Ажабо, америкалик олимлар уйқу пайтида оғзидан сўрғич тушмайдиган гўдаклар орасида «қўққисдан ўлиш синдроми» 90 фоиз кам учрашини таъкидлашмокда. Тадқиқотлар АҚШнинг Соғлиқни сақлаш Миллий институти ходимлари ва Кайзер Парманентлик олимлар ҳамкорлигида олиб борилган. Тадқиқотлар хулосасига 312 нафар соғлом гўдаклар оналари ҳамда 185 нафар шу ёшда «қўққисдан ўлиш синдромияга йўлиққан болакайларнинг волидалари билан қилинган сўров асос қилиб олинган.
Дарҳақиқат, сўрғичлар ушбу бевақт ўлим таҳдидига қарши самарадор профилактик услуб эканлиги тан олинди. Калифорнияда ҳар 2000 нафар боланинг бири «қўққисдан ўлиш синдромияга йўлиқар экан. Олимларнинг фикрича, агар барча чақалоқлар уйқу пайтида ҳам сўрғични тарк қилмасалар эди, бу кўрсаткич ҳар 20000 нафарга биргинани ташкил қилар эди. Сўрғичларнинг қуйидаги афзалликлари олимлар наздида беназирдир:
– Биринчидан, сўрғичларнинг тутқичлари оғизга сиғмайдиган даражада катталиги туфайли чақалоқ тўшаги ёки ёстиғига юзтубан ётиб қолганда дами ичига тушиб қолишига йўл бермас экан.
– Иккинчидан, бўш сўрғич сўриш чақалоқлар бош миясидаги нафас олиш марказининг тезроқ шаклланишига туртки берар экан. Зеро, айнан нафас олиш марказининг ўз вазифасини бажаришга барвақтроқ киришиши мурғак гўдаклар ҳаёти учун муҳим аҳамиятга моликдир.
Умуман олганда, «қўққисдан ўлиш синдромига қуйидагиларнинг ҳам сабаб бўлиши кўзда тутилиб, оналардан огоҳлик талаб этилган:
– чақалоқнинг пастга қараб, қоринда юзтубан ётиб қолиши;
– оналарнинг ҳомиладорлик пайтида чекишга ружу қўйиши (ғарбда аёллар орасида одатий ҳолга айланган бу бад одат, чақалоқ нафас йўлларини ҳам дардга мойил этиб қўйиши билан хатарлидир);
– тўшакларнинг вақтида янгиланмай патоген микроблар ўчоғига айланиши ва бошқа турли сабаблар ҳам гўдаклар ҳаёти учун таҳдидли омиллардандир.
Чуқурроқ мушоҳада қилиб кўргудек бўлсак, чақалоқлардаги «қўққисдан ўлиш синдромияга қарши профлактик энг самарадор услублардан бири «БЕШИК»дан фойдаланиш эканлигига ишончимиз комил бўлади. Чунки, айнан бешик «Британия гўдаклар ўлимини ўрганиш уюшмаси»нинг қуйидаги талабларига тўла жавоб берар экан:
1. «Қўққисдан ўлиш синдроми» рўй бермаслиги учун чақалоқни албатта чалқанча ётқизиб унинг ҳаракатини чек-лаш имкони бешикдагина мавжуд.
2. Шукрки, чақалоқ олдида тугул, умуман кашандалик бизнинг юртдаги оналарга мутлақо ёт. Аммо шундай диққинафасликнинг ҳам зарарини чеклайдиган мў‘жаз микроиқлим бешик ёпинғичлари ичида яратилган.
3. Бешикнинг ички иқлими доимий ҳарорат мў‘тадиллигини сақлаб, чақалоқнинг қизиб кетишидек хатарга йўл бермайди.
4. Чақалоқнинг жағи остидан боғичлари ўтқазиладиган бош кийимлар чуваланиб бўйинни бўғиб қўймаслиги учун уни ҳаттоки бешик ичида кийдирилишига ҳожат ҳам қолмаслиги яна бир хатар олдини олади.
5. Шунингдек, чақалоқларнинг умумий тўшакда ота-оналар билан ётқизилиши ҳам гоҳо кўнгилсизликларга сабаб бўлганлиги кузатилган. Чунки ҳориган она кўкраги бола оғзида қолиб ёхуд чақалоқнинг тўшакка юзтубан ётиб димиқиб қоли-ши эҳтимолдан холи эмас. Бешик эса мана шундай кўнгилсизликларга мутлақо йўл бермаслиги туфайли дунё тиб алломаларига ҳам кўз-кўз этилса бўлгудек ибратлиги шубҳасиз.
Мурғак фарзандига бўш сўрғич тутишни, бу дунё алдовларининг илк кўриниши деб билган, дониш элим, Бешикларинг бор бўлсин, илоҳим!
Нуриимон Шифоий
“Одамлар орасида” газетасидан