Аҳрор Аҳмедов. Энг буюк кашфиёт ёки бугунги китобхонлик ва ноширчилик хусусида

http://n.ziyouz.com/images/literatura.jpgАқл билан бойлик топиш мумкин, лекин бойлик билан ақл топиб бўлмайди.

Файласуф фикри.

Бир вақтлар япон мактабларидан бирида инсоният тарихидаги энг буюк кашфиёт нима, деган сўровнома ўтказилган экан. Сўровнома иштирокчилари ўз жавобларида олов, двигател, машина, телефон, телевизор, атом бомбаси, электроника, хуллас ўзлари энг зўр деб билган 100 га яқин ихтиро ва кашфиётларни тилга олган. Лекин ҳайъат аъзоларини ҳайратга солган 6-синф ўқувчисининг ушбу жавоби маъқул бўлган экан: “Eнг зўр кашфиёт — бу китоб”.

Ҳайъат аъзоларининг нима учун айнан китоб, деган саволига у “Қолганларнинг фикрлари ҳам тўғри, лекин китоб бўлмаса, уларнинг бирортаси ҳам ихтиро қилинмасди-ку”, деб жавоб берган.

Назаримда, ўзини анчайин зиёли, ақлли деб билувчи кўпгина катта ёшдагилар ана шу 12 ёшли қизчанинг даражасига етмаган кўринади… Жаҳон адабиётида китоб, умуман, мутолаанинг инсоният тафаккурига, дунё тараққиётига қанчалик самарали таъсир кўрсатиши борасида кўплаб алломалар, машҳур ижодкорларнинг фикр­лари келтирилган ва бу бежиз эмас, албатта. Шу ўринда ўзимнинг айрим кузатишларимни айтиб ўтмоқчиман.

Лондон метросида қизиқ бир ҳолатни кўрганман. Вагонларнинг у ер бу еридаги бўш ўриндиқларда газета-журналлар ётади. Кирган киши уларни бемалол олиб ўқиб, тушадиган жойида яна ташлаб кетавераркан. Умуман, бу шаҳарда 3 қаватли, эскалаторли китоб дўконларини кўриб ҳавасингиз келади. Узунлиги 3-4 км. масофага етадиган, бир кўчанинг бошидан бошланиб кейингисига уланиб кетадиган китоб расталари мавжуд. Бу том маънода китоблар олами. Уни кезиб, бутунлай ўзгача руҳга тушасиз, ўзгача манзарани туясиз, беихтиёр дунёни, одамларни янада яхши кўра бошлайсиз, яхши ишлар қилгингиз келаверади. Онгингизда эзгулик уйғота олган бу куч — китоб сеҳридир. Шундан сўнг ҳақиқатан энг зўр кашфиёт — китоб, деган фикрга тан берасиз.

Айни пайтда бизда нега бундай расталар кўринмай қолди, деган савол туғилади. Албатта, кўп қаватли ёки бир-икки чақирим бўлиши шарт эмас, лекин китоб дўконларининг саҳродаги “якка қудуқ” даражасига тушиб қолишидан хавотирланиш керак. Ҳали ҳам республикамизда китоб дўконлари йўқ туманлар кўп десам, ишонаверинг.

Тўғри, нашриётлар учун шаҳардан ер сотиб олиш, бино қуриш мушкул иш бўлиши мумкин, шу маънода бу ишларни ҳокимликлар фуқаролар маънавиятини ўйлаб ўз зиммасига олиши керак. Ҳозирча “Шарқ” наш­риёти ўз саъй-ҳаракати билан кўпгина вилоятларда китоб марказларини очди. Фар­ғона вилоятида эса деярли барча туманларда шундай замонавий кўринишдаги марказлар, яъни китоб дўконлари ташкил этилгани кўнгилга бироз таскин беради. Масаланинг иқтисодий томонини олганда уларни қуриш, таъмирлаш, жиҳозлашга табиийки анча маблағ кетади. 30 га яқин шохобча очишга кетган харажатлар ҳали иқтисод нуқтаи назаридан ўзини қопламаган бўлса-да, маънавият, маърифат мезонлари бўйича яхши иш бўлди. Қолган вилоятлар ҳам бу жараёнга янада фаол қўшилишсалар, деган истакдамиз.

