Аҳмад Файз. Озодликка мактублар

Марказий қамоқхона, Ҳайдаробод

1951 йил 7 июнь

…Мана энди сенга очиғини айтсам бўлади: панжара ортида ўтказган вақтларим ичида Лоҳурдаги ўша уч-тўрт кун мен учун энг оғири бўлди. Ўшанда мен сен учун катта аҳамиятга эга, аммо улар учун бир тийинга қиммат ишни деб сени севувчиларни азоблаш нақадар адолатсизлик эканини биринчи марта англадим. Ҳатто ғояга ишониш ҳам англаб бўлмас худбинликка айланаркан, худбинлик эса бошқалар учун азиз бўлган ва уларга азоб берадиган нарсани унутишга мажбур этаркан. Аммо курашни тўхтатиш билан аҳволни ўнглаб бўлмайди – ҳаётнинг туб мағизи худди шунда-ку, аслида – балки яқин одамларингни буни тушунишга ўргатмоқ керак, вассалом.

Мен ўзимда ва бошқаларда кўплаб кутилмаган кашфиётлар қилдим, булар: ўзимда йўқлигига юз фоиз ишониб юрган заифлик, илгари атрофдагиларнинг мен пайқамаган олчоқликларию олийжанобликлари. Хоҳ ишон-хоҳ ишонма, янги синов учун тақдиримдан розиман ва шу нарсага ишончим комилки, бу ердан чиққач, янада бутун одам бўламан. Янада бутун деганимга сабаб шуки, бу ерда мен бир нарсани тушуниб етдим: ўзингда боридан иложи борича яхшироқ фойдаланиш энг тўғри йўл экан, сен ўзингни аслингдагидек эмас, бошқа биров деб тасаввур этишга ҳаракат қилсанг, умринг зое кетди. Бу муқаррар равишда оғир хатолар ва ўз-ўзини алдашга олиб келади. Илгари сенга ёзган эдим – мен қамоқхонада ҳар қандай таваккалчилик ёки хавотир сезгисини йўқотиб улгурганман (дарвоқе, бундан у қадар қайғуга ботганим йўқ), чунки мен бир нарсани аниқ билардим – мен наинки жиноят содир этмаганман, балки лоақал шарт бўлган нарсага тирноқча шак келтирмаганман!

1951 йил 24 июнь

…Туриб-туриб инсоннинг ақлига ҳам қойил қоласан-да, киши! Кейинги уч ой ичида мен нуқул бошланай-бошланай деб турган суд борасида ўйлаб, ўйимнинг тагига етолмайман, энди эса, суд бошлангач, у заррача парво­йимга келмаётганидан ўзим ҳайрон қоламан. Мен бу жуда жиддий нарса, у билан ҳазиллашиб бўлмайди деб ўзимни ҳарчанд ишонтиришга ҳаракат қиламану, бироқ ақлим, қани, ўйларим йўриғига юрса – “йўқ, ундоқ эмас, бундоқ” деб ўзиникини маъқуллайди. Менга қандайдир ақл бовар қилмас кўзбойлағич ўйини ўйналаётгандек, у қандай бошланган бўлса, ўшандай туйқус узилиб қоладигандек туюларди, у ниҳоясига етганда эса, менинг тутқиндалигимдан кўра ортиқроқ маъно ва мантиқ касб этмайди.

1951 йил 30 октябрь

Бугун тўйимизнинг ўн йиллиги. Кел, мен сенга ёки, кел, бир-биримизга кундан-кун оилавий бахт тилайлик, азизам. Ўтган ўн йил ичида озмунча бахт кўрмадикми, биз қайғуни ҳам кўрдик, лекин виждонимизда собит қолдик, бу эса яшашимиз учун энг керакли нарса. Бу ўн йил абадий икковимизники бўлиб қолди, уларни биздан ҳеч ким тортиб ололмайди.

Сен уйда ёлғизланиб қолдим, деб ёзибсан. Буни тушунаман. Айрилиқ ҳақида ўйлаганингда азоби чандон ошишини биламан. Ҳозир ҳақида муттасил ўйлаш имкони йўқдир, аммо ундаги ҳамма нарсамни бирдек қабул қилмаслик мумкин. Бунинг учун фикрни хотираларга – ўтмишимиз бахтли эди ва келажакдаги ўйларга – келажагимиз янада бахтли бўлади – жамлаш керак. Мен шундай қиламан ҳам. Мен ҳар доим ўтмишни бошқатдан бошдан кечиришга ҳаракат қиламан; мен уни дақиқаларга майдалаб чиқаман-да, бошқатдан тўплайман. Мен келажакнинг қайсидир улушини бошдан кечиришга улгурдим, ҳар гал уни янгича тасаввур қиламан. Бу хийла беҳуда машғулот эканини тушунаман, воқелик талаби орзу парвози билан ҳадеганда чиқишавермайди, аммо бу жилла қурса мендан ҳозирдан қочишимга имкон беради. Бўлмаса-чи, воқеликдан қочишга ҳаракат қилиш – унча мақтагулик иш эмас, аммо сени қўл ва оёқларингдан боғлаб ташлашгач, бу озодлик сари ягона йўл бўлиб қолади – озодлик эса ҳар доим ажойибдир! Нима бўлганда ҳам шу йўл билан мен қамоқхона панжараларини мутлақо новоқеъ ва номоддий нарсаларга айлантира олдим ва уларни эсдан чиқардим.

Аммо булар бари даҳшатли равишда баландпарвоз янграйди, шу боис, кел, яхшиси, бошқа нарсалар ҳақида гаплашайлик.

1951 йил 9 ноябрь

…Ҳаёт менга берган ҳамма нарса ҳақидаги, танти эркаклар ва оқкўнгил аёллар ҳақидаги, барча қиш кунлари ва ёз тунлари, ёмғирлар, қуёш чиқишию ботиши ҳақидаги, янги ой ўроғи, ойлар, товушлар, бўйлар ва гуллар ҳақидаги эсдаликлар, ердаги қувончлар бешуморлиги ҳақидаги фикр бу ерда, ранги совуқ қамоқхонада гоҳо юрагимни илгари мен ҳеч билмаган бетиним шод-хуррамликка тўлдириб юборади. Бизни сотган бармоқ билан санарли дўстлар, ҳар замон-ҳар замонда хуррам қилувчи соғинч, гоҳо ҳаёт бизни олабўжи қилиб қўрқитадиган бадбашара кўлкалар бирон нимага арзийдими ўзи? Бир чақага ҳам арзимайди. Буни охиригача тушунмоқ учун бир қур бўлса ҳам қамоққа тушмоқ керак. Биласанми, қамоқхона – мутлақо алоҳида, қарийб нариги дунё: атрофдаги нарсалар бирдан даҳшатли даражада олислаб кетади ва ўтиб бўлмас қамоқхона деворларидан рўпарангда бепоён олам ўзининг бор жилваси билан намоён бўлади ва сен беихтиёр орзиқиб ер ҳақида ўйлай бошлайсан. Албатта, ер агар кўнглингга зиғир ёғдек урмаган бўлса.

Хатларимда тўлиб-тошган бундай беъманиликлар юрагингга даҳшат солмас деб умид қиламан (бизга одатда об-ҳаво тўғрисидагина ёзиш йўл қўйилган, ишлар ҳақида ёзиш мумкин эмас). Аммо бу мен фақат ўз кечинмаларим ҳақидагини ўйлай бошлаганимни билдирмайди. Аксинча. Назаримда, дунёда нималар рўй бераётганини ҳар доимгидан яхшироқ тасаввур ҳосил қилаётгандайман, мутолаа ва хаёл суришга бу ерда вақтим анчагина.

1951 йил 28 ноябрь

Менга Чеховни юборганингдан беҳад хурсандман ва мен уни ҳузур қилиб ўқиётирман. У ёзган ҳар бир нарса чуқур меҳр билан йўғрилган. Фожиа ҳақида ёзганда ҳам у ўзининг бор юрак қўрини тўкиб солади ва шўрпешона қаҳрамонлари ҳаётини ҳам ўта ҳамдардлик ва келажагига умид билан тасвирлайдики, улар ўз гўзаллиги билан кишини ҳайратга солади.

1952 йил 15 январь

Севгилим!

Бугун ҳаво очиқ, ажойиб кун. Ғир-ғир шабада эсиб турибди. Шабада чанг кўтармайди, баданга нинадай санчилмайди… Шабада ва қуёш зиндоним панжарасига тўқиниб ўйнаяпти, дераза қуёш нурларига кўмилади ва нурлар ёзаётган сатрларим узра жилваланади. Аллақаерда радио янграйди, кинофильмлардан берилаётган қўшиқлар қамоқхона ортидаги бола-бақраларнинг шодон қий-чувига қўшилиб кетади. Булар бари шу қадар гўзалки, кулгинг ҳам, йиғлагинг ҳам келади. Менга берилган романни охиригача ўқиб қўйишга интиқман. У “Сиёсий арбоб” деб аталади, муаллиф – Жеймс Олдриж. Мен яхши китоб ўқимаганимга жуда кўп, жуда кўп вақтлар бўлди. Иложи бўлса, уни топиб кел менга, сен билан баҳам кўрсам дейман. Сирасини айтганда, романда инглизларнинг Эрондаги ғаламисликлари ҳақида ҳикоя қилинади, аммо гап мавзуда эмас. Китоб инсоннинг ҳаёт бизни муқаррар тарзда ичига олиб кириб кетадиган ижтимоий ва ахлоқий зиддиятларга муносабатидан келиб чиқувчи муаммоларга бағишланган; у ҳар биримиз ўз яловимизни қандай кўтариб бораётганимиз ҳақида ҳикоя қилади. Назаримда, “Сиёсий арбоб” бизни вақти-вақти билан қамраб оладиган умидсизлик ва беҳудалик туйғусининг пайдо бўлиш сабабларини изоҳлаб беради, инсон бахти учун кураш оғир ва сўнгсиздай кўринади, ўзимиз эса ночор, бенаво, лузумсиздаймиз, кураш кўлами эса коинот сингари бепоёндай туюлади. Борди-ю, кураш шахс нуқтаи назаридан қараб чиқилса (биз шундай қиламиз ҳам), ўша туйғу пайдо бўлмай қолмайди. Аҳволнинг тутуруқсизлиги ана шундан иборат – кураш бир аёлни севиб қолгандай ёки тоби қочган болакайдай қандайдир шахсий нарса эмас. Уни фақатгина жамоатчилик нуқтаи назаридан қараб чиқиш керак ва ўшанда бу кураш нечоғли тўлақонли, нечоғли мақсадли ва нечоғли унда ғалабага ишонч собит эканлигини тушунасан, киши. Бу нуқтаи назарда барқарор туришнинг ўзи бўлмайди, албатта: шахс сифатида дунёда ҳеч нимага арзимаймиз деб ўзингга ўзинг уқтириш учун ғуруримиз йўл қўймайди.

Мен ҳар доим кибр, бу – ўз шахсиятингга ва у билан боғлиқ муаммоларга нисбатан ошириб-тоширилган эътиборинг бўлиб, одамзоддаги барча мусибатларнинг ўқ томири деб ҳисоблаганман. Ўзингга ишонмаслик, ўзингга ачиниш каби туйғулар шундан келиб чиқади – гўё Коинот сен хоҳлаганингдай қилиб яралмагандай.

Бутунлиги билан мақтана олмайдиган ва ўз “мен”ининг қандайдир катта, ижтимоийликка менгзашини англашга ожиз сен ва мен каби одамлар учун шахсий бахтнинг кемтиклигини, ишимизнинг ўнгланмаслигини ва ўзимизга ачинишимизни ҳис этиш – табиий ва муқаррар нарсадир. Мен, хусусан, бу борада ўзимни сендан кўра гуноҳкорроқ деб биламан, бу ҳам кибрнинг бир зуҳури – фақат сал бошқачароқ ва эҳтимолки, тубан хили…

1952 йил 22 январь

Умрнинг одамга қандай таъсир қилишини тавсифлаш қийин. Биз аста-секинлик билан ва киши билмас қариб бораверамиз, шу боис йигирма йил олдингидек кўринмаслигингни тасаввур қилиш ҳаддан ташқари мушкул. Қандайлигимиз ҳақидаги бизнинг шахсий тасаввуримиз шу қадар секин ўзгарадики, атрофдагилар учун биз илгаригидек қолиб кетгандек бўлиб туюламиз, шунда ўтган умримиз юзимизга қаришнинг яққол аломатлари билан чуқур-чуқур қилиб чизиб ташлайди…

1952 йил 2 февраль

Жонгинам!

Яна бир ой ўтди. Ҳаво яна ўзгарди. Энди осмон булутли, шамолу, аммо совуқ эмас. Тушки қуёш ҳам қандайдир жонсиздай, булутлар орасига сингиб кетган. Бундай ҳавода атрофдаги ҳамма нарса сохтадек кўринади, нарсалар ғубор қаърига чекинади ва ўзингни тушда яшаётгандай ҳис қиласан, гўё; бундан мунгли юрагим ҳилжа-ҳилжа бўлиб кетади, аммо ундан чинакамига ҳаяжонлана олмайман.

…Дарвоқе, “Пакистан таймс” учун радио эшиттириш ҳақидаги мақолани ким ёзяпти? Чакки эмас! Бу ерга келиб тушганимгача мен радиоэшиттиришимизни бирон марта ҳам тингламаганман ва уларнинг бу қадар ёмонлигини билмасдим ҳам, ҳолбуки, умуман олганда, бунинг нима экани бир Худогагина аён. Энди уни тинглай бошлаганимда улар менинг энг маъюс умидларимдан ҳам ошиб тушаркан. Балки бу билан жиддийроқ шуғулланишни танқидчилардан битта-яримтасига топширган маъқулдир? Умрим бино бўлиб бунақа нарсаларни тингламаганман! “Сўнгги ахборот”ларнинг тўртдан уч қисми фалон вазирнинг аллақачон минглаб марта айтган ва таъкидлаган нарсани “айтган” ва “таъкидлаган”ига бағишланган. Бизнинг радиомиз шунчаки “Сўнгги ахборот” билан расмий коммюнике[1] ўртасидаги фарқни билмайди, холос.

…Олдин ёзганимдек, қамоқхона ҳаёти бизнинг майда худбинона заифликларимизни юзага қалқитиб чиқаради ва янада яққолроқ қилиб намоён этади. Ҳарамдаги канизаклар аҳволи руҳиясини илгари ҳеч қачон бу қадар яхши тасаввур этмагандим. Дунёчасини тўлдириб турувчи ва ундан барча катта ва ҳақиқий нарсани сиқиб чиқарувчи бир чақага қиммат ғуссалар туфайли пайдо бўлган уларнинг майдакашликларини, умрбодлик изтиробларини энди тушунаман; мен уларнинг худбинлиги ва ўзларига ачинишларини, бадбинлиги ва инжиқликларини, исёнкорлиги ва қулларча итоаткорлигини, ишсизлик жазавалари ва ўлиб-тирилиб чоп-чоп қилишларини, одатда, қуллик ва маҳбусликда ҳамроҳ бўлувчи бу барча ҳодисаларини тушунаман. Эркинликдаги одамлар буни қаёқдан ҳам тушунсин. Барибир бу ердаги ҳаёт ҳам тасодифларга тўла. Тунов куни радиони қўйдим – Деҳлидан ҳинд мусиқасини тинг­лагим келиб қолди… хўш, нима деб ўйлайсан: мен нимани тингладим? Икки дунёда ҳам тополмайсан! Менинг билишимча, барча замонларнинг буюк скрипкачиси бўлмиш Иегуда Менухин[2] Бах ва Паганини асарларини чаларди.

…Кейин бу тугагач, мен ўйга чўмдим ва жуда хафа бўлиб кетдим, тинглаганларимга ҳавасим ортди. Мамлакатимиз беш ёшга тўлди, биз эса халқимизни ҳақиқий санъатга, маданиятга, олий лаззатга бирон марта ҳам ошно тутинтиролмадик. Ҳолбуки, бизда “кўнгилочар” деган нарсалар Худо уриб ётибди. Бизнинг қўлимиздан келган ягона нарса бу – ҳеч кимнинг бир чақалик иши бўлмаган муаммоларни муҳокама қилиш учун бутун дунёдан бир ҳовучгина кекса аҳмоқларни тўплаш, уларни еб-ичириш, кейин эса томоқ йиртиб маърузалар қилиш, сўнг… ҳаммасини бирваракайига унутиш. Ҳиндистон Покистондан катта, аммо маданият даражаси миқёс билан эмас, балки ҳаёт тарзи ва тафаккури билан белгиланади. Модомики, биз ўз халқимизга маданият беришнинг уддасидан чиқолмас эканмиз, унда нима учун лоақал унинг қандай нарса эканини кўрсатиб қўймайлик?! Умуман олганда эса эртами-кечми шундай бўлади ҳам.

Мен ҳаёт тасодифларга тўла деб ёзган эдим. Ўтган ҳафтада ўз зиндонхонасида индамай ширинлик ураётгани учун биз яхшигина дашном берган бир йигитча уйига хат ёзибди ва унга сабзи ҳолвасидан юборишларини сўрабди. Унга бир аравачада ҳолва келди ва бу муболаға эмас. Учта катта-катта кастрюлда ҳолва – ана керак бўлса! Кўз олдингга келтираяпсанми? Қанча сабзи, шакар ва ёғ кетди экан бунга? Биз қишлоқда ҳолвани қандай пиширишларини таърифлашга ҳаракат қилдик – аравадаги сабзиларни тушириш, ёғ қиздирилган қозонлар, бир дунё ўтин ва бутун ноҳияда дув-дув гап-сўзлар. Бу воқеа афсонага айланиши ва авлоддан-авлодга ўтиши мумкин, у ҳақда қўшиқлар тўқилиб, эртаклар сўзлайдилар, чунки башарият тарихи бу қадар кўп ҳолва пиширилишини бошқа ҳеч жойда ҳеч қачон кўрган эмас. Биз нонуштада ҳам, тушликда ҳам ва кечликда ҳам еганимиз фақат ҳолва бўлиб қолди.

1952 йил 25 март

… Хатингни ўқиб қаттиқ эзилдим, ўн дардимга яна бир дард қўшилди. Биламан, қанчалик эзилганинг учун сенда сабаблар тўлиб-тошиб ётибди, аммо бу кайфият билан кураш олиб боришинг учун сендан озмунча ирода кучи талаб этилмайди. Бундай нотенг жангда ўзингни уринтириб қўймаслигинг керак, ҳаммаси ўрнига тушгандаги чарчоқ бошқача бўлади. Менинг фикрларим сенга эриш туюлиши мумкин, аммо бу бор гап: шунчаки курашиш камлик қилади, ўзингни аямай, жон-жаҳдинг билан олишишинг керак – буни уддалаш ғоят муҳим, акс ҳолда кураш оғир кечади ва енгиб чиқишимга умид камроқ бўлади. Биламан, ҳаммаси инсоннинг феъл-атворига боғлиқ ва кераклича иш тутиш учун ҳар доим ҳам имкон бўлавермайди, аммо бунга интилиш ҳар ҳолда зарур. Қамоқхонада ўтириб сенга ёрдам беришим амримаҳол, мендан фақат яхши сўзлару самарасиз маслаҳатлар чиқади, холос. Сенга ишонганим учун шунга жаҳд қилаяпман ва сенга ўзимнинг муҳаббатимнигина нисор этишдан ўзга чорам йўқ ҳозир.

1952 йил 11 май

“Аёллар учун ва ёшлар учун” рукнига доир ўз фикрларимни баён қилган эдим. Назаримда, бу рукнда, қолаверса, бутун рўзномада далиллар ва ҳужжатли ашёлар оздек кўринади. Нима десанг деяверу, бу маънода янкиларнинг ишлашига гап йўқ ва биз улардан жуда кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. Далиллардан ишончлироқ асос йўқ, агар фикрни тасдиқловчи далиллар бўлмаса, энг ажойиб мулоҳазалар ҳам сув бетидаги пуфакдай пақ этиб ёрилади. Сенга бир таклифим бор. Хотин-қизлар ижтимоий ҳаётининг ҳар қандай жабҳасини олиб кўр – соғлиқни сақлаш жиҳатини, хоҳласанг. Аввало унинг умумий ҳолатига назар сол. Муайян вилоятда нечта аёл яшайди? …Барча касалхоналаримизда хотин-қизлар учун нечта каравот, нечта аёл шифокор, ёрдамчи, доя, ҳамшира бор? Рақамларни тегишли вазирликдан олса бўлади. Қолганини чамалаб чиқиш қийин эмас. Бир каравотга бир минг йигирма нафар аёл тўғри келади, битта шифокорга эса… Кейин муаммони бошқа жиҳатга олиб ўтилади. Хотин-қизлар асосан нимадан қийналишаяпти? Менимча, силдан, аёллар касалликларидан, кўп бола туғишдан ҳам. Сил касалликларга нечта каравот, нечта шифокор ажратилишини сен биласан ва ҳ.к., бир ойда касалхонага нечта сил касали билан оғриган бемор келишини ҳам биласан. Кейин сил муолажаси қўйилишининг ўртача қийматини оласан-да, уни сил энг кўп тарақалган жойдаги тоифа оиласининг бюджети билан солиштирасан. Шу тариқа ҳар куни нечта бола туғилишини билиб олгач, нечта аёл тиббий ёрдамсиз соғайиб кетишга мажбур бўлишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас.

Халқ таълими ҳақида ҳам ёзиш керак. Айниқса, шуни таъкидлаш керакки, ҳар бир ёш авлод мактаблар йўқлигидан саводсизликка маҳкум. Мисол учун иккита рақамни ол – ёш қизлар миқдори ва қизлар мактабидаги ўринлар миқдори. Менинг ҳисоб-китобларим бўйича, қизларнинг ўн фоизга яқини саводли бўлишга умид боғлаши мумкин. Давлат мактаблари ҳақида, дейлик, қизалоқлар офтоб тиғида ўтириб ўқийдиган ва муаллимлар тагларига ғишт қўйиб ўқитадиган Лоҳурни олайлик. Айтгандай, борди-ю, синфда ўқувчи қизлар меъёрдагидан ортиқроқ бўлса, муаллима бунинг учун “шоҳона” устама олади – бир ойга саккиз анна[3]!

Университетда нечта талаба қиз бор ҳамда уларнинг ўрта мактаблар ва коллежлар битурувчилари миқдоридан неча фоизини ташкил этишларини билса бўлади. Қизлардан нечтаси ҳар йили университетни битиради – улардан нечтаси ўзига иш топа олади – беш-ўн фоиздан ортиқ бўлмаса керак! Фақат мактабни битирганлар ҳақида эса гапириб ўтирмайман!..

…Катта янгилик – мушугимиз яна болалади.

Уч эгизак – иккитаси оқ, биттаси – ола-була. Мушукларни (ҳар қанақасини) хуш кўрмаслигим чатоқ-да, ўртоқларим эса, мушук деса жонини бергудек бўлишади…

1952 йил 29 май

Кунлар шунақанги узайган-ей, бамисоли дўзах. Худди наша каби жазирама иссиқ жисм билан жонни бир-биридан ажратиб ташлайди ва уларни сўнгсиз, беҳуда, масхараомуз баҳслар гирдобига улоқтиради… Барибир ҳам жазирама иссиқ на-да жудолик ва ғусса туйғуларини, на-да нарсаларнинг умумий силсиласидаги саъй-ҳаракатлар самарасизлиги сезгиларини, на-да умид қилмоқ ва ишонмоқликка интилишни чекинтира олади. Гоҳо ғусса сув деворидай устингдан босиб, нафасингни бўғади, аммо ҳаёт ҳали кўркини йўқотмаганлиги ҳақидаги ўй деворни миллион рангли камалакларга парчалаб ташлайди.

1952 йил 2 июнь

Жазирама сал қайтди, мана, тўрт кундан бери ҳаво бениҳоя яхши. Тунлари ойдинда қамоқхона деворлари бир-бирига қовушиб кетади, зиндонхонанинг еридан яшил соялар сирғалиб ўтади ва шамолда учган япроқ шитири олис тоғ жилғасининг шилдирашини эсга солади. Ўтган тунда узоқ вақтгача мижжа қоқмадим ва Кашмирни, Симладаги оқшомни эслаб ётдим, ёшлигим ўтиб кетганига ҳеч ишонгим келмасди, мен бўлсам қамоқдаман. Акбархон шу ҳақда ўйлаган бўлса керак, каравотимга яқин келиб, деди:

– Ҳаёт – бу зўр нарса-да, а, шундай эмасми?

– Ҳа, – деб жавоб бердим мен.

Биз жимгина узоқ чекдик.

Гоҳ-гоҳ ҳаётда очиладиган гўзаллик бетакрор ва ўткинчи бўлади, у балчиқли тор кўчада чиммат ёпинган ва сен кутмаган ҳолда чимматини юзидан олиб ташлаган қиз билан учрашиб қолишингга ўхшайди. Балки, шунинг учун ҳам у гўзал бўлиб кўринар?..

1952 йил 21 июнь

…Мен ҳозир жисмоний қийинчиликлар ҳақида гапирмаяпман, ҳолбуки уларга чидаш ҳам анов-манов нарса эмас. Жисмоний чарчоқ ҳаётга ишончни эговлайди ва ҳаётнинг ширасини йўқотиб, юракни ҳувиллатиб қўяди, инсоннинг ҳаёт гўзаллигидан лаззатланиш имконини йўққа чиқаради. Гўзаллик ҳам энг оғир тирикчилик эвазига қўлга киради…

Албатта, дунё нечоғли адолатсизларча тузилганини кўриб аламинг келади, аммо борлиқнинг “бахти ва ҳаяжони”ни қайғу қоплаб олишига йўл қўймаслик керак, зеро, борлиқнинг замирида яхшилик ва гўзаллик хазинаси беркиниб ётибди.

1952 йил 30 июнь

Банне[4] ҳам, мен ҳам бир нарсани ўйлаб, сал ғашимиз келади, биз бу ердан чиққунимизча хотинларимиз биздан анча илгарилаб кетган бўлади. Буни сизлар яхши тушунмаганингиз ўзингизга кони фойда! Мен Розиядан хат олдим, у деярли шоирона сўзлар билан ёзилган:

“Қачонлардир келажакда зурёдлар сизларни тараннум этгайлар. Улар сизларнинг хотинларингизни бу йўлни бошдан-оёқ сиз билан ким босиб ўтганини эслайдиларми-йўқми, шуни билмоқчийдим. Сизлар олдинда борар эдиларингиз, биз эса – сизлардан бир қадам ортда. Сизлар биздан эътироф кутар, бизга дам-бадам умидвор ўгирилиб қарар эдиларингиз ва биз сизларга ҳар доим табассум билан жавоб қайтарар эдик. Юрагимиз оғриғига чидолмай фарёд урганимизда ҳам биз жилмаяр эдик”. Бу сатр­ларни ўқиганимда, юрагим бир тутам бўлиб кетди…

1952 йил 16 июль

…Ўтган тунни фақат ёзиш билан ўтказдим. Борди-ю, шеърни қоқ иккига бўлиб йиртилса, кейин охирини улаш қийин бўлишини билардим. Мен кўчада отиб ташланган Миср ва Эрон талабалари ҳақида ёзаяпман. Қамоққа тушганимдан буён мен биринчи марта ўз қўлбола ишимдан мамнун бўлдим – ҳам тўғри шаклни, ҳам маънодорликни топгандек бўлдим.

1952 йил 17 июль

Севгилим!

Мен сенга кеча тунда хат ёзган эдим, хат ҳали йўл бошида ётган бўлса керак. Мен акамни кўришга интиқ эдим, бунинг ўрнига унинг ўлганини эшитдим[5].

Ҳаммалари мени яхши кўришарди. Улар энг яқин одамларимдан бирини тирик эмас, ўлик кўришим учун ҳатто ҳовлига олиб чиқишганди. Кейин акамни олиб кетишди.

Қайғу мени мағрур бўлишга мажбур этди. Мен бошимни баланд кўтариб юришга ҳаракат қилардим, аммо бу менга оғирлик қиларди. Шунақанги оғирки! Энди мен яна ўзимнинг зиндонимдаман, қайғу билан яккама-якка; мен бошимни кўтариб юриб ҳам нима қилардим, даҳшатли зарба остида бошимни эгишдан уялмай қўйгандим.

Мен онам, хотиним ва укамнинг болалари ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламан. Бу ҳам жуда оғир. Мен онамга хат ёзаман, аммо ҳозир эмас.

Унга нимани ҳам ёзардим? Ҳаёт уни тўнғичидан маҳрум қилганиними? Чунки уни мен ўлдирган эдим.

Хат ёзиш учун сира-сира ярамай қолдим. Аммо барибир мени деб ташвиш чекманглар. Бунга ҳам ўзимда куч топа оламан. Мен фақат бир нарсани хоҳлар эдим – озод бўлсам ва мендан кўпроқ азоб тортаётганларга ёрдам берсам.

1952 йил 9 август

Ҳақиқий ижодий ва мукаммал мушоҳада юритишга вақт қолмаяпти. Атрофдагилардан лоақал бир дақиқа ҳам холи қолгудек бўлсам, буни шеърга бағишлайман. Нима бўлганда ҳам менинг чинакам вазифам –шеърият. Фақат бир ёмон томони шундаки, комилликка етишишдаги интилишда охири йўқ ўпка-гиналардан чарчаганман ва шеърларимга илгаригидек қунт билан пардоз беришдан тийилганман. Яхши чиқади ё ёмон – билмайман. Бу ерда соҳасини яхши билган ва жўяли фикр айта оладиган ҳеч ким йўқ…

…Кеча кечқурун Рашиданинг[6] Москвада ўлганини ўқидим. Агар қамоқда бўлмаганимда, мен кўз ёшимни тиёлмаган бўлардим – унинг ўлими менда ғалати бир совуққонлик уйғотди. Балки, бу шунинг учун шундай бўлганки, бу гал ажал ўғрилардай тунда билдирмай кириб келмаганди ва унинг ҳалокатли зарбаси азалдан маълум эди. Балки, бу шундай бир туйғу эдики, Рашиданинг ботир юраги қайғунинг самарасиз қўрқоқлигидан нафрат қиларди. Унинг ўлим тўшагида ётганини биринчи марта эшитганимда мен озод бўлганимдан кейин уни лоақал яна бир марта кўришни астойдил хоҳлагандим… Аммо шоиранинг ажал билан узоқ жанги ҳаддан ташқари эрта тугади… Унинг кетиши билан Ҳиндистон сарзамини инсонийлик ва эзгулик бобида жуда кўп нарса йўқотди. Шоира ўз ҳаётини ҳотамтойларча сахийлик билан улашиб чиққан унинг дўстлари ундан-да кўп нарса йўқотишди.

1952 йил 28 август

…Бугун хатинг билан фотосувратингни олдим. Зўр! Иккаламизнинг тилла қизларимиз бор-да! Улар балоғатга етганга ўхшаб кўринишади, айниқса, Мизи. Менга ҳаммадан алам қиладиган томони шундаки, бу ерда ўтириб, мен қизларимнинг балоғатга етаётган энг ажойиб вақтини ўтказиб юборяпман.

Агар уларни мен ўзим тарбиялаганимда, уларни битта нарсага – бахтли бўлишга ўргатардим ва албатта, эркалатардим. Улар худбин, очкўз ва хасис жонлар бўлиб ўсмасликлари керак ва шу нарсага ишончим комилки, улар ҳеч қачон бунақа бўлмайдилар – биз уларни хунукдан чиройлини фарқлашга, гўзаллик ва олийжаноблик сари мойилликка ўргатган бўлар эдик, ҳаётларини қандай яшашга аҳду қарор қилиш эса – бу уларнинг иши. Ташқаридан келувчи барча мусибатлар – айрилиқ, яқин одамларидан жудо бўлиш, йўқотишларга чидаш мумкинлигини мен энди биламан, башарти, улар ўз айбини ич-ичидан ҳис этиш ва иқрор бўлиш, содир этилган адолатсизликни тан олиш, ўзига ишонмаслик тўғрисидаги фикр – мана шу нарсаларга қарши курашиб бўлмайди, чунки иқрор туйғуси сенда абадий яшайди. Борди-ю, ҳақлигингни билсалар – худди ҳозир иккаламиз билиб тургандай – беҳуда азоб-уқубатлар ҳатто қўллаб-қўлтиқлаётгандек бўлади.

…Яна “Пакистан таймс”ни оламан ва йўқотган зурёдимни бошқатдан топгандай бўламан. Энди, рўзнома мени ортиқ зулукдай сўрмай қўйгач, шу нарсани тушуна бошладимки, бу, умуман олганда, ёмон варақа эмас, бироқ нуқул сийқа гаплар!.. Бунинг учун бир қулоғини чўзиб қўймаса бўлмайди!

1952 йил 2 октябрь

…Анча вақтдан бери хат ёзмаганимдан хафа бўлма. Бунинг сабаби хат-жилднинг ичидан топилади. Шу кунлар ичида мен ижодга муккамдан тушдим ёки тушишга ҳаракат қилдим… Бу шеър менинг ўзимга жуда ёқади, уни “Қамоқхона тонги” деб атадим ва сенга ҳеч ким мендай ёзолмаслигини ва яна кўп замонгача ҳеч ким бундай ёзмаслигини дангал айта оламан. Бу истеъдодим билан кибрланиб кетганимни англатмайди – истеъдодим ўртамиёна ва мендан кўра истеъдодлироқларнинг кўплигини биламан. Бунинг сири тиришқоқликда, айниқса, энг кам даражада қаршилик кўрсатиш йўлидан бориш ва дастлаб учраган сал-пал тўғри келувчи қолипга рози бўлиш – мазаси жуда кучли бўлган таъриф-тавсифларда бу яққолроқ кўринади. Бу сўзларни қидириб топишга шоир қанчалик кўп куч сарфлаганини ўқувчи билмайди, ҳолбуки, ўша асосий сўзни деб шоир юзлаб бошқа сўзлардан воз кечган эди!

1952 йил 25 октябрь

…Яна қамоқхонанинг уйқусизлик дардига мубтало бўлганман, илҳом париси мендан юз ўгирган, кузги ғамдан кунлар ва тунлар зилдай. Қачон ўтаркан бу тун дея кутганим-кутган. Эрталаб енгил туман тушади, кечқурунлари эрта қоронғилик чўкади. Кечки осмон ғалати кумуш рангда товланади, сўнг кумуш ранги сарғайиб, ўчади. Мен кечқурунлари ишлашни ташладим – чироқ яхши ёнмайди ва кўзларим оғрийди – кечқурунлар узоқ ва маъносиз кечади. Ёзишга ҳафсалам йўқ, бир ўзим хаёл суришни эса истамайман. Улар ғамгин ва мўрт хотираларни олиб келади. Мен ҳеч нарсани ўйламасликка ва соат ўндан ётиб ухлашга ҳаракат қиламан. Бешга яқин соқчилар алмашади. Мен уйғоқ ётган ҳолда қамоқхона деворларининг нариги ёғидан келаётган хўрозлар қичқириғига ва муаззиннинг азонига қулоқ тутаман. Тонг ҳақида бир неча сатр шеър ёздим ва ташлаб юбордим. Сенга юбораётганларим шеър ҳам эмас ўзи, қофиябозлик машқи: қурол занглаб қолмасин дейман…

…Ҳамма нарса сеҳрли эртанги кун учун – дард, кўз ёшлари, йўқотишлар, азоб-уқубатлар. Токи бугун бор экан, эртага, албатта, келади, кечаги кун энди абадий қайтмайди. Ҳар бир оғир кун ўзи билан юпанч олиб келади – у ўтиб бўлди, у бошқа ҳеч қачон қайтмайди, бошқа кунлар бошқа бўлади ва эҳтимолки, яхши бўлар. Кел, олға қарайлик, кечаги кун эса ўз ўликларини кўмсин.

Мен соппа-соғман, демак, ҳаммаси жойида. Қизларимизни ўпиб қўй. Мен фақат сизларни ўйлайман ва сизларни жуда севаман.

1952 йил 1 ноябрь

Ҳаддан ташқари чўзилган томоша тугаганини ва парда туширилганини сен билишинг керак. Энди ҳаммаси Эгамнинг ихтиёрида… (цензор ўчириб ташлаган)… яна бир неча ҳафта. Гарчи бизни ўнқир-чўнқирли янги йўл ва янги айрилиқ кутиб турган бўлса (албатта, шундай бўлишига шубҳа қилмасам-да), умид ва қаттиқ турмоқ бу ерда ҳам жонимизга ора киришига шунчалик кам шубҳа қилаяпман. Асосийси, ўлмай қолиш. Ҳаёт – олий бахт, барча умидларнинг рўёби мана шу ва умидларимизнинг рўёбга чиқишига ишонганман.

1952 йил 10 ноябрь

…Шундай қилиб, биз учун ғирт мажозий бўлган болалар ва севишганлар палласи бошланди: на униси, на бунисининг жойи бу ер. Лекин барибир яхши ва мен ўзимни аъло даражада сезаяпман. Йилнинг янги фасли бошланиши шарафига ёзилган бир арзимаган нарсани юбораяпман сенга. Мен хурсандман, чунки фикрларимни кўча тили билан ифодалаш малакамни аста-секин орттирмоқдаман. Ҳозирча бўлмағур нарсалар ёзаётганимни тушуниб турибман – бу шеъриятдан кўра услуб соҳасидаги машқ – аммо шу билан бир вақтда, Худо хоҳласа, мавзуси жиддийроқ бир нарса томон йўл очаяпман ҳам.

1952 йил 26 ноябрь

Сўзимда туриш ва сенга бирданига иккита шеърни юбориш умидида бу хатга жавоб ёзмадим, аммо илҳом париси бир кетганча бадар кетди ва сен ўқийдиган шеърлар илҳом мевасидан кўра ақл найранг­ларига далолат. Ўйлайманки, қамоқхона таассуротларимни охиригача қириб-сириб олдим ва энди менинг айтар гапим деярли қолмади. Ақл ва кўнгил янги таассуротлар, одамлар билан янги учрашувлар кутиб яшайди, ҳозир биз турган тўла яккаланиш ҳолатида, ақл ва кўнгил ўша янгиларини олмаса, улар аста-секин қурийди ва бесамар бўлади. Бироқ агар мен бошқа ҳеч нарса ёзмаганимда ҳам барибир ўзимдан кўнглимни тўқ тутишга ҳақим бўлади: қамоқхона деворлари ортида ҳозир ёзаётганларимни ўқир эканман, ниҳоят, ёрқин фикр ва мажозларга бой адабиёт пайдо бўлганини кўриб турибман. Мен бундан фахрланаман, чунки ҳозир ва илгари ёзганларим қайсидир даражада озгина бўлса ҳам шоирларга таъсирини кўрсатди ва уларнинг биз икки йил муқаддам кириб қолган боши берк кўчадан чиқиб олишларига ёрдам берди. Мен иложи борича кўпроқ истеъдодга эга бўлишни ва ортимдан эргаштира олишни жуда-жуда истайман, чунки, минг афсуслар бўлсинки, ҳеч ким ҳозирча мендан ўзиб кетганича йўқ. Мақтанчоқлик қилиб юбордимми? Бироқ хотинингнинг олдида ҳар қанча мақтанма, у барибир пинагини бузмайди!

1952 йил 28 ноябрь

Эшагидан тушови қимматлигини билиш, бу – асосий нарса эмас. Токи нафас оларкансан, токи бошингни баланд кўтариб юрар ва бошингга бало ёғиладими, ё тож кийдириладими, ўзингни рисоладагидай ҳис қила олар экансан, бу ҳаёт яшашга арзийди. Бошқасининг кераги ҳам йўқ.

1953 йил 5 январь

Менинг ягонагинам!

Қайғули хабарни, албатта, эшитган бўлсанг керак. Ўтинаман сендан, хафа бўлма, менинг довюрак ёрим. Сўнгги икки йилда кўп нарсаларни бошдан кечирганимиз каби бунисига ҳам чидаймиз. Ёмон гаплар бошда, улар ўтиб турганида даҳшатли, улардан қўрққанимиз ҳар доим ғалати туюлади. Бизнинг ҳозирги кўнгилсизлигимиз, эҳтимол, жуда нари борганда яна икки йиллик айрилиқни англатиши мумкин. Атрофга боқ ва шунга имонинг комил бўладики, бутун Покистонда ва бутун Ҳиндистонда инглизлар даврида шунча вақт ўтириб чиққану (агар ундан кўп бўлмаса), унга ҳеч нима қилмаган лоақал биттагина рисоладагидай одам топилмайди. Афсус­ки, озодлик ва адолат йўлига ҳаргиз гуллар тўшалмаган ва мен танлаган йўлимиз учун бошқалардан кўпроқ товон тўлаяпмиз деб ўйламайман.

1953 йил 6 январь

Ҳаяжондан ушбу хатни ёзиб тугатмаганим учун кечир. Кечаги кун воқеалари бугуннинг ўзидаёқ арзимас, бемаъни ва ҳаддан ташқари олис бўлиб кўринади. Ягона муҳим нарса шуки, мен жиноят содир этмадим, ҳеч кимга ёмонлик қилмадим ва виждоним тоза. Йигитларнинг ҳатто мендан жаҳллари чиқди – улар менинг ҳужрамда тунги тўққизгача ўтиришди, бугун эрталаб эса улар кетгандан кейин роса ўн дақиқа ўтгач, мен шунақанги хуррак отибманми, улар ухлай олишмабди. Ишонмай-чи – мен қуёш деярли тиккага келганда уйғондим, кеча нима бўлгани эса эсимда ҳам йўқ, эслагач эса, бўлиб ўтган бемаъниликлар устидан роса кулдим.

Кейин мен фалсафа сўқиб кетдим. Агар инсон тирик ва соғлом бўлса, касал одамга қараганда у ўзини яхши ҳис этади. Касал, аммо тузалиб кетишга умид қилган одам дарди бедавога учраган одамдан кўра яхши. Дарди бедавога учраган одам барибир ҳам ўлганга қараганда авло. Ўликни эса безовта қилиш қийин, шунинг учун унга барибир. Бундан келиб чиқадиган маъно мана бундай – борди-ю, тирик бўлсанг, бошқа кўпларга қараганда сенга яхши ва демакки, сендан хафа бўлишларига ўрин йўқ. Мулоҳазаларнинг силсиласи менга икки йўл ҳақидаги қадимги латифани эслатди ва мен яна кулиб юбордим.

Мени кечир – ўта жиддий нарсаларга ҳаддан ташқари енгилтаклик билан қараяпти деб ўйлаётгандирсан? Лекин бир нарсани тушун – бу барча гаплар аслида бир чақага қиммат! Кулги, албатта, кўнглингга сиғмай турибди, гап шундаки, бусиз ҳам яғири чиққан елкангни тоғдай юк босиб турибди…

Мен шўрлик онамни эсламай туролмайман… мен туфайли чекаётган азоблари учун ундан нима деб ва қандай кечирим сўрай: Она – унинг қаршисида ўзимни айбдор деб биламан ва бу юрагимни тошдай босиб турибди, мени тинч қўймаяпти…

1953 йил 12 январь

Севгилим!

Бугун эрталаб сеникига жавобан хат юбордим ва шу заҳотиёқ “Шамол қўллари” китобидан олти нусхани олдим. Қамоқхонадаги зурёдим – азоб-уқубатлар ва умидларим самарасини кўриш нақадар ёқимли…

Хурсандчилигимнинг дастлабки соатларидан кейин мени кутиб турган бўм-бўш кунларимнинг узун силсилаларини ўйлашдан қўрқардим, аммо бундай бўлмади. Аксинча, кунлар ўтган сайин мен хотиржамроқ, собитроқ бўлиб бораётгандек, камроқ ташвишланаётгандекман. Бу, эҳтимол, шунинг учун эдики, эртага мени нима кутаётганини билардим, кунлар ўтган сайин сўнгги бекатгача бўлган масофа тобора қисқариб бораётганди. Масалан, индинга янги ҳукм бўйича ўтирганимга бир ҳафта бўлади. Яна уч ҳафта ўтса – бир ой бўлади. Мен барини хомчўт қилиб қўйганман. Борди-ю, мени муддатидан олдин озод этмасалар ва муддатни тўлиқ ўтаб чиқишимга тўғри келса – бу 30 ой ёки 120 ҳафта бўлади. Индиндаёқ бор-йўғи 119 ҳафта қолади, ўзим эса ҳали узоқ ўтирганим йўқ…

1953 йил 16 январь

…Ҳозир даҳшатли китоб ўқияпман – Эптон Синклернинг “Жунгли” романи. Унда Чикаго кулбаларида яшовчи ишчилар ҳаёти тасвирланган. Ўқияпман-да, назаримда, биз ҳали чинакам қашшоқлик нима эканини билмайдигандек туюлаяпти. Унга нисбатан бизнинг барча мусибат ва офатларимиз ўйинчоққа ўхшайди.

Кўп ишлаяпман ва афтидан, ёмон ишламаяпман. Яна фаранг тилини ўрганишга киришдим…

1953 йил 19 январь

…Икки ҳафта ғириллаб ўтди-кетди (демак, 118 кун қолди) ва кунлар гарчи тез бўлмаса-да, тинимсиз ўтиб турибди. Сен альпинистларнинг машҳур қоидасини биласан: узун ва айлана тепаликка чиқиб бораётганингда олдинга бир қадамдан кўпга қарамаслик ва ҳеч қачон кўзингни тепага кўтармаслигинг керак. Ҳали етиб бормаган чўққи жуда узоқ кўринади, бу эса ирода кучингни сусайтиради. Қадам-бақадам зўр бериб одимлайвер ва маррага қандай етиб келганингни ўзинг билмайсан. Фақат кейинги одимни ўйла, бу сени қўрқув ва тушкунликдан қутқаради. Сенда куч-қувват етарли эканини биламан ва шуни англаб, ўзимни бардам ҳис этаман. Бунинг учун қанақа тўловлар тўлаяпмиз, деб сўрайсан мендан. Ёшлик эвазигами, ҳаётий шодликлар эвазигами, гўзаллик эвазигами? Биласанми, қамоқхонада мен ўзим учун буюк ҳақиқатни кашф этдим: бизнинг ёшимиз ва ташқи кўринишимиз фақат одамлар учун аҳамиятга эга, бироқ бошқаларнинг қизиқишини қозона бошладингми, сен уларга қизиқмай қўясан. Улар билан муносабатлар дунёси чекланиб бораверади, бироқ бизнинг ўз дунёмиз тўлароқ ва бойроқ бўлиб бораверади.

Ўзни сақлашнинг энг яхши йўли инсонни унга қадрдон бир ҳовучгина одамлар билан яқинлаштиради, улар меҳр ва илиқликнинг ягона манбаи бўлиб қоладилар, айни вақтда совуқ хулқ-атворлар олами унга ёт бўлиб бораверади. Шундайин, табиат узоқ давом этмайдиган ёшлик учун инсонга товон тўлайди – ёши катталашгандагина инсон умри ёшлик йиллари ундан нимани тортиб олиб кетганини англамайди. Назаримда, фақат катта ёшдаги одамларгина бир-бирини чинакам севади, шекилли, улар ёшликнинг оловли майллари сўниб битган ва хомхаёллар кетидан ортиқ қувламайдиган одамлар. Ёшликдаги муҳаббат эса ҳар доим сароб, барча сароблар каби гўзал ва шу боисдан ҳам ҳузурбахшдир.

1953 йил 8 февраль

…Яна бир ҳафта ўтди. Ҳаво ғуборли, қуёш аста-секин куйдира бошлади – ҳамма нарса ёз келганидан дарак беради. Биздаги жазирамага нисбатан “ёз” сўзини қўллаш аҳмоқонадир, худди жазирама фасл охирларида “куз” сўзини ишлатиш каби аҳмоқона. “Ёз” ва “куз” – ёмғирлар ва жазирама билан жуда кам боғлиқ бўлган юракни орзиқтириш тимсоли. Бу сўзлар – азоблар боши ва унинг охири, дилгирлик ва севиш палласи, тишни тишга босиш ва енгил нафас олиш мавсуми. Бизда ёз бўлмайди, фақат жазирама иссиқ бўлади. Сен унинг бошланишини қўрқув билан кутасан, мен эса – бетоқат шодлик ила. Биз ҳавонинг ҳар қандай ўзгаришидан қувонамиз, чунки бу ерда фақат угина ўзгаради. Йилнинг янги фасли ўзи билан кўп янгиликлар олиб келади: ер, осмон, дов-дарахтлар бошқача кўринади, ҳаёт ва хаёл тарзи ўзгаради. Борди-ю, ҳайратланиш ва қувониш қобилиятингни сақласанг, булар бари шу қадар даҳшатли ва яхшики…

…Менга хат ёзиб, роса устимдан кулибсан, унда кимдир мени қаҳрамон деб атаганини ёзибсан. Ўзинг яхши биласан-ку, мен ва қаҳрамонлик – бир-бири билан чиқишолмайдиган нарсалар. Ўтмишни эслар эканман, мен унда фақат биронта ҳам қаҳрамонона ишни кўрмаймангина эмас, ҳатто уни содир этишга қачондир ҳаракат қилганимни эслолмайман. Менинг ҳозирги ҳолатим – ҳечам менинг айбим эмас, у устимдан босиб тушди, холос; қолаверса, мен бунга ҳаракат ҳам қилмаганман.

Ягона нарса – мен ҳар доим изчил, бутун (лоақал қайсидир даражада) бўлишга ҳаракат қилганман ва ҳеч қачон виждонимни сотмаганман. Охирги фазилатга келсак, миллионлаб одамлар шундай фазилатга эга, назаримда, башариятнинг мағзини яхши одамлар ташкил этади, бунда менинг алоҳида хизматимни илғаш қийин. Ундан кўра сен ўзингни қаҳрамон аёллар сирасига киритишга кўпроқ ҳақлисан, гарчи буни ўз вақтида тушуниб етмасалар ҳам бу бор гап.

1953 йил 3 март

…Менинг фалсафамнинг заиф томони – ундан аблаҳлар ўз мақсадларида осонгина фойдаланадилар, бу эса юракка оғир ботиб, ҳафсалани пир қилади, дейсан. Мутлақо тўғри. Аммо агар аблаҳлар воқеликни қандай бўлса, шундайича қабул қилганларида ва унга соғлом ақл нуқтаи назаридан туриб ёндашганларида эди, аблаҳ бўлмай қолар эдилар ва ўшанда одамгарчилик қилишга ҳожат қолмаган бўлурди. Шу боисдан ҳам аблаҳларни, илоё, ер ютсин!.. Бир ҳовуч шундай одамлар борки, улар ҳаммадан кўп нарсани хоҳлайдилар ва ҳамма нарсага бурунларини тиқадилар, чунки уларга бу кимнингдир фойдасига ишлайдигандек бўлиб кўринади, ҳолбуки, улар кўпинча хато қиладилар. Улар нима учун бундай қиладилар? Шахсан мен ёруғ дунёда ифлос одамлар жуда оз деб биламан (мен одамлар ҳақида гапираяпман, ташкилотлар ёки тизимлар ҳақида эмас), кўпчилигимизда яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам илдизи бор, бироқ турли мутаносиб­ликларда. Ёшлик йилларида мутаносибликни ўзгартириш осон бўлади, ёш катталашган сайин бу қийинроқ бўлиб бораверади. Вақтинча бўлса ҳам барибир у одамга таъсир қилиши мумкин. Тепки билан таъсир ўтказиш керак, деган фикрга қўшилмайман, аҳён-аҳёндагина мумкин. Зеро, одамни аслидагидан яхшироқ қилишга уриниш ҳар доим қизиқ туюлаверади, биз буни яхши одамлар бўлганимиз учун эмас, кўпроқ кибр амрига бўйсуниб шундай қиламиз…

Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 3-сон

_____________________

[1] Коммюнике (франц. “communique”, лотинча “communico”дан — хабар бераман) – халқаро муносабатлар (давлатлараро битимлар, халқаро шартномалар ва бошқалар) ҳақидаги расмий ахборот.

[2] Иегуда Менухин (1916–1999) – машҳур америкалик скрипкачи, дирижёр. 1963 йилдан Лондонда яшаган, 1985 йили Буюк Британия фуқаролигини қабул қилган. Иқтидорли болалар учун мусиқа мактаби ташкил этган, Буюк Британия ва Швейцарияда мусиқа фестивалларига асос солган. Вена Мусиқа академияси аъзоси.

[3] Анна – майда чақа пул.

[4] Банне – Сажжод Зоҳир, шоир. Розия – унинг хотини.

[5] Шоирнинг акаси уни кўргани қамоқхонага келган ва юрак хуружидан шу ерда ўлган.

[6] Гап ҳинд шоираси Рашида Жаҳон ҳақида кетмоқда.