Оқшом аста-секин шаҳарни ва унинг ҳазин қалбини оғушига ола бошлади. Осмоннинг олис чеккасида сўнгги булутлар оғир сузиб юраркан, ҳойнаҳой, улар ёмғирга ҳомиладор эди. Булутларнинг четлари кумуш ҳошиядек чиройли товланар эди. Қушлар ўз инларига қайтди. Тулкилар ҳам ўзларини инга урди. Унинг ўзи эса оёқларини судраб-судраб манзил томон интиларди, у ерда уни фақат кулранг бўшлиқ кутарди… У бошини кўтаришга ҳаракат қилди.
* * *
Тонг нурлари билан ташқарига интилди. Ҳаракатлар билан жўш урган ҳаётни кўришга иштиёқманд эди, қорнини тўйдириш учун бирорта егулик сотиб олмоқчи ҳам эди. Енгил шабада эсар, кулранг бўшлиқда туман сузиб юргандек. У кўзойнагини олди, артди, лекин туман кўз олдини ҳамон тўсиб турарди. Қаҳвахонага яқинлашди. Унда одамлар…
Одам коинотда энг чиройли мавжудот, нима бўлганда ҳам қаҳвахона ичкариси илиқ. Шовқин-сурон қандай яхши! Официант худди ашула айтгандек ширин овозда: “Жаноб бекка ажойиб чой…. бир шиша ичимлик”, деса, радиодан жўшқин халқ ашуласи янграр эди.
Яшил дарахт тепасида сайраётган қушларнинг ёқимли шовқинидан қалби тўлиб-тошди. Бу дарахт шамол ва ёмғирларга бардошли эди. Унга узоқ тикилди. У ёмғирдан қалтирар эди.
Унинг кўзлари кўп нарсани қидирмоқда, у барча нарсани қоплаб олган хотира билан курашади. Ҳар жойларга бориб кўрди… Сукунат ва қаҳрни эсидан чиқаришга уринди. Кутубхоналар бир-бирига зид бўлган муҳаббат, рашк, нафрат, азоб тўғрисидаги китобларга лиммо-лим. Кутубхоналар… олдида майдон кўринди, у гўё туман ичида эди. Опера театри майдони гўё изтиробли… у бир аёлга боқмоқда… у эса мулоқотга тайёр. Қачон аёллар хотираси тўхтайди?
* * *
Ўзини ётоққа зўрға олиб кирди… қўлида бир тўп газета ва журнал бор. Уларда ёзилган даҳшатли нарсаларни ўқишдан бош тортди. Титроқ бармоқлари билан варақлаб чиқди. Ҳеч нарса қувонтирмайди, ҳар бир саҳифадан ўликлар тушади, қон сизади! Қалин кўзойнаги билан сатрлардан маъноси бор нарсани қидиради, хатлар асосидаги рукнни ўқиди. Шахслар адолат ғоясини излашмоқда! Ўша-ўша ичга ютилган оҳ-нолалар, сатрлар орасида ўша-ўша ташвишлар ва йўқотилган орзулар! Радио қулоғини буради… ўша лаънати хабарлар, бемаъни ашулалар ва аблаҳларча олқишлар, қаердан чиқмоқда бу аҳмоқона хурсандчилик!
Ич-ичидан савол туғилди. Нега унга нафақа бериб, маош ҳақидаги ҳужжати билан четга чиқариб қўйишди?! Нега унга расмий жанозага ўхшаган хайрлашиш кечаси уюштиришди? Чиқишлар…. ширинликлар… тортлар, пепси-кола, яланғоч оёқлар, қизил, яшил… мотам маросимида айтиладиган сўзларга тўла шаҳодатнома. Кимнинг кўз-ёшларини эсдан чиқаради? Кимнинг тимсоҳча ёлғон кўз ёшларини эсдан чиқаради? Ёки котибаларнинг кўз-қошини… турли рақслар… лаббўёқлари… ҳазиллар… буларнинг баъзилари ахлоқсиз, беҳаё, баъзилари пардага ўралган. У туннинг охиригача демократик кўриниш билан ниқобланган барча таъналарга чидаб келди!
У кимнинг шафқатсиз ҳазилларини у билан видолашув ва шарафлаш кечасида унутсин!
– Энди пешингача ухлайсиз! Қандай бахтлисиз! Мириқиб дам оласиз!
– Сен етук ёшга борган қаҳрамонсан. Икки маротаба ўттизга кирдинг!
– Одамлар сенинг тажрибангдан ҳам, билимингдан ҳам фойдаланишади.
– Кичкина режа билан кифояланманг. Бўш вақтни фойдали ўтказинг!
– Ҳа-ҳа, амакижон, маҳалла қизларига гап отишга вақтингиз бўлади!
– Янгидан туғиласиз!
У вазирликдан руҳини йўқотган одам каби чиқиб кетди.
* * *
Қаттиқ оғриқ турди. Ер устида шамол эсмоқда… уфқда кулранг булутлар. Бугун у билан отамлашиб юрган ва унга сохта мулозамат кўрсатган шахсларга қарши бўлиб қолди!
* * *
Оғриқ яна хуруж қилди… Санчиқли оғриқ… Ер устида шамол. Уфқда кулранг булутлар… Кеча у билан отамлашиб юрган, сохта мулозамат кўрсатган одамларга энди у қарши.
Бу ёмон хаёллардан қаёққа қочсин?! Нега у ярага туз сепади?
* * *
У уйғонди ва қараса, ёнида хотини йўқ… болалари ҳам. Уйғониши билан улар кетишди. Ажойиб тушида у билан бирга эди. Қалби муҳаббат ва ишонч билан урар эди. Оҳ, бу руҳнинг озуқаси!
Унинг қулоғига бақираётган, сўкинаётган, уришаётган сотувчиларнинг овози, эшакнинг ҳанграши, эшик орқасида айни орзу қилиб ашула айтаётган хизматчининг овози қулоғига чалинди.
У оёғига шиппагини кийди. Ювинди… кийимини кийди… Атрофига кўз югуртирди. Бу макон унга ғарибдай ва тор кўриниб кетди.
Худди шу пайтда турар, таҳорат қилар, намоз ўқир эди. Дастурхонга ўтирар эди. Хотини унга сутли чой берарди, у ҳам ишларди, аммо ундан чаққонроқ эди. Унинг хотини эрта тонгда турар, нонушта тайёрлар, уйни тозалар, болаларни уйғотар, кичик қизининг сочини тарар, унга дафтар ва китобларни қандай тахлашни ўргатар, сэндвич тайёрлаб бериб, портфелини тартибга солар эди.
Хотини болалари тест топширадиган кунлари улар билан кечани ўтказар, саволларни зўр диққат билан ўқиб, жавобларни қайтаргандан кейин тестларни ўзлаштиришларига ёрдам берар эди.
Бу маскан унга кўп воқеаларни эслатади. Каравотига қараганда гўё ёстиқнинг суҳбатини эшитади. Бу ерда болалар уни ўраб олишар эди, у йўқ бўлганда, улар билан баҳслашар, уришар, кулишарди. Шунда хотини секин-аста улар билан шуғулланиш учун хонадан чиқариб юборар эди. Хотини ҳар бир фарзанди учун ҳаёт харитасини ясашга ҳаракат қилар, нотўғри қадам босишидан қўрқар эди. Уни ёлғизликда қолдирмас, бор вақтини олар эдилар. Баъзида сотиб олган китобини ҳеч бўлмаса бир соат ўқишни орзу қилар эди.
Назарида хотини ҳозир гўё парча нур тушиб турган жойда ётгандек. У касалини билдирмасликка ҳаракат қиларди. Оғриқ кучайиб борарди… Унинг қўлини ушлайди.
– Болалар… болалар қани?
– Болалар яхши… Энг муҳими – сенинг соғлиғинг.
– Қўрқинч… мен қўрқаяпман!
– Қўрқувга ҳеч ҳожат йўқ, жоним.
– Тўғри, лекин улар кичик.
– Илтимос қиламан. Нега қўрқасан? Нега?
У унинг қулоғига шивирлади:
– Фақат сабр билан қалблар таскин топади.
Кунлар ўтган сайин оғриқ кучаярди. Касалхонага кетди, уйга қайтиб келмади!
Бу макон унга кўп нарсани эслатади. Барча нарсалар унга кўп нарсани гапиради.
Ошхона… Идиш-товоқ ювишни ўрганди, кийим ювишни ўрганди, равонда кирларни дорга осаётганда қўшни аёллар унга қарашарди. Уларнинг нигоҳларида раҳмдиллик, шафқат, қизиқувчанлик ва ҳатто сурбетлик зоҳир эди. Лекин у болалари ва уларнинг охири йўқ талабларидан бошқа ҳеч нарсага қарамас эди. Улар эса кун сайин улғайиб борар эди.
* * *
Ёши элликларга борган идора мудираси унга:
– Нега уйланмайсиз? – дея савол берди.
Мудира аёл уни ўз ҳолига қўймади, қизиқиб деди:
– Агар хоҳласангиз… Сиз учун мен ажойиб келин кўриб қўйдим. Унинг ҳусни ҳам, моли ҳам бор… У яхши одамларнинг қизи.
– Марҳумадан кейин…
– Оллоҳ ўтганларнинг барчасини раҳмат қилсин. Сиз талабларингизни бажарадиган аёлга муҳтожсиз. Иш тўғрисида ўйланг!
– Болалар учун қўрқаман. Марҳума фақат “болалар, болалар” дер эди.
– Худо сақласин! Ишонинг, ёмон одам бўлганингизда бу гапини айтмаган бўлар эдим. Нега келин ким деб сўрамайсиз?
У бу аёлни фикридан қайтаришга ҳаракат қилди:
– Минг бор раҳмат!
Шу билан суҳбат ниҳоясига етди.
* * *
Бу макон хотиралар билан уни оғушига олди. Қора қаҳва ичди. Аёл зотини умуман ҳаётидан чиқара олдими? У ўзи ишлаётган ижтимоий марказга лойиқ бўлмаган нарсалар тўғрисида ўйлар эди.
Унинг баъзи дўстлари қизларини унга рўбарў қилишар, вазирликда уларга иш қидириш мақсадида у билан учраштирар эди, улар унга ишонар эди! Уларнинг кўзида у ижтимоий муассаса ходими, эркак эмас…
У одамларга хизмат қилиб, нафсни тийиш, овқат ейиш, ўзини жиловлашда иложини топди.
Бир куни чўчиб уйғонди. Яхши оила… Нимани талаб қилишди? Қизининг қўлини! Кечаги мишиқи қизалоқ энди бўй етиб, эрга тегадиган бўлиб қолибди! У бу таклифга ҳеч ҳам рози бўлмасди. Онасига тортган бу қизни у ҳар куни эрталаб зўрға уйғотар эди. У ўринда қимирламай ётар, мактабга боришни хоҳламасди. Совуқдан қўрқар эди. Отаси эса уни кўз қорачиғидай асраб-авайларди, касал бўлганида ёнидан кетмас эди. Қизи бирон жойим оғрияпти деса, нақ жинни бўлиб қоларди.
Энди бўлса тўсатдан унинг қўлини сўраб келишди! Ҳалоллик зурриёти. Бир бўлак пишлоқни олиб қочган қарғани эслади! Тўй кечаси унинг кўзларига ғам соя солган бўлса, бошқаларнинг кўзида шодлик. Куёв қизини қўшни мамлакатлардан бирига олиб кетди. Худди унинг пешонасига атрофидаги севган кишиларининг кетиши ёзилгандек. Баъзида қизининг овозини телефонда эшитади:
– Қандайсиз, отажон? Биз яхшимиз. Бирор нимага мухтож бўлсангиз, айтинг, юборамиз.
У муҳтож бўлган нарсани почта орқали юбориша олмайди. Фақат у ерга почта карточкаси юборилади ва унга нимани хоҳлашини ёзмайди.
Катта ўғлининг фикри-зикри хорижга кетиш бўлиб қолган. Кетмаса жинни бўлиб қолади. Кўрсатувлар ақл-ҳушини олган, одатдагидек, дунёни ёлғон безакларда кўрди. Ўғил талпинди, айтганини қилди, охири унга пул йиғилди.
Ўғил бахтли, орзулари ушаладиган ерга учиб кетади. У инглиз ва француз тилини яхши ўзлаштирган. Отаси унинг тил ўрганишни яхши кўрганидан хурсанд эди. Тил билиш инсонга тафаккур қанотини бахш этади. Ўғил энди эркин. У отасига фақат хатлар юборади. Қайтиб келмайди, шекилли… у гамбургерни, пепсини, чипсни яхши кўради!
* * *
Ўғли отасига хатида шундай ёзган: “Мен ҳозир йўлдошлар ва ракеталар чиқарадиган, фазо ва юлдузларни ўрганадиган мамлакатдаман. Севимли отажон, менга шароит яратиб берганингиз учун раҳмат. Сизга шукроналар айтаман, аммо қайтиб бора олмайман. У ерда инсоннинг ҳашоратча қадри йўқ.
Сиз қийналяпсиз, буни биламан, ота. Бизни тарбиялаш учун жон олиб-жон бериб қанча куч сарфладингиз. Биз туфайли ёлғиз қолдингиз, аммо мен сизни севаман, ота. Сиздан мени кечиришингизни сўрайман. Мени дуо қилинг! Алвидо, менинг катта дўстим”.
Газеталарда ёзилган сўзлар кўнгилни севинтирмайди. Қаҳва ҳам аччиқ. У ҳамиша мана шу жойда ўтирар эди. Қалбининг маликаси: “Хайрли тонг!” – дерди унга табассум билан, нонуштада… Бир стакан қаҳва. Мусиқа янграётган радио. Унинг қизи ҳам катта бўлганидан сўнг шундай қилишга ўрганди. Ашула тингларди. Ўрта Ер денгизига қилинган унутилмас сафар, биринчи муҳаббат қасидаси. Қизи отасининг буларни билишидан қўрққан. Қизининг дугоналари уларнинг уйига келар эди. Отаси ёш, чиройли қизларни яхши кутиб оларди. Қизининг дугоналари унинг кабинетидан бошқа уйининг ҳамма ерида – ётоқхона-ю, меҳмонхонада, ошхона ва кенг равонда ўтиришар эди…
Бу муқаддас макон.
Қизида ёшлигиданоқ оналик ҳиссиёти балқиб турар эди, айниқса, отасининг боши оғриганда. Дарҳол дори олиб келар, турли муолажалар қилар эди. Отаси ёшлигини кўп эсларди… рангли расмлар альбоми. Хиёбонлар ва соҳиллар, дўстлар ва олис ерлар. Ўтмиш билан алоқада эди. Қизининг ҳаёти муштипар онасининг ҳаётини эслатарди.
У қизининг қалби аламли муҳаббат билан ёнаётганини билар эди, аммо, ораларидаги масофа қисқа бўлса ҳам қизига қандай ёрдам беришни билмас эди. Ва у қийналмаслик учун шундай тўхтамга келдики, бир куни қизи ўзининг сеҳрли оламига барибир қайтади, албатта, қайтади!
* * *
У кабинетида… Хонада сукунат ҳукм суради, уй яшил майдонга ва денгиз соҳилига қараган. Уммонлар ва денгизларни ажратиб турувчи мамлакатдан келган мактубни очди:
“Азизим, отажон! Мен соғ-саломатман. Ишга жойлашишимга имкон туғилди. Аммо ўқишимни қолдирмайман. Кэтига уйландим. Ишонинг, севиб уйландим. Бунга у ернинг фуқароси бўлиш истаги асло сабаб бўлмади. Кэти ажойиб қиз, бизнинг мамлакатимизни севади. Минтақамизни қанчалик иллатлар емираётганини асло билмайди. Биз унинг учун афсоналар дунёсимиз. У фиръавнлар обидаларига мафтун. Қадимги Миср тўғрисида кўп китоб йиққан. У мени бизнинг ўтмиш тамаддунимиздан таъсирланиб севиб қолган, дейишдан қўрқаман.
Ота! Кэти жуда яхши қиз. Жуда гўзал. Бирга фабрикада ишлаймиз ва бир университетда ўқиймиз. У эри билан ажрашган. Уларнинг ҳаёт тарзи менга ғалати кўринади, аммо тушунишга уринмоқдаман.
Кэти сизга салом йўлламоқда. Тўй кечаси расмларини, шунингдек, бу ернинг маҳаллий газетаси нашр қилган никоҳ базми тўғрисидаги хабарни ҳам юбормоқдаман” .
Сэм амаки мамлакатидан яна битта хат. Ўғли унда шундай деган: “Отажон, бизни кўргани келиб кетинг! Йўл сафарига кетадиган маблағни тўлайман. Сизга бу ер ёқади.
Отажон. Сиз ҳаётингизни ўзгартиришингиз зарур. Сиз кенгроқ ва обод дунёни кўришингиз керак. Рози бўлсангиз, мен ишга киришаман. Розимисиз?”
“Мен болаларимни тарбиялашни эплай олмадимми? Уларга Миср тупроғини севишни ўргатишни эсимдан чиқардимми? Қандай қилиб сендан кетаман? Эй, кўзимнинг қорачиғи!”
У хотинининг расмини кўксига босди. Пальтосини кийди. Февраль ойининг совуғи жонидан ўтди. Ёмғир қуймоқда. Унинг олдида кулранг қабрлар кўринди. Бу ердаги сукунат уни мушоҳадага чорлади.
“Сен шу ердасан. Мен ҳам шу ердаман. Бир-биримиздан фақат бир қарич тупроқ ажратиб турибди. Вақтни жадаллатяпманми?”
Унинг ёнидан гадой ўтиб кетди. Тиловат қилди ва овози борича бақириб йиғлади. Қўлида қумни асабий ҳолда эзарди.
Совуқ суяк-суякдан ўтиб кетмоқда. Бу ерда бир нечта эгилган дарахт ва қумдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Сукунат. Жавобсиз қолган саволлар…
Унинг хотирасида турли воқеалар жонланди. Елкалар устида тобутсимон нарса… Шамолнинг увиллаши ва бошқа йиғилар. Жанозада кетаётган йўловчилар йўл бўшатмоқда. Шивирлашлар. Одамлар Оллоҳ таоло олдида ҳамма нарсани унутадилар. У эшитди: “Оллоҳ уни ўз раҳматига олсин”, “Сизлар аввал кетдинглар, биз етиб борувчилармиз”, “Тақдир Оллоҳнинг қўлида, Оллоҳдан бошқа боқий йўқдир”. Болакайлар бир оҳангда қайтаришди: “Фақат боқий, ягона Оллоҳдан бошқа боқий йўқдир!”
Тобутни бир жойга қўйишди. Ундан майитни олишди, у энди кафанланган. Озғин жисм муҳаббат, хоҳиш, ҳаракат, ишқ нималигини энди билмайди, у қора ер қаърига туширилди!
Жасадда кечагина ҳаёт жўш урарди. Унинг ақли ҳамма нарсага етарди, виждонли аёл эди, кўзлари ёниб турарди, латифаларнинг маъносини чақарди. Буларнинг ҳаммаси энди қора ер бағрига қўйилди!
Елкасига яна ўша қўллар тушди: “Оллоҳни эсланг! Оллоҳни зикр этинг!”
* * *
Кечга бориб совуқ кучайди. Атрофидаги ҳамма нарса театр безакларига ўхшайди. Уларнинг на таъми бор, на мақсади, хона ойналарининг баъзилари асфальт кўчага, баъзилари ошхона тагида жойлашган боғнинг четига қараган. Боғ ташландиқ ҳолатда. Равондаги нозик гуллар агар ёмғир бўлмаганда, аллақачон қуриб қолар эди. Унинг аёли меҳрибон қўллари билан уларни суғорар эди.
Ёмғир дераза ойнасини қоплади.
Боласи уйқудан туриб онасини қидира бошларди, қизи эса тинмай йиғларди. У нима қилишни билмас, унинг ширин сўзлари нозик қалбларга янада қаттиқроқ таъсир қиларди. Шунда у юзини деразанинг совуқ ойнасига қўяр эди.
Ташқарида шошилиб кетаётган йўловчилардан бошқа зоғ йўқ. Баланд минора, ундан ёқимли “Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар! Оллоҳ мағфират қилсин”, деган калималар чор атрофга тараларди.
* * *
Қизи эри билан шарқда. Ўғли эса Кэтиси билан пепси, гамбургерлар мамлакатида, ғарбда. Сэм амакининг цилиндри ўғлини бутунлай ютиб юборган. Унда фақат суратдан қараб турган севимли хотинидан бошқа ҳеч кимса йўқ.
“Хотингинам, эй, менинг энг азиз инсоним! Сен ҳозир қаердасан? Чиройли овозингни соғиндим… биласанми, сен хоинсан! Ҳа, хоин… бир ўзинг кетишга жазм қилдинг. Менинг қанчалик қийналаётганимни биласан. Ёлғизликдан чарчадим. Болалар ҳамма нарсани ҳам тушуна олишмайди. Ёлғиз сен тушунар эдинг. Шунинг билан… билмайман… нима қилишни”.
Мактублардан не фойда. Телефон орқали гаплашишдан не фойда? Бир-биримиздан олисда яшаш – бизнинг турмушимиз шу бўлдими? Гўё осмондаги юлдузларнинг узоқларда чақнаши. Совуқликдан бошқа ҳеч нарса йўқ… ёлғизлик олами!
Хона шифтидан осилиб тушган чироқ унинг ҳаётида содир бўлган воқеаларга гувоҳлик беради. Совуқ суякларидан ўтиб, ҳар томондан ҳужум қилмоқда.
Уни зиёрат қилиб қўшни кирди. Қўшниси бўрининг кўзларига ўхшаган кўзлари билан унга қараб деди:
– Уйингиз жуда кенг. Бир ўзингиз қандай яшаяпсиз?
У тишини тишига қўйиб жавоб берди:
– Оллоҳнинг хоҳиши шу. Бу оиламнинг хонадони.
– Баъзи хоналарни ижарага беришингиз мумкин. Сизга бу хоналарнинг ҳаммаси керак эмас. Билишимча, болаларингиз хорижда, узоқ сафарда.
– Чой ичинг, совиб қолмасин…
Қўшни гапида давом этди:
– Баъзи хоналарингизни чет элликларга ижарага беринг, масалан, чиройли қизларга. – Қўшниси кулиб қўшиб қўйди: – Чиройли нарсалар… Беташвиш юрасиз. Одамларнинг мушкулини осонлаштирасиз.
– Шундай деб ўйлайсизми?
– Аминман. Сизга бир хона ҳам етади. Атрофингизда одамлар бўлади, қулфи дилингиз очилиб кетади. Ишнинг бу ёғини ўйласангиз-чи!
Қўшниси кетди. Орқасидан ёмон ҳид қолдирди, жуда оғир ҳид. Яшаш, бошпана учун жой, шахсий ҳаёт – ҳаммаси қўшнининг назаридан четда қолмади.
Қаердан келяпти бу шафқатсиз совуқ!
* * *
Нега гуллаш фасли йўқолди?! Замин ёмғир билан ювилган. Кенг майдон. Ўртасида қаҳрамонлардан бирининг тимсоли. Майдондан кўплар ўтмоқда, лекин ҳеч ким унга қайрилиб қарамас эди. Ҳеч ким! Нега тошларни олқишлашади?! Улар ҳеч қандай муносабатсиз янги оёқ кийимлари, янги либослар қўйилган пештахталарга тикилишарди.
У нигоҳини кулранг нафис безаклар, нақшлар билан безатилган қадимги уйга қаратди. Қадимги уй қалбни тиклайди, унга ҳаёт бағишлайди. Ана самода ҳомиладор булут сузиб юрибди. Одамлар ризқ топиш, меҳнат қилиш билан овора… ёки ишсиз, бекор юришибди. У ўзига-ўзи деди: “Китоб ўқишдан бошқа нима қилади, энди? Узун тунларни энди қандай ўтказади? Бир хил ўтадиган вақт. Чиқ… чиқ… чиқ… жуда зерикарли. Нега муштлари бунчалик қаттиқ тугилмоқда? Қалбим ғулғуласидан! Оллоҳим, сендан паноҳ сўрайман!”
У бошини ёстиққа қўйди. Унга бир нарсанинг гуп-гуп қилган овози эшитилди. Бу нима? Ҳаяжонли қалбнинг уришими? Қулоқ солди, фойда бермади. Ғира-шира нур.
Ёки бу қўни-қўшниларнинг беозор ўйини, ҳазилларидан бирими? Улар унинг хонадонига кўз олайтирмоқдалар. У қўшнисининг очкўз кўзларини эсидан чиқаргани йўқ. Улар менинг уйимга кўз тиккан, чет эллик ёки тадбиркор қизлар учун бошпана бўлишини хоҳлайди. Энг чиройли нарсалар эмиш! Қордан қутулиб, ёмғирга тутилайми?
Кеча дўсти қаҳвахонада деди:
– Болаларимиз бизга энг катта душман. Эҳтиёт бўлишимиз керак!
– Нима? Болалар неъмат-ку… болалар ҳаётнинг, ёруғ дунёнинг зийнати!
– Уларнинг ўз дунёси бор… отамиздан бизга фойда бўлдими? Отамизга аждодлари ёрдам берганми?
– Оллоҳ уларни раҳмат қилсин!
– Қани энди, қариялар уйидан бошпана топсак. Буларнинг ҳаммасига болаларнинг ёшликдан бебошлиги сабаб. Хиёнат қилиш фақат қариндошларгагина эмас, болаларга ҳам хос. Бу итлар ёшликларида устимизга чоптирганини унутадилар. Биз эса туни билан ухламасдан уларнинг бошида ўтирганмиз, касал бўлганларида мижжа қоқмасдан чиққанмиз. Мадад фақат Оллоҳдан!
– Ҳамма нарса унутилмоқда. Оталарга шафқат қилишимиз керак.
Оҳ… ниманинг овози эканлиги маълум бўлди. Қоронғида қимирлаб юрган нарса бу лаънати сичқон, девор орасида ивирсимоқда.
У чироқни ёқди. Қўрқувни ҳайдаш керак, ахир у эркак-ку? Ўзини ҳимоя қила олади. Бугундан бошлаб тўппонча олиб юраман. У ўзини ҳимоя қилиш ниятида жасурлик билан бақирди: “Ким? Ким бор у ерда? Ё Оллоҳ!” Қандай гўзаллик! Чиройли мушукча. Ажойиб! Мушук унга эркаланиш учун келди. У юмшоққина, думи диккайган. “Кел, дўстим, кел, чиройлигим. Менинг инсонга муҳтожлигимни сездинг, бирон кимса билан гаплашишга муҳтожман… ҳатто шайтон билан бўлса ҳам майли. Мени ташлаб кетма, Худо ҳақи. Кел, ташқарида ёмғир, совуқ, зулмат. Бу ер иссиқ. Сен ҳозир иссиқликдасан ва омонликдасан”.
У музлаткич олдига бориб, коса олди ва унга сут қуйди. Мушукчага берди. Мушук жавдираб кузатмоқда. Бу чақнаган кўзлар. Мушукча думини ликиллатди. У жонивордан қаердан келганлигини сўрамади. Ойнани ёки эшикни очиқ қолдирдими? Муҳими – бу эмас. Унинг кўкрагидан бемаъни қўрқувлар кетди. Бу ерда ҳеч қандай хатар ҳам, қотил ҳам йўқ. Энди у тинчгина ухлайди, чунки ёнида мушукчаси бор. У қандай бахтли! Энди эшик ортида уни ажойиб махлуқ – мушукча кўзлари, борлиғи билан ҳар куни кутади.
Ётоқхонада девор ёнида электр иситгич. У шкафни очиб, оқ темирдан ясалган қутичани олди. Унда нафис тақинчоқлар, турли муносабатлар билан келган совғалар бор. У қўлига узукни тақа туриб, вафот этган хотинини эслади. У никоҳ узугуни ўпиб қўйди-да, қайтариб қутига солди. Мушукча унинг олдига келди ва у мушукни кўксига босди, ўзининг озғин, меҳрибон қўллари билан уни силади.
* * *
У кўзларини юмишга ҳаракат қилди, гўё ўзи билан ўзи гаплашди. Кўзини юмиб уни бахтли жойларга элтувчи маконга кетишни хоҳлади. У бу жойларда биринчи бор хотини билан учрашган эди. У хотинини боғдаги фаввора ёнида, сузиб кетаётган булутларда кўрар эди. Рафиқаси ҳар томонлама гўзал, лаблари, сочлари нафис, кўзлари нурли, юзларида кулгичлари, баҳор каби енгил қадам ташлайди. У рафиқасининг лабларига эгилганида улардан шароб ҳиди анқир эди. Унга рафиқаси деди: “Кел… кел…” Яқинлашди, у бўлса, узоқ-узоқларда. У рафиқасининг ёқимли овозини эшитди. Шамларнинг нурлари ўйнашини, ёқимли кечалар, сўзсиз суҳбатлари, сийналари, ёноқларнинг бир-бирига тегиши, қадаҳларнинг жаранглаши, рақсга тушганларини эслади. Рафиқаси бошини унинг кўксига қўйди.
– Сени севаман!
– Мен кўпроқ севаман!
Сўнгра бу кўринишлар ундан узоқлашиб, ўрнига бошқаси келди. Мудроқ босди. Ҳаво ойна пардалари билан енгил ўйнамоқда. У кўрпа остида тўлғанди. Девордаги соат гўё оқиб кетаётгандек эди. Сафарлари ва орзуси поймол бўладиган йўллар. Гоҳ ғамгин, гоҳ хурсандчилик кунлари, болаларининг кўзлари – зийнатнинг зийнати.
Бўёқлар бирлашди. Унинг яхши ўқигани учун олган шаҳодатномадан тортиб мукофотлар, совғалар, медал ва орденларининг ҳаммаси занглаган темир қутичада ётибди. Унда яна ер ва молга эгалик тўғрисидаги шаҳодатномалар ҳам бор.
У бечора отасининг юзини эслади. Отаси ўлим тўшагида ётганида қайсаргина қизи чўнтакларини кавларди. У ҳамма нарсага муҳр қўйиб чиқди. Отаси ҳеч нарсани англамасдан совиб бораётган қўлини қизига чўзди. Нима қилаётганини асло билмайди. Синглиси ҳамма нарсага эга чиқди. Синглисининг кўзлари шиша ойнадек, бўйи паст, сочлари похолдек эди. Синглиси фақат қамоқда назоратчи бўлиб ишлашга ёки йиғловчиликка ярайди.
Бошқа бир-биридан кейин келувчи хотиралар кино тасмаларга ўхшаб айланмоқда. Кўнгилхушлик қилишни хуш кўрадиган кишилар билан сафар лавҳалари кўзига кўринди, сўнг жозибали аёллар, ундан кейин “Санта Катрин” черковидаги лойдан ясалган хонадаги монахларнинг ажойиб сеҳрли портретлари, ранг-баранг оёқ кийимлари, баланд олтин, қизил, бинафша, қора рангли пошналар, рақс, тамаки тутуни, ранг-баранг бўёқлар, мовий, қора ва жигарранг кўзлар.
Уни титроқ босди. Рафиқасининг гўзал чеҳрасини кўрди. Яқинлашди. У катта, чиройли боғда унга қараб турар эди. У рафиқасини ўпмоқчи бўлди, ширин лабларидан аста бўса олишини эслади.
Дарахт япроқлари силкинар эди. Сўнг силкинишлар тўхтади…
Араб тилидан Дилафрўз Муҳиддинова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон