Алексей Дударев. Чиқиндихона (пьеса)

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:

Пифагор
Айёр
Қўйчивон
Доцент
Афғон
Вася
Мухбир
Сув париси
Вита
Ҳушёр
Содиқ

БИРИНЧИ КЎРИНИШ

Кечки пайт, эҳтимол, тундир. Ночоргина кулба. Четроқда қачонлардир оққа бўялган, ҳозир эса кирланиб, ранги ўчиб кетган печка турибди. Деворнинг у ер-бу ерига қоғоз, баъзи жойларига газета ёпиштириб ташланган, қолган қисми яланғоч – ёғоч тўсинлар кўзга ташланади. Хонанинг чор атрофига журнал муқовалари, тўй тантанаси тасвирланган аллақандай суратлар, буюк ва эзгу ишларга чорловчи ғижимланган шиор, йиртиқ календарь, ҳатто кимнингдир кўзлари ўйиб олинган портрети оёғи осмондан қилиб осиб қўйилган. Шипда тўкилиб кетай деб турган пластмасса қандил. Хона ўртасидаги оёқлари синиқ стол устига у ер-бу ери куйиб, ўйилиб қолган чойшаб ёпилган. Унда керосин чироқ ва бирорта сими йўқ, бузуқ қора телефон турибди. Стол ёнида ундан-да хароб кресло. Занглаб кетган темир каравот, эски диван, бузуқ йиғма каравот хона бўйлаб тартибсиз сочилиб ётибди. Эшик тепасидаги ёғоч бут нима биландир боғлаб қўйилган. Қинғир-қийшиқ бир нечта китоб бу кўринишга мутлақо ярашмай турибди. Бурни ва қулоқлари кўчиб тушган ҳайкалчанинг бошига тешик кострюл кийгизиб қўйилган. Остонага яқин жойда дарз кетган унитаз қийшайиб ётибди. Хонанинг ўртасида бир учи шипга маҳкамланган арқоннинг пастки қисмидан сиртмоқ ясалган. Дераза ёнига эшикчаси синган кўҳна осма соат қоқилган. Умуман, бу ерда соатлар кўп: тошли, тошсиз, мили бор, милсиз, жиринглайдиган, занг урадиган. Лекин бирортаси ҳам ишламайди, шунчаки ҳазил тариқасида илиб қўйилганга ўхшайди.
Хонадаги ҳар бир буюм шаклан ва услубан ўттиз-қирқ йил олдинги даврларни эслатади. Печка мўрисидан шамолнинг чўзиқ ва мунгли увиллагани эшитилади. Унга ҳамоҳанг ғижирлаб эшик очилади-да, остонада қўлида шам билан аллақандай кўланка пайдо бўлади. Ичкарига кирганида кўрамизки, у – сийрак соқолли, деярли яланғоч, фақат белидан пастини аллақандай мато билан бекитиб олган, озғин, сочлари ўсиб кетган киши экан. Бошига тиканак симдан гулчамбар кийиб олган. “Гулчамбар” остидан бўёқми, қонми – тўқ қизил бир нима оқяпти. У нимаси биландир Исо пайғамбарни эслатади. Хона ўртасига келиб, қўлидаги шамни баланд кўтаради. Бу – “Исо” шу ерда истиқомат қилувчилардан бири бўлиб, исми Айёр эди.
А й ё р (шамолнинг увиллашига ҳамоҳанг). Одамла-а-ар!.. Одамла-а-ар, ҳу!.. Мен ке-е-елди-и-им!.. (Ҳеч ким индамагач, хона бўйлаб тантана-вор юради.) Эй, Худонинг қарғиш урган бандалари-и!.. Турингла-а-ар!.. Қавминглар раҳнамоси келди, ювуқсизла-а-ар!.. Қиёмат-қойим яқинлашяпти, сенлар ётибсанлар сасиб! У дунёю бу дунё гуноҳларингдан кечмайман, дўзах ўтида куйиб кул бўласанлар!..
П и ф а г о р (печка устида кўрпага бурканиб ётганича). Эшикни ёп, ўлакса!
А й ё р. Ҳайҳот! Бу оғзи шалоқ, фикри қолоқ Пифагор деган ярамаснинг овози-ку! Сен қулоғинггача гуноҳга ботгансан! Тавба қил, Пифагор, тавба қил!..
П и ф а г о р. Ҳозир тушиб сенга ўхшаган “Исо пайғамбар”ни анави бут-га михлаб ташлайман. Михмас, қозиқ билан қоқаман. Ана ундан кейин тавба-тазаррунг ҳам ёрдам бермайди. Ёп эшикни, совуқ еяпман!
В а с я (диванда ётганича, бошини кўтариб). Илтимос, майнавозчиликни бас қилинглар!
А й ё р (эшикни ёпиб келиб, Васяга). О-о-о, маърифат машъали-ку! Сенинг ҳам гуноҳинг чексиз! Аммо, менким, ҳазрати Исони илмий атеизм ва тарихий материализм ила қувғин этган сендек шаккокнинг ҳам гуноҳидан ўтдим! Сен, ярамас, бир кун бўлмаса-бир кун ҳақ йўлга тушиб кетасан. Эй, маърифатпарвар…
В а с я. Қўйсангиз-чи! Ҳеч қанақа маърифатпарвар эмасман!
А й ё р. Ўчир, тасқара! Сен билан Худонинг ноиби гаплашяпти! О, маърифатпарвар, охиратда сени ўзим ёрлақайман!..
П и ф а г о р. Айёр, деяпман!
В а с я. Менга қаранг, ўз ҳолимга қўясизми-йўқми?!
А й ё р. Гуноҳингдан ўтдим… Бу дунёда мусофирсан, шаҳар ахлатхонасида яшайсан – сенга қийин. Аммо чида, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ… Омин. (Йиғма каравотда ётган Афғонга яқинлашиб) Тур ўрнингдан, бўтам.

Афғон итоаткорлик билан ўрнидан туради.

Эҳ, эсим қурсин… Қай бир гуноҳинг учун тилингдан маҳрум этган эдим? Хаёлдан фаромуш бўпти… Э, дунёнинг ташвишлари, дунёнинг ташвишлари… Бандалари шу қадар қабиҳлашиб, шу қадар илоннинг ёғини ялаганки, уларнинг ҳийла-найрангларини эслаб қолишга илоҳнинг ҳам ақли қисқалик қилади! Кўзларингда не маъно бор, ўғлон? Кўраяпман, бемаъни ғурур кўраяпман кўзларингда! Назарга илмаяпсан, бўтам, назарга илмаяпсан… Биз билан битта дастурхондан ош-нон ейсан-у, лекин биздан жирканасан! Мен – она-табиатман! Мен – ризқман! Мен – нонман! Сен худонинг берган куни нон эмас, мени еяпсан!
П и ф а г о р. Айёр, ҳаддингдан ошма!
А й ё р (унга парво қилмай, Афғонга). Беозорлигинг чин дилданмас, индамаслигинг тилсизликданмас, бўйсунишинг тақдирга тан беришданмас! Кимни алдамоқчисан, риёкор? Инжилдаги шартларни биласанми? “Бу юзингга урсалар…” у ёғи нима?.. (Кутилмаганда Афғонга мушт туширади.)

Афғон қалқиб кетади, бир зум ҳужумга чоғланади-ю, лекин бирдан
шаштидан қайтиб,кулимсираганча унга қараб тураверади.

Афв этдим… (Маҳкам қучиб ўпади, шивирлаб) Хафа бўлма, меҳрим борга – қаҳрим бор. Урганим – ун оши, сўкканим – сўк оши.
Қ ў й ч и в о н (печка устидан, йиғламсираб). Пифагор, айт, овозини ўчирсин!.. Қўрқиб кетяпман…
А й ё р (Афғонга). Энди бориб ўтин олиб кел. Кўряпсан-ку, юпунман. Шу совуқда яловочларингдан ажраб қолишларинг мумкин.

Афғон чиқиб кетади.

Сен ярамасларни деб икки минг йил муқаддам бутга михландим, бутун гуноҳларингни ўз бўйнимга олдим! Сенлар бўлсаларинг мени, Худо фарзандини дурустроқ кутиб олишгаям ярамадиларинг! Нега шу пайтгача печкага ўт ёқилмаган?! Ким у, боядан бери печканинг устида акиллаётган? (Қўйчивонга.) Ҳа-а, сенмидинг? Қани, бери кел-чи, қароғим…
Қ ў й ч и в о н. Бормайман!..
А й ё р. Пастга туш, ҳезалак!
Қ ў й ч и в о н. Пифагор, айт, менга тегмасин!..
П и ф а г о р (Айёрга). Бугун жа ғайрат отига миниб олибсан, тинчликми? Ё қуруғидан тортдингми?
А й ё р (Қўйчивонга). Келақол, бўталоғим, келақол… Ўзим ўргилай, мўлтираб туришингдан…
Қ ў й ч и в о н. Яқинлашма!..
В а с я. Менга қаранг, бўлди-да энди! Ухлаб бўладими ўзи, йўқми?! Эртага ишга чиқишим керак!
А й ё р (Васяга). Ёт-у, тавба қил.
В а с я. Нима учун тавба қилишим керак экан?
А й ё р. Етим-есирларнинг ва бутун прогрессив инсониятнинг ризқига ҳаромхўрларча шерик бўлаётганинг учун!
В а с я. Нималар деб алжираяпсиз?
А й ё р. Тавба қил!.. (Қўйчивонга.) Сен, эй, эркак қиёфасидаги ожиза, жавоб бер: кимдир кимнингдир номусига тегса, дод солиб ёрдамга чақириши керакми? Керак. Унда у гуноҳкор эмас, зўравонлик қурбони ҳисобланади. Сени зўрлашаётганда ёрдам сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилдингми? Ё… Унда тошбўронга лойиқсан, бўтам.
Қ ў й ч и в о н. Аблаҳ!.. Ярамас!.. (Йиғлаб) Ўлдираман! Бир куни мастлигингдами, ухлаб ётганингдами бўғизлаб ташлайман!..
А й ё р. Кўз ёши гуноҳларни ювади.
Қ ў й ч и в о н. Эй, Худо! Итга ит ўлимини бер! Ўзинг гувоҳсан, Танг­рим, ҳаммасини кўриб турибсан!..
П и ф а г о р. Ғингшима-э!

Қўйчивон ҳиқиллаганича печка ортида ғойиб бўлади.

А й ё р (қўлида шам билан хонани айланиб). Бандаларим! Бу сукутнинг боиси не? Наҳот ҳеч ким менинг овозимни эшитмаса? Худодан қайтганлар! Динини йўқотганлар! (Сиртмоққа кўзи тушиб) Нима бу? Сиртмоқ… Дор! Бу худобехабарлар мени, ана, нима билан кутиб олиш­япти! Отам айтувди-я: “Болагинам, ўша ёруғ оламга иккинчи марта қайтиб борма. Биринчи гал ёғочга михлашди, тағин борсанг ё осишади, ё жиннихонага тиқишади”, деб! Мен айтдим, бормасам бўлмайди, дедим. У ярамасларга келаман деб сўз берганман, бориб ўзим тартиб ўрнатмасам, ким ўрнатади, дедим. Бўлмаса эшакқуртдай бир-бирини еб қўяди, дедим! (Курсига чиқиб, сиртмоқни бўйнига кияди) Отам “хўп, болагинам, борақол”, деди ва мен келдим!

Пифагор индамай печкадан тушади. Афғон печкага ўт қалайди.

Бир пайтлар олам йўқ эди. Ҳозирги бемазагарчиликлар ҳам йўқ эди. Коинотда осудалик ва ўзаро мувофиқлик ҳукмрон. Шунда табиат кечириб бўлмас хатога йўл қўйди: иккита юлдуз “шар-рақ” этиб тўқнашиб кетди, онасини ҳурмат қилай! Электр, гамма, бета! Кейин нима бўлди? Космик Чернобль бўлди! Коинотда дайдиб юрган қандайдир зарра билан Илоҳий Руҳ бирлашди! Ана ундан кейин ўша заррада айниш бошланди! Чириди! Йиринг босди! Пўпанак қоплади! Йиллар ўтаверди. Миллиард йиллар ўтиб микроб пайдо бўлди. Майсалар ўса бошлади, балиқ ва турли газандалар, ҳайвон ва одам… шоҳлар ва қуллар, одиллар ва золимлар, донолару нодонлар яралди! Дунё кенг, зарралар кўп – бир-бирини ғажиб кун кўраверишди! Мана, ўша чириган зарранинг бир бўлаги менинг ёнимда турибди. Ўша падарингга лаънатнинг исми – Пифагор!
П и ф а г о р (хотиржам). Кеч бўп қолди, ухлаш керак…

У тасодифанми, атайлабми Айёрнинг оёғи тагидаги курсини туртиб йиқитиб юборади. Айёр жонҳолатда арқонга томоғидан осилиб қолади.

А й ё р (типирчилаб). Нима… нима қиляпсан?! Нима қиляпсан, онанг-ни ҳурмат қилай!..
П и ф а г о р (печкага чиқа туриб). Худонинг ўғлиман деяпсан-ку, бир мўъжиза кўрсатиб қутул-да энди. Кейин биз ҳам ишонайлик.
А й ё р. Стулни олиб кел, аблаҳ!..
П и ф а г о р (печканинг устида ётганича). Отангга салом деб қўй.
А й ё р. Ҳазиллашма, эй!.. Ўлиб қоламан, Пифагор, қўлим чарчади!.. (Қичқириб) Одамла-а-ар!..
В а с я. Бас қиласизларми-йўқми? Жонга тегдиларинг лекин!
А й ё р. Вася, укажон, стулни қўй!.. Опке!..
В а с я. Азонда қурилишда бўлишим керак, деяпман! Озгина ухлаб олай ахир!
А й ё р. Афғон!.. Афғон!

Афғон парво қилмай печкага ўтин қалайверади.

Падарингга лаънат, гаранг! Қўйчивон, дардингни олай, укажон!.. М-м-м!.. (Бақириб.) Ҳў, ким бор, ёрдам беринглар!.. Ёрда-а-ам!..
П и ф а г о р. Барибир ҳеч ким эшитмайди – шаҳар узоқ. Шунинг учун ўзимиз эшитадиган қилиб секинроқ қичқирсанг ҳам бўлаверади.
А й ё р. Бўлди, ҳазилни йиғиштир, Пифагор! Ўлиб қоламан-ку, ярамас!
П и ф а г о р. Отам ким эди, дединг?
А й ё р. Ит билади дейсанми, онамни зўрға танийман-у!.. Бўлди, ҳозир қўйвораман, Пифагор!!!
П и ф а г о р. Қасам ич.
А й ё р. Ичаман, ичаман!.. Ич десанг ичаман, е десанг ейман!..
П и ф а г о р. Ҳеч қачон, ҳеч қаерда худонинг номини тилга олмайман…
А й ё р. Олмайман, олмайман!..
П и ф а г о р. Агар қасамимни бузсам, икки оёғим кетимга ёпишиб қолсин…
А й ё р. Ёпишсин-ёпишсин!.. Стулни қўй!

Пифагор унинг оёғи тагига стул қўяди. Айёр шоша-пиша сиртмоқни олиб ташлаб, бошидаги “гулчамбар”ни улоқтиради. Титрабқақша-ганича Пифагорнинг устига бостириб кела бошлайди.

Менга қара, онангни ҳурмат қилай!.. Ичак-чавағингни чувалатиб ташлайман ҳозир!..
П и ф а г о р. Фақат тишимга урма – протез…
А й ё р. Гўштингни чучварабоп қип майдалаб ташлайман! (Пифагорнинг қорнига уради, Пифагор ғужанак бўлиб қолади. Яна уради, лекин бу сафар авайлаброқ туширади.) Кўзингни ўйиб оламан, сўқир Пифагор бўлиб юрасан!
В а с я. Э, худо, тезроқ ёз кела қолса эди…
А й ё р. Нима деб чийиллаяпсан, кўзойнагингни ҳурмат қилай?
В а с я. Сизга гапираётганим йўқ.
А й ё р. Менга қара, ҳў, зиёливачча! Сенларни битта қўймай йиғиштириб, ҳожатхонага чўктириш керак! Сотқинлар ҳамма замонларда зиёлилардан чиққан! Сен ҳам сотқинсан! Ҳозир устларингдан бекитаман-у, керосин сепиб уйни ёқвораман – келажак авлод мендан миннатдор бўлади!
П и ф а г о р. Ухла энди.

Сукут. Ташқарида шамол увиллайди.

А й ё р. Лаънати, шуям ҳаво бўлди-ю!.. Чинданам ўзингни осиб қўй-гинг келади… (Хона бурчагидан сув қоғозли халтача ва уч литрли банка олиб келиб столга қўяди.) Эй, ялангоёқлар, туринглар! Подъём деяпман, жамият олқиндилари!

Ҳеч ким қимирламайди. Халтачадан нон, колбаса, консерва чиқаради.

Нима кераги бор олифтагарчилик қилиб, қоринларингни мушук тирнаб ётибди-ку! (Стол тузаб) Ҳурматли ва азиз ижтимоий чиқиндилар! Сенларни чин дилдан дастурхонга таклиф қиламан! Бугун мен учун юбилей, азизларим! Хотин билан ажрашганимга роппа-роса йигирма беш йил тўлди! Пифагор, мўъжиза кўрсат, дединг-а? Мана, қара. Сувни винога айлантираман. Диққат!.. (Қўлларини банка устида ҳаракатлантириб) Тайёр! (Татиб кўриб) Худди ўзи! (Васяга) Ҳў, академик! Ўқимаганларга ҳам бир қараворинг, илтимос-да. Мабодо жирканмасангиз, манавининг тузини кўриб берсангиз. (Вино қуйиб узатади.)
В а с я. Эртага эрта туришим керак…
А й ё р. Нега?
В а с я. Айтяпман-ку, ишга чиқаман, деб!
А й ё р. Э, қўйсанг-чи, ишга бало борми! Тиш берган… ҳалиги… (“худо” сўзини айтмасликка сўз бергани ёдига тушиб, тепага ишора қилиб қўя қолади) ўша ризқ ҳам беради. Лекин у эртага беради, мен бугун, ҳозир беряпман! (Ҳавасини келтириш учун.) Буни қара: колбаса-а, пишло-оқ… Бай-бай-бай… Манави қўй ёғига қовурилган қўй гўшти! Яъни, ўз ёғига қовурилган. Одамга ўхшаб ўз ёғига ўзи қовурили-иб турибди… (Бирдан Вася ётган диванни ағдариб ташлайди.) Тур-э, онангни ҳурмат қилай!..
В а с я (ағдарилиб тушиб). Эсингиз жойидами!..
А й ё р. Ҳуйматли ўйтоқ! Пйогйессив инсоният сизни дастуйхонга таш­йиф буююшингизни ўтиниб сўйайди! Агай даййов келиб ўтиймасангиз онангизни ҳуймат қип қўяди! Майҳамат! Пифагор, туш энди, келгин. (Қўйчивонга.) Қўзичоғи-им…
Қ ў й ч и в о н (аразли). Ишингни қил!
А й ё р. Майли, қиламан, пастга туш… (Печкага чиқа бошлайди) Келақол энди, ноз қилма…
Қ ў й ч и в о н (йиғламсираб). Яқинлашма!..
П и ф а г о р. Тинч қўй уни. (Тушиб, столга келади.)
А й ё р. Афғон! Ровнясь! Смирно! Печкага ўтин ташла. (Халтасини кавлаштириб) Агар мажақланиб кетмаган бўлса, тухум ҳам бўлиши керак… Ҳозир шесть секундда қовуриб ташлаймиз! Ҳой, инсонлар, бўлсаларинг-чи!

Ҳамма хоҳламайгина стол атрофига келади.

(Қўлларини бир-бирига ишқаб.) Қани, азаматлар!.. Ие, телефон қилиш эсдан чиқибди-ю… (Телефонда рақам теради.)

Бошқалар унга ҳайрон бўлиб қараб туришибди.

(Телефон овозига ўхшатиб.) Ту-у-ут, ту-у-ут, ту-у-ут… Шилқ! Алло, алло! Саломатмисиз? Илтимос, агар мумкин бўлса, тўртинчидан Юлия Павловнани чақириб юборсангиз… Ие, кеч бўлди деганингиз нимаси? Ана, телевизорда энди “Время” бошланди… Нима?.. Яхши қиз, мен бошқа юртдан телефон қилаяпман, биз томонда ҳали эрта. Илтимос, уйғотворинг, ўзиям жуда хурсанд бўлади… Раҳмат! (Гўшакни кафти билан бекитиб, анграйиб турган шерикларига.) Ҳарқалай – юбилей, табриклаб қўяй, кўнгли кўтарилади. (Гўшакка, севиниб.) Алло, Юлия! Юлия!.. Қалайсан, жоним?.. Ана шунақа-да, бирпасда танимай қоласан… (Маъюс жилмайиб.) Арзимаган йигирма беш йилгина бўпти-ю, дарров овозимни унутворибсанда… Албатта, мен… Узоқдан, жоним, узоқдан. Нима, сизларда тонг отяптими?.. Ҳалиги гўшакни олган ким эди, ўша айтди. Бизда энди кеч бўлди. Ана, деразадан ой мўралаяпти… Хўш, ишларинг қалай?.. Жойида, де… Ишингни ўзгартирдингми?.. Ким-ким?.. Ё қудратингдан!.. (Ҳазиллашган бўлиб.) Бунақалигини билганимда ажрашмасдим… (Шерикларига.) Директор бўпти! (Гўшакка.) Яшавор, Юлия, сен билан фахрланаман! Захарка қалай?.. Қўй-э! Қачон?.. Вой, онангни ҳурмат қилай!.. Онасига раҳмат, дейман! Яъни, сенга! (Шерикларига.) Ўғлим уйланибди!.. (Гўшакка.) Юлька, азизим, менинг номимдан табриклаб қўй! Совғасига қарздорман. Ўзинг қалайсан, юрагинг безовта қилмаяптими?.. Ҳар замонда, дегин… Даволат, Юлька. Сену Захаркадан бошқа ҳеч кимим йўқ бу дунёда… А?.. (Ўпкаси тўлиб.) Ҳа, келиним ҳам бор… Ишқилиб, ўзингни эҳтиёт қил… Э, падарига минг лаънат ўша ишингнинг, билдингми!.. Нима – ойлик, нима – ойлик! Минг катта бўлгандаям ойликка соғлиқни сотиб олиб бўлмайди!.. Менми? Юрибман… Жойида… Ҳа, бир хонали. Ахлатхонада… Нима, ахлатхонани билмайсанми, шаҳарнинг чиқиндиси тўкиладиган жой-да. Бир пайтлар бу ер қишлоқ бўлган экан, нимадир қурмоқчи бўлиб бузиб ташлашибди. Кейин нима қурмоқчилиги эсларидан чиқиб қопти. Шундай қилиб, бу ер қулинг ўргилсин ахлатхона бўп қолган. Ҳар куни шаҳардан машина-машина ахлат олиб келиб, устимиздан тўкишади. Ана, дераза бўйи бўп қолди… Ия, ҳамма қулайлик ахлатхонада бўлади-да! Бу ерда одамнинг жонидан бошқа нима десанг топилади… Йўқ, ёлғизмасман, қўшниларим бор. Ажойиб, дилкаш одамлар. Жуда иноқ яшаймиз, ўн минут олдин мени осиб қўйишларига озгина қолди… Нега бўларди, яхши кўрганларидан-да… (Гўшакни бекитиб) Сенларга салом деяпти.
П и ф а г о р (жиддий). Биздан ҳам салом деб қўй.
Қ ў й ч и в о н (сидқидилдан). Айт, келсин. Меҳмон бўлиб-да…
А й ё р (гўшакка). Сени меҳмонга таклиф қилишяпти… Ҳа, автоматдан қўнғироқ қиляпман. Автоматдан!.. Нима?.. Вой, тентаг-ей, нега унақа қилдинг? Нима, сочи узун аёлни директор қилишмас эканми! Шунга аҳмоқ бўлиб қирқиб ўтирибсанми? Қолоқлик! Жаҳолат! Турғунлик йилларининг фалсафаси бу!.. Нега тўсатдан бўлар экан? Эсингдан чиқдими, бугун роппа-роса йигирма беш йил бўлди-ку… Ҳа, кумуш тўй… йўғ-э, кумуш талоқ… Шуни ўртоқлар билан нишонламоқчийдик… Қўйсанг-чи, озгина-озгина-да, тўйиб ичадиган коммунизм даврлари ўтиб кетган. (Изтиробли.) Сен учун, Захар учун, шинамгина ўша уйимиз учун!.. (Кўз ёшини аранг тийиб.) Алло, алло, яхши қиз! Илтимос, узмай туринг! Юлия, жоним, қуёшгинам!.. Сени йигирма беш йиллик юбилей билан яна бир марта қутлайман… (Энтикиб.) Жамият фаровонлиги йўлида меҳнат қилиб, улкан зафарлар қучишингга тилакдошман! Шошма, телефонимни ёзиб ол… (Телефоннинг рақам ёзиладиган жойига қараган бўлиб.) Алло, алло, яхши қиз! Тўхтанг, рақамимни айтиб олай! Бир дақиқа, бир дақиқа! Пип-пип-пип… (Гўшакни қўйиб.) Узиб қўйди, онангни ҳурмат қилай…

Сукут.

Қ ў й ч и в о н (ажабланиб телефонни олади, иккига ажратиб қарай-ди). Ие, ичи бўм-бўш-ку?..
А й ё р. Жойига қўй, аҳмоқ! Бўш бўлса нима бўпти? (Унинг калласига ишора қилиб) Бу ер бўм-бўш, (юрагини кўрсатиб) бу ери ҳам бўм-бўш, лекин ишлайверади! Ишлагандаям қанақа жойларда, қанақа лавозимларда ишлайди! Телефон ҳам одамга ўхшаган гап – ишлайверади.
П и ф а г о р (столдаги нарсаларга ияк қоқиб). Буларни қай гўрдан олдинг?
А й ё р. Очиқ мозордан! Суриштириб нима қиласан, узумини есанг-чи! Битта генерал хотиннинг ҳовлисида кун бўйи эшакдай ишладим. Шунча нарса олиб келдим. Исо пайғамбардай кутиб оласизларми десам, осиб ўлдириб қўяй дединглар! Сиртмоқнинг тайёр турганини!..
П и ф а г о р. Ким бўйнингга солибди?
А й ё р. Нима, ўзим солибманми? (Эсига тушиб, аразли.) Бўпти, ўзим солибман… Қуй.
П и ф а г о р (шишани қўлига олиб). Олти йилча олдин биз ҳам беш киши бўлиб, битта композиторга дала ҳовли қуриб берадиган бўлдик. Яхшигина пул берадиган бўлди. Яшаш жойимиз ҳам ўша ер. Бир куни шериклардан биттаси графинда нима балодир кўтариб келиб қолди. Ишдан кейин тўрталаси маишатни бошлаб юборишди. Ўша куни, нимаям бўлиб, менинг қорним оғриб қолди. Ёқмайдиган нарса еб қўйганманми, билмайман. Улфатчиликка қўшилмай ётиб ухладим. Эрталаб туриб қарасам, тўрталаси тўрт бурчакда жилмайиб ўтиришибди. Кўзлари ғалати… Тўртовиям тар-ракдай қотиб ўлиб қопти! Нарсаларимни йиғиштирдим-у, вокзалга қараб қуённинг расмини чиздим. Иморат битай деб қолувди-я, эссизгина… Қанча пулдан қолиб кетдик. Э, тавба, тўрталаси тўрт бурчакда кулимсираб ўтиришибди…
В а с я (сукутдан сўнг). Кечирасиз-у, ундай бўлса, сизни олти йилдан бери роса қидиришаётгандир, а?
П и ф а г о р. Ким?
В а с я. Ким бўларди…
А й ё р. Бўлмасам-чи! Композитор ҳаммаларингни кўрганмиди? Кўрган эди. Беш кишимидиларинг? Беш киши. Нечталаринг тарракдай қотган-сизлар? Тўртталаринг. Бешинчиси ҳамма нарсани йиғиштириб – қуён! Юзинчи модданинг “г” банди. Яъни, ўн беш йил ёки (чаккасига кўрсат-кич бармоғини тираб) “пух”!
П и ф а г о р. Уларнинг ҳеч нарсасига текканим йўқ.
А й ё р. Ие, буни аввал исботлаш керак-да! Исботла: қорним оғриб, ичим чатоқ бўп қолди, де. Ҳожатхона қидириб вокзалга кетвордим, де. Мана, олти йилдан бери ҳожатхона қидириб юрибман, де. Исбот қил. Ўша қайси шаҳар эди, Пифагор?
П и ф а г о р. Нима кераги бор?
А й ё р. Керак. Мабодо икковимиз ғижиллашиб қолсак, мелисага сотаман. Юзинчи модданинг “г” банди. (Қўлида шишани ўйнаб.) Лекин, бизникидан хавотир олмасаларинг ҳам бўлади. Бу аллақандай магазинпагазин эмас, кооперация! Қўлбола! Ҳа, ҳар эҳтимолга қарши айтиб қўяй, буни ичгандан кейин ким тирик қолса, кўкраклари мана бундай-мана бундай генерал хотинни қидираверсин. Глафира Августовна десаларинг кўчадаги симёғоч ҳам билади. Ҳа-ар бирики, ёстиқдай-ёстиқдай келади. Ўзи кўкра-гидан ярим қадам орқада юради… Очқични беринглар.
Қ ў й ч и в о н. Қанақа очқич? Нима, бу ер ресторанми сенга?
А й ё р. Онангни ҳурмат қилай, шуям рўзғор бўлди-ю!.. Афғон, пичоғингни бер. (Пичоқни олиб) Афғон, ростдан соқовмисан ё бизни лақиллатяпсанми, а?
П и ф а г о р. Сенга оғирлиги тушяптими?
А й ё р. Соқов бўлса соқовга ўхшасин-да! Имо-ишора қилсин, ғўлди-расин! Имоям қилмайди, ғўлдирамайдиям, у ёққа ўтади-бу ёққа ўтади, Ҳамлетнинг соясига ўхшаб! Асабимга тегяпти, билдингми! (Шишани очиб.) Қани… Неча кишимиз? Бир, икки,уч… Тфу, онангни ҳурмат қилай, идиш етмаяпти! Майли, менга мезбон сифатида консерва банкасиям бўлаверади. Қўйчивон, каравотнинг тагини қара-чи, банка бўлиши керак.
Қ ў й ч и в о н. Ие, бунга чекиб ташлашибди-ку…
А й ё р. Тфу, онангни ҳурмат қилай! Мен буни дори ичадиган идиш қилиб қўювдим, булар бўлса кулдон қиворишибди! Ким бу ернинг экологиясини бузяпти? Сенми, Вася?
В а с я. Умримда чекмаганман, бундан кейин ҳам чекмайман!
А й ё р. Тупурмадиларингми, ишқилиб? Бўпти… (Банкага пуфлайди.)

Ташқаридан машина овози эшитилади.

Комбинатдан яна дори олиб келишди… (Идишларга қорамтир тусли суюқлик қуяди. Энгашиб қарайди, бир идишдан озгинасини бошқасига қуяди, чамалаб кўриб, яна тенглаштиради.)
Қ ў й ч и в о н. Намунча?
А й ё р. Жим! Бизнинг жамиятимизда барча тенг ҳуқуқли. Ҳаммага баравар бўлиши керак.
П и ф а г о р (татиб кўриб). Ие, компот-ку…
А й ё р. Нима? Ўзинг – компот! Бурнингни тозала – ҳид билмай қопти! (Кўкракларни “тасвирлаб”.) Манави… ўз қўли билан қуйиб берди! Зўридан бу, бир стакан ичувдим, кўзим ғилай бўп қолди!
П и ф а г о р (яна ичиб кўриб). Йўқ, компот…
А й ё р. Бунинг гапига парво қилманглар, ацетонга ўтганига йигирма йил бўлган!
Қ ў й ч и в о н. Вуй, ширинлигини-и…
А й ё р. Нима?.. (Шоша-пиша ичиб кўради.) Тфу, лаънати! Менга бошқа бочкадан қуйиб бериб, кетишимда бошқасидан берворибди-да! Эҳ, ҳозир қўлимга тушганда борми, кўкракларини текислаб ташлардим, онангни ҳурмат қилай!
П и ф а г о р. Хўп, адаштириб винонинг ўрнига компот берворибди – нима бўпти шунга? Эртага бориб алмаштириб келасан.
А й ё р. Тан олади, деб ўйлайсанми! Винони ичволиб, дейди, ўрнига компот қуйиб қўйгансанлар, дейди! Дейди, дейди, биламан уни! Сен бир башарасини кўрсанг эди! Кўкрагини ҳисобга олмаганда, Бериянинг ўзи!
П и ф а г о р (печкага чиқиб, битта шиша олиб келади). Ма. Юбилейни қолдириб бўлмайди.
А й ё р (чаққонлик билан идишларга қуйиб). Нима бу? Ўша тўртта шеригингни тараша қип қўйгандан эмасми? Майли, шунисигаям шукр. Бизам қотсак қотармиз, бунақа юбилей ҳар куни бўлавермайди-ку. Нимаси ёмон: Қўйчивон тиржайганича манави бурчакда қотади, мен анави ерда, Вася бу ёқда, Афғон бу бурчакда… Ие, Пифагор, сенга бурчак етмаяпти-ку! Э, дарвоқе, сенинг қорнинг оғриб қолади-ю… Қани, олдик!
П и ф а г о р. Бўпти, Айёр, агар оиланг бўлса, ўшаларнинг соғлиғи учун. Агар йўқ бўлса, борлар учун ичамиз!
Қ ў й ч и в о н. Муборак бўлсин!
В а с я. Табриклайман.
А й ё р. Қуллуқ, қуллуқ…
В а с я (қадаҳни бўшатиб, ўрнидан туради). Раҳмат…
А й ё р. Қаёққа? Гаплашиб ўтирмаймизми?
В а с я. Эртага ишга чиқишим керак, сўз берганман…
А й ё р. Сўзни бериш учун чиқарган, ароқни ичиш учун. Сен тупур! Тупуришни биласанми? Янгисан-да, эски одатларинг қийнаяпти. Инсон эркин бўлмоғи керак! Гапирмоқчимисан – гапир, бақирмоқчимисан – бақир, жим ўтирмоқчимисан – жим ўтир! Пифагорнинг башарасига туширмоқчимисан – тушир! Тишига урмасанг бўлди, чидайверади. “Сўз берган”миш!.. Агар бормасанг, нима, битта амалдор дала ҳовлисиз қоладими? Қолмайди! Ё сен оч қоласанми? Хўш, нима бўлади, нима?! Уруш бўладими? Ер ўз ўқидан чиқиб кетадими? Нима бўлади? Дунё кўрган одамман, оғайни, гапимга ишон: бизнинг жамиятимизда ҳеч ким, ҳеч қачон оч қолмайди! Йўл қўймаймиз! Йўқ, агар бошқа бир сабабдан ўлмоқчи бўлса, халақит ҳам бермаймиз.
П и ф а г о р. Қўйсанг-чи, Айёр, майли, ухласин.
А й ё р (қадаҳларни тўлдириб). Негалигини билмадим-у, иккинчи қадаҳдан кейин, шу десаларинг, тўлиб кетаман!.. Эсимни таниганимдан бери шунақа… (Ичади, тиришиб ғужанак бўлиб олади, сўнг аста-секин қаддини ростлайди ва бор овози билан хитоб қилади.) Она-а Вата-а-ан!.. Она-а Ва-та-а-ан!.. Хуллас, уч марта айтаман… Кейин шунақа роҳат қиламанки, шунақа енгил тортаманки!.. Кўзларимга қайноқ ёш келади… Мана-мана, қаранглар, қаранглар… (Чиндан ҳам кўзига ёш келади.) Келди, келди, яра-мас!.. Бўпти, олдик.

Афғондан бошқа ҳамма ичади.

Қани, бошладик: и-и!
Ҳ а м м а. Она-а Вата-а-ан!..
А й ё р. Мунча яхши бўлмаса-я, онангни ҳурмат қилай!.. Иссиққина… (Кўз ёшини ялаб.) Шўртаккина…

Ғижирлаб эшик очилади. Ташқарида шамол увиллайди. Кимдир кириб, гугурт чақади.

Кимсан?
О в о з. Одамман.
П и ф а г о р. Киравер…

Чироқ ўчади

ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Эрталаб. Қўйчивон эски соатларни кавлаштириб ўтирибди. Афғон ухлаяпти. Бошқа ҳеч ким йўқ. Ҳамон ғашга тегиб бир маромда шамол увиллайди. Қўйчивон деразага ёпиштирилган газетанинг бир четини кўтариб ташқарига қарайди.

Қ ў й ч и в о н. Ёмғир ҳам бошланди… Афғон, ухлаяпсанми? Ухлаяпти… (Битта соатнинг тошини итариб қўяди ва у чайқала-чайқала тўхтагунча томоша қилиб туради.)

Шу пайт соатлардан бири қаттиқ ғижирлаб, чўзиқ ва баланд овозда бонг уради. А ф ғ о н чинқирганча ўрнидан сапчиб туриб кетади.

Нима… нима бўлди?..

Афғон бир нуқтага тикилганича пешонасидаги терни артади.

(Ўзини оқлаб.) Тузатиб қўяй девдим… Умуман соз-у, бироз занглаб қолган-да… Мойлаш керак… Уйда соат бўлганига нима етсин… Чиқ-чиқ, чиқ-чиқ. Бизникилар станцияда кўмир туширишяпти. Янги келганниям олиб кетишди. Ҳали ахлат келувди, анча-мунча шиша териб келдим. Шаҳарга обориб топшириб келмаймизми, а? Лекин ёмғир ёғяпти-да…

Афғон челакда сув олиб келиб ювина бошлайди.

Кел, қуйиб тураман. (Сув қуяди.) Жанг қилганмисан? Тилинг ҳам… урушда шунақа бўп қолганми? Қўявер, ўтиб кетар балки… Гапга қанақа тушунасан, лабга қарабми, ё сал-пал эшитасанми? А? Майли… У-бу еб олгин… Лекин ичгани ҳеч вақо йўқ, кеча ҳаммасини тинчитишган.

Афғон индамай овқатлана бошлайди.

Кейинги пайтларда ўзим ҳақимда кўп ўйлайдиган бўп қолдим. Худо мени нега яратди? Биласанми, ҳамма нарсадан қўрқаман… Отам қамоқдалигида онам биттаси билан юриб кетган. Отам келгунча болали ҳам бўлиб олган. Ванька… Буларни бувим йиғлай-йиғлай гапириб бердилар… Отам жуда қийналган, эзилган. Бўлар-бўлмас баҳона топиб ойимниям, Ваньканиям савалар экан. Ишдан маст бўлиб келиб шунақа тўполон қиларканки, бир ёшли Ваньканинг қўрққанидан дами ичига тушиб, безгак тутгандай титраркан. Йиғлаганиям қўрқармиш. Бир куни ҳали ёшигаям етмаган норасидани молхонага опчиқиб ташлабди. Кеч куз экан. Ванька шўрлик қандайдир қопнинг ичига кириб олиб, ғужанак бўлиб ётаверибди. Онам ҳам чиқиб қарамабди. Бир ёшли гўдакни-я!.. Икки ёшида ис уриб ўлиб қопти… Печкага кўмир ташлаб, ҳали тузукроқ ёнмасдан мўрисини бекитиб ишга жўнаворишибди. Бўғилиб ўлибди-қопти… Ўшанда Ванькани отам қамаб кетганини онам кўрмаган, лекин билган. Печканинг мўрисини бекитиб кетишини ҳам билган!.. Улар барибир Ваньканинг руҳидан қочиб қутулиша олмади – бир йил ўтиб мен туғилдим. Лекин Ваньканинг қўрқоқ юраги билан туғилдим!.. Гўё мен Ванькаман… Ҳаммаси ўз-ўзидан ёдимга тушаверади: қандай қилиб молхонада қопнинг ичида ётганим, кўмир ҳидидан қандай бўғилганларим, ҳамма-ҳаммаси… Ота-онамни севмасдим, шунчаки уларга раҳмим келарди. Йўқ, мен эмас, Ваньканинг ҳуркак қалби уларни севмасди… Кейин отам ойимни ўлдириб қўйди… Атайлаб эмас, мастлигида… Эртаси куни сочини юлиб дод-фарёд қилди, лекин энди фойдаси йўқ эди… Ҳозир ойим Ваньканинг ёнида ётибди… Уни Ванька чақирган!.. Қўшмозор тепасида ёлғизгина оқ қайин бош эгиб турибди… Ҳаммага раҳмим келади… Сенга ҳам… Йиғласам енгил тортаман… Йиғи яхши нарса, қурғур… (Чой узатиб.) Ма, ич. Раҳмдиллигим бошимга етди, одамгарчиликдан бутунлай чиқиб кетдим. Армияда янги келганларга қанақа муносабатда бўлишларини яхши биласан. “Қария”лар битта янги келганга “сигарет топиб келмасанг сўйиб ташлаймиз” дейишибди. Олдимга йиғлаб келди, сигарет олиб келиб бер, деб ялинди. Шаҳарга чиқиб, олиб келиб бердим. Кимдир шаҳарга тушганимни чақибди, сержантимизни қамаб қўйишди. Бир куни офицерлар кетгандан кейин ярим кечаси “қариялар” мени уйғотишиб, бир пана жойга опчиқишди, қип-яланғоч қилиб ечинтиришди. Кейин… Додлашгаям ҳолим йўқ, зўрға инграб ётибман-у, мен сигарет олиб келиб берган ярамас тепамда ҳиринг-ҳиринг кулади! Постда турганимда ўзимни отмоқчиям бўлдим… Касалхонага тушдим. Дўхтирлар воқеадан хабардор бўлиб, мени хизматга яроқсиз деб топишди. Унақаларни армияга олишмас экан-ку. Уйга келсам бувим ҳам ўлибди. Ўзимча Ваньканинг қўрқоқ қалби ҳаммадан ўч оляпти, деб ўйладим. (Алам ва изтироб билан.) Лекин нега мендан ўч олади?! У ўлганда ҳали мен туғилмаган эдим-ку!.. Гуноҳим нима, Афғон!? Ё одамзод дунёга келишидан бир йил, ўн йил, бир аср олдин бўлиб ўтган ёвузликлар учун ҳам жавобгарми?..

Пифагор билан Доцент кириб келишади.

П и ф а г о р. Овқатландиларингми? Ё ҳеч вақо йўқми?
Қ ў й ч и в о н. Ҳозир шиша топшириб олиб келамиз. Юр, Афғон.
П и ф а г о р. Менинг плашимни олиб кетинглар, ёмғир қуйяпти.

Қўйчивон билан Афғон чиқиб кетишади.

Д о ц е н т. Анови соқовми?
П и ф а г о р. Ишинг бўлмасин.
Д о ц е н т. Сўрадим-да…
П и ф а г о р (хаёл суриб). Хўш, бу ерга кўпга келдингми?
Д о ц е н т. Ўзинг-чи, шунақа дайдиб юрганингга анча бўлдими?
П и ф а г о р. Менга қара, Лёнамисан, нимасан… Агар менинг шахсим билан қизиқаётган бўлсанг, айтиб қўяй, овора бўласан. Сенсиз ҳам текширишган, аниқлашган, паспорт ҳам беришган.
Д о ц е н т. Сотвордингми?
П и ф а г о р. Нимани?
Д о ц е н т. Паспортингни-да.
П и ф а г о р. Ёқвордим.
Д о ц е н т. Қип-қизил аҳмоқ экансан. Битта ростакам паспорт икки юз туради.
П и ф а г о р. Лёнямисан, нимасан… Мен-чи, оғайничалиш, ўлимтик билан овқатланмайман.
Д о ц е н т. Яшаш жойинг ахлатхона бўлса, нима билан овқатланасан?
П и ф а г о р. Мен нонимни ҳалоллаб ейман. Одамга-чи, Лёникмисан, нимасан…
Д о ц е н т. Катта холангман! “Нимасан, нимасан”! Исмим – Лёня!..
П и ф а г о р. Одамга-чи, Лёня, кўп нарса керак эмас…

Сув париси киради. У ўзини тутиши, кийиниши билан бу ердагилардан кескин ажралиб туради.

С у в п а р и с и. Олқишлар бўлсин!
П и ф а г о р. Салом…
С у в п а р и с и. Ҳалиги… индамасларинг қани?
П и ф а г о р. Афғонми? Шаҳарга кетувди. Йўлда кўрмадингми? Ё дарё ёқалаб кетишдимикан?
С у в п а р и с и. Бу ким бўлди?
П и ф а г о р. Одамман дейди, ким билсин…
С у в п а р и с и. Чекаман-да…
П и ф а г о р. Бемалол. (Чала қолган суҳбатни давом эттириб) Эрк – бебаҳо бойлик, мен сенга айтсам. Одам эса фақат ёлғизликдагина эркин бўла олади. Иккита, учта, юзта, мингта, миллионта бўлдими – тамом, эркинг билан хайрлашавер. Биз бу дунёга якка-якка келганмиз, якка-якка кетамиз. Қара, одамлар бир жойга тўпланиб олиб, бир-бирининг гўштини ғажиб ётибди. Ака ука билан, қабила қабила билан, бир халқ бошқаси билан, ҳаммаси бирлашиб эса Худо билан жанг қилишяпти! Фақат тарқоқликкина одамларни бирлаштиради!
Д о ц е н т. Соддароқ қилиб айтсак-чи?
П и ф а г о р. Соддароқ қилиб айтсакми?.. Ҳали туғилиб улгурмасингдан бутун дунёдан қарздорсан! Ота-онангдан, қариндош-уруғингдан, ерингдан, уйингдан. У ёғи бундан ҳам баттар: хотинингдан, фарзандларингдан, дўстларингдан! Дунёга келиб кўзингни очасан-у, тепангда қарзини сўраб турганларни кўрасан! Чунки улар сени дунёга келтирган, едирган-ичирган, тарбиялаган, кийинтирган! Ва бу билан сени қулга айлантиришган!
С у в п а р и с и. Қани эди қул бўлсам… Бир умр хожамга, фақат ва фақат унга сажда қилиб яшардим…
П и ф а г о р. Болалигимни эслайман. Дунёнинг ташвишу ғамларидан бехабар, она сути оғзидан кетмаган гўдакман-у, лекин “доим тайёр”ман! Қанақа тайёрсан, нимага тайёрсан, деб сўрайдиган одам йўқ! “Доим тайёр!” Бир кунмас-бир кун мудраб ётган виждонинг алланарсадан сесканиб уйғониб кетади ва “йўқ, истамайман” деб қичқиради. Сен унинг бўғзидан оласан-у, ўзингни оқлашга тушасан: замон шунақа эди дейсан, бурч дейсан, қисмат дейсан, замона талаби дейсан, “доим тайёр” бўлишимиз керак эди дейсан. Нима кўп – баҳона кўп. Виждонинг типирчилайди-типирчилайди-да, жимиб қолади… Кейин ҳеч қачон, тушуняпсанми, ҳеч қачон овози чиқмайди… Виждон, Лёня, фақат бир марта ҳайқиради…
С у в п а р и с и. Э, худо! Бу эркаклар намунча майдалашиб кетмаса-я! Нимага ярайсизлар ўзи, нимага? Сафсата сотиш, ичиш, муштлашиш – бўлди, қўлларингдан бошқа ҳеч нима келмайди! Биз, аёллар билан муносабатларингга келсак, ахталанган қулнинг ўзисанлар! Не-не қизлар, не-не аёллар бирон-бир ақли-ҳуши жойида эркак топилиб қолармикан, деб жони ҳалак, булар бўлса оламшумул масалаларни ҳал қилиш билан овора! Ҳезалаклар!..
Д о ц е н т. Нега бақирасан?
С у в п а р и с и. Туғмоқчиман! Ўн битта туғмоқчиман!
Д о ц е н т. Туғавер. Нима, мен тўсиб турибманми?
П и ф а г о р. Нега энди ўн битта?
С у в п а р и с и. Чунки уларнинг ярмини барибир ўлдирворасизлар! Уруш, қамоқ, авария, ичкилик!.. Фарзандларимсиз мен у ёққа етиб боролмайман…
Д о ц е н т. Қаёққа?
С у в п а р и с и. Билмайман! Тўнкалар…
П и ф а г о р. Ҳа-а… Ҳамма оиласи бўлишини, кўпроқ бола кўришни истайди. Туғиб, едириб-ичириб қулга айлантиришади. Қулдорлар!..
С у в п а р и с и. Бу ердан туёқларингни шиқиллатмасаларинг бўлмайди, ҳар куни комбинатдан қанақадир сариқ дори олиб келиб тўкишяпти. Қаранглар, ахлатхонада ҳатто қарғалар ҳам йўқ – доридан қочиб кетган. Аблаҳлар!.. Соғи йўқ, ҳаммаси аблаҳ!.. (Чиқиб кетади.)
Д о ц е н т. Ҳалиги гапингга келсак, виждонинг олдида ўзингни оқлаяпсан. Бўпти, кел, сен айтгандай яшаб кўрамиз. Бутун инсоният тарқалиб, алоҳида-алоҳида яшайди! Болаларимизни ҳали кўзи очилмаган мушукваччадай ўз ҳолига ташлаймиз-у, ялло қилиб юраверамиз! Мен сени танимайман, сен – мени! Бўлмаса бир-биримизга қул бўлиб қоламиз! Ҳар ким фақат ўзи учун дон экади, ўзи учун кийим тикади! Унда сен билан мен нима киямиз-у, нима еймиз? А? Йўқ, биродар, бу гапларни дангасалигинг, лоқайдлигингни хаспўшлаш учун ўйлаб топгансан.
П и ф а г о р. Эҳтимол…

Узун, қизил баллонни судраганича Айёр кириб келади.

