Ўнгурларидан Сариқсув оқиб чиқувчи Олтин тоғлар тизмасидаги юксак Қоратоғнинг шўрхок ёнбағирларида бир шарпа кўзга чалинди. Эрта тонг. Офтобнинг дастлабки шафағи дарёнинг салқин тўлқинлари узра нафис тўрларини ёя бошлади. Оғир одимлаётганидан, атрофига қўрқа-писа қараб илгарилаётганидан бу қоранинг аёл киши эканлиги билиниб турарди.
Белида ингичка кийик териси, устига ёғоч пўстлоғидан тўқилган қўпол ёпинғич ташлаб олган. Оҳиста, бир-бир босиб чакалакзор четига келди, эҳтиёткорлик билан энгашиб, ердан майда-чуйда синган шох-шабба, қуриган баргларни тера бошлади. Шох-шабба ва япроқлар билан этагини тўлдирди-да, қияликдан пастга тушди.
Тонг отган, атроф бутунлай ёриша бошлаганди. Энди аёлнинг бемажол танасини зўрға кўтариб, оёқларини судраб босаётгани аниқ кўриниб турарди. Бир ғорнинг оғзига яқинлашганида ғалати товуш эшитилди. Бу янги туғилган чақалоқ йиғиси эди. Аёл энтикди. Тўпланган шох-шаббаларни ташлади-да, боласини қучоғига олди. Бағрига босди. Эмиза бошлади. Бироздан кейин чақалоқ уйқуга кетди. Аёл териб келган баргларини гўдакнинг тагига ёйди, устига ёпди. Атрофига аланглади. Ўт-ўлан камлик қиларди. У яна бир қучоқ барг териб келиш илинжида ўрнидан турди. Қирқ-эллик қадамча юрган ҳам эдики, тепадан шувуллаган овоз эшитилди. Бу пастга шўнғиган бургут қанотларининг товуши эди. Юраги “шиғ” этиб кетди. Орқага, болажони ётган ғорга қараб чопди. Лекин бургут чақалоқни панжалари орасига олганича юксалиб борарди. Аёл бу бепоён осмон султони учаётган томонга қўлларини ҳаволатганча анча югурди. Аччиқ-аччиқ ҳайқирди. Кейин яшин урган дарахтдек гурс этиб ерга йиқилди-ю, ҳушидан кетди.
Бургут бу юмшоқ ва пушти танли овни панжаларида маҳкам қисганича юксалди, юксалаверди, баланд Қоратоғнинг чўққиларидан ошиб нариги томонга ўтди. Уни бир қоянинг устига ташламоқчи бўлиб, чангалини ёзиб юборди. Чақалоқ буталар орасига тушди. Худди шу пайт пастда, навниҳоллар тагида бир она арслон болалаётганди. У эндигина дунёга келган икки шербаччани ялаб турганди. Бургут арслонни кўргач, ўлжаси атрофида бир неча бор айланди-да, яна ҳавога кўтарилиб учиб кетди.
Она арслон бу митти гўдакни ўз болалари ёнида кўриб, уни ҳам ўзим туққанман, деб ўйлади. Гўдакни Тангри ёрлақади, ўлимдан асраб қолди. Арслон болалари билан бирга уни ҳам эмиза бошлади. Кунлар, ойлар ўтди. Гўдак эмикдошлари билан улғаяр, оналари овлаб келган ёввойи ҳайвонлар гўшти билан озиқланарди. Ёши улғайган сари кучи ҳам ортиб борар, билакларида, оёқларида шер қуввати акс этарди. Биродарлари билан айқашар, курашар, уларни енгар, ерпарчин қиларди. Бу ғалабада унга ақл-фаросати ҳам ёрдам берарди. Чунки у инсон фарзанди эди…
Энди биродарлари ҳам уни кўришлари билан қўрқиб қочишарди. Бундай ҳаёт унга “Алпарслон” номини табиий тарзда берган эди.
Йиллар ўтди…
Алпарслон ўз ҳаётидан мамнун эмасди. Жўралари ўта тентак, ўзи эса бутунлай ёлғиз эди. Қанчалар еса ҳам оч, қанчалар ичса ҳам ташна, қанчалар дам олса ҳам барибир ҳорғин эди. Баъзан Сариқсув дарёси соҳилига тушар, сувда аксини кўрар, эмикдош биродарларига ўхшамаслигини сезарди. Мияси ишлаётганини, юраги уриб турганини ҳис қиларди. Худди шундай пайтларда атрофида ўрмалашиб юрган шербаччаларга биттадан шапалоқ тортиб юборар, тепиб ағдарар ва улар чиқолмайдиган дарахтлар тепасига тирмашиб, чиқиб оларди. Кейин шохдан-шохга сакрар, ҳайқирарди. Гўё чиқаётган қуёшга хитоб қилар, учиб ўтаётган булутларга тарсаки урарди. Бошқа арслонлар эса унинг олдида қаққайиб туришар, думларини ерга уришар, ёлларини диккайтириб, тишларини кўрсатишар, туйғусиз кўзларини бақрайтириб, унга ҳайрат билан қарашарди.
Шу тариқа йиллар ўтар, арслонларнинг зурриётлари кўпайиб борар, лекин унга ўхшаган бирорта бола туғилмасди…
Арслонлар тўдасига у дарғалик қиларди. Кунора ўн, йигирма арслонни олдига солиб, тоғларга олиб чиқарди, жарлардан сакраттирарди, ов қилдирарди. Кейин эса зерикиб, юраги сиқилганидан ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди.
Бир куни яна бутун тўдаси билан овга чиқишди. Тикка бир тепаликка чиқаркан, ҳамроҳлари сингари у ҳам оёқлари билан қияликка тирмашар, ириллар ва ҳайқирарди. Ниҳоят кийиклар сурувига дуч келишди. Ҳаммаёқ талотўп, айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Арслонлар шиддат билан ташланар, кийиклар жонҳолатда сакрашарди. Буталар эгилди, шохлар синди, тошлар юмалади. Бундай манзаралардан юраги сиқилган Алпарслон бир ҳатлаб у ердан узоқлашди. Қияликнинг орқа томонига ўтди. Майсалар устига чўзилди-да, ўйга толди. Кўзларини тубсиз осмонга қадаганча узоқ ётди… Шу пайт ғалати бир товуш келди. Ўз овозига ўхшаган овоз, тоғнинг этагидан чиқиб, садо келган томонга югурди. Олисдан ўзига ўхшаш бир тўда сояни кўрди: булар уч аёл, уч эркак ва бир қиз эди.
Бир-икки сакраб уларнинг ёнига етиб келди. Тўрт томонларини ўраб олган арслонлардан қўрқиб дарахтларга тирмашган, авваллари сира кўрмаган, лекин ўзига ўхшаш эканликларини энди тушунган, у икки оёқли ҳайвонларга ёрдамга шошилди. Бир ҳайқириб арслонларни бу ердан қувиб юборди. Елкаларига тушиб турган сариқ сочлари, иягини қоплаган қизғиш соқоли, одам ва арслон орасидаги ҳайбати билан уларга рўбарў бўлди. Ҳайрат билан юзларига тикилди. Юриш-туришларини кузатди. Энди у ҳам қаддини ростлади, улар сингари икки оёқда юра бошлади. Уларга янада яқинроқ келди. Ҳайратли кўзларида ёлвориш, қўрқувдан нафаслари ичига тушган бу етти шўрликка қараб балки умрида илк марта жилмайди. Инсонларгагина хос бу ширин табассум қўрқиб, даҳшатга тушган одамларга ҳаловат бахш этди. Энди улар бўзлаганча ялиниб-ёлворишар, қўлларини кўтариб омонлик тилашарди. Алпарслон бу гаплардан, бу ҳаракатлардан ҳеч нарса тушунмасди. Фақат уларнинг ўзига ўхшаш эканликларини кўриб турарди. Энди бутунлай ёнларига келди. Уларнинг энг каттароғи дарахтдан тушди. Алп уни ҳидлаб кўрди. Қўлини елкасига қўйди. Энди бир-бирига анча ўрганиб қолишди. Бу етти киши ҳам арслонлар арслони олдида бош эгиб, ундан марҳамат, мадад сўрашди. У бу вазиятга қараб туриб, шу ёввойиларнинг қалбга яқин имо-ишорасидан бир онгина бўлса ҳам инсонга айланган эди.
