Александр Беляев. Жаҳонгир (роман)

БИРИНЧИ ҚИСМ

I. НАПОЛЕОНЛИККА НОМЗОД

— Кўйлагимга сув сачратяпсиз, Штирнер! Эшкак эшишни билмас экансиз.
— Мана шу-да! Хотинлар қайиқда сайрга чиқишдан олдин оддий сув ҳам доғ қолдирадиган матодан кўйлак кийиб олишади.
— Бу гапни Жером-Жеромдан, унинг «Қайиқдаги уч киши» ҳикоясидан олгансиз, тўғрими?
— Жуда билағонсиз, хоним. Бу нарсани Жером мендан кўра олдинроқ пайқаган бўлса, айб менда эмас. Қайиқда тўрт киши эмас, беш киши ўтирганда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди.
— Биз фақат тўрт кишимиз, — деди скамейкада ўтирган Эмма Фит.
— Тилла сочли маликам, — жавоб берди Штирнер, — Жеромнинг қайиғидаги тўртинчи йўловчи кучук эди. Бизнинг қайиғимиздаги биринчи йўловчи эса менинг кучугим Фальк…
— Нега энди биринчи бўларкан?
— Чунки у бениҳоя заковатли. Фальк! Фит хонимнинг рўмолчасини олиб бер, кўрмаяпсанми, ерда ётибди?
Фальк, оппоқ чиройли исковуч, сакраб туриб рўмолчани келтириб берди.
Ҳаммалари кулиб юборишди.
— Кўрдингизми! — деди Штирнер мамнуният билан. — Глюк хоним, менга турмушга чиқинг! Икковимиз кучуклар ўйнайдиган сайёр цирк очамиз. Мен масхарабозларнинг сариқ ясама сочини кийиб олиб, кучукларни боплаб ўйнатаман, сиз эса кассада ўтирасиз. Бир тасаввур қилиб кўринг-а: одамлар ёпирилиб келиб турибди, бу ёқда кучуклар ўйнаб ётади, кассада эса жарақ-жарақ пул… Томоша тугаганидан кейин вафодор тўрт оёқли дўстларимиз билан бирга базми жамшид қиламиз. А? Зўр-а? Ҳарҳолда Карл Готлибнинг қўлида ишлаб юргандан кўра яхши-да.
— Илтифотингиз учун раҳмат, лекин мен бунақа саёқ турмуш кечиролмайман.
— Ҳм… Шунча бойлигингиз билан мен сизга бас келолмайман-да, а?
— Қанақа бойлик?— ҳайрон бўлиб сўради Эльза Глюк.
— Нега ажабланяпсиз! Худди ўз бойлигингизни билмайдигандай гапирасиз-а. Тициан чизган Венераникига ўхшаш ажойиб сочларингиз… Табиий ранги шунақа-ку ўзи, а? Жаҳлингиз чиқмасин, биламан, ранги табиий. Тициан чизган аёллар эса сочларини махсус моддага бўяшар экан. Ҳатто ўша модданинг рецепти ҳам сақланиб қолган, дейишади. Мана, кўрдингизми, Тицианга илҳом берган не-не гўзаллар ҳам она табиат сизга рецептсиз инъом этган нарсани сунъий тарзда яратишар экан… Осмондай мовий кўзларингиз-чи? Уларга ҳам бўёқ тегмаганига юз фоиз ишонаман…
— Қўйинг-э..
— Тишларингиз эса нақ дурнинг ўзи.
— Бу ёғи кетаваради — ақиқ лаблар дейсиз, шунақами? Гўё одамови банкирнинг секретари эмасу тилла магазинда ишлайдиган заргарга ўхшайсиз-а. Бўлмаса мен ҳам мана шу заргарона хушомадингизга яраша жавоб қиламан! Чўзинчоқ юзингиз, узун бурнингиз, узун сочларингиз, узун қўлларингиз, мабодо, сунъий эмасми?
— Нима, сиз думалоқ нарсаларни яхши кўраcизми? Отто Зауерникидай думалоқ юз, думалоқ кўзлар, эҳтимол, ўн йиллардан кейин тарвуздай келадиган олтинларга эга бўлсангиз, шундайми?
— Жудаям беор экансиз,— деди Эльза Глюк қизариб-бўзариб.
— Қўйинг, бировнинг чўнтагидаги ақчани санаманг,— сўз қотди Готлибнинг юрисконсульти Зауер. Унга Штирнернинг Эльзага қилган муомаласи ёқмаган, бинобарин, ботаётган қуёш нурида қизғиш рангга бўялган дарёда, қайиқда ўтириб индамай эшкак эшиб борарди.
Штирнер қалтис ҳазил қилиб қўйганини англаб, энди жиддий оҳангда гапира бошлади:
— Кечирасиз, ҳеч кимни хафа қилиш ниятим йўқ. Шунчаки, севгида ҳам ҳамма соҳада бўлгани каби яшаш учун кураш қонуни мавжуд демоқчиман, холос. Ким зўр бўлса, ўша ғалаба қозонади. Эркак буғулар ҳам ургочисини деб ўлгунича бир-бири билан олишади. Зўр чиққани урғочисига эгалик қилади. Жамиятимизда-чи? Ким зўр? Бойлиги бор одам зўр. Айтинг-чи, хоним,— Штирнер Эльзага мурожаат қилди,— мен ҳам анави Крез, йўқ, ундан ҳам бадавлатроқ,— ҳурматли Карл Готлибга ўхшаганим-да,— аёлларга менинг юзим кўпам чўзинчоқ кўринмаган бўлармиди?
— Баттар бўларди,— кулиб жавоб берди Эльза.
— Э! — деди норози оҳангда Штирнер.— Сиз шу ҳуснингиз билан манман деган Готлибларни чертиб-чертиб танлаб олишингиз мумкин. Шунинг учун шунақа деяпсиз. Аммо бизга ўхшаган оддий секретарлар, тўкин дастурхонга тикилиб сўлагини оқизиб ўтирадиган, бировларнинг маишатини кузатиб, ўзи нон-ушоққа зор бўлган нотавонлар нима қилади?
— Қаёқдаги гапларни гапирасиз-а, Штирнер! — деди Фит.
— Узр, бундан кейин эҳтиёт бўлиб гапираман… Софдиллик,— давом этди Штирнер,— тепамизда турганлар фойдаланадиган бизнинг иллатимиздир. Гейне: «Софдиллик — ажойиб нарса, агар атрофдагиларнинг ҳаммаси софдил бўлса-ю, фақат бир ўзим уларнинг орасида қаллоб бўлсам»,— деган экан. Модомики, атрофдагиларнинг ҳаммаси,— бу ерда ўтирганлар бундан мустасно,— ёппасига қаллоб экан, бахтга эришмоқ учун,— шундай деб, у Эльза Глюкка маънодор қараб қўйди,— шу даражада бошқа қаллобларнинг ҳаммаси олижаноб кишилар бўлиб туюлсин.
— Нима бало, Штирнер, бугун чап ёнингиз билан турганмисиз? — яна гапга аралашди Отто Зауер.— Ҳазилларингизнинг таги зил бўлиб кетяпти.
— Шунақами? — деди Штирнер беихтиёр ва бошини хам қилиб, индамай қолди. Бир зумда юзига кексалик ифодаси инди. Пешонасига чуқур ажин тортилди. У гўё қандайдир қийин муаммони ҳал қилаётгандай оғир ўйга ботди. Фальк бир оёғини унинг тиззасига қўйиб, юзига қаттиқ тикилиб турарди.
Эшкаклар Штирнернинг қўлида ҳаракатсиз қотган, ундан томаётган сув томчилари шафақ яллиғида қонга ўхшаб кўринарди.
Эльза Глюк Штирнернинг ногоҳ сўлгинлашиб қолган чеҳрасини кўриб, бир сесканиб кетди ва худди кўмак сўрагандай Зауерга қаради.
Кутилмаганда Штирнер эшкакларни қўйиб юбориб, хахолаб кула бошлади.
— Менга қаранг, Эльза хоним, бирданига ер юзидаги энг қудратли одамга айланиб қолсам нима дейсиз? Бир оғиз сўзимга, биттагина ишорамга ҳамма худди Фалькдай сўзсиз итоат этса, а?.. Фальк! Опке! — буйруқ қилди Штирнер сувга хипчинни улоқтириб. Фальк шу заҳотиёқ қайиқдан ўзини сувга отди.— Мана шунақа! Бутун ер юзига ҳукмдор бўлганимдами?
— Биласизми, Штирнер,— деди Эльза,— юзингиздан ёш кўринасизу, лекин юз тузилишингиз худди алмисоқдан қолгандай туюлади одамга. Бунақа башаралар оила альбомларидаги суратларда кўпроқ учрайди. Уларни кўрсатиб, одатда: «Мана бу бобомнинг ёшлиги» деб қўйишади. Сиз ҳам ўша «бобомнинг ёшлиги»га ўхшаб кетасиз. Йўқ, сиздан мутлақо Наполеон чиқмайди. Чиқса ҳам биржа доирасидаги митти Наполеон чиқади, холос.
— Ҳали шунақами? У ҳолда мен сизни тожу тахтдан, саройдан, олтин файтону гавҳар маржонлардан, жамики маҳраму чўриларингиздан маҳрум этаман. Мурувватимдан бенасиб бў-ласиз. Шуни билингки, мен сизни мутлақо севмайман. Азбаройи илтифотингизга муяссар бўлмоқ учун ўрта аср рицарларига ўхшаб ўзимни юз балога урмоқчи ҳам эмасман. Мутлақо! Сиз мен учун фақат ютуқларимнинг бир ўлчовигинасиз. Гапнинг пўскалласи шу!
— Начора! Энди балки эшкакларга зўр берарсиз? Уйга қайтиш керак.
Штирнер қайиққа шалаббо бўлиб кетган Фалькни тортиб олди. Кучук бир силкинган эди, ҳаммага сув сачради. Глюк билан Фит қичқириб юборишди.
— Кўйлакларингиз расво бўлди,— деб кесатди Штирнер эшкакларни қўлига оларкан.
Қайиқ оқим бўйлаб тез сузиб кетди. Офтоб ўрмон ортига беркинди. Дарёнинг юқори томони тилладай ярқирар, қайиқ атрофларига эса кўкимтир кўланка тушган эди. Зах ҳиди ди-моққа уриларди. Эмма елкасига жун рўмолини ташлаб олди.
Ҳамма сукутда эди. Дарё сокин оқарди. Аҳён-аҳён майда балиқчалар ойнадай сув сатҳидан отилиб чиқарди-да, тангаларини бир ярқиратиб, яна шўнғиб кетарди.
— Мен сизни бу қадар шуҳратпараст деб ўйламаган эдим,— деди Зауер жимликни бузиб.— Шунчалик экан, илмий мартабани ташлаб, Готлибнинг бизга ўхшаган одми хизматчилари сафига ўтишга сизни нима мажбур қилди? Агар янглишмасам, сиз мияни ўрганиш бўйича анчагина ишлар қилгансиз, ҳатто муваффақиятли тажрибалар ўтказганингиз ҳақида газеталарда бир қанча мақолалар ўқиганман… Сиз шуғулланган фаннинг номи нима эди? Рефлексологиями?
— Бу фаннинг нималигига менинг ҳам унчалик ақлим етмайди,— деди Эльза.
— Муҳтарам жаноблар ва муҳтарама хонимлар! — деб гап бошлади Штирнер худди олий мартабали кишиларга лекция ўқиётгандай.— Рефлексология, бу — инсоннинг ва умуман, ҳар қандай тирик мавжудотнинг ташқи муҳит таъсирига акс жавобини ўрганадиган, шунингдек, умуман, тирик мавжудот билан ташқи муҳит ўртасидаги барча муносабатларни ўз ичига олган фандир. Тушунарлими?
— Сираям тушунмадим! — деди Эльза.
— Бўлмаса, соддароқ қилиб тушунтиришга ҳаракат қиламан. Рефлекс, бу — организмнинг бир нуқтасида юз берган қўзғалишни марказ, яъни мия орқали баданнинг иккинчи бир нуқтасига етказилишидан иборат. Ташқаридан бўладиган ҳар қандай таъсир сезиш органлари орқали мияда рефлекс уйғотиб, баданнинг у ёки бу органларини ҳаракатга келтиради, бошқача қилиб айтганда, реакция қўзғайди. Бола қўлини оловга чўзади. Олов куйдиради. Оловнинг терига кўрсатган бу таъсири нерв орқали мияга етиб боради, миядан эса дарҳол қўлга акс жавоб келади: бола қўлини оловдан тортади. Олов тушунчаси болада оғриқ тушунчаси билан боғланиб кетади. Бинобарин, ҳар гал оловни кўрганида бола қўрқиб, қўлини тортиброқ туради. Бу ҳодиса илмий тилда шартли рефлекс, деб аталади. Бошқа, мураккаброқ мисол келтираман. Сиз кучукка овқат берасиз, ҳар гал у овқатланаётган пайтда тепасида сивизға чалиб турасиз. Овқат вақтида кучукнинг оғзидан сўлакайи оқади. Орадан бирор муддат ўтгач, сивизға садоси кучукнинг онгида таъм сезгиси билан чамбарчас боғланиб кетгандан кейин, сивизға чалишингиз билан ўз-ўзидан кучукнинг сўлакайи оқйб тушаверади. Шартли рефлекс, дейишади буни! Қизиғи шундаки, инсоннинг бурч, садоқат, мажбурият, виждон каби энг «муқаддас» туйғулари ҳам худди кучукнинг сўлакайидай шартли рефлексдан иборат. Бундай рефлексларнинг пайдо бўлиш жараёни мураккаброқ, аммо моҳияти ўша-ўша. Шу жиҳатдан қараганда, ростини айтсам, ҳалиги юксак фазилатларга кўпам эътиқодим йўқ. Назаримда, ана шу сўлакайнамо хислатлардан кимлардир манфаатдорга ўхшаб туюлади баъзан, кимдир дин, ахлоқ, бурч, виждон сивизғасини чалади-ю, биз эса аҳмоқ бўлиб сўлакайимизни оқизиб ўтирамиз. Бу кўҳна туйғулардан воз кечиб, эски ахлоқ нағмасига ўйнашни бас қилиш вақти етмадимикин?
Зауер гапни бошқа ёққа буриш учун яна Штирнердан нима учун олимликни ташлаб кетганини сўради.
— Шунақа нарсаларни биласизки, Штирнер, — деди у. — Эҳтимол илм оламида тезроқ ном чиқариб, машҳур бўлиб кетармидингиз.
— Олимликдан воз кечганимнинг сабаби бор, муҳтарам Зауер, — жавоб берди Штирнер кўзларида муғамбирона ифода билан. — Мен мингга яқин одамнинг миясини ёриб кўрганман, лекин ишонасизми, бирортасида ҳам ақл деган нарсага дуч келганим йўқ. Шундан кейин мияни чиройли қилиб қовурсагина дуруст бўлар экан, деган хулосага келганман.
— Яна алжйяпсиз!— Фитнинг овози эшитилди орқадан.
— Узр, узр! Лекин ишонтириб айтаманки, бизнинг Готлиб одам гўштини истеъмол қилмайди. Лекин мажозий маънода, ҳа-ҳа! Масалан, у эртага эрталаб банкирлар «Тёпфер ва К°» уйини ямламай ютилишини сезиб турибман. Ўрта аср ҳукмдорлари илм билан бемалол шуғулланишган, чунки уларнинг қорни тўқ, усти бут бўлган, демоқчиман-да. Энди эса… мана мен билан Зауер банкирнинг оддий хизматчиларимиз, холос, ҳатто сиз ҳам, муҳтарама хоним, унинг машинисткаси ва стенографисткаси бўла туриб, унча-мунча фан докторидан кўпроқ маош оласиз. Кўриб турибсизки, ҳаммасини очиқ-ойдин гапиряпман. Инсониятнинг бахт-саоддти деб ёвғон ошни афзал кўрган одам ёлғиз мен эмас бу дунёда. Тағин ким билади дейсиз? Мактабда бизга, тўғри чизиқ — икки нуқта орасидаги энг қисқа масофа, деб ўргатишарди. Аммо ,бу ҳисоб-китоб — ғирт мавҳумотдан иборат. Ҳаётда тўғри чизиқлар бўлмайди… Мана етиб келдик! Энди,— Эмма Фитга мурожаат қилди у,— қўлингизни беринг ва станциягача кузатиб қўйишга рухсат этинг.
Штирнер билан Фит олдинроқ кетишди.
Зауер прокатга олинган қайиқ ҳақини тўлади-да, Эльзани қўлтиғидан олиб, темир йўл станцияси томон жўнади.
Қоронғи тушди. Осмонда юлдузлар жимирлай бошлади. Йўл кимсасиз эди.
— Ҳавонинг авзойи бузиляпти, ёмғир ёғадиганга ўхшайди…— деди Зауер.
— Ҳа, бир амаллаб етиб оламиз,— жавоб берди Эльза.
— Бугунги сайрдан хурсандмисиз, Эльза?
— Исмимни сал бетакаллуфроқ тилга олмадингизми? — деди кулиб Эльза ва Зауерни гапиртиришга қўймай, ўзи давом этди: — Ўзингизни оқламай қўя қолинг. Анави вайсақи Штирнер бўлмаганида янаям хурсанд бўлардим. Шунақаям қуруқ бўладими одам! Қақиллайвериб қулоқ-мияни еворди-я. Тағин нуқул осмондан келади!
— Ҳа, сергапликка сергап,— деди Зауер хаёл сурганча.— Аммо-лекин, Эльза, у вайсақидан эҳтиётроқ бўлишни маслаҳат берардим.
Эльза Зауерга таажжубланиб қаради.
— Бирор эҳтиётсизлик қилдимми?— шундай деб, у қаҳ-қаҳ отиб кулди.— Йўқ, Отто, сиз шунчаки рашк қиляпсиз. Лекин рашк қилишга барвақтроқ эмасмикин? Ҳали сизга ваъда берганим йўқ. Айнаб қолишим ҳам мумкин.
— Қўйинг, қалтис ҳазил қилманг… Ҳали уни вайсақи дедингиз. Вайсақилиги тўғри, лекин эс-ҳуши жойида. Виждон ва эгри чизиқ ҳақидаги гапларини эшитдингизми? Бу жуда хатарли фалсафа. Ростини айтсам, ундан қўрқаман, сизни ва қариямиз Готлибни ўйлаб хавотирланаман. У вайсақининг гаплари бежиз эмас. Сўзларида жон бор. Нималарни ўйлаяпти у? Мабодо бирор даҳшатли ишни қилиб қўйганида ҳам сира таажжубланмайман…
Эльза Штирнернинг бирдан қарилик ифодаси инган, ботаётган қуёшнинг қизғиш нурлари ёритиб турган ўйчан чеҳрасини кўз олдига келтириб, эти сесканиб кетди. Беихтиёр Зауернинг билакларини маҳкам қисди.
— Готлибнинг ичига кириб олганини айтмайсизми! У Штирнерни бир қадам ҳам ёнидан нари силжитмайди, уйига кўчириб опкеволди… Кечқурунлари Штирнер ўргатилган кучуклари билан чолни овутиб ўтиради…
— Лекин тан бериш керак, Отто, кучуклари ҳақиқатан ҳам зўр.
— Мен буни инкор этмайман. Унинг кучуклари ҳар қандай ўргатилган ҳайвонлардан устун туради. Айниқса Фальк догани.
— Қора кўппаги-чи,— деди Эльза,— санашни билади, алфавитдаги ҳамма ҳарфларни танийди, унинг ҳар қандай буйруғини сўзсиз тушунади. Баъзан ўйласам, юрагим орқамга тортиб кетади…
— Ҳа, кўппак ростдан ҳам бало. Эҳтимол, Штирнер ниҳоятда ақлли ва талантлидир. Лекин ёвуз талант икки баравар хатарлироқ бўлади.— Шундай деб, Зауер Эльзага маънодор қараб қўйди.
— Мендан хавотир олманг, Отто. Менга унинг сеҳри мутлақо таъсир қилмайди. Шу пайтгача у менга бефарқ қарарди. Лммо бугун, юзига қараб туриб… Нима дейишимни ҳам билмайман… Эҳтимол, биз ноҳақдирмиз. Вой, нима у?..
Қоронғилик қаъридан Фальк шовқинсиз чиқиб келиб, Эльзанинг этагидан тишлади-да, ғингшиб олдинга тортқилай бошлади.
Зауернинг жаҳли чиқиб, итни ҳайдашга тушди. Унинг бу ишидан Эльза кулиб юборди.
— Жуда иримчи бўлиб кетяпсиз, Отто. Штирнер бизни чақириш учун Фалькни юборган бўлса керак.

Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.