Тўра Мирзаев. Суҳбатлар давом этади

Қадимги юнон академияларида илм суҳбатларда туғилиб, суҳбатларда камолга етган. Ўқиш ва ўқитишнинг, ўрганиш ва ўргатишнинг бу анъанавий усули шарқ илм академиялари учун ҳам бегона эмас. Қурилган мадрасалар, хонақоҳлар, устоз уйидаги мактаблар бунинг исботи. Суҳбат асносида устоз-шогирднинг нафақат билимига, муайян касбни эгаллашига, балки унинг инсоний фазилатларига ҳам ишлов берган. Устоз шогирдида тақдирдошлик туйғуларини уйғотган.

Шу маънода академик Тўра Мирзаевнинг “Ҳоди Зариф суҳбатлари” китоби катта қимматга эга. Бу китоб ва китобдан жой олган суҳбатлар бизни бахшилар дунёсига боғлайди. Бугунги суҳбатимизда биз олим Тўра Мирзаев орқали ўзбек фольклоршунослигининг асосчиси Ҳоди Зариф, Ҳоди Зариф орқали ўзбек бахшичилигининг булбули Эргаш Жуманбулбул ўғлининг достончилик оламига янада яқинлашишни ният қилдик.

Шаҳноза Назарова: Устоз, айтинг-чи, Ҳоди Зариф Эргаш Жуманбулбул ўғли билан илк марта қаерда кўришган, қандай танишган? “Ҳоди Зариф суҳбатлари”га киритилмаган хотиралар ҳам бордир?

Тўра Мирзаев: Суҳбатимизни саволингизнинг иккинчи қисмига жавоб беришдан бошлай қолай. Устоз Ҳоди Зариф билан менинг устоз-шогирдлик мулоқотларим ўн бир йил муттасил давом этган (1961–1972). Ўша йиллари биргаликда ишлаш давомида деярли ҳар куни учрашиб турар эдик. “Ҳоди Зариф суҳбатлари” китоби эса бу мулоқотдан қирқ йил кейин ёзилган. Айрим қайдларни ҳисобга олмаганда, бу суҳбатларни мен ўз вақтида ёзиб бормаганман. Шундай қилмаганим кейинчалик менга бир умр армон бўлиб қолди. Бундай ҳолатда суҳбатларнинг қайбирлари унутилган бўлиши, қайсиларидир китобга киритилмаганлиги табиийдир.

Жумладан, мен ҳали аспирантурага ўқишга кирмасимдан олдин, 1960 йилда Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани, Жалойир қишлоғида яшовчи Мамадра­йим бахшидан (1889–1971) иккита фольклор асари ёзиб олган эдим. Бахши унинг биринчисини “Бир бой қизининг туши”, иккинчисини “Қадимги ҳикоя” дея айтиб берган эди. Биринчиси шундай бошланади:

Қиз тушини чечасига айтиб тургани:

Оч газадан чанг чиқди,
У нимадир, чечажон?
Жўра отли бир чиқди,
У нимадир, чечажон?..

Шу тариқа қиз ўз тушини ўттиз мисрада ўн беш савол тарзида баён этади. Чечаси (янгаси) ҳам уни шу маромда таъбир қилади:

Оч газадан чанг чиқса,
Совчи келар, она қиз.
Жўра отли бир чиқса,
Қуда келар, она қиз…

Иккинчиси айтишув тарзидаги яна бир бошқачароқ намуна эди:

Эшикдан келди бир гадо,
Ҳассасин тираб: – Ҳув, – деди.
Уйдан чиқди бир моҳпора:
– Уйнинг эгаси йуқ, – деди.

Кейинчалик суҳбатларнинг бирида ушбу намуналарни устозга ўқиб бериб, уларнинг жанр мансубияти ҳақидаги мулоҳазаларини сўраганимда, шундай жавоб берган эдилар: “Бу намуналар қайсидир эпик асарнинг узинди парчаларига ўхшайди. Улар қайси асар таркибида келганлигини, яъни асл манбани ҳозирча мен ҳам айта олмайман. Шу сабабли уларнинг биринчисини мавжуд мустақил ҳолида тўй маросими узвлари билан боғлиқ яхлит сюжетли, савол-жавобга асосланган мураккаб топишмоқ, иккинчисини айтишув тарзидаги лирик қўшиқ сифатида баҳолаш мумкин”. Ўшанда суҳбат давомида кутилмаганда, иккинчи намунанинг биринчи бандини ўзларича хиргойи қилиб, уни 1927 йилда Термиздан қайтиб келган таниқли фольклоршунос ва драматург Ғулом Зафарий куйлаб берганлигини айтиб, ўзбек фольклорининг дастлабки тўпловчиси ва тадқиқотчиларидан бири Ғулом Зафарий ҳақида қизиқарли маълумотларни сўзлаб берган эдилар… Шунингдек, Элбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзодалар билан боғлиқ суҳбатлар ҳам китобга кирмай қолган. Улуғ олим билан бўлган суҳбат ва мулоқотлар мавзу доираси жиҳатидан кенг ва хилма-хил бўлганки, уларни бир китоб доирасида баён қилиш имкониятдан ташқари. Агар диққат қилган бўлсангиз, китобда маиший-ахлоқий мавзудаги суҳбатлар бутунлай четлаб ўтилган. Асосий диққат фольклоршунослар, фольклор ёки фольклоршуносликнинг айрим масалаларига Ҳоди Зарифнинг муносабати ва қарашларини баён қилишга қаратилган. Шу сабабли “Ҳоди Зариф суҳбатлари” китобининг тўлдирилган иккинчи нашрини амалга ошириш ёки бошқа бир китоб яратиш керак бўлади. Бу энди келгусининг вазифаларидандир.

