Минг тўққиз юз ўн тўртинчи йили – биз томонларни қиёмат қойимдай қурғоқчилик балоси босган, беадоқ яйловларда сурув-сурув қўй ва сигирлар очлик ва сувсизликдан ер тепиниб-тиришиб тош қотган. Шу пайтларда Дан Мэннион амаки етмиш саккиз ёшда эди. Етмиш саккизга чиққунча, эҳ-ҳе, нималарни кўриб улгурмаган дейсиз. Бечора, сўққабошликда ўзи билан ўзи гаплашадиган бўлиб қолган, баъзан-баъзан тунлари сербарг қарағайларни аранг ёриб ўтиб, уйини хирагина ёритиб турган юлдузларга ёки черков дарвозаси устида пашшаларни чарх уришга мажбурлаётган фонусга қарата алланималарни айтиб қичқирарди. Дан амакининг чеҳраси эса туганмас урушда вайронага дўнган ўйдим-чуқур уйга ўхшар, катта-катта очилган кўзларида мангу савол аломати қотиб қолган эди.
У эски-туски ёғочлардан, йўл-йўл бўртма чизиқли занглаган темир тунукалардан ўзига тиклаб олган кулбада ёлғиз яшар, кулбаси мана ман деб турган тўртта баҳайбат қарағайнинг тагида, черков ортидаги яйловга ёпишибгина турарди. Тўртта қарағайнинг шохлари бир қарасанг кулба ичидан ўсиб чиққанга ўхшар, яна бир қарасанг худди айқашиб кураш тушаётган паҳлавонларнинг қўлига ўхшаб кетарди. Паҳлавонлар ҳам бири бирини қучоқлаб, қотиб қолгандай, энди ажрашолмай, фақат шамол эсган пайтларида узундан узоқ оҳ тортиб, чайқалар эди, холос. Қарағайларнинг илдизи ботган тупроққа қалин ва юмшоқ игнабаргли қатлам тўшалган; кузда, ёмғир тинмай севалаган пайтларда игнабарглар орасидан каттакон қалпоқларини бошга илиб улкан замбуруғлар пайдо бўларди.
Бундай пайтларда, айниқса тонгсаҳарда кулбанинг ўзи ҳам ер остидан чиққан замбуруққа ўхшаб қоларди. Уй атрофини моғор қоплаб олар, томдан то ергача ҳамма жойни хирмон-хирмон игнабарглар уюми босиб кетарди. Эшик олдида ёғоч ўриндиқ турар, ғарб томонда уфқ қип-қизил бўлиб ловулларди. Шундай дим кечаларда Дан амаки ерда ўтириб зичланган тамакидан бир бўлак ушатиб олиб, трубкасига тиқар, эзиб-эзиб босар, кейин гугурт ёқиб тутатганича, қачонлардир ўзи сотиб олажак фермаси ҳақида ширин хаёлларга бериларди. Унинг назарида, бу ферма атрофида қишин-ёзин бир хил иссиқ ҳаво барқарор туради, ёқимли ёмғирлар ёғади, қалин майсалар устида семиз наслдор сигирлар ва меринослар ўтлаб юради, вақти-вақти билан жониворлар бош кўтариб, Дан амаки ишлаб юрган дарё томон қараб-қараб қўядилар – бу пайтда Дан Мэннион эпчил ва қудратли қўллари ила девор қуриб юрган бўлади: энди ҳам бу мустаҳкам девордан бирон-бир йиртқич сакраб ўтиб кўрсин-чи! Ҳа, у ўзига тегишли бўлган мулкни, яйловларни ана шундай қўриқлаш учун лом билан ўра қазиб, мустаҳкам девор ўрнатиб юрган бўлади…
Дан амаки ишлаб чарчамас, топганларини нақ эллик йиллардан буён йиғиб келмоқда эди. Шу пайтгача Дан амакини ёллаб ишлатганлар ҳам унинг қилган ишидан норози бўлган эмас, аксинча, унинг виждонли одамлигини оғиздан бол томизиб мақташар, барака топсин, қўли гул, ҳалол уста дердилар. “Мана, ишонса бўладиган касб-корли ҳунарманд, дерди иш берган одамлар, алдамайди, қинғир иш қилмайди, виждонан ишлайди, байрам демайди, бегим кун демайди, кечаю кундузи фақат иш, иш, иш…”.
Дарё ёқасидан ер сотиб олиб, семиз-семиз қўй-сигирларни ўтлатиб қўйишни орзу қилиб юрган Дан Мэннион амаки мана шундай одам эди!
Баъзан бой фермер одамлар уни бир ой, бир ярим ойга ёллаб олиб кетишар, Дан амаки бориб, хўжайиннинг гапи билан картошка чопиғими, девор тиклашми, қишга ўтин ғамлашми – нима иш буюришса, киришиб кетаверар, кўнгиллари тўлган хўжайинлар ҳам унга ҳиммат билан мўл-кўл қўлҳақи берарди, бели букилмаган чекдафтарларини қўйиндан чиқариб, унинг кўзи олдида, турган жойнинг ўзида катта-катта рақамларни ёзиб беришарди. Гарчи Даннинг ўзи ўқиш-ёзишни билмаса ҳам, қайси чек қоғозини кимдан олганини номма-ном айтиб берарди, бўлмаса-чи, бу қоғозлардаги ҳар битта имзо – унинг меҳнатига берилган баҳо, қилган ишларининг устига гултож бўлиб қўнган мукофот эди-да! Имзо чекилган ерда қаторлашиб йил, ой ва кун саналари турар, Дан амаки бу саналарни ҳам адашмасдан айтиб берар, негаки бу сонларнинг ҳар бири муҳим бир хотирани ёдга солиб турарди. Бунақа қоғозлардан нечтаси унинг доимо қулфлоғли турадиган темир сандиқчасидан жой олмаган дейсиз? Бу сандиқчанинг калитиям бегона бўлмасдан, шундоққина ипга боғланиб, сандиқчага ёпишибгина турар, яъни калитни излаб юрмаёқ ғазнақутини очса бўлаверарди. Дан Мэннион ферма сотиб олиш ҳақидаги ширин хаёлларга берилиб кетган кунлари кечаси албатта шу сандиқчани очиб, тўпланган чекларни назардан ўтказиб оларди. Бундай пайтларда у авайлаб боғланган чиройли қоғозларини бирма-бир варақлар экан, қулоғи остида чек ёзиб берган одамларнинг олқишлари ҳам эшитилгандай бўларди:
– Раҳмат-э, Дан, сен бўлмаганингда бизнинг қўлимиздан нимаям келарди-я!
– Девормисан-девор бўпти-да ўзиям, Дан. Қўлларинг олтин сенинг!..
Асл йўртоқи тулпор қўшилган ялтироқ енгил аравачада юрувчи одамларнинг оғзидан бундай мақтовларни эшитган Дан Мэннион ўзида йўқ илжайиб қўярди. Унинг номига ёзилган чек қоғозининг биринчисига бир минг саккиз юз олтмиш еттинчи йилнинг биринчи октябрь санаси, сўнгги чекка эса бир минг тўққиз юз ўн тўртинчи йилнинг ўттизинчи июнь санаси дарж қилинган. Баъзан қилинган майда-чуйда ишлар учун унга нақд пул беришар, у бу пулларга тамаки ва озиқ-овқат сотиб олар, сандиқчадаги ғазнага қўшиб ўтирмас, ғазнада бир куни келиб Дан амакига озодлик ва мулк бағишлайдиган ишончли чеклар сақланарди. Фермерлар ҳам Дан Мэннион номига ёзилаётган чеклар ўзларининг банкдаги ҳисобларига сира-сираям таъсир этмаётганлигидан қувона-қувона, салгина иш топилгудай бўлса бас, ҳаммалари Дан амакини излаб қолишарди. Дан Мэннион эса иш топилиб турганига хурсанд, ҳеч кимнинг сўзини қайтаргиси келмас, аксинча, иш қанча кўп бўлса, шунча лаззатланар, оромдан, уйқудан воз кечиб бўлса ҳам илтимосчиларнинг кўнглини топарди.
Ана шундай кунларнинг бирида, тўғрироғи, минг тўққиз юз ўн тўртинчи йилда биз томонларни қурғоқчилик босди. Тап-тақир ҳавзаларда, ёрилиб, кесаги чиқиб қолган ўзанларда, қуриб-қовжираб эгилган дарахтларнинг сояларида сурув-сурув қўй-сигирлар қаторасига оёқ чўзиб қотиб қолган, бутун теварак-атрофни сувсаб, ҳаром ўлган жониворларнинг бадбўй ҳиди, қўзғалмас-йитмас иссиқ чанг иси тутиб кетганди.
Фермерлар, энди ишчи ёллашга чўнтаклари дош бермас, уларнинг ҳатто Дан амакини ёрдамга чорлашга ҳам пуллари йўқ эди. Улар жониворларнинг оёқ чўзиб, тош қотишларига жовдираганларича қараб турар, кун бўйи ёмғир ёғишини кутишар, аммо ёмғирдан дарак йўқ эди. Нима қилиш керак? Дўконлар бўшаб қолган, бир чақа ҳам қарз бермайди, банклар пул тарқатишни тақа-тақ тўхтатган… Ҳамманинг наздида, куйиб кулга айланган яйловларда фақат жониворларгина эмас, балки одамлар ҳам томоқлари қуриб жон таслим қилмоқда эди. Дан Мэннионни ишлатиб, маза топиб юрган хўжайинлар энди у кеча-кундуз яйловларни айланиб юрганлигидан хабардор эдилар. Қарағайлар остидаги кулбадан неча чақирим узоқдаги яйловларда уни кўрганлар бор экан. Дан амаки яйловдан яйловга ўтиб юриб, жониворларнинг чанқаб ўлишларини соатлаб кузатар, қош қорайганда фонус ёқиб, қишлоқдан қишлоққа ўтар, у кўтарган фонус ёруғида қалтираган оёқлари қадам ташлагани сайин майишиб-майишиб кетар эди. Унинг икки ғилдиракли замбилғалтак судраб юрганини кўрганлар ҳам бор, уларнинг айтишларича, Дан амаки ғалтакнинг ўқини ломдан ясаб олган, замбилга эса ўлган сигир ва қўйларнинг терисини жойлаб қўяркан. Қайси жонивор ўлолмай қийналаётганини кўрса, етиб бориб бўғзига тиғ тортиб, ўлимини тезлатар, одамлар наздида мана шунинг ўзи ҳам жониворларга нисбатан раҳмдиллик бўлиб кўринар эди. Лекин Дан амакининг ўзи зор қақшаб жон топшираётган ҳайвонларга юраги ачиб, то кулбасига кела-келгунча қулоғи остидан сув сўраб маъраётган қўйларнинг овози кетмай, уйга кира-сола ўзини каравотга отар экан. Ухласа, то уйғонгунча тушида маъраётган жониворларнинг овозини эшитиб чиқар эмиш.
Дан Мэннион ўзи билан ўзи гаплашишни ҳам бас қилган, энди у нуқул ибодат қиларди. Авайлаб, чиройликкина боғланган чекларни ҳар куни яна бир бор текислаб назардан ўтказарди. Бу пулларга у салқин дарё соҳилидан ер сотиб олиб, ферма бунёд қилмоқчи эди-я…
Тери сотишдан тушган пулларни у сандиқчага солмасди, фақат еб-ичиш ва тамакигагина сарфларди. Теридан тушиб турган пуллар ҳам оз эмас, негаки, ўлаётган жониворлар сон-саноқсиз эди-да. Жониворлар ҳар куни ўлиб турибди, улар ўзларини чанқов ва очликка гирифтор қилган заминни сурув-сурув бўлиб тарк этмоқдалар. Фақат жониворларнинг бўғзига тиғ тортиб улгурсанг, бас. Дан Мэннион эса, ўзини худди ўлаётган банданинг гуноҳини авф этишга келган роҳиб сингари тутиб, ҳайвонларнинг ҳали титраётган баданидан жони чиқиб олишига кўмаклашарди. Бўғзига тиғ тортилган бечора жонивор тинчиб, оёқ чўзгани заҳот Даннинг қўлидаги ўткир пичоқ яна ишга тушар, энди ҳайвонларнинг терисини баданидан ажратиб олишгина қоларди, холос. Дан амаки ўлган жониворнинг у ёғидан ўтиб, бу ёғидан ўтиб, бир пасда ишни саранжомлаб, лошни теридан чиқариб оларди. Териларнинг питирёғ томонини ичга қаратиб, авайлаб-ўраб замбилга жойлар ва кулбаси томон узоқ йўлга тушарди. Уйида териларни ийлаб-ошлаб, туз билан ишлов бериб, қарағайларнинг тагига босиб қўяди. Оламан деб тайёр тери излаб юрган кўнчилар кўп, улар эртасигаёқ келиб, олиб кетишади.
Дим ва бадбўй ҳавода ҳориб-чарчаб уйига етиб келган Дан амаки тунлари нафаси сиқиб, баъзан ухлаёлмай қоларди. Шундай пайтларда, териларга ишлов беришдан олдин у бир стакан сувга чой содасини аралаштириб ичиб юборар, бу – бир вақтлар онаси ўйлаб топган “дармондори”, шуни ичса дамқисмалик ўтиб кетар эмиш.
Кунларнинг бирида фермерларнинг бири тонг билан келиб, ҳовуз кавлаб беришни илтимос қилмоқчи бўлди. Эшикни қанча қоқмасин, ичкаридан ҳеч қандай сас-садо бўлмади. Шундан кейин қўшнилар докторга одам юборишди.
– Юраги кўтармабди, – деди кулбадан чиқиб келган доктор. – Ўлган.
Дафн маросимида черков атрофига, қишлоқ йўлларига фермерларнинг ялтираган араваю фойтунлари тўлиб кетди.
– Унинг йиққанлари эллик мингдан кам эмас дейишяпти, балки ундан ҳам кўпроқдир, – деди жаноб Поллард жаноб Коллинзга. Дан Мэннионнинг сандиқчасидаги чекларнинг анчагинаси мана шу икки жаноб томонидан имзоланган эди.
– Бунга ишонса бўлади, – деди жаноб Коллинз уй орқасидаги яйловни кўздан кечираркан. – Топган-тутганини мана шу ерларга кўмиб қўйган бўлса керак. Одатда қари одамлар пулни ҳеч кимга ишонмайдилар, ерга кўмадилар. Хўш, вақт ҳам бўлиб қолди, мен кетишим керак. Янги йилингиз хайрли келсин!
– Раҳмат, – деди жаноб Голлард. – Сизга ҳам шуни тилайман.
Рус тилидан Музаффар Аҳмад таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 1-сон