Ҳозиргина вокзалдан овқатланиб ва ширакайф бўлиб олган биринчи класс пассажири бахмал диванга чўзилиб, ҳузур қилиб керишди-ю, мудраб кетди. Беш минутча мудрагандан кейин, хумор кўзларини очиб, ёнидаги пассажирга тикилиб қаради-да, илжайиб гап бошлади:
— Худо раҳмат қилғур падарим овқатдан сўнг малай хотинга товонларини қашлатар эдилар. Мен ҳам айнан ўша кишига тортганман, фарқим шуки, мен овқатдан кейин товон эмас — тилимни қашлашга, миямни қитиқлашга одатланганман. Гуноҳкор банда бўлганим учун қорин тўйгандан кейин гап сотишни яхши кўраман. Гаплашиб кетсак, жанобларига малол келмасмикин?
— Бемалол… жуда соз бўлади, — деб розилик билдиради иккинчи пассажир.
— Қоринни яхшилаб тўйғизгандан кейин салгина баҳона топилса кифоя: миямга ажойиб фикрлар кела беради. Масалан, ҳалиги буфет олдида турган икки ёш йигитни кўрдингиз-а? Бири иккинчисини: «Муборак бўлсин, шуҳратингиз оламга тарқалди, энди шону шарафларга сазовор бўласиз» деб табриклаганини эшитдингиз, а? Булар ё артист, ё пастарин газетчи. Ҳа, кимлигининг аҳамияти йўқ. Мени-чи, азизим, мени қизиқтирган нарса ҳалиги, шараф, шуҳрат деган сўзларнинг асл маъноси. Сиз қандай тушунасиз? Масалан, Пушкин шуҳратни: «Юздаги тиртиқни яширадиган чиройлик ямоқ» деган. Биз ҳам уни пушкинча, яъни бир қадар объектив равишда тушунамиз; лекин то шу дамгача бу сўзнинг равшан мантиқий таърифини ҳеч ким айтиб бермаган. Шунинг таърифини топган одамга мен айтганини берар эдим!
— Таърифи сизга нега бунчалик керак бўлиб қолди?
— Биласизми… Агарда «шуҳрат» деган сўзнинг нималигини билиб олсак, унга эришиш йўлларини ҳам осонгина топиб олармидик дейман-да! — деди ўйланиб туриб биринчи класс пассажири. — Мен сизга айтсам, азизим, бир замонлар шуҳрат қозонаман, ном чиқараман деб урина бериб, жигар-бағрим эзилиб кетган. Шунинг ишқида жинни бўла ёзганман. Ўқишимни ҳам, ишимни ҳам, бор-у йўғимни шунинг йўлига тикканман. На уйқуда ҳаловат бор, на овқатда; оқибат соғлигимдан ҳам ажрадим. Лекин холисанлилло ўйлаб кўрсам, одамзоднинг шуҳратини чиқарадиган хислатлар менда бор эди. Биринчидан инженер эдим. То шу дамгача мен Россияда йигирмага яқин ҳашаматли кўприк солдим; учта катта шаҳарга водопровод қурдим; Россияда, Англияда, Бельгияда ишладим… Иккинчидан мен ўз касбимга доир кўп мақолалар ёзганман. Учинчидан десангиз, азизим, болалик чоғимдан бошлаб химияга майлим зўр бўлган; бўш вақтларимда шу фан соҳасида кўп шуғулланганман ва баъзи бир органик кислоталарни топиш йўлларини кашф этганман; чет элдаги ҳамма химия дарсликларида менинг номимни кўра оласиз. Тўхтовсиз хизматларим натижасида мен «ҳақиқий статс маслаҳатчи» деган номга эришганман; хизмат варақамга биронта доғ тушмаган. Энди қилган ишларимни бирма-бир санаб вақтингизни олиб ўтирмасдан, шуни айтиб қўя қолайки, баъзи номдор зотлардан анча кўп хизмат қила оламан. Хўш, натижа нима? Мана, мен қаридим, ёшимни яшаб, ошимни ошадим десам мумкин; лекин номим чиқмади. Анави чопиб кетаётган қора ит нима-ю, мен нима? Ҳеч кимса танимайди…
— Қаёқдан биласиз? Эҳтимол, сизни ҳамма танир.
— Шундайми?.. Мана, ҳозир синаб кўрамиз.
— Айтинг-чи, сиз бирон жойда Крикунов деган фамилияни эшитганмисиз?
Улфати кўзини шипга тикиб ўйланиб турди-да, кулиб юбориб:
— Йўқ, эшитганим йўқ, — деди.
— Мана, кўрдингизми? .. Бу менинг фамилиям. Сиз интеллигент, анча ёшга борган одамсиз, лекин менинг фамилиямни мутлақо эшитмагансиз; бу нарса ҳалиги гапларимни тасдиқловчи каттакон бир далил. Мен бечора номим чиқади деб, бошқа кўчаларда юра берибман. Шуҳратнинг думидан маҳкам тутиб оламан деб, тескари келиб, қочириб юбора берибман. Энди ўйлаб кўрсам, шуҳрат чиқариш йўлларини билмаган эканман.
— Йўллари қанақа экан?
— Билмасам бу дардисарни! Сиз мендан яна: «чораси талантми? доноликми? зийракликми?» деб сўрарсиз. Йўқ, мутлақо бу нарсалар эмас, азизим. Мен билан ёнма-ён ўсган ва тезда ном чиқарган баъзи одамларни биламан; кўписи менга қараганда қуп-қуруқ бир нодон, ақли калта ва ҳатто, ярамас кишилар эди. Булар мен қилган ишнинг мингдан бирини ҳам қила олмас, менга ўхшаб жон койитмас, шуҳрат топай деб уринмас, умуман талантсиз бир маҳлуқлар эди, холос. Мана энди қаранг! Уларнинг фамилияси газета саҳифаларидан тушмайди, суҳбатларда доимо тилга олинади. Агарда зерикмаган бўлсангиз, мен сизга мисол билан тушунтириб берайин. Бундан бир неча йил муқаддам мен бир кўприк солмоқ учун К. шаҳрига борган эдим. Дунёда мунчалик одам зерикадиган расво шаҳар бўлмаса керак дейман. Яхшики, хотинлар бор экан, карта ўйини — иш қилиб эрмак топилиб турди, йўқса жинни бўлиш ҳеч гап эмас. Ҳа, ўтган иш ўтиб кетди, айтсам бўлаверади, бекорчиликдан бир ашулачи хотинни топиб олдим. Уни кўрган одам «оҳ-воҳ» қиларди, мақтарди, билмадим, нимаси бор экан?.. Менингча мақтовга арзимайдиган, ҳар қадамда учрайдиган бачкана, инжиқ, очкўз хотинларнинг биттаси эди. Тағин, тентаклиги ортиқча денг. Овқатни ҳам роса туширарди, роса ичарди; кечқурунги соат бешгача бемалол ухларди. Бўлгани-тургани шу. Уни танноз дейишаркан, ноз-карашма унга бир касб бўлиб қолган экан; адабийроқ қилиб атамоқчи бўлишса, уни артистка ёки ашулачи хоним, деб айтишар экан. Бир вақтлар мен театрпараст бўлганман; шунинг учунми, артистлик номига келтирилган бу иснодни кўриб, қаттиқ ғазабим келди. Артистка ёки ашулачи номини олишга мутлақо ҳақи йўқ, талантсиз, фаросатсиз бир махлуқ эди у. Менимча, ашулани ҳам расво қилиб айтарди, унинг бутун «санъати» оёғини ликиллатишдан иборат бўлиб, грим хонасига эркаклар бехмалол кириб чиқаверарди: шарму ҳаё деган нарсани сира билмасди. У кўпинча чет тиллардан таржима қилинган водевилларда ўйнар, хусусан ашулачи эркак тор костюмини кийиб олиб, ўзини бозорга соладиган ролларни танлаб оларди. Эсимга тушса, кўнглим айнийди. Энди бу ёғини эшитинг. Кўприк битди; тантанали равишда очилиш маросими бўлди: ибодат ўқилди, нутқлар сўзланди, табрик телеграмма ва ҳоказолар ҳаммаси жо-бажо қилинди. Мени қарасангиз, кўпригим теварагида чарх уриб, типирчилайман холос, суюнчимдан юрагим ховлиқиб, қинидан чиқиб кетай дейди. Меҳнатим сингган-да, ахир! Ўтган иш, мақтансам бўлаверади, ўзи ҳам шундай кўприк бўлибдики, кўприк эмас — ажойиб бир сурат денг! Шаҳардаги казо-казоларнинг ҳаммаси томошага келган, одам лиқ: ҳовлиқмай бўлибсиз! Халойиқ менга тикила бериб, тешиб юборадиган бўлди, қаерга беркинсам экан? деб ҳовлиқиб қолдим денг… Қарасам, бекорга ҳовлиқибман, азизим, шундай пушаймон едимки! Амалдорлардан бошқа бирон инсон менга қарамайди, одаммисан, итмисан демайди-я! Ҳаммаси дарё бўйида гала-гала тизилишиб олган, кўприкка молдай қарашади-ю, биронтаси, бу кўприкни солган одам ким, деб суриштирмайди-я! Ана ўшандан бери шунақа мўътабар зотлардан бутунлай кўнглим қолиб кетди. Ҳа, майли, гапимиз тўхтамасин. Бирданига халойиқ типирчилаб қолди; юзлари илжайган, бўйнини чўзган, ҳамма ёқни шивир-шивир босиб кетди. «Ҳа, ана энди мени кўришди» деб фаҳмлабман денг. Қарасам, ўзимнинг ашулачим: бир гала бебошларни эргаштириб олиб, одамлар орасидан ўтиб келяпти! Оломон кўзи билан худди уни еб қўя қолса! «Бу фалончи хоним… Гўзаллигини қаранг! Сухсурнинг ўзи-я!» деган шовир-шувур гапларни қўя берасиз энди… Шу аснода «шолининг кетидан курмак сув ичибди» дегандай, мени ҳам иккита гўдак нусха йигит кўриб қолди денг; шу ерлик театр ҳаваскорларидан бўлса керак. Менга бир қараб қўйишди-да, бир-бирига: «ашулачи хонимнинг ўйнаши мана шу одам» деб мени кўрсатиб шивирлашди-я! Бунисига нима дейсиз? Ёнимда цилиндр кийган, соқоли олинмаган жинқарча бир одам, оёқ қўйгани жой топилмагандай типирлаб турган эди; у ҳам менга гап сота кетди:
— Ҳу, анави нариги қирғоқда келаётган хотинни танийсизми? Фалончи хоним шу… Овоз деган нарса мутлақо бўлмаса ҳам, усталик билан ашула қила беради.
— Кўприкни ким қурибди, билмайсизми? — деб жинқарчадан сўрадим.
— Билмайман, — деди у — Аллақандай бир инженер дейишади…
— Шаҳрингиздаги саборни ким солган? — деб сўрадим.
— Буни ҳам билмайман.
Сўнгра мен: Қ. шаҳрида энг яхши педагог ким, энг яхши архитектор ким деб сўрадим. Жинқарча биронта саволимга жавоб бера олмади.
Ниҳоят мен ундан:
— Шу ашулачининг ўйнаши ким экан, билмайсизми? — деб сўраган эдим, у дарҳол:
— Биламан, Крикунов деган бир инженер эмиш, — деб жавоб берди.
Бунга нима дейсиз, чидаб бўладими, азизим? Ана ундан сўнг… Жарчи-ю баёнчилар аллақачон йўқолиб кетган, ҳозирги замонда фақат газета орқали ном чиқариш мумкин. Мен ҳам, ибодат ўқилиб, кўприк очилган куннинг эртаси, К. шаҳрида чиқадиган «Вестник» газетасини топиб олиб, ахтара бошладим денг. Газетанинг тўрт бетини тикила бериб, тешиб юбора ёздим. Ниҳоят, топдим. Ура!.. Ўқий бошладим: «Кеча ҳаво айниқса ажойиб эди. Янги солинган кўприкнинг очилиш маросими ўтказилди. Бу маросимга жуда кўп халойиқ тўпланди, губернамизнинг бошлиғи фалончи жаноби олийлари ташриф қилдилар, бошқа тамоми амалдорлар ҳозир бўлдилар». Энг охирида эса: «К. шаҳрининг эркатойи, талантли артисткамиз, оидек соҳибжамол фалончи хоним маросимга ҳусн бўлиб тушдилар. Халойиқ уни гулдурос олқишлар билан кутиб олди. Соҳибжамолнинг эгнидаги кийим фалон-туган… ва ҳоказо». Менинг ҳақимда бир оғиз сўз йўқ! Ярим оғиз денг! Ишонасизми, уят бўлса ҳам аламига чидай олмай йиғлаб юбордим…
Ниҳоят, бу ер бир провинция, гина қиладиган жой эмас, нимасига хафа бўласан? Ном чиқараман десанг — илмий марказларга, пойтахтга боришинг керак, деб ўзимни зўрға босиб олдим. Худди ўша вақтларда конкурсга атаб ёзилган бир асаримни Питерга юборган эдим. Конкурс муддати ҳам яқинлашиб қолган эди, менга баҳона топилди денг.
К. шаҳри билан хайрлашиб, Питерга жўнадим. К. билан Питернинг ораси анча узоқ. Узоқ йўлга эрмак керак. Ҳалиги ашулачини эргаштирдим-да, алоҳида бир купе олиб, йўлга тушдим. То кела-келгунча овқат-у шампански-ю, таралла-ялла! Шу алфозда илмий марказга — пойтахтга етдик. Питерга худди конкурс куни кириб келибман денг. Менинг асарим биринчи мукофотга сазовор булибди. Ура! Ғалабани нишонлаб, ўша куни роса байрам қилдик. Эртаси куни Невский кўчасида кетаётиб кўзим газетага кўзим тушди. Ҳовлиқиб уч ярим тангалик ҳар хил газета олибман денг. Югурганимча номеримга келдиму, ўзимни диванга ташладим ва қалтироқ босиб ўқий бошладим. Биттасини қараб чиқдим, ҳеч гап иуқ! Иккинчисини карайман йўқ! Ниҳоят, тўртинчи газетада шундай хабарга кўзим тушди: «Кеча курьер поезди билан машҳур провинционал артистка фалончи хоним Питербургга келди. Жанубнинг шифобахш ҳавоси хонимга яхши таъсир этганини мамнуният билан қайд этмай ўта олмаймиз. Ундаги ҳусн-латофат, саҳнабоп қадду қомат ва гўзаллик…» У ёғи ёдимда йўқ! Шундан анча пастроқда, майда ҳарф билан босилган хабарга кўзим тушди. Унда «Кеча фалон конкурсда биринчи мукофот фалон инженерга берилди». Шу холос! Ўлганнинг устига кўмган килиб, фамилиямни ҳам чалкаш ёзишибди. Крикунов эмас, Киркунов бўлиб қолибман. Мана илмий марказингиз! Бу ёғини ҳам эшитинг… Бир ойдан сўнг мен Питердан жўнайдиган бўлдим. Ҳамма газета бараварига: «Монанди топилмас, худодод талант, парирўй артисткамиз» деб жар сола бошладилар. Шундай қилиб менинг маъшуқам ҳамманинг оғзида, энди исми ва отасининг номи илан тилга олинадиган даражага етди денг…
Орадан бир неча йил ўтгач, мен Москвада булдим. Бу ерга келишимга сабаб, шаҳар бошлиғининг менга ўз қўли билан ёзиб юборган хати бўлди. Гап Москва аҳолиси ва газеталари юз йилдан буён қўзғаб юрган бир масала устида борар эди. Бўш вақтларимдан фойдаланиб, шаҳардаги бир музейга иона тарзида бешта бепул лекция ўқиб бердим. Айтингчи, шу ишларим ҳеч булмаса уч кунгина ном чиқаришга арзимабдими? Афсус! Биронта газета бир оғиз сўз ёзмаса-я! Ёнғин тўғрисида бор, оперетта тўғрисида бор, ухлаб қолган амалдор, маст бўлган савдогар — ҳаммаси газетада бор-ку, лекин мен қилаётган ишлар, проектлар, лекциялар ҳақида чурқ этишмайди! Москваликларнинг одамшавандалигини қаранг!.. Кўнкага тушдим… Вагон лиқ тўлган: хонимлар, ҳарбийлар, студентлар, гимназисткалар — ҳаммасидан бир жуфтдан бор. Мен баланд овоз билан атайин ҳаммага эшиттириб ёнимдаги одамдан гап сўрадим:
— Шаҳар думаси фалон иш юзасида бир инженерни чақириб келибди дейишади; билмадингизми, ўша инженернинг фамилияси нима экан?
Ёнимдаги одам калласини чайқади. Мен бошқаларга назар солдим: биронта «биламан» деган одам кўринмайди.
Мен одамларга қарата яна гап қўзғай бердим:
— Фалон музейда аллаким лекция ўқиётган эмиш! Ажойиб лекция дейишади.
Бирор инсон «чурқ» этмайди. Лекция тўғрисида кўпчилик бехаоар бўлиши мумкин, лекин жаноби хонимлар лекция у ёқда турсин, музейнинг қаердалигини қам билишмайди. Бирданига одамлар ёпирилишиб вагон деразаларидан мўралай бошладилар. Бу нимаси? Ўзи нима гап?
— Қаранг, анавини қарасангиз-чи! — деб ёнимдаги одам мени турткилайди. — Анави извошга тушаётган қорача йигитни кўряпсизми? Машҳур тез юрар Кинг шу бўлади…
Бутун вагонни чуғур-чуғур босиб кетди. Москвада ҳамманинг фикри тез юрар одамларга банд бўлган бир пайт экан.
Яна кўп мисоллар келтиришим мумкин, лекин шуниси ҳам кифоя қилар деб ўйлайман. Энди фараз қилайлик, мен ўз ҳақимда, эҳтимол, катта кетаётгандирман, янглишган бўлишим мумкин. Балки, ўзим бир мақтанчоқ ва ношуд одамдирман… Йўқ, ундай эмас. Мен кўпгина аломат, талантли, меҳнатсевар тенгқурларимнинг тақдирини биламан; кўписи беному нишон ўлиб кетди. Ана шу ажойиб рус денгизчиларини, кимёгарларини, физик ва механикларини, қишлоқ хўжалик ходимларини, қани айтингчи, ким танийди? Ҳатто, ўқимишли кишиларимиз ҳам рус рассомларини, ҳайкалтарошларини, адабиёт ходимларини билишармикин? Айрим ишчан ва талантли адабиётшунослар ўттиз-қирқ йиллаб редакция остоналарини ялайди, қучоқ-қучоқ қоғозларни ёзиб тўлғазади, камида йигирма марта ёлғон хабар учун судлашади, оқибат ўз кулбасидан нарига бора олмай қариб чириб тамом бўлади. То шу дамгача биронта ёзувчимиз асари билан танилганми? Йўқ. «Дуэлда ўлган, жинни бўлган, Сибирга ҳайдалган, ёки картада ғирром ўйнаган» деб номи тарқалгандан кейингина ҳамма танийди.
Биринчи класс пассажири гапга шунчалик берилиб кетган эдики, ҳатто, сигараси оғзидан тушиб кетди; у жойидан қўзғалиб, — Мана аҳвол! — деди ғазабланиб ва яна сўзида давом этди. — Шундай ажойиб одамлар бу ёқда қолиб, арзимаган ашулачилар, акробат ва масхарабозларнинг номи чиқади, уларни чақаловдан сўрасангиз ҳам аитио беради. Аҳвол мана шу!
Эшик очилди-да, гувуллаб шамол кирди. Эгнига плашч чакмон, бошига цилиндр кийган, кўк кўзойнак тақкан қовоғи осилган бир шахс вагонда пайдо бўлди. Шахс у ёқ бу ёққа қараб, хўмрайганича ўтиб кетди.
— Биласизми бу ким? — деб чўчиб айтилган овоз вагоннинг у бурчагидан эшитилди, — Бу — тулалик машҳур товламачи, фалон банк масаласида яқинда судга тушди.
— Мана сизга мисол! — деб кулиб юборди биринчи класс пассажири. — Тулалик товламачини билади, қани ундан сўраб кўрингчи: Семирадскийни, Чайковскийни, ёки файласуф Соловьевни билармикин? Калласини чайқамаса — бетимга «туф» денг, мана расвогарчилик.
Уч минут чамаси жимжитлик давом этди.
— Рухсат этсангиз мен ҳам сизга бир савол берсам, деди улфати тортинибгина, — Пушков деган фамилияни эшитганмисиз?
— Пушков?.. Ҳм! Пушков дедингизми? Йўқ эшитмаганман. Бу менинг фамилиям, — деди улфати қизариб — Демак, эшитмаганман денг!.. Мен ўттиз беш йилдан бери рус университетларидан бирида профессорлик қиламан… Фанлар академиясининг аъзосиман… Нашр этилган кўп китобларим бор…
Биринчи класс пассажири ва улфати бир-бировларига тикилиб қарадилар ва хахолаб кула бошладилар.
О. Шарапов таржимаси