Кечқурун хонамнинг чироғини ўчирдим-у, буюмлар мени ухлади, деб ўйлашди, шекилли, ўзаро суҳбат бошлаб юборишди.
– Мен сизларга шуни айтмоқчиман… – варақларини шалдиратиб гап бошлади стол устида қолдирилган Китоб.
– Қани-қани, нима демоқчисан? – тоқатсизланибди тувакда ўсаётган Амариллис.
– Одамлар менга кунда тўғри муносабатда бўлмайдилар. Мени дўкондан сотиб олиб келганларида шундай бежирим, сип-силлиқ бўламанки, улар мени бетма-бет варақлаб, муқовамдан кўчириб ташлайдилар. Ҳаттоки, вақтинча бировларга бериб юборишларини айтмайсизми? Буни тасаввур қилиб кўринглар-а, вақтинча ўзга қўлга бериб турармишлар! Қарзга олиб турганлар мени қай кўйга солишларини билсангиз эди! Улар бармоқларини ҳўллаб бетма-бет варақлаб, саҳифаларимни ифлос, ичимни ағдар-тўнтар қилиб ташлашларини билсангиз эди. Пировард-натижада бизни ҳақиқий эгамизга қайтариб беришни ҳам унутиб юборадилар.
Аччиқланган Китобнинг “қарс” этиб муқовасини ёпиб олгани қулоғимга чалинди.
– Ҳой Китобвой, фақат сенга шунақа бешафқат муносабатда бўладилар, деб ўйлайсанми? – титроқ овозда гап бошлади Амариллис. – Улар дам-бадам мени суғориб туриш кераклигини ҳам эсларидан чиқазиб қўйишларига нима дейсан? Мен тупроқдан сўнгги томчи сувни сўриб олаётганимда ўзимдан кетиб қолишимга бир бахя қолади.
– Чиқ… чиқ… чиқ.. – чикиллади Соат, лекин шу ондаёқ жим бўлиб қолди ва бир оздан сўнг зўр-базўр чикиллаб:
– Чик! Чиқ!.. Кўряпсизларми? – ҳолсизланиб шивирлади мадори қуриган Соат, – улар мурватимни бурашни яна эсларидан чиқазиб қўйдилар. Айб ўзларида бўлса-да, ярим тунда тўхтаб қолганимда, эрталаб вақт неча бўлганини билолмай ишга кечикишларидан кўркиб: “Бу ярамас матоҳни ахлатга ташлаб юбориш керак”, деб пўписа қилганларига нима дейсиз! Қани, ўзингиз айтинг-чи, ахир шу инсофданми?
– Одамлар жудаям ношукр-да, – деди деворда осиғлик турган Сурат. – Кўп йилдан буён ёнимда бир сурат осиғлик турарди. Ёмон сурат эмасди, энг қизиғи, одамлар уни кимгадир совға қилиб тақдим этганларида кўкларга кўтариб мақтагандилар. Қаранглар-а, уларга бу расмни чизган рассом ёқмасмиш! Рассом ёқмаса бунга бўёқ айбдорми? Бунисига нима дейсиз! Ахир деворга рассомни осиб қўйишмайдн-ку. Деворда сурат осиғлик туради.
– Сизларнинг арз-додларингиз меникининг олдида ҳолва! – Лимоннинг овози эшитилди. – Инсон мен билан қандай муомала қилишини билсангиз эди! Тасаввур қилинг-а, сизни ҳамма бир томчи сувингиз қолгунча эзғилаб сиқаверса. Обдон эзиб, сувингни олиб бўлгач, отиб юборишларига ўласанми-қоласанми. Яна ташлагандаям ахлат челагига ёки ошхонага олиб чиқиб ташлашга эринган бекам саватчага ирғитиб юборадилар.Бошқаларга бундай муомала қилмайдилар. Фақат Лимонларгагина шундай муносабатда бўладилар.
Қаттиқ каҳқаҳа эшитилди. Бехосдан барча буюмлар жим бўлиб қолди. Фақат Соатгина зўр-базўр:
– Чиқ… чиқ… – деди, холос.
Ортиқ чиқиллашга мадори етмади шекилли, дабдурустдан “чиқ” этди-ю, тўхтаб қолди.
Рус тилидан Дилдора Рўзимаҳамадова таржимаси