А й ё р. Мана… Ана шундай… Секин-секин… Бўлди…
П и ф а г о р. Каламушга ўхшаб кўринган нарсани уйга ташийверасанми?
А й ё р. Қара, шундай нарсани ахлатга ташлаворишибди-я, кўппаклар! (Мурватини бурайди, вишиллаб газ чиқади.) Тўла! Қурувчилар ташлаб кетган, онасини ҳурмат қилай!
Д о ц е н т. Нима қиласан энди буни?
А й ё р. Бир минг тўққиз юз фалон йилгача бутун мамлакатни газлаштирамиз! Ёки генерал хотинга обориб, бир челак винога алмаштириб келамиз! (Баллонни печка ёнига қўяди.)
Д о ц е н т. Печканинг ичига қўймадинг-да!
А й ё р. Бу гапинг ҳам тўғри. (Баллонни судраб, печкадан узоқроққа қўяди.) Шунақа гаплар, ўртоқ доцент.
Д о ц е н т. Менга гапиряпсанми?
А й ё р. Сенга, сенга.
Д о ц е н т. Нега “доцент” деяпсан?
А й ё р. Башаранг айтиб турибди.
Д о ц е н т. Башарам қанақа экан?
А й ё р. “Катталар”никига ўхшайди, онасини ҳурмат қилай! Шамолнинг увлашини қаранглар… Онам шунақа шамол куни менга иккиқат бўп қолганми-и, дейман-да. Шу, куз келди дегунча юрак-бағрим қон бўп кетади-ей! Шунақа сиқиламанки, шунақа сиқиламанки, “дод” деворгим келади, онасини ҳурмат қилай! Тўйиб-тўйиб йиғласанг… Доцент, хазина қидирмаймизми, а?
Д о ц е н т. Нима?
А й ё р. Хазина. Бу ердаям кимдир яшаган-ку: чолми, кампирми. Унақалар умрининг охирида топган-тутганини қаерга қўйишни билмайди – меросхўри йўқ. Кейин вақтинча уйнинг у ер-бу ерига бекитиб қўяди-да, ўзлари нариги дунёга жўнаворишади! Шу, юрагим сезиб турибди: бу уйда бир нима бор! (Деворни тақиллатиб кўриб.) Эҳ, топганимдами! Ҳаммаларингга мукофот берардим! Йилликми, кварталликми. Йўқ, олдин ўзимга битта шим олардим. Қаранглар, иштонсиз қопман. (Туфлисига кўзи тушиб) Ие, патинкаям кетибди-ю, онасиникига қараб! Демак, оёққаям бир нима керак. Қолганига маишат қиламиз! Коньяк, виски, ром… борматуха!..
П и ф а г о р. Паст кетдинг.
А й ё р. Ярашмайди-а? Бўпти. Доцентни Парижга жўнатамиз, француз коньягидан опкелади! Ўша, онасини ҳурмат қилай, французларга тушунтир, ўзларинг бўкиб ичаверасизларми, дегин, бизда ароққа навбат қанақалигини биласизларми, шунинг учун Франция меҳнаткашлари бизга ёрдам қўлини чўзишлари керак, де! Сўзингнинг охирида “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз” деб қўшиб қўй – таъсирлироқ чиқади.
П и ф а г о р (ўрнидан туриб). Бўпти, мен кетдим…
А й ё р. Қаёққа?
П и ф а г о р. Парижга! Ахлатхонанинг нарёғида ташландиқ боғ бор, олма териб келаман. (Чиқиб кетади.)
А й ё р. Печкани бузсакмикан-а? Хазинани ҳеч кимнинг хаёлига кел-майдиган жойга бекитишади-да, нима дединг? Йўқ, бу уйда кимдир яшаган бўлсин-у, ҳеч нима бекитмасин – бундай бўлиши мумкин эмас! Чордоқни кўриш керак… (Чиқиб кета бошлайди.)

Вита киради. Унинг хатти-ҳаракати, кийиниши, ҳатто қўлидаги соябони ҳам ўзига ниҳоятда ярашган.

(Ҳайратда.) Ё алҳазар!.. Бу фаришта қаёқдан пайдо бўп қолди?.. Сенга келган бўлса керак, Доцент. Фариштанинг ахлатхонада юрганини биринчи кўришим…
В и т а (Доцентга). Ҳали доцент ҳам бўп қолдингми?.. (Кутилмаганда шаллақилик қилиб бақира бошлайди, соябони билан Доцентнинг дуч келган жойига тушира кетади.) Ярамас!.. Латта!.. Қўрқоқ!..

Доцент жойидан қимирламас, фақат қўллари билан юзини тўсарди. Айёр чидолмай аёлга яқинлашади.

А й ё р (чироқни узатиб). Илтимос, мановини ушлаб туринг…

Вита ҳайрон бўлиб чироқни олади.

Бу, хоним, сизга меҳнаткашлар ва касаба уюшмаси номидан!.. (Қулочкашлаб аёлнинг башарасига туширади.) Кимга акиллаяпсан, қанжиқ?! Ҳў, сенга ўхшаган урғочи мушукларни мен битта бармоғимда ўйнатаман, билдингми? Нега эшикни тақиллатмай кирдинг? Одоб деган нарса борми ўзи сенда?! Бу ердагиларни ким деб ўйлаяпсан?! Биз маданиятли, тарбия кўрган дайдилармиз, билдингми? Тақиллатиш йўқ, салом-алик йўқ! Э, онангни ҳурмат қилай!..
В и т а (қўрқа-писа). Мараз экансиз!..
А й ё р. Овозингни ўчир, мочахар!.. (Доцентга, ишчанлик билан.) Доцент, буни Худонинг ўзи етказди. Берганнинг бетига қарама, дейишади. Ке, зўрлаймиз, ўзиям занглаб кетдик. Сенинг шахсингни ҳақорат қилгани учун оммавий зўрлаш уюштирамиз! (Йиғма каравотни тўғрилаб.) Мана, жой тайёр. Бўлсанг-чи, нега кўзингни пирпиратасан?
Д о ц е н т. Бу… менинг хотиним. Чиқиб тур…
А й ё р (ҳафсаласи пир бўлиб). Шунақа де… Чатоқ бўлди-ю… (Витага.) Бахтинг бор экан. Бошқанинг хотини бўлганингда борми! Чироқни бер-э!.. (Чиқиб кетади, лекин шу заҳотиёқ эшикда пайдо бўлиб, мушт ўқталади.)
В и т а (сумкасидан дастрўмол чиқариб). Ма, қонингни артиб ол…

Доцент рўмолчани олмайди, бурнини енги билан артиб қўя қолади.

Хавотир оладиям деб ўйламайсан. Таниш-билиш борми, ҳушёрхона борми, касалхона борми, ҳаммаёққа қўнғироқ қилиб чиқдим.
Д о ц е н т. Ўликхонага хабар қилмабсан-да!
В и т а. Ўликхонаям қолгани йўқ. Кунига икки марталаб телефон қилдим.
Д о ц е н т (бурнини ушлаб). Бурунни единг…
В и т а. Бу ерга қочиб келиб кимга, нимани исботламоқчисан? Нимани?
Д о ц е н т. Ҳеч кимга ҳеч нимани исбот қилмоқчи эмасман. Шу ер менга ёқади, маза қилиб яшаяпман.
В и т а. Ҳозир ҳамма жойда штат қисқаряпти, бўшатишяпти. Нима, битта сен шунақа бўпсанми?
Д о ц е н т. Ҳа, битта мен шунақа бўлдим!
В и т а. Кеча сени Глеб сўради.
Д о ц е н т. Кетганимга шунча кун бўпти-ю, энди сўрадими?
В и т а. Нега “энди” бўларкан? Илгариям сўрарди…
Д о ц е н т. Нима деб сўради?
В и т а. Дадам қани, деди…
Д о ц е н т. Ёлғон. Глеб мени унақа демайди. “Анави қаёққа кетди” деб сўрайди. Мен унинг учун ота эмасман, “анави”ман! Тўғри, шундай ҳам бўлиши керак…
В и т а. Эй, худойим, кимга ўхшайсан-а?..
Д о ц е н т. Ҳозир ўзимга ўхшайман. Одамнинг ўзига ўзи ўхшаб яшаши қанчалик ҳузурбахш эканини билсанг эди! Ўзим ҳамма қатори оддийгина одамман-у, лекин бошқача бўлгим келиб қолди! Мана, оқибати: ҳаёт супринди мисол ахлатхонага ирғитиб ташлади!
В и т а. Қўйсанг-чи…
Д о ц е н т. Бувамни, отамни, онамни қул, малай руҳида тарбиялашди! Менгаям улардан малайлик мерос бўлиб қолган. Малай! Менинг қарғиш урган аждодим умрбод кимларгадир эгилиб, қўрқиб, титраб-қақшаб яшади! Бувам аввалига оқлар осиб кетмасин деб қўрқди, кейин қизиллар отиб ташламасин деб қўрқди! Отам комсомол фаолларидан эди. Қулоқларнинг калта милтиғидан ажал кутди, кейин эртаю кеч НКВД ана олиб кетади-мана олиб кетади, деб яшади. Мен урушдан кейин туғилганман. (Алам билан қичқириб.) Урушдан кейин туғилиш нималигини биласанми ўзинг?! Улар пешанасида шўри билан туғилади!.. Қўрқмай яшашнинг фақат битта йўли бор, деб ўйладим. Уям бўлса – мансаб, амал! Амал пиллапоясининг мумкин қадар тепароғига чиқмоқчи бўлдим. Шунда бошқа қўрқоқлар устидан ҳукмимни ўтказаман, деб ўйладим! Лекин, олмоқнинг бермоғи бор, ҳамма нарса учун ҳақини тўлашинг керак экан. Шон-шуҳрат учун талант билан, тўкин-сочин ҳаёт учун машаққатли меҳнат билан… тўлаш керак экан.
В и т а. Нима, сен меҳнат қилмадингми? Ҳақини тўламадингми?
Д о ц е н т. Тўладим! Лекин нима билан? Малайлик билан!!! Хушомад билан!!! Бу замонда хушомад ҳам товар экан! (Ўрнидан туриб.) Менга бир қарагин! Қара, яхшилаб қара! Ахир менинг ҳамма жойим хушомад қилиб, тиржайиб турибди-ку! Юзим, қўлим, гавдам, бўйнимдаги бўйинбоғимгача ялтоқланиб, илиқ-милиқ, ёпишқоқ, жирканч табассум билан тиржайиб турибди!!!
В и т а. Ўзингни бос, Лёньчик, бўлди, бўлди… Асабларинг чарчабди. Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади… Замон шунақа бўп кетди, Лёня… Майли, чидаймиз. Бу кунлар ҳам ўтар, дунё яна асл ҳолига қайтар… (Асабий.) Ҳечқиси йўқ… Бу қайта қуриш деган лаънати бир кун бўлмаса бир кун тугайди-ку! Ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади, Лёня…
Д о ц е н т. Кимнидир ғажиб, еб, ўрнига ҳеч нарса бермасдан яшадим! Бировларнинг ризқини ўғирлаб ризқ топдим, обрўсини ўғирлаб обрў топдим, умрини ўғирлаб умр кўрдим!.. Ана энди ҳар куни эрталаб тураман-у, қандай қилиб бир бурда нонимни ҳалоллаб есам, деб ўйлайман. Эшакдай ишлашга, эрталабдан кечгача итдай тилимни осилтириб зир югуришга розиман, фақат ноним ҳалол бўлсин!.. Ўзлигимга, аслиятимга қайтмоқчиман, Вита…
В и т а. Майли, Лёник, майли, хоҳлаганингдай яша… Нима десанг – шу. Ўлиб кетмайдими ҳаммаси! Қисқартирса қисқартиришибди, нима бўпти шунга? Иш дегани топиладиган нарса, Лёня. Фақат ўзингни қўлга ол…
Д о ц е н т. Нима иш қиламан? Қўлимдан нима келади? Эгилиб-букилиш ва тиржайиш келади, холос! Раҳбарларнинг кўнглини олиш келади! Тариқча маъно бўлмасаям чиройли гапириш келади! Булар менинг қон-қонимга сингиб кетган, Вита! Рост гапиришга танамдаги ҳар бир ҳужайра қаршилик кўрсатади! Газеталарни ўқисам юрагим ёрилиб ўлиб қолай дейман. Бунинг ҳаммаси ўткинчи нарса, деб ўзимни овутаман, лекин бу ўтиб кетмайди! Биз ўтиб кетамиз, биз! (Бироз сукутдан сўнг.) Оз бўлса ҳам бир тўда оломонга раҳбарлик қилдим. Алам қиладиган жойи шундаки, ўша оломондан ҳеч ким, бирон тирик жон мен қилган пасткашликни қилмайди! Ҳатто бўри ҳам хиёнат учун ўз жуфтини ғажиб ташлайди, мен шунга ҳам қодир эмасман – кўз юмиб кетавераман!
В и т а. У нима деганинг?
Д о ц е н т. Шунақа деганим! Неча марталигини билмайман-у, лекин бир мартасига ўзим гувоҳман… Тўғрими?
В и т а. Нима – тўғрими?
Д о ц е н т (аламли жилмайиб). Бўзчи билганини тўқийди-да: мен амалдорларга башарам билан куламан, сен – тананг билан…
В и т а. Худо урсин агар, ҳеч нима бўлгани йўқ!
Д о ц е н т. Худо уришни билмайди-да, бўлмаса қанчадан-қанча одамнинг қовоғи кўкариб юрарди. Қизиқ, нега энди одамзод бошига кулфат тушгандагина худони эслаб қолади? Соғ-саломат, ўйнаб-кулиб юрганида эмас? Эсингдами, дала ҳовлида ўша хомсемиз оғзидан сўлаги оқиб сенга суйкалганида, негадир худони эсламадим. Сен ўзингни мажбурлаб, унга кўз сузганингда ҳам худо ёдимга келмади!..
В и т а (йиғламсираб). Бўлмаган гап!..
Д о ц е н т. Кейин у мени винога жўнатди… Мен индамай чопқиллаб чиқиб кетдим! Нега? Нима учун? Олдимизга битта суяк ташлаши учун. Текингина, мўмайгина – суяк! Бутун оиламиз билан ўша суякни миннатдор бўлиб кемириб, унинг олдида думимизни ликиллатиш учун! Мен аппаратга ишга ўтганимдан бери ўғирлик билан кун кўряпмиз, Вита! Топганим – ҳаром! Ўғлимизниям ҳаром билан боқдик!.. Ўшанда лаънати винони топдим. Келсам икковинг қўзиқорин қовураётган экансизлар. Кўйлагингнинг битта тугмаси узилиб тушибди…
В и т а. Ёлғон!..
Д о ц е н т. Глеб кўзларимга тикилганча эркакча овоз билан: “Қаерда юрибсиз?” деди. Унинг нигоҳига дош беролмай, бошини силамоқчи бўлдим. У бошини шунақанги кескин тортдики, умуртқалари қарсиллаб кетди. Биз бу ёқда вино ичиб, қўзиқорин еяпмиз, Глеб нарига хонада кўксини захга бериб, ўксиб-ўксиб йиғлаб ётибди… Энди билсам, у мени кўмиб бўлиб, қабрим тепасида йиғлаётган экан… Ўшанда кўзларингга узоқ тикилдим, уларда машаққатли ва ифлос ишдан сўнгги ҳорғинлик бор эди…
В и т а. Бас қил!!! Ўзингнинг хотининг ҳақида шунақа дейишга уялмайсанми?!
Д о ц е н т. Йўқ, гап икковинг ўрталарингда бирон нима бўлган-бўлмаганида эмас, Вита. Гап шундаки, у кўкрагингга қўл чўзганида ҳеч қанақанги рашк, ғазаб ҳиссини туймадим! Қайтанга хурсанд бўлдим, тушуняпсанми, енгил тортдим! Бошлиқ мени ўзига яқин олиб сенсирашга ўтди. Бундан ҳам хурсанд бўлдим! Мен билан уриштириб вино ичяпти – ўзимда йўқ шодман! Ана шуни кечиролмайман…
В и т а. Бўлди, Лёнчик, бўлди… Истасанг, дала ҳовлига чиқиб дамингни ол, а? Кейин бафуржа гаплашамиз, хўпми?
Д о ц е н т. Йўқ, томоша тамом, Вита… Агар шунчаки рашк қилиб ёки жаҳл устида уйдан чиқиб кетганимда бошқа гап эди. Одатимни биласан-ку, лов этиб ёнаман-у, дарров ўчаман. Бу ерга мени кимдир чақирди, Вита. Тушуняпсанми, чақирди… Шу ер ёқади, қулай, шинам… Асабим ҳам жойида, уйқум ҳам тинч… Тушундингми?
В и т а (алам билан). Тушундим! Омадинг чопиб турганда балодай юрувдинг! Ўзинг айтгандай, эгилиб-букилиб, тиржайиб, малай бўлиб! Керак бўлиб қолганда мениям бировларнинг тўшагига тўғриладинг, кимгадир югурдак бўлиб вино ташидинг, аллакимларга нутқ ёздинг! Сал омад кетувдики, бу кишимнинг виждонлари уйғониб қопти! Мана шу лаънати алғов-далғов, тўполонлар бўлмаганида илгари қандай яшаган бўлсанг, шундай яшайверардинг-ку!
Д о ц е н т. Яшайверардим.
В и т а. Бўлмаса нега энди ўзингни бечора, жабрланган қилиб кўрсатяпсан?!

Қўйчивон киради.

Қ ў й ч и в о н. Яхшимисиз?
В и т а. Салом.
Қ ў й ч и в о н. Нега бақиряпсиз? (Жавоб кутмай.) Доцент, шишаларни топшириб, нон опкелдим. (Нонни столга қўяди.) Совуқ едим, бирпас исиниб олай… (Печкага чиқади.)
В и т а. Шунақа латталигингни илгаридан билардим. Дугоналарим севги-муҳаббат деган нарсаларга тупуриб, бой-бадавлат, амали бор одамларга эрга тегиб олишди. Мен бўлсам сени танладим. Чунки севардим. Мужмал, латтачайнар бўлсанг ҳам севардим. Ҳечқиси йўқ, ўзим одам қилиб оламан, деб ўйладим. Кейин таниш-билишларни ишга солдим, елдим-югурдим, ишқилиб, сени ўшалар даражасига олиб чиқдим! Хўп, энди шунақа бўп қопти, нима бўпти? Мен нима қилай? Ўзимни осайми? Осолмайман – Глеб бор.
Д о ц е н т. Глеб бунақа отани бошига урадими? (Изтиробли.) Ахир мен уни туғилиши билан ёлғонга йўргакладим, ҳаромдан дастурхон ёздим! У шўрлик кўзини очиб мен яратган, пуф деса қулаб тушадиган омонат дунёни кўрди!.. Йўқ, яхшиси, мени тинч қўй. Агар қўлингдан келса, уни ўзинг тарбия қил…
В и т а. Яхши. Унда эртага милиция билан келаман.
Д о ц е н т. Жуда яхши. Мени жиннихонага обориб тиқишади. Нима фарқи бор – жиннихонами, ахлатхонами! Тинч бўлса – бўлди. Лекин уйга қайтиш йўқ!..
В и т а. Паспортинг, бошқа ҳужжатлар қани? Уйни остин-устин қилиб тополмадим?
Д о ц е н т. Ахлатхонага ташлавордим. Бу ердалигимни қаердан билдинг?
В и т а. Шофёр қўшнимиз кўрибди. Комбинатнинг чиқиндиларини ташийди. Бу ерга қанақа дори сепишини биласанми? Қаерда яшаётганингга ақлинг етадими ўзи?!
Д о ц е н т. Етади!
Қ ў й ч и в о н. Бақирмасаларинг-чи, а!..
Д о ц е н т. Етади!!! Нима учун бу ерда яшаётганимни ҳам яхши била-ман! Нима бўлишиниям билиб келганман! Энди жўна.
В и т а. Бўпти, шу ер сенга ёқибдими, бирга яшайверамиз. Глебниям олиб келаман.
Д о ц е н т. Унда мен кетаман! Ҳар ким ўз кунини ўзи кўрадиган замонда яшаяпмиз, Вита! Омон бўл.
В и т а. Лёня!..
Д о ц е н т. Нари тур! Кўргани кўзим йўқ сени! Агар яна бир марта шу ерда кўрсам, қўлимга тушган нарса билан бошингни ёриб, тўғри милицияга бораман!
Қ ў й ч и в о н. Қўйсанг-чи, Доцент, нима кераги бор!..
Д о ц е н т. Сен ҳозир эрингни эмас, унинг қолган-қутган қолдиғини кўриб турибсан! Шу яримта жонимниям тинч қўймайсанми?! Қора ерга кириб кетгунимча тепкилайверасанми?! (Пальтосини олиб, югуриб чиқиб кетади.)

Вита ҳолсизгина курсига ўтиради. Тепасида сиртмоқ чайқалиб турибди.

Қ ў й ч и в о н. Қўйинг, йиғламанг…
В и т а. Йиғлаётганим йўқ.
Қ ў й ч и в о н. Қўяверинг, қаёққаям борарди. Айланиб-айланиб қайтиб келади…

Ниманидир аранг кўтариб олган Айёр киради.

А й ё р. Доцент!.. Мен нима дегандим? Топдим хазинани, онасини ҳурмат қилай!.. Ие, Доцент қани?
В и т а. Кетди…
А й ё р. Қаёққа?
В и т а. Билмадим…
А й ё р. Уч сўм бериб турмайсанми?

Вита индамай пул чиқариб, столга қўяди.

Прогрессив инсониятга шон-шарафлар! Ҳалиги одобсизлиги учун пролетариатнинг қуйи табақаси сиздан узр сўрайди. Ҳақиқий инсон экансан!
В и т а. Бу ерда телефоннинг нима кераги бор?
А й ё р. Ҳар замонда уй билан гаплашиб тураман. Телефон қилмоқчимисан? Марҳамат – дақиқасига қирқ тийин.
В и т а. Қаергаям телефон қилардим…
А й ё р. Истаган жойингга. Масалан, менинг онда-сонда президентлар билан валақлашадиган одатим бор. Баъзан, де, туриб-туриб жаҳлим чиқиб кетади. Президентга қараб бақириб бераман. Нима қиляпсизлар ўзи, дейман, сенларга шундай мамлакатнинг, қолаверса, бутун инсониятнинг тақдирини ишониб топшириб қўйишибди-ю, нима қилиб ўтирибсизлар ўзи, дейман! Йўқ, жим туриб эшитишади… Мени ўзингга жазман қилиб олмайсанми, а? Соқол-поқолни тўғрилаб, кийимларимни алмаштириб, жорий таъмирдан чиқсам, гижинглаган тойдай бўп кетаман. А? Отинг нимайди?

Вита индамай, қўли билан ҳавода аллақандай ҳаракатлар қилади-да, чиқиб кетади.

Қ ў й ч и в о н. Чиройли экан…
А й ё р. Чиройли-ю, кўкраги кичкина экан. Бери кел. Хазина топдим, сен гувоҳ бўласан.

Қўйчивон печкадан тушади. Айёр қопга солинган қандайдир яшикни оча бошлайди.

Э, Худо! Агар ростдан ҳам бор бўлсанг шундай қилгинки, манавининг ичидан ё пул, ё олтин чиқсин!
Қ ў й ч и в о н. Олтинни бошингга урасанми?
А й ё р. Бу гапинг ҳам тўғри. Пул яхши-а?
Қ ў й ч и в о н. Оча қолсанг-чи!
А й ё р. Бунақа пайтда дуо ўқиш керак, аҳмоқ! (Кўзини юмиб, тепага.) Тангрим, биздай ялангоёқ бандаларингдан марҳаматингни аяма. Ризқимизни бер, хоҳла пул қилиб бер, хоҳла олтин қилиб!.. (Кўзини очиб, Қўйчивонга.) Олтинларни раҳбарлар ўғирлаб бўлишгандир, а? (Тепага.) Майли, совет пулиям бўлаверади. Борлигингга шак келтирмаймиз, ўша пулдан битта каттакон шам олиб ёқамиз. Йўғон, ўн сўмлиги бор-ку, ўшандан. Эй, Худо, сендан бошқа ҳеч кимимиз йўқ, отамиз ҳам, онамиз ҳам ўзингсан. Райком ҳам, обком ҳам сенсан. Битта нафақачалик марҳамат қилсанг ҳам майли, борига шукур қилиб ўрганганмиз. (Қопни оча бошлайди.) Эй, Худойим, қудратинг чексиз… Марҳаматингни дариғ тутма…
Қопдан ранги ўчиб кетган эски патефон чиқади.

Қ ў й ч и в о н. Патефон-ку!..
А й ё р. Тфу, онангни ҳурмат қилай! (Тепага қараб.) Э, одам-подам эмас экансан! Мана сенга шам! Пул сўрасам, мусиқа бериб ўтирибди! (Патефонни кўтариб, ерга урмоқчи бўлади.)
Қ ў й ч и в о н. Ҳай-ҳай-ҳай, нима қиляпсан?! Буюм-ку, ахир!.. Турса – мол, сотса – пул!
А й ё р (ўйланиб, патефонни столга қўяди). Бу гапинг ҳам тўғри…
Қ ў й ч и в о н (қопни кавлаштириб). Қара, пластинкалариям бор экан.
А й ё р (патефонни тайёрлаб, пластинкани қўяди). Навбат рус халқ қўшиқларига… (Пластинкадаги ёзувни ўқишга уриниб.) Марш… узи… эн… уз… ас… Э, онангни ҳурмат қилай! (Эълон қилиб.) Қисқаси, рус халқ ашулаларидан – марш! (Мусиқа янграйди. Қўлларини мусиқага монанд қимирлатади, гоҳида тўхтаб қулоқ солади, ҳаяжонланади, сўнг кўзига ёш олиб, бор овози билан қичқиради.) Она-а Вата-а-ан! Она-а-а Ва-ата-ан!.. Она-а-а Ва-а-ата-а-ан!

Эшикдан кимдир кириб, гугурт чақади.

Қ ў й ч и в о н. Кимсиз?
О в о з. Одамман.

Чироқ ўчади

УЧИНЧИ КЎРИНИШ

Ўша кулба. Шамол ҳамон увиллайди. Столда керосин лампа ёниб турибди. Доцент ғирт маст. Пифагор китоб ўқияпти, ўқтин-ўқтин йўталиб қўяди. Афғон диванда чўзилиб ётибди. Сув париси у ёқдан-бу ёққа асабий бориб келяпти: ё нимадандир қаттиқ жаҳли чиққан, ё маст. Янги персонаж – Мухбир ҳам шу ерда.

С у в п а р и с и. Пифагор, нега у мени севмайди?
П и ф а г о р. Севиши керакмиди?
С у в п а р и с и. Керак эди! Мен севаман-ку, нега у яхши кўрмайди?
Д о ц е н т. Мен ойимни яхши кўрардим… Одамзод учун онадан бошқа муқаддас зот йўқ… Фақат она – тамом! Ҳамма онасини излайди… Лекин у йўқ… Ойимни кўмишаётганда зўрға етиб борганман… Тобутда оқ рўмолга ўралиб ётибди… Икки сават гул олиб борганман… Ўзиям гулмисан гул эди-да! Кейин… қўлларим билан юзимни бекитиб олиб, кўзимга тупук сурганман… Йиғлаётганга ўхшаш учун-да…
М у х б и р. Қанақа қилгансиз, кўрсатинг-чи?
Д о ц е н т (кўрсатиб). Мана бундай…
С у в п а р и с и (Мухбирга). Сени қаердадир кўргандайман…
М у х б и р. Кўпчилик шунақа дейди. Мен Гагаринга ўхшаб кетаман.
С у в п а р и с и (Афғоннинг қаршисига бориб, ўтириб олади). Тентаквой, мендақасини бошқа қаердан топасан? Дурустроқ қарагин, ёмон қизманми? Йиғлашни яхши кўраман… Ҳамма яхши одамлар йиғлашни хуш кўришади… Йиғлолмайдиганлар яхши одам бўлмайди… Агар ҳамма яхши одамлар бир жойга йиғилиб, ойда бир марта йиғлаб туришса, дунё ҳозиргидан покроқ бўларди… Нега энди кулги куни бор-у, йиғи куни йўқ? Ҳамма бир вақтда, бараварига йиғлайдиган кун бўлиши керак…
Д о ц е н т (кўзига яна тупук суриб). Тупук дарров қуриб қоларкан…
М у х б и р (Пифагорга). Қанақа китоб экан?
П и ф а г о р. Луғат. Айёр ахлатхонадан топиб келган экан.
С у в п а р и с и. Кўз ёши ҳақида нима дейилган экан ўша луғатингда?
П и ф а г о р (қидириб топиб, ўқийди). Хўш… “Кўз ёши – кўз косасини ювиб турадиган ва қуриб қолишдан сақлайдиган рангсиз, шўртоб суюқлик”.
С у в п а р и с и. Кўрдингми, “сақлайдиган”! Асрайди! Кўз ёшида гап кўп… (Афғонга, тўсатдан бақириб.) Нега индамайсан?!
Д о ц е н т. Соқов – шунинг учун индамайди.
С у в п а р и с и (Доцентга). Сен ўз онангни ўлдирган одамсан…
Д о ц е н т. Эсинг жойидами?
С у в п а р и с и. Ўлдиргансан!
Д о ц е н т. Кайфинг ошиб қопти.
С у в п а р и с и. Ўлдиргансан, дедимми, ўлдиргансан! Юрагини суғуриб олиб, еб қўйгансан! Одамхўрсан!
Д о ц е н т (кутилмаганда паст тушиб). Бўпти, одамхўрман. Кўп бақираверсанг, ҳозир сениям еб қўяман.
С у в п а р и с и (бир оз жимликдан сўнг). Э худо, қачон Янги йил келаркан-а… Ҳозир сентябрь… Ҳамма байрамларнинг ичида Янги йилни яхши кўраман… Арча… Барча хурсанд, бир-бирини табриклаган… Ташқарида бўлса лайлакқор ёғяпти… (Афғонга.) Лайлакқор қанақа ёғишини биласанми? Эркалани-иб ёғади!..
Д о ц е н т. Бир куни қайнонам, мучалим нима экан, деб қизиқиб қолди. Ҳисоблаб кўрсам, илон чиқди. “Илон экансиз” девдим, ўз-ўзидан мендан хафа бўп ўтирибди. Мен айтдим, хафа бўлманг, дедим, ёшсиз – илонсиз, худо хоҳласа ўн йиллардан кейин аждар бўп кетасиз, десам мен билан умуман гаплашмай қўйди. Шу инсофданми?.. (Сув парисига.) Афродита, кел, ичамиз.
С у в п а р и с и. Торт аравангни!
Д о ц е н т. Нега мунча заҳарсан-а? Сенга нима ёмонлик қилдим ўзи?
С у в п а р и с и. Ёмонликни бошқалар қилган, ўчини сендан олгим келяпти, билдинг?
Д о ц е н т. Тўғри қиласан… Ўч ол…
М у х б и р (Пифагорга). Болаларинг борми?
П и ф а г о р. Бор…
М у х б и р. Наҳотки, улар нима бўлди, ҳоли нима кечяпти экан, деб ўйламасанг? Балки отасиз қийналишаётгандир?
П и ф а г о р. Отаси билан яшаса баттар қийналишади. Бу қари кўппак қачон ўлар экан, деб кутиб яшаш осонми… Ўликни кўмишаётганда сира эътибор қилганмисан: одамлар тобутни кўтариб шошилишади. Тобутни лапанглатиб ўзларидан-ўзлари чопиб кетишади. Гўрга қўйганидан ке­йин белкуракларни талашиб-тортишиб, шоша-пиша тупроқ ташлашади. Бўлмасам уларни ҳеч ким шошилтираётгани йўқ. Кўмиб бўлиб, енгил тортишади. Бўлмасам-чи! Ахир битта одам камайди, дунё кенгайиб қолди!
С у в п а р и с и (Афғонга). Бизникига юр… Уйим узоқ эмас, шундоқ айланма йўлнинг ёқасида. Сени гапга солмайман, ўзим ҳам индамай ўтираман, хўпми? Карам шўрва қилиб бераман… Ойим доим карам шўрва қиларди… Бир йўла уч кунга етадиган қилиб, кўп қиларди… Ўзи бизни ташлаб қаёққадир кетиб қоларди… Гапирсанг-чи, эй, Худойим!..
Д о ц е н т. Мен бораман, Афротида. Майли, карам шўрвагаям розиман.
С у в п а р и с и. Ўчир!..
Д о ц е н т. Шошма, гапимни гапириб олай! Менам одам бўлиб, ичимдаги дардимни тўкиб сола оламанми-йўқми?! Одамлар шунчакиям гаплашиб ўтиришади-ку! Масалан, ҳар ким ўзининг касалини гапиради. Шуям гап-да, енгил тортади. Одам тафтини одам олади, Афротида!.. Бошқаларнинг касали касалга ўхшайди. Меники-чи? Мен дабба бўлганман, айтишгаям уялади киши… Одамлар кўричак бўлади, бод бўлади, қанд, сариқ, саратон! Мен – дабба… (Йиғламсираб ғингший-ғингший ухлаб қолади.)
П и ф а г о р. Айёр билан Қўйчивон қаёқда қолди-а? Вақтни қара… Афғон, печкага ўтин ташлаб қўй.
С у в п а р и с и (Мухбирга). Сени қаерда кўрганимни эсладим. Сен Гагарингамас, итга ўхшайсан!
М а х б и р. Хўп, кейин-чи?
С у в п а р и с и. Мени “Берёзка” ресторанида илинтирганинг эсингдами? Ўшанда кеч куз эди…
М у х б и р. “Берёзка”га умримда бормаганман.
С у в п а р и с и. Келиб “нархинг қанча” деб сўрадинг. “Ҳеч нима қилмаймиз, фақат гаплашиб ўтирамиз” деб, бир кечанинг нархини тўладинг.
М у х б и р. Гиёҳвандмисан, нима бало?
С у в п а р и с и. Кейин мени сўроққа тутдинг: биринчи марта ким билан, қачон бўлганман, ўшанда ўзимни қандай ҳис қилганман! Эсингдами? Қаҳва олиб келдинг. Ўзингни бирам сипо тутасанки! Кийимларинг олифта, гапларинг мулойим! Одоб билан савол устига савол ёғдирасан! Саволларинг бир-биридан ифлос! Сен ўша оқшом ўзимни эмас, яраланган, қони томиб турган юрагимни… зўрладинг! Ундан кўра ўзимни зўрлаганинг минг марта афзал эди!..
М у х б и р. Тинчлан, Лена…
С у в п а р и с и. Мен Лена эмасман! Исмим бошқа!.. Э, Худо, ўшанда нега иккиландим? Бир сонияда ҳаммаси тугар эди-ку?!
М у х б и р. Нима қилмоқчи эдинг?
С у в п а р и с и. Столга энгашиб қаҳва дамлаётган эдинг. Пичоқни олиб нақ бўйнингга санчгим келди… Ўзимни аранг тутиб қолдим…
М у х б и р. Шунисигаям раҳмат.
С у в п а р и с и. Нимага дуч келган жойга бурунларингни тиқасанлар? А? Қаерда қон, ғам, кулфат бўлса ўша ерни титкилайсанлар! Нега? Одам қандай хоҳласа, шундай яшайди. Қўлидан келгунича, кучи еткунича, билдингми? Сенлар уни бир қолипга солмоқчи бўласанлар! Ўз ҳолига қўй, тинчгина яшасин, ахир!!! Аблаҳсанлар. Ўшанда боламни олдириб ташлагандим. Ўзимнинг болагинамни!.. Ичаман – йиғлайман, ичаман – йиғлайман… Сен келиб, пул таклиф қилдинг. Сотиб олдинг… Ўша эллик сўмингни оқлаш учун тонг отгунча нималар деб алжирамадим, қандай ёлғонларни тахлаб ташламадим! Э, Шаҳризода бўп кет-э! Эрталаб хушмуомалалик билан кузатиб қўйдинг. Уйга кетяпман-у, ўзимга-ўзим сўз бердим: кейинги сафар оладиган пулимни оқлаб оламан, бунақа сафсата сотиб эмас, “ишлаб”, тер тўкиб, ҳалоллаб оламан, дедим! Мен фоҳиша эмас эдим, бахтсиз эдим, холос…
М у х б и р. Кечир…
С у в п а р и с и. Бунинг учун ҳали жавоб берасан…
М у х б и р. Қаерда?
С у в п а р и с и (қўли билан тепага ишора қилиб). Ўша ерда…
М у х б и р (Пифагорга). Чекишдан ол… (Сигарет олиб.) Бир оз очиқ ҳавода айланиб келай…
С у в п а р и с и. Қаёққа?
М у х б и р. Айтдим-ку – очиқ ҳавога…
С у в п а р и с и. Очиқ мозорга бўлса яхши бўларди! (Телефонга.) Алло, бу таҳририятми? (Кўзида ёш билан.) Манави лайчаларингни йиғиштириб олинглар, шундай тоза дунёни булғаб юрибди… Ҳа, чақириб олинглар… Бунақаларни тез-тез чақириб турсаларинг, одамлар шунчалик бахтли яшайди…
М у х б и р. Кечир… (Чиқиб кетади.)

Чиқаётиб бир қучоқ шох-шабба олиб келаётган Афғонга урилиб кетади.

Д о ц е н т (ғўлдираб). Худо дурустроқ касалниям раво кўрмади… Бергани – дабба…
С у в п а р и с и. Бориб ёт, одамхўр. (Қўлтиғидан олиб.) Қани, юр…
Д о ц е н т. Ҳа-а, энди билдим…
С у в п а р и с и. Нимани?
Д о ц е н т. Бизнинг аёлларимизнинг нега оёғи калта-ю, Африка аёлларининг нега оёғи узунлигини…
С у в п а р и с и (суяб олиб бора туриб). Нимага экан?
Д о ц е н т. Бизнинг аёлларимиз мана шунақа… маст эрларини кўтаравериб-кўтаравериб, оёғи калта бўп қолган… Африка аёллари эса дарахтдаги бананга чўзилавериб-чўзилавериб, оёғи узун бўп кетган…
С у в п а р и с и. Шу мавзуда диссертация ёқлаб қўя қолсанг ҳам бўлар экан.
Д о ц е н т. Ёқлаймиз!.. Мавзуям тайёр: “Узун ва қисқа оёқларнинг социалистик жамиятдаги роли”!.. Яшасин совет оёқлари!..
С у в п а р и с и (ётқизиб, устини ёпиб қўяди). Ана, ётгин-у, ёқлайвер…

Доцент шу заҳоти уйқуга кетади.

Э, худо, шамолнинг увлашини қаранглар… Болалигингни эсласанг, доим қуёш чарақлаб тургандай бўлади… Қишдаям, баҳордаям, куздаям… Энди-чи? Ҳаво булут – қуёш кўринмайди, зах, ёмғир, лой, шамол… (Эшик томон секин юра бошлайди.)
А ф ғ о н. Кетма…
С у в п а р и с и (ток ургандай сесканиб). Нима?..
А ф ғ о н. Кетма…
С у в п а р и с и (олдига келиб). Яна бир марта айт…
А ф ғ о н. Кетма…
С у в п а р и с и (унинг елкасига ҳолсизгина бош қўйиб). Эй, Худойим… Овозинг лайлак қордай эркаланиб жаранглар экан…
А ф ғ о н. Нега ҳадеб келаверасан?
С у в п а р и с и. Севаман… Майли, маст деб ўйлайсанми, томи кетган дейсанми… Лекин, қандайдир бир бошқа замонда, бошқа оламда, зулмат ва туман қўйнида мен сени… туққанман!.. Ҳеч туғила қолмайсан, де. Мени жудаям қийнавординг, ҳатто ўлиб қолишимга озгина қолди… Туғилишга туғилдинг-у, йиғламайсан!.. Кўзларингни катта-катта очиб, менга тикилиб турибсан!.. Орқангга ураман, силтайман – қани энди йиғласанг! Атроф – инсон қадами етмаган ўрмон… Туманлараро сув парилари сузиб юрибди… Улар қўлимдан олиб, булоқ бошига етаклади… Сени ҳали одамзод ҳам, ҳайвон ҳам лаб урмаган булоқ сувига ботириб олдим… Ана ундан кейингина чинқириб йиғлаб юбординг… Йиғингдан борлиқ ларзага келди! Кейин совуқдан титраб-қақшаб, ғужанак бўлволиб қайноқ кўкракларимга интилдинг… Сенга кўкрак берар эканман, самодан аллақандай нур сен орқали вужудимга сингиб бораётганини ҳис қилдим… Нималигини билмадим-у, лекин ўша нур, ўша ёғду ҳамон кўксимда турибди…

Афғон кутилмаганда безгак тутгандай қалтирай бошлайди, сўнг тиз чўкиб қизнинг тиззаларини қучоқлаганча баралла йиғлаб юборади. Ўкириб-ўкириб йиғлайди.

П и ф а г о р. Сув бер.
С у в п а р и с и (бақириб). Аралашма! (Афғонга.) Йиғла, жоним, йиғла. Худди ўшандагидай, муздай булоқ сувига ботириб олганимдагидай чинқириб йиғла… Биз ўтиб кетамиз, болаларимиз-невараларимиз қариб-қартайганида йиғи куни келади… Аёлу эркак, каттаю кичик, ёшу қари йилда бир марта бўлсаям кўзлари йиғидан қизариб юради! Одамлар кўз ёшларидан уялмайдиган бўлади! Учрашганда йиғлашади, хайрлашганда йиғлашади, севгидан, ёруғликдан, ўтмишдан, келажакдан йиғлашади… Шундай кун келади… (Афғонни ёш боладай қучиб.) Гапиргинг келса гапир, гапиргинг келмаса йиғла… Мен йиғи тилини яхши тушунаман…
А ф ғ о н (йиғлаб). Ҳеч қачон ҳеч кимга бир оғиз ҳам гапирмайман, деб ўзимга ўзим сўз берганман… Қийнашсаям, танамни бурда-бурда қилиб ташлашсаям миқ этмайман!..
С у в п а р и с и. Вой, худойим, сочингнинг оқи кўплигини! Илгари эътибор қилмаган эканман…
А ф ғ о н. Бу ҳаёт менга жонажон дўстимнинг қони эвазига, жони эвазига насиб этган… У кўрган азобларни ҳеч ким кўрмасин…

Қиз йигитни бағрига маҳкам босганича узоқ-узоқларга тикилиб, оҳиста чайқалади.

Бизни Жалолобод яқинида вертолётдан ташлашди… Улар биздан беш баробар кўп эди… Ёрдамга келаётган вертолёт тепада портлаб кетди, ракета билан уришди… Узоқ жанг қилдик… Кечга яқин фақат Колька икковимиз қолдик… Соппа-соғмиз, бирон жойимиз тирналгани йўқ. Ҳамма ўқимизни отиб бўлдик. Ўзимизникиниям, ҳалок бўлган дўстларимизникиниям! Шунда Колька охирги гранатани қўлимга тутқазиб, “илгагини торт” деди! Тортдим! Маҳкам сиқиб турибман! “Автоматимнинг овози ўчиши билан қўйворасан” деди! Кўпам вақт ўтмади, автомат “шиқ-шиқ” этди-ю, жимиб қолди. Тамом, деб ўйладим! Колька мени маҳкам қучоқлаб, хирилдоқ овоз билан қулоғимга “Алвидо, Витёк! Қўйвор!” деди!.. Мен… Қўлим қотиб қопти, кафтимни очолмайман!!!
С у в п а р и с и. Йиғла, Витёк, йиғла… Одам боласи фақат йиғидангина юпанч топади…
А ф ғ о н. Колька жазавага тушиб “Қўйвор деяпман, кўппак!” деб қичқирди!.. Қўлимни кўкрагимдан ажратмоқчи бўлиб мушти билан битта солди – қани очила қолса! Қўрққанимдан томири тортишиб қопти… Бизни осонгина қўлга олишди. Кўплашиб бармоқларимни битта-битта ёзишди, гранатани жарга улоқтиришди. Шунақа портладики! Ўзларича бир балолар деб маслаҳатлашишди-да, мени боғлашди. Нарироққа обориб, бир харсангнинг соясига ётқизиб қўйишди. Кейин Колька билан шуғуллана бошлашди! Олдин битта-битта бармоқларини чопишди! Кейин қулоқларини кесишди! Кейин… пастини! Менга тегишмади – нимагадир уларга керак бўп қопман… Колька бақирмади, типирчиламади, ҳушиниям йўқотмади!.. Жуда чидамли бола эди… Кўп қийналди. У жони узилмай, қийнала-қийнала мени қутқариб қолди. Қузғунлар Кольканинг ўлимини кутиб вақтдан ютқазиб қўйишди – осмонда бизнинг учта “вертушка”миз пайдо бўлди! Шунақа ўққа тутдики, шудгор қиворишди! Еру осмон битта бўп кетди, ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди – душман қаёқда, бизники қаёқда! Шундаям менга ҳеч бало қилмади, қўл-оёғим боғлиқ харсангнинг орқасида ётувдим…
Д о ц е н т (бирдан уйғониб). Бошлиғимизнинг ўғли ёшлигида жуда шўх бўлган экан… Бирор ножўя иш қилиб қўйса, отаси Рублёвнинг бир суратининг олдига обориб, “Қара, аҳмоқ, гўзаллик инсонни одамий қилади”, деб тикка қилиб қўяр экан… Бола бечора ҳаёти давомида йигирма йилча тик туриб расм томоша қилгандир!.. Буям тарбия-да… Ўша бола катта бўлганидан кейин музейлардан расм ўғирлайдиган мутахассис бўлиб етишди…
П и ф а г о р. Ухла…
А ф ғ о н. Кейин Колькани уйига обордим… Тўғрироғи, унинг қолган-қутганини… Онаси ёшгина экан. Қишлоқда муаллимлик қилар экан. Унинг йиғлаганини кўрсанг эди! Ўғлигамас, менга қараб чинқириб йиғлайди! Тушуняпсанми, менга! Юпатай десам, тилим айланмайди!.. Афғонда қўлимнинг томири тортишиб қолган бўлса, бу ерда тилимнинг томири тортишиб қолди!.. Қаёқларгадир бош олиб кетгим келди, туяқушга ўхшаб бошимни қумга тиқсам-у, ҳеч нимани кўрмасам!.. Ҳар куни бир хил туш кўраман: бармоқларим битта-битта очилиб, граната портлайди!.. Лекин портлаши Кольканинг онасининг овози бўлиб эшитилади! Бу портлашдан дунё остин-устин бўлиб кетади, осмон ёрилиб, юлдузлар қулаб тушади, шаҳарлар алангаланади, қон кўпириб қайнайди!..
С у в п а р и с и. У сени атай мен учун жўнатибди-да…
А ф ғ о н. Ким?
С у в п а р и с и. Дўстинг Колька… (Бирдан.) Пифагор!
П и ф а г о р. Ҳа?
С у в п а р и с и. Никоҳ ўқиб қўй!.. (Сочини ёйиб, Афғоннинг қўлидан ушлаганича тиз чўкади.)
П и ф а г о р (стакан ичига шам ўрнатиб ёқади, қизга узатиб). Ма…
С у в п а р и с и (шамли стаканни кўксига босиб). Бир нима де…
П и ф а г о р. Гапнинг нима кераги бор, шундоқ ҳам тушунарли.
С у в п а р и с и. Унда ўзим гапираман. Ою юлдузлар, туман ва муздай булоқ суви, осмону қуёш гувоҳлигида ўзимни сенга хотинликка бағишлайман. Айрилиқда ёнингда бўлиб, ёнимдалигингда сендан йироқроқ юришга, ҳеч қачон сукутингни бузмасликка қасамёд қиламан!..
П и ф а г о р. Омин… (Стаканни олиб.) Энди боринглар…
А ф ғ о н (кетатуриб). Хайр, Пифагор, яхши-ёмон гап ўтган бўлса мендан хафа бўлма….
П и ф а г о р. Сен ҳам мени кечир, бўтам…

Қиз билан йигит чиқиб кетишади. Пифагор узоқ вақт қимирламай ўтиради. Диванда ётган Доцент нимадир деб алаҳсирайди, тўлғанади.

Доцент, Доцент!..
Д о ц е н т (бошини кўтариб). А?.. Нима?.. Ухладимми?.. Ойна қани?
П и ф а г о р. Қанақа ойна?
Д о ц е н т. Ойна-да… Ҳозир ойнага қараб соқол олятувдим-ку, ўша қани?
П и ф а г о р. Юрагинг ишдан чиққанга ўхшайди. (Ўзининг чап кўкрагини ушлаб.) Баъзан мен ҳам алағ-жалағ туш кўраман.
Д о ц е н т. Ҳа, ухлабман-да… Тушимда соқол олаётган эмишман. Ойнага қарасам, менга битта чўчқа қараб турибди! Мен ойнага қарайман – чўчқа менга қарайди! Тушуняпсанми? Бошимни мундоқ-мундоқ қилсам, чўчқаям мундоқ-мундоқ қилади!
П и ф а г о р. Тушга нималар кирмайди.
Д о ц е н т. “Кимсан?” десам, “сенман” дейди! “Унда мен кимман?” деб сўрадим. “Кўзинг кўрми, чўчқасан” дейди! Муштим билан икки кўзининг ўртасига шу-унақа туширдимки!.. (Зорланиб.) Негадир қўлим эмас, пешонам оғриди, Пифагор!..

Шу пайт эшик шарақлаб очилиб, иккита чўнтак фонари ёнади. Ҳушёр, руҳи сўнган Айёр ва Қўйчивон, уларнинг кетидан Содиқ киришади.

(Қўли билан фонарь ёруғини тўсиб.) Кўзни қамаштирмасанг-чи! Бошқа қиладиган ишларинг йўқми?
Ҳ у ш ё р (яқинлашиб). Менга айтяпсанми?
Д о ц е н т. Йўқ, Пушкинга!
Ҳушёр у ўтирган курсини зарб билан тепиб юборади, Доцент ағдарилиб тушади.

Ҳ у ш ё р (хотиржам). Тур.

Доцент итоаткорлик билан туради.

Қўлингни бошингнинг орқасига қўй.
Д о ц е н т. Нима?
Ҳ у ш ё р (кўрсатиб). Мана бунақа қил! Энди анави ерга бориб, деворга ўгирилиб тур. Тиқ этган овозинг чиқса, шиқ этиб жонинг чиқиб кетади, тушундингми?

Доцент деворга ўгирилиб туради.

Қ ў й ч и в о н. Ҳай, йигитлар, қўйинглар…
С о д и қ (Қўйчивонга). Секин, секин!
Ҳ у ш ё р (хонани айланиб). Қара, Содиқ, пансионатнинг ўзи-ку! Ҳамма шароит бор. (Кўзи патефонга тушиб.) Ие, мусиқа эшитарканмиз-да! Ишлайдими? (Бир оз кутиб.) Ишлайдими, деяпман!
Қ ў й ч и в о н. Ишлайди, ишлайди…
Ҳ у ш ё р. Қўй-чи.
Қ ў й ч и в о н. Ҳозир-да… (Патефонни қўяди, қўшиқ янграйди.)
Ҳ у ш ё р (Пифагорга). Сен бу ерда нима қилиб юрибсан, бобой?
П и ф а г о р. Худо берган умримни яшаб юрибман-да, болам.
Ҳ у ш ё р. Ўрнингдан тур, сенда гапим бор.
П и ф а г о р. Гаплашгим келмаси-чи?
С о д и қ. Сенга ўрнингдан тур, дейилди. Қулоқ борми?
Ҳ у ш ё р. Қизишма, Содиқ. (Юмшоқлик билан.) Бунақа қўполликнинг нима кераги бор, бобой? Сен билан икки оғиз ҳангомалашмоқчиман, холос. Биз яхши ният билан келсаг-у…
П и ф а г о р. Яхши ният билан келган одам аввал салом-алик қилади, ҳол-аҳвол сўрайди.
Ҳ у ш ё р. Ие, салом бермадикми ҳали? Содиқ! Қачонгача сенга одоб ўргатаман, аҳмоқ! Шарманда қилдинг-ку одамни! Тур, чиқ! Бошқатдан салом бериб кир! Э, бетарбия!..

Содиқ чиқиб, эшикнинг нарёғидан гурсиллатиб тақиллатади.

(Пифагорга) Ҳа, таклиф қилмайсанми? Ҳў, кармисан, тақиллатяпти!
А й ё р. Кираверинг…
С о д и қ (кириб). Мумкинми? (Бирпас кутиб.) Мумкинмў-ў?
А й ё р. Мумкин, мумкин. Хуш келибсиз.
С о д и қ. Ассалому алайкум.
П и ф а г о р. Доцент, қўлингни тушир.

Доцент иккиланиброқ қўлини туширади. Пафагордан бошқа ҳамма тик турибди.

Ҳ у ш ё р. Содиқ, саломингнинг мазаси йўқ-ку. Ё қўрққанидан тили айланмай қолдимикан?
П и ф а г о р. Нимангдан қўрқамиз? Ўғирликка келдиларингми? Унда қидираверинглар, бирор нима топсаларинг менгаям берарсизлар. Ё қоринларинг очми? Қўйчивон, печканинг устини қара, ярим буханка нон бўлиши керак.
Ҳ у ш ё р. Бобой, бирпас акилламай тур! (Давом этиб.) Она Ватан учун ҳеч ким ортиқча эмас! Шунинг учун ҳамма нормал ҳаётга қайтиши керак! Ким шу ерлик бўлса – ишга жойлашсин, бошқа ёқлардан келган бўлса – уй-уйига жўнасин. Бугун яхшиликча илтимос қиляпмиз. Эртага илтимос қилиб ўтирмаймиз – гап бошқача бўлади. Айтиб қўяй, биз кўпчиликмиз, бутун шаҳарни назоратимизга олганмиз.
Д о ц е н т. Кечирасиз, нима, биз сизларга ҳалақит беряпмизми?
Ҳ у ш ё р (баландпарвоз). Сенлар мамлакат обрўсини тўкаётган унсур сифатида жамият учун зарарли ҳисобланасизлар!
П и ф а г о р. Ҳа-а, гап бу ёқда, дегин?.. (Доцентга.) Кўрдингми, мамлакат обрўсини тўкиб ётибсан! Бошқа дурустроқ иш қилсанг бўлмайдими?
С о д и қ. Бургадай эзиб ташлайман ҳозир!..
Ҳ у ш ё р. Содиқ!
П и ф а г о р. Сенга ўхшаган тартибпарастларнинг кўпини кўрганмиз. Ҳамма у ўйлаганидек фикрлаши керак, у хоҳлаганидай юриши керак, у истаганидек яшаши керак! Хотинниям у истаганидек туғдириш керак! Доцент, қўлингни кўрсат! (Ҳушёрга.) Кўрдингми? Бу зиёли одам, қора меҳнатдан чиқиб кетган. Лекин бир бурда нон учун кун бўйи вагондан кўмир туширди! Биз ҳақимизда нима биласан ўзи? Дайдилар, ишёқмаслар, дардисарлар – бўлди, бор билиминг шу! Буларнинг қалбида нималар кечаётганини биласанми?! Шундоқ ҳам бу ёруғ оламда илиниб турибди-ку булар! Ўзингни жамиятнинг санитари фараз қилиб, тартиб ўрнатмоқчисан! Адолат учун адолат йўли билан курашиш керак, йигитча! Йўқса оқибати яхши бўлмайди. Бўғма илонни биласанми? Атрофидаги ҳамма нарсани еб бўлганидан кейин, ўзининг думини ҳам ютворар экан.
Ҳ у ш ё р. Бўпти-бўпти, кўп вақиллама! Сендақа Афлотундан ўргилдим! Кимнинг ҳужжати бор? Ҳужжатларинг борми, деяпман!
А й ё р (шоша-пиша гувоҳнома чиқариб). Менда бор…
Ҳ у ш ё р (ўқиб). “Меҳнат фахрийси” медалининг гувоҳномаси… Ёпирай, сен фахриймисан? Ие, бу аёл кишинг номига ёзилган-ку! Қаердан олдинг?
А й ё р. Шу ердан, ахлатхонадан…
Ҳ у ш ё р. Нега кўтариб юрибсан?
А й ё р. Ташлаворишга кўз қиймади, чиройли экан…
Ҳ у ш ё р (Пифагорга). Фамилиянг нима?
П и ф а г о р. Пифагор.
Ҳ у ш ё р. Яхшиям Юлий Цезарь эмас экан! Қачон туғилгансан?
П и ф а г о р. Мен туғилганимда сен ҳали онангнинг қорнида тугул, отангнинг белидаям йўқ эдинг.
Ҳ у ш ё р (Пифагордан кўз узмай, Қўйчивонга). Ҳў, бачча, бери кел! (Қўйчивон келганидан кейин.) Бугун фақат илтимос қиламиз, деб сўз берганмиз – уришга ҳаққимиз йўқ. Лекин оқсоқолларинг ўзини ёмон тутяпти. Шунинг учун жазолашга мажбурмиз. Тушундингми?
Қ ў й ч и в о н. Йўқ…
Ҳ у ш ё р (Пифагорнинг ёқасидан олиб). Ўрнингдан тур! (Қўйчивонга.) Ур!
Қ ў й ч и в о н (орқасига чекиниб). Ни-ма?..
С о д и қ (унинг ёқасидан олиб). Ҳў, бачча, айтган гапни қил-чи! Бўлмаса ҳозир бир пана жойга олиб бориб, туғилганингга пушаймон қиламан!
Қ ў й ч и в о н. Йигитлар, нима қиляпсизлар!.. Умримда бировни урган эмасман, фақат мени уришган!.. Чумолигаям озор бермаганман, Худо ҳаққи!..
Ҳ у ш ё р (бақириб). Бўл!

Қўйчивон унинг овозидан чўчиб тушиб, Пифагорга тарсаки туширади ва ўзи йиқилиб тушади.

(Айёрга.) Энди сенинг навбатинг. Айёрмисан, тайёрмисан – нима эдинг?
А й ё р. Тайёрман. (Пифагорга.) Энди-и, хафа бўлмайсан, Пифагор, ҳали мени осганинг учун дурустроқ ҳисоб-китоб ҳам қилолмагандик. Ҳисобли дўст айрилмас-да, а? (Ёлғондакамига уради.)
Ҳ у ш ё р. Йўқ-йўқ-йўқ, бунақаси кетмайди! Жиддийроқ, жиддийроқ!

Айёр иккиланади.

П и ф а г о р (Айёрга). Фақат тишимга урма.

Айёр уради.

Ҳ у ш ё р (Доцентга). Энди сен.
Д о ц е н т (Ҳушёрга диққат билан тикилади ва кутилмаганда қулочкашлаб унинг ўзини урмоқчи бўлади). Мана сенга навбат…

Лекин улгуролмайди – Содиқ ёввойи мушукдай бир сакраб, унинг қўлини қайириб олади ва диван томонга итқитиб юборади. Доцент оғриқдан инграганича диваннинг тагига кириб кетади.

Ҳ у ш ё р. Энди танишиб олайлик. Биз безори ёки ўғрилар эмасмиз. Ҳалигидақа рокер-покер, металлист-петаллист ҳам эмасмиз. Бизнинг ташкилотимиз Совет ҳокимиятигаям, унинг жазо органларигаям бўйсунмайди. Қайта қуриш муносабати билан ҳукумат жиловни сал бўшатувди, ҳаммаёқни ишёқмас, дангасалар босиб кетди. Биз мамлакатни сенларга ўхшаган қаланғи-қасанғилардан тозалашда ҳукуматга ёрдам бермоқчимиз. Бригадачилар деб эшитганмисизлар?
П и ф а г о р. Эшитганмиз. Унақалар Италияда бўлади.
Ҳ у ш ё р. Ў-ў, савод зўр-ку! Ўрган, Содиқ, юрибсан-да сенам ахлатхонама-ахлатхона. Челентано билан Чипполинонинг фарқига бормайсан! (Давом этиб.) Сенларни ҳукумат барибир эплолмайди. Ушласаям “бир ой ичида ишга жойлашаман” деб тилхат берасанлар-у, кейин мамлакатнинг бошқа бурчагида тараллабедод қилиб юраверасанлар. Иш жойининг тайини йўқ, саёқ-дайдиларни мамлакат ва жамият учун ижтимоий фойдали фуқароларга айлантириш – бизнинг асосий вазифамиз!
П и ф а г о р. Бор-йўғи шуми?
С о д и қ (Пифагорни кўрсатиб, Ҳушёрга). Сўйсам, шу қанча гўшт қиларкан-а?
Ҳ у ш ё р. Йиғиштир! (Ҳаммага.) Демак, келишдик. Эртага бу ерда арвоҳларинг ҳам бўлмасин. Бизнинг мамлакатимизда тиланчи ва садақахўрлар бўлмаган, йўқ ва бундан кейин ҳам бўлмайди! Яхши ётиб туринглар.

Ҳушёр ва Содиқ чиқиб кетишади. Сукут. Шамол.

П и ф а г о р (Қўйчивонга, меҳр билан). Аҳмоқ экансан. Бир марта уриб қўйсанг ўлармидинг?
Қ ў й ч и в о н (йиғлаб). Кечир мени, Пифагор!.. Ўлай агар қўрққанимдан урдим, ўзим ҳам билмай қолдим…
А й ё р. Қўйчивон икковимизни дўконнинг олдида ушлаб олишди. Шиша сотган пулимизниям олиб қўйишди, онасини ҳурмат қилай!..
Қ ў й ч и в о н (йиғлаганича, телефонга). Алло, алло… Илтимос, бувимни улаб беринг… Алёшников қишлоғи… Ҳа, саккиз йил олдин ўлиб кетганлар… Буви! Мени эшитяпсизми, бувижон! Бу мен – Алёшаман!.. Сизни жудаям соғиндим, бувижон… Яқинда бораман… Бу дунё жудаям қабиҳ ва ифлос бўп кетди… Сизлар яшаган даврдагидай эмас… Энди сиздан бир қадам ҳам ажралмайман… Бирга яшаймиз, буви!..

Чироқ ўчади

ТЎРТИНЧИ КЎРИНИШ

Ўша жой. Тун. Шамол. Орадан бир неча кун ўтган. Пифагор печка ёнида бетоб ётибди. Унинг ёнида Мухбир ўтирибди. Доцент ухлаяпти.

П и ф а г о р (оғир). Дунё қариди, Ер қариди… Инсоният болаликни ҳам кўрди – унда худолар одамлар билан ёнма-ён яшарди… Шиддатли, жўшқин ёшлик ҳам ўтди – унда одамзод руҳ билан эмас, тана билан озиқлана бошлади… Мана энди кексалик келди эшик қоқиб… Кексалик билан бирга турли касаллик, ҳорғинлик келди… Ажал эшик ортида турибди…

Ташқаридан машина овози эшитилади.

М у х б и р. Яна дори олиб келишди.
П и ф а г о р (қийналиб). Сендан сал олдин акам келиб кетувди… Чиройли петлицали гимнастёрка кийиб олибди… Олдига чақиряпти…
М у х б и р (унинг пешонасини ушлаб кўриб). Иссиғинг баланд-ку… Касалхонага олиб борайми? Қаерда бунақа шамоллай қолдинг?
П и ф а г о р. Шамоллаганим йўқ, анави дорининг иши бу…
М у х б и р. Қанақа дори?
П и ф а г о р. Ахлатга сепадиган… Ўттиз олтинчи йилда мени хизматга чақиришди. Яхши мерган эдим – беш тийинлик тангани йигирма қадамдан бехато урардим. Командиримиз комиссия-помиссия келиб қолса, мақтаниб мени кўрсатарди. Қўмондонлик соат совға қилган… Бир куни командиримиз мени чақириб: “Ўртоқ Глебов, партия ва халқнинг муҳим топшириғини бажарасан”, деб қолди. Шундай деб менга ғалати тикилди, кўзлари намлангандай бўлди назаримда. Мен ҳеч нимага тушунмадим. Хуллас, эртаси куни мени махсус қисмга ўтказишди. Қандай отишимни текшириб кўришди. Яхши отдим, ҳамма ўқ мўлжалга тегди. Қандайдир қоғозга қўл қўйдиришди. Кейин яна сўрашди: “Қизил аскар Глебов! Меҳнаткаш халқ иродасини бажаришга тайёрмисиз?” “Тайёрман! Керак бўлса жонимни ҳам аямайман!” дедим. “Совет халқи сизга жосуслар, фитначилар, инқилоб ва халқ душманлари устидан чиқарилган ҳукмни ижро этишни ишониб топширяпти!” деди… (Анча вақт жим қолади.) Ер остида узун, боши берк йўлак… Электр чироқлари хирагина ёритиб турибди… Мен девор орасидаги махсус жойда бекиниб тураман… Соқчилар муҳбусни олиб киришади-да, менинг рўпарамга келганда депсиниб, турган жойида юра бошлашади… Шунда мен чиқаман! Ўгирилиб қарашгаям улгурмайди! Биронтасиям қарагани йўқ!.. Зўр отардим!.. Мерган эдим!.. Яхши хизматларим эвазига яна битта соат билан мукофотлашди…
М у х б и р. Нечтасини… отгансиз?
П и ф а г о р. Ким санабди дейсан… Иш шунақанги кўп эдики, кеча билан кундузнинг фарқига бормай қолардим: иш, иш, иш! (Алам билан.) Меҳнаткаш халқнинг иродасини адо этардим!.. Бир гал – ҳеч эсимдан чиқмайди – биринчи май, байрам куни уйғотишди… Маҳбус йўлак бўйлаб оқсоқлана-оқсоқлана судралиб аранг келяпти… Соқчи жойида депсина бошлаши билан дарров чиқдим-у, наганни тўғриладим… Бунга қадар ҳеч қайси маҳбус қарамасди, буниси қаради!.. Умримда биринчи марта ўқим хато кетди – қулоғини салгина ялаб ўтди…
М у х б и р (оғир сукутдан сўнг). Отангиз эканми?..
П и ф а г о р. Акам!.. Володька!.. (Бирдан бақириб.) Қулоғидан ўқ еганлар, стройся!!! Смирно! Равнение налево! (Паст овозда.) Бўлди, чарчадим. Ухлайман…
М у х б и р. Майли, ухланг… Мен малина териб келаман. Чой билан ичсангиз тузалиб кетасиз… (Челак олиб, чиқиб кетади.)

Битта лайлакни белига қистириб олган Айёр кириб келади.

А й ё р. Лайлак келди – ёз бўлди! Олқиндиларга салом! (Пифагорга яқинлашиб.) Ие, яқинлашиб қопсан-ку. Қўрқаяпсанми?
П и ф а г о р. Ҳа…
А й ё р. Нимасидан қўрқасан? Нима, у ёқда бу ердагидан ҳам даҳшат деб ўйлайсанми? Йўқ, бу ердагидан баттар бўлмаса керак. Яхшиям ўлим деган нарса бор, “шап” этади – олади-қўяди. Одамзод ҳечам ўлмаса, биласанми, нима бўлади? Э, онасини ҳурмат қилай, азобнинг ўзи-ку! Очарчилик, қимматчилик, уруш, инқилоблар, қамоқ, қувғин, СПИД, дарёлар қуриган, ер ишдан чиққан – сен бўлсанг яшайверасан, яшайверасан, яшайверасан! Онасини ҳурмат қилай, ўйласам ўзимам қўрқиб кетаман! (Лайлакни кўрсатиб.) Ахлатхонада юрсам, тепамда қанотини “шап-шап” қилди-ю, оёғимнинг тагига қулаб тушди. Қарасам, туппа-тузук лайлак! Учиб кетаётиб ўлиб қопти. Дорининг оқибати… Қиш келяпти, лайлак нима қилади бу ерда? Ё ҳайвонот боғидан қочдимикан? (Пифагорга.) Майли, сен бемалол ўлавер, халақит бермайман. (Лайлакни тепадаги сиртмоққа осиб қўяди. Чайқалиб турган лайлакка қараб.) Анави куни, дейман, менам шунақа осили-иб турардим-да, а? (Анча пайт лайлакка тикилиб туради. Кейин недир хаёлга бориб телефон гўшагини кўтаради.) Алло, алло… Алло, Нью-Йорк? Нью-Йорк! Бирлашган Миллатлар Ташкилотими? Кечирасиз, ахлатхонадан безовта қиляпмиз! Илтимос, Бош секретарни улаб юборинг… Ассалому алайкум! Яхшимисиз? Раҳмат, раҳмат… Тупроқдан ташқарида, дегандай, юрибмиз… Масала жиддий. Шу, денг, бизнинг жонажон ахлатхонамизга қанақадир дори сепишяпти… Ҳа, касаллик тарқалмасин, деб-да… Бирон тирик жон йўқ, ҳаммаси қирилиб кетди… Э, уни айтасиз, ҳатто гўнгқарғаям қолгани йўқ! Фақат биз қолдик… А? Яна бироз яшасак, девдик-да… Иложи йўқ?.. (Гўшакни қўйиб, Доцентга.) Эшитдингми?
Д о ц е н т (бепарво). Эшитдим.
А й ё р. Бўлди, йиғиштиринглар ашқол-дашқолни! Кетамиз!
Д о ц е н т. Қаёққа?
А й ё р. Ватанимиз бепоён – иссиқ ўлкаларга-да! Билиб келдим: станцияда ўша ёқларга борадиган юк поезди турибди. “Тақ-туқ, тақа-туқ” қилиб, ухла-аб кетаверамиз. Янги жойлар, янги одамлар! Ҳавоси иссиқ, мева-чева деганинг тиқилиб ётибди: қовун дейсанми, тарвуз дейсанми, анжир, ўрик, шафтоли! Одамлари жуда меҳмондўст – ким келсаям қучоқ очиб кутиб олаверади! Хуллас, жаннатнинг ўзгинаси! Бу ерда нима бор? Совуқ, зах, лой!.. Кейин, анавилар энди барибир бизни тинч қўймайди. Уларни яхши биламан, мелисадан ҳам баттар! Мелиса-ку, ҳозир яхши бўп қолган, булар ёмон – жон жойингга уради. Кетдик, кетдик…
Д о ц е н т (Пифагорни кўрсатиб). Бу-чи?
А й ё р. Бу ўлади. Оббо, жа эзма экансан-да лекин! Ўлмаса, яшайди! Ўз ҳолига қўйсанг-чи одамни, тинчгина ўлсин.
Д о ц е н т. Хайр, Пифагор… Ухлаяпти.
А й ё р. Бўл, бўл! (Кета туриб, қайтади.) Пифагор!.. Пифагор, бирон нима кўряпсанми? А? Етиб бордингми ўзи? Нима кўряпсан, Пифагор?
П и ф а г о р (аранг). Йўлак…
А й ё р. Йўлакнинг охирида чироқ борми? Ёруғлик борми? Йўлакнинг охирида нима бор, Пифагор?
П и ф а г о р. Қон…
А й ё р. Алаҳсираяпти… Ҳечқиси йўқ, борсанг ҳаммасини ўз кўзинг билан кўрасан. Ўлим – инсон учун нормал ҳолат. Тириклик – ҳаётнинг бузилган шакли… (Чолнинг пешонасидан ўпиб қўяди.) Ёнингдан менгаям жой олиб қўй. Ҳеч бўлмаса, у ёқда ахлатхонада яшамайлик… Омон бўл, Пифагор. Йўғ-э, жойинг жаннатда бўлсин, Пифагор!..

Айёр билан Доцент чиқиб кетишади.

П и ф а г о р (зўрға ўрнидан туриб, тоза оқ кўйлак олиб кияди). Эҳ, Володька, Володька, нима қилиб қўйдим… Умрим бўйи сенинг олдингдаги қарзимни узаман деб яшадим… Барибир узолмадим, шекилли… Умр етмади…
С у в п а р и с и (югуриб кириб). Қани у?
П и ф а г о р. Ким?
С у в п а р и с и. Витя!
П и ф а г о р. Қанақа Витя?
С у в п а р и с и. Афғонни айтяпман! Кечқурун “йигитларни соғиндим, бир кўриб келай” деб чиқиб кетувди. Кутдим, кутдим, ҳеч келавермади. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да, унга бир нима бўлса мен ўлиб қоламан!..
П и ф а г о р. Бу ерга келгани йўқ. Агар ухлаб ётганимда келган бўлмаса…
С у в п а р и с и. Эй, худойим, нега битта ўзини юбордим-а, нега?! Уни ёлғиз қўйвормаслигим керак эди! Ўзим аҳмоқман, аҳмо-оқ!..

Ҳушёр билан Содиқ киради.

Ҳ у ш ё р. Ким у – аҳмоқ?
С у в п а р и с и. Ишинг бўлмасин!
Ҳ у ш ё р. Ў-ў, тегманозик-ку! (Пифагорга.) Бошқалар қани?
П и ф а г о р. Кетишди… Бутунлай кетишди…
С о д и қ. Сен-чи? Нима, сенга алоҳида айтиш керакми?
П и ф а г о р. Мен ҳам кетаман… Ҳозир кетмоқчи бўлиб турувдим ўзи. (Секин гўшакни олиб.) Володька… Овозимдан танидингми, жигарим?.. Ўшанда, йўлакда овоз беролмадим… Ҳаққим йўқ эди… Қулоғинг тузалиб кетдими?.. Оғридими ўшанда?.. Оҳ, оғритмай отишнинг иложи бўлганда эди! Менам олдингга кетяпман, Володька… Бугун, ҳозир… Кўришгунча… (Гўшакни қўяди, стаканга шам қўйиб ёқади. Шамол эшикни очиб юборади ва у қоронғиликка сингиб кетади.)

Ҳушёр билан Содиқ ҳайрон.

С у в п а р и с и (бирдан ўзига келиб). Нега қараб турибсизлар, ахир оёқ яланг чиқиб кетди-ку!
Ҳ у ш ё р. Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?
С у в п а р и с и. Совуқда ўлиб қолади-ку, ҳайвонлар!
С о д и қ (бостириб бориб). Ким ҳайвон? А?
С у в п а р и с и. Ҳайвондан ҳам баттар экансизлар!

Қиз қочиб чиқиб кетмоқчи бўлади, Содиқ икки сакраб ушлаб олади ва ичкарига улоқтириб юборади.

С о д и қ. Гапингни яна бир марта қайтар, СПИДнинг уяси, нима дединг? Қани, бери кел-чи, бир гаплашиб олайлик. Бери кел!
С у в п а р и с и (қўлга тушганини англаб). Йигитлар, қўйсаларинг-чи, нима кераги бор?.. Бу ерга тасодифан келиб қолдим, ўзим шаҳарда яшайман… Эрим бор, болаларим бор… Мен, мен касалман!.. Нима қиласизлар, касал юқтириб?.. Илтимос… Бақираман!.. Ёрдам беринглар!!!
Ҳ у ш ё р. Қаттиқроқ.
С у в п а р и с и. Ким бор, ёрдам беринглар!!!
Ҳ у ш ё р. Содиқ, эшитмаяпсанми, ёрдам сўраяпти, ёрдам бервор.
С у в п а р и с и. Аблаҳ! Ярамас! Ифлос! (Телефонни олиб.) Яқинлашма, бошингни ёриб ташлайман! (Йиғлаб.) Жон йигитлар, менга тегманглар, хайрларингни берсин!.. Менга тегиб бўлмайди!.. Мумкин эмас, ахир!.. Нима десаларинг қиламан, фақат тегманглар!.. Ялинаман, тиз чўкаман… (Ҳолсиз.) Ёрдам… Ёрдам беринглар…

Кутилмаганда телефонни Содиқнинг башарасига отади, лекин у илиб олади.

С о д и қ. Бу ёққа кел.
С у в п а р и с и (чорасиз). Йўқ… Йўқ… Эрим бор, деяпман-ку!.. Иккиқатман, яқинда туғаман!..

Содиқ бир силтаб қизнинг кўйлагини йиртиб юборади.

С у в п а р и с и (жон ҳолатда телефонга ёпишади, гўшакка). Эй, Худо! Бор бўлсанг ўзинг ёрдам бер!..

Бир челак сув ва малина шохчаларини қўлтиқлаб Мухбир кириб келади.

М у х б и р. Нима бўляпти бу ерда?
Ҳ у ш ё р. Катта холангнинг тўйи бўляпти.
М у х б и р. Мен жиддий сўраяпман.
Ҳ у ш ё р. Кеча йигирма тўрт соат ичида бу ерда изларинг ҳам қолмасин, деб огоҳлантирдикми? А? “Ҳа”ми, “йўқ”ми? (Содиққа.) Қулоқсиз бола экан. (Мислсиз чаққонлик билан унинг қорнига туширади. Букчайиб қолган Мухбирнинг сочидан ушлаб, ўзига қаратади.) Беш дақиқа муҳлат бераман. Беш дақиқада югуриш бўйича жаҳон рекордини янгилашинг керак. Қани, старт!
М у х б и р (кутилмаганда эшикка қараб югуради ва гўё бир кўринмас деворга урилгандай, таққа тўхтаб қолади). Кетмайман.
Ҳ у ш ё р (яқинлашиб). Кетасан.
М у х б и р. Шошманглар, йигитлар, шошманглар…
Ҳ у ш ё р. Эшитаман. Лекин оғзингдан чиққан ҳар бир гап учун жарима тўлайсан. Биринчи гапни айтдинг… (Қорнига туширади.)
М у х б и р (букчайиб). Мен дайди эмасман…
Ҳ у ш ё р. Иккинчи гапни айтдинг… (Уради.)
М у х б и р. Мен “Байроқ” газетасининг мухбириман…
Ҳ у ш ё р. Мен “Слободский” черковининг митрополитиман… (Уради.)
М у х б и р (йиқилиб тушиб). Тўхтанглар ахир!.. Бу ерга таҳририятнинг топшириғи билан келганман, ҳужжатимни кўрсатишим мумкин…
С о д и қ. Биламиз – “Меҳнат фахрийси”!
Ҳ у ш ё р. Хўш, мухбир бўлсанг, нима ҳақида ёзмоқчисан?
М у х б и р. Ҳаммасини ёзаман…
Ҳ у ш ё р. Ёзсанг хато қилмай ёз, хўпми?..

Сўнгги бор уради, Мухбир бурчакка учиб кетади, қайтиб ўрнидан турмайди.

С у в п а р и с и (юлқинганча Содиқнинг қўлидан чиқиб, чинқириб Ҳушёрга ташланади). Ҳайвон! Фашист!!!
Ҳ у ш ё р. Содиқ, манавини ол!

Содиқ уларни ажратади, қиз типирчилаганча унинг юз-кўзига чанг солади.

С о д и қ. Тинчлан, жоним, тинчлан… Юр, ўзим тинчитиб қўяман.
С у в п а р и с и. Ит!.. Чўчқа!.. Тирик эканман таслим бўлмайман, билдингми?! Фақат ўлигимга эгалик қиласан, мараз!!!
С о д и қ. Ўлигинг ҳам бўлаверади, жоним!..

Қиз унинг қўлини тишлаб олади.

Уҳ!.. Ана энди кўрасан, ўша тишлаган тишларингни қоқиб олмасамми!..

Улар олиша-олиша диван ортига йиқилиб тушадилар. Қизнинг чинқиргани эшитилади. Сукут.

Ҳ у ш ё р (Мухбирнинг томирини ушлаб кўриб). Тамом бўпти-ю… Содиқ, бўлди, йиғиштир! Тезроқ жуфтакни ростлаш керак! Уйни ёқворамиз.

Оҳиста эшик очилиб, остонада Пифагорнинг шамли стаканини тутганича Афғон пайдо бўлади. Содиқ у ёқ-бу ёғини тузатиб, диван ортидан чиқади.

Жин урсин!.. (Бақириб.) Нечтасанлар ўзи?!
А ф ғ о н. Пифагор оламдан ўтди… Сап-сариқ дорининг устида чўзилиб ётибди…

Диван ортидан ранги-рўйи бир аҳволда қиз чиқади, гандираклаганича Афғоннинг олдига келади.

С у в п а р и с и (йигитнинг елкасига бош қўйиб). Қаерларда юрибсан?.. Шунақаям бўладими одам… Ёлғиз юрма, Витёк, яна тилдан қолишинг мумкин… Сен тилдан қолсанг ким гапиради? Қушларми, майсаларми, Ерми ё осмон, ким?.. Олам – соқов, замон – гунг… Ким гапиради?..
А ф ғ о н (пальтосини ечиб, қизнинг елкасига ташлайди). Лена, сен боравер, мен етиб оламан…
С у в п а р и с и. Қўй, тегма уларга… Улар шундоқ ҳам ўлиб бўлган… Ўзи юрадиган, овқат еб, кийим киядиган мурдалар… Улардан бўлган болаям ўлик туғилади… (Хиргойи қилиб чиқиб кетади.) Жа-ло-ло-бод… Жа-ло-ло-бод…
А ф ғ о н. Сенларни қарғади…
Ҳ у ш ё р. Шу холосми?
А ф ғ о н (ўша оҳангда). Сенларни қарғади…
Ҳ у ш ё р. Менга қара, оғайни, шамингни столга қўй-да, оёғингни қўлингга олиб жононингнинг кетидан югур.

Афғон жойидан қимирламайди.

С о д и қ (Афғоннинг сочидан тутиб). Яна бир марта қайтарайликми?
Ҳ у ш ё р (яқин келиб). Қўйсанг-чи, яхши болага ўхшайди, ўзи тушуниб турибди. Тўғрими, йигитча? Мишиғингни артгин-да, бориб Содиқнинг ишини қолган жойидан олавер.
А ф ғ о н (қутургандай ўкириб). А-а-а-а!!!

Унинг кўз илғамас кескин ҳаракатидан Ҳушёр ва Содиқ икки томонга учиб кетади.

С о д и қ (сакраб туриб). Ие, ҳали бақиришниям биламан, дегин?! Афғонистонда сенга ўхшаган бақироқларнинг кўпини кўрганмиз! Шунақа бақиришганки, ҳозиргача қулоғимдан кетмайди! Ҳаммасини кўрганман! Сенлар айш қилиб юрганларингда, мен у ёқда жон бериб-жон олганман!

Ҳушёр турмоқчи бўлади.

А ф ғ о н. Ёт!

Ҳушёр ётади.

(Содиққа.) Қаерда хизмат қилгансан?
С о д и қ (қутуриб кетади). Содиқ деган номни Афғонда орттирганман, билдингми?! Мамлакатни сен ифлослардан тозаламагунимча содиқ бўлиб қоламан! Содиқма-ан!.. (Афғонга ташланади.)

Афғон унга чап бериб, қўлини қайириб олади.

Ҳ у ш ё р. Қўй энди, оғайни, жа ўзингдан кетма… (Турмоқчи бўлади.)
А ф ғ о н. Қимирлама! (Содиққа.) У ёқда душман томонга нимада обориб ташлашади?
С о д и қ. Қўйвор, оғрияпти!.. Вертолётда!..
А ф ғ о н. Яхшилаб эсла!
С о д и қ (оғриқдан юзи буришиб). Синдирасан!.. Вертолётда, деяпман-ку!.. Бўлди қил!..
А ф ғ о н. У ёқда “вертолёт” дейилмайди, мараз, “вертушка” дейилади! (Содиқни қўйиб юбориб, қўллари билан юзини бекитиб олади.) Афғонга бормагансан!.. Бормагансан! (Йиғлаб юборади.) Коля! Булар сенинг қонга бўялган гимнастёркангни ўзларига бўйлаяпти!.. Нега буларни қон урмайди, нега?! Эй, осмон! Заминингга қара: имону виждоннинг уйига ўт кетяпти!!!

Содиқ қўлини чўнтагига тиқади.

Столга қўй! Барибир ишлатолмайсан, қўлингни синдириб ташлайман. Қўй, деяпман!

Содиқ пичоқни столга қўяди.

Ҳ у ш ё р. Кел, оғайни, хотиржам гаплашиб олайлик…
А ф ғ о н. Гаплашамиз… Бугун Кольканинг хотира куни… (Чилвир олиб Ҳушёрга отади.) Ма, анавини курсига боғла.
Ҳ у ш ё р. Менга қара, яхшиликча йўл-йўлимизга кетайлик. Биз кўпчиликмиз. Кейин бирон жойда учрашиб қолсак яхши бўлмайди.
А ф ғ о н. Боғла!
Ҳ у ш ё р. Оғайни…
А ф ғ о н. Бўл!

Афғон пичоқ отади ва у Ҳушёр нинг нақ оёғининг тагига санчилади. Ҳушёр шоша-пиша шеригини боғлашга киришади.

(Ҳушёрга.) Деворга ўгирил.
Ҳ у ш ё р. Бекор қиляпсан лекин…
А ф ғ о н (Ҳушёрни боғлайди, чўнтагидан сигарет қутисини авайлабгина олади). Бу Кольканинг қонига бўялган… (Қутининг ичига қараб.) Бештагина… Биттасини унинг қабрида чекканман… Қолганини шу ерда чекамиз… (Газ баллонини яқинроққа судраб келади, жўмрагини бурайди, вишиллаб газ чиқа бошлайди.)
Ҳ у ш ё р (ўтакаси ёрилиб). Нима қиляпсан?! Эсинг жойидами?!
С о д и қ. Ўчир! Контузиямисан, нима бало?!
А ф ғ о н (Пифагор қолдириб кетган шамдан сигарет тутатиб чекади, биттасини Ҳушёрнинг, иккинчисини Содиқнинг лабига қистириб қўяди). Чекинглар – мозорбосди… Қўрқманглар, мен ҳам шу ерда бўламан. Колька ҳам шу ерда…

Афғон гўё бир қўшиқ тинглаётгандай газнинг вишиллаган овозига чайқалиб, шошилмай чекиб ўтиради.

С о д и қ (жазавага тушиб). Йўқ, йўқ, йўқ, истамайман!..
Ҳ у ш ё р. Қўлни еч!.. Болам бор ахир!.. Талабаман, институтда сиртдан ўқийман!..

Афғон парво қилмай чекаверади. Мухбир ўзига келиб, бир амаллаб ўтириб олади, афт-башараси қон, эмаклаб стол томонга кела бошлайди. У Афғоннинг ёнига келиб ўтиради. Афғон унга ҳам сигарет беради. Мухбир қийнала-қийнала чекади. Сув париси киради – қўлида шамли стакан…

С у в п а р и с и. Шундай кун келади… Шундай кун келади… Шундай кун келади…

Ҳар томондан Пифагор, Айёр, Қўйчивон, Доцент, Вита, Вася кириб келишади. Ҳаммасининг қўлида шамли стакан, кўзлари юмиқ. Улар гўё ниманидир қидираётгандай юмиқ кўзлари билан осмонга қарайдилар. Қачонлардир Қўйчивон тузатиб кетган кўҳна ва ташландиқ соатлардан қайси биридир ўн икки марта занг уради…

Тамом

Рус тилидан Шароф Бошбеков таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон