Бу синьор ҳеч қачон ҳеч нарса ёзмаган ва ҳеч қачон ҳеч нарсани ҳеч кимга ҳикоя қилиб берган эмас. У қаригунча тинч ва ҳалол яшаб беғам ҳаёт учун етарли пул тўплаганидан сўнг шаҳар четидан уй сотиб олди. Янги уйга кўчиб ўтгач, у қоғоз ва хатларни кўп йиллардан буён илк бор тартибга келтиришга қарор қилди. Уларни ковлаштираётиб, қачондир ўзи ёзган, аллақачон унутиб юборган бир неча сарғиш, эскирган варақларни топди. У анча омилкор, кўпни кўрган одам эди, шунинг учун ўша варақларни ўқиб бўлгач, дарҳол йиртиб ташлади. Уларда ҳеч қачон гапирилмайдиган, ҳеч кимга иқрор бўлмайдиган нарса – инсоннинг ожизлик пайтлари ҳақида гап борарди. Санаси “19… йил 30 март” деб белгиланган қоғозда у шуларни ўқиди…
“Бугунги тонг жуда хунук эди. Осмоннинг ранги заҳил, замин кичкина ва тор кўринади. Қочайми? Қаёққа? Авваллари кўнглига жуда яқин, яширинса бўладиган ҳамма таниш ерларни бирин-кетин эслайсан, бироқ улар ҳамма нарсани бузиб кўрсатадиган бугунги ноаён ва хира шуълага чўлғаниб ётибди; ўлик ҳавода дарахтлар бесўнақай, тоғлар бегона, денгиз жонга тегар даражада кўримсиз туюларди. Одамлар эса минғир-синғир гапларию бачкана уринишлари билан кўзга бемаъни ва рангпар кўринадилар. Гоҳ у, гоҳ бу эсдаликларга қайтасан, бирин-кетин таниш манзараларни хотирангда тиклайсан ва буткул янги нимадир яратиш керак, деган хулосага келасан. Инсон ҳаётидаги бундай дақиқалар ўта хавфли: қуръага унинг бутун қисмати тикилган бўлади. Тасодифий учрашув, бехос айтилган бир сўз бутун ҳаётни тўнтариб юбориши мумкин; шунинг учун бундай пайт оғир хасталик вақтидагидай тўрт девор ичига қамалиб, уйда ўтириш керак.
Мана, гап нимада: биз теварагимиздаги одамларга қандай кўринишни истасак, уларнинг олдида худди шу қиёфада намоён бўламиз, аслида ким эканимизни эса, фақат ўзимиз биламиз, бироқ ҳеч қачон ҳақиқий башарамизни ошкор қилишни хоҳламаймиз. Кўпинча биз ўзимизни бошқаларга қандай туюлсак, шундаймиз, деб ҳисоблаймиз. Шундай бўлса-да, гоҳида бизни қандай кўраётганларини билиб қолиб, ҳайрон бўламиз. Қаранг-а: ахир, биз ўз ташқи қиёфамиз ҳақида аниқ тасаввурга ҳам эга эмасмиз, одатдаги ҳаракат ва қилиқларимизни билмаймиз, кулаётиб ёки гапираётиб, юзимиздаги ифодани кўролмаймиз. Булар эса одамлар бизни чоғиштирадиган ва баҳолайдиган асосий хусусиятлардир.
Кўпинча ўзингни ўраб турган қобиғингдан чиққинг, кўп йиллардан буён мунтазам яшириб келаётган нарсаларни ёруғликка чиқаргинг келади. Бу эса айнан биз ўзимиздан норози бўлган, столдаги қарталардан тикланган уйчаларни бир қўл силташда бузган каби ҳаётимизни ўзгартиришни истаган дамлардагина юз беради. Тўғри, эс-ҳуши жойида бўлган одам учун бу тасаввурга сиғмайдиган иш. Бироқ аллаким худди шундай қилади. Баъзида: “Биласизми, N, шундай салобатли, батартиб, тузук одам, юз минг лирни ўзлаштириб юборибди” ёхуд: “Ўзидан йигирма ёш кичик қиз билан қочиб кетибди”, – деган гапларни эшитиб қоласан. N. кўз ўнгимизда бутукул бошқа одамга айланади, унинг кечаги қиёфасидан фақат эсдаликларгина қолади; унинг ўтган бор умри – бир мақсадга: тамоман муттаҳамлик ёки қочқинликка қаратилган алдов.