У имо-ишора билан қўрқманглар, деб ишонтирди. Улар ҳам қаршиларида турган йигит одам боласи эканлигини тушунишди. Лекин шунча жониворга бу йигит қурол-яроғсиз қандай амр этаётганига сира ақллари бовар қилмасди. Алпарслон чолга тақалиб келди. Унинг кийимини, соқолини қўли билан пайпаслади. Чолни титроқ босди. У ёввойи йигитнинг марҳаматини қозониш учун уни ушлаб кўрди, кейин пешонасидан ўпди. Алпарслон сесканиб, орқага тисарилди ва кўзини очди. Бу иккинчи инсонлик хислати ваҳший ўсмирга ғалати таъсир қилганди. Чунки чол мени тишлайди, деб ўйлаганди. Орага жимлик чўкди. Энди йигит узун, чатишиб кетган ҳурпайган сочларини силкитганча бир ҳайқирди-да, сакраб, улардан узоқлашди. Орқада қолганлар нимага дуч келганларини билишмас, бу ҳайвонми, одамми ёки шайтон эканлигини тушунишмасди. Орадан бироз вақт ўтар-ўтмас, ҳалиги ёввойи қучоғида бир кийик боласи билан яна пайдо бўлди. Кийикни бурдалаб уларга тарқатиб чиқди. Меҳмонларини сийламоқчи бўлди. Лекин унинг бу икроми меҳмонларини унчалик мамнун этмади. Улар хом гўшт ейишмасди. Йигит ўсиқ сочли бошини сарак-сарак қилди. Кейин қўлидаги қовурғани кемира бошлади.
Чол ишора билан алланарсаларни тушунтирди. Шох-шабба тўплаб, ўт ёқди. Халтасидан бир чимдим туз олди. Гўштнинг устига сепди, оловнинг чўғига қўйиб пиширди. Бир бурда гўштни Алпарслонга узатди. Уларга қараб ейишга тутинди. Умрида биринчи бор пишган овқат ейиши эди. Аввалига ижирғанди. Кейин яланди. Қашинди. Яна бир бор тишлаб кўрди. Ўйланди… Пиширилган гўшт унга ёқиб қолганди, роса ёқиб қолганди. Туз гўштни янаям мазали қилган эди. Завқланиб чолдан олган нарсасини ўзига қайтариб бермоқчи бўлди. Ўрнидан туриб, унинг пешонасидан ўпди. Лекин бунга қаноат қилмади. Ҳаммани ўпгиси келди. Уларнинг пешоналаридан ўпа бошлади. Навбат энг орқада ўтирган қизга келди. Кулимсираб қизга қараб юрди. Лекин қиз қизариб кетди-да, қалтираб, қўллари билан юзини беркитиб, бир-икки қадам орқага тисарилди. Бир қадам олдинга, бир қадам орқага босди, кейин тўхтади.
Аёллар бақиришди. Алпарслон ҳайрон бўлиб, уларнинг юзларига қаради. Бир тўда арслонни амрига буйсундирган бу чўллар хоқони, энди бир қизча қаршисида ожиз, ўзини йўқотган эди. У орқасига қайтди, чолнинг ёнига келди. Қошларини чимирди, кўзларини очди, муштларини қисди. Тишларини ғижирлатди. Бу аҳволни кўриб қиз йиғлаб юборди. Шўрлик ота бу муаммони ҳал қилиш учун унга алланарсаларни тушунтиришга уринди. Бир неча сониядан сўнг Алпарслон ҳам уни тушунгандай бўлди. Бошини қуйи солиб, ўйланиб қолди.
Ваҳший ҳайвонлардан қўрқмай, Алпарслоннинг ҳимоясида бир неча ҳафта шу ерда қолиб кетишди. Энди бир-бирларидан ётсирашмасди. Ўрганиб кетишганди.
Ёш қизнинг исми Ҳанку эди. Алпарслонга дарахт пўстлоғидан кийим тўқир, кийик терисидан чориқ тикарди.
