Алан Маршалл. Қуёш қўшиғи (ҳикоя)

“Анавини қаранг-а, ўрдак эмасми?”
“Қани?”
“Ҳозиргина сув бетига келиб қўнди. Бир дақиқа шошманг. Мана энди кўрсангиз бўлаверади”.
Қуёш нурида тобланиб ётган эркак узала тушган жойидан хиёл кўтарилди.
Иккинчи жаҳон урушида қатнашган австралиялик аскар формаси эркакнинг ёнида ёйилиб ётарди.
Бир болакай бу аскардан бироз нарида қаддини тик тутганча узоқларга термулиб турарди.
“Ўрдаклар биттами ёки иккита эканми?” – деб сўради эркак.
“Биттага ўхшайди”.
“Чинданам ўрдак эканми ўзи?”
“Бўлмасам-чи, нақ ўрдакнинг ўзи-ку!”
“Сағал кичкинароқ бўлиб кўринмаяптими?”
“Ўрдаклар сузаётганларида доим шунақа бўлиб кўринишади”. “Бориб, қуролингизни олиб келсаммикан, а?”
Шу топда болакайнинг юраги қайнаб тошарди.
“Хўш…Ҳа, майли. Олиб келсанг олиб кела қол”, – изн берди эркак оҳиста. У бир неча масофа наридаги ўрдак томонга тобора қизиқиши ортиб, кўз узмай тикилиб қолганди.
“Воажаб, ҳамма нарсага ўта иштиёқ билан қарар эканми? Бошини қандай буришини қаранг. Ҳеч нарсани назаридан қочирмайди-я. Ишончим комил, у аниқ ўрдак боласи”, – дерди у ўзига ўзи.
“Энди қуролни олиб келавермайми?” Болакайнинг сабри чидамай, борган сари оёғини қўйгани жой тополмай, турган ерида тинмай типирчиларди.
“Кел, уни яна бир лаҳза бўлса ҳам томоша қила қолайлик”, – дея унинг шаштини пасайтирди эркак. “Қара, у қандай бахтиёр. Худди урушдан катта соғинч ила уйига қайтиб келаётган пешонаси ёруғ аскарга ўхшайди. Сен унинг ерга қўнганини кўрдинг-а?”
“Ҳа-да. У аввал анави жойда учиб юрганди. Кейин мен уни сувга яқинлашаётганини кўриб қолдим. Энди қуролингизни олгани кетсам ҳам бўлар?”
“Майли, майли”, – деди эркак. “Бориб кела қол.Унгача мен ўрдакчани томоша қилиб ўтираман”.
Болакай аввал аста-секинлик билан қадам ташлаб, кейин эса зипиллаганча тепалик устидаги станция томон чопиб кетди.
Эркак қаддини ростлади. Жажжигина ўрдакча унга шу дамда урушнинг қонли лавҳаларини эслатиб юборганди.
Хўп, яхши, бу-ку битта қуш экан, бу митти мавжудот бир аскар бошига тушажак кўргуликлардан зиғирча ҳам таҳликага тушмайди. Унинг учун ҳаёт ва бахт – озод Парвоз! У Бобо Қуёшнинг ҳароратли қўшиғини тинглаш учун ўзининг жимитдаккина жонини эсон-омон кўтарганча осмону фалаклар бўйлаб учиб кетаверади…Ҳатто ажал нафаси уфуриб турган қуюқ чакалакзорлар устидан ҳам қулочларини кенг ёйганча эмин-эркин учиб ўтаверади у…

Ҳозиргина бўлиб ўтган воқеани ёш аскар яна бир марта ўз қулоқлари билан эшитиб, ўз кўзлари билан кўриб гувоҳи бўлди. Японлар қоқ тунда келиб бўлишган экан. Улар аллақачон ерга қўниб, аскарлар томон ҳужумга ўтгандилар; зим-зиё кечада, ёғий аскарлари бирин-кетин сув бетидан бош чиқаришиб, кўпайиб боришарди. Улар бир дафъа бўлса-да ортга чекинишмади. О, бу наъралар…ўлдиришлар…кўтарилаётган ва йиқилаётган одамлар…
Кейин улар яширинган қалин чакалакзор ва уйга томон элтувчи адоғсиз йўл аскарнинг кўз олдида жонланди.
Оҳ! Яна ўлдиришлар, ўлдиришлар! Ўлдиришлар!

Собиқ аскар ортига ўгирилиб, ҳалиги болакайни қўлида қурол билан ҳаллослаганча югуриб келаётганига кўзи тушди. Аскар яна ўрдак томонга боқди.
Ўрдакча очиқ сув қучоғида бемалол, бехавотир сузиб юрарди.
Шунда аскар эркак ердан битта тошчани қўлига олди-да, уни ўрдакчанинг ёнгинасига тушадиган қилиб улоқтирди.
Ўрдакча чўчиб сувдан кўтарилди-да, ҳавода баланд бўлиб учиб кетди, бир нафасдан сўнг яна олисроқдаги сув бетига қўрқа-писа қўнди.
“Нима қилиб қўйдингиз?”- деди болакай йиғламоқдан бери бўлиб. “Биз энди уни сира ҳам тута олмаймиз!”
Аскар индамасдан ерда ётган формасини йиғиштириб олди-да, шошилмай кийина бошлади.
“Йўқ”, – деди у хотиржам. “Биз уни ҳеч қачон тута олмас эдик”.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси