Генерал-лейтенант Запупирининг дафн маросими. Марҳумнинг уйидан мотам мусиқаси ва қаттиқ-қуруқ овозлар янграрди. Хабар топган томошаталаблар ҳар томондан югуриб келишган. Чиқариш маросимига ошиққанлар орасида Пробкин ва Свистков ҳам ҳозиру нозир. Иккови ҳам хотини билан бирга.
– Мумкин эмас! – Маҳаллий нозир ёрдамчиси ёқимли, очиқ чеҳра билан тўсиққа ёпирилиб келганларни тўхтатишга уринарди. – Мумкин эмас! Илтимос, орқага! Лекин шундай бўлса ҳам, хонимлар ўтиши мумкин… марҳамат сиз, хоним.
Пробкин ва Свистковнинг хотинлари нозир ёрдамчисининг кутилмаган илтифотидан қизаришиб, тўсиқдан лип этиб ўтиб олишди. Эрлари эса жонли девор томонда қолганча пиёда ва отлиқ назоратчилар ортидан ўйчан боқишарди.
– Ўтиб олишди! – деди кетиб қолган аёлларга рашк ва нафрат билан қараб қолган Пробкин. – Бахт чиндан ҳам бу уламасочларга. Эркакларда ҳеч қачон бундай имтиёз бўлмайди. Хўш, бизникидан афзалроқ қандай хислати бор уларнинг? Аёллар, айтиш мумкинки, оддий, ҳаммага ўхшаган, қолаверса, бидъатчи, лекин барибир уларни ўтказиб юборишди. Сиз билан бизни эса гарчи бешинчи даражали мартабага эга бўлсак-да, ўтказишга лойиқ кўришмади.
– Таажжуб, ўйлаб кўринг-а! – деди нозир ёрдамчиси Пробкинга таъна билан қараб. – Сизларни ичкарига олмаганимда ҳозир бошланадиган беўхшов туртинишлар орасида қолиб кетардингиз. Ахир, шундай назокатингиз билан сизни бунақа аҳволда қолдиришни ҳечам ўзимга эп кўрмасдим!
– Марҳамат қилиб қолдиринг! – жаҳли чиқди Пробкиннинг. – Аслида аёллар кўпчилик орасида биринчи бўлиб туртинишади. Эркаклар бир нуқтага тикилиб тураверади, хонимлар эса қўлларини кенг қўйиб, бемалол туртиб кетаверишади, нима бўлса бўлсину, башанг либослари ғижимланмасин. Гъиринг деб кўр-чи! Аёллар бор жойда омад эшиги ҳамиша очиқ. Хонимлар ва аскарлар учун рақс кечалари ҳам бепул, ҳа, бир тийинга олишмайди. Ҳатто тан жазосидан ҳам осонгина озод қилишади… Қайси хизматлари учун деган савол туғилади. Пошша қиз рўмолчасини тушириб юборса, сен энгашиб олиб бер; у кириб келса, дарҳол ўрнингдан туриб, стулингни узат; чиқиб кетса, кузатиб қўй… Расм-русмни қара-я! Қандай бўлмасин, унга етиш, фараз қилайлик, бешинчи даражали мартаба соҳиби – менга ёки сенга бир умр карнай чалиш бўлса, бас. Ойимқиз эса ярим соатда юқори мартабали инсон билан йўлини топиб, никоҳдан ўтиб олади-ю, бир пасда олий зотли хонимга айланади. Борди-ю, мен княз ёки граф бўлиб қолсаму, бутун дунёни бўйсундирмоқни ихтиёр этсам, Шипка чўққисини забт этсаму, вазирлар ҳузурида бўлиб турсам, ўз паноҳингда асра, бирорта она сути оғзидан кетмаган Веренка ёки Катенка граф қаршисида пайдо бўлиб, этагини айлантиради, кўзини сузади – мана жаноби олиялари… Сен ҳозир губерня котиби… Бу мартабангни, айтиш мумкинки, қон ютиб қўлга киритгансан; сенинг Маря Фоминишнанг-чи? У нима учун губерня котибаси? Попнинг қизилиги учун осонгина амалдорнинг хотини ҳам бўлиб олди. Ажойиб хотин! Сен унга ишимизни бер, у сенинг ўрнингда келди-кетди хатларини ёзиб ўтиради.
– Аммо тушкун ҳолатдагиларга хушкайфият бағишлайди, – гап қистирди Свистков.
– Бағоят муҳимлик! Улар амалдорлар қаршисида қовоғи уйилганга ўхшаб туришади, бироқ бу билан ўзларининг дилни яйратгувчи оромижонликларини кўз-кўз қилишади. Турган-битгани қулайлик. Бизнинг доирадан бирорта қиз ёки хоним генералга ҳам бемалол бидир-бидир гапира олади, сен эса амалдор олдида ниманидир айтишга журъат ҳам қилолмайсан… Ҳа… Сенинг Маря Фоминишнанг тортинмасдан бирор амалдорнинг қўлтиғидан олганча у билан бемалол сайр қилади, сен ҳам ана шундай амалдорнинг қўлтиғидан тутиб кўр-чи! Қани, ол, уриниб кўр! Бизнинг уйимизда, остки қаватимизда қанақадир профессор хотини билан яшайди… Генерал, тушуняпсанми, лекин Анна биринчи ўринда туради. Шунинг учун ҳар доим хотинининг жеркинганини эшитасан: “Аҳмоқ! Аҳмоқ! Аҳмоқ!” Ахир, у оддий қишлоқ аёли-ку, мешчанлардан, лекин бунда ҳар ҳолда қонунийлик бор ва шундай бўлиши керак ҳам… Азалдан шунақа, ҳақ-ҳуқуқлари учун талашиб-тортишишади, аммо сен ноқонуний тарафини олиб кўр.
Бир ҳодиса умрбод эсимдан чиқмайди. Ўлишимга озгина қолганди, шунда билсам, ота-онамнинг дуолари туфайли омон қолган эканман. Биласанми, ўтган йили бизнинг генерал таътилда ёзув-чизувлари учун қишлоғига мени ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. Бир соат ишлаб, қолган вақтда бекорчи ишлар билан банд бўлардик. У ишларини битириб, айлангани ўрмонга жўнарди ёки хизматкорлар романсларини тингларди. Генералимиз сўққабош. Уй тўла ноз-неъмат, хотинлар эса йўқ, хизматкорларни ҳеч ким бошқармаганидан худди итдек пала-партиш яшашади. Хуллас, одамларнинг бари тартибсиз, гапга кирмайдиган… ва фақат оқсоч Вера Никитишна ҳаммамизга сўзини ўтказади. Унинг ўзи чой қуяди, тушлик буюртиради, хизматкорларга ўшқиради. Эҳ дўстим, бу ёқимсиз аёл жудаям заҳар, шайтоннинг ўзгинаси. Семизлигидан доим қизариб юради. Кимгадир қичқира бошласа, шунақа чийиллайдики, Худо асрасин бундай беўхшов чинқириқдан. Хуллас, бақир-чақирлару, ҳақоратлар жонга тегиб кетди. Во, ажаб! Унинг яқинида яшашга ҳеч ким тоқат қилолмасди. Нафақат хизматкорларнинг, балки менинг ҳам жиғимга тегарди бу маккор. Шунда: “Шошмай тур, қулай фурсат топиб, сен тўғрингда барисини генералга айтиб бераман. У хизмат билан банд бўлиб, кўзига чўп солиб юрганингни ва одамларни бездираётганингни кўрмайди-да, қараб тур, мен унинг кўзини очиб қўяман”, – деб ўйлардим. Очилди ҳам, биродар, кўзлар шунақа очилдики, назаримда ўзимнинг кўзим умрбод юмилмайдиган бўлди. Эсласам, ҳатто ҳозир ҳам этим жунжикади.
Бир куни мен коридордан бораётиб, тўсатдан чинқириқ овозини эшитиб қолдим. Аввалига чўчқани сўйишяпти, деб ўйладим, кейин эса диққат билан қулоқ солсам, Вера Никитишна ким биландир жанжаллашарди:
– Ҳайвон! Нақадар ярамассан! Аблаҳ!
– Кимни қарғаяпти? – дея ҳайрон бўлдим.
– Эҳ ошнам, иттифоқо кўриб қолдим: эшик очилиб кетди ва ундан бизнинг генерал учиб чиқди. Қип-қизарган, кўзлари чақчайган, сочлари тўзғиган бир ҳолатда. Аёл эса унинг орқасидан ҳам сўкинарди: “Ярамас! Иблис!”
– Валдирайвер! – дерди дарғазаб генерал.
Рости, мен қизишиб кетдим. Бизнинг генерал эса ўз хонасига югуриб кетди, мен эса гўё ҳеч нимани тушунмаган аҳмоқдек коридорда туравердим. Калтафаҳм, оми, тагипаст бир аёл бирданига бунақанги ҳақоратомуз сўзлар билан муомала қилишга журъат этди-я! Ўйлашимча, демак, генерал у билан ҳисоб-китоб қилмоқчи бўлган, у эса гувоҳлар йўқлигидан фойдаланиб, бутун заҳрини генералга сочяпти. Йў-ўқ, буни шундай қолдириб бўлмайди, йўқотиш керак бу алвастини. Қоним қайнаб кетди… Унинг хонасига бордимда, дедим: “Сен, ярамас, қандай қилиб амалдор одамга қўрқмасдан шунақа сўзларни гапирдинг? Нима, уни ҳимоясиз заиф чол, деб ўйлаяпсанми?” Ўзим ҳимояга ўтдим, биласанми, нима қилдим, унинг ёғ босган юзига икки марта тарсаки туширдим. Ана шунда кўрсанг эди унинг қанчалар кўтарилиб кетганини, шунақа чинқириб бақира бошладики, ўзи асрасин бундай офатдан! Умуман яхши иш бўлмади.
Қулоғимни бекитдим-да, ўрмонга жўнадим. Тахминан икки соатлардан сўнг қаршимга бир бола югуриб келди: “Хўжайиннинг олдига марҳамат қилинг”. Бордим. Кирдим. Куркага ўхшаб тумшайиб ўтирарди, қарамади ҳам.
– Бу, менинг уйимда сиз нима ўрнатмоқчисиз ўзи?
– Яъни, қанақа? Мабодо, сиз Никитишна тўғрисида гапираётган бўлсангиз, мен сизнинг ёнингизни олдим-ку.
– Бу сизнинг ишингиз эмас, бировнинг оилавий ишларига аралашяпсан! Тушунасанми?! Оилавий!
Эҳ, биродар, у таъзиримни бера бошлаганда шунақа қизишиб кетдики, ўлишимга озгина қолди. Гапириб-гапириб, тўнғиллаб-тўнғиллаб, бирданига томдан тараша тушгандек кулиб юборди. “Бунақа гапиришни қандай эпладингиз? Бунча журъатни қаэрдан олдингиз? Таажжуб! Лекин буларнинг бари, дўстим, орамизда қолиши керак… Сизнинг қизиққонлигингизни тушунаман, бироқ хўп десангиз, сизнинг бундан кейин менинг уйимда қолишингиз ножоиз…”
Мана, ошна! Қандай қилиб ўша гердайган “товус”ни калтаклаганим, унга ҳатто ажабланарли. Ҳа, шаллақи хотин эс-ҳушини олиб қўйган. Оқ Бургутнинг махфий маслаҳатчиси бўла туриб, оддий бир аёлнинг таъсирига тушиб қолганини раҳбариятнинг ўзи ҳам билмайди-да… Ҳа, аёлларнинг каттадан катта қулайликлари! Аммо… сен яхшиси, шапкани еч! Генерални олиб кетишяпти… Эҳ, қанчадан-қанча орденлар, отахонлар дунёси! Хўш, қани, Худо ҳаққи, хонимларни олдинга ўтказиб юборишди, чинданам, улар орденларда бирор нарса борлигини тушунишадими ўзи?
Мусиқа чалина бошлади.
Рус тилидан Шаҳзода ҲАКИМОВА таржимаси