Тонг пайти. Ҳанку сой этагида юзини ювиб, сочини тараётганди. Овдан қайтган Алпарслон унинг ёнига келди. Елкасида кийик бор эди. Ҳанку унга юз-қўлларини ювиш кераклигини тушунтирди. Сувда аксини кўрсатиб, сочларини, соқолини отаси ва акасига ўхшатиб кесишини сўради. Алпарслон қизнинг айтганларини қилди. Энди йигитнинг кенг елкалари ва гулгун чеҳраси яққол кўзга ташланиб қолди. Улар қўлни-қўлга бериб қўналғага қайтишди.
Алпарслоннинг етти киши билан танишганидан бери онги ўсди. Аста-секин шерикларининг тилини тушуна бошлади. Бир бўғинли сўзлар билан уларга жавоб қайтарадиган бўлди.
Бир куни унинг сўраган саволига жавоб қайтаришга уринишди.
— Дунёда бизга ўхшаган одамлар жуда кўп, — дейишди унга. — Улар кўпчилик бўлиб, улуслар ҳолида яшашади.
Бу жавобдан йигитнинг қизиқиши яна ҳам ортди ва сўради:
— Нега мен сизлардан бошқа ҳеч кимни кўрмадим? Нега сизлар бу ерга келдиларинг?
Чол унга тушунтира бошлади:
— Бу жойлар шўрхок ер. Ўт кўкармайди, экин битмайди. Одамлар яшил яйловларда, юмшоқ тупроқли ерларда экин экиб, йиртқич бўлмаган ҳайвонларни овлаб, кун кўришади. Ўзлари Чиннинг шимолидан келишаётган экан. Овулларини чинлик ёғийлар босипти. Улуслари пароканда бўлиб, моллари таланибди. Улгурган қочиб қутулибди, орқада қолганлар ўлдирилган ёхуд асир олинган. Булар ҳам қочиб улгуришган экан. Лекин йўлдан адашишибди. Баланд Қоратоғ этакларига келиб қолишибди. Неча ойлардан бери сарсари айланиб юришган экан. Улар татар эканлар.
Шунчалик тафсилотга муқобил тарзда Алпарслон уларга ўз насли — отаси, онаси ҳақида бирор хабар беролмасди. То эси киргунга қадар ўзини арслонлар орасида кўрган, арслонлар билан бирга улғайганди. Унга сут берган она арслон ўлиб кетган, эмикдош биродарлари кўпайишганди. Энди унинг ўзига ўхшаш одамларга қўшилгиси, улар билан яшагиси, айни пайтда шунча йил бирга яшаган, бирга ўсган биродарлари билан учрашиб тургиси келарди. Лекин энди унинг сариқ ёли қирқилган, тирноқлари олинган, одамга ўхшаб қолганди. Ҳанку унинг қўлидан ушлади, ўзига тортди, бўйнини эгиб, ялинди.
— Бормагин, келолмай қолсанг-чи?!
Бир куни тонг чоғи етовлон офтобга қараб тиз чўкиб, бош эгиб дуолар ўқишди, кейин бари бирга ғарбга қараб йўлга чиқишди. Алпарслон сиғинишни билмасди; қуёш нима-ю, Тангри нима — тушунмасди. Йўл-йўлакай чол ҳар кимга бир иймон нозил бўлганини тушунтирар, коинотга жон бахш этувчи қуёшга, унинг хотини ойга, уларнинг болалари юлдузларга, ерда оташга сиғинмасдан, сажда қилмасдан яшаш мумкин эмаслигини таъкидларди. Бу аҳвол кунлар бўйи, ҳафталар бўйи давом этди.
* * *
Бир ажойиб тонг эди. Алпарслон уйғониб, кўзларини уқалади. Буталарнинг орасидан Ҳанку кўринди. Шўх ва қувноқ эди. Алпарслонни ром этди. Шафақ ёришиб борарди. Орқаларида қолиб кетган Олтинтоғнинг чўққиларидан туннинг, гўё тим қора бахмалнинг нозиклашиб, сузилиб, эриб, кумуш парда ҳолига кирган сўнгги дамида булар ҳам қоя устига чиқиб, улкан қарағай тагида чўккалашганди… Буталар орасида ухлаган қушлар ҳам уйғониб, чуғурлашга тушиб кетишганди. Уфқдан бош кўтарган қуёшнинг улар устидан сочаётган заррин нурлари қушлар сайрашига қўшилиб, атрофни янада латофатли кўрсатарди. Ёввойи гуллар, тоғ чечаклари, юзларини силаб ўтган нурлар оғушида аста-секин очила бошлаганди. Ҳанку билан Алп атрофга кўз югуртиришган заҳоти ҳар бир зумрад майса узра биттадан олмос порлаб турганини кўришди. Ўзларини унутиб, орзулар оламига кўчдилар. Юзларини чиқаётган қуёшга буришди, завқ тўла кўзларини унга тикканча узоқ қараб туришди.
