Анор. Дада Қўрқут (киноқисса)

* * *

Бағри ям-яшил улуғ тоғлар бундоқ урушни кўрмаганди. Туби теран тор даралар бундай қирғинни билмаган эди.
Саваш бир саваш эди, майдон тўла бош эди. Шаҳбоз-шаҳбоз отлар елар, тақаси қоларди. Қора пўлат қиличлар чопилар, дами тезланарди. Уч қиррали ўткир ўқлар отилар, темирни тешарди.
Бу кун Ўғуз элларининг оғир куни эди. Ўғуз ўғлонлари бир-бирига қарши кўтарилган, дўст дўст билан, ака ука билан жанг қиларди, оға инисидан, ота ўғлидан айрилганди. Бу қонли бало Ўғуз элининг бошига қайдан келган эди? Айтган билан адо бўлмайди. Қўйингки, юрт оқсоқоли, элнинг улуғ донишманди Дада Қўрқут келсин, қўбизини қўлига олсин, ўтган-кетганлардан айтсин, сўз сўйласин, бўй бўйласин, мард йигитлар бошига тушган кунлардан куйласин.
…Дада Қўрқут ушбу дам на сўз айтарди, на қўбиз чаларди. Олти парли гурзилар, яланғоч қиличлар, темир бошоқли ўқларнинг гали эди, отлар кишнар, баҳодирларнинг наъралари Арши аълога ўрларди. Сўзни, қўбизни эшитадиган ким бор, тинглайдиган ким бор? Дада Қўрқут фар­ёд чекиб Ўғуз ўғлонларига юз тутар, қардошларини бу қонли қирғинни тўхтатмоққа чақирар, аммо унинг гапини оладиган, сўзига қулоқ соладиган зот йўқ эди, Дада Қўрқутнинг сўзини ҳеч қачон икки қилмаган йигитларнинг бугун қони қизиган, ақллари шошган эди.
Икки йигит от елдириб юзма-юз келдилар. Отлари кўкка сапчиди. Бир йигит иккинчисининг белидан олиб, боши узра азот кўтариб ерга урди. Мағлуб йигит кўкдан ерга чунон секин, чунон оғир тушдики, арқондан сирғалиб тушгандек бўлди. Аммо шу ондаёқ уни мағлуб этганнинг ҳам ажали етди. Визиллаб келган бир ўқ унинг кўксига санчилди, у ҳам қўлларини қанотдек ёзиб отнинг бўйнидан қучиб, от белидан сирғалиб тупроққа тушди. Бир дайди ўқ отга тегди, от ҳам йигитларнинг қаватида чўзилиб қолди. Вазмин-вазмин, оғир-оғир қуладилар, типирчилай-типирчилай тинчиб қолдилар.
Бошқа жангчилар ҳам бир-бирларини қириб ётардилар. Бир-бирига қилич солган ким, учар отда учиб келиб ёв бошига калтак солган ким, камон тортиб ўқ отган ким, каманд ташлаб чавандозни эгаридан қулатган ким…
Жанг майдони ғаройиб бир тусга кирганди. Йигитлар ҳам, отлар ҳам бирма-бир ҳалок бўлиб қулар, қулаганлар тошдек қотиб қолар эдилар. Нидолар, наъралар, отлар кишнаши сийрак тортиб борарди. Охири ҳеч ким қолмади. Майдон тўла лош эди, жасад эди – тош лош, тош жасад.
Жанг сўнгига етди; энди бу майдон майдон эмас, тош ҳайкалларга тўлган бир саҳро эди, инсон ва от ҳайкаллари турли ҳол, турли аҳволда тошга айланиб қолган эди – ўлганида қайси ҳолда бўлса, шу ҳолда.
Бу тош ҳайкаллар оралаб оғир-оғир, эзгин-эзгин бир чол ўтиб борарди, оқ сочи оқ соқолига қўшилиб кетган бир пир. Кекса Дада Қўрқут қашқа айғирини етаклаганча майдондан кечиб тепа бошига чиқди, ўгирилиб ортига боқди. Майдон манзараси ҳам энди бироз ўзгарган, тош ҳайкаллар умумий қиёфаларини сақлаб қолган бўлсалар-да, аниқ қиёфаларини йўқотган эдилар, энди бу ортиқ инсон, от ҳайкаллари эмас, уларни эсга солувчи ғалати тошлар, ғаройиб тошлар, чўққайган қоя парчалари эди. Ҳаммаёқ тош уюмлари – қонли жангдан қолгани фақат шу эди! Ўғиз элларидан қолгани шу эди, холос! Фақат тошлар, фақат қоялар… На бир сас, на бир садо, на тирик жон, на бир инсон…
Дада Қўрқут чуқур хўрсинди, аччиқ-аччиқ йиғлади, куйган жигарини доғлади, айғирининг жиловидан тутиб йўлга тушди, тоғ ошди, дара кечди, юра-юра бир ўрмон этагидан чиқди. Ўрмонмисан, ўрмон. Писта ўрмони эди бу ўрмон, ҳам бир қабристон эди бу ўрмон. Гўё писта дарахтлари қабрларнинг ичидан бўй отган эди. Қабрлар устига эса қўйларнинг тош ҳайкаллари қўйилган эди. Гўё бу ўрмонда каттакон сурув тошга дўниб қолган эди!
Дада Қўрқут бир ўрмонга боқди, бир тош қўйларга, бир қабрларга боқди, қўққисдан бир овоз эшитди. Қайрилиб қаради, қора бахмал шалвор кийган ёш бир йигит қабр қазиётганини кўрди.
– Ҳой ўғлон, – дея хитоб қилди Дада Қўрқут унга, – нима ковлаяпсан ўзи?
Ўғлон Дада Қўрқутга кўз қирини ташлади. Унинг юзида, кўзларида машъум бир ифода бор эди. У лоқайд бир ҳолда:
– Гўр ковлаяпман, Дада, – деди.
– Ким учун ковлаяпсан бу гўрни?
Ўғлон айни ўша бегоналик билан:
– Сен учун, Дада, – деди.
Дада Қўрқут чўчиб тушди. Йигит унга парво қилмай, ўз ишида давом этди.
Тупроқ ташқарига отилган сари, мозор ёнидаги тепача каттарган сари, қабр чуқурлашган сари Дада Қўрқутни даҳшат босарди. У мунғайиб, ҳаёт-мадори қуриб қолган эди. Бир овоз эшитиб бошини кўтарди. Дарахт тепасида чуғурлаб турган қушлар ушоқ-ушоқ тошлар каби бутоқлардан ерга қулаб тушдилар. Уларни отиб-овлаган кимса йўқ эди, бирма-бир ўзлари тўкилдилар, ер билан битта бўлдилар. Дарахтнинг ўзи ҳам қуриб битди. Яшил япроқлари сарғайиб сўлди, бандидан узилиб тушди, шамолларга қўшилиб учиб кетди. Дарахтнинг гуллари варам бўлиб, қовжиради, бутоқлар яланғоч қолди.

Чаманларда битган ўтлар гуркираркан, битмас бўлди,
Булоқлардан оққан сувлар гулдираркан, оқмас бўлди,
Қанот қоқиб учган қушлар бирданига учмас бўлди,
Бутоқлар ҳам урён қолди, куртаклар гул очмас бўлди.

Дада Қўрқут қайга боқса, ўлим кўрди, ажал кўрди. Ўт-ўланлар орасидан вишиллаб чиққан чипор илон судралиб Дада Қўрқутнинг ёнига келди, бош кўтариб уни заҳарламоқчи бўлди.
Дада Қўрқут уни кўриб ҳаяллаб ўтирмай, дарҳол ўзини четга олди, бир сакраб қашқа айғирига минди. От ҳам илондан қўрқиб пишқирди, еридан елдек қўзғалиб, тоғлар томон учиб кетди. Дада Қўрқутни ўрмондан, мозордан, ажалдан қутқариб олиб кетди.
Аммо гўр қазиётган ўғлон ишини тўхтатмади, кўздан йитган чавандоз ортидан узоқ-узоқ боқди, жилмайиб қўйганича гўрни ковлай кетди.
Дада Қўрқут от чоптириб қуйидан юксакка чиқди, қишин-ёзин қори-музи эримаган Қазилиқ тоғидан ошди, тошиб-жўшиб ётган сувлардан сакради, қир-адирлардан, даралардан ошиб ўтди, бошқа бир иқлимдан келиб чиқди.
Бу жой боши-охири йўқ бир дарёнинг қирғоғи эди. Денгиз кўм-кўк эди, тўлқинлари оппоқ, майин-майин. Қирғоқ бўм-бўш, на инс бор эди, на жинс. Дада Қўрқут отдан тушди. Денгиз сувидан ҳовучлаб юзига сепди, қуёшга қараб жилмайди, чеҳраси очилди. Қўққисдан бир сас эшитиб, қулоқ солди. Қайрилиб боқди, қирғоқдан олисда бир қора кўриб, ўша томон юрди.
Бориб кўрсаки, яшил бахмал шалвор кийган бир кимса ер ковлаяпти.
Дада Қўрқут салом берди, у алик олмади.
– Нима ковлаяпсан, ҳой инсон? – деб сўради.
– Сенга гўр ковлаяпман, Дада, – дея ўгирилиб унга боқди.
Бу кимсанинг қиёфаси бошқа эди. Ёши, кўриниши бошқа, аммо кўзлари ўша кўзлар эди, ҳалиги ўғлоннинг машъум кўзлари.
Дада Қўрқут ортга чекинди, эгилиб гўрга боқди, бу гўр нариги гўрдан анча чуқур, ёнидаги тепача нариги тепачадан анча катта эди.
Дада Қўрқут айғирига сакраб миниб, қамчи солди. От уни бу ердан узоқларга олиб кетди.
Қамишзордан, от ботса чиқолмайдиган ботқоқлардан, ўрмонлардан учиб, айқириб оққан кўм-кўк сувлардан кечиб ўтди. Ёмғиру қорларда қолди. Ниҳоят, оппоқ бир ўлкага етиб келди. Тўрт томон фақат муз, фақат қор. На бир инсон саси бор, на бир инсон нафаси. От ҳам толиқди, Дада Қўрқут ҳам.
Дада Қўрқут отдан тушди, ўнгга боқди, сўлга боқди, қўққисдан бир овоз эшитди. Бу қор саҳросининг олис бир ерида бир қора кўринди, аллақандай товуш эшитилди. Қалин кийиниб олган қора чарм камзулли бир кимса болта билан муз чопарди. Дада Қўрқут ёндошиб борди. У кимса тўхтаб Дадага боқди.
– Оз қолди, Дада, – деди у, – биласанки, кишилар учун қабр чуқури тизза қадар бўлиши керак. Оз қолди…
Дада Қўрқут жуда қўрқиб кетди: кўзлар ўша кўзлар эди, муз остида қазилган қабр ҳам анча чуқур эди, тизза қадар бўлишига ҳеч қанча қолмаган эди.
Дада айғирга миниб, қичашга тушди. От ҳам ҳорғин эди, отлиқ ҳам.
Чопдилар, йўрғаладилар, бу иқлимдан ҳам узоқлашиб кетдилар. Оппоқ чўлу тақирлар, яшил адирлар тугаб бўлди, сап-сариқ бир саҳро бошланди.
Қум, қум, бутун борлиқ қум, сап-сариқ қум. Бир саҳроки, на боши бор, на охири. Даданинг танглайи қуриб қолди.
Қашқа айғирнинг оғзи кўпикка тўлди. Барханларда от суринди, қумга ботди, Дада Қўрқутни ерга отди. Дада Қўрқут нафас ростлади, бархан тепасига чиқди, кўрсаки, бу тепанинг нарёғида ҳам бир қабр қазилган. Қабрни қазиб бўлаёзган одам – ярим яланғоч бир қария эди. У бошини кўтариб Дада Қўрқутга боқди. Ёши ўтган, сочи тўкилиб битган, лекин кўзлари ўша кўзлар эди.
Дада Қўрқут қушдай учиб отига минди-да, ела кетди. Қишин-ёзин қори, музи эримайдиган Қазилиқ тоғининг чўққисидан этагига тушди, мундоқ қараса, аввалги жойидан келиб чиқибди. Ўша писта ўрмони, ўша тош қўйлар, ўша қабристон. Ҳалиги ўғлон йўқ, ўғлонни ўғлон демоқ маҳол, у энди қадди букилган чол эди – қабрни қазиб бўлган эди. Тиззасига қадар қабр ичида эди. Дада Қўрқутни кўриб қабрдан чиқди.
– Ҳа, Дада, – деди, – етиб келдингми? Кўрдингки, ажалдан қочиб бўлмайди. Гўринг ҳам тайёр бўлди. Қани, кел, кира қол!
Қабр қазган чол ўрмон ичига кириб, кўздан ғойиб бўлди. Дада Қўрқут отдан тушди, энди ўлимдан қочгани мадори қолмаган эди. Дада қабр бошидаги тепача устига ўтирди. Ўт-ўланлар орасидан вишиллаб бир чипор илон чиқди, бурала-бурала Дада томон суринди. Дада уни кўрди, аммо қимир этмади, тек қотди. Дамини ичига ютди, нима бўлишини кутди.
Ер ўлик қушларга тўлган, ўтлар, чечаклар сарғайиб-сўлган, бутоқлар яланғоч, япроқсиз қолган, гўё бутун олам ўлимга таслим бўлган эди.
Даврон – ажал даврони, майдон – Азроил майдони эди.
Дада Қўрқут ғамгин-ғамгин у ёқ-бу ёққа боқди, бошини қуйи солиб бир тош қотган қашқа айғирига, бир отнинг эгарига боғланган қўбизига боқди. Оёққа турди, қўбизини қинидан олди, кўксига босганича бир муддат жим қолди. Ўтган-кетганлар кўз олдидан кечди. Йигитлар, жанг-жадаллар, тош ҳайкаллар, тоғ қоялари, саҳро қумлари, шакли-шамойили йўқ тош уюмлари…
Илон сурина-сурина Дада Қўрқутнинг ёнгинасига келган, чақиб олишига бир бахя қолганди. Бирдан Дада Қўрқут қўбизининг торларига бармоқ урди, қўбизи тилга кирди, созининг садолари остида бир сўз айтиб турди:
– Қани ўшал эранлар? Дунё маним деганлар? Ажал олди, ер яширди, яна фоний дунё қолди! Келимли-кетимли дунё, охири ўлимли дунё! Қари Қўрқут, ўлар бўлдинг, шуни бил! Карвон кетди, ортда қолдинг, шуни бил! Қанча узоқ яшасанг ҳам, сўнги ўлим, охири жудоликдир.
Дада Қўрқут қўбиз чалди, уни чақмоқчи бўлган чипор илон бирдан тўхтаб қолди, қўбиз садолари остида ортга чекинди, сурина-сурина кўздан йўқолди.
Дада Қўрқут қўбиз чалди. Ердан бир гала қуш пир этиб бутоқлардан жой олди. Чивир-чивир сайрай кетди.
Дада Қўрқут қўбиз чалди. Дарахтлар чечакланди, яланғоч бутоқлар япроқланди, адирларда ўт-ўланлар бош кўтарди, қуриб қолган чашмаларнинг кўзи сарин-сарин сувларга тўлди. Мозор бошидаги тепачанинг тупроғи ҳам тўкила-тўкила гўрни тўлдирди.
Дада Қўрқут қўбиз чалди – ҳаёт янгидан уйғонди. Дада Қўрқутнинг ўзи эса мозорини ҳам, ўлимини ҳам унутган эди. У энди қўбизининг торларидан туғилган гўзал бир дунёда яшар эди – ўтиб кетганларнинг, йигитларнинг, жўмардларнинг дунёсида. Дада Қўрқут қўбиз чертар, қўбиз садолари остида йигитларнинг бошларига тушган савдолардан сўз айтар эди, кўрайлик-чи, не дейди экан?!
Дада Қўрқутнинг овози янграйди:
– Кунларнинг бирида хонлар хони Баяндурхон ўрнидан эрта турди. Юксак тоғнинг бошида гулхан ёқинглар, деб фармон берди.
Юксак тоғ чўққисида бир гулхан ёнади. Узоқ-узоқ тоғларнинг бошида ҳам бирин-кетин гулханлар ёнади. Дада Қўрқутнинг овози янграйди:
– Ўғуз элининг бир одати бор эди. Ўғуз йигитларини, хотинларини тўйга, тантанага чақирганда юксак тоғнинг бошида бир гулхан ёқилар эди. Бу оловни кўриб, бошқа тоғларда ҳам гулхан ёқардилар, бутун элу юрт бунинг нелигини билар, ясаниб-тусаниб тантанага келарди. Агар иккита гулхан ёқилса, билардиларки, элнинг бошида бир хатар бор, таҳлика бор, ёв бостириб киришга тайёр, шунда йигитлар қурол-яроғини қўлга олиб дарҳол тўпланарди.
Ям-яшил бир адир, адирда алвон-алвон чодир, капа, кўшк, ўтовлар тикилган, яшил чаманзорга ранг-баранг ипак гиламлар тўшалган эди.
Тўрт киши силлиқ қайроқтош билан Қўбустондаги “Қавол тош”ни чалар, оҳанглар, садолар кўкка юксалар эди.
Бошқа бир томонда гумбур-гумбур ноғоралар гумбурлар, карнайлар чалинар, сурнайлар садоси самоларга таралар эди.
Етти ерда қазилган ўчоқларнинг тутуни кўкни тутган, етмиш етти ерда сарин сувлар, ол шароблар солинган, нақшинкор бордоқлар қўйилган, кун шуъласида ял-ял ёнган мис товоқлар, қозонлар тизилган, қанораларда нимта-нимта этлар осилган эди.
Дада Қўрқутнинг овози янграйди:
– Баяндурхон Шомдан келтирилган чодир айвонини адирга тиктирган, ола чодирлари кўк юзини яширган, минглаб ерга ипак гиламлар солдирган эди. Қўчқор эти тепа бўлиб ошиб ётар, шароблар дарё бўлиб тошиб ётарди. Йилда бир марта Баяндурхон байрам қилиб, Ўғуз йигитларини қўноқ этарди. Йигитлар бир-бир келиб отдан тушар, ўткир қуббали улкан бир чодир олдига келишар, тахтда ўтирган Баяндурхонга салом этишар эдилар. Баяндурхоннинг ёнидан унинг вазири, отбашара Алп Аруз жой олган эди. Алп Аруз ҳам бошқа Ўғуз баҳодирлари каби жасади йирик, келбати катта эди. Тўқсон теридан тикилган пўстин тўпиғига етмас, тўққиз теридан тикилган қалпоғи қулоғини ёпмас эди. Алп Аруз қўноқларни турфа чодирларга ўтқазар эди. Чодирлар уч хил рангда эди: оқ, қизил, қора.
Ўғуз йигитларидан Бойбура ва Бойбежон ўтиришга бирга келдилар. Отларидан эндилар. Баяндурхонга салом бердилар.
Аруз уларга пешвоз чиқди.
– Бойбежон, бу ёққа ўт, – дея Бойбежонни оқ чодирга ўтқазди. Бойбура ҳам оқ чодирга кирмоқчи бўлганида Аруз унинг йўлини тўсди.
– Бойбура, – деди у, – сенинг ўрнинг қора чодирда.
Қора чодирга эчки териси тўшалган, бу ерда ҳамма нарса тим қора эди: дастурхон ҳам, идиш-товоқ ҳам. Хизматкорлар ҳам қора либосда эдилар (Оқ чодирда ҳамма нарса оқ, қизил чодирда ҳамма нарса қизил бўлгани каби).
Бойбура тутила-тутила:
– Аруз, – деди, – мени нега бу ерга олиб кирдинг?
Аруз деди:
– Баяндурхоннинг буйруғи шу.
Бойбуранинг жаҳли чиқиб:
– Баяндурхон мендан не камчилик кўрди? – деди. – Қиличимданми кўрди, дастурхонимданми кўрди? Мендан пастроқ кишиларни оқ чодирга, қизил чодирга ўтқазди, менинг гуноҳим не бўлибдики, қора чодирга жўнатди?
Аруз деди:
– Баяндурхондан буйруқ бўлдики, ўғли борни оқ чодирга, қизи борни қизил чодирга ўтқазинг деб. Кимнингки ўғил-қизи йўқ бўлса, уни қора чодирга олиб боринг, қора эчки терисини остига тўшанг, қора қўйнинг қовурмасини қаршисига қўйинг, еса есин, емаса чиқиб кетсин. Ўғил-қизи бўлмаганни Тангри қарғаган. Биз ҳам қарғаймиз.
Бойбура ўрнидан сапчиб турди, ўз одамларига юзланиб деди:
– Туринг, йигитларим, биз бу ердан кетар бўлдик. Бу қора айб ё мендан, ё хотинимдан.
Бойбура ва йигитлари қора чодирдан чиқдилар, нариги чодирларда еб-ичаётганлар уларга бўйланиб-бўйланиб боқдилар. Бойбура эса ҳеч кимга боқмас, ҳеч кимга сўз қотмас эди. Ҳеч ким билан хайрлашмади, Арузга юзланиб:
– Аруз, – деди, – бу аламимни мен сендан оламан.
Бойбура қамчисини ҳавода ўйнатиб отига солди, от сапчиб қўзғалди. Йигитлари унинг ортидан от солишди, отлар туёғидан тўзган тўзон ичида кўздан ғойиб бўлишди.

* * *

Бойбуранинг Баёт овули сафоли бир манзил эди. Бир томони баланд тоғ, бир томони дарё, бир томони чўл-чаман, бир томони ўрмон. Чодирлар, капалар, олачиқлар ранг-баранг эди. Ўчоқларнинг тутуни мовий осмонларга ўрларди. Дарё қирғоғида етти-саккиз ёшли болалар ошиқ, бекинмачоқ, мушт кетди ўйнашарди.
Капалардан бирининг олдида Бўғозча Фотима турарди. Унинг ёнида беш-олти болакай ивирсир, аёл яна ҳомиладор эди.
Фотима қўлини белига тираганича чинқирар эди:
– Ҳой қизлар! Зулайҳо! Урида! Ўлиб-йитгани кетганмидим? Яна шу харобада ётаманми? Нима бўларди менинг уйимга ҳам бир қараб қўйсангиз? Ўғри ит кириб уйнинг тўс-тўполонини чиқарибди, бу ерни товуқхонага, молхонага айлантирибди-ку…
Бошқа олачиқдан бир аёл чиқиб унга жавоб қайтарар, нималардир деб жаврар эди.
Туёқ товушлари эшитилди. Бойбура ва йигитлари овулга кириб келдилар. Бойбура чодирига етиб, отдан энди, ичкари кирди. Хотини Ойна Малак уни ҳаяжонда кўриб ташвишга тушди.
Бойбура деди:
– Хотин, биласанми, нелар бўлди? Баяндурхоннинг отбашара вазири Алп Аруз эл ичида юзимни ерга қаратди. Ўғил-қизинг йўқ, сени Тангри қарғаган, биз ҳам қарғаймиз деди. Айб сенданми, менданми? Нега тақдир бизга бир ўғил бермайди, нега? – Бойбуранинг йиғлаб юборишига бир бахя қолди.
Ойна Малак:
– Менга ғазаб қилма, – деди, – ранжиб ҳар хил гапларни айтма. На сенинг айбинг бор, на менинг. Қисматимиз шу экан.
Ойна Малак ҳўнграб йиғлаб юборди. Бойбура чидай олмай чодирдан чиқди. Оғир-вазмин юриб дарё бўйига келди, ўйнаб турган болалар қўрқиб қочдилар. Бойбура уларнинг ортидан ғам-ҳасратда узоқ термилиб қолди. Туёқ товушлари унинг ғамгин фикрларини бўлиб юборди. Елиб келган Бойбежон отидан тушиб, Бойбуранинг ёнига келди.
– Бойбура, – деди у, – юрагинг сиқилмасин. Оч кўрсанг қорнини тўйғаз, яланғоч кўрсанг устига кийғаз. Қарздорнинг қарзини уз. Зора, бир дуогўйнинг дуоси ижобат бўлиб, Тангри сенга ўғил берса. Насиб этса, Баяндурхоннинг кейинги зиёфатида бир ўғилнинг отаси бўлиб, оқ чодирда ўтирасан. Тангри менга ҳам бир қиз берса, аҳдим шуки, сенинг ўғлингга бешиккерти қилганим бўлсин.
Бойбура билан Бойбежон қучоқлашдилар.

* * *

Ойна Малак яширинча чодирдан чиқиб Бўғозча Фотиманинг капасига келди.
Бўғозча Фотима тановул қилиб ўтирарди. Йирик бир бош пиёзни эзиб, думалоқлаб бир парча нон устига қўйган, энди бу каттакон луқмани оғзига солиб, устидан бармоғи билан бўғзига итарар, ичдан нафаси тиқилиб келарди. Ойна Малак унга ҳасратини айтарди. Фотима ейишдан тўхтамай уни эшитар, ҳар замон бошини капага суққан болаларнинг ҳар бирига бир парча нон бериб жўнатарди.
Бўғозча Фотима оғзидаги луқмани чайнай-чайнай деди:
– Нима қилай? Бу қулаб тушгур уйда ун йўқ, элак йўқ. Тегирмонга кетган туядан ҳам дарак йўқ. Бу хароба ордона қолсин, эрга текканимдан бери тўйиб нон емадим, очилиб кулмадим, оёғим бошмоқ, юзим яшмоқ кўрмади. Зора бу бадбахт эрим ўлсайди, бошқасига тегардим, бахтимга у қобил чиқармиди…
Ойна Малак эса ҳамон ўз дардини айтарди:
– Шўрлик шамдек эриб, номусдан ерга кириб бормоқда. Билмадим, гуноҳимиз не бўлдики, Тангри бизни бир тирноққа зор этди.
Фотима оғзидаги луқмани ютаркан:
– Э, ордона қолсин эриям, боласиям, – деди. – Менинг тўққиз болам бор, – қорнига ишора қилди, – манави ўнинчиси, ҳали йўлда, шунча қилиб мен бир ёруғ кун кўрдимми?
…Бойбура эса Бойбежоннинг маслаҳатига амал қилар, топган-тутганини оч-яланғочга бўлиб берарди. Қўйлар сўйилиб нимта-нимта қилинар, тепа-тепа эт уйилар, мўл-кўл сут соғиларди. Кишилар Бойбуранинг эшигига қуруқ келиб, тўлиб қайтарди. Аммо эр-хотиннинг муроди ҳеч ҳосил бўлмас, бир-бирларига ғусса билан боқар эдилар.

* * *

Дада Қўрқут қўбиз чалар, сўзида давом этарди:
– Сизга кимдан айтай, Бакилдан айтай, Бакил Ўғуз элининг кешикчиси эди… Баланд тоғнинг бошида маскан тутган эди. Алинжа қалъасидан, Ганжадан, Бардадан тортиб Темир қопқа – Дарбандгача қоровуллик билан кун ўтказар, хуш хабарни ҳам, нохуш хабарни ҳам гулхан ёқиб эл-юртга етказар эди.
Бакилнинг тоғ бошидаги маскани. Тоғнинг энг юксак чўққиларига ўтинлар терилган, ўчоқлар қурилган, лекин гулхан ёқилмаган. Бакил қурол-яроғини олиб, овга ҳозирланмоқда.
Дада Қўрқутнинг овози янграйди:
– Бакил йигитлар ичида энг яхши овчи эди. Ов қилганда на ёй тортарди, на ўқ отарди. Қувлай-қувлай жайронларга етар, етганида камонини жайрон бўйнига каманд қилиб отар, жайронни тутар, пичоғини олиб қулоғини кертар, сўнг каманддан озод этарди.
Бакил Дада Қўрқут айтгандай қилди, жилмайди, сўнг отига қамчи босиб, бир жайрон тўдаси ортидан тушди. Ўша усул билан яна бир жайрон тутди, унинг ҳам қулоғини кертди-да, қўйиб юборди.

* * *

Бойбура билан Бойбежон овга чиққандилар. Улар адирда қаршиларидан чиқиб қолган жайрон сурувини қувардилар. Бойбура нишон олиб ёй тортди, ўқ отди, жайронни яралаб ерга қулатди. Елганча жайрон ёнига келдилар. Ўқ жайроннинг белига санчилган эди, аммо Бойбура кўрсаки, жониворнинг қулоғи кертилган. Уни Бойбежонга кўрсатиб:
– Кўряпсанми, Бойбежон, – деди, – бу Бакилнинг жайронларидан экан, у қулоғини кертиб қўйиб юборган.
– Буни Бакилга жўнатиш керак, – деди Бойбежон, – унинг ҳалол моли.
– Шундоқ бўла қолсин, – дея Бойбура жайронни йигитларидан бирига берди. – Буни Бакилга элтиб бер.
Шу пайт бошқа чавандоз от чоптириб уларнинг ёнига келди:
– Суюнчи бер, Бойбура! – деди у. – Ўғил кўрдинг!
…Чодирда эндигина енгил бўлган она чеҳраси – Ойна Малакнинг чеҳраси ҳорғин ва бахтиёр эди. Унинг ёнида ерга бир учоёқ ва бир жом тўла кул қўйилган эди. Қадимги инончларга кўра шулар бўлса, аёл осон туғар эди. Бўғозча Фотима жом устига тоза латта ташлади. Ойна Малакнинг кўрпа-тўшагига, кийим-кечагига игналар санчди – ёмон кўздан асрасин деб. Сўнгра Фотима шиша идишга пиёз солди, эшик оғзига олиб борди. Ойна Малак болишининг остига бир парча нон ва эт тиқди. Учта пиёзни кабоб қилиб товоққа қўйди.
Бойбура билан Бойбежон от чоптириб келар эканлар, қаршиларидан бир чавандоз чиқди.
– Суюнчи бер, Бойбежон, – деди у, – кўзинг ойдин, қиз кўрдинг.
– Бойбежон, ўша гапимиз – гап, – деди Бойбура, – қизинг ўғлимга бешиккерти бўлган.

* * *

Бойбуранинг қаршисида бир даста йигит ва уч нафар савдогар турарди. Бойбура аввал савдогарларга сўз қотди:
– Тожирлар, – деди у, – сўзимни эшитинг. Толе менга бир ўғил берди. Сизга бир дунё мол бераман. Тадорик кўриб йўлга тушинг, кечани кеча, кундузни кундуз демай тоғ ошинг, сув кечинг, катта-катта шаҳарлардан ўтинг, дунёнинг бу чеккасидан у чеккасига кетинг. Рум элига етинг. Менинг ўғлим улғайгунча унга муносиб армуғонлар олиб қайтинг.
Сўнгра Бойбура йигитларга юз тутди:
– Сиз эса, йигитларим, Бакилнинг ҳузурига етинг. Юксак тоғда гулхан қаласин, бутун эл-юртимизга хабар айласин. Ҳамма Бойбура арслондек ўғил кўрганидан огоҳ бўлсин. Бутун эранлар йиғилиб келсин, ўғлим учун катта зиёфат бераман.

* * *

…Юксак тоғда гулхан ёнарди. Олис-олис тоғларнинг бошида ҳам бирин-кетин гулханлар қаланарди.
Бойбура катта зиёфат тузаган эди. Тош ноғора қоқилар, мушаклар оти­ларди. Қирқ жойда қирқ қозон қайнаган, қирқ ерга қип-қизил гиламлар тўшалган, саксон ерга тилла бордоқлар тизилган, қизил бодалар сузилган эди. Тўқсон ерга ранг-баранг чодирлар тикилган эди – оқ чодирлар, қизил чодирлар, қора чодирлар.
Бойбура хотинига айтарди:
– Хонлар хони Баяндурни қизил чодирга ўтқазаман – ўғли йўқ, қизи бор. Алп Арузни қора чодирга олиб кираман – на ўғли бор, на қизи. Уни Тангри қарғаган, биз ҳам қарғаймиз…
Ойна Малак деди:
– Бойбура, сўзимни эшит. Подшоҳ – Тангрининг кўлкаси. Подшоҳга осий бўлган кишининг иши ўнг келмайди. Баяндурхон сенинг қўноғинг бўлади, у сени аямаса ҳам, сен уни аягин. Уни йигитлар олдида камситиб, қизил чодирга ўтқазма.
Бойбура хаёлга толди.
…Йигитлар бир-бир етиб кела бошлашди. Бойбура уларни хурсанд қарши олар, турфа чодирларга ўтқазарди. Арузга қора чодирни кўрсатди. На Бойбура бир сўз деди, на Алп Аруз. Аруз қора чодирга кирди, бу айни Баяндурхоннинг зиёфатидаги қора чодирга менгзарди, ерга эчки териси тўшалган, идиш-оёқ ҳам қоп-қора, хизматчилар ҳам тим қора либосда эдилар. Аруз миқ этмай ўтирди. У гўё музлаб қолган эди, аммо бирдан мўйловларидан қон сиза бошлади. Алп Арузнинг бир феъли бор эди – жаҳли чиққанда мўйловларидан қон тома бошларди.
Овулнинг нариги бошида Ойна Малак аёлларни қаршиларди. Аёллар ичида алвон кўйлак кийган, инжабел, сарвқомат, ёш ва гўзал бир қиз ҳам бор эди – Баяндурхоннинг қизи Бурла Хотун. Бурла Хотун нари борса ўн беш-ўн олти ёшда эди. Бурла Хотун нариги томонга, ёш йигитлар йиғилган ерга ўқтин-ўқтин ўғринча қараб қўярди.
Дов йигитлар бир чеккада тик оёқда турганча гиламда ўтирган оталари, амакиларининг суҳбатига қулоқ осардилар.
Бир томонда майдон солинган, чилвир тўсиқ ичига олинган эди. Бир­оздан сўнг ҳамманинг кўзи бу майдонга қадалди – майдонга кўзлари қизарган бир буқа ва бир нортуяни етаклаб чиқдилар. Булар жанг учун атай боқилган жониворлар эди. Уч киши темир занжир солинган буқанинг ўнг ёнидан, уч киши сўл ёнидан тутган эди. Буқани майдон ўртасига олиб келдилар. Нариги томондан олти киши туяни майдонга етаклаб кирди.
Қўққисдан буқа бир силтаниб занжирни узди ва туя сари эмас, тўсиқ томон отилди. Майдондагилар ваҳмга тушиб бир бурчакка қисилдилар. Буқа бир ҳамла билан тўсиқни бузиб, майдондан ташқари чиқди. Одамлар бир-бирининг пинжига суқилди. Буқа тўғри аёллар томон югурди, у шох ўқталиб алвон либосли Бурла Хотунни нишонга олган, тўғри қизнинг устига бостириб борарди. Қўрқиб кетган қиз олачиққа суянганича тошдек қотиб қолган эди. Буқа унга яқинлашиб қолди. Оломоннинг ақлу ҳуши йитган, ҳамманинг дами ичига тушиб кетган эди. Шу пайт ўн олти-ўн етти ёшли йигит бирдан сапчиб ўрнидан турди, кўз очиб-юмгунча буқанинг олдида пайдо бўлди, унинг нақ қаншарига бир мушт туширди. Буқа турган ерида михланиб қолди. Сўнг ортига тисланиб, шиддат билан ўғлоннинг устига отилди. Бу гал ўғлон унинг манглайига мушт тиради. Энди ҳар иккиси ҳам турган ерида михланиб қолган эди. На буқа ўғлонни сура оларди, на ўғлон буқани. Ўғлоннинг томирлари ўқлоғидек ўйнаб чиқди. Буқа зўрлик қила бошлади. Бирдан ўғлон ниманидир мўлжаллаб, муштини буқанинг манглайидан шарт тортди-да, ўзини бир четга отди. Буқа оёқда тура олмай, тўрт оёғи осмондан келиб қулаб тушди. Ўғлон фурсатни бой бермай, дарҳол пичоғини чиқариб буқанинг бўғзига тортди.
Йигит бошини кўтариб ранг-рўйи оқариб кетган алвон либосли Бурла Хотунга жилмайиб боқди. Бурла Хотун ҳам аста-секин ўзига келиб, ўғлонга табассум қилди.
– Офарин, – деди Баяндурхон, сўнгра атрофидаги эранларга юз тутиб илова этди: – Бу ўғлонга қилич беринг, чопиб юрсин, кучли экан. Бедов от беринг, миниб юрсин, эпчил экан. Елкаси бургутли пўстин беринг, дадил экан. Дада Қўрқут келиб унга ном қўйсин.
…Дада Қўрқут Арслон инининг бошида, Оқча қоянинг қошида тик оёқда турибди, унинг қаршисида ёш ўғлон бош эгиб тиз чўккан. Дада Қўрқут йигитга ном бермоқда:
– Ўғлим, майдонда жанг қилдинг, жасорат кўрсатдинг, буқани ўлдириб, ғалаба қозондинг. Умринг ҳамиша зафарли бўлсин, ҳамиша ғалаба қозон. Отинг ҳам Қозон бўлсин. Отингни мен бердим, умрингни толе берсин!
Қўноқлар чапак чалдилар, бу отни маъқул кўрдилар. Бурла Хотун Қозонга, Қозон Бурла Хотунга боқди, юракларига ишқ ўти тушди.
Баяндурхон Бойбурага юз тутиб деди:
– Бойбура, тақдир насиб этсин, сенинг ўғилчанг ҳам вояга етсин, мардлик кўрсатсин, тантана қилайлик. Дада Қўрқут унга ҳам от қўйсин.
…Дада Қўрқут мозор ёнида ўтириб қўбиз чертар, ўз сўзида давом этарди:
– От оёғи югурик, бахши тили чечан бўлур. Ой ўтди, йил ўтди. Ўғуз элида ким ўлди, ким дунёга келди. Баяндурхоннинг қизи, сарвқомат Бурла Хотун Қозонга эрга тегди, катта тўй қилдилар, ўйнаб-кулдилар. Қозон билан Бурла Хотун Турол номли ўғил кўришди. Бойбежон бу дунёдан ўтди, қора тупроққа топширилди. Бойбуранинг ўғилчаси ҳам вояга етди, навқирон бир йигит бўлди.
Бойбуранинг ўн тўрт-ўн беш ёшли ўғли Бейрак от миниб сайрга чиққан. У олисдаги Ужатоғ томон от солиб бормоқда.
Ужатоғнинг нишабидан пиёда кетаётган паҳлавон келбатли ёш овчи Бакилнинг ўғли Қорача Чўпон бўлади. Қорача Чўпон ҳайбатли йигит.
Дада Қўрқутнинг овози янграйди:
– Овчи Бакилнинг ўғли Қорача Чўпон сопқонининг чилвири учта эчки жунидан тўқилган, тош жойланадиган супраси уч яшар буқанинг терисидан тикилган эди. Ҳар отганда ўн икки ботмон тош отар, отган тоши ерга тушмасди. Ерга тушса ҳам замбаракнинг ўқидек портлаб кетарди. Ўрни ўчоқдек ўйилиб қоларди. Тош тушган ерда уч йилгача ўт битмасди. Қорача Чўпоннинг аччиғи чиққанда каттакон бир тошни олиб ҳовучида сиқар, кул қилиб ҳавога совурарди. Қорача Чўпоннинг катта бир калтаги бор эди. Уни судраб юрганида ердан омоч каби дарз очарди.
Қорача Чўпон калтагини судраб борар, ерда омочникидек из қоларди.
Қорача Чўпоннинг ғаройиб бир келбати бор эди. Ортидан боққан киши шохи тарвақайлаган улкан бир дарахт юриб кетяпти деб ўйларди, чунки у бошида каттакон ўтин боғини кўтариб борарди. У тошдан-тошга сакраганича, қоядан-қояга ҳатлаганича Ужатоғнинг бошига чиқди. Бир чеккада ўчоқ ясай бошлади. Отаси овчи Бакил:
– Ўғлим, Чўпон, – деди, – бу ўтинни нима қиласан, нега бу ерга олиб келдинг?
– Бойбуранинг ўғли бугун бизникига меҳмонга келаётир. Бу ўтиндан ўт ёқаман, кабоб пишириб, дўстимни қўноқ қиламан, – деди Қорача Чўпон.
– Жуда яхши, – ўчоқни чақмоқ тоши билан ёққин. Чақмоқ тошининг ўти баракали бўлади!
Бойбуранинг ўғли югура-югура Ужатоғнинг бошига, Қорача Чўпоннинг ёнига кўтарилди.
…Худди шу пайтда узоқ-узоқ юртлардан бир туя карвони келмоқда эди. Бу ҳув ўша савдогарларнинг карвони эди; уни бундан неча йиллар аввал Бойбура Рум ўлкасига жўнатган эди. Карвон қадим шаҳарлар, қалъалар, харобалар ёнидан ўтиб борарди. Оғир юкли туялар тебрана-тебрана қадам ташлар, бозиргонлар ҳам ҳорғин, уйқусиз эдилар.
Бойбуранинг ўғли билан Қорача Чўпон ўчоқ бошида ўтириб кабоб ер, ширин-ширин суҳбат қурардилар.
Карвон тор бир дарага тушган, оғир-оғир олға босарди. Бу дара Қонли дара деб аталар, унинг тубидан бир сой оқарди.
Баҳайбат, улкан бир кимса тоғ нишабида ўтирганча энкайиб дара тубидаги сойдан сув ичарди. Бу баҳайбат азмоннинг башараси жуда хунук ва қўрқинчли эди, ўзининг ҳам фақат битта кўзи бор эди – манглайининг тепасида. Тепакўз катта қароқчи бўлиб, йўл тўсиб карвон таларди. Тоғдан йирик бир тош думалаб келди, Тепакўз унга елка тутди, кўтариб бир четга итқитди.
Дарадаги сойнинг устига кичик бир кўприк солинган эди. Карвон кўприк томон илгариларди.
Сойдан сув ичаётган Тепакўз қўнғироқлар овозини эшитиб, бош кўтармай туриб карвонни кўрди, пешонасидаги ёлғизгина кўзи билан оғир юкли туяларга тикилди. Карвон кўприкка етар-етмас, Тепакўз даҳшатли бир наъра тортди, бу наърадан тоғу тошлар ларзага келди.
– Ҳой майда одамчалар, – деди Тепакўз, – дарҳол тўхтанг, туяларингизнинг юкини туширинг.
– Бунча баҳайбат одамсан? Сени кўриб кўрар кўзларимиз кўрмас бўлди, тутар қўлларимиз тутмас бўлди, оғзимиз муз, суякларимиз туз бўлди. Биздан нима истайсан? – деди кекса савдогар
– Ҳой аҳмоқ! – деди Тепакўз. – Башарамга бир боқмайсанми, гўзал-гўзал қизларнинг, келинчакларнинг жонини кўп олганман. Оқ соқол, қора соқол кимсаларнинг молини, жонини кўп олганман. Сизнинг ҳам молингизни, бор-йўғингизни шилиб оламан, жонингизни суғуриб оламан, этингизни қарға-қузғунларга ем қиламан, суякларингизни итларимга ғажитаман. Қани, тез бўлинг, ерга тушинг, юкингизни менинг мағорамга элтинг.
Тепакўз катта бир қояни қўпориб туялар томон ирғитди. Туялар ҳуркиб кетди. Бозиргонлар туяларидан тушиб, юкларини еча бошладилар. Тепакўз юкларни ўз мағорасига элтишга амр қилди. Тоғнинг тўши илма-тешик эди, мағоралар, ғорлар йиртқич ҳайвон каби оғиз очиб турарди. Тепакўзнинг мағораси ваҳимали бир жой, бўм-бўш бир сарой эди. Нимқоронғи бу сарой кунжларида катта-катта шамлар ёнар, уларнинг шуълалари мағора деворларига даҳшатли кўлкалар соларди. Мағоранинг шифтидан пастга осилган, пастидан шифтга юксалган муз, оҳак устунлар ғаройиб махлуқларга менгзарди. Деворларга йўл-йўл йўлбарс терилари осилган эди, ҳар ер-ҳар ерда суяклар оқариб ётарди – инсон суяклари, ҳайвон суяклари. Мағоранинг ўт-бетида эриган шамлар қатланиб ётарди. Эриган шам шакллари шу қадар ғаройиб эдики, улардан бири оғушига чақалоғини олган, бошига рўмол солган аёлни эслатарди. Девор бўйи чўзилган катта-катта тош равоқларда одам каллалари териб қўйилган эди. Деворларнинг ёриқлари бўлиб, уларнинг орасида осилиб турган кўршапалаклар чийиллашидан қулоқлар қоматга келарди. Мағорага кириб келган савдогарлар қўрқувдан дир-дир титрар эдилар. Тепакўз эгилиб, ёш бир савдогарнинг қулоғини тишлаб узиб олди-да, чайнаб-чайнаб ютиб юборди. Савдогар додлаганича қолди. Қулоғининг ўрнидан қон шовиллаб оқди.
Тепакўз қулоқни чайнар экан:
– Тез бўлинг, имилламанг, юкларни очинг, – дер эди.
Савдогарлар титраб-қақшаб юкларни оча бошладилар.
Тепакўз қимматбаҳо моллар – ипак газмоллар, олтин-кумуш, ноёб тошлар, лаъл-жавоҳирлар, қурол-яроғларга боқар экан, сўлаги оқиб кетди.
– Воҳ, воҳ – дея безакдор бир қилични қўлига олди, – шундай ажойиб қиличники олиб келибсиз, у билан ўз бошингизни узмоғим керак.
Савдогарлар келтирган армуғонлар ичида бир бўз айғир ҳам бор эди. У ҳали мағора оғзида, туяларнинг ёнида эди. Тепакўзнинг моллардан, қиличдан боши гангиб қолган эди.
Ёш савдогар унинг кўзини шамғалат қилиб мағорадан қочиб чиқди, жаҳд билан бўз айғир устига сакраб миниб, қочмоққа тушди. Унинг энгил-боши қонга беланган эди.

* * *

…Бойбуранинг ўғли Қорача Чўпон билан қучоқлашиб хайрлашди, от чоптириб тоғдан қуйига тушди, бир адирдан чиқди.
Ёш савдогар оз чопди, кўп чопди, ҳалиги адирга етди, Бойбуранинг ўғлини кўриб, унинг яқинига борди, салом берди.
– Ҳой азамат, – деди Бойбуранинг ўғли, – кимсан, қаердан келаётирсан, ким сени қонга белади?
– Йигит, – деди ёш савдогар, – биз савдогарлармиз, неча йилдирки, оғаларим билан бу юртдан чиқиб кетгандик. Олис-олис юртларни кездик, қимматбаҳо моллар олдик. Темир Қопқа – Дарбанд ёнида, Қонли дарада баҳайбат бир қароқчи йўлимизни тўсди, танаси одам, лекин манглайида фақат биттагина кўзи бор. Молимизни, ризқимизни олди, жонингизни ҳам оламан, деди. Қулоғимни тишлади, чайнаб ютди, оғаларимни асир олди, мен қочиб бу ерга келдим. Йигит, ёрдам қил!
– Туш олдинга, йўл кўрсат, – деди ўғлон отини ниқтар экан.
– Йигит, – деди савдогар, – у қароқчи жуда қудратли. Балки ортга қайтарсан? Шўрлик бошинг кесилмасин, қизил қонинг тўкилмасин. Оқ соқолли отанг, оппоқ сочли онанг “вой, болам” деб йиғлаб қолмасин.
– Бу воқеани менга айтмаганинг яхши эди, айтдингми, энди қайтмайман. Токи сен бошимда маломат, юрагимда ҳасрат бўлиб қолмагайсан. На илож! Ўлсам ер қувонади, қолсам эл, – деди ўғлон.
Улар Қонли дарага етиб келдилар.
Ўғлон дара тубидан Тепакўзга бақирди:
– Ҳой, Тепакўз! Чиқ бу ёққа, жанг қиламиз, яхши кишиларнинг жонини сенинг чангалингдан қутқазгани келдим.
– Ўғлон, ўғлон, ҳой ўғлон, ҳаромзода ўғлон! – деди Тепакўз. – Қўл теккизмасимдан жўнаб қол бу ердан!
– Кўп алжирама, ит Тепакўз. Алп йигит қўрқса айб бўлади, бери чиқ, уришамиз.
Тепакўз наъра тортиб мағорадан чиқди. Наърасидан тоғ-тошлар ларзага келди, етти қоя етти бора акс садо берди, нишабликнинг тош-кесаги ўпирилиб пастга қулади. Тепакўз олти парли гурзисини олиб ўғлоннинг устига отилди.
Ўғлон қалқонини бош узра кўтариб гурзига қарши тутди. Тепакўз ўғлоннинг бошига гурзи туширди. Қалқонга дарз кетди, ўғлонга жароҳат етди, аммо йиқилмади.
Тепакўз қиличини сермади, ўғлон ҳам қилич солди, роса қилич-лашдилар, лекин бир-бирларини енга олмадилар. Найза олиб уришдилар, буқа каби суришдилар. Бел тутишиб курашдилар, найзалар синди, ер ёрилди, бироқ яна бир-бирларини енголмадилар.
Тепакўз ёйига ўқ солиб, нишон олиб отди, ўғлонни елкасидан яралади, алвон қонига бўяди. Тепакўз қилич кўтариб ўғлоннинг устига бостириб келди, бошини танасидан жудо қилмоқчи бўлди, ўғлон сакраб ўзини бир четга олди, камандини каттакон бир дарахтнинг шохига ташлади-да, ипига осилиб сойнинг нариги томонига сакради. Тепакўз бошини буриб ягона кўзи билан унга қараганда ўғлон ипга осилиб бир сакради-да, сойнинг бу томонига ўтиб олди. Ўғлон камандга осилиб гоҳ у қирғоққа, гоҳ бу қирғоққа сакрар, Тепакўз эса ёлғиз кўзи билан уни кўриб улгурмасди. Ўғлон бу гал жуда баланд сакради-да, ҳаводан туриб нишон олганича Тепакўзнинг кўзига ўқ узди.
Тепакўз кўзини ушлаганича додлаб юборди:
– Шўрлик кўзим, вой кўзим! Ёлғиз кўзим, вой кўзим!
Кўр бўлиб қолган Тепакўз олти парли гурзисини ўнгу сўл демай туширар, унинг шамолидан туялар қулаб тушгудек бўларди.
Ўғлон югуриб мағора оғзига келди, мағоранинг бир кунжида ғуж бўлиб олган савдогарларни чақирди.
– Чиқинглар, – деди у. – Энди Тепакўз сизга зиён етказа олмайди.
Савдогарлар мағорадан чиқишди. Кекса савдогар Тепакўз кўтараётган дод-войдан титроққа тушиб:
– Ҳой ўғлон, – деди, – ахир мол-давлатимиз мағорада қолди-ку.
– Ҳозир мол-давлатингизни ҳам олиб чиқаман, – деди-да, ўғлон мағорага кириб кетди. Тепакўз бу гапни эшитиб қолди.
– Ўғлон, – деди у, – сен менинг мағорамга кирдинг, энди менинг қўлимдан қутула олмайсан, жасадингни мағора деворига чалпак қилиб ёпаман!
Тепакўз мағоранинг ичига кириб келди. Ўғлон тош равоқлардаги инсон каллаларидан бирини олиб Тепакўзнинг қўлига тутди. Тепакўз буни ўғлоннинг калласи деб ўйлаб маҳкам ёпишди. Ўғлон сирғалиб мағорадан чиқди, молларни ҳам олиб чиқди.
– Ўғлон, қутулиб қолдингми? – деб сўради Тепакўз.
– Қутулдим, – деди ўғлон.
Тепакўз ғазабдан ёрилиб кетгудек бўлди, мағоранинг оҳак устунларидан бирини қучоқлаб олиб чунон силкидики, мағоранинг деворлари ларзага келди. Бу пайтда ўғлон ва савдогарлар дара тубига етиб олган эдилар. Гўё бирдан зилзила қўпгандек бўлди. Тепакўзнинг мағораси ўз устига босиб тушган эди. Қаттиқ бир ўкирик янгради, тоғнинг ярми учиб тушди. Тепакўз тоғ-тошлар остида қолиб жон берди.
Карвон Қонли дарани кечиб ўтиб сайҳонликка чиқди. Кекса савдогар деди:
– Мард ўғлон! Сен жасорат кўрсатиб, бизни ўлимдан сақлаб қолдинг, кел энди, ўзинг ёқтирган моллардан танлаб ол.
Ўғлон шойи-ипакларга, лаъл-жавоҳирларга кўз қирини ташлаб:
– Савдогарлар, – деди, – менинг дунё молига ҳавасим йўқ. Фақат бир манави ёйни, мана бу гурзини, яна манави бўз айғирни берсангиз дегандим.
Савдогарлар иккиланиб қолдилар. Ўғлон буни сезиб:
– Нима бўлди, кўп нарса сўрадимми? – деди.
– Йўқ, йигит, – деди кекса савдогар, – нимаси кўп бўлсин? Аммо бизнинг бир муштарийимиз бор. Бу уч нарсани ўшанинг ўғлига армуғон қилиб элтаётган эдик.
– Ким ўша муштарийингиз? – деб сўради ўғлон.
– Баёт овулидан Бойбура бўлади, – деди улар, – ўшанинг ўғлига элтаётган эдик.
Ўғлон жилмайди, ҳеч нима демасдан отига қамчи босиб елиб кетди. Савдогарлар унинг ортидан боқиб қолишар экан:
– Яхши йигит экан, инсофли, мурувватли йигит экан, – дедилар.

* * *

…Карвон Бойбуранинг овулига яқинлашмоқда эди.

* * *

…Бойбура ўз чодирида, ўғли ҳам ёнида эди. Савдогарлар келганини эшитишган, уларни кутмоқда эдилар. Карвон овулга кириб келди. Савдогарлар бош эгиб салом бердилар, кўрсаларки, уларни қутқазган йигит Бойбуранинг ўнг томонида ўтирибди. Савдогарлар югуриб келиб ўғлоннинг қўлидан ўпа бошладилар. Бойбуранинг аччиғи чиқиб:
– Бу қандай гап, гумроҳлар?! – деди. – Ота турганда ўғилнинг қўлини ўпадиларми?
– Бу йигит сенинг ўғлингми? – деб сўради кекса савдогар.
– Ҳа, менинг ўғлим.
– Унда, Бойбура, аввал унинг қўлини ўпганимиз учун хафа бўлма. Агар сенинг ўғлинг бўлмаганида, биз молимиздан ҳам, жонимиздан ҳам айрилардик. Ўғлинг мардлик кўрсатиб, бизни қутқариб қолди.
– Бу ўғлонга энди от қўйса бўладими? – деб сўради Бойбура.
– Албатта, аллақачон от қўймоқ керак эди, – дейишди савдогарлар.
…Дада Қўрқут келди.
– Сўзимни эшит, Бойбура, – деди у. – Сенинг ўғлинг элимизнинг таянчи бўлсин. Бунинг оти бўз айғирли Бамси Бейрак бўлсин! Отини мен бердим, умрини толе берсин…

* * *
Баяндурхон жон бермоқда эди. Алп Аруз, Омон, Қозон, Қорабутоқ, Дўндар, Бойбура, Бейрак ва бошқа йигитлар унинг бошида эдилар. Баяндур тўшагида чўзилиб ётганича оғир-оғир сўзлар эди:
– Йигитлар, сўзимни эшитинг. Мен бу дунёдан кетар бўлдим. Дунёдан тўймадим деб, хонликдан қонмадим деб йиғламайман. От устида, ғаним билан савашда эмас, ўз уйимда, ўлан тўшагимда ўлмоқдаман деб йиғламайман. Йигитлар, шунисига йиғлайманки, ўғилдан таянчим, қардошдан суянчим йўқ. Тангри мени қарғаган экан, йигитлар, тож-тахтим учун йиғлайман.
Алп Аруз, Қозон ва бошқа йигитлар унинг гапларини зўрға чидаб тинг­лардилар. Баяндурхон давом этди:
– Йигитлар, гапимни эшитинг, васиятимга етинг, мен ўлгандан кейин мамлакат бузилмасин, хонумон йиқилмасин, ёғийлар элимизни бошсиз кўриб устимизга ёпирилиб келмасин. Менинг тож-тахтимга бир алп йигит соҳиб бўлмоғи керак.
Алп Аруз унинг сўзларини асабий бир ҳолда тинглаб ўтирарди. Баяндурхон гапини тугатар экан:
– Тожу тахтимни кўрагоним Салур ўғли Қозонга васият қиламан, – деди.
Алп Арузнинг мўйловларидан қон тома бошлади.
Баяндурхон кўзларини юмди. Қозон унинг кафтига бир тош солди. Баяндурхон сўнгги кучи билан кафтидаги тошни сиқиб жон берди.
Тош ноғора чалинди. Юксак тоғнинг тепасида Бакил иккита гулхан қалади. Тоғдан-тоққа хабар кетди. Чўққиларда қўша-қўша гулханлар ловуллай бошлади.
Баяндурнинг жанозасини ўқиб, тупроққа топширдилар. Устига тош қўйдилар. Қабр узра шамлар, чироқлар ёқдилар.
Арслон инининг бошида, Оқча қоянинг қошида йигитлар тўпланишган эди. Қозон саман отнинг устида йигитлар қаршисида турарди. Йигитлар ипак айилни каманд қилиб Қозоннинг бўйнига отдилар, уни отдан қулатдилар. Қозон ерда типирчилай бошлади. Йигитлар айилнинг учларидан ушлаб қаттиқроқ тортдилар. Қозоннинг бўғилиб ўлишига оз қолди. Аммо одат шунақа – чидаш керак, бу хон сайлаш маросими эди. Айилни тортганлардан бирининг – Алп Арузнинг кўзларида шунақанги бир кин-ғазаб бор эдики, чиндан ҳам Қозонни шу заҳотиёқ бўғиб ўлдиришга тайёр эди. Бейрак эса, аксинча, бу маросимни енгил бир таассуф билан ижро этарди. Ниҳоят, йигитлар айилни бироз бўшатиб, Қозондан сўрадилар:
– Неча йил бизга хон бўласан?
Қозон хириллаганича:
– Манглайимга неча йил ёзилган бўлса, шунча, – деди.
Айилни Қозоннинг бўйнидан чиқариб олдилар. Уни намат устига ўтқазиб, бошлари узра тутдилар-да, уч дафъа қуёш бўйи кўкка кўтардилар. Ҳар даврада халойиқ унга таъзим қилар, тош ноғоранинг овози бу маросимга жўр бўлар эди.
Қозонни Баяндурнинг тахтига элтиб ўтқаздилар.
– Бейрак менинг вазирим бўлсин, – деди Қозон.
Бир чеккада бу манзарани кин-ғазаб билан томоша қилиб турган Алп Арузнинг мўйловларидан тағин қон сизди У шоша-пиша мўйловларини артди.

* * *

Қоронғи тушиб қолганда Алп Аруз бир вайронада ниқобли бир киши билан пичирлашар, у билан неларнидир сирлашар эди. Қора ниқобли киши бош силкиб розилик берди, ўғринча таблага кириб, отлардан бирининг туёғидаги тақаларни суғуриб олди, уларни терс қоқди-да, отга миниб, сассиз-садосиз овулдан йироқлашди. Ерда у миниб кетган отнинг туёқ излари терс қолган, бу изларни кўрган киши отлиқ овулдан чиқиб кетмаган, аксинча, овулга кириб келган деб ўйлар эди…
…Қипчоқ Малик босқинчи кўчманчи қабилалардан бирининг бошлиғи эди. Унинг манзили юксак тоғлардаги қўл етмас бургут инини эслатадиган қояда жойлашган эди. Бу қабила кишиларининг башараси қўрқинчли эди. Эгниларида ваҳший ҳайвон терисидан пўстин, бошларида тери папоқ, юзлари тиртиқ. Қипчоқ Маликнинг афт-ангори ҳам кертик эди.
Қипчоқ Маликнинг тахти баланд бир айвонда жойлашган эди. Айвон жуда кенг бўлиб, бу Қипчоқ Маликнинг ҳам тахти, ҳам ётоғи эди. Бу тахт-айвонда унинг ўзидан ташқари яна тўққиз нафар қуралай кўзли, ой юзли, ўрма кокилли, қўллари билагигача хиноли гўзаллар ҳам бор эди. Қипчоқ Малик улар билан кўнгилхушлик қиларди. Қизлар унга тилла бодаларда ол шароб тутардилар. Қипчоқ Малик ҳеч қачон бу тахт-айвонидан оёқ босиб тушмас, бу ерга от устида келарди. Бирор жойга кетмоқчи бўлса ҳам отини нақ айвонга олиб келишар, у тахтидан тўғри отига сакраб миниб оларди. Қуйида ўлтирган қабила жангчилари Қипчоқ Малик отининг туёқлари остига тўшалишар, сардорлари улар орасидан ўтиб бўлмагунча бошларини ердан кўтармас эдилар. Тахт-айвон жуда нақшинкор бўлиб, устунлар қимматбаҳо тошлардан ясалган, чеккалари товус патлари билан безалган эди. Айвоннинг ҳар ер-ҳар ерига шохлар, гурзи илонларнинг пўстлари осиб ташланган – бу қабила илонга инонар, илонга топинарди. Босқин-чопқинлардан бўш пайтларида Қипчоқ Маликнинг бор-йўқ қиладиган иши ушбу тахт-айвонда барча жангчиларнинг кўз ўнгида тўққиз маҳбус қиз билан еб-ичиш, кўнгилхушлик қилиш эди.
Қора ниқобли отлиқ чопиб шу ерга, Қипчоқ Маликнинг манзилига келди. У юзидан ниқобини олмади, кийимини ечмади, аммо пойабзалини ечди – Қипчоқ Маликнинг ҳузурига фақат оёқ яланг кириларди.
Қора ниқобли отлиқ Қипчоқ Маликка таъзим қилди, бош эгиб деди:
– Ҳой Қипчоқ Малик! Нега ўтирибсан?! Хонлар хони Баяндурхон умрини сенга бағишлади, тахтини сенга васият қилди.
Қипчоқ Малик қуралай кўзли гўзалнинг оғушидан зўрға айриларкан, бепарволик билан:
– Биламан, – деди. – Тахту тожга отбашара Алп Аруз кўз тиккан эди, аммо унга Салур ўғли Қозон соҳиб бўлди. Аруз Қозондан аламини олмоқчи, менинг ҳузуримга ҳам сени ўша жўнатган. Бироқ Арузга бориб айтки, ҳали фурсат етгани йўқ. Илон тангрим менга ёр бўлса, Қозонни забун қиламан, ўчоғининг кулини кўкка совураман, шўрлик бошини танасидан жудо этаман, қизил қонига белайман, эл-юртини қирғинбарот қиламан. Уюр-уюр отларини, қатор-қатор туяларини, сурув-сурув қўйларини ҳайдаб келаман. Сулув-сулув қиз-аёлларини ҳузуримга келтираман, тўшагимга соламан… Ҳали бунинг фурсати келади…
…Сарин-сарин тоғ еллари эсиб, тоғ-тошларнинг гўзал кўксига кун тушганда Бейрак вақтли ўрнидан турган, бўз айғирига миниб овга чиққан эди. Қўққисдан Бейракнинг қаршисидан бир тўда жайрон чиқди. Жайронлар қочди, Бейрак қувди, қува-қува келиб Қиз-Бинафша деган бир яйловдан чиқиб қолди. Қараса бу шундай жойки, гул гулга, чечак чечакка чирмашиб ётибди. Оққувлар, турналар, дуррожлар, какликлар чаппор уриб юрибди. Сарин сувлар, ўт-ўланлар, чаманлар… Бу гўзал масканда ям-яшил майсалар устида бир қизил чодир тикилганини кўрди.
– Ё Раб, бу чодир кимники бўлди экан? – деди Бейрак.
Хабари йўқки, бу чодир шаҳло кўзли бир қизнинг чодири. Бейрак буни билмасди, лекин жайронни қувлаб, нақ чодир ёнига келганда отиб қулатди.
Бонучечак чодирдан буни кўриб турган эди. Энагаси Қисирча Янгага:
– Энага, – деди, – бу йигит бизга мардлигини кўрсатиб қўймоқчими? Бориб ундан улуш сўраб кўринг-чи, не дер экан?
Қисирча Янга чодирдан чиқиб Бейракка салом берди:
– Ҳой йигит, – деди у, – бу жайрондан бизга ҳам улуш бер.
– Энажон, мен овчи эмасман, – деди Бейрак. – Бу жайроннинг ҳаммаси сенга қурбон. Ола қол. Лекин сўраганнинг айби йўқ, бу чодир кимники?
– Бойбежоннинг қизи Бонучечакники.
Бейракнинг қони жунбишга келди, лекин одоб ила ортига қайтди. Қисирча Янга жайронни Бонучечакка келтирди. Бонучечак:
– Бу йигит қандай йигит экан? – деб сўради.
– Маликам, бу йигит бўз айғирли жўмард йигит экан, – деди Қисирча Янга.
– И-е, энажон! Отам раҳматлик менга, сени бўз айғирли Бейракка унаштирганман, дегувчи эди. Бу йигит ўша бўлмасин тағин? Чақира қол, бир суриштириб кўрайлик-чи.
Қисирча Янга йигитни чақирди. Бейрак ичкари кирди. Бонучечак юзига яшмоқ тутиб сўрашга тушди:
– Йигит, қаердан келаётирсан?
– Баёт овулидан.
– Баёт овулидан кимнинг фарзандисан?
– Бойбуранинг ўғли Бамси Бейрак деганлари мен бўламан.
– Бу ерларга нима иш билан, нега келдинг, йигит?
– Бойбежоннинг бир қизи бор экан, ўшани кўргани келдим.
– У қиз сенга кўриниш берадиганлардан эмас, – деди Бонучечак. – Бироқ мен Бонучечакнинг канизаги бўламан. Кел, иккаламиз пойга қилиб кўрайлик. Агар сенинг отинг менинг отимдан ўзса, уникидан ҳам ўзади. Сен билан ўқ отишиб кўрайлик. Агар сенинг ўқинг меникидан ошса, уникидан ҳам ошади. Сен билан бир курашиб кўрайлик, агар мени йиқсанг, уни ҳам йиқасан.
Иккаласи отланиб майдонга чиқди, от чопишди. Қизнинг оти Бейрак-нинг отидан ўзди. Ўқ отишди, қизнинг ўқи Бейракникидан ошиб кетди.
Қиз деди:
– Ҳой йигит, шуни билки, менинг отимдан ўзган от йўқ, менинг ўқимдан ошган ўқ йўқ. Энди кел, курашиб кўрайлик.
Бейрак отдан тушди. Кураша кетдилар. Икки паҳлавон бел ушладилар. Бейрак қизни кўтариб ерга урмоқчи бўлар, лекин қиз сирғалиб чиқиб кетар, қиз Бейракни йиқитмоқчи бўлар, лекин Бейрак чап бериб қутуларди.
Бейрак: “Бу қиздан йиқиладиган бўлсам, эл-юрт ичида бошим маломатдан чиқмайди”, – деб ўйлади.
Эпчиллик билан қизнинг тўшига ёпишиб қаттиқ сиқди, қиз кучаниб талпинди, бу гал Бейрак қизнинг инжа белидан тутиб, чалқанчасига ерга ётқизди, ханжарини чиқариб унинг бўғзига тиради.
– Йигит, – деди қиз, – Бойбежоннинг қизи Бонучечак мен бўламан.
– Ҳой хоним! – деди Бейрак. – Юртимизнинг қиз-аёллари ичида гап очилиб қолса, сен туриб мақтанарсан. Бейракнинг отидан ўздим, ўқидан ошириб ўқ отдим, дея мени шарманда қиларсан. Шундай бўлишига кўзим етиб, кўнглим сезиб турибди, сени ўлдираман!
Бонучечак деди:
– Ҳой йигит. Мақтанса, эр йигит, арслон йигит мақтансин! Аёлга мақтаниш айб бўлади. Мақтангани билан аёл эр бўла олмайди! Юмшоқ тўшак ичида сен билан талашмадим, тотли таомлар еб сўрашмадим, қизил чачвон остидан сўйлашмадим. Тез севдинг, тез совидинг. Ер шоҳид, кўк гувоҳ бўлсин, мен сенинг мунисинг, ёринг бўлай, менга раҳминг келсин!
Бейрак кулди:
– Гўзалим, инжа белим, сени ўлдиргани кўзим қиярмиди! Жонимдан кечсам кечаманки, сендан кечмайман. Мен фақат сени синаб кўрдим. – Шундай дея Бейрак қиздан уч бора бўса олди, бармоғидаги тилла узукни чиқариб қизнинг бармоғига солди ва: – Ўртамизда бу нишон бўлсин, хоним, – деди.
– Шундоқ бўла қолсин, энди йўлга тушмоғинг керак, йигит, – деди қиз.
– На илож, хоним, – деди Бейрак. – Бош устига.
Бонучечак ердан бир даста ўт териб Бейракка узатди.
– Ол, – деди. – Бу ёвшан. Буни ҳидлаганингда мени эсга ол.
…Бейрак отига қамчи солди. Бонучечак унинг ортидан термилиб қолди…
Бейрак отаси Бойбуранинг қаршисида турарди.
– Хўш, ўғлим, – деди Бойбура, – бугун эл-юртда нималарни кўрдинг?
– Нимани ҳам кўрардим, отажон? Ўғли бор ўғлини уйлантирмоқда, қизи бор қизини чиқармоқда.
– Ўғлим, балки сени ҳам уйлантирмоқ керакдир?
– Сиз не десангиз шу, отажон.
– Кимнинг қизини оламиз сенга?
– Ота, менга шундай бир қиз олиб берингки, мен ўрнимдан турмасдан у турсин, мен отимни минмасдан у минсин.
– Ўғлим, сен қиз эмас, бир паҳлавонни сўраяпсанки, гўё унинг ортидан есанг, ичсанг, даврон сурсанг.
– Ҳа, отажон, мен шуни истайман. Сиз бир нозикниҳол қизни олиб берсангиз, ёнидан ел ўтганда йиқилиб тушса, уни нима қиламан?
– Ўғлим, ундай бўлса қиз топиш сендан, мол-дунё бериш мендан.
– Топиб бўлдим, ота.
– Ким экан у?
– Бойбежоннинг қизи – Бонучечак.
Бойбура хаёлга чўмди.
– Ҳой ўғлим, – деди ниҳоят у, – Бонучечакни бешиклигидаёқ сенга нишонлаган эдик. Аммо Бойбежон раҳматга кетди, қизнинг ихтиёри акаси Кўчарга қолди. У эса ғирт жиннининг бири. Отини ҳам Дали Кўчар дейдилар. Синглимни эрга бермайман, деб онт ичган эмиш. Кимки қизни сўраб борса, ўлдирар экан.
– Унда нима қиламиз?
Бойбура тағин фикрга чўмди.
– Бу қизни ким сўраб бора олади? Борса фақат Дада Қўрқут бориши мумкин… Зора, Дали Кўчар Дада Қўрқутнинг қўбизини ҳурмат қилса… Кел, бир Дада Қўрқут билан маслаҳатлашиб кўрайлик.
– Модомики мени жўнатмоқчи экансиз, майли, бораман, – деди Дада Қўрқут. – Аммо биласизки, Дали Кўчар каттани катта, кичикни кичик дейдиган кимса эмас. Фақат менга иккита югурик от келтиринг. Қувлашма бўлса, бирини минаман, бирини етаклайман, шу тариқа жонимни қутқариб қоламан.
Дада Қўрқутнинг гапи маъқул келди. Икки от келтирдилар. Дада бирини минди, бирини етаклади, “хайр-хўш” дея йўлга тушди.
…Дали Кўчар чодирининг ёнида қуриб қолган бир сойнинг ўзани бор эди… Бироқ Кўчар бу сувсиз ўзан устига бир кўприк қурдирган эди, ўтган-қайтганни ана шу кўприкдан ўтишга мажбур қилар, ўтганлардан ўттиз ақча, ўтмаганлардан ура-ура қирқ ақча оларди.
Ҳозир ҳам у бир савдогарни дўппослаётган эди. Савдогар йиғлаганича:
– Ҳой йигит, нега ахир бундоқ қиласан, – дерди, – тўп-тўғри йўл туриб нега бу синиқ кўпригингдан ўтишга мажбур этасан?
Дали Кўчар бақириб берди:
– Нималар деяпсан, аҳмоқдан тўраган аҳмоқ? Мендан дали, мендан кучли эр бормики, менга қарши чиқса! Менинг баҳодирлигим, мардлигим Румдан Шомгача етиб борган.
Яна кекса савдогарни дўппослар экан:
– Кўприкдан ўтмасангиз – жаҳаннамга, лекин унда дарров қирқ ақча тўланг, – дер эди.
– Унда айт-чи, кўприкдан ўтсак неча ақча оласан? – деб сўради савдогар.
– Кўприкдан ўтсангиз ўттиз ақча, – деди Дали Кўчар.
Савдогар ақчаларни Дали Кўчарнинг кафтига санаб ташлади ва туяла-рини кўприк устига бошлади.
Дали Кўчар уларнинг ортидан боқиб қаҳқаҳа урди, сўнг каттакон бир шароб бордоғини бошига кўтарди, шароб унинг мўйловларига, гарданига, елкасига тўкилди.
Шу пайт Дада Қўрқут етиб келди, отдан тушиб, салом берди.
Дали Кўчар ичганича ичиб ётарди. Дада Қўрқутга кўзи тушиб, сархушлик билан:
– Ваалейкум салом, – деди.
Дали Кўчар яна бир ичиб олиб, қичқирди:
– Ҳой амали озган, феъли тўзган, қодир Оллоҳ оқ манглайига қора ёзган шўрлик! Оёғи бор бу ерларга келолмас, оғзи бор бу сувлардан ичолмас эди. Сенга нима бўлди? Ажал қувлаб келдими? Бу ерларда нима қилиб юрибсан?
– Қаршидаги қора тоғдан ошгани келдим, – деди Дада Қўрқут. – Жўшиб ётган дарё сувини кечгани келдим. Кенг этагингга, тор қўлтиғингга киргани келдим. Ойдан ёруғ, сувдан тиниқ синглинг Бонучечакни Бамси Бейракка сўрагани келдим.
Дали Кўчарнинг ранги-қути ўчди, бир муддат анграйганича Дада Қўрқутга боқиб турди, сўнг илон чаққан каби ўрнидан сакраб туриб, бор овози билан бақирди:
– Ҳой, тез бўлинг, айтганимни бажо қилинг, айғирни яроғи билан дарҳол олиб келинг.
Айғир ва қурол-яроғни келтиришган заҳоти Дали Кўчар отга минди, қиличини қинидан суғурди. Дада Қўрқут ҳам фурсатни бой бермай қочиб қолди. Дали Кўчар унинг ортидан қувламоққа тушди. Даданинг остидаги учқур айғир ҳориди, Дада қўтир айғирга сакради. Дали Кўчар Дадани қувлай-қувлай етиб олди, унинг боши узра қилич кўтариб, шарт иккига бўлиб юбормоқчи бўлди.
– Чопадиган қўлинг қуриб қолсин, – деди Дада Қўрқут.
Бирдан Дали Кўчарнинг қўли ҳавода муаллақ қолди.
– Вой-дод, ёрдам беринг, – дея бақирди Дали Кўчар, – Дада, қўлимни соғайтсанг, синглимни Бейракка бераман.
– Бўпти, – деди Дада Қўрқут, – қўлингни тушир.
Дали Кўчарнинг қўли асл ҳолига қайтди. Қўлини туширди ва сўради:
– Синглим учун нима сўрасам берасизми?
– Берамиз, хўш, нима сўрайсан?
– Мингта туя келтиринг… Мингта айғир келтиринг… Мингта қўчқор кўрмаган қўй, мингта думсиз, қулоқсиз ит келтиринг. Минг дона бурга келтиринг.
– Нима, бурга?
– Ҳа, бурга! Минг дона. Агар айтганимдан бир дона кам келтирсангиз, ҳозир ўлдирмадим, ўшанда ўлдираман.

* * *

Дада Қўрқут қайрилиб Бойбуранинг овулига йўл олди.
Бойбура сўради:
– Дада, ўғлонмисан, қизмисан?
– Ўғлонман, – деди Дада.
– Хўш, Дали Кўчарнинг қўлидан қандай қутулдинг?
– Ҳам қутулиб қолдим, ҳам қизни олар бўлдим.
Дада Қўрқут Дали Кўчарнинг шартларини Бойбурага сўзлаб берди. Аввалига кулдилар, сўнг Бойбура фикрга толди.
– Яхши, Дада, – деди у, – бошқасини мен ҳозир этсам, бургаларни ўзинг топасанми?
– Топаман.

* * *

…Дали Кўчарга уюр-уюр шаҳбоз отлар, қатор-қатор нортуялар, сурув-сурув қўй-қўчқорлар кетарди.
Дали Кўчар кўприк ёнида туриб олиб бордоқдан шароб ичганича ҳаммасини бир-бир санамоқда эди.
– Уч ўттиз, беш ўттиз, ўн ўттиз…
Ниҳоят итларни ҳам санаб бўлди.
– Минг, – деди ва бирдан Дада Қўрқутга юзланиб: – Хўш, Дада, – деди, – менинг бургаларим қани?
– Ўғлим Кўчар, – деди у, – бургаларнинг ҳаммасини бир ерга йиққанман, санаб кўр, танлаб ол, семизларини олгин, ориқлари қолсин. Юр ортимдан.
Дада Қўрқут Кўчарни бир оғилхонага бошлаб келди.
– Ечин, – деди у.
Дали Кўчар шир яланғоч бўлиб ечинди. Дада Қўрқут уни оғилхонага киритиб эшигини маҳкамлади. Оғилхона лиқ тўла бурга эди. Бургалар Дали Кўчарга ёпирилишди. Кўчар қараса, иш чатоқ, додлай бошлади:
– Вой-дод! Ёрдам! Дада, раҳм қил, Худо ҳақи, эшикни оч, чиқиб олай.
Дада Қўрқут ташқарида жилмайиб турар, бепарволик билан:
– Ўғлим Кўчар, нега дод-вой соласан, – дер эди, – сўраган бургаларинг-да, ахир! Санаб кўр, роса минг дона! Балки сенга ёқмагандир?! Семизларини ажратиб ол, ориқлари қолаверсин.
Дали Кўчар ҳамон қичқирарди:
– Вой, Дада, вой-дод, Дада! Бунинг семизини ҳам, ориғини ҳам Худо кўтарсин. Мени бу ердан қутқар, Дада, шўрлик бошим қурбон бўлсин сенга. Дада, ёрдам бер!
Кўчарнинг фарёди кўкка ўрларди. Дада Қўрқут эшикни очди. Яп-яланғоч Кўчар оғилхонадан ташқарига отилиб чиқди, аъзойи бадани шишган, ҳатто юз-кўзи ҳам кўринмасди. Дали Кўчар Даданинг оёғига йиқилди:
– Худо ҳақи, мени қутқар, – деди у. – Қўй-қўзиларимнинг ҳаммасини сенга қурбонлик қиламан.
– Югур, ўғлим, ўзингни сувга от, – деди Дада Қўрқут.
Дали Кўчар сой бўйига югуриб борди-да, ўзини сувга отди.

* * *

Дада Қўрқут елиб-югуриб Баёт овулига келди. Олисдан:
– Суюнчи! Суюнчи! – деб қичқирар эди.
Бойбура унинг қаршисига чиқиб, отнинг қаншарига битта тухум уриб синдирди.
Бойбуранинг уйида тўй тадориги бошланди.
Қизнинг уйига жўнатиладиган қўй-қўчқорларнинг шохига қизил дурра боғладилар, тумшуқларига, туёқларига хино қўйдилар. Отларнинг бўйнига попук осдилар, туяларни безаб-бежадилар.
…Бонучечак ўз чодирида Бейракка оқ кўйлак тикмоқда эди…
…Бўғозча Фотима Бейракнинг онаси Ойна Малакнинг, уч синглиси – Гуной, Ойсел ва Гунелнинг сочлари, қўллари, оёқларига хино қўймоқда эди.
…Қисирча Янга Бонучечакнинг сочлари, қўллари, оёқларига хино қўймоқда, ёноқларига упа-элик сурмоқда, қош-кўзларига сурма чекмоқда эди…
…Тонг саҳарлаб Бейрак ўртоқлари билан Баёт овулининг ёнидаги сайҳонликка чиқди.
Йигит уйланаётганда ўқ отиши, ўқи қаерга бориб тушса, куёвлик чодирини ўша ерга тикиши керак эди.
Бейрак ҳам камон тортиб, ўқ отди. Ўқ тушган жойга чодир тикди. Йигитлар чодирга киришди.
Бейрак сафидаги ёш йигитлардан бирининг номи Ялинчиқ эди. У сиртдан кулиб севинса ҳам, юраги қон йиғларди. Қудалар Бонучечакларникига хил-хил либослар олиб келишди. Бонучечак тиккан оқ кўйлакни Бейракка ҳадя қилдилар. Бейрак чодирига кириб, оқ кўйлакни кийиб чиқди. Ўртоқларидан бири:
– Муборак бўлсин, яхши кунларингда кийиб юр, – деди.
– Айт-чи, нега кўзимга хафа кўринасан? – деб сўради Бейрак.
– Нега ҳам хафа бўлмайлик, – деди бошқа бир ўртоғи. – Сен янги кўйлак кийдинг, биз эса ҳамон эски кўйлакда юрибмиз.
– Бунинг нимасига хафа бўласиз? – деди Бейрак. – Бугун мен кийибман, эртага сен кий. Етти кеча-етти кундуз тўй бўлади, ҳар куни биттангиз кийинг, сўнг бирорта дарвишга бериб юборамиз.
Етти кеча-етти кундуз тўй бўлди. Йигитлар Қўбустон қоятошларига солинган ҳўкиз, эчки, кийиклар тасвирини нишон олиб ўқ отдилар, от чопдилар, қиличбозлик қилдилар, курашдилар, ўйин тушдилар. Ҳар куни Бейракнинг оқ кўйлагини бошқа бир йигит кияр эди.
…Қиз-Бинафша яйловида ҳам тўй тараддуди эди. Бонучечакка тўй либосларини кийгизмоқда эдилар. Қисирча Янга қиз қаршисига кўзгу тутиб турар, онаси унинг бошига қизил матодан салла боғламоқда эди.

* * *

Овул чеккасида бир вайрона бор эди. Кечаси ой ёруғида бу вайронада ғаройиб кўлкалар пайдо бўларди. Унда дайди итлар изғиб юрар, бойқушлар нола қиларди. Вайронанинг бир девори остида икки киши пусиб турарди. Уларни кўлкаларидан таниш мумкин эди: бири – Алп Аруз, иккинчиси қора ниқобли киши эди.
– Демак, Қипчоқ Малик шошмаяпти, фурсат келишини кутаётир, – деди Алп Аруз. – Унда бошқа тадбир кўрамиз. Бойбурд қалъасининг хоқони билан савдолашамиз, қани, бўл, югур. Порасорнинг Бойбурд қалъасига хабар олиб бор. Хоқонга айтки, Дали Кўчар синглисини унинг жиянига ваъда қилган эди, энди сўзидан қайтди. Қизни бўз отли Бейракка берди. Эртага кечқурун чодирга кирадилар. Айтки, Бейракни ўртадан кўтарсалар, Қозоннинг бели синади. Унинг суянган орқа тоғи Бейрак бўлади.
Қора ниқобли киши сакраб отига минди. У от чоптириб бораркан, зинҳор туёқ товушлари эшитилмас эди. Отлиқ зулмат оғушида кўздан ғойиб бўлди.

* * *
Бонучечак чодирида чўзилиб ётар, чодирнинг очиқ эшигидан самога, Карвонкуш юлдузига боқар, ёстиғи ёнига йиққан ёвшан дасталарини ҳидлаб қўяр, кўзига уйқу инмасди.
…Бейрак ҳам ўз чодирида ёвшан ҳидлар, Карвонкуш юлдузига боққанича хаёл сурарди. Секин-аста уни мудроқ босди, кўзлари юмилиб, уйқуга кетди.
Бейракнинг чодири кимсасиз, чек-чегараси йўқ чўлнинг ўртасида эди. Етти йиғоч масофада на бир учқун кўринар, на бир товуш эшитиларди. Бейракнинг бўз айғири олисда, йилқи ичида эди. Бўз айғирнинг бир хислати бор эди, қачон ёғий ҳидини олса, туёқлари билан ер тепинар, тўзони кўкка чиқарди. Ҳозир ҳам у туёқ тепиниб ернинг тўзонини чиқарди, пишқирди, кишнади, бироқ унинг овозини эшитадиган киши йўқ эди.
Кеча зулматида сассиз-садосиз келган саккиз отлиқ жимгина отдан тушди, атрофга қўрқа-писа аланглаб, чодирга яқинлашди. Еттовлон қўлда йўғон бир арқон билан чодирга кирди, бири ташқарида пойлоқчи бўлиб қолди. Чодирдан бўғиқ бир товуш эшитилди, бироздан сўнг ундан ҳалиги етти киши чиқиб келди. Улар арқон билан чандиб боғланган, оғзига латта-путта тиқилган Бейракни чодирдан судраб чиқиб, отга ўнгардилар. Отлиқлар қандай пусиб келган бўлса, худди шундай сассиз-садосиз ғойиб бўлдилар. Еттовлон кетди, бири эса шунда қолди. Қолган кимса ўша қора ниқобли киши эди. Отлиқлар узоқлашиб кетгандан сўнг қора ниқобли киши қиличини яланғочлаб, чексиз бир нафрат ва ғазаб билан чодирни чопишга тушди, шунда ҳам ғазаб-ҳиккаси совимагач, оти билан чодир устига чиқиб, от туёқлари остида чодирни ер билан яксон қилди-да, сўнг тун оғушига отилди.

* * *

Қозоннинг девонига йигитлар тўпланган, Дада Қўрқут ҳам шу ерда эди.
– Дада, сен нима маслаҳат берасан? – деди Қозон.
– Ер остини илон билади, ер устини инсон, – деди Дада Қўрқут. – Йигитларни жўнат, тўрт иқлимдан сўрат. Бейракнинг ё ўлик, ё тиригидан хабар келтирсинлар.
– Омон кунчиқарга, Дўндар кунботарга кетсин, – деди Қозон. – Қорабутоқ Олатоғнинг жанубидан хабар келтирсин. Ялинчиқ Қазилиқ тоғининг шимолидан хабар келтирсин. Бейракнинг тиригидан хабар келтирганга мол-дунё инъом этаман, ўлигидан хабар келтирганга Бонучечак насиб этади.
Йигитлар отланиб, тўрт томонга елиб кетдилар.
Бошқалар интизор қолди. Қозон хабар кутди, Бонучечакнинг кўзлари йўлга қадалди, Бейракнинг отаси, онаси, сингиллари тўрт йўл кесишган жойга чиқиб турдилар.
Омон қайтди, бошини сарак-сарак қилиб:
– Бейракни кўрдим деган кимса бўлмади, – деди.
Дўндар қайтди, кўзини ерга тикиб:
– Изи-дараги йўқ, – деди.
Қорабутоқ қайтиб келиб:
– Бейракдан ном-нишон топмадим, – деди.
Ялинчиқ етиб келди, отдан тушиб ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади.
– Шўрлик Бейрак, оғажоним, – деди, – мурод-мақсадига етолмаган ўртоғим.
– Ялинчиқ, қандай хабар олиб келдинг? – деб сўради Қозон.
– Қандай хабар бўларди, хон Қозон? Бу хабарни келтирганимдан келтирмаганим яхши эди. Номард душман Бейракни олиб қочибди, йўлдаёқ жасадини тоғдан улоқтириб, қарға-қузғунга ем қилибди.
– Буни қайдан билдинг?
Ялинчиқ йиғлай-йиғлай тўрвасидан Бейракнинг қизил қонга бўялган, Бонучечак тиккан ўша кўйлагини чиқариб кўрсатди.
– Бу Бейракнинг кўйлаги, – деди у. – Қайлиғи тиккан эди.
– Биз буни танимаймиз, – деди Қозон. – Элтиб қайлиғига беринг, ўзи тиккан, ўзи билади.
…Кўйлакни Бонучечакка олиб келдилар, Бонучечак қизил қонга бўялган кўйлакни кўрган заҳоти зор-зор йиғлашга тушди:
– Вой шоҳ йигитим, вой шаҳбоз йигитим, эшигимнинг тўраси, йигитларнинг сараси, юзингга тўйиб боқолмадим, қайга кетдинг мени ёлғиз ташлаб, вой Бейрак!
…Баёт овулида фарёд қўпди, Бойбура салласини олиб ерга урди, кўк кийиб, қора боғлади, ёқасини йиртиб, “ўғлим, ўғлим” дея ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади. Ойна Малак сочларини юлди. Сингиллари: “Вой оғам, жон оғам! Мурод-мақсадига етмай кетган ёлғиз оғам”, дея ўксина-ўксина йиғладилар.
Бейракнинг сингиллари оқ либосларини ечиб, қора кийдилар. Қозонхон ҳам оқ либосини ечиб, қора кийди, Бейракнинг дўст-ўртоқлари, бутун Ўғуз йигитлари оқ либосларини ечиб, қора кийдилар, умидларини уздилар. Бейракка аза тутдилар.
Бейракнинг онаси, сингиллари, Бонучечак Бейракнинг кийимларини ўртага уйиб марсия айтдилар:
– Вой ўғлим, вой оғам, вой Бейрак! Ойдай келдинг, кундай ботдинг. Кетган оғам, кетган болам, вой-вой!..
Бейракнинг бўз отининг қуйруғини кесдилар, от устига Бейракнинг кийимларини, қонли кўйлагини ортдилар, унинг устидан қора ўртик ёпдилар, отни қоп-қора қилиб безадилар. Бейракнинг отаси, онаси, сингиллари, Бонучечак отнинг олдига тушиб эл-юртни кездилар, ер билан яксон бўлган чодир ёнига келдилар.
Ойна Малак деди:
– Чодири гўри бўлган болам, Тангри бир мозорни ҳам кўп кўрган болам.
Бирдан бўз айғир пишқирганича устидаги кийим-кечакларни ер билан битта қилди, сўнг қай томонгадир елиб кетди. Унинг ортидан тушмадилар. От чопа-чопа олислаб, кўздан ғойиб бўлди.

* * *

Хинолиқ кентидаги Бойбурд қалъаси баланд тоғлар оғушида, булутдан ҳам юксак бир ерда жойлашган эди. Тоғ тўшидаги бурама йўлдан қалъа сари етти отлиқ чиқиб борарди. Отлиқларнинг олдида қўллари орқасига боғланган, оёғига кишан солинган бир пиёда кетарди. Бу Бейрак эди. Қалъанинг темир дарвозалари очилди, отлиқлар ичкари киргач, темир дарвозалар тағин ёпилди…

* * *

Дада Қўрқут ўз мозори бошида ўлтириб қўбиз чалмоқда.
– Бейракнинг аҳволоти ҳали узун, бу аҳволотнинг ҳали давоми бор.
Аммо энди кимдан айтай, Бакилдан айтай…
Бакил кунларнинг бирида яна овга чиққан эди, Қозонхондан чопар келди, Бакилни Қозоннинг девонига даъват қилди.
Бакил ёйи билан тутган жайронларининг қулоқларини кертмоқда эди, овини ҳам кўтариб Қозоннинг девонига келди, жайронларни Қозонга ҳадя қилди.
Қозон Бакилга қилич, чўқмор, бир яхши от ва яхши пўстин берилсин деб амр этди. Шу пайт Дўндар кириб келди. У ҳам овдан қайтган, жайрон овлаган эди. Овлаган жайронини Бакилнинг олдига қўйди.
– Бакил, бу сенинг ҳалол молинг, – дея жайроннинг кертик қулоқларини кўрсатди.
Йигитлар кулишди.
– Бу ҳунар Бакилникими ё отиники? – деди Алп Аруз.
– Албатта, Бакилники, – деди Омон.
Етти йиллик ол шаробнинг ҳовури Қозоннинг бошига урган эди.
– Йўқ, от эпчил бўлмаса, Бакил ҳам мақтана олмайди. Бу ҳунар отники, – деди Қозон.
Бу гап Бакилга хуш келмади. У ўрнидан турди, Қозонга юзланиб:
– Йигитлар ичида бизнинг номусимизни лойга қординг, – деди. Бакил Қозоннинг ҳадяларини унинг олдига тўкиб, девондан чиқди. Отини келтирдилар, миниб уйига қайтди.
Хотини унга пешвоз чиқиб:
– Бегим, – деди, – Қозонхоннинг девонига шод кетиб, хафа қайтдингиз, нима бўлди?
– Қозоннинг биздан назари қолган, – деди Бакил. – Қозонхондан хафа бўлдим.
– Бегим, унақа деманг, ўзингизни босинг, – деди хотини, – шошиб хулоса қилманг, кўнгил ғаш бўлса, шароб ёзади. Шароб ичинг. Сиз кетиб, Олатоғ ов кўрмади. Овга чиқинг, кўнглингиз ёзилсин.
Бакил ўйлаб кўрса, хотинининг сўзи, маслаҳати тўғри, дарҳол отланиб овга чиқди.
Ов овлади, қуш қушлади, бирдан қаршисидан ярадор бир жайрон чиқди. Бакил унинг ортидан от солди. Жайрон бир қоядан ўзини пастга отди, Бакил отининг жиловини тўхтата олмай жайрон ортидан жарга қулади. Ўнг оёғи қояга урилиб синди. Бакил шалворининг остидан оёғини қаттиқ сиқиб боғлади. Оти уни овулга олиб келди. Ўғли Қорача Чўпон Бакилга пешвоз чиқди. Қараса, отасининг ранг-рўйи ўчган, салласи осилиб елкасига тушган.
– Сенга не бўлди, ота? – деди Қорача Чўпон.
– Бироз тобим йўқ. Ўғлим, мени отдан тушир, тўшагимга элтиб ётқиз, – деди Бакил.
Қорача Чўпон отасини отдан тушириб, тўшагига элтиб ётқизди, чакмонини устига ташлаб, эшикни ёпди.
Бакил оёғи синганини ҳеч кимга билдирмади, лекин кечаси тўшагида оҳ-вой қилиб инграшга тушди.
Хотини унинг ёнига келиб:
– Бегим, сизга нима бўлди? Аҳволингиз қалай? Эр ўз қўйнида қучиб ётган жуфти ҳалолидан ҳам сир яширадими? – деди.
– Отдан йиқилдим, оёғим синди, – деди Бакил.
Хотини дод-вой қилиб бу гапни синглисига айтди, синглиси бориб қўшнисига айтди. Ўттиз икки тиш орасидаги сир бутун овулга ёйилди.
…Қора ниқобли киши бу хабарни душманга етказди.

* * *

Порасордаги Бойбурд қалъасининг хоқони Қора Арслон зиёфатида соғда ўлтирган соғ беклар, сўлда ўлтирган сўл беклар тахтда ўлтирган хоқоннинг қўлига мунтазир эдилар. Қора Арслоннинг олдидаги мис лаганда бутунлигича ўтда тоблаб пиширилган бир тўқли бор эди. Қора Арслон қўлидаги узун ханжари билан тўқли этини бўлакларга бўлар ва ҳар бир бекка эгаллаган жойи ва мавқеига қараб бу этдан улуш улашар эди. Қора Арслон ва беклар иштаҳа билан ейишга тушдилар. Хоқон эшик оғасига ишора қилди:
– Асирни олиб келинг.
Бейракни ичкарига олиб кирдилар. Унинг кўзлари чўкиб, таниб бўлмас қадар озиб-тўзиб қолган, сочи ўсиб соқолига туташиб кетган эди. Бейракнинг энгил-боши ҳам афтода бир аҳволда: шалвори тиззасидан, кўйлаги тирсагидан йиртилиб тушган; бу ғариблик, асирлик нишонаси эди. Бейракнинг қўллари боғланган эди. Оғизларини чилпиллата-чилпиллата тўқли этини еяётган бекларга боқишидан билиш мумкин эдики, у неча кундан бери оч эди. Аммо у ўзини дадил кўрсатар, душманлари қаршисида бошини тик тутиб турарди.
Қора Арслон Бейракка сўз қотди:
– Тепакўз ҳаромини забун этган, Бамси Бейрак деб ном чиқарган йигит сенмисан?
– Ҳа, менман!
– Биласанми сени нега олиб қочдик? Сен бизники бўлишингни истаймиз. Ўғуз элида нима кўрдинг? Чўл-саҳрода яшашдан, қишлоқдан яйловга, яйловдан қишлоққа кўчиб юришдан, от устида умр кечиришдан нима топдинг, йигит? Бу ерга кел, саройда яшаб қол, шойи-ипак тўшакларда ёт, лаззатли таомлардан тановул эт, гўзал қизлар хизматингда бўлсин. Егин, ичгин, кайф чекиб, сафо қил. Лекин битта шартимиз бор. Аввал олти минг қўшин билан Ўғуз элига борасан, у тоғларнинг, дала-даштларнинг йўлу сўқмоғини сендан яхши биладиган киши йўқ. Ўғуз элини тор-мор этиб қайтсанг, сенга бекликни берамиз, тахт-тож берамиз, олтин-зар бахш этамиз, гўзал қизларни инъом қиламиз.
Бейрак бир муддат жим қолди, иштаҳа билан эт чайнаётган бекларга боқди, сўнг оғир-вазмин сўз бошлади:
– Дада Қўрқут айтардики, “қора эшак бошига юган таққанинг билан от бўлмайди. Мард йигит ўз юртига ёт бўлмайди”. Ўз наслимни, ўз илдизимни қирқмайман, ўз уй-эшигим турганда бегона эшикни қоқмайман… Қўлингга тушибманми, ҳой олчоқ, ўлдир мени. Сол қиличингни, бошимни ол. Қиличингдан, ханжарингдан қўрқадиган жойим йўқ.
Қора Арслон ғазаб билан:
– Элтиб зиндонга солинг буни, ўзи ёлвормагунча чиқарманг. Зиндонда ириб-чириб кетсин, – деди.
Бейракни элтиб таги-туби йўқ қоронғи бир зиндонга ташладилар. Зиндоннинг оғзига каттакон бир тегирмон тоши бостирдилар. Бир парча нонини, бир қултум сувини тегирмон тошининг тешигидан туширар эдилар…

* * *

Бир куни Ялинчиқ ва Дали Кўчар Қозоннинг девонига келдилар, тиз чўкиб, бош эгдилар. Ялинчиқ деди:
– Давлатли хонимизнинг умри узун бўлсин! Бейрак йўқолганига бир йил бўлди. Ўзинг, Бейракнинг хабарини келтирганга Бонучечак насиб бўлади, деб ваъда қилган эдинг. Бу хабарни мен олиб келдим. Қизнинг акаси ҳам рози. Энди маслаҳат сенда қолди.
Қозон Дали Кўчарга юз бурди, Дали Кўчар бош силкиб Ялинчиқнинг сўзларини тасдиқлаб турди. Қозон Дали Кўчардан сўради:
– Хўш, қизнинг ўзи не дейди?
– Қиз Бейракнинг ўлимига бир ишониб, бир ишонмайди, – деди Дали Кўчар. – Муҳлат сўраётир. Мен бир йил кутаман, бир йилда келмаса, икки йил кутаман, икки йилда келмаса, уч йил кутаман. Уч йилда ҳам келмаса, кимга берсангиз розиман, дейди.
– Шундоқ бўла қолсин. Бир йил ўтди, яна бир йил ўтса, унаштирасан. Сўнг яна бир йил ўтса, тўйини қиласан!
…Баёт овулининг йўл чеккасидаги бир тош устида бели букилган, кўзлари кўр бўлган чол ўтирарди. Бу Бойбура эди. Қўнғироқ овози эшитилди. Бойбура бошини кўтарди. Кўр кўзларини номаълум бир нуқтага қадади.
– Ҳой йўловчи! Кимсан, қайдан келиб, қайга кетаётирсан? – деди.
– Бу биз бўламиз, Бойбура, савдогарлармиз, – деди кекса савдогар. – Олис сафарга кетаётирмиз. Ялинчиқ бизни мол олиб келгани жўнатмоқда. Тўйига ваъда олибди.
– Савдогарлар, бир эҳтимол, – деди Бойбура, – яхши ният – ёрти мол! Юксак тоғлардан ўтсангиз, олис юртларга етсангиз, ўғилгинамнинг дарагини бир сўраб кўринг. Балки чекка бир иқлимда унинг ўлик-тиригини биладиган бордир.
– Арқайин бўл, Бойбура, – деди кекса савдогар, – қайга борсак Бейракнинг дарагини излаймиз. Топсак топдик. Топмасак, Тангри берди, Тангри олди дейсан-да, бошқа на иложинг бор?
Савдогарлар йўлга равона бўлишди, қўнғироқ саси олислаб борарди. Кўр кўзларини қўнғироқ овозлари ортидан тикиб қолган Бойбура пичирлади:
– Қоронғи кўзларимнинг нури-чироғи ўғлим, уйимнинг суянган тоғи ўғлим, қайдасан, болам?..
* * *

Порасордаги Бойбурд қалъасининг чуқур зиндонида ётган Бейракнинг кўзлари энди зулматга кўникиб қолган эди. Бироқ бу ерда зиндоннинг зах деворларидан бўлак нимани ҳам кўриш мумкин? Бейрак ғужанак бўлиб ётар эди. У зиндоннинг тош деворларини сийпалар экан, бирдан тошлардан бирининг нам эканини сезди, бу тошдан сув сизиб турарди. Бейрак тошни тебратди, тош кўчиб, ўрнидан сув оқа бошлади. Бейрак яна бир неча тошни қўпорган эди, бир лаҳим очилди. Бу лаҳим ер ости дарёсидан чиқарди. Бейрак лаҳимдан сурина-сурина дарёга тушиб суза бошлади, сув оқими уни бошқа бир лаҳим оғзига олиб келди. Бейрак бу лаҳимдан суриниб кенг бир ертўлага чиқиб олди. Бу ер ости мақбараси бўлиб, унда ер устидаги мозорлар каби айнан бир хил қолипдаги қабр тошлари қўйилган эди. Хоқоннинг қариндош-уруғлари шу ерга кўмилган эди. Бейрак қабрларни томоша қиларкан, оёқ товушлари эшитилди, у бир бурчакка яширинди. Қараса, хоқон Қора Арслоннинг хотини Деспина Хотун бу ерга тушиб келиб, қабрлардан бирининг олдига борди. Деспина Хотун эт, сут, хилма-хил лаззатли таомлар, шароб олиб келган эди. Барчасини ушбу қабр олдига териб қўйди. Сўнг қабрга мурожаат қилиб:
– Бобожон, – деди, – сенга бугун қурбонлик қилинган қўзининг ўтда тобланган этини келтирдим, бу кеча тушимда эмиб юрган қўзи гўштини истар эмишсан. Етти йиллик шароб олиб келдим. Сут-қаймоқ келтирдим. Эрта сенга қовурилган жўжа гўшти олиб келаман. Кўнглинг нима тиласа, тушимда айтавер, ҳаммасини муҳайё қиламан. Токи сен ҳеч нарсага зор қолмагайсан.
Деспина Хотун эгилиб қабрни тавоф қилди-да, секингина чиқиб кетди. Бейрак яширинган еридан чиқиб, аввал таажжуб билан у ёқ-бу ёққа аланглади, сўнг воқеани англаб, кулди. Бейрак шуни тушуниб етдики, буларнинг ақидасига кўра, марҳумлар таом ер, шароб ичар эканлар. Бейрак кула-кула бобойнинг емакларини иштаҳа билан туширди, шаробини ичди, роса тўйиб олгач, сурина-сурина ўз зиндонига кетди. Юқоридан унга бир парча нон билан бир қултум сув туширдилар.

* * *

Эртаси куни худди ўша вақтда Бейрак яна ўша йўл билан мақбарага келиб яширинди. Бироздан сўнг Деспина Хотун емак-ичмак олиб келди. Қараса, қабр устида фақат суяк-саёқ ва бўш шароб бордоғи турибди, севиниб кетиб:
– Бобожон, еб-ичганинг яхши бўлибди, ажойиб, – деди. – Менинг ўз қўлим билан тайёрлаган таомларни хуш кўришингни айтардинг-ку, ахир. Энди бундан сўнг ҳамиша ўзим пишираман, чунки хизматкор-чўрилар ҳозирлаган таомлар юрагингга ботмас, е, ич, ош бўлсин.
…Деспина Хотун ер юзига йўл олди.
…Бейрак иштаҳа билан таомланишга тушди.

* * *

Бир куни Деспина Хотун келтирган шароб жуда ўткир чиқди. Бейрак маст бўлиб, қабрнинг ёнида йиқилиб қолди, кўзини очганда тепасида турган Деспина Хотунни кўрди. Аёл даҳшатдан ола-кула бўлиб кетган кўзларини унга тикканди. Бейрак қараса, хотиннинг қўрқувдан юраги ёрилиб кетгудек, шунинг учун шоша-пиша:
– Қўрқма, хоним, – деди, – мен ўлик эмас, тирик одамман, хоқон эрингнинг асири Бамси Бейрак бўламан.
Деспина Хотун атрофда сочилиб ётган товуқ суякларини, бўш бардоқни кўриб, ҳаммасини тушуниб етди.
– Бобомнинг улушини сенми еяётган? – деб сўради.
– Ҳа, хоним, – деди Бейрак, – мен еяпман.
Деспина Хотун маъюс тортиб:
– Кўпдан берими? – деб сўради.
– Сен пишира бошлаган кундан.
Аёлнинг чеҳраси шу қадар ғамгин эдики, Бейракнинг унга раҳми келди.
– Хоним, – деди у, – бобонг ўз емакларини менга беради, қариб қолганман, тишларим йўқ, дейди. Шароб ҳам ичмайди. Аммо асални, қаймоқни ҳамиша ўзи ейди.
Деспина Хотун бироз ўзига келиб:
– Ҳалиям инсофли одам экансан, – деди, – ҳаммасини қўлидан тортиб олмас экансан! Ростини айт, қайси дунё яхши, бу ерми ёки ер юзи?
– Нима десам экан, бу ер ҳам ёмон эмас, – дея қабрларни бир-бир кўрсата бошлади Бейрак, – булар менга яхши хизмат кўрсатадилар. Бири кийим-кечагимни ювади, бири чўмилтиради, бири белига миндириб айлантиради.
Бейрак сўзлаган сари Деспина Хотун қабрларга бир-бир боқаркан:
– Вой, кийим-кечагингни холам ювадими, тоғам сени чўмилтирадими? – дея ҳаяжонланар эди. – Йўқса, ҳой йигит, сени белига миндириб юрадиган менинг кекса бувим экан-да?
– Бўлмасам-чи, – деди Бейрак, – ўликларингизнинг ичида ундан йўрғаси йўқ. Кўпинча мен ўшани минаман.
Деспина Хотун бошини муштлашга тушди:
– Вой сенинг бўйнинг узилсин, сизларнинг дастингиздан на ер юзида тиригимиз, на ер остида ўлигимиз қутула олади!
Деспина Хотун югурганича хоқоннинг ҳузурига келди.
– Карам қил, улуғ хоқон, – деди у. – Ўғузни зиндондан чиқариб ол. Бувижонимнинг белини синдиради у. Ер остида бувижонимни миниб юрар эмиш. Қолган ўликларни ўзига хизматкор қилиб олибди. Бобожонимга элтган таомларни тортиб олиб ер экан. Унинг дастидан на ўлигимизга кун бор, на тиригимизга. Динимиз ҳақи, чиқариб ол уни зиндондан!..

* * *

Бейрак ўз зиндонида ўтирар эди. Зиндончи пастга нарвон тушириб, Бейракни чақирди:
– Хондан ер юзига чиқишинг учун амр бўлди.
Бейракни ер устидаги зиндонга солдилар. Зиндоннинг тор деразасига темир панжаралар парчинланган эди.
Кеч тушганда Бейрак бу панжаралар орасидан юлдузли осмонга боқар, юлдузлар орасидан Карвонкуш юлдузини топиб оларди.
…Бир жуфт шаҳло кўз ҳам Карвонкуш юлдузига боқарди. Ёш тўла шаҳло кўзлар. Бонучечакнинг ҳасратли кўзлари. Бонучечак Бейракдан узоқ-узоқларда, баланд-баланд тоғларнинг, жўшқин-тошқин сувларнинг ортида, Қиз-Бинафша яйловида, ўз чодирида ётганича юлдузли самодан Бейракнинг юлдузини ахтарар эди.
…Баёт овулининг бир четида Бойбура ҳам кўр кўзларини юлдузли самога тиккан эди.
…Ой ёруғида йўллардан бир карвон кетиб борарди. Савдогарлар карвони. Секин-аста тонг оқариб, оқ билан қора фарқланиб бормоқда эди.
…Бейрак ҳам кўз юмгани йўқ эди. Атроф ёришганда у зиндоннинг тор панжарасидан мудҳиш бир манзарани кўриб қолди: узоқда, баланд бир минора учига инсон калласи санчиб қўйилган эди. Бейрак тор панжарага ёпишиб, бошини юқори чўзиб қаради ва катта бир майдонни кўрди. Майдоннинг тўрт томонида миноралар тикланган ва улардан кўпчилигининг учига инсон каллалари санчилган эди.
Бейрак зиндончини чақириб сўради:
– Анави каллалар қайси шўрликларнинг калласи? Нега у ерга санчиб қўйилган?
Зиндончи жавоб берди:
– Қора Арслон хоқоннинг дунёда энг гўзал бир қизи бор, отини сариқ либосли Селжон Хотун дейдилар. Кулли оламнинг йигитлари ўша қизга ошиқ, ҳар куни эшигига совчи бўлиб келишади. Хоқоннинг бир арслони, бир қора буқаси, бир нортуяси бор – ҳар бири бир аждаҳога тенг. Хоқон шарт қўйган: ким қизга талабгор бўлиб чиқса, ўша аждаҳолар билан курашмоғи керак. Уларни енгиб чиққан киши Селжонни олади, енгилганнинг боши дорда қолади. Ҳали бу уч аждаҳони ҳеч ким енга олгани йўқ. Анави ўттиз икки минорага санчилган бошлар ҳам ўттиз икки йигитнинг боши, улардан ҳеч бири арслон билан туяни кўра олгани йўқ, ҳаммаси биринчи жангдаёқ буқанинг шохидан ҳалок бўлишган.
– Ёш-ёш йигитларнинг бир қизни деб буқа шохидан ҳалок бўлишлари инсофданми? – деди Бейрак. – Бор, хоқонингга хабар қил, майдонга мени чиқарсин, мен у аждаҳоларни ўлдириб, навқирон йигитларнинг жонини сақлаб қоламан.
Хоқонга хабар етди. Довуллар қоқилди, карнайлар чалинди. Беклар, аъёнлар, амирлар майдонга тўпланишди. Хоқоннинг қизи сариқ либосли Селжон Хотун алоҳида кўшкда ўтирар эди. Ёнида етти нафар инжабел қиз бор эди.
Бейракни майдонга бошлаб келдилар.
– Бу баҳодирни онадан туғилгандек яланғоч қилинг, – деди хоқон.
Бейрак ечинди, тилла камарини белига боғлади.
Қиз кўшкдан томоша қилиб турар эди. Бейракни кўрганда куйиккан ғунажиндек оғзидан сўлаги оқиб кетди, йигитга ошиқ бўлиб, ёнидаги қизларга деди:
– Оллоҳ отамнинг кўнглига раҳму шафқат солсин. Унаштириб, мени шу йигитга берсин… Шундай йигитнинг ҳайвонлар дастидан ҳалок бўлиши ҳайф эмасми, ахир?
Занжир билан кишанланган буқани майдонга етаклаб келдилар. Буқа тиз чўкиб, шохини мармар тошга урди, тош шиша каби чил-чил бўлиб кетди.
Бейрак бир соғига, бир сўлига боқиб деди:
– Сариқ либосли Селжон Хотун кўшкдан боқар, кимга боқса ишқ ўтида ёқар, сариқ либосли қиз ишқида ҳамма “оҳ” тортар…
Бейрак буқа томон отилди. Буқанинг занжирини ечиб, майдонга солдилар, жонивор олмос найза каби шохларини ўқталиб Бейрак томон югурди.
Бейрак буқанинг қаншарига чунон бир мушт туширдики, у чўнқайиб қолди, Бейрак унинг қаншарига муштини тираб, майдондан суриб чиқарди, кўп курашдилар, на буқа енгарди, на Бейрак. Буқа оғзини кўпик босди. Бейрак буқа қаршисидан четга сакради. Буқа мункиб қулаб тушди. Бейрак унинг думидан тутди-да, уч карра айлантириб ерга урди. Буқанинг суяк­лари майда-майда бўлиб кетди. Бейрак уни босиб туриб, бўғзига пичоқ тортди. Бошини кесиб олиб, хоннинг олдига элтиб отди.
Селжон Хотун севинганича ўрнидан сапчиб турди.
– Бу йигитга кўзим тушди, юрагимга ишқ тушди, – деди.
– Ҳайвонларнинг сарвари арслон бўлади, – деди хоқон, – у билан ҳам ўйин кўрсат.
Арслонни олиб келдилар, у шундай бўкирдики, майдонда қанча от бўлса, ҳаммаси қон сийиб юборди.
– Бу шўрлик буқадан қутулди, арслондан қандай қутулар экан? – деди Селжон Хотун қизларга қарата.
– Сариқ либосли қиз ишқида арслондан қайтаманми? – деди Бейрак.
Арслон бостириб келди. Бейрак назоратчилардан бирининг ёпинчиғини олиб қўлига ўради-да, арслоннинг панжасига узатди, сўнг арслоннинг қаншарига бир мушт туширди, арслон гангиб қолди. Бейрак унинг белини синдирди, лошини элтиб хоқоннинг олдига отди.
– Бу йигитга кўзим тушди, юрагимга ишқ тушди, – деди Селжон Хотун қизларга.
– Ҳайвонларнинг подшоҳи туя бўлади. У билан ҳам ўйин кўрсат, – деди хоқон.
Туяни олиб келдилар. Бейрак бир айланиб туянинг чотига кирди, бир айланиб чотидан чиқди. Икки ҳайвон билан курашиб ҳолдан тойган, мастга ўхшаб гангиб қолган эди. Эпини қилиб туяни енголмасди. Олти жаллод Бейракнинг бошига келиб, қилич кўтариб турди.
Туя Бейракни Селжон Хотун ўтирган кўшк остига сиқиб борди. Бейрак йиқилиб тушди. Ётган жойидан юқорига қараса, Селжон Хотун унга ишора қилмоқда.
Селжон эгилганича Бейракка пичирлаб:
– Йигит, туя тумшуғидан забун бўлишини билмайсанми? – деди.
Бейрак сўнгги кучини тўплаб туянинг тумшуғига ёпишди, туя бўкириб юборди, оёқда тура олмай қулаб тушди. Бейрак уни босиб турганича икки еридан бўғизлади, терисидан иккита қайиш кесиб, хоқоннинг олдига элтиб ташлади.
– Қизимни шу йигитга бердим, – деди хоқон.
– Уч ҳайвонни ўлдиргани эвазига яккаю ёлғиз қизгинамизни оладими? – деди Деспина Хотун.
– Ҳа, – деди хоқон, – хоқон берган ваъдасидан қайтмайди, бунинг устига, бу йигит бизга қариндош бўлса, йўлга солишимиз осон бўлади.
Сўнг Бейракка юзланиб:
– Йигит, – деди, – Селжон Хотунни сенга бердим.
– Менга сенинг қизинг керак эмас, – деди Бейрак. – Менинг мақсадим жўмард йигитларни сенинг аждаҳоларингдан қутқармоқ эди. Мени ўз элимда кўз очиб кўрган, кўнгил бериб севган қайлиғим кутиб турибди.
Хоқон бу сўзлардан қаттиқ ғазабга келиб:
– Олиб кетинг бу нонкўрни, яна зиндонга солинг! – деди.
Тунда Бейрак зиндоннинг бир кунжида ғужанак бўлиб ётар эди. Бирдан зиндоннинг оғир эшиклари эҳтиёткорлик билан очилди. Ичкарига жанг либосини кийиб олган бир кимса кириб келди. У қиличини ечиб, деворга осди, сўнг кийимларини бир-бир еча бошлади. Бу Селжон Хотун эди.
Селжон Бейракнинг тўшагига кирди. Бейрак ўрнидан сакраб турди, Селжоннинг қиличини олиб яланғочлади-да, қиз билан ўзининг ўртасига қўйди.
– Қилични олиб қўй, йигит, – деди Селжон, – мурод бер, мурод ҳосил қил.
– Йўқ, хоқоннинг қизи, – деди, – менинг ҳасратим бор. Икки йилдирки, отангнинг маҳбусиман. Отам, онам, қариндош-уруғим, шаҳло кўзли ёримнинг ҳасратида қолганман.
– Ҳой йигит, улар узоқда, мен эса ёнингдаман. Улар сени аллақачон унутиб юборишган, қайлиғинг аллақачон эрга тегиб кетган. Мени ол, ола кўрпа остида талашайлик.
– Ер ёрилиб, ерга кирай, тўзон бўлиб соврилай, ўз қиличимда тўғралай, ўз ўқимга санчилиб ўлай. Ўғил кўрмайин ўтай, кўрсам ҳам ўн кундан ортиқ яшамасин, агар мен ота-онамнинг юзини кўрмай сен билан бу тўшакка кирсам.
Селжон Хотун туриб кийина бошлади.
– …Яхши, мен кетаман, – деди у, – аммо шуни билки, сен бир умр бу қалъада тутқун бўлиб қоласан. Ҳеч қачон ота-онангнинг, ёрингнинг юзини кўрмайсан. Улар узоқда, мен эса ёнингдаман. Ҳар кеча ёнингга келаман.
– Мен ҳам ҳар кеча ўртамизга қилич қўйиб қўяман.
– Нима қипти? Кўрайлик-чи, ким кимдан устун келар экан. Охири бир кеча бу қилични қинидан чиқармай қўясан.

* * *

…Савдогарлар карвони фарсах-фарсах йўл босиб борарди…

* * *

Дада Қўрқут ўз мозорининг ёнида ўтириб қўбиз чертар, сўз айтарди:
– Савдогарларнинг ўзи йўлда, Бонучечакнинг кўзи йўлда, Бейрак Порасардаги Бойбурд қалъасида тутқун, энди сизга кимдан айтай, Қозон ўғли Туролдан айтай…
Қазилиқ тоғининг этагида алвон лолазорлар ястаниб ётарди. Ўн олти-ўн етти ёшли Турол бу лолазордан лола териб юрарди. У ўн тўрт кунлик ойдек кўркам бир йигит эди. Терган гулларини даста қилиб боғлади, адирдан пастга эниб, мажнунтол остидаги булоқ томон юрди.
Мажнунтол булоғининг бошига қиз-келинчаклар йиғилган эди. Қизлардан бир нечаси бош бармоғига ип боғлаб олган, сув устидан бир неча бор сакраб ўтгач, ипни кесиб сувга отар эдилар. Бу уларнинг тезроқ эр қилиш ниятидаги иримлари эди.
Бейракнинг синглиси Гунел ҳам булоқ бошида эди, аммо у қизлардан бир четда ғамга чўмиб ўтирар, кўзасига сув олиш учун навбат кутарди.
Бўғозча Фотима унинг ёнига келиб:
– Гунел, – деди, – онангнинг аҳволи қалай?
– Қандай бўлсин? Йиғлайвериб унинг кўзлари ҳам отамники каби кўр бўлиб қолди, – деди Гунел.
– Тақдирга тадбир қилиб бўлмас экан. Бейракнинг манглайига шу битган экан-да, – деди Фотима хўрсиниб. – Биласанми, шу кузда Бонучечакнинг муҳлати тугайди. Акаси уни Ялинчиққа эрга беради.
Гунел индамади, аммо кўнгли тўлиб келиб, кўзларидан мўлтир-мўлтир ёш оқа бошлади, юзини четга буриб ич-ичидан йиғлади. Фотима қизнинг ярасига туз сепганини сезиб қолди. Узоқдан келаётган Туролни кўриб сўзини ўзгартирди:
– Унга қара-я, Гунел, – деди, – Қозонхоннинг ўғли Турол шу томонга келаётир.
Гунел бу гапдан чўчиб кетгандек бўлди, у ҳам қайрилиб ўша томонга қаради.
Фотима айёрона жилмайиб:
– Бошқа маҳал ҳеч бу ердан ўтмас эди, – деди. – Қачон сен булоққа келсанг, йўлини шу ердан солади. Ҳой қиз, нега қизариб кетдинг, ё ораларингда бир гап борми? Ростини айт, менинг сочим шунақа ишларда оқарган. Нимасига уяласан, ҳар бир қиз бир йигитники-да. Айниқса, йигит шундоқ кўркам, навқирон бўлса, ўзи ҳам кимнинг ўғли – Қозонхоннинг ўғли. Тўғри, отасига асло ўхшамайди, отасидек яғриндор эмас, худди қизлардай уятчан, аммо ҳали ёшгина бир йигит-да, нимани ҳам биларди?
Гунел кўзасини сувга тўлдирар экан, Турол томонга қараб-қараб қўярди. Бўғозча Фотима роса пишанг берарди:
– Борсанг-чи, шўрликни кўп куттириб қўйма…
Гунел овулга қараб юрди. Турол қизга ёндошиб:
– Салом, Гунел, – дея лола дастасини унга узатди.
– Вой, бунча чиройли бу лолалар! – деди Гунел.
– Қазилиқ тоғининг юқориси лолазор бўлиб ётибди, – деди Турол, – адир алвондек қизариб кетган, ана у томонга бир қара.
Гунел қайрилиб боқди, аммо тоғ томон ўгирилаётганда юзларини яшмоқ билан яхшилаб бекитди, фақат кўзлари очиқ қолди.
– Гунел, нега сен тоғларга боққанда ҳамиша яшмоқ тортиб, юзингни яширасан?
– Буни бизга онамиз ўргатган, – деди Гунел майингина жилмайиб, – онамизга эса бувимиз ўгит берган. Айтишларича, Қазилиқ тоғи бизнинг – Ўғуз қиз-келинларининг қайнатаси ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам бу тоққа боққанда ҳамиша юзимизни бекитамиз.
Турол ҳам жилмайди. Сўнгра бир муддат жим қолдилар. Туролнинг манглайига реза-реза тер тепчиган эди. Юрагида асраб юрган гапи бўлиб, уни айтмоқчи бўлар, лекин айта олмасди. Баёт овулига ҳам етиб келишди. Бирдан Турол:
– Гунел, сенга бир сўзим бор, – деди. – Баланд-баланд тоғларим сенинг яйловинг бўлсин. Гунел, менинг кўз очиб кўрганим сен бўласан, сенга кўнгил берганман. Энди гап сенда қолган.
– Оҳ, Турол, – деди Гунел. – Қўй, мени номуссиз келин дегунча, номуссиз қиз десинлар, уятсиз қиз дегунча, бахтиқаро қиз десинлар. Мен қайда-ю, эрга тегиш қайда? Мен ҳам, сингилларим ҳам аҳд қилганмиз: Бейракнинг ўлик-тиригини ўз кўзимиз билан кўрмагунча, бирор йигитни севар бўлсак, эрга тегсак, бизни сариқ илон чақсин.
Овул ичига кирдилар. Гунел Туролга лолаларни қайтарар экан:
– Хафа бўлма, Турол, – деди, – лолалар жуда чиройли экан, лекин мен бу гуллар билан азадор уйимизга қандай қилиб кираман, ота-онамнинг, сингилларимнинг юзига қандай қарайман?
Гунел бурилиб кетди. Турол унинг ортидан ғамгин боқиб қолди. Ўтовдан ўксик-ўксик йиғи саси келарди.
…Йўл чеккасидаги тош устида Бойбура ўтирар, кўр кўзлари йўлга тикилган эди…

* * *

…Қозон хоннинг девонида йигитлар саф-саф бўлиб ўтирганча еб-ичиш билан машғул эдилар. Қозон йигитларига ғурур билан тикилар, ўнгга боқиб жилмаяр, сўлга боқиб шодланар эди.
– Ўғлим Турол қани? – дея қўққисдан сўраб қолди у.
Алп Аруз пинҳона бир истеҳзо билан:
– Боя уни Қазилиқ тоғининг этагида кўрибдилар, гул-чечак териб юрган эмиш, – деди.
Қозон тутилиб қолиб:
– Тангри менга ўғил бермаган, ўғил қиёфасида қиз берган, – деди.
Худди шу пайт Турол кириб келди, қўлида лола дастаси бор эди. Буни кўриб Қозоннинг қошлари баттарроқ уйилди. Бу ҳол ҳеч кимнинг назаридан четда қолмади, Турол ҳам буни сезиб хафа бўлди.
– Қозон отам, – деди у, – шод-хуррам ўтирган эдинг, мени кўриб қонинг қайнади, сабаби недир, айт менга, шўрлик бошим қурбон бўлсин, отам, сенга.
– Ўғлим! – деди Қозон, – Соғ томонимга боқдим – иним Қорабутоқни кўрдим, бош кесиб, қон тўкиб ном қозонган. Сўл томонимга боқдим – Алп Арузни кўрдим, бош кесиб, қон тўкиб ном қозонган. Қаршимга боқдим – сени кўрдим, ўн олти ёшга кирдинг, бош кесганинг, қон тўкканинг йўқ. Бу ўтирганларнинг ҳар бири ўтирган жойларига, еган емакларига қиличлари, ўқлари билан сазовор бўлганлар. Сен девонимга қачон истасанг келасан, йигитларни босиб ўтиб хоҳлаган жойингга ўтирасан, лекин қачон ҳунар кўрсатасан?
– Ота, – деди Турол, – бош кесиб, қон тўкиш ҳам ҳунар бўптими?
– Ўғлим, гап қон тўкишда эмас. Гап шундаки, сен девонимда на эшикни менсийсан, на тешикни, ҳанузгача бирор жасорат кўрсатганинг йўқ. На ов овладинг, на қуш қушладинг, на ёй тортдинг, на ўқ отдинг. Ана, қўлингда ҳам қилич эмас, гул-чечак. Агар эртага мен ўлиб-нетсам, тахт-тожимни сенга бермайдилар, ахир. Орқа-олдинни ўйлаб, дард чекаман-да.
– Айт-чи, ҳой ота, – деди Турол, – ҳунарни ўғил отадан кўриб ўрганадими ёки ота ўғлидан ўрганадими? Сен қачон мени овга олиб чиқдинг, қачон ёй тортиш, ўқ отиш, қилич чопишни ўргатдинг?
Қозон кафтини кафтига уриб қаҳқаҳа отди ва деди:
– Йигитлар! Турол яхши айтди. Ростдан ҳам ёта-ёта ёнбошимиз оғриди, тура-тура белимиз қуриди. Мен бу ўғлонни овга олиб чиқаман. Ов овлайлик, қуш қушлайлик, қайтиб келиб биргаликда еб-ичайлик.
– Балли, Қозон оғам, бу яхши маслаҳат, – деди Қорабутоқ.
– Қозонхон, бу яхши маслаҳат, – деди Омон.
– Қозон, бу яхши маслаҳатку-я, – деди Алп Аруз, – бироқ тўққиз туман йўлда Қипчоқ Маликнинг лашкари турибди, юртни кимга топшириб кетасан?
– Қипчоқ Маликнинг юртимга бостириб киргани ҳадди сиғарканми? – деди Қозон.
– Ўзинг биласан, – деди Алп Аруз.
– Мен бу йигитчани олиб бориб, ўзим жанг қилган, найза санчган, қилич чопган жойларни кўрсатаман. Кейинчалик унга асқотади! – деди Қозон.

* * *

Қозон билан ўғли Турол қурол-яроғларини олиб отга миндилар. Бурла Хотун чодирдан чиқиб, “ўғилгинамнинг биринчи овга чиқиши”, дея унга хайр-дуо берди, отининг ортидан бир коса сув сепди.
Қозон билан Туролнинг ортидан бир жуфт кўз адоват, кин-нафрат билан боқиб турар эди, бу Алп Арузнинг кўзлари.
Қозон билан Турол кўздан ғойиб бўлгач, Алп Аруз йигитларга:
– Йигитлар, – деди, – Қозон овулидан чиққанида унинг девонида ўтириб олиб еб-ичиш бизга ярашмайди. Келинг, биз ҳам ҳаммамиз ўз овулимизга кетайлик. Қозон билан ўғилчаси овдан қайтганида уларга пешвоз чиқайлик.
Йигитларга бу сўз маъқул тушди.

* * *

Алп Аруз вайронада қора ниқобли чопар билан гаплашмоқда эди.
– Отингни қушдек учир. Етти йиғоч йўлни етти лаҳзада кеч. Қипчоқ Маликка хабар етказ. Қозон билан ўғилчаси Сурмалида, Дарашмада овда юрибдилар, иккаласидан бошқа ҳеч ким йўқ, деб айт. Тадбирини кўрсин. Бошқа бундай фурсат келмайди, деб айт.
…Қора ниқобли отлиқ шамолдек елиб кетди.
…Қозон билан Турол анчагина ов қилган эдилар. Бир ўрмон чеккасида, булоқ бўйида манзил тутиб, ўчоқ қуриб, кабоб пиширган эдилар.
…Қозон билан Турол кабоб еб, етти йиллик шаробдан ичмоқда эдилар. Шаробнинг ҳовури Қозоннинг бошига чиқди, кўзини уйқу олди. Ўғуз йигитлари бир ухлаганда етти кеча-кундуз ухлар эдилар. Хуллас, шундай қилиб, Қозоннинг кўзини уйқу босди. У ўғлига:
– Ўғлим, менинг кўзимни уйқу босди. Бироз ухлаб олай. Сен менга посбон бўлиб тур! – деди.
Қозон уйқуга кетди, хуррагидан тоғ-тошни ларза тутди. Турол отасининг атрофида айланиб юрди. Бирдан унинг қўлидаги ов бургути ҳавога кўтарилди. Учиб бориб ўрмоннинг қуюқ бир еридаги дарахтга қўнди. Маълум бўлишича, Қипчоқ Малик бу ерга бир қўриқхона қурдирган, ғоз, тустовуқ, жайрон, товушқонларни бир ерга тўплаб, тузоққа солган экан. Ёш бола буни қаердан билсин? Бургут ортидан у ҳам ўрмон томон йўл олди. “Отам уйғонгунча паррандаю дарранда овлаб келаман, отам уйғониб кўрсин, қувонсин, шод бўлсин”, дея отини ўрмон ичига сурди. Турол ўрмонга кирар-кирмас тўрт томондан устига тўр отдилар, олтмиш нафар қурол-яроқли киши қўлию оғзини боғлади. Бўйнига, оёғига кишан солди. Оқ баданидан қон чиққунча саваладилар, қўли боғлиқ, бўйни боғлиқ йигитни олдларига солиб олиб кетдилар. Турол тутқун тушди.

* * *

Қора либосли, қурол-яроғли ёғийлар қўққисдан босиб бордилар. Қозон ётган ерга келдилар. Қозон қаттиқ уйқуга кетган, хурраги еру осмонни тутган эди. Олтмиш киши бараварига Қозоннинг устига ташланди, қўл-оёғини чандиб боғлашди. Уни бир аравага ортиб, яна устидан арқон тортиб боғладилар. Қозон уйғониш у ёқда турсин, тебраниб ҳам қўймади, хуррак отиб ётаверди. Арава йўлга тушди.

* * *

Қозоннинг овулида ҳали ҳеч кимсанинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. Қизлардан бири олислардан кўтарилган чанг-тўзонни кўриб Бурла Хотунга деди:
– Жайрон тўдаси ўтмоқда, шекилли, кўтарган чанг-тўзонини кўринг.
Бурла Хотун у кўрсатган томонга боқиб, хавотирда деди:
– Жайрон тўзони бўлса, бир ё икки бўлак бўларди. Бу келаётган ёғийга ўхшайди.
Тўзон тарқади. Кун бўлиб шуълаланди, денгиз бўлиб чайқалди, ўрмон каби қорайди. Узангиси ит суратига ўхшаш, намат бўрк кийган, юраги қора, қузғунбашара олти минг душман суворийси Қозоннинг овулини босқин этди.
Қозоннинг оқ кигиз ўтовларини, чодир-олачиқларини кесиб-чопдилар, ғозбўйин қиз-келинларини чирқиратдилар. Табла-табла шаҳбоз отларини олдилар. Қатор-қатор нортуяларига каманд солдилар. Мўл-кўл хазинасини, олтин-кумушларини таладилар. Қирқ нафар инжабел қиз билан сарвқомат Бурла Хотун асир тушди.

* * *

– Қозоннинг белини синдирдик, – деди Қипчоқ Малик.
Шўкли Малик:
– Қозонда бир аламимиз қолди, – деди.
– Қандай аламимиз қолди?
– Ўғузларнинг Темир дарвоза – Дарбандда ўн икки минг қўйи бор. Уларни ҳам қўлга киритсак, Қозоннинг аламидан чиққан бўлардик.
– Олти юзта отлиқ бориб, ўша қўйларни ҳайдаб келсин, – деди Қипчоқ Малик.
Олти юзта отлиқ Темир дарвоза – Дарбандга йўл олди.
…Турол, қўллари боғлиқ, отлар олдида борарди.
…Қирқта инжабел қиз ичида сарвқомат Бурла Хотун тутқунликда кетарди.
…Қозон аравада хуррак отиб ётарди…
…Юксак тоғнинг чўққисида Қорача Чўпон тош устида ўлтирар эди. У қўққисдан олислардаги чанг-тўзонни кўрди. Тўзон ортиб, дунёни тутиб яқинлашиб келарди. Гўё самум-гирдибод кўтарилди, тоғ-тошларни қоплаб олди. Қорача Чўпон отаси Бакилнинг ёнига келди. Тамомила мадори қочган Бакил тўшагида юзтубан ётарди.
– Ота, – деди Қорача Чўпон, – у ёққа қара, булут каби бостириб келаётган бу нима бўлди экан? Олов каби гуриллаб, юлдуз каби пориллаб келаётган бу нима бўлди экан, оғиз очиб шарҳу баён қилгин менга, шўрлик бошим қурбон бўлсин, ота, сенга.
Бакил тирсагига таяниб турди, узоқ-узоқларга тикилди, бу келаётган ёғий эканини билди.
– Бери кел, арслон ўғлим! – деди. – Денгиздек тошиб келаётган бу бало ёғийдир, ўғлим!
– Ёғий деганлари нима, ота?
– Ўғлим, ўғлим, ҳой ўғлим. Ёғий – Қипчоқ Малик бўлади, ўғлим. Унинг уч ўқ отса бири ҳам хато кетмаган камончиси бор. Воҳ демасдан бошлар узган жаллоди бор. Одам этидан қовурма қилган ошпази бор. Ёғий бизни ёмон пайтда ғафлатда қолдирди. Белимнинг куч-қуввати бўлган ўғлим, бу юртга не бало келди, бошимга не савдо келди? Кўпдан буён Ўғуз йигитларидан айрилганимни, йиқилиб оёғимни синдирганимни ёғий сезиб қолган, сенинг ҳали ғўр эканингни билган, мени ёлғиз кўриб, қутурганича бостириб келган, бор, тоғимизнинг тепасига чиқиб иккита гулхан ёқ, Ўғуз йигитлари билсин, огоҳ бўлсин. Ўзинг дарҳол Қозонхоннинг ҳузурига бор, қўлини ўп, отам эгилиб қолган, силласи қуриб қолган деб айт. Қозонхон йигитларини тўпласин, дарҳол менга ёрдамга келсин, келмаса, ёғий юртимизни талон-торож этади, сурувларимизни ҳайдаб кетади, элимизни оч-яланғоч қолдиради. Юртимиз бузилиб хароб бўлади.
– Ота, нега беҳуда гапларни сўйлайсан, нега юрагимни доғлайсан?! – деди Қорача Чўпон. – Гулхан ёқиб ёрдам сўрайдиган ерим йўқ. Қозон ким бўлибди? Унинг қўлини ўпадиган жойим йўқ. Ўзимга нима қилибди… Куч-қувватимни ана шу кунга асраган эдим, фурсати келди. Билагимнинг кучини, юрагимнинг ўчини ана шу кунга асраган эдим, муддати келди. Арслон дея қозонган отимни ана шу кунга асраган эдим, пайти келди.
Бакилнинг кўзлари ёшланди:
– Бўй-бастингдан ўргилай, айтган сўзингга қурбон бўлай, ўғлим, – деди. – Билагингга Тангрим куч-қудрат ато этсин!
Қорача Чўпон қўйларини қўрага солди, уч жойда тепа бўйи тош уйди, палахмонини қўлига олди.
Олти юз отлиқ етиб келди, Чўпонга қараб бақирди:
– Ҳой Чўпон! Қозонхоннинг эл-юртини вайрон этдик, мўл-кўл хазинасини қўлга киритдик, бизники бўлди. Қирқта инжабел қизи билан Бурла Хотунни асир этдик, бизники бўлди. Чўпон, сен ҳам пастга туш, бошинг эгиб таъзим қил, бизга муте бўл. Ўғиз элининг қўйларини ҳам ҳайдаб туш, сени ўлдирмаймиз, Қипчоқ Маликнинг ҳузурига бошлаб борамиз, у сенга мол-дунё беради, ўзига амирохур қилиб олади.
Қорача Чўпон тоғ тепасидан туриб жавоб қилди:
– Кўп алжирайверма, кўппак! Мен бировнинг бўйинтуруғига кирмайман. Келадиганинг бўлса, кўрадиганини кўради.
Ёғийлар бу сўзни эшитиб, от чопдилар, ўқ отдилар.
Қорача Чўпон палахмонига катта-катта тошларни солиб отаверди. Ҳар отганда икки-уч ёғийни қулатаверди. Ёғийларнинг юрагига ғулғула тушди.
Чўпоннинг тоши тугади, энди палахмонига қўй демай, эчки демай солиб отаверди, ҳар отганда ёғийнинг тўрт-бешини қулатаверди. Ёғийлар кўзига кенг дунё тор бўлди. Бир томондан кеч тушди, теварак-атроф қорайиб, кўз-кўзни кўрмас бўлди. Энди Чўпон ёғочдан ўқ йўнди, учига латта боғлади, латтага ўт бериб, ёнар ўқларни тун зулматида ёғий бошига ёмғирдай ёғдирди.
Ёғийлар зулмат оғушида питирлашга тушдилар:
– Бу чўпон ҳаммамизни қириб тугатади. Жаҳаннамга кетсин ўзи ҳам, қўй-қўзиси ҳам, жонимиз борида қочиб қолайлик.
Улар қочишга тушдилар.
Қорача Чўпон ҳам яраланган эди, чақмоқ чақиб, олов ёқди, ёпинчиғидан бир парча кесиб олиб жароҳатига босди ва отасининг ёнига келди. Қараса, отаси жон бераётир. Душманнинг дайди ўқларидан бири учиб келиб Бакилга теккан экан. Бакил сўнгги кучини тўплаб сўзларди:
– Ўғлим! Баланд тоғимнинг қояси бўлган ўғлим. Онангнинг берган оқ сути, отангнинг берган қора нони ҳалолинг бўлсин. Ғайрат қилдинг, ҳунар кўрсатдинг. Бироқ энди гапимни эшит, сўнгги ўгитимни ҳеч қачон унутма. Ҳар қанча кучли бўлсанг-да, шуни билгинки, ёлғиз қўлдан қарс чиқмас. Эл кучи – сел кучи, дейдилар. Мен буни англаганимча ўламан, сен буни англаганингча яша, ўғлим! Сенга бу ўчоқларни васият қилиб қолдираман, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам уларни ёқиб юр, Ўғуз йигитларига хабар бериб тур, севинчингни, дардингни эл билан бўлишгин.
Бакилнинг кўксидан сўнгги нафаси чиқди. Қорача Чўпон унинг кўзларини бекитди, ҳўнграб йиғлади, дод-вой солди, фарёди тоғ-тошларга етди, акс садо бўлиб қайтди. Қорача Чўпон:
– Қозон, Қозон, ҳой Қозон! Қайлардасан, ҳой Қозон? Ўликмисан, тирикмисан, бу ишлардан хабаринг борми? – деб дод соларди.

* * *

Арава айланма йўллардан кўтарилаётганда бирдан ғилдираги чиқиб кетди. Арава ёнбошига қулади, ғилдираклари ғичирлай-ғичирлай тўхтаб қолди. Қозон осилиб қолди, кўзларини очди, керишмоқчи бўлди, қараса, қўл-оёғи боғланган, қаҳқаҳа отиб кулиб юборди. Уни кузатиб бораётган қуролли отлиқлардан бири:
– Нега куласан? – деди.
– Ҳозиргина ажойиб бир туш кўрдим, тушимда чақалоқ эканман, бешикда ётган эмишман. Демак, бу аравани бешик деб, сизларни эса бешик тебратаётган энагам деб билган эканман-да.
– Ётгани яхши жой топибсан, – деди отлиқ, – асир тушган ухлаб ётадими, аблаҳ?
– Хўш, сиз бенаволар ким бўласиз?
– Биз Қипчоқ Маликнинг лашкари бўламиз.
– Шунақа де. Демак, мени ухлаб ётган еримда қўлга олибсизлар-да?
– Шундоқ.
– Ўғуз йигитларига не қазо келса уйқудан келади. Уйғониб кетмаганимда, етти кеча, етти кундуз ухлар эдим. Хўш, энди мени қайга олиб кетаётирсиз?
– Сенинг шўрлик бошингни Қипчоқ Маликка армуғон қилиб олиб кетаётирмиз.
Қозонхоннинг ёдига нимадир тушиб, у ёқ-бу ёққа аланглади.
– Бўпти, лекин менинг ўғлим бор эди, унга нима бўлди?
Отлиқлар унга жавоб бермай, истеҳзо билан боқдилар. Боядан бери ҳазил-ҳузул билан гаплашиб келаётган Қозон бирдан ғазабланиб:
– Номардлар, нима қилдингиз менинг ўғилгинамни?! – дея бақирди. – Ҳозир ҳаммангизни қириб ташлайман.
Отлиқлар қўл-оёғи боғланган Қозонга боқдилар, унинг аҳволи айтган сўзларига терс эканини кўриб, устидан мириқиб кулдилар.
Қозон янада баттарроқ ғазабланиб:
– Ўғлимнинг бошидан битта туки узилгудек бўлса, ҳаммангизни ўлдираман! – деди.
Отлиқлардан бири истеҳзоли ишшайиб:
– Сен ўз бошингнинг ғамида бўл, Қозон, – деди, – Қипчоқ Малик сенинг бошингни ўғлингнинг боши ёнига осади.
– Нима?! – дея Қозон даҳшатли бир наъра тортди, кўз очиб-юмгунча бир кучаниб қўлига боғланган арқонни узди, отлиқлардан бирини от устидан юлқиб олди, қиличини олиб, унинг отига сакраб минди-да, бошқа отлиқлар томон отилди. Отлиқлар ўзларини йўқотиб қўйдилар.
Қозон иккисини ерга қулатиб, бошига чўқмор солди, тўртинчи отлиққа етиб олиб, ёқасига чанг солганича:
– Қани менинг ўғлим? – дея бақирди. – Айт, йўқса бошингни чумчуқдек узиб ташлайман.
Ранг-қути ўчиб, тили калимага келмай қолган отлиқ:
– Қозон, қурбонинг бўлай, мени ўлдирма, – деди титраб-қақшаб, – ўғлинг соғ-саломат.
– Унда ўзи қаерда? – дея Қозон бошқа бир суворийнинг устига босиб борди, бу суворий ўзини йўқотиб қўймасдан, дарҳол бир ёлғон уйдирди:
– Ҳой хон, – деди у, – ёш йигит қушюрак бўлади. Бизни кўриб қўрқди, онасининг ёнига қочиб кетди.
Дарҳол бошқа суворийлар ҳам:
– Тўғри, – дейишди, – бизни кўрган заҳоти шундай қочдики, оёғи ерга тегмади.
Қозон бу гапга ишонди.
– Омонлик! – деди. – Тангри менга бир кўр ўғил берган! Бориб уни онасининг ёнидан олайин, қилич билан олти бўлакка бўлиб, олти йўлнинг айрилишига солайин. Зинҳор бошқа йўлдошини танг аҳволда қолдириб қочмасин.
Қозонхон отига қамчи босди, анча жойга боргач, отини ортга буриб, суворийларга деди:
– Қипчоқ Малик билан менинг ҳисоб-китобим кейинга қолсин!

* * *

Қозон отини ниқтаб елдек югуриб кетди, дара-тоғлардан ошиб, ўз юртига етди.
Қараса, юрти талон-торож этилган, чодирлар чопилган, ўчоқларнинг ўти ўчган, ўт-ўланлар, дарахтлар куйиб кул бўлган, тўрт томон от туёқлари остида топталган.
Бу ҳолни кўриб Қозоннинг қийиқ қора кўзлари қонли ёшга тўлди, юраги эзилиб, кўнгли ўртанганича деди:
– Сени ёғий қайдан келиб вайрон этди, гўзал юртим? Қари онамнинг ўтирган ўрни қолибди, йигитларим от чопган майдон қолибди, қора матбахда қурилган ўчоқ қолибди. Кесилиб-чопилган, таланиб вайрон бўлган гўзал юртим!
Қозон Ужатоғнинг этагига келиб, Қорача Чўпонни чақирди:
– Ҳой Чўпон, менинг аҳли-аёлим шу ердан ўтмадими, кўзинг тушмадими, тезроқ айта қол.
– Ўлганмидинг, йитганмидинг, Қозон? – деди чўпон. – Қайларда қолиб кетдинг? Кеча эмас, ўтган кун аҳли-аёлинг шундан ўтди. Сарвқомат Бурла Хотун қирқ инжабел қиз билан шундан ўтди! – деди.
Чўпоннинг бу сўзларини эшитиб Қозон оҳ тортди, ҳуши бошидан учди, кўзига кенг дунё тор бўлиб кетди.
– Оғзинг қурисин, Чўпон! Тилинг чирисин, Чўпон!
– Мени нега қарғайсан, Қозон?! Олти юз ёғий устимга бостириб келди. Уч юзини ўлдирдим, уч еримдан яраландим, оқ соқолли отамни ўлдирдилар. Ёлғиз қолдим, бироқ элнинг молидан биттасини ҳам ёғийга бермадим. Шуми менинг гуноҳим? Саман отингни менга бер, қалқонингни менга бер, қора пўлат қиличингни менга бер, ёғийнинг устига бораман, ўлсам, отамнинг йўлида ўламан, қолсам, унинг хунини оламан, сенинг ҳам аҳли аёлингни қутқариб келаман.
– Бўлар-бўлмас гапларни гапирма, Чўпон! Ўзимга нима бўлибдики, менинг уйимни сен қутқарасан?!
Қозон отини қамчилаб йўлга тушди.
Қорача Чўпон у чанг кўтариб кетган айланма йўлларга боқди, сўнгра ўзи ҳам отланиб, Қозоннинг ортидан чопди. Қозон уни кўрмади.
Дара ошганда Чўпон бирдан тўхтади, ортига қайтди, Ужатоғнинг чўққисига чиқди, отаси васият қилгани каби икки гулхан ўтин йиғиб, чақмоқ тоши билан ўт қўйди. Гулханлар аланга олди. Қорача Чўпон яна Қозоннинг ортидан югуриб кетди.

* * *

Қипчоқ Малик ўз тахт-айвонида еб-ичар, гўзаллар билан кўнгил очарди. Қуйида унинг одамлари ўтирар, қўл-оёғи боғлиқ Туролнинг устига ёпинчиқ ёпиб, остонага ётқизиб қўйган эдилар. Кирган ҳам уни босиб ўтарди, чиққан ҳам.
Турол тишини тишига босиб чидар, на инграр, на додларди. Қипчоқ Малик шаробни бир кўтаришда ичиб, пиёлани Туролнинг устига отди. У роса сархуш бўлган, кўзлари қип-қизил қонга тўлган эди.
Яримяланғоч қизлардан бири уни қучди, Қипчоқ Малик қизни нари силтаб, одамларига юзланди:
– Биласизми, Қозондан қандай ўч олиш керак? – деди у. – Қозоннинг хотини Бурла Хотунни келтиринг бу ерга, менинг ёнимга.
Турол бу сўзларни эшитиб ётган ерида талвасага тушди, кешикчилардан бири унинг юз-кўзига қамчи тушира кетди.

* * *

Бурла Хотун қирқ инжабел қиз билан зиндонда эди. У кўз ёшларини оқизганча дер эди:
– Қайдасан, Қозон, қайдасан, Турол? Бизнинг бу кунимиздан хабарингиз йўқми? Қайлардасиз?
Зиндончи кириб:
– Ҳой, Қозон бекнинг хотини қай бирингиз бўласиз? – деб сўради.
Сукунат чўкди. Бурла Хотун жим турар, хавотир билан гоҳ зиндончига, гоҳ қизларга боқарди. Қизлардан бири:
– Мен бўламан, – деди. Худди шу пайт бошқа бир қиз ҳам:
– Мен бўламан, – деди.
Зиндоннинг турли бурчакларидан қирқ овоз янгради:
– Мен бўламан!
Зиндончи лол-ҳайрон бўлиб қолган эди. Қизлар тобора баланд овозда:
– Мен бўламан, мен бўламан! – дея қичқиришарди.
Уларнинг бақир-чақири бутун зиндонни босиб кетди. Зиндончи қулоқларини бекитиб зиндондан чиқди.

* * *

Қипчоқ Малик тахт-айвонида зиндончининг гапини эшитиб пиқ-пиқ кулди:
– Унда биз ҳам бир тадбир қилайлик, – деди у, – Қозоннинг ўғлини бу ерга олиб келинг.
Туролни ердан турғазиб Қипчоқ Маликнинг олдига олиб бордилар. Қипчоқ Малик киприксиз кўзларини Туролнинг қора кўзлари ич-ичига тикиб деди:
– Қозон ўғли Турол, эшит ва билиб ол! Сени азоб билан ўлдираман, чормихга тортаман, дорга осаман, сўнгра этингни қийма-қийма қилиб тўғратиб, қовурдоқ пиширтираман. Қовурдоқни қирқ қизнинг олдига қўйдираман. Ким уни еса, сенинг онанг эмас, ким емаса, ўша сенинг онанг бўлади. Уни бу ерга келиб, остонага ётқизиб, ҳаммага топтатаман.
Турол турган ерида у ёқ-бу ёққа силтанди, тўрт томонда уни тутиб турган кишилар арқонларни янада қаттиқроқ тортдилар, йигитнинг қўл-оёғи қизил қонга беланди.
– Аммо сени ўлдирмаслигим ҳам мумкин, – деди Қипчоқ Малик. – Зиндонга бориб онангга айт, яширинмай бу ёққа чиқсин.

* * *

Туролни келтириб зиндон эшигидан ичкарига отдилар. Бурла Хотун қонга беланган ўғлини кўриб қичқирмоқчи эди, лекин Турол дарҳол юзини терс буриб, бу томондаги бошқа бир аёлга қараганича:
– Она, тағин ўзингни билдириб қўймагин, – деди.
Бурла Хотун қизлар орасига яширинди.
Турол сўзлай бошлади. Кимга гапираётгани аён бўлиб қолмаслиги учун у бир-бир барча қизларга қараб сўзларди. Бурла Хотун ва бошқалар уни кўз ёшларини тўкканча ҳаяжон билан тинглардилар. Турол бундай дерди:
– Она, онажоним, биласанми, нималар бўлди? Ёғийлар ёмон гап қилдилар. Туролни чормихга тортинг, этини қийма-қийма қилиб қовурдоқ пиширинг, қирқ қизнинг олдига элтиб қўйинг, ким емаса, ўша Қозоннинг хотини бўлади, уни бизнинг ҳузуримизга олиб келинг, дедилар.
Бурла Хотун даҳшатдан қичқириб юборди, бироқ дарҳол бошқа қизлар ҳам қичқириб, йиғлашга тушдилар.
Турол тағин бошқа қизларга хитоб қилганича:
– Йиғлама, она, – деди, – буни сен ўзингни билдириб қўймаслигинг учун айтдим. Менинг ёнимга яқинлашма, мени деб йиғлама. Майли, менинг этимни қовурдоқ қилсинлар. Ҳамма бир бўлак еса, сен икки бўлак егин, токи сени билмасинлар, сезиб қолмасинлар. Қозоннинг обрўсини ерга тўкмаслигинг керак.
Бурла Хотун ва қирқ қиз ҳўнграб йиғладилар, ёноқларини тимдаладилар, қора сочларини юлдилар.
Бурла Хотун:
– Ўғлим, ўғлим, – деган заҳоти бошқа қизлар ҳам “ўғлим, ўғлим” дея зор қақшаб йиғладилар. Қизлар Туролга марсия куйлар, ҳар бир қиз марсиянинг бир бандини айтар, Қипчоқ Маликнинг одамлари ҳар янги бандни айтган аёлни Бурла Хотун деб билишарди.
Шу тариқа Бурла Хотун бу қизлар ичида ўз мусибатига йиғлаш учун имкон топган эди.
Турол учун қирқ аёл йиғларди, гўёки унинг қирқ онаси бор – битта ҳақиқий онанинг оҳ-фиғонини ўз оҳ-фиғонлари ичига яширган қирқ она. Аёлларнинг ҳаммаси, уларнинг орасида Бурла Хотун ҳам Туролни силаб-сийпарди.

Ўғлим, ўғлим, ой ўғлим,
Ўтовимнинг таянчи, ўғлим,
Қиз-келинимнинг суянчи, ўғлим.
Тўққиз ой қорнимда кўтарганим, ўғлим,
Ўн ой деганда дунёга келтирганим, ўғлим,
Бешиклар тебратиб ўстирганим, ўғлим!

Турол қирқ аёлга хитобан:
– Онажон! – деди. – Нега йиғлайсан, нега бўзлайсан? Нега юрак-бағримни доғлайсан? Нега ўтмиш кунларни ёдимга соласан? Араби отлар бўлган ерда бир қулун ҳам бўлмайдими, ахир? Қўнғир туялар бўлган жойда бир бўталоқ ҳам бўлмайдими, ахир? Оппоқ қўйлар бўлган жойда бир қўзичоқ ҳам бўлмайдими, ахир? Сен омон бўлгин, она, отам омон бўлсин.
Хотинлар яна дод-фарёд кўтаришди.
Турол ёғийларга юзланиб:
– Сўнгги бор онамнинг дийдорини кўрдим, юрагимда армон қолмади. Энди элтиб мени чормихга тортаверинг, – деди.
Улар ҳеч нарсага тушунмай:
– Хўш, қай бири сенинг онанг? – деб сўрашди.
– Ҳаммаси, – деди Турол.
* * *

…Қозон отини шамолдек учириб келарди…
…Ундан анча орқада, лекин изидан қолмай Қорача Чўпон елиб келарди…
…Юксак тоғ тепасида икки гулхан гурларди. Қайдадир жуда олис-олисларда, бошқа бир тоғ чўққисида ҳам икки гулхан ёна бошлади – Ужатоғдан келган хабар бошқа жойларга ҳам етган эди.

* * *

Қипчоқ Маликнинг қароргоҳида танаси йўғон, шохлаб кетган бир дарахт бор эди, жаллод сиртмоқни унинг йўғон бир шохига солиб, қаттиқ чандиб боғлади.
Бошқа бир жаллод қўл-оёғи боғланган Туролни дарахт остига олиб келди.
– Сўнгги нафасимда қўбизимни олиб келинг, бир чалай, – деди Турол.
Қипчоқ Малик рухсат берди, қўбизни келтирдилар. Турол уни олиб ўпди, қош-кўзига суртди, сўнг кўксига босиб чалишга, куйлашга тушди:

Эгари бўш қолганида кишнаб қолган отим шўрлик!
Ўғлим дея йиғлаб қолган онам шўрлик, отам шўрлик!
Йўқолиб қолган оғаси, ёрига йиғлаган синглим шўрлик!
Дунёга ҳеч қонмадим, ёшликка ҳеч тўймадим ўзим шўрлик!

Тахт-айвонидан қулоқ солиб турган Қипчоқ Малик қаҳқаҳа урди, бошқалар ҳам кулишди. Зиндон панжарасидан қараб турган аёллар зор-зор йиғлашди.
…Эндиликда неча-неча тоғларнинг бошида, узоқ-узоқларда жуфт-жуфт гулханлар ёнмоқда эди. Бутун элга хабар етган эди…
…Саман отнинг ёлига ётганича от чоптириб бораётган Қозон қўққисдан жиловни тортди. У Қипчоқ Малик қароргоҳига яқинлашиб қолган эди. Қозон у ёқ-бу ёққа аланглаб, қурол-яроғини ҳозирлади.
Қозон у ёқ-бу ёққа аланглар экан, ўзи келган йўлда бир чанг-тўзон кўтарилганини кўрди. Етиб келган кимсани таниб, ҳайрон бўлди, бу – Қорача Чўпон эди, Қозон унга қараб:
– Чўпон, сен нега келдинг? – деб сўради.
– Сенга таянч бўлгани келдим, – деди Чўпон.
– Чўпон, бўлмағур гапларни гапирма. Сен кимсанки, Қозонхонга таянч бўласан? Одамлар тўйда-азада, Қозон ўз аҳли-аёлини қутқара олмади, Чўпон унга ёрдам бергани борди, дейишларини истайсанми? Туш отдан!
Чўпон жиндай ранжиди, аммо Қозонхоннинг раъйини қайтаролмай отдан тушди.
– Қани, манави дарахтнинг ёнига кел-чи, – деди Қозон.
У Чўпонни йўғон бир дарахтга арқон билан чирмаб боғлади.
– Нега бундоқ қилдинг, ҳой Қозон? – деб сўради Чўпон.
– Ёғий менинг уйимни босқин этган, у билан ёлғиз ўзим жанг қиламан. Ёғийни енгсам, душманимни забун этсам, келиб сени дарахтдан ечаман. Йўқ, агар ўлар бўлсам, шу ерда қолиб қурт-қушларга ем бўласан! Рухсатсиз бировнинг душманига аралашиш бизнинг элда айб эканлигини ўшанда биласан.
Қозон отини ниқтаб нари кетди.
…Жаллод Туролнинг бўйнига сиртмоқ солди.
Қипчоқ Малик ишора қилди, жаллод Туролнинг қўбизини қўлидан олиб ерга урди, қўбиз майда-майда бўлди. Жаллод арқонни тортди, Туролнинг оёғи ердан узилди.
Зиндон панжарасидан Бурла Хотун:
– Ўғлим Турол! – деб қичқирди. Қипчоқ Малик ва одамлари уни таниб қолдилар ва бир-бирларига маъноли-маъноли қараб қўйдилар.
Худди шу пайт дарахтнинг шохи синиб, Турол ерга қулади. Шу тариқа омон қолди.
Қипчоқ Малик бақирди:
– Қозоннинг хотини Бурла Хотун анави бўлади – узун бўйли хотин. Дарҳол уни ёнимга олиб келинг. – Сўнгра жаллодга Туролни кўрсатиб: – Ишни кўп чўзмасдан, бунинг гарданига қилич сол! – деди.
Жаллод қиличини азот кўтариб, Туролнинг гарданига солмоқчи бўлган ҳам эдики, қўққисдан бир ўқ визиллаб келиб, унинг қўлига санчилди, жаллоднинг қиличи қўлидан тушди.
…Тепалик устида от миниб турган Қозон иккинчи ўқ билан жаллодни ерга қулатди.
Қайрилиб қараб Қозонни кўрган ёғийлар чўчиб кетдилар. Бирови от минишга, бирови қилич тақишга, бирови совут кийишга тутинди.
Айвонда ўтирган Қипчоқ Малик талвасага тушиб қолди. У айвон ёнига олиб келинган отига миниб олди.
Қозон ҳайқирди:
– Ҳей Қипчоқ Малик! Хоиндан тўраган хоин! Ҳозир сенга номардликнинг оқибати не бўлишини кўрсатиб қўяман. Эркак бўлсанг, майдонга чиқ, қон қустириб, ширин жонингдан жудо қиламан. Мен сенинг лашкаринг устига ёлғиз келдим. Ҳозир менинг олдимга келмасанг, бутун лашкаринг билиб қўйсинки, сен эркак эмас, чумчуқюраксан.
Одамлари Қипчоқ Маликка кўз қадаб, унинг қандай жавоб қилишини кутиб турардилар.
Қипчоқ Малик бу гапларга парво қилмай, қурол-яроқларини олиб, тўғри Қозоннинг устига от қўйди.
Қозон ўқ отди, Қипчоқ Малик чап берди, Қипчоқ Малик ўқ отди, Қозон чап берди, ўқ тегмай ўтиб кетди.
Гурзилашдилар, қиличлашдилар, бир-бирларини енга олмасдилар. Дарахтга боғланган Қорача Чўпон бу жангни чеккадан томоша қилиб турарди.
Қипчоқ Маликнинг одамлари ҳам ўз сардорларининг жангини кузатар, қуролланган ҳолда тайёр турардилар.

* * *

…Эндиликда бутун Ўғуз элининг баланд-баланд жойларида жуфт-жуфт гулханлар ёнар эди. Жанг ишорасини эшитган йигитлар ҳар томондан гуррос-гуррос елиб келардилар. Аммо улар ҳали Қозон билан Қипчоқ Малик жанг қилаётган жойдан жуда-жуда олисда эдилар.

* * *

Қозон бир зарба бериб Қипчоқ Маликни отдан қулатди, қилич яланғочлаб унинг устига отилди.
Қипчоқ Малик гандираклаб кетди, йиқилиб тушишига бир бахя қолди. Бироқ шу пайт қароргоҳдан отилган ўқ Қозоннинг қовоғини тилиб ўтди, оққан қон унинг кўзларини бекитиб қўйди. Қозон ҳеч нарсани кўролмай қолди. Қипчоқ Малик фурсатдан фойдаланиб, унинг бошига гурзи туширди. Қозоннинг оғзи-бурнидан тирқираб қон келди, қилич қўлидан тушди. У ерга қулади ва ҳушини йўқотди. Ёғийлар ҳар томондан Қозон томон югурдилар. Қипчоқ Малик қора пўлат қиличини қинидан суғурди.

* * *

…Ўғуз йигитлари елиб борар, лекин ҳамон жуда узоқда эдилар.

* * *

…Қорача Чўпон Қозоннинг аҳволини кўриб турар, бироқ дарахтга маҳкам боғланган эди. Бу ҳолида қўлидан нима ҳам келарди? Қорача Чўпон ҳарчанд уринса-да, арқонни уза олмас, аммо йўғон дарахт ларзон-ларзон бориб келарди. Ниҳоят, Қипчоқ Маликнинг одамлари ерда чўзилиб ётган Қозон томон югурган, Қипчоқ Малик қиличини қинидан суғурган бир пайтда Қорача Чўпон бир зўр бериб дарахтни илдиз-пилдизи билан қўпорди.
Қозон томон югуриб бораётган кишилар чўчиб кетиб, бирдан тўхтаб қолдилар ва даҳшатга тушиб қадам-бақадам ортга тисарила бошладилар – уларнинг устига шохлари тарвақайлаб кетган улкан бир дарахт бостириб келмоқда эди.
Дарахтнинг шох-бутоқлари, барглари орасида унга қаттиқ боғланган Қорача Чўпоннинг гавдаси кўринмас, ёғийларга гўё дарахтнинг ўзи юриб келаётгандек туюлар эди.
Қипчоқ Малик эса ҳали юриб келаётган дарахтни кўргани йўқ эди. У ўз қабиласининг удумига кўра ерда чўзилиб ётган душманининг тепасида қилич яланғочлаганича сакраб-ўйнар, ёввойи бир қўшиқни куйларди.
Ниҳоят, Қипчоқ Малик рақсини тугатди, Қозоннинг нақ қаншарини мўлжаллаб қилич туширмоқчи эди ҳамки, ҳалиги дарахтнинг шохига илиниб бир четга учиб кетди. Қорача Чўпон дарахтни айлантирганича Қипчоқ Маликни савалар эди. Бу инсон билан дарахтнинг ғаройиб яккама-якка жанги эди. Қипчоқ Малик бир амаллаб отига минди-да, қароргоҳи томон қочиб қолди. Қорача Чўпон боғланган дарахти билан бирга ярадор Қозоннинг бошига келди. Боядан бери офтоб тиғида чўзилиб ётган Қозоннинг устига қўққисдан дарахт кўлкаси тушди. Чўпон ҳамон дарахтга боғлиқлигича Қозонга соқчи бўлиб турар, енгил шабада дарахт япроқларини ўйнар эди.

* * *
…Ўғуз йигитлари ҳамон елиб борардилар.

* * *

Қипчоқ Маликнинг одамлари ўқларининг учига ёнар латталар боғлаб дарахтга қарата ота бошладилар. Дарахт шохларига ўт тушиб, йўғон танаси ҳам ёнганича, олов аста-секин Қорача Чўпонга яқинлаша бошлади.
Айни замонда найзали, қилич яланғочлаб олган одамлар тўрт томондан Чўпонни, Қозонни қуршаб олишган, қуршов доираси борган сари торайиб, сиқилиб борарди. Қорача Чўпон дарахтни чир айлантирганича бешлаб, ўнлаб душманни ерга қулатар эди. Аммо ўзига ҳам ўт туташиб, ёна бошлаган эди.
Узоқдан отлар кишнаши, йигитларнинг наъралари эшитилди. Ўғуз йигитлари етиб келган эдилар.
Қорабутоқ ўнгдан кирди, Дўндар сўлдан кирди. Қиличлар чопилди, ўқлар отилди, найзалар санчилди, олти парли гурзилар ишга тушди.
Ўғуз йигитлари ҳайқирганча от солдилар, найзалашдилар, қилич солдилар. Ёғий пароканда бўлиб кетди. Гўё тор ҳовлига дўл ёққандек бўлди. Дараю тепаларда ёғий қирилиб ётди, жасадига қузғунлар қўнди.
Қўл-оёғи банддан халос бўлган Қорача Чўпон тўғри Қипчоқ Маликнинг устига қараб от солди. У дарахт танасидан чўқмор ясаб олган эди. Қипчоқ Малик девор дарвозасидан қароргоҳига қочиб кираётган бир пайтда Қорача Чўпон унинг бошига шундай чўқмор туширдики, Қипчоқ Маликнинг боши тўпдек думалаб ерга тушди. Ёғийлар мағлуб бўлишди. Ўғуз йигитлари қочган душман ортидан қувишга тушдилар. Омонлик тилаганини ўлдирмадилар.
Қароргоҳга кириб, Туролни, қирқ инжабел қиз билан Бурла Хотунни асирликдан озод этдилар ва ўз юртларига олиб кетдилар.

* * *

…Боши-кўзи боғланган Қозон от устида гердайиб ўтирар эди. У сўл томонида бораётган иниси Қорабутоққа юзланиб:
– Қорабутоқ, – деди, – негадир Аруз кўзга кўринмайдими?
– Хабар жўнатган эдик, – деди Қорабутоқ, – у овда йиқилиб оёғим синди, бора олмайман, деб жавоб қилибди.
Ужатоғнинг этагига келиб етдилар. Қозон Қорача Чўпонга деди:
– Чўпон, тоғ тепасига чиқ, гулханлардан бирини ўчир, биттаси – тўй-тантана, шод-хуррамлик гулхани ёнаверсин. Барча йигитлар зиёфатимизга йиғилсин, байрам қилайлик, Дада Қўрқут ҳам келсин, бўй бўйласин, сўз сўйласин, ўғузнома айтсин.
Чўпон отини буриб, тоғ тепасига чиқиб кетди.
Ужатоғининг чўққисидаги гулханлардан бири сўнди, иккинчиси гурлаб ёнаверди.
Бошқа тоғдаги гулханлардан ҳам бири сўнди, учинчи, тўртинчи тоғларда ҳам шу ҳол такрорланди.
Ҳар бир тоғнинг бошида эндиликда фақат бир гулхан ёнар эди – байрам гулхани.
Бу гулханларга ўз овулидан нафрат билан боқиб турган Алп Арузнинг мўйловларидан қон томар эди.
Қозоннинг Қилбош деган дўсти бор эди. Дунё кўрган, тадбирли киши эди. Қилбош от чоптириб Алп Аруз ёнига келди.
– Аруз, – деди у, – байрам гулхани ёнаётганини кўрмаяпсанми? Нега Қозоннинг ҳузурига тантанага бормаяпсан?
Алп Аруз ғазабини зўрға ичига ютиб:
– Ҳозирлик кўрмоқдаман, энди бормоқчи эдим, – деди.
– Биласанми, тўйимиз азага айланди, – деди Қилбош, – Қипчоқ Маликни эндигина мағлуб этган эдик ҳамки, нариги томондан Шўклу Малик устимизга ҳужум қилиб қолди. Қозоннинг уй-эшигини кунпаякун қилди, қизи, келинини асир этиб олиб кетди. Жароҳатлари битиб улгурмаган Қозонга қилич солиб, ерга қулатди. Ўлим чангалида ётган Қозон мени сенга жўнатди, Аруз келиб менга мадад бўлсин, деди.
Севинчдан Арузнинг кўзлари чақнаб кетди:
– Демак, шунақа ишлар бўпти-да, – деди у. – Қилбош! Қозон яхши кунида ўзига вазир сайлаганда, мол-дунёсини бўлишганда Арузни менсимади. Энди ёмон кунида ёрдам сўрабди-да? Қозоннинг боши балодан чиқмасин. Мен Қозонга душманман, бугундан бошлаб очиқ душманман, буни билиб қўйсин! – Алп Аруз қўлларини кўкка чўзди. – Шукур сенга, Тангрим, охир-оқибат Қозонда аламим қолиб кетмади. Бу жароҳатдан Қозоннинг тузалиб кетиши гумон.
Аруз ўз чодирида мамнунлик билан у ёқдан-бу ёққа бориб кела бошлади, кафтини кафтига ишқади. Қилбош секин чодирдан чиқиб, отига сакраб минди, қамчисини ҳавога кўтарар экан, Арузга қараб қичқирди:
– Ҳой Аруз, аҳмоқ чол! Қозон соғ-саломат, кайфияти зўр, димоғи чоғ. На устига душман бостириб келган, на яраланган, уч юз олтмиш олти йигит қаватида ўтирибди. Еб-ичиб, кўнгилхушлик қилмоқдалар. Еб-ичиш асносида йигитлар сени эслаб қолишди. Мен уларга, бориб ҳақиқатни билиб келаман, дедим. Мен сенинг дўст-душманлигингни синамоқчи эдим. Қозонга душман эканлигингни билиб олдим. Яхши қол! – дея отига қамчи солди-да, шамолдек елиб кетди.
Аруз унинг ортидан боққанича қолди. Мўйловларидан қон оқа бошлади.

* * *

Савдогарлар карвони ҳамон йўлда эди.

* * *

Порасорнинг Бойбурд қалъасида Бейрак ҳамон зиндонда ётарди. Ҳар кеча жангчи либосидаги Селжон унинг ёнига кириб келар, ечиниб, қиличини деворга иларди. Бейрак ҳам ҳар кеча қилични девордан олиб, қинидан суғурар ва қиз билан ўзининг ўртасига қўйиб қўярди. Неча кеча-кундуз, неча ой шундай ўтди.
Бу кеча само ҳамишагидан кўра қорароқ, юлдузлар доимгидан кўра узоқроқ, куз шамоли аввалгидан кўра чўзиқроқ ингранар эди. Бу кеча ҳам Селжон жанг либосида кириб келди, ечиниб, қиличини деворга илди. Аммо бу кеча Бейракнинг қўли девордаги қиличга чўзилмади. Бутун тун бўйи қилич ўз қинида деворга осиғлигича қолди.
…Тонг отганда Селжон йўқ, аммо зиндоннинг эшиги ланг очиқ турарди. Бейрак туриб эшик оғзига келди. Соқчи ҳам йўқ эди. Бейрак зиндондан қалъа ҳовлисига чиқди. Кезина-кезина оқ минорали деворга яқинлашди, узоқда қалъанинг дарвозасига кўзи тушди-да, унга яқин борди. Дарвоза ҳам очиқ эди. Найзали соқчилар найзаларини четга олдилар. Бейрак аввалига таажжубланди, сўнгра аста-секин дарвозадан ўтиб, қалъа ташқарисига чиқди. Бу томон яланглик, бепоён чўл, эндиликда у озод эди. Бейрак озодликка чиққанига ишонмасдан атрофга боқди, сўнг бир жуфт кўз унга тикилиб турганини ҳис этиб, бошини кўтарди. Қалъа устидан, оқ минорадан Селжон унга боқиб турарди. Зиндоннинг эшиклари, қалъа дарвозаларини Бейрак учун у очтирган эди. Бейрак энди ҳеч ерга кетмаслигини биларди у. Бейрак ортга қайрилди-да, дарвозадан ичкарига, қалъа ичига қайтиб кирди.

* * *

…Савдогарлар йўл босиб борарди.
…Порасорнинг Бойбурд қалъасида Бейрак қалъа ичини сайр этар, минора ва шинаклар ёнидан ўтар, ким кўринса салом бериб, алик олар, энди у бу ернинг маҳрамига айланган эди. Енги, тиззаси йиртиқ либосларини – мусофирлик кийимларини ечиб ташлаб, одми уст-бош кийиб олган эди. Бироқ ҳар уч кун-беш кунда бир ошиб ўтиб бўлмайдиган бу қалъанинг энг юксак оқ минорасига чиқар, ҳасрат, соғинч, ғусса билан йироқларга, йўқотиб қўйган диёри томон термиларди.
Бир куни Бейрак яна кезина-кезина қалъадан ташқари чиқди, қалъа тагида бир тош бор эди, шу тошнинг устига ўтирди. Бу ердан бурама йўллар аён кўриниб турар эди. Эндиликда бу йўлдан оғир бир карвон кўтарилиб келмоқда эди. Карвон Бейрак ўтирган ерга етиб келди. Бу ўша савдогарларнинг карвони эди. Лекин на улар Бейракни танидилар, на Бейрак уларни – ахир орадан қанча йиллар ўтиб кетган эди!
Улар саломлашдилар.
– Қаерлардан келаётирсиз, савдогарлар? – деб сўради Бейрак.
– Ўғуз эллардан келаётирмиз, – деб жавоб беришди улар.
Бейрак довдираб қолганини сездирмаслик учун юзини ён томонга ўгирди, сўнг ўзини қўлга олиб сўради:
– Ўғуз элидаги Салур Қозонни сўрар бўлсам, соғ-омон юрибдими? Қорабутоқни, Дўндарни, Омонни, Қорача Чўпонни сўрар бўлсам, эсон-омонмилар? Бойбуранинг хотинини, қизини сўрар бўлсам, саломатмилар? Бойбежоннинг қизи Бонучечак ердами ё гўрдами?
– Салур ўғли Қозонни, йигитларини сўрар бўлсанг, соғ-омондирлар, – деди кекса савдогар. – Бойбурани, хотинини, қизларини сўрар бўлсанг, эсон-омондирлар, Бейракнинг ҳажрида оқ либосларини ечиб, қора кийишган. Бонучечакнинг етти йўл айрилишида йиғлаб ўтирганини кўрдик. Бейрагим деб бўзлаб ўтирганини кўрдик. Йигит, сен ҳам Ўғуздан бўлмагин тағин, Бойбура ўғли Бамси Бейракнинг дарагини биладиган киши бўлиб чиқмагин яна? – деди.
– Йўқ, савдогарлар, мен Ўғуздан эмасман, Бейракни ҳам кўрганим йўқ. Мен эли йўқ, юрти йўқ бир дарбадарман. Аммо ортга қайтганда, Ўғуз элига етганда Бейракнинг оқ соқолли отасига, оқ сочли онасига, сингилларига, тағин Бойбежоннинг қизи Бонучечакка айтингки, Бейракни ортиқ кутмасинлар, энди Бейрак қайтмас бўлди. Отаси айғир отини бўғизлаб, ошини берсин, онаси, сингиллари кўк кийиб, қора боғласинлар, Бейракнинг охирги азасини тутсинлар, бегона қизнинг бошқага унашувига рухсат берсинлар, кўнгли кимга чопса, кимни севса, ўшанга тегсин, Бейрак борса келмасга кетибди, деб айтинглар…
– Шўрлик Бейрак, – деди кекса савдогар, – ғурбат элларда жон берган Бейрак. – Сўнгра хуржунидан бир тугунча чиқариб Бейракка берди. – Ҳой мусофир, ногоҳ йўлинг тушиб, Бейракнинг қабрига дуч келсанг, бу тугунчани ўша қабр устига бўшат. Бу юртимизнинг тупроғи. Биз савдогарларнинг умри бегона юртларда ўтади, юртимиз тупроғини тўрвада олиб юрамиз, тақдир-да бу, агар бирортамиз бегона юртда ўлар бўлсак, қабримизнинг устига ўз юртимиз тупроғидан бир сиқим ташлаймиз. Ол буни, яхши қол.
Карвон олислаб кетди.
Бейрак карвоннинг ортидан узоқ термилиб турди, сўнгра тупроқ солинган тугунчани очди. Юзини ҳовучидаги тупроққа босиб ҳидлади, ҳушидан айрилгудек бўлиб:
– Ёвшан ҳиди, – дея пичирлади ва бирдан энди бу ерда ортиқ қола олмаслигини англади. Ўрнидан сапчиб туриб, жинни каби чопа кетди. Қир-адирлардан, тоғ-тошлардан, ўпқонлардан ошиб ўтди.
Девор устидан, оқ минорадан қараб турган Селжон Хотун Бейракнинг қочиб кетаётганини кўрди. Ярадор қуш каби типирчилаб қалъа устидан қанот қоқиб учмоқчи бўлди. Соқчиларни чақириб, Бейракни қувиб тутишга, қайтариб келишга амр этмоқчи бўлди. Аммо у охир-оқибат ҳаммаси бефойда эканлигини англаб етди. Энди Бейракни қайтариб бўлмас эди. Селжон Хотун чексиз бир ҳасрат, изтироб билан узоқлаша-узоқлаша кўздан ғойиб бўлган Бейракнинг ортидан термилганича қолди.

* * *

Бейрак шу чопганича даранинг этагига етди, у ёқ-бу ёққа аланглади. Ярим йиғоч масофада бир йилқи кўрди. Шу пайт йилқидан бир от айрилиб чиқиб у томон югурди. Бейрак бўз айғирини таниди. Бейрак тутқун бўлгач, бўз айғир ҳам эгасининг ҳидини олиб бу ерга келган эди. Қора Арслоннинг йилқисига қўшилиб, “кўнгилли” тутқун бўлган эди.
Бўз айғир олисдан Бейракнинг ҳидини олган эди, чопиб унинг ёнига келди, икки оёғи билан кўкка сапчиб кишнаб юборди. Тумшуғини баланд тутиб, қулоқларини динг қилганича эгасининг қаршисида қотиб турди. Бейрак унинг бўйнидан қучоқлади. Икки кўзидан ўпди-да, сакраб унга минди.
– Отим демайман сени, иним дейман, инимдан ҳам яқиним дейман, қани, чоп, иним, мени юртимга етказ! – деди.
Улар шамолдек елиб кетдилар.

* * *

Қалъада Бейракнинг қочганидан хабар топдилар, қуролланиб, отларга миндилар, Бейракнинг ортидан қувмоқчи бўлдилар, дарвозага етиб келганларида Селжон Хотун девор устидаги арқонни тортди, дарвоза бекилди, отлиқлар ичкарида қолдилар.

* * *

Бейрак эса бўз айғирининг устида неча кеча, неча кундуз йўл босиб, Ўғуз элига етиб келди. Унга илк дуч келган киши ўзон бўлди.
Бейрак ўзонга:
– Ўзон, овулма-овул кезасан. Жўмардни ҳам, номардни ҳам яхши биласан. Элингизда ҳамиша қўбиз чертган, ўлан айтган ўзон бўлсин! – деди.
– Соғ бўл, йигит, – деди ўзон, – сенинг ҳам умринг узоқ, манглайинг ярқироқ бўлсин. Бошингни адашиб келган балодан асрасин!
– Ўзон, қайга кетаётирсан?
– Йигит, тўй-тантанага кетаётирман.
– Кимнинг тўйига?
– Ёртичиқ ўғли Ялинчиқ Бамси Бейракнинг нишонлиси бўлмиш Бонучечакка уйланмоқда.
– Ялинчиқ?
– Ҳа, ўша, – дея ўзон бор воқеани Бейракка сўзлаб берди.
– Ўзон, қўбизингни менга бериб тур. Отимни сенга гаровга қолдираман. Қайтиб келгач, ҳақини бериб, қайтариб оламан.
– Майли, овозим бўғилмай, товушим кесилмай туриб бир отга эга бўлдим.
Ўзон қўбизини Бейракка берди, Бейрак йўлида давом этди.
Ужатоғнинг этагига етганда у Қорача Чўпоннинг йўл чеккасига анча тош йиғиб қўйганини, устига яна йиғиб ётганини кўрди. Бейрак Қорача Чўпонни таниди, аммо у Бейракни танимади.
– Ҳой Чўпон, – деди Бейрак, – одатда одамлар тош кўрса, йўлдан четга отар эди. Сен нега йўл бўйига тош тўплаяпсан?
– Сен ўзингни бил, – деди Қорача Чўпон, – менинг аҳволимни қайдан ҳам билардинг?
– Аҳволингга нима бўпти?
– Менинг Бамси Бейрак деган бир дўстим бор эди. Неча йилдан бери унинг ўлик ё тириклигини ҳеч ким билмайди. Ёритмаснинг ўнг қўли Ёртичиқ ўғли Ялинчиқ Бейракнинг ўлимидан хабар келтирди. Бейракка нишонланган қизни унга бермоқдалар. Бу ердан ўтаётганларида уларни тошбўрон қилиш учун бу тошларни йиғаётирман. Бонучечакдан қўлини тортсин, бориб ўз тенг-тўшини топсин.
– Омон бўлгин, Чўпон, – деди Бейрак, – Бейрак билан бўлишиб еган нон-тузинг ҳалол бўлсин.

* * *

Бейрак бу ердан ўтиб ўз овули – Баёт овулининг чеккасига, мажнунтол булоғининг бошига етиб келди. Қараса, сув учун келган синглиси Гунел булоқ бошида ўтирибди.
“Вой Бейрак оғам, тўй-тўйчиғини кўролмай кетган оғам”, – деб йиғлар эди Гунел.
Бейракнинг ҳам кўнгли тўлиб, ўртаниб кетди. Кўзларидан мўлдир-мўлдир ёш оқди. Қўбизини олиб чертганича қизга бир сўз айтди, кўрайлик-чи, не деб сўйлади экан?
– Ҳой қиз, – деди, – нега йиғлаб, нега бўзлайсан?! Юрагим ёнди, кўнглим ўртанди. Не бўлди, ахир? Оғанг ўлдими, юрагинг қонга тўлдими? Ўлан айтиб нега йиғлайсан, нега бўзлайсан, ҳой қиз?
– Созингни, сўзингни бас қил, ўзон, – деди Гунел. – Мен бахтиқаро қизга керак эмас таскин, ўзон. Қоратоғни ошганингда, Бейрак отли бир йигитга рост келмадингми? Якка-ёлғиз оғам кетди, ўзон, сенинг хабаринг йўқ, бағрим тўла қон бўлди, тоғларим яксон бўлди, боғларим пайҳон бўлди, ўзон, сенинг хабаринг йўқ. Созу сўзингни бас қил, ўзон. Мен бахтиқаро қизга керак эмас таскин, ўзон. Элда тўй-тўйчиқ бўлмоқда, тўйдан қолма, бор, ўзон.

* * *

Бейрак бу ердан ҳам ўтиб ўтовининг ёнига келди. Қараса, сингиллари Ойсел ва Гуной қора кийганларича йиғлаб ўтиришибди.
– Ҳой қизлар, – деди Бейрак, – қипчада қатиқми-қаймоқми, қозонда уграми-ўмочми, дастурхонда қора нонми – егуликдан нимангиз бор? Уч кундан бери йўл босиб келаман, қорнимни тўйдирсангиз хурсанд бўламан, уч кун ичида сизларни ҳам шод қиламан.
Гуной таом келтирди, Бейракнинг қорнини тўйдирди.
Бейрак деди:
– Оғангизнинг боши-кўзига садақа, эски бир кўйлак бўлса, менга беринг, тўйга борайин, тўйда менга кўйлак тушса, келтириб сизга берайин.
Ойсел бориб Бейракнинг кўйлагини келтириб берди. Бейрак кийиб кўрди, бўйи бўйига, эни энига, енги қўлига мос келди. Катта синглиси Ойсел уни Бейракка ўхшатди, қийма қора кўзлари қонли ёшларга тўлиб, деди:
– Қийма қоракўзларинг ич-ичига ботиб кетмасайди, Бейрак оғам дердим сени, оқ тушган сочинг юзингни бекитмасайди, билакларинг озиб кетмасайди, Бейрак оғам дердим сени. Туришингдан, қарашингдан Бейракка ўхшатдим, ўзон сени, уни эслатиб севинтирдинг, ўзон мени.
– Ҳой ўзон, – деди Гуной, – сен бу ерга қайдан ҳам келдинг? Бейрак кетгандан бери бизникига ўзон келгани йўқ эди, кўйлак олгани йўқ эди.
Бейрак: “Бу кўйлакда қизлар мени сал бўлмаса, таниб қолардилар. Ўғуз йигитлари ҳам таниб қолишлари мумкин. Ҳозирча танимай турганлари яхши, аввал дўстим ким, душманим кимлигини билиб олайин”, деб ўйладим.
Кўйлакни ечиб, қизга улоқтирар экан, деди:
– Сен ҳам, Бейрак ҳам ордона қолсин. Бир эски кўйлак бериб, менга юз миннат-маломат қилдингиз.
У чиқиб кетди, бориб туянинг эски бир жулини топди, ўртасидан тешиб, бўйнига суқди, ўзини тентакка солиб, тўйга кириб борди.

* * *

Тўй бошланиб кетган, тош ноғоралар қоқилар, карнайлар ғат-ғатлаб чалинар, сурнайлар овози еру кўкни тутган эди.
Тўй маросими Қўбустон қоятошлари ёнида ўтказилмоқда эди. Қўбустон қоятошларига ўйилган ҳўкиз, эчки, кийик суратлари мерганлар учун нишон эди. Эндиликда каттакон бир қоя юзасига чизилган ҳўкиз суратини, суратнинг қоқ ўртасига мум билан ёпиштирилган узукни нишонга олиб отмоқда эдилар.
Ўзини жиннига солган, ғаройиб қиёфага кириб олган Бейрак бир чеккада турганича мерганларнинг ўқ узишини томоша қила бошлади.
Қорабутоқ ўқ узган эди, Бейрак:
– Билагингга қувват! – деди.
Қозон ўғли Турол отган эди, Бейрак:
– Билагингга қувват! – деди.
Омон, Дўндарлар ўқ узишган эди, Бейрак:
– Билагингга қувват! – деди.
Навбат Ялинчиққа етди. Ялинчиқ отган эди, Бейрак:
– Қўлинг қурисин, бармоқларинг чирисин, – деди. – Ҳой тўнғиздан тўраган тўнғизвачча, тўнғиз ҳам ҳўкизга ўқ узадими?
Бу гапга йигитлар кулиб юборишди, Ялинчиқнинг қаттиқ аччиғи чиқиб, ғазаб билан:
– Ҳой, тентак ўзон, – деди, – сен қайдан келдинг ўзи? Сен ким бўлибсанки, менга бунақанги сўзларни айтасан?
– Анави йигитларнинг қурбони бўлсанг арзийди, – деди Бейрак. – Ўқ отишни билмас экансан, нега уларга бош қўшиб юрибсан? Ёйни ҳам шунақа тортадиларми, ахир?
– Бўпти, ҳой аҳмоқ, – деди Ялинчиқ, – келиб менинг ёйимдан отиб кўр, қани, қандай отар экансан. Ота олмасанг, сени ўлдираман.
Бейрак ёйни олиб тортган эди, у қабзасидан иккига бўлиниб кетди, Бейрак синган ёйни Ялинчиқ томон отар экан:
– Бу камон тақир ерда тўрғай отишга ярайди, холос, – деди.
Ялинчиқ қаттиқ мулзам бўлди, лекин сир бой бермай:
– Бейракнинг бир ёйи бор, ўшани олиб келинг, – деди. У айтган ёйни келтирдилар. Бейрак ўз ёйини кўриб ўртаниб кетди, қўлига олиб ўпар экан:
– Йигитлар, – дея Ўғуз йигитларига юзланди. – Сизнинг ҳурматингиз ҳақи, ёй тортиб, ўқ отаман.
Бир ўқ билан узукни уриб, парча-парча қилди. Йигитлар буни кўриб, қарсак чалдилар, шод бўлиб кулдилар. Бир чеккада, баланд бир қоя устида буларни томоша қилиб ўтирган Қозон Бейракни ёнига чақирди. Бейрак унинг олдига бориб, бош эгиб, таъзим қилганича салом берди.
– Ҳой тентак ўзон, – деди Қозон, – ёй тортиб отишинг менга маъқул келди. Бейрак кетгандан бери ҳеч ким унинг ёйини торта олмаган эди. Сен бунинг уддасидан чиқдинг, тила тилагингни. Ҳашамдор ўтов дейсанми, олтин-кумуш, қўй-қўзи, туя, от дейсанми, сўраганингни бераман.
– Султоним, – деди Бейрак, – сендан тилагим шуки, рухсат берсанг, таомлар пишаётган жойга борсам, қорним оч, бир тўйиб овқат есам.
– Тентак ўзон, омадинг чопди, – деди Қозон кулиб, сўнг йигитларига юзланиб, – йигитлар, бугунги беклигимни шунга бердим, – деди. – Қайга борса борсин, нима қилса қилсин.

* * *

Бейрак келиб қозонларни очди, хизматчиларни чақириб:
– Бу овқатларни элтиб етим-есирларга бўлиб беринг, – деди. – Аёллар қаерда ўтиришибди, мени уларнинг ёнига бошлаб боринг.
Хизматкорлардан бири Қозоннинг ёнига келиб:
– Султоним, – деди, – тентак ўзон таомларни етим-есирларга улашди. Энди эса қизларнинг ёнига бормоқчи.
– Майли, нимани истаса, қилаверсин, қизларнинг ёнига бормоқчи экан, бораверсин, – деди Қозон.

* * *

Бейрак қизлар, аёллар ўтирган чодир ёнига келди, сурнайчи, ноғорачиларни қувиб юбориб:
– Менинг ўзим чаламан, – дея қўйнидан қўбизини чиқарди.
Бейрак аёллар ўтирган чодир эшигининг оғзига чўк тушди. Сарвқомат Бурла Хотун бу ҳолдан ғазабланиб:
– Ҳой беодоб! Таклифсиз қизлар, аёллар ўтирган ерга келгани қандай ҳаддинг сиғди? – деди.
– Хоним, Қозонхондан менга рухсат бўлди. Ҳеч ким мени ҳайдай олмайди, – деди Бейрак.
– Модомики, Қозондан рухсат бўлган экан, ўтирақолсин, – деди Бурла Хотун аёлларга, сўнгра Бейракдан: – Хўш, ўзон, мақсадинг нима ўзи? – деб сўради.
– Хоним, мақсадим шуки, мен қўбиз чалайин, эрга тегаётган қиз туриб ўйнасин.
Юзига қизил чачвон тутган Бонучечак парда ортида бекиниб ўтирар эди. Аёллар пичирлаша бошладилар. Бурла Хотун Қисирча Янгага пичирлаб:
– Қисирча Янга, туриб сен ўйнай қол, – деди, – тентак ўзон қайдан ҳам таниб ўтирибди?
– Чал, тентак ўзон! Чал, ўйнайман, эрга тегаётган қиз мен бўламан, – деди Қисирча Янга ўрнидан туриб.
Бейрак қўбиз чалишга, Қисирча Янга ўйнамоққа тушди. Бейрак созини чалиб айта бошлади:
– Уйинг ортидан туякашлар ўзингга боқар, қайси чуқурга кетди деб изингга боқар, қайси ёндан келар экан деб йўлингга боқар, кўзларидан мўлдир-мўлдир ёшлари оқар. Сен уларнинг ёнига бор, уларнинг муродини ҳосил эт, ўзинг ҳам муродингга ет. Ичган онтимдан энмайман, қисир туяга минмайман.
Аёллар яшмоқлари остидан қиқир-қиқир кулдилар. Бейрак сўзида давом этди:
– Қисирча Янга, сенинг билан ишим йўқ. Эр қилаётган қиз турсин, қўл ёйиб ўйнаб берсин, мен эса қўбиз чаламан.
– Вой, бу тентакни жин урсин, кўзи билан кўрган каби айтяпти-я, – деди Қисирча Янга.
Аёллардан бири Бўғозча Фотимага пичирлади:
– Тур, сен ўйна.
Бўғозча Фотиманинг юзига танимайдиган қилиб чачвон солдилар.
– Чал, тентак ўзон, мен ўйнайман, эрга тегаётган қиз мен бўламан, – деди Фотима ўртага чиқиб.
Бейрак қўбизини тинғирлатганича айта кетди:
– Уйингнинг орти дарача эмасми? Итингнинг оти Қорача эмасми? Сенинг отинг қирқ ўйнашли Бўғозча Фотима эмасми? Бор, жойингга ўтир, ўйнама, йўқса, яна айбингни очаман, обрўйинг тўкилади. Мен сени яхши танийман. Ичган онтимдан энмайман, бўғоз байталга минмайман, мен сен билан ўйнамайман. Эрга тегаётган қиз ўрнидан турсин, мен қўбиз чаламан, у қўл ёзиб ўйнаб берсин.
Бу гапларни эшитиб, Бўғозча Фотиманинг қаттиқ жаҳли чиқиб:
– Вой, бу тентак бир ишкал чиқаради, бор-йўқ айбимизни очиб ташлайди, – деди ва Бонучечакка юзланди: – Тур, ҳой қиз! Ўйнасанг ўйна, ўйнамасанг, жаҳаннамда ўйна! Бейракдан сўнг бошингга шундай кунлар тушишини билармидинг?
– Ҳой қиз, тур, ўйна! Ҳунарингни бир кўрайлик-чи, – деди Бурла Хотан Бонучечакка.
Бонучечак ўрнидан турди, Бейрак берган узукни ҳеч ким кўрмасин дея қўлларини енги ичига яширганича ўртага чиқди ва:
– Эрга тегаётган қиз мен бўламан, – деди.
– Тўғри, сен бўласан, – деди Бейрак, – лекин қўлларингни нега яширасан, сувга борганингда муз олганми, бармоқларинг синиб тушганми? Қўлларинг айбли бўлса, айбини нега яширасан? Айби бор қиз, эрга тегмоқ сенга айбдир!
– Ҳой, тентак ўзон, – деди Бонучечак довдираб, – менинг не айбим борки, ёлғондан айб тақасан?
Шундай дея оппоқ билакларини очди, қўлини чиқарди. Унинг бармоғида Бейрак берган узук бор эди.
Бейрак узукни таниб, деди:
– Бейрак кетгач, Бомбомтепа устига чиқдингми, ҳой қиз? Узоқ-узоқ йўлларга боқдингми, ҳой қиз? Қора сочингни юлиб фарёд чекдингми, ҳой қиз? Қора кўзингдан аччиқ-аччиқ ёш тўкдингми, ҳой қиз? Келган-кетгандан Бейрак дарагини сўраб боқдингми, ҳой қиз?
Бонучечак йиғлаганича деди:
– Йиғладим, ўзон, бўзладим, ўзон. Неча йиллар кўзладим, ўзон. Шаҳбоз йигитим келмас бўлди… Бугун мен эрга тегмаяпман, гўрга тегяпман, ўзон. Раҳм эт, ўзон, ярамни янгилама.
– Ҳой қиз, бармоғингдаги тилла узукни сенга ким берган? Уни менга бер. Мен унинг аломатларини биламан, – деди Бейрак.
– Йўқ, тилла узукнинг кўп аломати бор. Уни фақат менга берган киши билади, сен билмайсан.
Бейрак яна қўбизни чертиб, деди:
– Эрта саҳар бўз айғирни минмадимми? Уйинг ёнида жайронларни қувмадимми? Сен мени ёнингга чақирмадингми? Сен билан майдонда от чопишиб, ўқ отишиб, бел олмадимми? Уч бор ўпиб, қаттиқ қучиб, бармоғингга тилла узук солмадимми? Сен севган Бамси Бейрак мен эмасманми?
Бонучечак чачвонини туширди, унинг ранги қочган, лаблари пир-пир учган эди. Бир ҳаяжон, бир изтироб, бир қўрқув билан Бейракнинг ажин тушган юзларига, ботиб кетган кўзларига, оқ тушган соч-соқолига боқди, афсунланган каби у томон икки одим отди. Бейрак қўлини у томон узатди, кафтини очди – кафтларида тупроққа қоришган ёвшан бор эди. Ёвшан ҳиди Бонучечакнинг димоғига урди, Бонучечак шивирлаганича: “Ёвшан ҳиди”, деди ва Бейрак томон отилди, бироқ қўққисдан тўхтаб, чодирдан қочиб чиқди-да, отлардан бири томон югурди.

* * *

Бонучечак сакраб отга минди, қамчи солиб ела кетди, тўйга келган қўноқлар орасидан, майдонда ўқ отаётган йигитлар ичидан унга ҳайрон бўлиб қараб турган Қозон, Турол, Қорабутоқ ёнидан, сархуш бўлиб чўзилиб ётган Дали Кўчар устидан, ўзини йўқотиб шошиб қолган Ялинчиқнинг ёнбошидан учиб ўтди, қир-адирлардан кечиб, Баёт овулига етди.
Кўзлари кўр бўлиб қолган Бойбура ва унинг хотини Ойна Малак ҳамишаги жойларида, овул чеккасидаги тош устида ўтирган эдилар. Бонучечак от елдириб уларнинг ёнига етди, етиб бориб юганини тортди. От кўкка сапчиди.
– Ҳой қайнатам, қайнанам! Йиқилган тоғингиз қайта тикланди! Қуриган дарёнгиз сувга тўлди! Сўлган дарахтингиз япроқ қилди! Дардида неча йил йиғлаган ўғлингиз Бейрак келди! Қайнатам, қайнанам, суюнчисига нима берасиз? – деди Бонучечак.
Бойбура ўрнидан сакраб туриб:
– Тилингга қурбон бўлай, келинжоним, йўлларингда жон берай, келинжоним. Агар бу сўзларинг ёлғон бўлса ҳам, илоҳо, ростга чиқсин, келинжоним, – деди.
Шу пайтда йигитлар ва Бейрак ҳам от чоптирганча етиб келдилар.
– Суюнчи бер, Бойбура, ўғлинг келди, – деди Қозон.
– Агар ўғлим бўлса, чимчилоғини қонатсин, қонини кўзимга суртсин. Кўзим очилса, ўғлим Бейракнинг келгани рост бўлади, – деди Бойбура.
Бейрак дарҳол чимчилоғини тилиб, қонини отасининг кўзига суртди, Бойбуранинг кўзлари ярқ этиб очилди.
– Ўғлим, – деди Бойбура, – кўрар кўзимнинг нури бўлган ўғлим, билагимнинг куч-мадори бўлган ўғлим, уйимнинг таянч тоғи бўлган ўғлим!
– Қизу келинимнинг боғи, боғбони бўлган ўғлим, – деди Ойна Малик. Ота-онаси, сингиллари Бейракни қучоқлаб олдилар, кулиб туриб йиғладилар, йиғлаб туриб кулдилар.
Қозон Бонучечакка, Бейракка қараб:
– Яхши, – деди, – муродингизга етинг.
– Йўқ, – деди Бейрак, – ҳали яна бир ишим бор. Уни бажармагунча муродимга етмайман. Ялинчиқ қани?
Бейрак отини ортга бурди. Йигитлар ҳам унинг ортидан от солдилар.

* * *

Ялинчиқ ҳам отига миниб қочиб борарди. Қайрилиб ортига қарай-қарай қочарди. Бейрак қувар, Ялинчиқ қочиб борарди. Ялинчиқнинг оти учқурроқ бўлиб, тобора уларнинг орасидаги масофа ортгандан ортиб борарди. Бейрак ортда қолиб, кўздан ғойиб бўлди. Бироқ шу пайт, Ялинчиқ юксак тоғнинг этагига етганида Қорача Чўпон уни тошга тутди. Ялинчиқнинг оти мункиб кетиб, қулаб тушди. Ялинчиқ отдан тушиб қочди, шу атрофдаги қамишзорга кириб яширинди.
Бейрак етиб келди. Лекин Ялинчиқ йўқ эди.
– Қўрқма, – деди Қорача Чўпон, – у ўзини қамишзорга урди. Ҳозир чиқарамиз.
Қорача Чўпон чақмоқтошни олиб чақди, қамишзорга ўт қўйди. Қамишзорни олов қоплаб олди. Ичкаридан даҳшатли фарёд эшитилди. Уст-боши ёна-ёна титилган, юз-кўзини қурум босган Ялинчиқ бўкирганича қамишзордан чиқиб келди. Етиб келган йигитлар унинг бу аҳволини кўриб кулиб юборишди. Ялинчиқ энди қўрқинчли эмас, аянчли, ғариб бир аҳволда эди. У келиб Бейракнинг оёқларига йиқилди.
Бейрак қиличини қинидан суғурди. Ялинчиқ титраб-қақшаб:
– Раҳм қилгин, ўлдирма мени, – деди.
– Сени ўлдириш ниятим йўқ, аблаҳ, – деди Бейрак, – туриб, қиличимнинг остидан ўт!
Ялинчиқ Бейракнинг қиличи остидан ўтди.
– Энди боравер, сенинг гуноҳингдан кечдим, – деди Бейрак.

* * *

Дада Қўрқут қўбизининг шўх-шанг садолари кўкка юксалди.

* * *

…Дада Қўрқут ўз қабрининг бошида ўтирарди. У қўбиз чалар, лекин эндиликда у чалаётган бу оҳанг тўй-тантана оҳанглари эмас, Дада Қўрқутнинг ўзи каби ғамгин, қайғули бир оҳанг эди. Дада Қўрқут куйларди:
– Бейрак тутқунликдан қайтиб келди, тўй қилди, Бонучечакни ўтовга олиб келди, ўғиллар кўрди. Бейракнинг синглиси Гунелни Қозоннинг ўғли Туролга унаштирдик. Хурсандчилик қилдик, ўйнадик, куйладик. Ўғуз элининг бало-қазоли кунлари тугади деб ўйладик. Мусибатли кунлар ҳали олдинда эканлигини, ҳали бошимизга яна қандай кулфатлар тушишини, юртимизга яна қандай бало-қазолар ёғилишини қайдан ҳам билибмиз, ахир?
…Алп Арузнинг чодирида қора ниқобли киши унга турли хабарларни айтгани сари Арузнинг мўйловларидан қон сизиб чиқмоқда эди. Аруз қарс уриб, хизматкорларини чақирди:
– Қон-қариндошимиз бўлган йигитларга одам жўнатинг, етиб келишсин. Омон келсин, Дали Кўчар келсин.
…Чақирилган йигитлар етиб келишди, Алп Арузнинг чодирига киришди. Ҳамиша сархуш юрадиган Дали Кўчар гандираклаб-гандираклаб отдан тушди, чайқала-чайқала чодирга кирди.
Алп Аруз йигитлар билан саломлашиб бўлгач:
– Йигитлар, мен сизни нега чақиртирганимни биласизми? – деб сўради.
– Билмаймиз, – дейишди улар.
– Кўриб турибсизки, мен Ўғуз йигитларидан фақат сизни, яъни қон-қариндошларимни чақиртирдим. Чунки бундай кунда юрагим фақат сизга ачишади. Биласизки, Қозоннинг мен билан илгари ҳам ораси совуқ эди, энди эса ошкора душманга айланди. Демак, у сизнинг ҳам душманингиз ҳисобланади. Эндиликда Бейрак ҳам қайтиб келди. Қозоннинг бир кучи икки бўлди. Бейрак тўйига бизни чақирмади, очиқдан-очиқ адоват боғлади. Энди қандай тадбир кўрамиз, сиз нима дейсиз?
Дали Кўчар Алп Арузга хумор-хумор сузилиб:
– Нима ҳам дердик. Сен Қозонга душман экансан, биз ҳам унинг душманимиз, – деди.
– Йигитлар, онт ичинг! – деди Аруз.
– Сенинг дўстингга дўст, душманингга душманмиз!
Дали Кўчарни мудроқ босган эди.
Алп Аруз унга қараб деди:
– Бейрак биздан қиз олган, Дали Кўчарнинг куёви бўлади. Аммо у Қозоннинг ҳам ўнг қўли ҳисобланади. Келинглар, Бейракка бизни Қозон билан яраштир, деб хабар жўнатайлик. Уни бу ерга олиб келайлик. Бизга тобе бўлса, яхши, йўқса, мен соқолига ёпишаман, сиз қилич уриб, қиймалаб ташланг, Бейракни орадан кўтарайлик. Сўнгра Қозон билан ишимиз осон кўчади.

* * *

Аруздан Баёт овулига чопар келиб, Бейракнинг ҳузурига кирди.
– Ҳой йигит, Аруз сенга салом йўллади, Бейрак келиб Қозон билан бизни яраштирсин, деб айтди, – деди у.
– Яхши гап, – дея отига минди Бейрак, Арузнинг уйига келди, йигитлар ўтирган уйга кириб салом берди ва Арузнинг ёнига бориб ўтирди.
– Сени нега чақирганимизни биласанми, Бейрак? – деди Аруз.
– Нега чақирдингиз?
– Бутун бу ўтирган йигитлар онт ичиб, Қозонга душман бўлдик, сен ҳам онт ич.
Бейрак атрофга кўз ташлаб, интиқлик билан ўзига қадалган нигоҳларни кўриб, деди:
– Онт ичаманки, мен ҳеч қачон Қозонга душман бўлмайман. Мен Қозоннинг тузини кўп еганман, унутсам, кўзимни тутсин, қазилиқ отини кўп минганман, билмасам, менинг тобутим бўлсин. Яхши либосларини кўп кийганман, билмасам кафаним бўлсин. Қозоннинг уйини уйим, ўчоғини ўчоғим деганман, йиғлаганида йиғлаганман, кулганида кулганман. Мен Қозондан юз ўгирмайман, шуни яхши билинг.
Аруз қўл чўзиб Бейракнинг соқолига чанг солди. Бейрак парво қилмай ўтираверди. Аруз йигитларига боқиб ишора қилди. Йигитлар қиличларини суғурдилар, лекин ҳеч бири Бейракка қўл кўтаришга ботина олмади.
– Аруз, – деди Бейрак, – бундай қилишингни билганимда, темир совутимни кийиб, пўлат қиличимни белимга боғлаб, жасур йигитларимни қаватимга олиб келардим. Ҳийлангни сезганимда шундоқ келармидим, олчоқ? Алдаб эр йигитни қўлга олиш хотинларнинг иши, буни сен хотинингдан ўргандингми, номард?
– Кўп катта кетма! Қонингга ташна этма. Кел, бизнинг гапимизга кириб, онт ич, – деди Аруз.
– Мен Қозон учун бош тикканман. Неча йил тутқунликда ётдим, лекин дўстларимдан, элимдан юз ўгирмадим, энди ҳам юз ўгирмайман, истасанг, мени юз пора қил.
Аруз йигитларига боқди, ҳеч ким турган еридан қимир этмаганини кўриб, ўзи пўлат қиличини олиб, Бейракнинг ўнг елкасига туширди. Бейрак қонга беланиб, боши шилқ этиб ёнига тушди. Йигитлар жимгина ташқари чиқишди, ҳар бири ўз отига минди. Улардан бири Бейракнинг отига миниб, жасадини олдига ўнгариб олди, Баёт овулига етиб келиб, жасадни бир чеккага туширди, жуббасини устига ёпиб қайтиб кетди.
Бейрак инграб юборди, буни эшитган Бонучечак югуриб келди, Бейракнинг қонга беланиб ётганини кўриб ҳушидан оғди. Бейрак оғир-оғир нафас олганича бўлиб ўтган воқеани тўхтала-тўхтала Бонучечакка сўзлаб берди.
– Севгилим, – деди у, – тез чора кўрмоқ керак. Югур Қозоннинг девонига, унга, Бейрак ўлди, сен омон қол, деб айт. Менинг хунимни номард Арузда қолдирмасин. Аруз номард йигитлари билан бу ерга бостириб келмай, эл-юртимизни вайрон қилмай туриб, Қозоннинг ўзи ҳужум қилсин. Сени, сингилларимни, кекса ота-онамни Қозонга топшириб кетаман, ўғлимизни эса Қорача Чўпон мард қилиб вояга етказсин.
Бейрак кўзларини юмди.
Бонучечак ҳўнграганича ўзини унинг устига ташлади.

* * *

…Қозон дастрўмолини қўлига олиб ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди. Қорабутоқ ҳам, Дўнар ҳам.

* * *

…Ужатоғнинг бошида Қорача Чўпон бошига тош соча-соча йиғлар эди…

* * *

…Мажнунтол остидаги булоқ бошида Гунел билан Турол йиғлар эди…

* * *

Қозон ўз хонасига қамалиб олган, ҳеч кимни ёнига йўлатмас эди. Турол Қилбошнинг ёнига бориб:
– Қилбош, отам етти кундан бери хонасидан чиқмайди, – деди, – сен бир кириб хабар ол-чи.
– Сен ўғли бўласан, ўзинг кир, – деди Қилбош.
Ниҳоят, иккаласи биргаликда Қозоннинг хонасига киришди.
– Ота, – деди Турол, – орамиздан бир йигит камайди. Бизнинг йўлимизга бош тикди. Ўз хунини олишни сенга васият қилган экан. Йиғлашдан нима чиқарди? Демоқчиманки, номардларни қувиб борайлик, Бейракнинг хунини олайлик.
Қозон оғир-оғир бош кўтариб:
– Ҳа, қонга қон, – деди, – ўғлим, сенинг маслаҳатинг тўғри. Қилбош, бориб айт, тез қурол-яроқларни отларга юкласинлар. Йигитлар ҳам ҳозир бўлиб турсин.
Барча йигитлар қурол-яроқларни олиб, отларига миндилар. Саман отни етаклаб келиб, устига Қозонни ўтқаздилар. Карнайлар чалиниб, довуллар қоқилди.
Кечани кеча, кундузни кундуз демай йўл босдилар. Қозон ёнида елиб бораётган ўғлига ўгирилиб:
– Ўғлим Турол, – деди. – Бу жанг синов жангидир. Ё улар бизни енгади, ё биз уларни. Сен бу жангда жасорат кўрсатишинг, Бейракнинг ўрнини олиб, менга таянч бўлишинг лозим.
Турол хаёлидан ўтказди. Баёт овулнинг бир чеккасида Гунел зор-зор йиғлаб қолганди.
Аруз ва унинг одамларига хабар етди. Улар ҳам қурол-яроқларини олиб Қозонга қарши келдилар. Жанг бошланди: бағри ям-яшил улуғ тоғлар бундоқ урушни кўрмаган эди. Туби теран тор даралар бундай савашни билмаган эди.
Бир тепа устига чиқиб олган Дада Қўрқут йигитларга ялиниб-ёлворар, уларни бу оға-ини қирғинини тўхтатишга чақирар эди. Лекин уни ҳеч ким тингламасди. Алп Аруз майдонга от солиб кирганича Қозонга қараб бақирди:
– Ҳей Қозон, бери кел, бошингни танангдан жудо қиламан!
Қозон қалқонини ўнгига тутиб, найзасини бош узра силкитар экан:
– Ҳей Аруз, – деди, – хоинона одам ўлдириш қандоқ бўлишини мен сенга кўрсатиб қўяман!
Аруз Қозон сари от қўйди. Етиб бориб унга қилич солди, бироқ жароҳат етказолмай ўтиб кетди. Навбат Қозонга келди. У ўткир найзасини Арузнинг кўксига санчиб, отдан қулатди, қиличини суғуриб унинг бошига солмоқчи бўлган эди, қўққисдан кўзи бир четда қўрқувдан титраб-қақшаб турган Туролга тушди. Қозон ўғлининг даҳшатдан ола-кула бўлиб кетган кўзларини кўриб, дарҳол бир қарорга келди. Арузни кўрсатиб:
– Ўғлим Турол, – деди, – бунинг бошини сен оласан.
Қозон от чоптирганича ўзини жанг майдонига урди, гўё чумчуқ тўдасига бургут киргандек бўлди.
Турол отдан тушди, қиличини суғурди, аммо ўлдира олмади. Арузнинг шафқат тилаганча жавдираб турган кўзларини кўриб, қиличини қайтиб қинига солди-да, от чоптириб нари кетди. Аруз аста-секин тирсагига таяниб ўрнидан турди, сўнгги кучини тўплаганича ёйига ўқ жойлаб узоқлашиб бораётган Туролни нишонга олди. Ўқ узди. Ўқ Туролнинг нақ курагига санчилди. Шариллаб қони оқди. Қўлларини ёзиб отининг ёлига ётиб қолди, сўнг сирғалиб ерга қулади, оёғи узангидан чиқмай, отнинг белида осилиб қолди. От ярадор эгасини судраб тоғлар томон чопиб кетди. Ўқи нишонга текканини кўрган Аруз мамнун бўлди, аммо оғриқдан башараси буришиб кетди, боши ёнига шилқ этиб тушди-да, жони узилди.
Жанг майдонининг ҳар ер-ҳар ерида йигитлар бирма-бир ҳалок бўлдилар.
Қозоннинг оти ҳам, ўзи ҳам қиличдан ўтди.
Қорабутоқ ҳалок бўлди. Омон ҳалок бўлди. Дўндар ҳалок бўлди.
Йигитлар ҳам, отлар ҳам битта-битта тўкилиб бормоқда эди.

* * *

Қора ниқобли киши ҳамон майдонда жавлон урарди. Оқ ниқобли бир йигит унинг қаршисидан чиқиб қилич солди, додлатиб отдан қулатди, қора қонига белади. Қора ниқобли киши ерга қулар экан, юзидан ниқоби тушиб кетди – бу кимса Ялинчиқ эди. У бор кучини тўплаб найзасини оқ ниқобли йигитнинг курагига санчди. Оқ ниқобли киши отдан қулаб тушиб, ерга чўзилиб қолди. Ялинчиқ жон бермоқда, бироқ ўлимдан олдин ўзи ўлдирган ва ўзини ўлдирган ким эканини билмоқчи бўлди, қўлини зўрға чўзиб, рақибининг юзидан оқ ниқобини тортиб олди. Бу – Бонучечак эди.
Шу ондаёқ Ялинчиқ ҳам Бонучечакнинг оёқлари остига йиқилиб тинчиб қолди.

* * *

Бутун майдонда инсон жасадлари, от лошлари қалашиб ётарди. Улар ҳам тош қотиб, ҳайкалларга айланардилар.
Аммо ҳайкаллар ҳам ўз шакллари, қиёфаларини йўқотиб, оддий тош тепаларига эврилардилар. Эндиликда бу катта майдонда ғаройиб тош уюмларидан, ғалати қоялардан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди.
Тепа бошида турган Дада Қўрқут юзини чангаллаб йиғлар эди.
* * *

…Туролнинг оти чопганича ўз эгасини узоқларга, тоғларнинг ортига олиб кетмоқда эди…

* * *

Майдондаги тош уюмлари орасида сочлари тўзғиган, ўзини муштлаб йиғлаган аёллар, қариялар тентираб юрарди. Уларнинг ичида сарвқомат Бурла Хотун ҳам бор эди, Гунел ҳам. Аёллар йигитларнинг номини айтиб фарёд қилар эдилар:
– Вой Қозоним, вой! Вой Омоним, вой! Вой Арузим, вой! Вой Қорабутоғим, вой! Вой Туролим, вой-вой!

* * *

…Дада Қўрқут ўз қабри бошида ўтирганича қўбиз чалар эди, унинг ҳикояти охирига етган эди. Дада Қўрқут сўйларди:
– Қани мен айтган алп эранлар? Дунё меники деганлар? Ажал олди, ер яширди, фоний дунё кимга қолди? Келимли-кетимли дунё, охири ўлимли дунё. Дада Қўрқут, ўлар бўлдинг, шуни бил, карвон кетди, сен кечикдинг, шуни бил. Ҳар бир узун умрнинг ҳам охири ўлим, оқибати айрилиқдир.
Дада Қўрқут сўзини айтиб тугатди, қўбизини қўйнига тиқди, оғир-вазмин қабрига боқди, унинг ичига кириб чўзилди, ўт-ўланлар орасидан бир чипор илон чиқиб вишиллаганича қабр томон ўрмалади. Дада Қўрқут кўзларини юмганча оқибати нима бўлишини кутиб ётди. Бирдан олисдан ғалати овозларни эшитиб кўзларини очди, бошини кўтариб, эътиборини овозлар келаётган томонга қаратди.
Олисдан у томон бир кекса аёл ва ёш бир қиз келмоқда эди. Иккисининг сочлари тўзғиб кетган, иккаласи ҳам зор-зор йиғларди. Бири сарвқомат Бурла Хотун, иккинчиси Гунел эди. Бурла Хотун қарғаниб келарди:
– Сувлари оқиб ётган Қазилиқ тоғи! Оқар сувинг оқмас бўлсин! Ўтлари битиб ётган Қазилиқ тоғи! Битар ўтинг битмас бўлсин!
Табиат она қарғишига муте бўлиб қолган, оқиб ётган сувлар қуриб, ўт-ўланлар сарғайиб, сўлиб қоларди. Бурла Хотун фарёд этарди:
– Қайлардасан, ўғлим Турол! Ўликлар ичидан сени топмадим, ярадорлар орасида учратмадим. Ўғилжоним, ўғлим! Қайда қолдинг, хабар бер!
Улар Дада Қўрқутнинг ёнига етиб келишди. Дада Қўрқут эса уларга қарамас, унинг диққатини бошқа нарса жалб этган эди. Дада Қўрқут тоғнинг нариги тарафига тикилар эди. Тоғнинг ортида қарға-қузғунлар ҳаволаниб учар, сўнг ерга шўнғир, яна учиб, яна қўнарди. Дада Қўрқут Бурла Хотунга бу манзарани кўрсатиб:
– Хоним, – деди, – йиғлама, ўғлинг соғ-саломат, анави тоғнинг қуйисига қараб юринглар.

* * *

Адирлардан тоғларга кўтарилиб, тоғлардан адирларга тушдилар. Кўрсалар, Турол бир даранинг оғзида чўзилиб ётибди. Оти ҳам ёнида турибди.
Қарға-қузғун қон ҳидини олиб, ўғлоннинг устига ёпирилмоқчи бўлар, бироқ от диконглаб қарға-қузғунларни ҳайдаб юборар, қўнгани қўймасди. Қарға-қузғун учиб-қўнар экан, гоҳ чанг-тўзон кўтарилиб, гоҳ тинар эди.
Дада Қўрқут ўғлоннинг жароҳатини кўриб:
– Хоним, бу жароҳатдан қўрқма, – деди, – йигит бу жароҳатдан ўлмайди. Она сути билан тоғ чечаги унинг ярасига малҳам бўлади.
Сўнгра Гунелга юзланиб:
– Қизим, тоғ бағрига чиқиб, гул-чечаклар териб кел, қайлиғингнинг ярасига бос, – деди.
Гунел тоғдан уялиб яшмоғини юзига тортди, тоғ нишабига чиқди. Тоғнинг тўши тап-тақир эди, на бир ўт бор эди, на бир чечак. Гунел ҳарчанд изламасин, ҳеч нарса топа олмади.

* * *

…Бурла Хотун кўкрагини бир сиқди, сут келмади, икки сиқди, сут келмади, учинчи сиққанида сут қонга қоришиб келди. Она сутидан Туролнинг лабларига уч томчи томизди.

* * *

Гунел ўт битмайдиган, чечак унмайдиган тоғ чўққисига юзланиб деди:
– Юксак тоғим, гўзал тоғим. Онамнинг айтишича, сен – Қазилиқ тоғи, бизнинг ҳаммамизнинг, Ўғуз қизлари, келинларининг қайнатаси бўлар экансан. Гиёҳингни, чечагингни Туролдан аямагин, жон Қазилиқ тоғи.
Шу лаҳзадаёқ тоғнинг тўшидан ўт-чечаклар униб чиқди, яшил, сариқ қизил гиёҳлар бир-бирига қоришиб кетди. Гунел шоша-пиша гул-чечаклар териб, тўплаб, югурганича Туролнинг ёнига келди, чечакларнинг сувини сиқиб, Туролнинг ярасига бир-икки томчи томизди.
Турол аста-секин кўзларини очди, туман орасида онасини кўрди, севгилисини кўрди, Дада Қўрқутни, вафодор отини, чечакли тоғларни, очиқ осмонни, дунёни кўриб жилмайди.

* * *

Дада Қўрқут, Бурла Хотун, Гунел ва Турол қайгадир кетиб борардилар. Улар ўша жанг майдонидан чиқдилар. Бу ерда манзара батамом ўзгариб кетган эди.
Қорача Чўпон дағал тош қолдиқларини шақирлатиб бир четга улоқтирарди. Тошдан бўшаган майдонда ҳўкизлар омоч тортар, одамлар қўшиқ айтишганича ер ҳайдашарди. Қорача Чўпон қора терга ботганича ерни тош-кесакдан тозаларди. Бейракнинг ўн ёшлардаги ўғилчаси унга ёрдам бермоқда эди.
– Чўпон ўғлим, нималар қиляпсан? – деб сўради Дада Қўрқут.
– Ерни тозалаяпман, Дада, – деди Қорача Чўпон. – Ерни ҳайдайлик, экайлик, ўрайлик, ейлик-ичайлик, давру даврон сурайлик. Тўғрими гапим?
– Гапинг тўғри, Чўпон, юртимизнинг бошига кўп бало-қазолар ёғилди. Эрларимиз, йигитларимиз кўплаб қирилди. Аммо бутунлай қирилиб кетмадик. Ҳали бормиз, бундан кейин ҳам бўламиз, яшаб қоламиз, кўпаямиз.
Чўпон Бейракнинг ўғлини кўрсатиб:
– Дада, бу йигит от қўйгулик бўлибдими? – деб сўради.
– Албатта, – деди Дада Қўрқут, – от олишга лойиқ бўлибди. Бу заминда кўп эр қирилди, оз эр қолди. Унинг отини Оз эр – Озар қўяман. Бас энди, оз эрлар кўп бўлсин, озарлар кўпайсин.
Дада Қўрқут Озарга қараб бир сўз сўйлади, кўрайлик-чи, не деди экан:
– Ўғлим Озар, шуни билки, тупроқнинг юрт, ватан бўлиши учун икки шарт лозимдир. Бир шарт шулким, бу тупроқни экмоғинг, парвариш қилмоғинг керак. Иккинчи шарт шулким, уни душманлардан қўримоғинг керак. Қўрий олмаган тупроғинг экиб-ундиришга арзимайди, экиб-ундирмаган тупроғинг қўришга арзимайди.
– Ўғлим Озар, бу сўзларни яхшилиб ёдингда сақла, – деди Қорача Чўпон.
– Чўпон, – деди Дада Қўрқут, – катта ишни бошлабсан, эзгу ишга қўл урибсан. Тоғнинг тепасига чиқиб, учта гулхан ҳозирлаб қўй. Битта гулхан ёнганда элимиз тўй-тантанага тўпланиб келсин, иккита гулхан ёнганда босқинчилардан қўриниш учун йиғилишсин. Учта гулхан ёнганини кўрганда ҳамма ҳўкиз-омочи билан келсин, ишлаш, меҳнат қилиш учун келиш лозимлигини билсинлар.
Қорача Чўпон отини миниб, тоғ тепасига юксала кетди. Дада Қўрқут ишлаётган кишиларга юзланиб деди:
– Ишимиз унумли, тупроғимиз баракотли бўлсин! Кўлкали дарахтимиз кесилмасин! Оққан дарёларимиз қуримасин! Номардга муҳтож бўлмайлик! Умидимиз узилмасин. Қанотимиз синмасин! Ужатоғнинг ўчоқлари ҳамиша ёниб турсин!

* * *

Ужатоғнинг бошида уч гулхан ловуллаб ёнарди. Қорача Чўпон билан Озар фахр билан осмонга бўйлаган оловга боқиб туришарди.

* * *

Тоғнинг этагида Дада Қўрқут, Бурла Хотун, Турол, Гунел, Ойсел, Гуной ва бошқалар гулханларни севинч билан томоша қилар эдилар.

* * *

…Олис бир тоғнинг чўққисида ҳам уч гулхан ёнмоқда эди.
…Бошқа бир тоғнинг бошида ҳам…
…Узоқ-узоқлардаги кўплаб тоғларнинг чўққиларида учтадан гулхан ловулларди…
Инсонлар, тоғлар ўз шуълалари билан бир-бирларига хабар етказмоқда эди.

1970–1973

Озарбойжон тилидан Усмон Қўчқор таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 11-12-сонлар