Энди саволингизнинг асосий қисмига келсак, мен устоздан ўз вақтида улуғ дос­тончи Эргаш Жуманбулбул ўғли билан илк марта қаерда кўришгани, қандай танишганини сўрамаган эканман. Аммо шуни қатъий айтиш мумкинки, Ҳоди Зариф Бокудаги Ўқитувчилар семинариясини битириб, 1926 йилда Ўзбекистон Маориф комиссарлиги Илмий Марказининг Ўзбекларни ўрганиш қўмитасида иш бошлаганининг дастлабки кунлариданоқ Самарқандда атоқли достончи билан танишган. 1927 йилнинг май ойида, иккинчи маълумотга қараганда, июль ойида Хатирчи тумани Қатағон қишлоғига – Пўлкан шоир ҳовлисига бориб, бу ерга етиб келган Эргаш Жуманбулбул ўғли билан биргаликда тоғ ошиб, Эргаш шоирнинг юрти – Қўшработ туманининг Қўрғон қишлоғига бориб, Қўрғон бахшилари билан учрашувлар ўтказган. Афсуски, бу учрашув ва суҳбатларнинг ёзувлари сақланиб қолмаган. Ўшанда Ҳоди Зариф, ўзининг айтишича, профессор Абубакр Диваев маслаҳати билан ўзбек халқ мақолларини 1923 йилдан бошлаб йиғишга киришган, Бокуда бўлганида озарбайжон оталар сўзларини ўрганган, халқ ижоди намуналарини тўплашда муайян тажриба орттирган, замонавий билимларни пухта эгаллаган, 21-22 ёшлардаги навқирон йигит, Эргаш Жуманбулбул ўғли эса Бухоро мадрасаларидан бирида бир муддат таълим олган, бахшилик санъатининг барча нозикликларини ипидан игнасигача пухта билган ўта маҳоратли достончи, 58 ёшдаги донишманд мўйсафид бўлган. Ёш жиҳатидан улар орасида катта фарқ бўлишига қарамай, бу икки буюк инсон умрларининг охиригача бир-бирларига нисбатан катта ҳурмат, меҳр-оқибат ва садоқат билан яшаганлар, ҳатто мен айтар эдимки, уларнинг ўзаро ижодий ҳамкорликлари ота-ўғил муносабатлари даражасидан ҳам юксакроқ бўлган. Чунки уларни бир олийжаноб мақсад – халқ дос­тонларини мумкин қадар кўпроқ ёзиб олиш ва сақлаб қолиш, Эргаш ота таъбири билан айтганда, “маорифга хизмат қилиш” бирлаштириб турар эди.

Бундай ижодий ҳамкорликни Эргаш шоир достонларини ёздираётганда қистирма мисраларда ва термаларида бот-бот такрорлаб берганлиги ҳам тўла тасдиқлайди.

Бизлар суханварлардирмиз,
Шоирларга раҳбар Ҳоди,
Тошкент элда ўз хилига
Ҳаммасига сарвар Ҳоди.

Ёки:

Тўрт шоир келибди, Ҳоди раҳбари,
Лекин суханварнинг ўзган сарвари.

Ёхуд: “Холдорхон” достонини ёздирар экан, лирик чекиниш қилиб, фольклоршунос ва достончи муносабатларига доир қуйидаги мисраларни қистириб кетади:

Суханвар ҳам афта берса,
Гапи кетмасин кўпайиб,
Бўлак сўзни айтибсан, деб
Мулла Ҳоди юрса койиб.
Энди гапни қўяйик,
Кетмасин гап кўп бўп бойиб.
Ўтган катта шоирларга
Гап айтмоққа менман нойиб.

Ўз навбатида Ҳоди Зариф ҳам Эргаш шоир ижоди ва достончилик маҳоратига юксак баҳо бериб, уни доимий равишда тадқиқ этиб келди. Умрининг сўнгги йилларида шоирдан ёзиб олинган достон ва термалардан иборат беш жилдли китобни нашрга тайёрлади. Шунда устозга: “Халқ достонлари асрлар давомида куйланиб келинади. Уларни бир бахши муаллифлигидаги асарлар тўплами тарзида нашр этсак, қандай бўлар экан? Эргаш шоир ўтганларга нисбатан бир ижоддош-ку”, – дея савол берганимизда, улкан олим шундай жавоб берган эди: “Йўқ, ундай бўлмайди. Беш жилдлига “Булбул тароналари”, дея умумий бир рамзий ном берамиз. Чунки илгари ўтган бахшилар ҳам “Булбул”, Эргаш шоирнинг ота-боболари ва момолари ҳам “Булбул”, достончининг ўзи ҳам “Булбул”. Тўпламнинг бундай номланишида асрлар давомида халқимизнинг ҳамкорликдаги оғзаки ижодкорлиги бардавомлиги ҳамда Эргаш отанинг улкан ижоддош-санъаткор эканлиги ўзининг яққол ифодасини топади. Келгусида “Фозил шоир куйлайди” деган умумий ном остида улуғ бахшидан ёзиб олинган достон ва термалардан иборат ўн жилдликни ҳам тайёрлаш лозим”. Шу тариқа “Булбул тароналари” беш жилдлиги 1971–1973 йилларда нашр этилган эди.

Бугунги кунда Қўшработ тумани, Жўш даҳаси, Қўрғон қишлоғида Эргаш Жуманбулбул ўғлининг уй-музейи ташкил этилган. Нурота тумани маркази ва Қўрғон қишлоғида шоирнинг ҳайкаллари, Самарқандда эса улуғ санъаткорлар – Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан, Ислом шоирларнинг суҳбатлашаётган ҳамда достон куйлаётган ҳолати тасвирланган монумент ўрнатилган. Ҳоди Зариф тайёрлаган ва нашр этилган “Булбул тароналари” беш жилдлиги, шунингдек, рус тилида олим тартиб берган “Песня Бульбуля” номидаги уч жилдлик кабилар ҳам улуғ достончи хотирасига қўйилган ўзига хос бир тарздаги муносиб ҳайкалдир.

Бу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим: Ҳоди Зариф вафот этгач, унинг қабрига ёдгорлик лавҳаси ўрнатишга қарор қилинди. Шунда хотира лавҳасида одатдаги расмий ёзувлардан қочиб, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг “Шоирларга раҳбар Ҳоди” термасидан бир неча сатрларни ўйиб ёзишга келишилди. Натижада, хотира лавҳаси қуйидагича кўриниш олди: “Ҳоди Зариф. Ўзбек фольклор­шунослигининг асосчиси. 20.3.1905 – 13.1.1972.

Ҳоди элнинг билимдони,
Ҳодидай эр йигит қани?!
Эргаш Жуманбулбул ўғли”.

Бу ҳам рамзий маънода фольклоршунос ва достончи хотирасини абадийлаштиришнинг, улар орасидаги ижодий ҳамкорлик бардавомлигини авлодларга етказишнинг ўзига хос бир йўлидир. Зеро, яхши амаллар ҳамиша боқийдир.

Умуман олганда, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир ва бошқа бахшиларнинг аниқланиши ҳамда улар репертуаридаги достонларнинг ёзиб олина бошлашининг ўзи бир тарих. Ўтган асрнинг 20-йиларига қадар, бахшилар ўзлари яшаётган ҳудудларда тўй-томошаларда, байрам ва тантаналарда танилган бўлсалар-да, уларнинг номлари, куйлаётган асарлари илм аҳлига, кенг халқ оммасига маълум эмас эди, вақтли матбуотда ҳам бу ҳақда айтилмасди. Шу сабабли ХХ асрнинг бошларигача ҳатто энг илғор Европа фанида ҳам ўзбек халқ эпосининг жонли оғзаки эпик анъаналари сақланиб қолмаган, кўп асрлик мумтоз адабиёти ва юксак даражадаги шаҳар маданияти уни сиқиб чиқарган, деган хато фикр ҳукмрон эди. Шу маънода жонли оғзаки эпик анъаналарда етиб келган халқ достонларини бевосита бахшилар оғзидан ёзиб олина бошланиши ўзбек фанининг буюк кашфиёти бўлган эди, дея дадил айта оламиз.

Шуни айтиш керакки, бахшиларнинг, жумладан, Фозил Йўлдош ўғлининг биринчи аниқланиши Ғози Олим Юнусов номи билан боғлиқ. Олим 1922 йилнинг ёз ойларида ҳозирги Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва қисман Фарғона водийсида тўрт ой давомида халқ урф-одатлари, уруғлар, фольклор асарлари, атамалар тўплаш учун экспедицияда бўлган. Ўшанда биринчи марта Фозил Йўлдош ўғли, Ҳамроқул бахши билан учрашиб, “Алпомиш” достонидан парчалар ёзиб олган ва бу парчалар “Билим ўчоғи” журналининг 1923 йил 1-2-қўшма сонида нашр этилган эди.

Кейинчалик Ўзбекистон Халқ Маориф комиссарлиги Илмий марказининг Ўзбекларни ўрганиш қўмитаси халқ достонларини мунтазам равишда тўплашга киришди. Ўшанда биринчи достон Эргаш Жуманбулбул ўғлидан ёзиб олинган. Ёзиб олиш ишлари асосан 1926–1928 йилларга тўғри келади. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоирларнинг ўзларидангина 40 дан ортиқ халқ дос­тонлари ҳамда ўзларининг асарлари ёзиб олинган. Бу асарларнинг ёзиб олиниши бевосита Ҳоди Зариф номи билан боғлиқ. Ҳоди Зарифнинг ўзи Эргаш Жуманбулбул ўғлидан “Равшан”, “Холдорхон”нинг бош қисми, Фозил Йўлдош ўғлидан “Ёдгор”, “Рустамхон”, Пўлкан шоир ва Фозил Йўлдош ўғлидан “Юсуф билан Аҳмад” достонларини ёзиб олган. Бир қанча достонларни бошқа тўпловчилар ёзиб олган бўлса ҳам, шу ишни ташкил қилган олим Ҳоди Зариф ҳисобланади.

Ҳаёт қизиқ экан. Бахшилар яшайдиган қишлоқларда достонларни ёзиб олишга деярли шароит йўқ. Ўша йилларда Ўзбекистоннинг пойтахти бўлган Самарқандга олиб келинган бахшилар ўз қишлоқларига тез-тез кетиб қолаверишган. Сўнг Ўзбекларни ўрганиш қўмитаси 1926–1928 йилларда Булунғур туманининг Қирқшоди қишлоғида яшовчи Муҳаммадиса Эрназар ўғли ҳовлисидаги бир меҳмонхонани ижарага олиб, ёзиб олиш ишларини ташкил этган. Бахшилар шаҳар муҳитига мослаша олмагач, шундай йўл тутилган. Шу тариқа ҳатто достонни куйлаш шароити ҳам яратилган. Бахшилар вақти-вақти билан шу қишлоқда яшаганлар. Ҳоди Зариф ўз мақолаларидан бирида: “Қирқшоди қишлоғи машҳур ўзбек халқ шоирлари – Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлканларнинг қароргоҳларидан бири, фольклор асарларини тўплашдаги фаолиятнинг қишлоқдаги муҳим пунктларидан бири бўлган”, – деб ёзган эди.

Эргаш Жуманбулбул ўғли халқ бахшиларини аниқлаш жараёнида кўплаб маълумотлар берган. Ҳоди Зариф эътирофича, Эргаш Жуманбулбул ўғли бунда халқ бахшиларини олға етаклаган. Мана бир мисол. Пўлкан шоир 1926 йилда негадир илмий ходимлардан қоча бошлаган, яширинган. Ҳатто қишлоқ шўроси раиси билан келишибми, Хатирчидан ўзи ҳақида “ўлди” деган сохта маълумот ҳам жўнаттиради. Пўлкан шоир Эргаш Жуманбулбул ўғли таъсиридагина хатосини тушуниб етади ва Қирқшоди қишлоғига келиб достонларини ёздира бошлайди. Мана сизга Эргаш Жуманбулбул ўғлининг маърифатпарварлик қиёфаси. Халқ бахшилари саводсиз эдилар, деган гапга Ҳоди Зариф мутлақо қарши бўлган. Улар улкан оғзаки билимга эга бўлган ўта донишманд кишилардир. Имлони билмаслик уларни саводсиз дейишга асос бўлмайди, деб ҳисоблаган. Бу ерда бевосита Ҳоди Зарифнинг ўзи билан боғлиқ қизиқ бир ҳолат бор. Ҳоди Зариф 1927 йилда янги ташкил этилган Самарқанд педагогика академияси (ҳозирги СамДУ филология факультети)га ўқишга кирган, икки-уч ой ўқигач, ихтиёрий равишда ўқишни ташлаб кетган. Кейин бирор олий ўқув юртида таҳсил олмаган. Номзодлик, докторлик илмий даражалари ҳам эълон қилинган ишлари бўйича берилган. Олим олий ўқув юртини ташлаб кетишининг асосий сабаби қилиб бахшилар билан учрашувларини кўрсатади. “Халқ бахшилари тимсолида буюк бир хазина топгандай бўлдим, олий ўқув юрти дарсхоналарига қатнашдан кўра ўз вақтимни бахшилар билан мулоқотлар ва улар билган асарларни ёзиб олишга сарфлашни афзал билдим. Шу маънода Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли каби улкан достон­чилар менинг маънавий устозларим бўлганлар”, деганди. Буни олимнинг, фольклор тадқиқотчисининг халқ бахшилари юксак оғзаки билимга эга эканликларининг ўзига хос эътирофи деб тушунмоқ керак. Олим уларнинг ўзини бир дорил­фунун деб қабул қилган. Шунинг учун ҳам бутун кучи, имкониятини бахшилар репертуаридаги асарларни ёзиб олиш, нашр этишга сарфлаган. Ҳақиқатда ҳам бугунги ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти фольклор архивида сақланаётган материалларга бир назар ташласак, бадиий жиҳатдан энг гўзал асарлар худди шу йилларда – 1926–1930 йилларда ёзиб олинган.

Ш.Н.: Ҳоди Зарифнинг олим сифатида шаклланишига университет таълими эмас, балки бахшилар таълими сабаб бўлган экан-да. Олим ва бахши муносабатини шундай қабул қилишимиз мумкинми?

Т.М.: Йўқ, тўла маънода бундай қабул қилиш мумкин эмас. Чунки бахшилар таълими билан тадқиқотчилик ижодкорликнинг бошқа-бошқа йўналишларидир. Чунки Ҳоди Зарифнинг олим сифатида шаклланишида, ўзининг эътирофича, мустақил ўқиб-ўрганиш, тинмай ўз устида ишлаш, доимий равишда малакасини ошириб бориш асосий роль ўйнаган. Бир гал атоқли олимдан устозларини сўраганимда: “Ана, менинг устозларим”, дея жавонда териб қўйилган китобларни кўрсатган эди. Сўнг уни халқ мақолларини тўплашга ундаган тошкентлик этнограф, профессор Абубакр Диваев хизматларини, фольклоршуносликда муқим қолишида тоғаси, биринчи ўзбек профессори, ўша йилларда Ўзбекистон Маориф комиссарлиги Илмий марказининг Ўзбекларни ўрганиш қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Ғози Олим Юнусовнинг доимий рағбатини, кейинроқ тадқиқотчилик салоҳиятининг янада ўсишида рус фольклоршуноси, академик Ю. М. Соколов билан учрашувларнинг аҳамияти мислсиз бўлганлигини сўзлаб берганди. Булар ҳақида “Ҳоди Зариф суҳбатлари” китобида батафсил ёзилган. Энди устознинг бахшилар билан ижодий алоқаси ҳақида сўзлаганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, олимлар орасида “Тадқиқотчи салоҳиятининг янада юксалишида тадқиқот объектининг, унинг текшириш мавзуси доираси хилма-хиллигининг ҳам катта аҳамияти бор” деган гап юради. Шу маънода Ҳоди Зарифнинг халқ ижодининг барча нозикликларини пухта биладиган чинакам олим бўлиб етишишида халқ бахшилари, хусусан, Эргаш Жуманбулбул ўғли ва Фозил Йўлдош ўғлининг муносиб ўрни бор. Халқ ижодининг моҳиятини тўла равишда англашда улар катта кўмак берганлар. Шунинг учун ҳам олимнинг бахшилар ҳақидаги кузатишлари бугунги кунда ҳам ҳеч қийматини йўқотмаган.

Эргаш Жуманбулбул ўғли ва Ҳоди Зариф муносабатлари, ҳамкорлигидаги иккинчи босқич 1936 йилдан бошланади. Ўша йили Ҳоди Зариф тўрт бахши – Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Абдулла шоир ва Пўлкан шоирларни улардан достонларини ёзиб олиш учун Тошкентга олиб келади. Тошкентда бахшилар маълум бир муддат тургач, ўз юртларига қайтиб кетадилар. Эргаш шоир эса қолади ва 1937 йилнинг эрта баҳоригача Ҳоди Зарифнинг уйида яшайди. Шу ерда олим ва бахши узоқ кечалар кўп-кўп суҳбатлар қилишади. “Булбул тароналари” 5-жилдига киритилган “Устозлар бисотидан” фасли ва “Ойсулув” достони ўшанда ёзиб олинган. “Хушкелди” достонини шоирнинг ўзи ёзиб топширган. Эргаш шоир бу суҳбатларда олимга кўнглини очган, бутун аждодлари – булбулнафас Жуманбулбул, момолари Тилла кампир, Султон кампир тарихидан сўзлаган, армонлари ҳақида гапирган. Яхшиси, бу ҳақда Ҳоди Зарифнинг ўзидан эшитайлик: “Суҳбатларнинг бирида Эргаш шоир, – деб ёзади Ҳоди Зариф, – ХIХ аср ўзбек достончиларининг машҳурларидан Катта Бўрон, Кичик Бўрон, Амин бахшиларни буюк ҳурмат билан таърифлар экан, шу даврнинг кексаларидан Султон кампир ва Тилла кампир номи билан донг қозонган икки шоира хотиннинг чечанлиги, таланти, достончиликдаги мавқеини устод даражасига кўтарди. Бу вақт ана шундай забардаст шоирларнинг шогирдларидан ёшликда кўпроқ таълим ололмай қолганига афсусланиб, менга шундай деган эди: – Ўғлим! Ёшликда билмабмиз, беш-олти оғиз қўшиқни ўрганиб олиб, шунга кўнглимиз ўсиб, ҳеч ерда болаларга гап бермай: “Мен Жуманбулбулнинг ўғли бўламан, қўшиқни ҳам ўзим топиб бераман, гап десанг, хирмони билан уйиб бераман”, деб кета берибмиз, бу замонга келиб, керак қилувини билмабмиз. Ёшлигимизда элда юрган шоирларнинг қадрига етмадик. Отамиз бечора, у ҳам шу гапни айтар эди: “Ёшлик қилдик, Тилла кампирдан гап – қўшиқ ўрганмадик. Биримиз – Жоссоқ, шоирларнинг устоди. Биримиз – Булбул, булбул билан қўшиқ айтишганда, ўртадагилар бизникини қилади маъқул, Тилла кампирнинг ҳам топгани шул, деб ўта бердик. Сўнг билсак, биз той эканмиз, у – тулпор, биз жилға эканмиз, у – булоқ, биз дарёмиз деганда, у – денгиз экан”.

Ш.Н.: Ҳоди Зариф Фозил шоирни ҳам, Пўлкан шоирни ҳам яқиндан билган. Мени кўпроқ қизиқтираётган нарса шуки, Эргаш шоирнинг Фозил Йўлдош ўғлида ёки Пўлкан шоирда бўлмаган қайси хусусиятларини қадрлаган ва шунчалик ўзига яқин олган?

Т.М.: Ҳоди Зарифнинг Эргаш Жуманбулбул ўғлидаги энг қадрлаган сифатлар унинг маҳоратли достончи бўлиш билан бирга дунёвий ва диний илмлар, шунингдек, мумтоз адабиётни пухта билишлигидир. У бошқа бахшилардан фарқли ўлароқ фольклор асарларини ўзига хос равишда баҳоловчи ижодкордир.

Бу ўринда Ҳоди Зариф мақолаларидан каттароқ бир хулосавий кўчирма келтириш билан юқоридаги мулоҳазаларни тасдиқламоқчимиз: “У устодларига катта ҳурмат билан қараган ҳолда ўрганган достонларини қайта ишлар, ижодий қобилиятини ишга солиб, достонларнинг бадиий қимматини ошириш учун тиришар эди. Эргаш ёзма адабиётдан ҳам баҳраманд бўлгани учун Навоийдек улуғ шоирларнинг санъатларидан озиқланганидан шерикларига нисбатан яна ҳам сўзга бойроқ эди. Унинг достонлари “Равшан”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Далли”, “Кунтуғмиш” ва бошқалар республикамиздаги бизга маълум халқ шоирларининг достонларидан бадиий ишланиши жиҳатидан анча устун туради. Достонларимизнинг кўпида шеър тузилишида примитив шакллар кўзга ташланиб тургани ҳолда, Эргаш достонларида шеър­ларнинг маълум бир қолипга солингани ва аксар изчиллик билан давом этганини кўрамиз. Эргашда қофиялар ранг-баранг. У радифдан кўп фойдаланиш билан баробар қийин шаклларни ҳам топиб ишлата билади. Эргаш достонларидаги вазн ҳам бошқа достонларимизга нисбатан бойроқ. Эргашнинг катта талант эгаси эканини унинг ҳамма асарларида кўриш қийин эмас. Шеърда сўзларни мумкин қадар иқтисод қилиш, ортиқча сўзлар билан тизимни чўзиш каби ҳоллардан қочиб, ҳар нарсанинг ўз характерини ифода эта биладиган сўзларни танлаб, бир-икки байт ёки банд билан бутун бир ҳаётий лавҳа беришга интилишда Эргаш ҳамма достончиларимизга намуна бўла олади”.

“Эргашдаги ҳофиза қувватининг кучлилиги, – деб ёзган эди Ҳоди Зариф, – кишини ҳайратга солади. У ўзбек тилидаги бирор шеърий асарни иштиёқ билан бир-икки маротаба эшитса ёки ўқиб чиқса, бошдан-оёқ эсида қолар эди”. Устоз Эргаш шоирдаги бу тенгсиз қобилиятни, унинг бадиҳагўйлик санъатини оғзаки суҳбатларда ҳам тез-тез такрорлаб турарди: “Мен ҳаётимда ноёб хотирага эга икки кишини кўрганман. Бири – тилшунос Е. Д. Поливанов, иккинчиси – Эргаш отадир. Эргаш ота бир кўрган нарсасини ипидан-игнасигача хотирасида сақлаб, батафсил айтиб бериш қобилиятига эга эди”.

Бахшилар бир-бирларидан ўрганар, ўзаро суҳбатларда бўлар эканлар, эпик асарлардаги баъзи чиройли тасвирларни, ҳатто бутун достонларни айрим етакчи, истеъдодли шоирлар номлари билан боғлайдилар. Уларнинг умумий тан олишича, “Алпомиш” достонининг бадиий жиҳатдан энг юксак талқинини Булунғур дос­тончилик мактаби вакиллари берган бўлса (бу нарса Фозил Йўлдош ўғли вариантида ўз ифодасини топган), “Равшан” достонининг бадиий баркамол талқини Қўрғон достончилик мактабининг мевасидир (бу ҳолатни Эргаш Жуманбулбул ўғли варианти ўзида тўла сақлаган). Ҳатто “Равшан” достонини Жуманбулбулнинг “уч ҳайдаган шудгори” ҳисоблайдилар. Эргаш шоир янада аниқроқ қилиб, “Равшан” достонидаги “Бизнинг ёрни кўрган борми, Ёр дарагин берган борми?”, “Қалпоқ бозори қайсиди?”, “Қундуз билан Юлдуз” достонидаги “Занги билан парвоз қилиб, Устингдан Юлдуз ўтдими?” каби шеърий парчаларни Жуманбулбулнинг устоди Бўрон бахши (Кичик Бўрон) номи билан боғлайди. “Алпомиш” достонидаги қалмоқ алпларининг муболағавий портретлари тасвирини ХIХ асрнинг биринчи ярмида яшаган муболаға услубининг йирик намояндаси Амин бахшига нисбат беради. XVIII асрнинг охири ва XIX асрда ўтган бахшиларга нисбат берилган бундай парчаларни Эргаш шоир Ҳоди Зарифга айтиб берган, олим уларни ёзиб олиб, кейинчалик “Булбул тароналари”нинг 5-жилдида эълон ҳам қилган. Эргаш ота Амин бахшидан мана бу муболағали парчани айтиб юришни яхши кўрар экан:

Ариқ бўйинда андиз,
Дарё тубинда қундуз,
Тоғларни осмонга отинг,
Тутдай тўкилсин юлдуз.

Шу тўртлик айтилганда даврада ўтирган Эргаш ота завқдан “ҳм..м, ҳмм…м, ҳмм…м” деб чайқалиб қўяр, “Мана кўрдингизми, ҳатто тоғларни осмонга отинг, тутдай тўкилсин юлдуз, дея тасвирлаган-а”, дея тўлқинланиб, ҳаракатларда ҳам кўрсатиб берар экан.

Эргаш шоир айтиб берган ҳамда Ҳоди Зариф ёзиб олган, ўтган шоирларга нисбат берилган у ёки бу бадиий парчаларни айнан ўша бахшилар яратиқлари намуналари тарзида қараш тўғри бўлмайди, балки улар аниқ бир ижрода бадиҳа йўли билан намоён бўлган ижод (қайта ижод) лавҳаларидир. Масалан, “Алпомиш” дос­тони вариантларини қиёсий ўрганиш, шунингдек, Амин бахшига нисбат берилган парчаларни Фозил шоир ва бошқа бахшилар вариантларининг айни ўринларига солиштириш шуни кўрсатдики, қалмоқ алпларининг муболағавий тасвири анча қадимий бўлиб, улар Амин бахшигача ҳам бўлган. Амин бахши эса уни янада чиройли, бадиий гўзал бир тарзда куйлаган бўлиши керак. Кичик Бўрон, Жуманбулбул ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Чунки “Равшан” достони жонли оғзаки анъанада илгаридан куйланиб келинган. Кичик Бўрон ва Жуманбулбул эса уни янада бадиий баркамол бўлишига, поэтик сайқалланишига улкан ҳисса қўшганлар. “Жуманбулбулнинг уч ҳайдалган шудгори деганда, илгаридан мавжуд “Равшан” достонини у янада бадиий юксакликка кўтариб, унга ўзининг ижодий ҳиссасини қўшиб, маҳорат билан куйлаганлиги таъкидланган.

Эргаш Жуманбулбул ўғли достончилик фаолиятига яхлит баҳо берсак, у ўз репертуаридаги анъанавий достонлар ва термаларни куйлаш, янги асарлар яратишда ўз замондошларига нисбатан анча олға кетди, достон ва достончиликни эстетик баҳоловчи халқ донишманди сифатида майдонга чиқди. Унинг ўз авлоди, хусусан, отаси Жуманбулбул, укаси Абдухалилнинг санъаткорлиги ҳақидаги мулоҳазалари ўтган бахши-шоирларга баҳо беришда нақадар одиллик билан йўл тутганлиги ва уларнинг достончилик услубидаги жуда нозик томонларни зийраклик билан фарқлай олганлигини кўрсатади. Шоир бешинчи отаси Ёдгорга “чечанликда ҳеч ким баробар бўлмаган”лигини, тўртинчи отаси Лафас “ўз вақтида сўзини элдан ўтказиб, тўйларда ўланни, гапни ўйлаб турмаган”лигини, учинчи отаси Мулла Тош “доно, оқил, соҳиби кенгаш” эканлигини, бобоси Мулла Холмуроднинг “сўзга деҳқон”лигини, амакилари Жоссоқ “шоирликда кўп шогирдлар чиқарган” бўлса, Ёрлақабнинг “тамом умри элга шоирлик қилиб” ўтганлигини алоҳида таъкидлайди. У отаси Жуманбулбулнинг элга машҳур бўлиб, достончилик учун жуда муҳим бўлган соз ва сўз, куй ва овоз бирлигини тўла сақлай олганлигига алоҳида эътибор беради:

Довуши соз эди, қулоққа майин,
Довушига мувофиқ соз чертиши. 

“Элида Булбул атанган” бу шоирнинг “овозаси жуда узаб кетди”. Чунки:

Йигирма хил оҳанг билан сўз айтиб,
Йигирма хил нағма дўмбира чертиб,
Хоҳи катта, хоҳи кичик эшитса,
Ҳар қандай одамни балқитиб, эритиб,
Шуйтиб ўтган у замони Булбулнинг.

Эргаш шоирнинг таъкидлашича, отаси Жуманбулбулдаги бу сифатлар укаси Абдухалилда ҳам мавжуд эди. Чунки у ҳам достончилик йўлларини пухта ўрганган бўлиб, “созини қўшиққа мувофиқ қилиб” ўтган бахши. Худди Жуманбулбулдай:

Дўмбирани йигирма хил чертади,
Шу чертишга мувофиқ қиб айтади,
Ҳар усулга солиб қўшиқ айтган сўнг,
Ким эшитса, нағма-оҳанг эритади.

Эргаш шоирнинг кузатишича, Абдухалил достонларни жуда ҳам жозибали, лирик куйлаган. У “ҳар нима деб сўз даштида улоққан сандировчи” бахшилардан кескин фарқ қилиб, достончиликда ўз йўлини топган ижодкордир. Унинг йўли, амали эса ижодий характерга эга. Шунинг учун ҳам бу йўл ҳаммага маъқул ва эъти­борлидир:

Чечанликда сўзга сувдайин оққан,
Айтган сўзи ҳамма одамга ёққан,
Ўтириши, айтган сўзи адабли,
Сўзга либос бериб, гавҳарлар таққан. 

Шоирнинг Абдухалилнинг достон куйлаш услуби, манераси, тингловчилар диққатини тўла сақлай олиш қобилияти ҳақидаги кузатувлари ниҳоятда характерлидир:

Бир фасл йиғлатиб, бир дам кулдириб,
Ҳаммасига чечанлигин билдириб,
Гоҳ бўш қилиб, узун-чўзиб айтади,
Гоҳ вақтида чўрчитиб, сакраб, елдириб.

“Узун-чўзиб”, “бўш қилиб”, “йиғлатиб”, “кулдириб”, “чўрчитиб”, “сакраб”, “елдириб” куйлаш достон ижроси билан боғлиқ турли ҳолатлар бўлиб, бахшининг ижрочилик ва ижодкорлик маҳорати шулар билан белгиланади. Эргаш шоир шеъриятга, поэтик сўзга жуда юқори баҳо берган ижодкордир. Унингча:

Сўз деган бир қимматбаҳо гавҳардир,
Сўзни фарқ қилмаган, дўстлар, бекордир,
Асли билса, суханварнинг фарқи кўп,
Ким айтади: “Ҳамма сўз баробардир”.

Улуғ шоир бадиий асарнинг, демакки, фольклор намунасининг халққа мақбул ва манзур бўлишини асосий талаб қилиб қўяди ва ўзи ҳам шунга ҳаракат қилади. Унинг таъкидлашича, ўтган шоирлар халқ достонларига мукаммал бир тартиб бериб, уни куйлаш ва ижро этишда муайян услуб яратганлар. Бахшининг вазифаси ана шу йўлни ҳалоллик билан давом эттириб, унга содиқ қолиш, сўз ва сухан қадрини баланд кўтаришдир.

Бу ўринда яна бир масалада ойдинлик киритишга тўғри келиб қолди. Гап шундаки, Эргаш шоир тахминан қирқ ёшларидан кейин достон куйламай қўйган. Аммо достонларни ўрни келганда оғзаки, дўмбирасиз айтиб беришда ва шогирдлар тарбиялашда давом этган. Унинг шогирдларидан Раҳматилла Юсуф ўғли улуғ шоирнинг ана шу йўлини давом эттирган. Раҳматилла Юсуф ўғлининг гувоҳлик беришича, унинг бошқа бир шогирди – Уста Холқул достонларни маҳорат билан куйлашда қарийб Пўлкан шоир даражасида бўлган. Шоир умрининг кейинги йилларида, қарийб ўттиз йил давомида сурункали достон куйламай қўйганлигига асосланиб, ундан ёзиб олинган ёки ўзи ёзиб берган достонларга соя ташлаш, улардан қандайдир ўзгача маънолар қидириш мумкин эмас. Шоир достонларига қайси нуқтаи назардан ёндашсак ҳам улар фольклор асарлари бўлиб қолаверади.

Гапнинг индаллоси шуки, Эргаш ота 1937 йилнинг апрелида Оқтовнинг нариги бетида яшаётган Жуманбулбулнинг шогирдлари – уста дўмбирачиларни топиб, улар ёрдамида ўзининг дўмбира чертиш салоҳиятини янада юксалтириб, янгидан қўлига дўмбира олиб, Тошкентга қайтиб келишини айтиб, Ҳоди Зариф билан хайрлашади…

Шундай қилиб, Ҳоди Зариф Эргаш шоирни билимли, достонларининг бадиийлигига алоҳида эътибор берадиган санъаткор, достон ва достончиликни халқона баҳоловчи донишманд сифатида эъзозлаган. Биз Эргаш отадан аввал айтилган достонларни билмаймиз, кейингиларидан хабардормиз. Агар Эргаш шоир куйлаган асарларни, дейлик Пўлкан шоирдан ёзиб олинган намуналар билан қиёсласак, композицион жиҳатдан ҳам, шеър қурилиши, шеър вазнлари хилма-хиллиги, шеърий бандларнинг изчиллиги, ҳатто 50–60 мисрали триадаларнинг мавжудлиги, қофияларининг такрорланмаслиги ва оригиналлиги жиҳатидан ҳам алоҳида ўрин тутадики, Ҳоди Зариф Эргаш шоир достончилик маҳоратидаги мана шу томонларни алоҳида қадрлар эди.

Ш.Н.: Устоз, фикрларингиздан олим ва бахши бир-бирини шакллантирган, бир-бирини тарбиялаган, кўмак берган ва ўртада шу илм юзага чиққан, деган хулосага келишимиз мумкинми?

Т.М.: Бундай хулосага келиш бир томонламадир, балки тўғри эмасдир. Чунки фаннинг янги йўналишининг, бу ўринда фольклоршунослик илмининг шаклланиши ва юзага келиши ўнлаб омиллар билан боғлиқ. Юқорида баён қилинган Эргаш отанинг достон ва достончилик ҳақидаги мулоҳазалари, бошқача айтганда, Эргаш шоирнинг бадиий-эстетик қарашлари унинг бир жиҳати, холос. Аслини олганда фольклоршунос ва достончи ўртасидаги ўзаро таъсир биз ўйлагандан бошқачароқ. Саволингизга бир мисол билан жавоб бераман. 1937 йилдаги суҳбатларнинг бирида Эргаш шоир бахшилар орасида кенг тарқалган ҳамда Гўрўғли тилидан айтиладиган “Армоним қолмади” термасини айтиб беради. Уни тинглаган Ҳоди Зариф: “Ота, жуда яхши терма. Лекин унинг айрим бандларида бироз умидсизлик руҳи бор. Булут чайнаб, музни пуркаб ғурурланиб юрган Гўрўғлида унсизлик кайфияти сезилади”, деган.

Ўшанда Эргаш ота бу эътирозга муносабат билдирмаган. Аммо бироз жиддийлашганлиги, эътирозни тўла маънода маъқулламаганлиги қиёфасидан билиниб турган. Бунда муайян асос ҳам бор эди. Чунки бу терма бахшилар орасида мустақил равишда кенг куйланиши билан бир қаторда айрим достонларнинг якуний таркибида мослаштирилган ҳолда турли ҳажмларда ижро этиларди. Жумладан, Эргаш шоирнинг ўзи ҳам шу термани 1927 йилда “Холдорхон” достони таркибида 103 банд, 1926 йилда “Қундуз билан Юлдуз” достони таркибида 43 банд ҳажмида айтиб берган. Бу термадаги ғурур ва армон руҳи бахшилар орасидаги “Кунларим”, “Кунларинг”, “Тўрамсан”, “Султоним”, “Борми жаҳонда”, “Гўрўғлининг ҳасрати” каби термаларда ҳам ўз ифодасини топган.

Эртасига шоир шу термани “Армонинг қолмасин” номида қайта айтиб беради ҳамда 37 бандли бу асарни Ҳоди Зариф ёзиб олади. Бунда шоир янгидан нималарнидир ижод қилмайди, балки тўрт мисрали бандларнинг тўртинчи мисрасидаги сўзларнинг шаклини ўзгартирган ҳолда янги маъно ташувчи бешинчи мисрани яратади. Бунда бирор сўз қўшилмайди, балки тўрт сатрдан иборат бўлган бандлар беш мисрали тизимга айланади. Терма аввалгисида шундай бошланган:

Аввал бу дунёга келдим,
Мисли гулдай бўп очилдим,
Душман элда ғариб бўлдим,
Бўлдим, армоним қолмади.

Кейинги, қайта айтилган вариантда:

Аввал бу дунёга келдим,
Мисли гулдай бўп очилдим,
Душман элда ғариб бўлдим,
Бўлдим, армоним қолмади,
Бўлма, армонинг қолмасин. 

Ёки:

Хитой, Хўтан кезиб юрдим,
Осмон остини қидирдим,
Ер юзини бир-бир кўрдим,
Кўрдим, армоним қолмади,
Кўргин, армонинг қолмасин.

Қаранг, Ҳоди Зарифнинг биргина эътирози термага янги руҳ бахш этган. Агар терманинг айрим бандларида умидсизлик кайфияти сезилган бўлса, унинг номининг ўзгартирилиши ҳамда тўрт мисрали бандлар охирига бир мисра қўшилиши билан, айтиш мумкинки, янги бир асар пайдо бўлган.

Устозим менга буларни сўзлаб бераётганларида сўрадим: “Домла, бахшилар айтганини ўзгаришсиз ёзиб олиш керак дегандингиз-ку. Ўзингиз матнни бузган бўлиб чиқмайсизми?” “Йўқ, – дедилар, – қўшилган бир мисрани мен тўқиганим йўқ. Термада фақат қандай руҳ борлигини айтдим. Бахшининг ўзи кечаси билан ўйлаб, шу бир мисрани қўшиш орқали янги бир асар яратган. Бу аралашиш ёки таҳрир эмас”. Бу бахшининг чиройли бир топилдиғидир.

Ш.Н.: Устоз, Эргаш Жуманбулбул ўғлини Ҳоди Зариф ўрганди, сизлар ўргандингиз. Кейинги авлод фольклоршунослари бахшининг қайси жиҳатларини ўрганиши керак, нималар қолиб кетди, деб ўйлайсиз. Устозингиз қайси томонлари етарлича тадқиқ этилмади, дея армон қилган эдилар?

Т.М.: Саволни шундай қўйдингизки, унга жавоб бериш учун бутун бошли китоб ёзиш мумкин. Чунки ўзбек халқ достончилиги, жумладан, Қўрғон бахшилик мактаби, шу мактабнинг улкан ижодкори Эргаш Жуманбулбул ўғли ижоди шу қадар поёнига етиб бўлмас хазинаки, уни ўрганганимиз сари кам билишимиз, ниҳоятда кам ўрганганлигимиз, улар куйлаб келган асарларнинг атиги ярминигина ёзиб олганлигимиз аёнлашаверади. Бу ўринда бир-икки жиҳатни қайд этиш билан чекланаман.

Аввали шуни айтиш керакки, Эргаш шоир ижодини, умуман, фольклор масалаларини тадқиқ этмоқчи бўлган ҳар бир киши аввало Ҳоди Зариф тадқиқотларини пухта ўрганиши лозим. Чунки биз бугунги кунда ўтган олимлар, жумладан, Ҳоди Зариф асарларини мутлақо ўқимай қўйдик. Эргаш шоирнинг:

Тоғнинг адири ўради,
Ўрага қўйлар ўради,
Уч тол қилиб санамлар

Чочини майда ўради, – деган бир тўртлиги бор. Шоир ижодининг бундай намуналарини Ҳоди Зариф “тажнисли тўртликлар” деб атаган. Шу тўртликка бағишланган Ҳоди Зариф таҳлилларини тўла келтиришни лозим кўрдик. Зеро, Ҳоди Зарифдаги масалага кенг ва ҳар томонлама ёндашиш, фольклор асарларини халқ маиший ҳаётининг турли жиҳатлари билан боғлаб ўрганиш, биринчи навбатда уларнинг бадиий-эстетик маоҳиятига алоҳида эътибор бериш бошқа тадқиқотчиларнинг ҳам эътиборини тортса. “Биринчи сатрдаги ўра сўзи от бўлиб, деб ёзган эди Ҳоди Зариф, инсон ва ҳайвон учун машаққат билан аста-аста кўтариладиган юксакликни билдиради. Жумланинг бошланишидаги тоғнинг адири, деб қайд этилиши (сўз ҳар бир адир устида эмас, қир адирлари ҳам кўп. Унга чиқиш учун кўп уриниш ҳам керак эмас) ҳавас билан, завқ, тилак билан юқорига интилиш, кўтарилиш, бу эса фазилатда юксалиш символи сифатида кенг маънога эга. Бу ҳол айниқса, ўзбек халқ достонларида қаҳрамоннинг ўз орзу-тилакларига эришиш учун сафарда тоққа кўтарилиши эпизодларида ҳам анъанавий бадиий бир услуб даражасида мустаҳкам ўрин олган.

Иккинчи сатр яна шу тилак билан боғлиқ. Ўзбекистоннинг жуда кўп ерларида кун қизиғи билан дашт ўтлари тезда қовжираб қолиб, чорва моллари тоққа қараб ҳайдалар эди. Чорва озиқ учун кўк ўт орзусида секин-секин тоғ ораларига ўрмалардики, бу табиий талаб айрим жойларда ҳозир ҳам бор, чунки ҳаёт шуни талаб қилади.

Тўртинчи сатрдаги саъжли қофия аёлларнинг соч ўриши ҳақида бўлса ҳам, бунинг юқоридаги икки сатрга мантиқий боғланиши бор, деб тушунамиз. Уч тол қилиб санамлар, Чочини майда ўради жумласидаги марҳумларга фольклоршунос сифатида назар ташласак, ўзбек қизларининг қиёфий гўзаллик белгиларидаги нафосатдан кичкина, лекин муҳим, эътиборга лойиқ этнографик деталлар кўз ўнгимиздан кечади. Қора сочни икки ўрим қилиб саллониш гўзаллик меъёрларидан бири сифатида аёлни ҳам, эркакни ҳам қанчалик ўзига жалб этса, сочнинг бир неча толасини бирлаштириб, силай-силай гўё бир толга келтириб, уч толни бармоқлар орасида унисидан-бунисига, у қўлдан бу қўлга ўтказа-ўтказа майда қилиб ўриб чиқиш, кейин қирқ кокилни орқа бўйлаб ёйиб, завқ билан юриш ўшанчалик жозибадордир. Бунда гўзаллик, завқ-шавқ тажассуми бор. Энди кўкаламзор тоғ бағрига ўрмалаб турган қўйларни, уларнинг хатти-ҳаракатларини узоқдан кузатилгандаги завқни эсласак, бир-бирига мутлақо алоқа бўлмагандай икки байтдаги параллелизм бир даража англашилади”.

Эргаш шоир ижоди ва репертуарининг биринчи тадқиқотчиси Ҳоди Зарифнинг биргина тўртлик таҳлилига бағишланган мулоҳазаларини тўла келтиришдан мақсад, бир томондан олим тафаккур доирасининг миқёсдорлигини кўрсатиш бўлса, иккинчидан, унинг фольклорга ёндашув усулини тарғиб қилиш, ундан ўрганишга даъватдир. Чунки ҳар қандай янги тадқиқот мустаҳкам илмий асосга эга бўлиши зарур. Зеро, шоир ижоди ва репертуарининг салмоғи, унинг ғоятда бадиий ўзига хослиги янги-янги тадқиқотларга бўлган эҳтиёжни янада кучайтирмоқда.

Тўғри, Эргаш шоир ижоди ва ҳаёти, унинг бой репертуарини ўрганишда ўзбек фольклоршунослигида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ундан ёзиб олинган асарлар деярли тўла равишда нашр этилди. Аммо унинг “Холдорхон”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Далли”, “Хушкелди” каби кенг миқёсли достонлари ҳамон тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келмоқда. Шоирнинг шўро даври ўз ижоди ҳам янгича баҳолашни талаб қилмоқда. Шоир қолдирган улкан адабий мерос асосида фольклор поэтикаси ва бахши бадиияти, анъанавий жанрлар ва поэтик жанрлар ривожи, достончиликнинг стадиал тараққиёти, бахшилик мактабларидаги услубий ўзига хосликлар ва бошқа ўнлаб муаммолар бўйича янги тадқиқотлар яратилиши зарур.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 11-сон