Немис олимларининг чой устида амалга оширган янги тадқиқотлари «чойхўр» британияликларда катта хавотир уйғотмоқда. Олимлар чой билан солиштириш мақсадида қатор ичимликларни ҳам синовдан ўтказганлар, уларнинг кишиларга таъсирини ўрганганлар. Уларнинг изланишлари чой ҳақида илгари эълон қилинган хулосаларни яна бир марта тасдиқлади, бироқ чой ва сут аралашмаси кутилмаган натижаларга олиб келди.
Қора чой қон томирларини кенгайтиради, қон босимини мўътадиллаштиради ва юракнинг бир меъёрдаги фаолиятига ёрдам беради.
Немис халқи аниқликни хуш кўрмайдими, бу миллат олимлари қўшниларининг севимли ичимликлари хавфлилигини исботлаш учун қатор тажрибалар ҳам ўтказишди. 16 нафар аёлнинг ҳар бирига ярим литр оддий қора чойга 10 фоиз сут қўшиб, нонушта вақтида ичиришди. Хулосалар шуни кўрсатдики, қора чой қон айланишини оддий қайноқ сувга нисбатан сезиларли даражада яхшилаган, бироқ чойга қўшилган сут акс таъсирга олиб келган.
Олимлар ушбу жараённи қуйидагича тушунтиришмоқда, чой таркибидаги инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатувчи флавоноидлар сутдаги казеин оқсиллари билан контсентратсияга киришади. Натижада, ичимлик таркибидаги ташувчиларнинг меъёридан ортиқ фаоллиги кузатилади. Бу, охир-оқибат қон томирларида зўриқиш ёки енгил жароҳатланишга олиб келиши мумкин. Ушбу жараён саратон касаллигининг келиб чиқиши учун қулай шароит яратар экан.
Азалдан маълумки, чой нафақат юрак касалликлари учун, балки саратон хасталигини даволашда ҳам фойдали ҳисобланган. Ҳаттоки, кузатувлар чойхўрларда овқат ҳазм қилиш тизими ва ошқозон яллиғланиши бошқаларга нисбатан икки баравар кам содир бўлишини намойиш этган. Немислар эса чойни фойдалилиги нуқтаи назаридан поғоналарга бўлишди. Бу борада кўк чой энг юқори ўринда турар экан. Кўк чойнинг доимий истеъмолчилари бош оғриғи, буйрак касалликлари ва нафас олишда қийналишлар, қон билан боғлиқ касалликлардан узоқроқ юришади. Кейинги ўринда Хитойнинг улун(кўк чойга ўхшаб кетади, фақат таъмида фарқ бор) чойи туради. У ошқозон-ичак тизимидаги носозликдан азият чекувчи беморлар учун фойдалидир. Энг сўнгги ўринда қора чой туради. Чойнинг бу тури қонга тез сингиши билан бошқаларидан ажралиб туради. Шу туфайли қайноқ қора чойнинг жигар билан боғлиқ касалликларда қўл келиши кузатилган. Бироқ қора чой совуганда ёки анча вақт туриб қолганда юқоридаги шифобахшлигига акс таъсир қилиши ҳам мумкин.
Чой билан сутнинг аралашуви инсон соғлиғи учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради, деб таъкидлашади германиялик тадқиқотчилар.
«Сут чой таркибидаги фойдали моддаларнинг биологик фаоллигига салбий таъсир кўрсатади, шунинг ўзиёқ сутчойнинг биз учун кутилмаганда хавфли тус олиши мумкинлигини кўрсатиб турибди, – дейди Берлин кардиология клиникаларидан бирининг профессори Верена Штангл. – Изланишлар натижаларидан келиб чиқиб, саратон касаллигини даволашда чойнинг аҳамиятини қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман».
Германиялик тадқиқотчилар фикрларининг исботи сифатида ороллардаги қўшнилари – чойхўр инглизларни мисол қилиб келтиришди. Уларнинг фикрича, британияликлар Европада юрак ва саратон касаллиги билан энг кам оғрийдиган миллатлар қаторига кириши лозим эди. Бироқ ундай эмас. Улар бу рейтингнинг аввалги ўринларидан тушмай келадилар. Чунки оролликларнинг 98 фоизи чойларига сут қўшиб ичишни хуш кўришади.
«Инглизлар азалдан сут қўшилган қуюқ чойга ишқибозлар. Аччиқ чой инсонга худди чекишдек, хумор қилиб қайтарилувчи таъсир ўтказади. Сут эса ниҳоятда оғир оқсил моддаларга бой. Иккала ичимлик аралашганда берилиши лозим бўлган фойдали хусусият зарарга айланади, оддий қилиб айтганда, икки ўхшаш қутб бир-биридан қочгандек гап, бу», – дея фикрини хулосалайди Верена Штангл.
Буюк Британия, ўз навбатида, тажрибаларнинг ишончлилиги ва ҳақиқатан ҳам сутчойнинг зарарлилигига шубҳа билдирмоқда. Британия Кардиология маркази етакчиси Джун Девидсоннинг фикрича, тажрибалар тор доирада амалга оширилган ва ундан чиққан хулоса миллий анъанага айланиб улгурган одатни ўзгартиришга қодир эмас. «Бизда ишдаги танаффус чоғида чой ичиш анъанага айланган. Бу кучли чарчоқдан сўнг енгил тортишга ёрдам беради. Чекмайдиган, парҳез қиладиган одам учун сутли чой саломатлик гарови бўлиб хизмат қилади», – деб ҳисоблайди у.
Лондон университети профессори Эндрю Стептоу анча йиллардан буён чой инсоннинг стресс ҳолатига тушишига сабаб бўлишини ўрганиб келади. Унинг фикрига кўра, 200 га яқин фаол биологик компонентлардан иборат чой ўз таъсирини сут оқсилларининг аралашувидан сўнг ўзгартиради. Бу бошқа фойдали компонентларнинг таъсирини ҳам сусайтиради.
Британия парҳезчилари жамияти вакили Катрин Коллинз бу борада мутлақо бошқача фикрда. У сутчой оддий чойга нисбатан фойдалироқлигига ишонади. Чунки «оқчой»да тоза чойга нисбатан калтсий миқдори кўпроқ. «Қора чой ҳам, «оқ чой» ҳам бир хил фойдали, – дейди у. – Шундай экан, хоҳлаганингизни ичаверинг, ҳаммаси соғлиққа фойда».
Инглизларнинг сут қўшилган чойи билан ўзимизнинг ширчой(сутчой)ни алмаштирмаслик лозим. Бизнинг миллат сутга чойни қўшиб қайнатиши ва уни ичимлик сифатида эмас, балки тўйимли егулик сифатида истеъмол қилиши узоқ асрлар давомида шаклланган. Кексаларимизнинг фикрларига қараганда, сутга қора чойнинг қўшилиши инсонга тетиклик бахш этади, нафас йўлларини юмшатади, мижози совуқ кишилар учун иссиқлик ҳисобланади. Инглизлар эса ичишга тайёр қилиб қўйилган чойга сут қўшишади. Бизда қора қуруқ чой сутга таъм киритиш учун қўшилса, туманли оролликларда ичиладиган чойга таъм киритиш учун сут қўшилади. Икки жараёнда сутнинг хоссалари турлича сақланади. Биринчисида сут қайнагандан сўнг маълум миқдордаги оғир компонентлардан ажралади, иккинчисида, аксинча чой ичимлиги ўзининг баъзи бир шифобахшликларидан мосуво бўлади.
Шундай экан, немис олимлари ўз тажрибаларининг натижалари бизнинг ширчойга қай даражада тааллуқли эканини Марказий Осиё халқларининг сутчойини татиб кўргач, билишлари мумкин.
Шаҳобиддин Мусаев
“Маърифат” газетасидан олинди.