Одатда яқинларингизни узоқ вақт кўрмай туриб учрашганингизда улар билан қандай саломлашасиз? Тўғри, кўпинча қўл бериб, қучоқлашиб, баъзи ҳолларда ҳатто енгилгина ўпиб ҳам. Саломлашишнинг мазкур турлари шу даражада оммалашиб, одат тусига кирганки, агар кимсасиз оролда бўлмасангиз, бундан қочиб қутулишнинг ҳеч иложи йўқ. Лекин дунё бўйлаб турли эпидемиялар кенг тарқалган айни кунда тиббиёт мутахассислари биз, бепарво инсонларга иккита – бири яхши, бири нохуш бўлган янгиликларни эълон қилишди.
Келинг, аввал яхшисидан бошлайлик.
Қандай саломлашиш зарур?
Аниқланишича, кўришганда бир-бирига қўл бериб сўрашгандан хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўпиб қўймоқ анча хавфсизроқ экан.
Қандай бемаъни фикр бўлди бу, дейишингиз табиий. Ахир, биз бутун умр қўл бериб сўрашишга одатланганмиз, қолаверса, шарқона менталитетга бошқача кўришиш унчалик ҳам хос эмас. Аммо медицина ходимлари вазият нега бундайлигига изоҳ топиб, бу ҳақда ҳатто илмий ишларни ҳам эълон қилишмоқда. Мана, масалан, АҚШ ва Буюк Британиянинг бир гуруҳ гигиэна бўйича экспертлари «Инфекшн контрол» журналида мазкур масалага бағишланган батафсил ҳисоботни чоп этишди. Унда айтилишича, қўл бериб сўрашиш орқали грипп, атипик пневмония, салмонеллёз ва шу каби бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиши энг кўп кузатилган!
Ювиш ва артиш шарт!
– Қўлни совун билан ювиш бу – сиз инфектсиядан ўзингиз ва яқинларингизни ҳимоя қилиш учун амалга оширадиган энг муҳим қадам, – дейди Лондон гигиэна мактаби раҳбари, доктор Вел Кёртис.
Шу билан бирга, олимлар қўл гигиэнаси дорилардан ҳам самаралироқ, деган фикрни илгари суришмоқда. Тўғри, унда ҳар гал саломлашиб бўлгач қўлни ювиш зарур бўлади, бу эса кунига камида ўн марта дегани. Баъзида бу ҳам кам бўлиши мумкин: уй жиҳозлари, эшик тутқичлари, мебеллар ва қолган барча нарсаларни ҳам дезинфектсия воситалари билан артиб туриш керак. Мутахассислар, шунингдек, касалликни юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлган вазиятлар (мисол учун, хом гўшт маҳсулотини ушлаганда, грипп ёки ичак касалликлари авж олган пайтлар)да қўлларни спирт билан артишни тавсия қилишади. Уйдан ташқарида – жамоат транспорти, бозор ёки овқатланиш жойларида эса спиртли гигиэник салфеткалар ёрдам бериши мумкин.
Қизиқ, лекин баъзи мамлакатларда аҳвол шу даражага етиб боряптики, эндиликда тиббиёт ходимларига одатий оқ халатларни кийиш ман қилинган. Унинг ўрнига калта енгли кенг кўйлак тавсия этилган, акс ҳолда бир палатадан иккинчисига микробларни ташиб юриш мумкин. Шунингдек, шифохонада соат ва тақинчоқлар ҳам тақиб юрмаслик керак, чунки уларга бактериялар осонликча «ёпишиб олади».
Ўта чидамли «ёв»
Шу ўринда савол туғилади: тиббиёт мутахассисларининг бунчалик ташвишланишига сабаб нимада? Мана, энди нохуш янгиликни айтадиган фурсат ҳам келди. Гап шундаки, олимлар ўткир респиратор синдроми (ЎРС) ёки МРСА касаллигининг мутант бактериялари «истило»си бошланганини таъкидлашмоқда. Масалан, яқинда Шветсияда қонни заҳарлаб, бир суткада ўлимга олиб келадиган хавфли касалликнинг кенг миқёсда тарқалишининг қийинчилик билан олди олинди. Эпидемияга сабабчи стафилококк бактерияларига ванкомитсин номидаги антибиотикдан бошқа дорилар таъсир кўрсата олмади. Хўш, аслида бу қандай мутант бактериялар?
Инсониятнинг ушбу «митти ёв»лари антибиотиклар билан курашда анчагина чиниқиб қолган, шу боис уларга қарши чоралар етарлича самара бермаяпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотларига кўра, ҳар йили 2 млн.га яқин одамга бактериялар юқиб, натижада, камида 90 минг бемор ҳалок бўлади.
– Биз хавфлилик даражаси СПИД билан баробар улкан бир фалокат ёқасида турибмиз, десак муболаға бўлмайди, – дейди британиялик профессор Хуг Мек Гевок. – 2015 йилга келиб «шифохона бактериялари» бизга маълум барча турдаги антибиотикларга чидамли бўлиб қолади. Вазиятдан чиқишнинг бир йўли бор: энг кўп тарқалган дорилардан фойдаланишни имкон қадар камайтириб, уларни фақат жарроҳлик операциясидан сўнггина беморга тайинлаш зарур.
Нажот қаерда?
Кўпчилик олимларнинг фикрича, гигиэна қоидаларига қаттиқ риоя қилиш натижаси ўлароқ, МРСА бактерияларнинг тарқалишига барҳам берилади. Энг муҳими, бу яширин хавфни ўз вақтида аниқлаш даркор. Аммо бу ҳам ўзига хос муаммо, негаки, тиббий текширув натижалари ўртача икки ҳафтада маълум бўладиган бир пайтда касаллик 24 соат ичида ўлимга олиб келиши мумкин!
Афтидан, бу сафар инсониятга нажот Финляндиядан келадиганга ўхшайди. Ҳар ҳолда бу ерлик тадқиқотчилар муаммонинг ечимини топишга ваъда беришди. 2007 йил баҳорида «Мобидиаг» биомарказнинг илмий раҳбари Яакко Пеллосниэми журналистлар билан учрашувда бор умид касалликларни аниқловчи чўнтак ускунадан эканлигини таъкидлади. Ҳажми гугурт қутисига тенг ушбу мослама турли бактерияларнинг ДНКсини аниқлаб бериши мумкин экан. Ўтган йилдан бошлаб эса қатор йирик тиббий марказларга шундай ускуналар етказиб берила бошлади. Касалликни аниқлаш бўйича тиббий текширувлар сўлак ёки қон томчиси орқали амалга оширилмоқда. Жараён тахминан 2,5 соат вақт талаб этади. Бироқ ҳатто тезкор ташхис қўйишнинг имкони бўлганида ҳам наҳот яна антибиотикларга мурожаат этилиб, уларнинг янги турини ишлаб чиқишга эҳтиёж туғилса?
– Йўқ, – деб жавоб беради «Ипсат-Терапис» биомарказининг раҳбари Нора Карела. – Биз сунъий протеиндан ҳапдори тайёрладик, касаллик аниқланганда беморга антибиотик билан бирга шу дори тайинланади. Яқин келажакда «нажот ҳапдорилари» антибиотиклар билан бирга битта қутида сотиладиган бўлади.
Мутахассиснинг гапи бироз тинчлантиргандай, аммо у айтаётган ўша ёруғ дамларгача ҳам яшаш керак-ку, тўғрими? Хўш, қандай қилиб?
Кутилмаган «инқилоб»
Бир қарашда бунинг мураккаб жойи йўққа ўхшайди. Шунчаки тез-тез қўлларни ювиб, ҳимоя ниқобларини тақиб юриб, «нажот ҳапдорилари»ни кутиб, дегандай. Қолаверса, доим огоҳ бўлиб юриш зарур – ёв исталган жойда бўлиши мумкин. Лекин АҚШнинг Массачусетс штатидаги Бостон шаҳрида яшайдиган тадқиқотчи Жоэл Вайншток «Бостон Глоўб» («Бостон Глобе») нашри мухбирларига берган интервюсида буларнинг барчаси нотўғри деган фикрни билдирди.
– Агар мен дунёда шундай мамлакатлар борки, у ерларда инсонлар аллергия нима эканлигини билишмайди, десам, қандай муносабат билдирган бўлардингиз? – дея ҳаммани ҳайрон қолдиришни давом эттирди у.
Аслида эса унинг юқоридаги саволи замирида глобал медитсина сирларидан бири ётибди. АҚШнинг Янги Англия ҳудудидаги Гастроэнтерология тиббиёт марказида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайдиган 59 яшар Вайншток кўп йиллардан буён шу каби масалалар билан шуғулланади. Уни анчадан бери яна бир савол қизиқтириб келади: нима сабабдан иммунологик касалликлар – безгак ва астмадан тортиб то қанд диабети ва паришонхотирлик склерозигача – ривожланган мамлакатларда кўп тарқалган-у, айни пайтда ривожланаётган давлатларда улар билан касалланиш кам кузатилади? Ахир, бу хасталикларнинг аксарияти юз йил олдин ҳам деярли қулоққа чалинмаc эди-ку! Демак, қаэрдадир мувозанат бузилган, нимадир етишмаяпти. Лекин ўша етишмаётган нарса нима?
Тадқиқотлар давомида етишмаётган бўғин бўлиши мумкин бўлган барча «номзод»лар саралаб борилиб, охири бир тўхтамга келинди. Қизиқ, лекин якунда мувозанатни тиклаш учун паразит чувалчанглар асосий даъвогар сифатида кўрсатилди. Ҳа, чиндан ажабланарли туюлса-да, Вайншток айнан шундай хулосага келган.
– Изланишлардан инсониятнинг барча даврларида у билан бир муҳитда гелминт чувалчанглар умргузаронлик қилиб келганлигини аниқладик, – деди олим. – Бироқ ХХ асрнинг ўрталаридан ривожланган мамлакатларда улардан оммавий тарзда халос бўлиш бошланди. Афтидан, айнан шу ҳаракат туфайли касалликларнинг авж олишига шароит яратилди.
Тан олиш даркор, Вайнштокнинг паразитлар ҳақидаги назарий тахмини ақлбовар қилмас даражада. Шунга қарамай, «Эсквайр» журналида Жоэл Вайншток ноёб шахсларнинг «энг ёрқин вакилларидан бири», унинг назарияси эса мавжуд стереотипларни тубдан ўзгартирадиган «янги илмий инқилобнинг ибтидоси» сифатида эътироф этилди.
Мушоҳада юритишга асос бор
Янги илмий инқилобнинг моҳияти шундаки, бунда барча нарсаларнинг ўрни алмашади. Биз бутун умр курашиб келган нематода ва остритса каби паразит бактериялар касалликларга қарши восита бўлиши мумкин. Айни пайтда озодалик, гигиэнага ўта ружу қўйиш бизга панд бермай қолмади.
– Йилига жаҳоннинг турли мамлакатларида истиқомат қиладиган беш мингга яқин беморлардан электрон хат оламан, – дейди Вайншток. – Айтиш жоиз, одамлар аллақачон аҳвол яхши эмаслигини тушуниб етишди. Негаки, улар ўз фарзандларини имкон қадар идеал тозаликда сақлашга ҳаракат қилишади, натижада эса болалар аксинча олдин кам учраган, лекин бугун оммалашган астма, аллергия каби касалликларни орттириб олишяпти. Бунда кўп нарса гигиэнага боғлиқ.
Озодаликка меъёрдан ортиқ берилиш организмнинг қарши курашиш потентсиалини пасайтиради. Сабаби, қаттиқ гигиэна иммунитет тизимига ўзида касалликларни акс эттиришга халал беради, бу ўз навбатида уларни енгиш қобилиятини йўқотади.
– Биз ХIХ асрдаги ҳаёт тарзига қайтмаслигимиз керак, – дейди Вайншток. – Тўғри, оммавий гигиэна – ижобий ҳолат, лекин табиий атроф-муҳитдан ўз-ўзини яккалаш ҳам яхшиликка етакламайди. Демак, онгли равишда мувозанат сақланиши зарур.
Тадқиқотчи унинг изланишлари самараси ўлароқ тез орада гелминтлар асосидаги даволаш усулларини жорий этиш, вактсина ва дори-дармонлар ишлаб чиқишга имкон туғилишини ҳам маълум қилди. Одамлар чувалчангли дорини ичишдан ҳайиқмас эканми каби саволларга эса у ҳеч иккиланмай «йўқ» дея жавоб бермоқда. Гарчи олим маслаҳат ва тавсиялар беришга эҳтиёткорлик билан ёндашаётган бўлса-да, оддий бир қоидани ота-оналарга айтишдан чарчамайди.
– Одамлар мендан нима қилиш керак, деб сўрашса, фарзандларингизга бироз бўлса ҳам чанг-тўзонда бўлишига рухсат беринг. Хижолат бўлманг, чунки бунинг ҳеч қўрқинчли жойи йўқ. Мабодо гоҳ-гоҳида улар қўлларини ювишни унутишса ҳам, хавотирга тушманг, – дейди у.
Ажойиб, бу нима дегани энди? Тадқиқотчи шунчаки болалар бемалол яланг оёқ юриши, кўлмакларда ўйнаши, чимда думалаши, мушук ёки кучукни тортинмай қучоқлаши мумкинлигини таъкидламоқчи, холос. Боиси, бунда фақат ижобий натижа кузатилади: бола соғлом бўлади, қолаверса, ҳеч нимага аллергияси ҳам бўлмайди. Вайнштокнинг ўзи уч нафар фарзанднинг отаси, у тадқиқотлар ўтказиш билан биргаликда боғда ишлашни канда қилмайди, ер чопишни ёқтиради.
Хуллас, кўриб турганингиздек, озодалик борасида илм аҳли уламолари иккита бир-бирига зид тавсияларни беришяпти. Битта тадқиқотчи чанг-тўзон ва бактериялар ҳам фойдали деса, яна бошқа тиббиёт мутахассислари учрашганда ҳатто қўл бериб сўрашмаслик кераклиги ҳақида жар солишмоқда. Улардан қай бири маъқул экани эса ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Энг асосийси, ўша биз билган меъёр ҳақидаги олтин қоидага амал қилинса бўлгани.
Наргиза Иброҳимова,
«Маърифат» газетасидан олинди.