Бугун ноширлар учун маънавий ва мафкуравий, ғоявий жиҳатдан юксак руҳдаги китобларни чоп этиш анчайин аҳамиятли, нуфузли. Аммо аҳоли уларга қанчалик эҳтиёж сезаяпти, яъни улар қанчалик сотиб олинаяпти деган савол туғилади. Беш-олти йил олдин нашр қилганимиз, дурдона асарлар “Авесто”, “Бобурнома”, “Абдулланома”, “Зафарнома”, “Навоий асарларига ишланган миниатюралар” каби китоблар энди-енди сотиб бўлинди. Очиғи, уларни яна қайта нашр қилишга ўйланиб қоласан, киши. Ваҳоланки, ушбу китоблар атиги 3 минг нусхадан чоп этилган, холос. Нега шундай? Гап нимада? Шу ўринда машҳур немис Ёзувчиси Герман Гессенинг “Китоблар сеҳри” асаридаги шундай фикрлари эсга тушади: “Айрим кишиларнинг бемаъни кўнгилхушлик, пиво ёки арзимас лаш-лушлар учун кўзини чирт юмиб, харжлаётган пулларининг юздан бирини китобга сарф­лашга келганда оғриниши ҳайратга солади кишини”.

Китобни эъзозлаш орқали инсонлар ўз халқини ҳам эъзозлайди, шарафлайди. Бразилиялик Пауло Коелонинг “Алкимёгар” асари дунёнинг 70 дан ортиқ тилларига таржима қилинган. Лотин Америкасида энг кўп сотилган бу асар “Гиннеснинг рекордлар китоби”дан ўрин олишга сазовор бўлди. Ўзини саводли деб билган ҳар бир бразилияликнинг уйида бу китоб сақланаркан. Улар нафақат Бразилия футболи, шунинг­дек, яхши китоблари билан ҳам фахрланаркан.

Албатта, чоп этилаётган китобларимиз адади, китобхонлар нуфузи қандай деган масалани четлаб ўтиб бўлмайди. Ҳозир бадиий адабиётнинг ўртача адади 3-5 минг нусхалигидан бизда ўқувчилар сони шу кўламда экан-да, деган хулоса чиқмаслиги керак. Аксинча, бу бизнинг у ёки бу китобни ўқувчига етказиб бериш имкониятимизни кўрсатади, холос. Агар китобларни жойларга етказиб беришни яхши йўлга қўйсак, нафақат вилоят марказларида, туманларда, қишлоқларда китоб дўконлари ташкил қилинса, ўртача китобнинг адади камида 50 минг нусхада бўларди. Бу қуруқ адад кетидан қувиш эмас, балки шунда китобнинг нархи ҳам ҳозиргидан 3-4 баравар арзонлашарди. Мана гап қаерда!!! Китоб адади камайган сари унинг нархи ҳам ошиб бораверади-да.

Мана шу фактдан кўриниб турибдики, мамлакат миқёсида китоб савдосини яхшилаш лозим. Ҳозирча нашриётлар ўз ёғига ўзи қовурилиб, чиқарган ада­биётини ўзи сотиш билан овора (“Ўзкитобсавдо” ташкилотининг бу жараёндаги иштирокини сезаётганимиз йўқ). Биз кейинги йилларда “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”ни 3-4 марта қайта нашр қилдик. Лекин шу йиллар давомида на “Уруш ва тинчлик”ни, на “Анна Каренина”ни, на “Жиноят ва жазо”ни чоп этдик. Сабаби — ботинолмадик. Жазм қила олмаяпмиз. Нега? Ўқилармикин, сотилармикин? “Азизим”, “Декамерон” каби китобларга ким нима деркин? Ношир аҳлини қийнайдиган доимий саволлар булар.

Ўтган йили “Шарқ” наш­риётида 100 дан ортиқ номда, умумий адади қарийб ярим миллион нусхада адабий-бадиий, тарихий, болалар адабиёти асарлари чоп этилди. Азал­дан ­“Шарқ”да бадиий адабиётга алоҳида эътибор берилишини назарда тутсак, қолган нашриётларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 2-3 миллион нусхада, боринг 500 номда китоб чиқарилади. Республикамизда китоб ўқиш салоҳиятидаги аҳолини юртимизда 15 миллион киши деб олсак бу рақамлар қўпми ё озми, ўзингиз хулоса чиқараверинг.

“Ойнаи жаҳон”да “Бизнинг кутубхона” деган кўрсатув бор. Унда яқинда ўқувчиларни китобхонликка ўргатиш ҳақида гап кетди. Юнусободдаги мактаблардан бирининг адабиёт ўқитувчиси Маҳмуда Валиева билан суҳбат бўлди. Опа матбуотда ҳам мунтазам чиқиб туришини биламан. Дарс ўтишнинг янги, ўзига хос, ўқувчиларни китобни севишга ундовчи усуллардан гапирди. Масалан, оқсоқол адибимиз Худойберди Тўхтабоев шу мактабда 10 мартадан ортиқ бўлган экан. Дарсни бирга ўтишаркан, болаларга баҳоларни Ёзувчимизнинг ўзи қўяркан. Тасаввур қилинг, Худойберди Тўхтабоевнинг ўзидан баҳо олиш, борингки, у “уч” баҳо бўлганда ҳам қандай ҳаяжонли! “5” олганларга ўзларининг китобларидан дастхат тушириб бераркан. Опага қойил қолдим, Худойберди акага ундан ҳам. Шу ёшда ҳам тинмайди, ё мактабда, ё ойнаи жаҳонда китоб тарғиб қилади, совға қилади. Назаримда, устоз бормаган, ёшларни китобга қизиқтирмаган, рағбатлантирмаган мактаб қолмаган-ов!

Бу мактабга Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджонлар ҳам тез-тез бориб туришаркан. Китоб тарғиботининг энг фаол жонкуярлари болалар адиблари шекилли. Катталарга ёзадиганлар учун бу “кичик” масала бўлса керак.

Тоҳир Малик борганда болалар “Шайтанат”дан лав­ҳа саҳналаштиришибди. Буни кўриб, Тоҳир ака:

— Болаларни бироз қийнаб қўйибсиз. Лекин ўйлаб қарасам, “болаларбоп саҳна асарларим йўқ экан. Энди албатта ёзиб бераман”, — дебди.

Шу мактаб адабиёт ўқитувчисидек опалар кў­пайса, қанийди. Қолаверса, ҳар хил нишон, белгиларимиз бор. “Китоб жонкуяри”, “Китобсевар” каби нишонларга ҳам эҳтиёж бор, шекилли. Китоб кунлари, ҳафталиги, ойликлари сусайиб кетди. Соҳа ривожига хизмат қиладиган катта-катта тадбирлар ҳам ўтказиш мақсадга мувофиқ. Китоб кўргазмалари, байрамлари, китоб лотереялари, ки­тобларга имтиёзли обуналар ташкил қилинса, яхши бўларди. Бир вақтлар Китобсеварлар жамияти бўларди, яхши нарсани қайта жонлаштириш хижолатли иш эмас. Умуман мактабларда ўқувчиларнинг китоб ўқиш кўникмасини шакл­лантириш учун китоб ўқиш ёки “мутолаа” деган қўшимча предмет киритилса, қандай бўларкин?

Eркин Маликов деган ҳамкасбимиз бор. Болалар китоблари чиқса, худди невара кўргандай боши осмонга етади. Ўша китобни “ойнаи жаҳон”га, радиога олиб боради, тарғиб қилади, газеталарга тақриз қилади. Муаллифини ёнига олиб мактабма-мактаб юриб, учрашувлар, тақдимотлар уюштиради. Ишхонасида болалар китобларининг мўъжазгина кўргазмасини ташкил қилиб, “Боланинг бир қўлига нон, бир қўлига китоб беринг” деб шиор ёзиб қўйган. Менга қолса, бу шиор барча мактаб, маҳалла, кутубхонага, ҳатто метро, автобус, трамвайларга ҳам жойлаштирилиши керак. Болада нонга бўлган оиладаги тарбия, муносабат, ҳурмат китобга нисбатан ҳам шаклланиши даркор. Бу кўникмани болалар онгида биз ота-оналар шакллантиришимиз лозим бўлади. Эркин ака шаҳардаги болалар шифохоналаридан бирида китоб бурчаги ташкил қилган. Янги китоб чиқса, олиб бориб бериб келади. Бошқа нашриётларда чиққан ки­тобларни ҳам етказади. Умуман, шифохоналарда, дам олиш уйларида, санаторийларда кутубхона, борингки, мўъжазгина бурчак ташкил қилиш учун катта маблағ, ҳаракат керакмас-ку. Қолаверса, китоб ҳам муолажанинг бир шаклидир.

Китобсиз ҳаёт йўқ десак, китобсиз ҳам умр кечираётган, кечирганда ҳам бой-бадавлат, тўкин-сочин яшаётганлар етарли. Қўлига китоб ушламаган бахтли бўлолмайди деб ҳам айтолмайман, бахтли яшаётганлар бисёр. Фақат ҳамма гап бахтни ким қандай тушунишида. Менинг назаримда ҳаёт — тирикчилик, маънавият — тириклик. Қоринни тўй­ғазиш мумкин. Маънавиятни-чи? Қалбни-чи? Имон-еъти­қод, эзгуликни-чи? Уларни китобсиз, илм-маърифат зиёсисиз тўлдириб, тўйғазиб бўларканми? Китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди, сот­қинлик чиқмайди. У ўзини камроқ, юртни, миллатни кўпроқ ўйлайди. У худбин бўлмайди.

“Шарқ” нашриётида ҳо­зир болалар адабиётига, лотин имлосидаги асарларга кўпроқ эътибор қаратилаяпти. Фарзандларимиз эртага дунёга юз тутганларида ҳамма билан барча соҳада баб-баравар фикрлаша олсинлар деган яхши ниятда бу ишга қўл урилган. Таъбир жоиз бўлса, бу келажакка сарфланган ўзи­га хос инвестиция. Лекин, афсуски, келажак учун қилинган саъй-ҳаракатга бугун маблағ берилмайди. Ярим ҳазил, ярим чин маънодаги бу гапимни тушунтирсам, ҳозир айрим, айниқса, кичик, хусусий наш­риётлар фақат пулли китоб­ларнигина ёки тез пул бўладиган олди-қочди “нарса”ларни чоп этаётган ёки бошқа бир нашриётлар давлат бюджети ҳисобидан чоп этиладиган дарсликларнигина пойлаб ишлаётган бир пайтда маънавиятга хизмат қиладиган адабиётларни чоп этиш бугунги бозор иқтисодиёти шароитида узоқни эмас, бугунни кўра билмасликка ўхшаб кетади. Лекин шу ишлар ҳам қилиниши керак-ку. Айтайлик, ҳамма ҳам бугун Шукур Холмирзаевнинг 4 томлик, Ўлмас Умарбековнинг, Саид Аҳмад, Тоғай Муроднинг 3 томлик асарларини чоп этишга жазм қилолмайди. Чунки бу китоблар тезда сотилиб кетмайди. Пулини қоплашига бир-икки йил вақт кетади. Икки йил­да харажати­­ни қопла­ган лойи­ҳа бугунги кун учун самаралими? Аммо бу асарларни халққа етказиш бурчимиз. Беихтиёр маънавиятга хизмат қиладиган адабиётларни чоп этишга муайян имтиёзлар яратиш керакмикан, деб ўйлаб қоласан.

Мустақилликнинг муҳим шартларидан бири — барча соҳаларда дунёга чиқиш. Мана, спортчиларимиз дунёни забт этишмоқда, ишлаб чиқаришда жаҳон андозаларига тенглашаяпмиз. Ноширчиликда ҳам халқаро даражага кўтарилиш бош вазифамиз. Бунга баҳоли қудрат эришаяпмиз ҳам.

Илгарилари ялтироқ, ранг­ли китоблар, албомлар Туркияда, Германияда, Малайзияда босиб келинарди. Ҳозир бирорта китоб чет давлатда босилмайди. Ҳаммаси ўзимизда, хорижникидан қолишмайдиган ўз нашриётларимизда нашр этилади.

Ҳар йили Германиянинг Франкфурт шаҳрида энг йирик халқаро китоб ярмаркаси бўлади. Деярли ҳар йили мамлакатимиз наш­риётлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишади, совринлар олиб келишади. Дунё бизга ноширчилик — матбаачилик соҳасида ҳам тан бермоқда. Шу ўринда бир гапни ҳам айтиб ўтай. Франкфурт ярмаркасида “Дунёни китоб қутқаради” деб ёзиб қўйилган. Мен ташкилотчилардан қизиқсиниб сўрадим:

— “Дунёни гўзаллик қутқаради”, деган гап бор. “Дун­ёни истеъдод қутқаради” деганини эшитганмиз. Лекин буниси тадбир баҳонасида сўз ўйини эмасми?

Улар кулиб шундай дейишгани эсимда: гўзаллик ҳам, борингки, у хоҳ ички, хоҳ ташқи гўзаллик бўлсин, истеъдод каби китоб орқа­ли яратилади. Чунки китоб гўзаллик ва истеъдод уйғунлигининг мевасидир.

Бу гапга бир нарса қўшиш қийин. Менинг бирдан-бир орзуим бор. Байрамларда, туғилган кун, тўйларда яқинларимизга китоб совға қилишни одат қилсак, қандоқ ажойиб иш бўларди. Тўйларда қилинадиган сарполарнинг саноғи йўқ. Уларни камайтириш ҳисобига яна бир сарпо қўшилса — китоблар тахлами. Қилинган гарнитур, мебеллар тўплами турли биллур идишчалар, ваза, қадаҳчалар билан тўлдирилади. Лекин унинг китобга мўлжалланган жойи ҳам бор. Кўп ҳолда кузатганман ана шу жой ё бўш туради ёки у ерга ҳам кўз-кўз қилинадиган буюмлар қўйиб ташлашади. Ваҳоланки, асосий вазифаси меҳмонлар олдида “обрў, ҳавас, мақтов” олиб бериш бўлган бундай буюмлардан фарқли равишда китобларга меҳр қўйган кишига улар бир умрлик дўст, зиё чашмаси бўлиб хизмат қилади. Файласуфлардан бири “Ақл билан бойлик топиш мумкин, лекин бойлик билан ақл топиб бўлмайди” деб бежизга айт­маган.

Бир неча йил олдин бир дўстимнинг туғилган кунига “Бобурнома” китобини совға қилиб бордим. Атрофда ўтирганлар ичида ҳайрон бўлганлари ҳам, энсаси қотганлари ҳам бўлди. Орадан бир йил ўтиб қарийб ўша даврада ўтирганлар яна дўстимникида йиғилдик. “Бобурнома” чиройли жавоннинг энг кўзга кўринарли жойида турарди. Ҳамманинг эътибори шунда бўлди. Кетишда ўшанда энсаси қотган икки танишим мени секин четга тортиб, шу китобни қаердан топиш мумкин деб сўради…

Шу-шу бу одатимни канда қилмайман.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).