Энди Ҳанку аста-секин Алпга нима қилса тақлид қилишини, нима деса такрорлашини уқтирди. Улар биргаликда мурожаат қилишга бошлашди:
— Эй Қуёш, эй ёруғликнинг хоқони! Тахтинг осмони фалакдир — қанотлар етолмайди; кўшкинг кенг заминдир — сўнгсиз, адоқсиз; боғинг денгизлардир — ибтидою интиҳосиз!
— Эй Қуёш, эй дунёнинг руҳи! Кўзларимиз сенинг нуринг билан кўради, қонимиз сенинг ҳароратинг билан қайнайди, сенинг кучинг билан урар юрагимиз ҳам!
— Эй Қуёш, эй гўзаллар отаси! Чечаклар, ёноқлар сенинг ўпичларинг билан қизаргай мудом, майсалару денгизлар сенинг эркалашинг билан кўкариб турар, олмослар, кўнгиллар сенинг боқишингдан порлар ҳамиша!
— Эй Қуёш! Юзига қора парда тутган рафиқанг Ой, сариқ сочли қизларинг — юлдузлар билан бошимиз узра айлан, бизларни тўғри йўлга бошла!
— Эй Қуёш, эй юксак ва порлоқ Тангри! Томирларимизга қон, қўйларимизга куч-қувват бер… Қирларимиз семиз ҳўкизлар, адирларимиз учқур арғумоқлар билан тўлсин… Бияларимиз кетидан тойчоқлари ўйноқлаб юрсин… Сигирлар ортидан чопсин бузоқлар. Совлиқлар ёнида сакраб юрсин қўзичоқлари. Сурувнинг бир учи булоқ бошида, яна бир учи қўраларни тўлдириб турсин!
— Эй Қуёш! Шамол қанотларингни ёз! Нур толали сочларингни ёй! Мовий булут пардаларингни ёп! Шундай гўзал кўрин бизга доимо! Руҳимизни шудринг томчи мисол кўксингга бос, токи сенингдек биз ҳам мусаффо туғилиб, мусаффо ўлайлик!
— Эй Қуёш, эй ҳаётнинг соҳиби! Бизга филдай кучли, тулпор мисол учқур, тўғрул каби баланд парвоз, қўйдек ювош ўғил ва қизлар бер! Дунёни нуринг мисли зурриётимиз билан тўлдир!
— Зурриётимиз билан тўлдир!
Мурожаат тугаганди. Алпарслон ҳаяжонланиб ҳайқиришда давом этарди:
— Зурриётимиз билан тўлдир!
Атрофдаги тоғлар — қоялар акс садо берарди:
— “Тўлдир…дир!”
Кўзлари қуёшдан қамашган, томоғи қуриб қолганди. Иккаласи бирдан нам майсалар устига чўзилишди. Бошларини оҳиста кўтариб, бир-бирининг юзига тикилишди. Иккаласининг ҳам кўзлари чақнаб кетди. Кейин бир-бирининг қучоғига сингиб кетдилар.
Бу саккиз киши энди Шарққа қараб юришаётганди. Йўлда қулаган бир кулбага, сўнган ўчоққа дуч келишди. Синган бир чўкич, эзилган қозон топишди. Думалаб ётган ғилдирак эътиборларини тортди. Бу ердаги палапартиш одам изларининг сабабларини чол Алпга тушунтириб берди.
Бир куни эгасиз бияни, яна бир куни ҳўкизни учратишди. Бир неча кун бир дарахт танасини йўниш билан овора бўлдилар. Ниҳоят, бир арава ясашди. Устини шохлар билан ёпиб, ҳўкизни унга қўшишди. Гоҳ қўниб, дам олиб, гоҳ аравага қўшилган ҳўкизни ҳайдаб ойлаб йўл босишди. Ўлдирган бўрилар, тулкиларнинг териларини кийишди, овлаган кийикларининг гўштини ейишди.
Кеч кира бошлаган бир пайтда тепалик устига чиқиб олган Ҳанку чақирди:
— Қаранглар! Қаранглар!
Олисдан бир ёруғ кўринарди. Итларнинг вовуллагани эшитиларди. Тунни ўтказиб, эрталаб йўлга тушишди. Икки соатлар чамаси юришгач, бир қишлоққа кириб боришди. Алпарслон ғалати аҳволда эди. Бир жонивор ини билан одам уйи орасидаги фарқни билишга ошиқарди. Қишлоқ четида уч нафар озғин болани кўришди. Алп уларга тикилиб қаради, ўзи ҳам болалигида шуларга ўхшаган эди. У ҳам майда тошлар, таёқчалар билан ўйнаганини эслади.
Рўпараларида йилқилар уюри кишнар, сигирлар подаси ўтлаб юрарди, овул аҳолиси бегона кишилар атрофини ўраб олишди, уларни бир кексанинг уйига бошлашди. Қария шу овулнинг оқсоқоли экан. Бошдан кечирганларини оқсоқолга айтиб беришгач, коҳинлар хабар қилган, бахшилар таърифини куйлаган йигитнинг, пешонаси қашқа айиқни ўлдирадиган ботирнинг шу ўсмир бўлиши кераклигига ишонч ҳосил қилдилар.
Айиқ воқеасини Алпга гапириб беришди:
Икки кўзининг оралиғида қора доғи бўлган бу махлуқ бир вақтлар инсон эди. Отасининг мозорида қора айғирни қурбонлиққа сўйишдан огоҳлантирган онасига жаҳли чиққан, кечаси маст ҳолда уни бўғиб, чодир билан бирга ёндириб юборганди. Тун қоронғусида қуёш унинг айбини кўролмай қолган, деб ўйлаганди. Лекин Тангри кўриб турарди, уни ёруғликдан абадий маҳрум қилиш учун музлатиб қўйди. Қор уюмига айлантириб, ғор ичига қамади. Аммо мушфиқ онанинг руҳи қуёшга ялиниб-ёлворди. Тангри марҳаматидан ўғлини маҳрум этмасликни илтижо қилди. Қуёшнинг онага раҳми келди. Қор уюмига жон ато қилди. У оқ айиққа айланди. Фақат қилган жиноятининг азобини доимо тортиб юриши учун онасининг куйиб кўмирга айланган юрагини пешонасининг ўртасига ёпиштирди ва бу махлуқнинг ўлдирилишини она, ота шафқатини татиб кўрмаган бир ботир қўли билан амалга ошишини тилади. Ана шу айиқ энди ўлдирилишдан қўрқиб, неча йилдан бери овулнинг йигитларини, хусусан, етим ўғил болаларни битта-битта бўғиб, нобуд қиларди. Кимдир ўлдирилмаган бирор ҳафта ўтмасди. Бу девнинг хуружидан овул борган сари яккалана бошлаганди. Энди қишлоқда бирор йигит, бирор соғлом бола қолмаган эди.
* * *
Бундан йигирма йил аввал бу овулга олислардан, Чиннинг ичкарисидан ёлғиз бир аёл келганди. Исми Туркон Хотун эди. Бу аёл бошидан жуда оғир кунларни ўтказган эди. Эрини, болаларини Чин қароқчилари бурдалаб ташлаганди. Бир ўзи сарсон-саргардон юрганида Қоратоғ ёнбағрида сўнгги фарзандини туққан эди. Ана шу ўғил фарзандини бир бургут олиб қочган экан. Кўп юрган, қанча азоб-уқубатларни бошидан кечирган бу аёл ҳам ўтмишдан, ҳам келажакдан хабар берарди. Туркон Хотун бургут учириб кетган ўғлининг омон эканлигига, заифлашган турк-татар наслининг бир кун келиб ана шу бола туфайли яна кўпайишига, дунёнинг ҳар томонига томир отишига ишонарди. Бунинг учун эрталаб учган қушларга дон сочар, уяларига чўп-хаслар ташлар, тонг чоғи чиқаётган Қуёшдан, тунлари Ойдан, юлдузлардан ўғлини сўраб-суриштирарди. Овул аҳли бу аёлнинг авлиёлигига ишонардилар. Кўп яшади. Бир кеча ойдинда уни Ойга қараб икки қўлини чўзганича қотиб, ўлиб қолган тарзда топишди. Овулдан олисдаги бир теракнинг тагига кўмишди. Энди негадир оқ айиқ шу теракнинг тагида ин қурибди. Қўрққанидан ҳеч ким аёл қабрини зиёрат қилгани боролмасди.
Алпарслон бу ҳангомани тинглаганидан сўнг ғазабланиб у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Чодирига кириб олди. Анча вақтгача уйқуси келмади. Эрталабга яқин тушига Туркон Хотун кирди. У Алпарслонга қараб тўғри юриб келибди. Йигитнинг кўксини очиб ҳилолга ўхшаган холни кўрсатибди. Алпарслон унинг ўғли эканини исботловчи ягона далил шу хол эди. Уни ёқасидан тортибди, силкитибди:
— Уйғон!.. Ер юзи сени ва ўғилларингни кутяпти… Оламга қон бер, жон бер… Юргин ва бошқаларни орқангдан эргаштиргин…
Алпарслон босинқираб уйғонди. Ҳанку ҳали уйқуда эди. Оҳиста хотинининг манглайидан ўпди. Туриб, болтасини белига илди. Чўқморини елкасига олди. Пичоғини камарига қистирди, чодирдан чиқди. Овул атрофини айланиб келмоқчи эди. Анча вақт айланиб юрди. Уюлиб ётган қорнинг қимирлаганини кўрди. Сергакланди. Бир оқ айиқ унга қип-қизил кўзлари билан тикилиб турарди. Орқага тисарилди. Атрофга қулоқ солди. Ҳар тарафга кўз югуртириб чиқди. Бироз ўйланиб турди-да, қаддини ростлади. Шиддат билан қор уюмига ташланди. Ҳаммаёқ талотўп бўлиб кетди.
Энди қордан оппоқ кўпиклар сачрар, буғ кўтариларди. Орқа оёқларида тикка турган айиқ бошига тушган болта зарбидан ерга ағдарилди. У билан бирга терак ҳам қулаб тушганди. Алп яна сакрамоқчи бўлган айиқнинг кекирдагига узун пичоғини санчди, суғуриб, яна санчди. Ниҳоят, жонивор қулади. Алп бироз нафасини ростлади. Дам олди. Кейин айиқ терисини шилди. Бу орада ўзи ҳам жароҳатланганди. Яраларига қор босди. Қонини тўхтатди. Пўстинни орқалаб, овулга қайтди.
Алпнинг баҳодирлигини эшитган овулдошлари уни ўраб олишди. Ўлдирилган айиқнинг манглайида қора доғи бор эди. Бу белгидан неча йиллардан бери овулнинг энг жасур ёшларини бурдалаб ташлаган, кенг қирларни уларга тангу тор қилган шу айиқ қиёфасига кирган девнинг пўстини экани маълум бўлди. Улар бу айиқни ким ўлдирса, юртга ҳоким бўлишини ҳам яхши билишарди…
Овулнинг пири Алпнинг қўлидан ушлади. Уни айиқнинг инига етаклади. Бу ер Туркон Хотуннинг қабри бўлгани учун муқаддас жой ҳисобланарди. Айиқнинг дастидан бу қабрни зиёрат қилгани келишолмасди. Қария Туркон Хотун Алпарслоннинг онаси эканини тахмин қиларди. Улар ағдарилган теракнинг тўнкасига ўтиришди. Ботаётган қуёшга илтижо қилдилар. Пир шу теракнинг тагига қўмилган ва кўпдан бери зиёрат қилинмаган Туркон ҳақида гапириб берди. Йигит кечаси кўрган тушини айтди. Энди барча сир ошкор бўлганди. Алпарслоннинг Туркон Хотуннинг ўғли эканига шубҳа қолмаганди. Қария Алпарслоннинг пешонасидан ўпиб:
— Энди сенинг ёнингда қиладиган ишим қолмади, — деди.
Қуёш аллақачон ботган, атрофни қоронғулик қоплаганди. Алп ўтирган дарахт тўнкаси кўтарила бошлади. У қаддини ростларкан, аста-секин ёруғликка айланиб борарди. Теракнинг шохи айрисида ўтирган Арслон ҳанг-манг бўлиб қолганди. Дарахт бутунлай тикка тургач, нурдан ясалган устун ҳолига келди. Бир сесканди, томирлари ердан ажралди, осмонга кўтарила бошлади. Буни кўриб шошиб қолган Алп қўлини кимдир қисаётганини сезди. Ёнига қаради. Кеча тушида кўрган онаси эди. Дарахт зулмат қўйнида учиб борар, осмонда юлдуз мисол из қолдириб жанубга қараб сузаётганди. Бир пайтлар ернинг энг кучли паҳлавони бўлган Алпарслон энди осмони фалакда Асад буржига ўхшаб кетди. Қоп-қора булутлар ичидан, порлоқ юлдузлар орасидан нур таратиб парвоз қиларди. Ниҳоят, дарахт танаси Ҳимолай тизмасидаги Хон Тангри тоғининг чўққисида муаллақ туриб қолди. Шу аснода тун шарқдан юз кўрсата бошлаган Буюк Тангрининг, Қуёшнинг ҳузурида, қора чодирнинг этакларини судраганича дунёнинг бошқа бир томонига чекина бошлади. Шу пайтгача, сукут сақлаб турган Туркон Хотун ўнг қўли билан Алпнинг кўзларини уч бор силади. Йигит назаридан масофа тўсиқлари ўчди. У дунёнинг бир қисмини — Осиё ва Аврупони, Африканинг шимолий қисмини кўра бошлади. Туркон Хотун ол либосга бурканганди, оппоқ сочларининг бир қисми елкаси узра ёйилиб турарди. Иккинчи қисми бошига турмакланган сочдай ёниб турган гулханга ўхшарди. Она чап қўлини Арслоннинг елкасига қўйган, ўнг қўлини осмонга кўтариб, олисларга ишора қиларди. Тонгнинг оқ пушти пардаси сирғалиб тушган сари тиниқлашиб бораётган самога сукунат чўкарди. Шамол тинган, булутлар қилт этмайди. Арслоннинг юраги тўхтаган, кўзлари очилганди. Туркон Хотун оҳиста, ширин овозда хитоб қилди:
— Болам! Эй Турк фарзанди! Бошингни кўтар, кўкрагингни кер, атрофингга ғурур билан қара! Оёғинг остида ястаниб ётган шу кенг дунёнинг ҳокими сенсан, сенинг наслингдир. Бу оламнинг энг буюк қаҳрамонлари, жаҳонгирлари сендан туғиладилар…
Ҳамиша тириш ва излан, доимо ахтар ва юксал! Одил ва раҳмдил бўл! Қўрқитишдан, даҳшат солишдан йироқ бўл, мурувватли бўлишга ҳаракат қил!
Туркон Хотуннинг бу сўзларини тингларкан, Алпарслон кўз илғамас кенгликларга ўзгача бир ғурур, завқу шавқ билан тикилди. Кейин тиз чўкиб, онасининг қўлларини ўпди. Шу пайт дарахт қимирлади, бир силкинди-да, осмони фалакка кўтарилди ва шимолга қараб парвоз қила бошлади.
Оқ айиқ ўлдирилган жойга келгач, терак танаси ерга қайтиб тушди. Худди шу аснода Туркон Хотуннинг сиймоси ҳам сўнган бир олов мисол ғойиб бўлди.
Алпарслон қишлоққа қайтганда бутун овул аҳли майдонга тўпланганди. Қизлар рақс тушиб қўшиқ айтишарди. Алпнинг шу тонг дунёга келган тўнғич ўғли шарафига байрам бошланганди. Арслонни гўдаклигида олиб қочган бургутга тақлид қилиб, унинг ўғлининг исмини “Тўғрул” қўйишди. Туркий қавмлар шу тариқа ғафлат уйқусидан уйғониб, коинотга ёйилдилар.
Будапешт, 1334 (1918) йил, 12 март.
Туркчадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон