Луи Жерменга
Сизларнинг эркин академиянгиз менга муносиб кўрган мукофот учун менда уйғотган миннатдорчилик ҳисси шунчалар чуқурки, у менинг шахсий хизматларимдан юқори туришини тушунаман. Ҳар қандай одам, айниқса, санъаткор обрў орттиришни истайди. Мен ҳам шуни хоҳлайман. Бироқ, сизларнинг қарорингизни эшитиб, унинг қимматини ўзим билан таққосламай қололмадим. Тўғри-да, ҳали ёш одам, унинг ягона бойлиги шубҳаларию ёзилмаган китоблари бўлса-да, бу одам ишда ҳам, биродарликда ҳам ёлғизликка ўрганиб қолган бўлса, қўққисдан уни осмонга олиб чиқиб қўядиган қарорни эшитганда саросимага тушмасинми? Бунинг устига, Европада йирик, аммо сукут сақлашга мажбур этилган ва туғилиб ўсган юртидаги туганмас мусибатларга чидаб келаётган ёзувчилар турганида, бу ёш одам ўзига кўрсатилган эҳтиромни қандай ҳис-туйғулар билан қабул қилиши мумкин?
Мен саросимага тушдим, ичимда бир ҳаяжон уйғонди. Ўзимни тинчлантириш учун менга бунчалик сахийлик қилган қисмат билан ҳисоб-китоб қилишга тўғри келди. Ва мен ўз хизматларим билангина унга лойиқман, деб ҳисоблай олмаганимдан, бутун ҳаётим давомидаги турли вазиятларда мадад берган бир нарсага таяндим. Бу — санъат ва ёзувчининг роли ҳақидаги тасаввурларим эди. Миннатдорлигим ва биродарлигим жўш урган бир пайтда бу тасаввурларимни баҳоли қудрат изҳор этишга рухсат сўрайман.
Мен ўз санъатимдан ташқарида яшолмайман. Бироқ ҳеч қачон уни бутун дунёдан устун қўймаганман. Аксинча, бу санъат менга шунинг учун ҳам керакки, у ўзини ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан четга олмайди, мен санъаткор ва бир инсон сифатида ҳамма одамларнинг ҳаёти билан нафас олишимга имкон беради. Санъат мен учун ёлғиз ижодкорнинг эрмаги эмас, умумий азоб-уқубатлар ва қувончларнинг қамровли манзарасини чизиш орқали иложи борича кўпроқ одамларга таъсир этиш усулидир. Санъат ижодкор ўз қобиғида ўралашиб қолишига йўл қўймайди, уни энг оддий ва энг умумий ҳақиқатга бўйсундиради. Кўпинча, ўзини ўзгалардан бошқачароқ ҳис қилиб, санъаткорлик қисматини танлаганлар тез орада ўз санъатларини ва оригиналлигини нима билан озиқлантиришни билмай қоладилар-да, ўзлари бошқалардан ҳеч нима билан фарқ қилмаслигини тан олиш зарурлигини тушуниб қоладилар. Санъаткор, мана шунақа, ўзи билан бошқалар орасидаги — ўзи четлаб ўтолмайдиган гўзаллик ва узилиб кетолмайдиган инсоний умумийлик орасидаги йўлнинг ўртасида зир югуравериб шаклланади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий санъаткорлар ҳеч нарсани эътибордан соқит қилмайди, улар ҳукм чиқаришни эмас, тушунишни ўз бурчлари деб биладилар. Мабодо, улар бу дунёда ниманидир танлайдиган бўлсалар, Ницшенинг улуғ бир ифодасига кўра қози эмас, ким бўлишидан қатъи назар — меҳнаткашми ё зиёли — ижодкор бошқарадиган жамиятни кўзда тутадилар. Шунинг учун ҳам ёзувчининг роли энг мураккаб масалалар билан боғлиқ. У ўз табиатига кўра, тарих яратувчиларга эмас, уни ўз бошидан кечирадиганларга хизмат қилади. Акс ҳолда у ўз санъатини йўқотиб, ёлғиз қолади. Истибдоднинг миллионлаб аскардан иборат лашкари ҳам уни ёлғизликдан тортиб чиқаролмайди, ҳатто улар билан ёнма-ён қадам ташласа ҳам. Бироқ дунёнинг олис бурчагидаги бегона бир тутқуннинг сукути ёзувчини одамлар орасига қайтара олиш кучига эга; ҳеч бўлмаса, эркинликнинг барча имтиёзлари ичида бу сукутни эслаш ва санъати ёрдамида уни овозлар билан тўлдириш имкони бўлади-ку.
Бундай истеъдодга етишиш учун ҳеч ким етарлича авлиё бўлолмайди. Бироқ, ҳаётий ҳамма ҳолатларда номаълум ёки муваққат машҳур истибдод занжирбанди ёки бугун ўз фикрларини эркин ифода эта оладиган ёзувчи одамлар билан ҳамжиҳатлик ҳиссини туйишга қодир. Бу ҳиссиёт унинг санъатига мазмун беради, фақат у ўз касбининг улуғворлигини белгилайдиган икки вазифани баҳоли қудрат бажаришга рози бўлиши керак: булар — ҳақиқат ва озодлик учун хизмат қилиш.
Модомики, унинг истеъдоди одамзодни бирлаштириш экан, у ёлғон ва қуллик билан чиқишолмайди, чунки булар ҳукм сурган жойда ёлғиз одамлар сони кескин ошиб кетади. Бизнинг шахсий ожизликларимиз нима бўлишидан қатъи назар, касбимизнинг олижаноблиги зиммамизга оладиган икки мажбуриятга — билганлар ҳақида алдамаслик ва зулмга қарши кураш — мажбуриятларимизга илдиз отган, бироқ буларга амал қилиш қийин.
Тарихимизнинг ақлдан озган йигирма-ўттиз йилида ҳамма тенгдошларим қатори давр талвасаси олдида буткул эсанкираган ва ожиз ҳолда қоларканман, бу кунларда ёзувчи бўлиш шараф деган элас-элас ҳиссиётдан ўзимга таянч топдим, шунга кўра бу таянч мажбурият юклайди ва фақат ёзиш мажбуриятини эмас. Хусусан менга, бизнинг умумий тарихимиз зарбаларини ўзига қаратганлар тақсимлаб олган бахтсизлик ва умидлар юкини кучим ва имконим қадар олиш мажбуриятини юклади. Биринчи жаҳон уруши бошларида туғилиб, Гитлер ҳокимият тепасига келганида ва сталинча қатағонлар бошланганида йигирмага кирган тенгдошларим маълумот олишни якунлайман деб турганида, ҳаёт уларни балоларга гирифтор қилди. Испания уруши ва иккинчи жаҳон уруши азоблар, қамоқхоналар ва концлагерлар қитъасига айланган Европа муаммоси олдига қўйган бўлса, бугун улар ўз ўғилларини тарбиялаши ва ядро ҳалокати олдида турган дунёда ижод қилишлари керак. Ўйлайманки, ҳеч ким улардан кўтаринки кайфиятни талаб қилолмайди. Шунинг учун, менимча, ўта тушкун аҳволга тушиб қолганидан шон-шараф, ор-номусни унутиб кўйиб, замонавий нигилизм ботқоғига кириб қолганлар билан кураша туриб, улар алдашаётганини тушунишга ҳаракат қилишимиз керак. Бироқ менинг юртимдаги ва Европадаги кўпчилик нигилизмни рад этган ва тарихни оқилона давом эттиришга киришиб кетган. Бу одамлар ҳалокатлар даврида ёппасига ўз-ўзини қириб ташлашга қаратилган интилишларга қарши очиқ-ойдин курашмоқ ва қайта тушлмоқ учун яшаб қолиш санъатани ишлаб чиқишларига тўғри келди.
Ҳар бир авлод ўзини дунёни қайта қуришга масъул деб ҳисоблайди. Мен мансуб бўлган авлод эса бундай қилолмаслигини билади. Бироқ унинг вазифаси, эҳтимол, ундан каттароқдир. Бу вазифа ер курраси йўқ бўлиб кетишига халал беришдан иборат.
Носоғлом тарихни, инқилоблар таназзули, қутурган техникаю тугаб битган мафкуралар даврини, бевосита ҳукмронлик қилаётганлар ҳамма нарсани оппа-осон қириб ташлай оладиган, бироқ ҳеч кимни ўз гапига ишонтиролмайдиган, зиёлилари эса тубанлашиб, нафрат ва зулм малайларига айланган даврни ўзига мерос қилиб олган авлод содир бўлаётган воқеалар билан келишолмаслигининг бир ўзига таяниб, ўзида ва ўз атрофида ҳаёт ва ўлимга муносиб шароитни тиклаши керак бўлади. Бу авлод, бизларнинг улуғ инкивизиторларимиз исталган дақиқада ўлим салтанатига айлантириб юбориши мумкин бўлган дунёнинг ҳалокатга учраши хатари олдида туриб тушунадики, давр билан пойга ўйнаб телбаларча югуришларда халқлар ўртасида қулликдан нари тинчликни тиклаши, меҳнат ва маданиятни яна келиштириши, одамлар орасида тотувлик кўпригини қуриши лозим. Бу улкан вазифани у қачондир бажара оладими, йўқми, номаълум, лекин дунёнинг ҳар бурчагида ҳақиқат ва озодлик бўлишига умид боғлаган, зарур бўлса, бу умидлар учун нафратланмасдан ўлишга тайёр. Бу авлод ҳамма ёқда, айниқса, у ўзини қурбон қиладиган жойларда олқишларга ва мададларга сазовор. Шунинг учун мен, сизларнинг чуқур хайрихоҳлигингизга шубҳа қилмаган ҳолда, сизлар менга кўрсатган илтифотингизни шу авлодга тегишли деб ҳисоблашни истардим.
Ёзувчилик касбининг чўққиси ҳақида гапирганда, мен, ўзининг жанговар дўстлари билан ўртоқлашиш учун, унвондан бўлак ҳеч вақоси йўқ ёзувчининг кимлиги ҳақида бир неча сўзни айтишни истардим. У ўжар ва кўнгли нозик, инсофсиз ва адолатга чанқоқ, ўз асарларини ҳамманинг кўз ўнгида уялмасдан ва мағрурланмасдан яратади, азоб ва гўзаллик ўртасида мангу овворайи сарсон ва ўзининг мана шунақанги иккига ажралишидан тарихнинг емирувчи ҳаракати йўлига қатъий тўғаноқ бўладиган ижоди учун мавзуни чўмичлаб олишга маҳкум.
Ундан тайёр жавобларни ва насиҳатларни кутиш мумкинми? Ҳақиқат сирли-синоатли, кўз илғамас, уни ҳар доим янгитдан курашиб қўлга киритишга тўғри келади. Озодлик хатарли, машаққатли ва оромбахш. Биз ҳақиқат ва озодликка қийинчилик билан, бироқ қатъий илгарилаб ва бундай олис йўлда учрайдиган заифлик дақиқаларини олдиндан кўра билган ҳолда боришимиз керак. Шуларни билган қайси ёзувчи, соф виждон билан яхши фазилатларнинг тарғиботчиси бўлишга жазм эта олади?
Менинг ўзимга келсак, тан олишим керакки, ҳозир мен айтган фазилатлардан биронтасига эга бўлолмадим. Мен ҳеч қачон дунёдан, борлиқнинг қувончларидан, болалигимдан ўрганиб қолган эркин ҳаётдан воз кечолмаганман. Бироқ, бу нарсаларнинг ҳаммасига интилиш менинг хатоларим ва адашишларимга сабаб бўлган эса-да, бу интилиш ўз касбимни яхши тушунишга ёрдам берди, ҳозирда ҳам сукут сақлаб, ўзларига зўрлаб қабул қилдирилган турмуш тарзига, эркинлик бахти ёки у ҳақидаги хотираларнинг ора-чора қисқагина йилт этиши туфайли чидаб келаётганлар билан инстинктив равишда ёнма-ён туришимда ёрдамлашяпти.
Ниҳоят, менинг кимлигим, нималар билан боғланганлигим, менинг қарзларим ва қийин эътиқодим масалалари атрофида мавҳум ҳеч нима қолмаган экан, сизлар менга муносиб кўрган бу юксак мукофотнинг ўзим учун аҳамияти ҳақида қийналмай хулоса қилишим мумкин. Айтоламанки, мукофотни, мен олиб борган курашларда иштирок этиб, ҳеч қанақа имтиёзларни қўлга киритмаган, бироқ бахтсизлик ва қатағонларнинг тузини тотганларнинг хизматларини тан олиш рамзи деб қабул қилишни хохдардим. Сўзимнинг ниҳоясида сизларга чин дилдан миннатдорчилик билдириб, ҳар қандай санъаткор ҳар куни ўзига-ўзи жимгина айтадиган қадимий содиқлик қасамини миннатдорчилик сифатида баралла айтаман.
1957 йил
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси