Керис Мас. Улар тушунишмайди (ҳикоя)

Душанба кунлари вазир ишга барвақт келарди. Буни вазирликдаги бош котибдан тортиб, энг кичик муншийгача яхши билади. Шу боисдан ҳафтанинг бошида ҳамма хизматчилар ишда вақтли ҳозир бўлишарди. Бироқ бу сафар Билл шошилмади. У узоқ ювинди, кейин бемалол нонушта қилди. Бугунги душанба одатдагидан бошқача эди. Билл уйдан соат саккиз яримдагина чиқди. Унинг “Метрополитен” русумли мўъжазгина машинаси шаҳарнинг марказий кўчаси бўйлаб секин юриб борарди. Билл машина янгилиги туфайли эмас, балки шошилмаганидан секин ҳайдарди.
Ортидан келаётган машиналар “тезроқ юр” дегандай сигнал чалди. Билл йўлни бўшатди. Машиналар ўтиб кетди. Майли, ўтаверишсин. Икки ой бурун унинг ҳам катта машинаси бор эди. Ўшанда Билл машинанинг орқа ўриндиғида ўтирарди. Машинани эса Амат ҳайдарди. У Биллга қарийб йигирма йил ҳайдовчилик қилди, жуда диққатли ва эҳтиёткор эди. Амат энди вазирни олиб юрибди. Билл ўз машинасини сотиб юборди.
Билл машинасини сотгач, вазирдан Аматни ишга олишни илтимос қилганида вазир нақадар миннатдор бўлганини эслади. Буни хотирига келтиргач, Билл яна майда хизматлар бошлиқларга жуда яхши таъсир қилишини ҳам хаёлидан ўтказди.
Албатта, Билл буни олдин яхшилаб ўйлаб қўйганди. Вазирнинг бундан хабари йўқлиги аниқ. Ўзининг катта машинасини сотиб, мўъжазгина “Метрополитен” олди. Буни фақат ҳар хил миш-миш ва уйдирмаларга чап бериш учунгина қилди. Билл бундан кейин керак бўлган тақдирда мана шундай арзимас кўринувчи ишлар билан вазирнинг ҳурматини қозонишга қарор қилди. Чунки вазир учун тажрибали шахсий ҳайдовчи сув билан ҳаводай зарур эди: айнан ҳозир унда ҳайдовчилик ўрни бўш турди. Кейинги икки йил ичида бирорта ҳайдовчи тўрт ойдан зиёд ишламаганди.
Билл мийиғида кулиб қўйди.
Мўъжазгина “Метрополитен” кўчалар бўйлаб имиллабгина вазирликка қараб эмас, аэропорт томонга ўрмаларди.
Вақт ҳали эрта, вазир учиб келадиган самолёт тўққиздан ўн беш дақиқа ўтганда қўниши керак эди. Яна йигирма дақиқа бор. Биллнинг ташвишланадиган жойи йўқ: вазир унинг пиджак киймасдан, кўйлакда бўйинбоғ тақиб юрганига эътироз билдирмасди. Умуман, у хизматчиларнинг кийимига эътибор берадиган одамлар тоифасидан эмасди. Бошқа раҳбарлар ҳам бунга эътибор беришмас, чунки вазир хориж сафаридан эмас, Пинанг оролидан қайтиб келаяпти. У одатда шанба ва якшанбани ўша ерда ўтказарди.
Бир неча ёш малайялик – “Малайен эйруэй” ва “ВОАК” авиакомпаниялари хизматчилари аэропорт эшиги олдида ўтиришарди. Улардан ҳеч бири Биллга қайрилиб ҳам қарамади. Газета дўкончаси ёнида турган божхона амалдори эса кибр билан унга бошдан-оёқ қараб чиқди. Билл ёқимсиз совуқликни сезиб, пешонасини тириштирди. Кўпчилик малайяликлар европаликларни ёқтирмасди. Билл божхона амалдорининг таҳқирли нигоҳини гўё сезмагандай текис кафел тўшалган залдан дадил қадамлар ташлаб борарди. Икки-учта хитойлик оила ресторандаги столлар теварагида ўтирарди. Афтидан, улар ҳам Пинанг оролидан келадиган қариндошларини кутишяпти. Сингапурдан учиб келган самолётнинг қўнганига анча бўлган, шу боис аэровокзал биносида одам кам, зал жимжит эди. Билл бир бордоқ пиво буюрди. Майли, ҳали кун эрта бўлса ҳам, майли, юзи қизарса ҳам, шу суюқлик билан вужудига илиқлик югуради ва вазир билан учрашганда пайдо бўладиган тортинчоқлик йўқолади. Бугун жуда масъулиятли кун. Агар вазир яхши кайфиятда бўлса, Билл унга кўпдан буён ўйлаб юрган режасини баён қилади. Ҳозир у нима хоҳлаётганини, айниқса, Боб билан бўлган кечаги суҳбатидан кейин мутлақо аниқ тасаввур қиларди.
У бордоқни яримлатгач, ҳожатхонага ўтишга қарор қилди. Ичкари кириб эшикни ёпди-да, кўзгу олдида тўхтаб, юзига разм солди. Юзи чўзилган, иягига қараб ингичкалашиб боргандай кўринди. Кўзлари, кичкинагина оғзи хўмрайиб турарди. Билл кенг пешонасига, яхшилаб силлиқланган кокилига тикилди. Агар унинг малла сочи шунча калта олдирилмаганида боши ингичка ва узун юзига нисбатан жуда катта кўринган бўларди. Чуқур жойлашган мовий кўзлари ва ўткир нигоҳи асл инглиз эканини фош этарди. Лекин бурни калтароқ бўлиши мумкин эди: у жуда узун ва ингичка, бунинг устига, худди тўтиқушнинг тумшуғига ўхшаб қайрилганди. Тўғри, қалин мўйлови бу камчиликни бироз яшириб туради. Тўсатдан Билл божхона амалдори ўзига қандай қараганини эслади. Малайяликлар, одатда, “бурни қийшиқ одамнинг қалби ҳам қийшиқ” деган ақидага кўр-кўрона ишонади.
Билл ҳожатхонадан тезда қайтиб чиқди ва чала қолган пивосини ичмоқчи бўлди, лекин шу пайт самолёт Пинангдан учиб келгани эълон қилинди. Билл шошилиб ҳали тугамаган пивонинг ҳақини тўлади-да, ресторандан чиқди. Сўнг қора кўзойнагини тақиб, осмонни кузата бошлади. Самолёт қўна бошлаганда божхона эшигига қараб юрди. У анча бўшаб қолган залда гурсиллатиб қадам ташлар, букчайган гавдаси одим отишига мос тарзда лапанглаб борарди. Билл юқори мартабали шахсларга мўлжалланган бинога киришга рухсат сўради. Унга ижозат беришди, чунки аэровокзал хизматчиларига шу самолётда вазир учиб келаётгани маълум эди. Улар бу оқ танли жаноб вазирликда ишлаётганини ҳам билишарди.
Вазирни ушбу хонанинг айвонида Билл бир неча бор кутиб олганди. Бу ерда бир тўда одам – муҳожирлар хизмати ходимлари, амалдорлар тўпланишганди. Қизиқ, битта ҳам журналист кўринмасди. Одатда, бундай ҳолларда улар ўралашиб юрарди. Билл амалдорларни бирма-бир кўздан кечирди. Ҳеч ким унга эътибор бермади. Шу пайт вазир ичкарига кирди. Унинг қўлида ҳеч нарса йўқ эди. Билл ҳатто бироз шошиб қолди: ёрдамлашадиган нарсаси бўлмагач, нима ҳам қиларди.
– Хуш кўрдик, сэр!– деди Билл қаддини тик тутиб шиша эшик томон бир неча қадам ташларкан.
Вазир бинога кираркан, “раҳмат” дегандай бошини лиқиллатди. Билл шу заҳоти бир қадам ортга чекинди ва қаддини ростлади. У ингичка ва узун бўйнини чўзиб, бошини сал эгди-да, вазирнинг бир неча қисқа калимасини тинглади. Кўпчилик анчадан бери Биллнинг бошини бироз эгиб, бўйи ўзидан паст бўлган вазирнинг гапини тинглашига кўникканди. Бунинг устига, вазирнинг четга қараб гапирадиган ва тушуниб бўлмайдиган сўзларини илғаб олиш учун Биллнинг бутун вужуди қулоққа айланарди.
Вазир жим қолди ва Билл тошбақа бошини косаси ичига яширган мисол бўйнини тортиб, яна қаддини ростлади.
Аэропорт хизматчилари ва муҳожирлик хизмати амалдорлари вазирни қутлашди. У табрикловчиларга жилмайиб, боши билан имо қилиб, жавоб қайтарди. Аэровокзал ишчилари эҳтиром билан унга йўл бўшатдилар. Божхона ходимлари юкларни кўздан кечириб, “ҳаммаси жойида”, дегач, лабларини қимирлатиб табриклагандай бўлдилар. Вазир хонадан жилмайганча чиқди. Ҳалиги божхоначи юктарозиси ёнида турарди, Билл елкаси оша унинг ўзини яна бошдан-оёғигача кўздан кечираётганини ҳис этди. Кўнгли тағин беҳузур бўлди. Худди эгнига ит теккан мусулмондай ҳис этди ўзини.
– Яхшилаб текширинглар, токи, ҳаммаси кенгашга тайёр бўлсин.
– Хўп бўлади, сэр.
Билл қадамини тезлатди, тўхтади, энгашди, товонларини жуфтлади, тиззаларини тўғрилади, белини энгаштириб қўлини чўзди, машина эшигини очди. Машинага ўтираркан вазир:
– Мен соат ўн бирда бўламан, – деди.
– Яхши, сэр.
Билл нигоҳи билан кузатиб қолган машина аэропортдан чиқиб кетди. Унинг олд қопқоғи устида Малайзия Федерациясининг байроғи ҳилпираб борарди. Билл олдинги пайтларни яхши эслайди, ўшанда бошлиғининг машинаси қопқоғида бошқа туғ – Буюк Британия байроғи турарди.

* * *

– Тўғри уйга ҳайда, Амат!
– Эшитаман, туан.
– Уйда нима янгилик?
– Ҳаммаси жойида, туан.
– Сенга неча бор айтдим, Амат, мени туан дема!
– Хўп бўлади, жаноб.
– Кимдир келдими?
– Ҳа.
То шаҳарга етгунча вазир бошқа ҳеч нарса сўрамади. Амат йўлдан кўз узмай, машинани диққат билан ҳайдаб борарди. У вазир ҳақида ўйларди. Нега уни туан деб бўлмайди! Унда вазирга нима деб мурожаат қилиши керак? Оддийгина қилиб “инче” десинми? У икки ойдан бери вазирни олиб юрибди. Шу вақт ичида неча бор туан деб айтган бўлса, ҳар сафар эътироз билдирди. Ахир, газетада ҳам баъзан шунақа ёзишади-ку. Хизматчилар ва бошлиқлар ҳам шундай деб мурожаат қилишади. Унинг хотинини қандай аташ керак? “Инче” дебми? Қизиқ. Мана, икки ойдирки, Амат вазирнинг рафиқасини нима деб чақиришни билмайди. Умуман, хулоса аниқ: агар эри туан дейишни хоҳламаса, демак, хотинини ҳам…
– Бу машинани жойига қўй. Хизматга мени кичкина машинада олиб юрасан.
– Хўп бўлади.
Вазир зинапоядан иккинчи қаватга югуриб чиқди. Уйда жимжитлик ҳукмрон эди. Беш дақиқадан сўнг зинапоядан яна қадам товушлари эшитилди. Вазир катта портфель билан пастга тушди. Меҳмонхонага кирдию севимли оромкурсисига ўтирди. Унинг ёнидаги пастқам столчада бордоқда сут турарди. У сутни бир кўтаришда сипқорди. Ўша заҳоти тўла юзли оқсоч пайдо бўлди ва унинг қўлидан бўшаган бордоқни олди.
– Бордию бир воқеа юз бериб, мен вазир бўлмай қолсам, сиз нима қилардингиз, онахон Ях?
– Балки ҳозир қилган ишимни такрорлардим, – ўйламай-нетмай жавоб қайтарди оқсоч,бордоқни олиб кетаркан.
Вазир портфелни очиб, ундан қоғоз олди. Ақлли аёл. У, албатта, кетмайди. Оқсоч бўлиб хизмат қилаверади. Эҳтимол, шу уйда яшаб қолар. Вазирлар келадилар ва кетадилар, оқсоч эса хизматкор бўлиб қолаверади. Ва аввалгидай катта уйда яшайверади.
Унинг ўйлари оқсочдан хотинига кўчди, кейин Аматга, сўнгра кундалик ишларга ўтди. Қўлидаги жилдда материаллар етишмайди. Биллнинг лаганбардорликка суяги йўқ, лекин ишни билмайди. Бугун йиғилиш бор, қўлида эса керакли ҳужжатларнинг ярми ҳам йўқ. Билл, албатта, шанба куни ҳужжатларни портфелга солиб қўйишга улгурмаган. Нимани ўйлаяпти ўзи? Бугун бу ерга нима учун келди? Ахир кимдир келди-ку? Албатта, бу ўша. Амат айтди-ку…
Телефон жиринглади. Вазир бир зумга ҳужжатлардан бош кўтариб гўшакка нимадир деди ва яна қоғозларга шўнғиди. Афтидан, юзида норозилик ифодаси бор эди.
Ўша европалик қанақадир ёқимсиз, заҳарли. Нигоҳи ҳам ўткир, умуман, юз-кўзи, бурнидан заҳар томиб тургандай. Ҳатто тили ҳам аччиқ. У бошқалар ҳамма нарсани мендан ўрганиши керак, деб ўйлайди. Бу ерда аҳвол аввалгидай эмаслигини унутиб қўйганга ўхшайди. Ҳа, бу Билл деганлари олмосдай ўткир. Балки бизни ўзининг нақадар хавфли одам эканини сезмайди деб ўйлаётгандир. Бизни тентак деб билади, шекилли. У ҳалиям бир вақтлар бу ерга мустамлакачи маъмурият хизматчиси сифатида келганини ҳеч ким унутмаган деб ўйлаётганга ўхшайди.
Вазир қоғозларга шошиб кўз югуртириб чиқди, лекин унинг хаёли қоғозларни тайёрлаган ўша европалик Билл билан банд эди.
Соат ўн ярим.
Вазир қоғозларни портфелга солди, шошилиб эшикка қараб юрди. Ташқарида байроқли машина кутиб турарди.
“Ахир, кичкина машинада кел,деб айтгандим-ку! Э, ҳа!”– у бирдан хотинини эслади. Кичкина машинани хотини олиб кетган бўлса керак. Жуда жасур бўлиб қолди, ўзи машина ҳайдаяпти. Қизиқ, ким билан кетган экан? Эҳтимол, бирор вазирнинг ёки бошлиқнинг рафиқасини ҳамроҳликка олгандир.
У машинага ўтирди, Амат жинкўчалар бўйлаб шаҳарга ҳайдаб кетди. Ҳайдовчи кичкина машина хусусида ўзини қийнаб ўтирмади: афтидан, жаноб вазир тушунганга ўхшайди.

* * *

Биллнинг хонасига янги-янги ҳужжатлар олиб кела бошлашди. Улардан бирида, оч настарин рангли қоғозга босилган ҳужжатда “шошилинч” белгиси бор эди. Лекин Биллнинг хаёли бошқа нарса билан банд эди: бир соатдан сўнг жуда муҳим мажлис. Қосимни вазирликка тортиш керак, акс ҳолда унинг бой тажрибасидан фойдаланиб бўлмайди. Боб ҳам деярли кўнди, лекин лойиҳа ишлаб чиқиш билан боғлиқ лавозимга тайинланиш шарти билан. Агар Боб шу лойиҳа билан шуғулланса, барча ишлар тезда якунланарди, давлат маблағи ҳам тежаб қолинарди. Фақат европалик эмигрантларгина бундай ишларга қодир. Малайяликлар оми одамлар, уларни тезроқ бирор лавозимни эгаллаш қайғуси ўйлантиради. Улар энди бемалол мустақил ишлай оламиз, деб ўйлашади. Йўқ, йўқ, ҳали эрта. Бу мамлакатда мустақиллик эълон қилинганидан сўнг биз ҳақимизда, устозлари ва ҳомийлари тўғрисида унутмасинлар. Улар бизнинг ёрдамимизга ҳали узоқ вақт муҳтож бўлаверсин. Ахир, бу фақат бизгагина эмас, уларнинг ўзларига ҳам фойдали-ку! Аммо маҳаллий аҳоли буни тушунмаяпти. Ўзларига ҳаддан ташқари ишонишаяпти…
Тўғри, шуни тан олиш керакки, бошлиқ аҳмоқ одам эмас. Агар у малайяликлар лойиҳада иштирок этишларини талаб қилса, қўмитанинг бошқа аъзолари ҳам унга эргашади. Ҳеч бўлмаса, Линь билан Рамасами эътироз билдирар… Чунки хитойлар ва ҳиндлар малайяликларга эҳтиёткорона муносабатда бўлишади, бу эса европаликларга қўл келади…
Билл телефон гўшагини кўтарди:
– Ёрдамчини уланг.
Мияси жўшқин ишларди, фикру зикри бошлиқ билан банд эди.
– Алло, ёрдамчининг хонасими? Текшириб қўйинг мажлислар залини, тахтми?
– Ҳозир бўлади.
– Яхши.
Кўзи яна жилдга тушди:“шошилинч” белгили оч настарин рангли ҳужжат. Уни қўли билан силаб қўйди.
– Ҳа, ҳа, ҳаммаси жойида бўлади, – деган овоз эшитилди телефон гўшагидан.
У гўшакни қўйиб, ҳужжат билан танишмоққа тутинди. Жилдни очди. Биринчи сатрни ўқиди, кейин иккинчисини. Сўнг ёпти. “Кейин кўраман, кечқурун”.
Девор ортида ёзув машинкаси чиқилларди, лекин унинг “чиқ-чиқ”и қабулхонага кираётган кишиларнинг оёқ товушларини босиб кетолмасди. Тўсатдан шовқин тинди, кейин табриклар эшитилди: “Хайрли тонг, туан!”, “Хайрли кун, туан!”, “Goodmorning, Sir!” – вазир келди. Билл кўйлаги, бўйинбоғини тузатди, камарини тўғрилади. Барча ҳужжатларни тайёрладими, йўқми, қайта текшириб чиқди. Сўнг ўтирди, турди ва яна оромкурсига чўкди. Фикрларини жамлаши керак. Беш дақиқадан сўнг у хонасидан чиқди ва мажлислар залига йўл олди.
Бу ерда ҳамма нарса тайёр эди. Билл зални айланиб чиқди. Тўпланганларни диққат билан кўздан кечирди. Шу маҳал эшикдан жаноб Дато Ҳамид кирди. Уни Азмад, Линь, Қодир, Рамасами, Тан, Муту ва Шариф кузатиб келишди. Билл ҳайъат аъзоларига бир неча жумла сўз айтиб залдан чиқди-да, вазир томон йўналди. Бироқ хона олдида уни вазирнинг шахсий котиби тўхтатди:
– Бошлиқ “Ҳузуримга ҳеч кимни киритманг”, – деб тайинлаган.
Кутилмаган бу гапдан Билл довдираб қолди. Аммо ташвиш довдирашдан устун чиқди. Бунақаси ҳеч бўлмаганди. Вазир мажлис ҳақида биларди. Бошланишига атиги беш дақиқа қолди. Одатда, бу пайтда вазир уни чақириб, баъзи масалаларни аниқлаштириб оларди. Ҳозир эса уни қабул қилишни ҳам хоҳламаяпти.
– Вазир бандми?
– Ҳа.
– Олдида ким бор?
– Қонунчилик кенгаши депутати, жаноби олийлари.
Биллнинг афти буришди. Кенг пешонаси тиришди, кўзлари ичига чўкди, бурни янада хунук тус олди.
– Жаноби олийлари вазир билан учрашув тўғрисида қачон келишиб олди?
– Бугун эрталаб телефон орқали.
– Вазир билан ўзи гаплашдими?
– Йўқ, унинг илтимоси билан мен вазирнинг уйига қўнғироқ қилдим. Чунки жаноби олийлари бугун кундузи кетиши керак. Вазир уни қабул қилишга рози бўлди ва учрашувни соат ўну қирқ бешга белгилади. Чунки соат ўн бирда мажлис бор эди.
– Ҳа, чиндан ҳам соат ўн бирга мажлис белгиланган. Ҳайъат аъзолари кутиб ўтиришибди.
Билл бу гапларни ўз-ўзига айтгандай гапирди. Котиб унга жавоб бермай қўя қолди.
Билл чиқиб кетмоқчи бўлди, лекин остонадан ҳатлаши билан яна ортига қайтди ва котиб ёнида тўхтади. Унинг кўриниши ташвишли эди. Афтидан, кутилмаган нимадир юз беришидан хавфсирарди.
Ниҳоят эшик очилгач, у енгил тортди. Жаноби олийларининг вазир билан суҳбати тугаганди. Билл жаноби олийларига таъзим қилди, у бошини сал эгиб жавоб қайтарди. Қўли билан эшик дастасини тутган жаноби олийлари Биллга ўгирилди. Билл унинг ўзини аэропортдаги ҳалиги амалдор нигоҳи билан кузатаётганини ҳис этди. Жаноби олийлари жилмайди ва чиқиб кетди. Билл бўлса ҳали ҳам ўзини ноқулай ҳис этаётганди.
Вазир қабулхонага чиқди, Билл дарҳол қаддини ростлаб, енгилгина таъзим бажо келтириб:
– Хайрли кун, сэр! – деди.
Ўзи билмасдан негадир у “хайрли кун”ни малайя тилида, “сэр”ни эса инглизча айтди. Вазир жилмайди. Бу билан у нима демоқчи бўлганини айтиш қийин, аммо айбдорга тақдир кулиб боқадиганга ўхшайди. Чаққон ҳаракат билан вазир Биллнинг қўлидан ҳужжатлар солинган жилдни юлиб олди.
Шу аснода Билл ўзини кераги бўлмай қолган ва ўз жанобининг портфелини кўтариб юришгагина ярайдиган хизматкордай ҳис қилди.
У вазирни мажлислар залигача кузатди ва эшикни очиш учун олдинга шошилди, лекин эшиктутқичига вазирнинг ўзи қўл чўзди. Ҳайъат аъзолари ўринларидан туришди ва вазир улар билан илиқ саломлашди. Билл индамайгина эшикни ёпиб қўйди…

* * *

Клубда одатдагидек одам гавжум. Улар ёш хизматчилар, савдогарлар, аксарияти европаликлар эди. Баъзан клубда юксак мартабали малайялик амалдорларни ва хорижий дипломатларни ҳам учратиш мумкин эди. Бу ерда ғарб оқсуяклари клуби муҳити ҳукм сурарди. Яқиндагина ўқишни битирган малайялик ёш хизматчиларнинг айтишига қараганда, бу чинакам мустамлака клуби бўлиб,унда ёш европаликлар ва бадавлат малайялик амалдорлар, клубнинг доимий мижозлари ўзларини мустамлака анъаналарининг ворислари деб ҳисоблашарди. Фақат бу ердагина эмас, гольф майдонларида, кекса европалик амалдорлар уйларида ҳам шундай кайфият ҳукмрон эди. Аммо ёш европаликлар гольфга унча қизиқишмас, кекса хизматчилар оиласида ҳам камдан-кам бўлишарди. Ёшларнинг аксарияти ҳали оила қурмаган, бордию кимдир уйланган бўлса, хотинини бу ерга олиб келмаган.
Билл Бобни излаб топди. У бир бурчакдаги столда тамадди қилиб ўтирарди.
– Ҳаммаси расво бўлди!..– деди у.
– Биламан, – жавоб берди Боб. – Кеча бу ерга давлат котиби қонунчилик кенгаши депутати билан келди.
– Бугун эрталаб депутат вазир билан гаплашди, – деди Билл.
Боб мундштуги кулини пошнасига уриб қоқди.
– Қосим ўзининг давлат лойиҳаси билан барбод бўлади. Улар ҳали бизни излаб қолишади… – умид билан қўшиб қўйди Билл.
– Бу одамлар тушунишмаяпти, ҳали кўп нарсани биздан ўрганишлари керак. Мустақилликка эришишганмиш, буни қаранг-а!
Биллнинг лаблари янада осилиб кетди. Клуб хизматчиси бўшаган бордоқларни олиб кетиб, шўрва келтирди. Билл билан Боб қошиқларни қўлга олишди.
– Бу сафар омад мендан юз ўгирди, – деди Билл. – Улар ҳаммасини менга тўнкашди. Балки депутат кечанинг ўзидаёқ ҳар бири билан алоҳида-алоҳида гаплашиб олгандир.
– Яна нима дейишди?
– Аввалига вазир, афтидан, атайлаб менга ишлар қандай аҳволдалигини изоҳлашни, кейин ўз нуқтаи назаримни билдиришни сўради. Мен гапни бу лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар анча муҳим ва мураккаб эканиданбошладим, сўнг раҳбарлик лавозимига сенинг номзодингни таклиф қилдим.
У жим қолди ва қошиқни шўрвали ликопчага қўйди.
– Кейин-чи?
– Улар унчалик ҳам овоза қилиб ўтиришмади. Дато Ҳамид очиқчасига бу ишни Қосимга топширса, яхши бўлишини айтди. Вазир бўлса, Қосимнинг малайялик эканини, малайя халқининг манфаатлари унга яқинлигини қўшиб қўйди. “Бунинг устига, Қосим тажрибали ходим, олий маълумотли” эмиш, – Боб кулди.
–“Малайя халқининг манфаати унга яқин” эмиш, – такрорлади Билл нафрат билан. – Нимага кулаяпсан?
Боб саволга савол билан жавоб берди:
– Ва ҳамма рози бўлдими?
– Дарҳол.
Шўрвани жимгина ичишарди. Официант иккинчи емакни тортиш учун уларни кутиб турарди. Малайялик ёш йигит уларга яқин столда ўтирар, унинг ёнида ёш хоним – баланд бўйли келишган оқ юзли аёл ҳам бор эди.
Боб билан Билл иккинчи емакка тутинишди. Қўшни столдаги хоним ора-сира ҳавонинг иссиқлигидан нолирди.
Билл секингина:
– Хоним бу мамлакатда европаликлар учун нақадар иссиқлигини яхши билмайди, – деб қўйди.
– Лекин у ишламайди-ку, – жавоб берди Боб.
Иккаласи ҳам тиржайиб қўйишди. Биллнинг лаблари янада юпқалашди.Унинг ўткир нигоҳи ва қирғийбурни ғалати кўриниб кетди.
– Менимча, биз малайяликлар ҳис-туйғуси ва кайфиятига кўпроқ эътибор беришимиз керак эди. Балки улар ҳам худди биз сингари ўз халқи ва Ватанини севадилар, – деди кутилмаганда Боб.
Бу сўзлар Биллни лол қолдирди. Бир вақтлар руслар биринчи сунъий Ер йўлдошини учирганларида шундай ҳайратланган эди. Унинг чуқур ботган катта-катта кўзлари косасидан чиқиб кетай деди.
– Сенга нима бўлди?! Худди столни ютиб юборадигандай бўлиб турибсан, – ҳайрон қолди Боб.
– Ҳа, столинг нима, мен ҳозир бу мамлакатни ҳам, ғояларингга қўшиб сени ҳам ютиб юборишга тайёрман. Нималар деяпсан ўзи?
– Нима бало, сен Ҳиндистон ва Сувайш канали ҳақида унутдингми? Гана ва бошқалар эсингдан чиқдими? Анави қизга бир қара. У баъзи нарсаларни биздан яхшироқ тушунади.
– Мен унутганим йўқ, барини яхши тушунаман. Лекин, ахир, бу ёш давлатни биз оёққа қўйишимиз керак эмасми? Бизнинг ниятимиз эзгу-ку, малайяликлар буни тушунишни истамаяпти, холос.
– Мен лойиҳага малайялик раҳбарлик қилишида ҳеч қандай ёмонлик кўрмаяпман, – деди Боб.
– Мен ҳам қарши эмасман, – жавоб берди Билл, терлаган пешонасини арта туриб.
У шу тобда ўзини саҳрода ёлғиз қолган йўловчидек ҳис этди. Клубдан букчайиб чиқди. Унга клуб ёнидаги машиналар ҳайдовчилари худди аэропортдаги божхоначидек қараётгандек туюлди. Билл кўча бўйлаб Ҳукумат уйига қараб юриб кетди. Унинг қиёфаси шу дамда эгри таёқни эслатарди.
Сайрибоғ ёнидаги чорраҳада уни ёш бир малайялик ортда қолдириб, ўтиб кетди. Бошини хам қилиб кетаётган Билл йигитга кўз қирини ташлади. Афтини буриштирди. “Қизиқ, бу малайяликлар нимага асосланиб, қайси анъаналарга таяниб, ўз мустақилликларини тиклайди? Уларнинг Ханг Туахдан бўлак нимаси бор?..”
– Салом, туан! – таниш овоз эшитилди.
У ўгирилди ва Аматни таниб бошини кўтариб тўхтади.
– Сен бу ерда нима қилаяпсан?
– Ўтирибман, туан. Вазирни кутаяпман.
– Вазир шу ердами?
– Ҳа, туан.
Вазир иш бошланишидан ўн дақиқа олдин вазирликка етиб келгани Биллга жуда ғалати туюлди, одатда, бунақа вақтли келмасди.
– Ишлар қалай, Амат?
– Ҳаммаси яхши, туан.
– Ишинг ёқаяптими? Хурсандмисан?
– Ёққанда қандоқ, туан. Бошлиқ шундай яхшики, бундан яхшиси бўлмайди. Ўзини оддийгина қилиб “инче” деб аташимни тайинладилар.
– Бўлиши мумкин эмас! Сен уни туан деб чақиришинг керак. Ахир, унинг мартабаси меникидан ҳам юқори эканини биласан-ку!
– Ҳа, албатта.
– Қулоқ сол, сен уни “туан” деб аташинг керак. Тушундингми?
– Ахир, ўзи йўқ деса, мен нима қилай? У малайялик. У олдинги ҳайдовчиларини европаликлардай мурожаат қилгани учун ишдан ҳайдаганди-ку. Менга жуда қийин, туан. Мен оқ танли одамлар билан ишлашга кўникканман. Оқ танлиларни эса “туан” деб чақириш шарт.
– Унда билганингни қил! – Билл шундай деб лифт сари юрди.
Лифт одам билан тўла эди. Лифтда хушрўй қизчалар, бир неча хизматчилар ҳам бор эди. У лифтдагиларга баланддан назар солди. Билл бу ерда ҳаммадан бўйчан эди. Авваллари ўзини ҳамиша баланд ҳис этарди, лекин ҳозир негадир бундай туйғуни ҳис қилмади. Юраги унга “Балки Боб ҳақдир,– деб шивирлагандай бўлди.– Эҳтимол, Амат ва ҳалиги малайяликнинг шериги ҳам ҳақдир…”
У лифтда турган хизматчиларга назар солди, лифт бошқарувчига қаради. Йўқ, ҳеч ким унга бугун эрталаб аэровокзалда божхона амалдори нигоҳ ташлагандай қарамасди.

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 8-сон