Мен фақат алдов ва қочиш ҳақида гапирдим. Бошқа одамга айланишнинг янада оддий йўллари мавжуд, касб-корни ўзгартирса, бас, дарров кўнгилхушликлар ва одатлар ҳам ўзгаради. Кишини таниб бўлмай қолади. Ахир, ниҳоят одамнинг бадани ҳам ўзгаради-да. Айтишларича, ҳар етти йилда инсон организмидаги ҳужайралар батамом янгиланади, бирорта қариган ҳужайра қолмайди.
Шундай қилиб, одамлар қўққисдан ўз ҳаётларини ўзгартирадилар, йўқ, улар бу ҳақда аввал ўйлаб ҳам кўрмаганлар, атайин тайёрланган режа ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас: бу шундай бехосдан ярқ этган фикр, кутилмаганда пайдо бўлган ўз ҳаётини ўзгартириш ва янги ролни ўйнашга чанқоқлик.
Муҳими, ўз ҳаётини ўзгартириш истагига берилмаслик керак. Бунинг учун гоҳида озгина нарса: бир имо-ишора ёки озгина ҳаракат кифоя, ҳаммаси ўзгариб кетади. Инсон учун энг асосийси: ўзининг қалин қобиғига кўникмоқ ва азалдан ёзуғлиқ ролни ўйнайвермоқдир. Шунда ундан ҳамма бехавотир бўлади, уни қаердан топса бўлади, у қанақа одам, қўполми ёки мулойимми, айёрми ёки соддадилми, биладилар. Ахир, бу рол ҳам шахсимизнинг ажралмас қисмига айланган, уни ўзгартириш мумкин эмас. Актёрга қандайдир шамойил мос келмаганидай, айнан шу одамга ярашмайдиган имолар, қилиқлар ва аъмоллар мавжуд. Биз ҳаётимизнинг энг ҳушёр дақиқаларида ҳам ҳамма ҳаракатларимиз бошқаларда бизнинг хулқ-атворимиз ҳақида яралган тасаввурга қандай тўғри келаётганини ўйлаб ўтирмаймиз. Баъзан шундай бўлади: қайсидир одамнинг ўтмишини ковлаштириб бехосдан унинг бизга туюлганидан бошқача одам эканини билиб қоласан: ҳамма уни мунис ва раҳмдил санарди, у эса ўзида ҳеч кимга айтмаган қабиҳ инстинктлари ва бузуқ ниятларини яшириб келарди; ёки, масалан, ўзининг қўли очиқлиги ва кўнгилчанлиги билан машҳур одамнинг аслида ўз яқинларидан нафратланиши аён бўлади, бошқа кескин ва оғир хулқли кишида туганмас меҳр-муҳаббат яшириниб ётган бўлади.
Мен, масалан, вазмин ва беозор одам саналаман. Балки, ростдан ҳам, шундайдир, – одамлар мен ҳақимда шундай ўйлаганлари учунгина ўзим бу фикрга келмагандирман. Гоҳо бугунгига ўхшаш нимқоронғу ва зерикарли кунларда мен кутилмаганда ўзимга қачонлардир аввал, ҳатто илк болаликда етказилган озорлар учун оғриқ сеза бошлайман. Айтиш кулгили, албатта, мен ҳатто ойнанинг олдида соқол қиртишлаётиб, бутун ҳаётим муҳрланган, фақат ўзим ўқий оладиган ҳар бир чандиқ, бурушиқ ва ажинлар тўла юзимга устара юргизаётиб ҳам оғриқ туяман. Юзимга босиқ ва сокин тус берган заҳоти зўрға билинадиган, қулоғимдан иягимга йўналган ажин ҳам дарров чуқур бўшлиққа айланади. Ҳаётнинг энг юракка яқин лаҳзаларидан бири – биз кўзгу олдида, ўтмишимиз ва эҳтиросларимиз ҳақида гувоҳлик берадиган ҳужжат – афтимиз билан ёлғиз турган пайт. Ўзинг билан эрталабки мулоқотдаги энг кўнгилни ийдирадиган нарса юзимизга ёзилган мушфиқликдир. Мен ҳеч қачон гўёки жисмсиз, лекин тирик ўтмиши билан юзлашиб, оғриқдан холос бўлишга уринаётган кўзгудаги ўхшашимга хотиржам қарай олмайман. Унинг жавоб кутаётгандай саволчан назари-чи: “А-а, бу – сен. Кимсан, нима истайсан? Сени нима кутяпти?” Ҳамма инсонларни севгинг, тушунгинг келади, ишонишни хоҳлайсан. Нима учун ҳаммаси аксинча бўлади, биз ўзимизни айниган, дарғазаб болалардек тутамиз. Ахир, бор-йўғи бир сўзни айтиш кифоя. Лекин уни ҳеч ким айтмайди.
Бир куни шундай ғалати воқеа содир бўлди: аллақачон кийинган, жўнашга ҳозирланаётган эдим, бир дақиқа стол олдида ўтирдим. Рўпрамда яланг, мустаҳкам, сувоғидаги барча излару барча ўнқир-чўнқирларгача менга таниш, кўримсиз девор турарди. Токи девор мавжуд экан, бу излар ўчиб кетмайди.
Мен ўз хонамдаги буюмларни яхшироқ ҳис қилиш учун бегонанинг назари билан термулишни яхши кўраман. Ўз ўрнида турган ёки тартибсиз сочиб юборилган бу нарсаларнинг ҳар биридан гўё менга содиқ ва хокисор бир жоннинг ингичка, зўрға эшитиладиган овози келаётгандай бўлади. Улар ҳам муқим, менга боғланиб қолган. Ахир, мен қанча яшасам, шунча яшайдиган, гўёки мангуга ўрнатилган тартиби бор бу мўъжаз коинотни бошқа биров эмас, ўзим яратганман. Атрофдаги ҳамма нарса сокинлик, сабр ва менинг оқиллигим, оқиллигимга ишонч билан яшайди. Бизнинг уй ичилар, ҳали уйғонмаган оила аъзолари ҳам айнан шундай ўйлардилар. Ҳамма шундай ўйларди. Ахир, қандайдир арзимаган нарса кифоя. Масалан, бор-йўғи…
Қаршимда, шундай силлиқ ва тоза деворда улкан сиёҳ доғи ёйилиб бормоқда. Мен унинг катталашаётгани, ғаройиб шаклларга – гоҳо дарахт, гоҳо денгиз саккизоёғи, гоҳо аллақандай афсонавий жонивор қиёфасига кириб пастга оқиб тушаётганига қарайман. Буни мен қилдим. Бор-йўғи бир ҳаракат қилдим, стол устидаги сиёҳдонни олиб деворга ирғитдим ва шу тариқа янги воқеликни яратдим. Демак, мен ўзим ҳам янги, ўзгача зотга айландим. Хонамдаги барча буюмлар ҳам шу заҳоти ўзларининг аввалги ҳолатларини ўзгартиришди, гўёки китоблар, майда-чуйдалар, курсилар бир жойга уюлишди, ғазабланган баджаҳл отанинг олдида қўрқиб, қалтираб турган болалардек бир-бирига қисилишди. Баъзи фильмларда шунақа саҳналар бўлади. Кўп ўтмай хонага мангу тирикликнинг эрталабки ўйғонишида ҳар доим мавжуд бўлалдиган чўпон қизининг хиромидай юриш қилиб хизматкор аёл киради, мен стол ёнида хотиржам ўтиравераман. У менга қарайди, кейин деворга ва яна менга… Сўнг у, турган гап: “Вой, нима бўлди?” ёки: “Шўрлик синьор…” – дейди. Эҳтимол, ҳеч нарса гапирмас. Дарҳол, қаҳва солинган патнисни столга қўйиб, у ҳам ўзини хотиржам тутишга уринганча, тезроқ хонани тарк этиш истагини яширишга ҳаракат қилиб чиқиб кетар. Мен, аввал ҳам шундай ишни бошдан кечиргандай, хизматкор қиз қўшни хонага кириб, синьорага бўлиб ўтган воқеани айтгач, уйда шовқин кўтарилишини аниқ тасаввур қиламан, менга эҳтиёткорлик билан яқинлашиб келаётган одамларнинг ҳаяжонини кўз олдимга келтираман. Бу саҳар болалар мен билан хайрлашмай мактабга жўнайдилар, уларга мени жуда банд деб айтишади. Мен ўзимни хотиржам тутаман, ҳатто қувноқ ва очиқроқман. Хотиним хонага кирганда, мен жилмаяман, бироқ бу тиржайиш билан аҳвол бадтар ёмонлашади; бундай пайтда кулиш ростдан ҳам ақлдан озганликнинг белгисини намойиш қилиш демак, эҳтимол, дарғазаб кўриниш керакдир? Кейин у сўрайди: “Ўзингни ёмон ҳис қилаяпсанми? Чарчадингми? Сен дам олишинг ва даволанишинг керак”. Агар кулсам, ҳаммасини ҳазилга бурмоқчи бўлсам – менинг адо бўлганим, бу билан ноаён қилиғимнинг ипини янада чувалаштирган бўламан.
Тузатиб бўлмас иш қилиб қўйганимни жуда яхши биламан. Қанча йиллар ўтмасин, бу ходиса ҳаётимда қора доғ бўлиб қолаверади, у менинг атрофимда безовталик муҳитини яратади, агар мушук бир куни ғазаби жунбушга келиб, қутурган каби қилиқ қилса, қайтиб унга ҳам ҳеч қачон ишонмайдилар. Агар мен ўзимни аввалгидай тута бошласам, ҳеч ким мендан қилмишимни сабабини сўраб ўтирмайди, албатта, аммо тиришқоқлигимни касал бўлсам-да, соғ кўринишга уринишимда деб ўйлайдилар. Бу иш мени бутун умр таъқиб қилиб юради, ундан уйимиздаги ҳамма кишилар, атрофдаги барча баққоллар хабардор бўлишади, оқсочлар уззу-кун шу ҳақда минғирлашадилар. Балким, менга шундай туюлар. Агар мен узоқ йиллар ўзимни вазмин ва осойишта тутсам ҳам худди шу сокинликни ожизлигимнинг белгиси, деб ўйлайдилар, қўшнилар шу туфайли мени ақлдан озган ҳисоблашади. Бир куни бехосдан, ҳеч қандай сабабсиз сиёҳдонни деворга ирғитган одамга ким ҳам ишонарди? Ахир, арзимаган нарса учун курсини синдирадиган, идиш-товоқни хонтахтадан ерга ирғитадиган одамлар ҳам бор-ку. Ҳа, бироқ улар доим шундай яшаб келганлар, шунинг учун ҳеч ким бундан ҳайрон қолмайди, бу улар учун одатдаги ҳол. Лекин, синьор, шундай жиддий ва…
Бу бор-йўғи васваса, хаёл холос. Сиёҳдон ўзининг одатдаги жойида турибди. Силлиқ деворда доғ ҳам йўқ. Мен айтиб берган ҳамма нарса фақат хаёлимда юз берди. Мен жар лабида эдим. Хизматкор қиз қаҳва келтиради, у ҳамма нарсани ўз ўрнида, юзимни ҳар доимгидай эканини кўриб хотиржам бўлади. У деворга ҳатто қараб ҳам қўймайди, ҳозиргина қанақа хаёлларга борганимни тасаввур ҳам қилолмайди. Дунё гўзал. Ҳаммаси жойида. Баъзи фикрларга келсак, яхшиси уларни ҳеч кимга айтмаслик керак. Бу инсоннинг одатий жасоратидир.
Карим БАҲРИЕВ таржимаси