёғи нима бўлади? деган қўрқинчли савол ҳам қўшилди. Унинг миясига йўқ ердаги турли-туман хаёллар кела бошлади. Агар ундан шубҳаланишган экан, демак, қамаб қўйишлари ҳам, ечинтириб қидиришлари ҳам мумкин. Кейин соқчилар кўчадан ҳайдаб князь қизи Тараканова ўтирган камерадек қоп-қоронғи, эшакқурт босган, сичқонлар изғиб юрган зах камерага тиқиб қўйишади… Уни ажратиб оладигани борми? Ота-онаси узоқ вилоятда туришади, бу ерга, унинг олдига келишга пул қайда. Машеньканинг ўзи эса пойтахтда, чўлу биёбонда ўтиргандек, танҳо ўзи ота-онасиз, таниш-билишсиз яшайди. Уни нима қилишмоқчи бўлса, шуни қилишлари мумкин.
«Жамики судьялар билан ҳимоячилар олдига бораман… — деб титраб-қақшаб ўйлади Машенька. — Уларга воқиани тушунтираман, қасам ичаман… Менинг ўғри эмаслигимга ишонадилар!»
Институтда ўқиб юрганидаги одатига кўра, овқат вақтида, уйига яшириб, ширинликлар олиб келиб қўярди. Сават корзинкадаги чойшаблар остида ана шундай ширинликлар борлиги Машеньканинг эсига тушиб қолди. Ана шу кичик сири хўжайинларга ошкора бўлган деб ўйлаб, Машеньканинг капалаги учиб кетди, ўлардай уялди. Қўрқинчдан, уятдан, ранжиш ва хафаликдан — унинг юраги ўйнаб, чакка тамирлари, қўллари, ич-ичида аллақандай томирлар лорсиллаб урди.
— Овқатга марҳамат! — деб Машенькани чақиришди.
«Борайми ё бормайми?»
Машенька сочларини текислаб, нам сочиқ билан юз-кўзини артиб, ошхонага кириб келди. Овқат бошланган эди… Столнинг бир бошида гердайиб, жиддий ва бефаҳим башара Федосья Васильевна, иккинчи бошида Николай Сергеич ўтирарди. Столнинг бошқа томонларида меҳмонлар билан болалар ўтиришибди. Қўлига оппоқ қўлқоп, устига фрак кийган икки малай овқат таширди. Ўйда алғов-далғов бўлганини, беканинг хафалигини ҳамма биларди, шу учун ҳамма жим ўтирарди. Фақат овқат чайнашу, қошиқларнинг тарелкага урилгани эшитиларди.
Беканинг ўзи гап бошлади.
— Овқатимизнинг учинчиси нима? — деб сўради у малайлардан, толиққан ва азоб чеккан бир оҳангда.
— Эстуржон аля рюсс! — деб жавоб берди малай.
— Феня, уни мен буюрган эдим… — деди шошиб Николай Сергеич. — Балиқ егим келди. Ma chere , агар сенга ёқмаса, майли, олиб келишмасин. Мен ўзимга ҳалиги… шунчаки…
Федосья Васильевна ўзи буюрмаган овқатни ёмон кўрарди, шу туфайли ҳозир унинг кўзи ёшга тўлди.
— Қани, асабларимизни бузмайлик, — деди майин ва ёқимли товушда унинг уй доктори Мамиков ва Федосья Васильевна қўлига сал тегиб, яна ўшандай майин ва ёқимли жилмайди. — Бусиз ҳам асабларимиз бузилган. Тўғноғични ҳам унутайлик! Кишининг соғлиги икки минг сўмдан қиммат!
— Мен икки минг сўмга ачинаётганим йўқ! — деб жавоб берди бека ва йирик ёш томчиси унинг юзига оқиб тушди. — Ўғирликнинг ўзи мени ғазаблантирмоқда! Мен ўз уйимда ўғри бўлишига йўл қўймайман. Пулга ачинаётганим йўқ, ҳеч нарсага ачинмайман, лекин, менинг буюмимни ўғирлаш — шундай нонкўрликки, бунга чидаб бўлмайди. Барча қилган яхшиликларим эвазига-я…
Ҳамма ўз олдида турган тарелкасига қараб ўтирарди. Лекин Машенькага беканинг сўзидан кейин ҳамма унга карагандек туйилди. Алланима томоғига тиқилди ва у йиғлаб юбориб, рўмолчасини юзига босди.
— Pardon, — дея ғўлдиради Машенька, — мен ўтиролмайман. Бошим оғрияпти. Кетаман.
Шундай деб у ўрнидан турди ва стулларни бесўнақай тарақлатиб, бундан ўзи бадтар уялиб, югурганча чиқиб кетди.
— Тавба, бу нимаси? — деди Николай Сергеич юзини буриштириб. — Унинг уйини тинтимасак бўларкан. Буларнинг ҳаммаси, рост гап… Жуда ўринсиз бўлди.
— Ахир мен тўғноғични у олган деб айтаётганим йўқ-ку, — деди Федосья Васильевна, — Лекин, сен уни олмаган деб кафил бўла оласанми? Ўзим иқрор бўлай, бундай ўқимишли қашшоқларга ишонгим келмайди.
— Рости билан, Феня, жуда ўринсиз бўлди… Мени кечир Феня, лекин, қонунга мувофиқ тинтув қилишга ҳеч ҳақинг йўқ.
— Сизларнинг қонунларингизни билмайман. Билган нарсам шуки, менинг тўғноғичим йўқолди, гап шу, вассалом. Мен тўғноғични топмай қўймайман! — У шундай деб вилкани тарелкага урди, кўзлари ғазабдан чақнаб кетди. — Сен овқат ейишингни бил, менинг ишимга аралашма!
Николай Сергеич мулойимлик билан ерга қаради ва чуқур нафас олди. Бу орада Машенька хонасига қайтиб келиб, ўзини ўринга отди. Энди у қўрқмасди ҳам, уялмасди ҳам, ҳозир унинг бутун вужудини ошхонага бориш-у, мана шу тошкўнгил, бефаҳм, такаббур ва бахтиёр хотиннинг башарасига тарсаки тортиш орзуси қийнарди.
Ёстиққа мук тушиб, ҳозир магазинга борсам-у, энг қимматбаҳо тўғноғични сотиб олиб, уни зўравон ва ўзбошимча хотин башарасига отсам, деб орзу қиларди. Қани энди худодан бўлиб, Федосья Васильевна бор бисотидан айрилиб, хонавайрон бўлса, тиланчилик қилса, қашшоқлик, гадолик ва бировга қарам бўлишнинг бутун азобини тотса, ана ўшанда, ҳақоратланган Машенька унга хайр-эҳсон қилса. О, қани энди у бирдан бой меросга эга бўлса-ю, қўшотли арава сотиб олиб, унинг деразаси ёнидан шовқин-сурон солиб ўтса, у бемаза хотин хасад кўзи билан тикилиб қола берса!
Буларнинг ҳаммаси фақат орзу-хаёл эди. Ҳаҳиқатда эса биргина йўл қолганди, у ҳам бўлса, бу даргоҳда бир соат ҳам турмай жўнаб кетиш эди. Рост, ишлаб турган ўриндан ажралади, ҳеч вақоси бўлмаган ота-онаси ёнига қайтиб боради, лекин, илож қанча? Машеньканинг кўзига энди бекаси ҳам, ўзининг кичкина уйчаси ҳам кўринмас, бу ерда нафаси бўғилиб, вужудини ваҳима босмоқда эди. Ўзининг гўё бетоблиги ва оқсуяклиги билан ҳамманинг жонига теккан Федосья Васильевна Машеньканинг кўнглига шундай теккан эдики, назарида ана шу хотиннинг ҳаёт эканидан оламдаги барча нарсалар қўпол ҳамда кўримсиз тусга кириб қолганга ўхшарди. Машенька кроватдан сакраб тушиб, буюмларини йиғиштира бошлалади.
— Кирсам майлими? — деб сўради эшик орқасида турган Николай Сергеич; у оҳиста товушсиз қадам босиб эшик ёнига келган эди. Майин ва юмшоқ овозда яна сўради: — Мумкинми?
— Киринг.
Ичкари кириб, эшик ёнида тўхтади. Унинг хира кўзлари жонсиз боқар, қип-қизил бурни ялтираб кетганди. Тушки овқатдан кейин пиво ичгани қадам босишидан ва шалвираб, бўшашиб қолган қўлларидан сезилиб турарди.
— Бу нимаси? — деб сўради у саватга ишора қилиб.
— Буюмларимни йиғиштираётибман, Николай Сергеич, мени кечиринг, лекин уйингизда бундан ортиқ туришга тоқатим қолмади. Тинтув қилингани менга ортиқ даражада таҳқир бўлиб тушди!
— Тушуниб турибман… Лекин бу ишингиз чакки бўляпти… Кетиб нима қиласиз? Тинтув қилинган бўлса, сиз унга… бундан нима? Бир ерингиз камиб қолмайди.
Машенька индамай, буюмларини йиғиштираверди. Николай Сергеич гўё яна нима тўғрида гапирсамикин дегандек, мўйловини силаб қўйди, кейин мулозамат билан:
— Мен тушунаман, албатта, — деб давом этди, — лекин, одам деган сал риоя-андишали бўлади. Биласиз-ку, хотиним жуда асабий, ҳовлиқма, ундан қаттиқ хафа бўлишнинг фойдаси йўқ…
Машенька индамади.
— Агар сиз ўзингизни таҳқирланган деб билсангиз, — яна давом этди Николай Сергеич, — марҳамат қилинг, мен сиздан узр сўрашга тайёрман. Кечиринг.
Машенька индамади, фақат чемодан устига пастроқ энгашди. Бу ичкулик адо қилган мужмал одамнинг ўз уйида бир мирилик қиммати йўқ эди. Унинг ўзи ортиқча бўлиб, ҳатто малайлар орасида ҳам беобрў эди; шу туфайли унинг узр сўраши сариғ чақага арзимасди.
— Ҳм… ҳалиям индамайсизми? Булар сизга камлик қиладими? Ундай бўлса мен хотиним учун ҳам кечирим сўрайман. Хотиним номидан кечирим сўрайман… У беадаблик қилди, дворянин сифатида бунга иқрорман…
Николай Сергеич у ёқдан бу ёққа юрди, чуқур нафас олди, кейин яна сўзлай бошлади:
— Демак, сизга менинг бу ерим, яъни қалбимнинг яраланиши керак экан-да… Сизга, мени виждон азоби қийнаши лозимми…
— Николай Сергеич, мен айб сизда эмаслигини биламан, — деди Машенька ёшга тўла шаҳло кўзларини уиинг юзига тикиб. — Нега ахир сиз азоб чекасиз?
— Албатта-да… Лекин, ҳар қалай сиз ҳалиги… Кетиб қолманг… ўтиниб сўрайман.
Машенька унинг таклифини рад этиб, бош қимирлатди. Николай Сергеич дераза олдида тўхтаб, ойнани тиқиллатди.
— Бундай англашилмовчилик — менинг учун жон қийноғининг ўзгинаси, — деди у. — Нима қилай, олдингизда тиз чўкайми? Сизнинг ғурурингизпи таҳқир этишди, сиз йиғладингиз, энди жўнаб кетмоқчисиз. Ахир менда ҳам ғурур бор, сиз уни писанд қилмаяпсиз. Ёки гуноҳларимга тавба қилганда ҳам бировга айтмайдиган сирни сўзлашимни истайсизми? Шуни хоҳлайсизми? Менга қаранг, мен ҳатто ўлим олдида бўйнимга олмайдиган сирни айтишимни истайсизми?
Машенька индамади.
— Хотинимнинг тўғноғичини мен олганман! — деди шошилиб Николай Сергеич. — Мана энди кўнглингиз жойига тушдими? Энди қаноат ҳосил қилдингизми? Ҳа, мен… Мен олгандим… Албатта, сизнинг сир сақлашингизга ишонаман… Худо ҳақи, бировга оғиз очманг, шама ҳам қилманг!
Ҳайрон қолган ва қўрқиб кетган Машенька буюмларини йиғиштираверди; у буюмларини жаҳл билан олар, ғижимлаб чемодан ва саватнинг дуч келган ерига тиқиб ташларди. Энди, Николай Сергеич иқрор бўлганидан кейин Машенька бу ерда бир минут ҳам тура олмайди, ана шу уйда илгари қандай яшаб келганига сира тушунолмайди.
— Бу ерда ҳайрон қоладиган ҳеч нима йўқ… — деди Николай Сергеич бироз сукутдан кейин. — Бу оддий бир гап! Менга пул керак, хотиним бўлса… бермайди. Мана шу уй, бор нарсаларни, Марья Андреевна, менинг отам топган! Буларнинг бари меники, ўша тўғноғич ҳам менинг ойимники… Ҳаммаси меники! Лекин у ҳаммасини қўлига олди, бари уники бўлиб қолди… Ахир, ўзингиз биласиз, у билан судлашиб юра олмайман-ку… Қаттиқ ўтиниб сўрайман сиздан, кечиринг ва… ва шу ерда қолинг. Tout comprendre, tout pardonner . Қоласизми?
— Йўқ! — деди Машенька қатъий равишда ва қалтираб кетди, — Мени ўз ҳолимга қўйинг, ўтинаман сиздан.
— Бўлмаса, билганингизни қилинг, — деди Николай Сергеич, оғир нафас олиб чемодан ёнида турган скамейкага ўтираркан. — Гапнинг очиғини айтсам, мен таҳқир қилинганини билган ва бундан нафратланган одамларни яхши кўраман. Сизнинг ғазабли юзингизга умр бўйи тикилиб ўтира олардим… Шундай қилиб, қолмайман дейсизми? Тушуниб турибман… Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас… Ҳа, тўғри албатта… Сизга яхши, лекин менга-чи, мен энди тамом бўлдим!.. Бу ертўладан бир қадам ҳам жилолмайман. Ўз қўрғонларимиздан биронтасига жўнаб кетсам бўларди-ю, лекин у ерларнинг барида хотинимнинг лаганбардорлари… бошқарувчилар дейсизми, агрономлар дейсизми, қуриб кетгурларнинг бари ўтирибди. Гаровга қўйишади, қайтиб олиб яна қўйишади… Балиқ тутиб, ўтни босиб, дарахтни кесиб бўлмайди у ерда.
— Николай Сергеич! — залдан Федосья Васильевнанинг товуши эшитилди. — Агния, баринни чақир!
— Шундай қилиб қолмайсизми? — деб сўради Николай Сергеич дарров ўрнидан туриб, эшик томон юраркан. — Худо ҳақи, иложи бўлса қолинг. Кечқурунлаои олдингизга кириб турардим… Бирор тўғрида гаплашиб ўтирардик. А? Қоласиз-а! Агар сиз ҳам кетиб қолсангиз, бутун хонадонда, биронта одамшаванда инсон зоти қолмайди. Ахир бу даҳшат-ку!
Николай Сергеичнинг оқариб кетган, ичкулик адо қилган чеҳраси илтимос назари билан боқарди, лекин, Машенька рози бўлмай, бош силкиди, Николай Сергеич қўл силтаб, уйдан чиқиб кетди.
Ярим соатдан кейин Машенька йўлда кетиб борарди.
С. Абдуқаҳҳоров таржимаси