Саидрасул Саидазизов – ислоҳотчи педагог, “усули савтияи тадрижия” – товуш методида тузилган биринчи барқарор “Устоди аввал” (“Биринчи муаллим”) алифбо дарслигининг муаллифи сифатида Ватанимиз тарихидан ўзига хос саҳифа эгаллашга ҳақлидир. Бундай алифбо дарслиги усмонли туркларда анча илгари – 1868 йилдаёқ “Хожаи аввал” (“Биринчи муаллим”) номи билан Аҳмад Мидҳат томонидан яратилди. Шунинг учун ҳам турклар уни “Биринчи муаллим” деб улуғлайдилар. Гапнинг сирасини айтганда, бундай улуғ номга Саидрасул домла ҳам сазовор – у халқимизнинг янги даврдаги биринчи муаллимидир. Академик В.В.Бартольд Саидрасул Саидазизовни “Ўлкада ўқув-тарбия ишларига катта ислоҳ кирита олган” педагог сифатида таърифлайди. У ўзбек, форс, араб тилларида “Азизий” тахаллусида ижод қилди, илм-маърифатга даъват этувчи мақолалар, шеърлар билан вақтли матбуот саҳифаларида тез-тез чиқиб турди. Аммо унинг ҳаёти ва ижоди, айниқса, педагог сифатидаги фаолияти педагог мутахассислар томонидан махсус ўрганилган эмас. Тўғри, у ҳақда педагог олим Йўлдош Абдуллаевнинг “Эски мактабда хат-савод ўргатиш”, профессор Шариф Юсуповнинг “Фурқат йўлларида” ҳамда Бегали Қосимов ва Улуғбек Долимовларнинг “Маърифат дарғалари” рисолаларида қимматли маълумотлар берилган.
Саидрасул Саидазизов 1866 йили Тошкентнинг Шайхованд Таҳур даҳаси, Баланд масжид маҳалла (Навоий кўчаси, 15-берк кўча, 16-уй – ҳозирда унинг ўрнида катта маъмурий бинолар қад кўтарган – У.Д.)сида таваллуд топган. Унинг отаси Саидазизхўжа ўз даврининг илм-маърифатли кишиларидан бўлиб, ўғлининг илм олишига барча шароитни яратиб берди. Саидрасул дастлаб маҳалла ибтидоий мактабида ўқиди. 1880 йилдан бошлаб, Тошкентдаги Маҳмуд дастурхончи мадрасасида таҳсилни давом эттирди. У талабалик йилларида она тили билан баробар форс ва араб тилларини анча мукаммал ўрганди, маърифатпарварлик руҳида шеърлар битди ва ўша даврнинг ягона вақтли нашри “Туркистон вилоятининг газети”да эълон қилди. Дастлаб мустақил равишда рус тилини ўргана бошлади. Бу ҳақда кейинчалик бир мақоласида қуйидагиларни ёзган эди: “Таҳсил қилғон замонимда иттифоқо менинг қўлимға русия алифбоси тушмак ила гоҳо овқат маҳалида анга назар солиб, бир муаллим ҳузурида касб қилмасам ҳам русия хатини ўқумоқ ва чиройли бўлмаса ҳам ёзмоққа қодир бўлган эдим”[1].
Саидрасул Саидазизов талабалик даврида “Туркестанские ведомости”, “Туркистон вилоятининг газети” ҳамда Боғчасаройда чиқадиган “Таржимон” газеталарини мунтазам кузатиб борди, таълим-тарбия, ўқиш-ўқитиш соҳасидаги янгиликлар таъсирида бўлди. Мадрасада ўқиб юрган кезларида 1-рус-тузем мактабига ўқишга киради ва 1896 йили мадраса билан бир вақтда бу мактабни ҳам муваффақиятли тугатади. Шундан сўнг Саидрасул домла ўзи ўқиган мадрасада мударрислик қила бошлайди.
1898 йилда бутун Туркистон ўлкаси халқларини истиқлол сари уйғотган Шайх Муҳаммадали Эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолони мустамлакачи маъмурларни рус-тузем мактаблари тизимини ҳам бирмунча ислоҳ қилишга, мусулмон синфларини ҳам билимли, малакали педагоглар билан таъминлашга мажбур қилди. Шу муносабат билан ўзбек, араб, форс тиллари билан бир қаторда рус тилини ҳам мукаммал эгаллаган С.Саидазизовни 1-рус-тузем мактаби директори С.Сичёв ўқитувчиликка таклиф қилади. Шундай қилиб, Саидрасул домла ўзи ўқиган рус-тузем мактабида Туркистон ўлкасида биринчи мусулмон ўқитувчиси сифатида фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда у қуйидагиларни ёзади: “1900 йилда Тошкент шаҳрида руски-туземной мактабда аҳли миллат сабилариға улуми исломия таълими учун муаллимлик мансабиға мансуб бўлғон эдим. Анда бир неча йил хидмат қилиб, мақбули ал-хидмат бўлғоним сабабли илмия нозирлари (тараққий қилдуриб) Тошканд шаҳридағи учителски семинарияға Туркистон дорилмуаллимин мадрасасида алсинаи шарқия муаллимликға чақуруб интиқол (кўчириш) қилдурдилар, алҳол ҳам хидмат қилмоқда бўлиб, бул миёнада Русия доруссалтанасини сайр қилмоқ хаёлға тушса ҳам зиндагонидан мархус бўлолмай, бу хаёл маҳфуз бўлмоқда эди”[2].
У рус педагоглари таъсирида ўқитишдаги аналитик-синтетик товуш методини чуқур ўрганди, ўз педагогик фаолиятига татбиқ этди. Саидрасул Саидазизов педагогика соҳасида туғма қобилиятга эга эди. Унинг уйида ўзбек, рус, татар, озарбайжон, турк, араб, форс тилларида қўлёзма ва нашр этилган ўнлаб алифболар, дарсликлар ва педагогик асарлар мавжуд эди. Рус-тузем мактаблари очилганига 15 – 20 йил бўлганига қарамай, таълим-тарбия ишларида, ўқув дастурларида бирор ижобий ўзгариш амалга оширилмаган, маҳаллий синфлар ўқувчилари учун ўзбек тилида ҳатто алифбо дарслиги ҳам йўқ эди. Ўқитувчилик касбини яхши биладиган муаллимлар кўпроқ татарча ва озарбайжонча (турк тилидаги дарсликлардан фойдаланиш мустамлакачилар маъмурияти томонидан ман этилган эди – У.Д.) алифболардан фойдаланар эдилар. Ўқув жараёнини назорат қилишни кучайтириш мақсадида генерал-губернатор С.Духовскийнинг кўрсатмасига мувофиқ Сирдарё области халқ мактаблари директори С.М.Граменицкий дастлаб Тошкент шаҳридаги 4-рус-тузем мактаби ўзбек синфи ўқитувчиси Каримқори Кўчакбоевга товуш методи асосида алифбо дарслиги тузишни топширади, аммо унинг дарслиги товуш методи талабларига тўла жавоб бермайди. С.Граменицкий бу вазифани 1-рус-тузем мактаби муаллими Саидрасул Саидазизовга топширади. Унинг шу муносабат билан яратилган “Устоди аввал” деб номланувчи алифбо дарслиги Туркистон ўлкасига энди кириб келаётган “усули савтия”га – товуш методи талабларига тўла мувофиқ келар, муаллифнинг бу ўқитиш методини анча чуқур ўрганганлиги кўзга яққол ташланиб турар эди. С.Саидазизов бу алифбо дарслигини яратгунга қадар усули савтия методида яратилган Аҳмад Мидҳатнинг “Хўжаи аввал”, Исмоилбек Гаспринскийнинг “Хўжаи сибён” (“Болалар муаллими”) алифбо-дарсликларидан тўла хабардор, уларни ўрганиб чиққан бўлиб, бу ҳол Саидрасул домла алифбосининг номланишида ҳам кўзга ташланади. Дарслик қўлёзмаси билан танишиб чиққан Духовскийга, биринчи навбатда, ундаги рус адабиётидан қилинган таржималар маъқул бўлди.
Дарслик Тошкентда фаолият кўрсатаётган рус-тузем мактаблари мудирлари, етакчи педагоглари муҳокамасидан анча муваффақият билан ўтди. Бу ҳақда С.Граменицкий 1902 йил 4 июнда Туркистон ўлкаси Бош инспектори Керенскийга маълум қилади: “Тошкент рус-тузем мактаблари мудирлари ва маҳаллий ўқитувчилар баҳоларида С.Саидазизовнинг алифбо дарслиги мутлақо товуш методи асосида яхши тузилганлиги таъкидланади. Дарсликда болалар тушуниб ўқишлари учун матнлар ҳам берилган”[3], – деб ёзади ва асарни нашрдан чиқаришга рухсат сўрайди. Ушбу “Устоди аввал” алифбо дарслиги 1902 йил сентябр арафасида 3000 нусхада босиб чиқарилди ва рус-тузем мактабларига тарқатилди.
Ҳожи Муин Шукруллаев “Ўзбек алифболари тарихи” мақоласида таъкидлаганидек: “Туркистонда бошлаб чиққан ўзбекча алифбо тошкантлик Саидрасулхўжанинг 1900 йилда ёзилиб босдирған “Устоди аввал” исмли рисоласидур. Бу алифбо руски-туземни мактаблар учун тузилган бўлса ҳам баъзи муаллимлар китоб йўқлиғидан шуни вақтинча ўз мактабларига киритдилар”[4].
Усули савтия методида ўзбек тилида биринчи марта яратилиб, нашр этилган асар Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал” алифбо дарслиги бўлди. Муаллиф ўз алифбосида ушбу методнинг асосий хусусиятлари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Масалан, “Сабоқ бошлатмоқ тариқаси” бобида ўқувчи қандай ўтиришидан, “фулод қалам”ни қандай ушлашигача мулоҳаза юритилади: “Ҳурматли нозир ва муаллимларға возеҳ ўлсунки, осори жадид китоб ва алифбонинг ибтидо ва таълимида бир неча кайфият бордур. Масалан, бир бола мактабга янги келган вақтида осори жадидамиз ила ибтидо шундай ўлурки, боланинг қўлина фулод қалам ва дафтар беруб, қалам ушламоқ ва хат битмоқ тариқасини кўрсатилур. Чунончи, фулод қаламнинг думи ушлагувчининг қулоғига тўғри турса, коғазни тешмасдан хат тузук битилур ва ҳам битгувчининг тирсаги дафтар қўйилган тахтани(нг) устида турмоғи лозимдур. Андин сўнг ҳуруф ҳижодин бир нечасини машқ беруб, хат битмоқ йўлини тобгандан сўнг ушбу китобни бошлатуб, ҳар куни бир сабоқ берилур”[5].
“Устоди аввал” алифбосининг “Сабоқ бермоқ тариқаси” қисмида муаллиф савтия усулининг ўзига хос фазилатлари, савод ўргатишда унинг “усули ҳижо”дан афзалликлари ҳақида тўхталади: “Ҳурматли муаллимлар сабоқ бермакни ибтидо қилмоқ бўлганларида, масалан, ҳар жамоа шогирдларни батартиб ўтқазиб, қалам, сиёҳ ва дафтарларни болаларнинг олдиға тайёр қилиб, бошлаб кўрсатадургон ҳарфни катта қора тахтаға бўр билан битиб кўрсатиб, қандоқ битилур, қандоқ бошланур ва қандоқ қалам тортилурини яхши таҳқиқ ила фаҳмлатиб, болаларни ҳам дафтарлариға битмакға буюргайлар ва ҳам ул вақтда ҳурматлу муаллимлар жаноблари болаларнинг олдиға бориб, хат битмоқлариға таҳқиқи назар ила қараб, баъзи ночорлариға ёрдам ва ионат қилиб турмоқлари жуда муфид ва зарурдур. Мазкур тариқа бошлаганларидан сўнг ҳар кунда бир сабоқ беруб, ўқутуб ва ҳам ул сабоқни ёздирилур ва лекин ушбу китобни ўқитмоқни ва ёзмоқни тамом қилмасдан илгари бошқа сабоқ қўшмагайлар”[6].
Алифбо муаллифи араб ёзувининг анча мураккаблигини, унда ҳарфларнинг сўз бошида, сўз ўртасида ва охирида турли шаклларга эга бўлишини кўзда тутган ҳолда ўқитишни сўзнинг ҳамма ўринларида бир хилда ёзиладиган, ўзидан кейинги ҳарфларга қўшилмай ёзиладиган мунфасил ҳарфлардан бошлайди. Ундан кейин ёзувдаги шакллари бир-бирига яқин бўлган, фақат нуқталарининг сони ҳамда ўрнига кўра фарқ қиладиган ва ўзидан олдинги ҳамда кейинги ҳарфларга қўшиб ёзиладиган муттасил ҳарфларни тартиб билан ўргатишга ўтилади. Бу усуллар ёш болаларда ўқув ва ёзув кўникмаларини ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳатто ҳозирда ҳам араб графикасини ўрганишда ушбу усулни қўллаш мақсадга мувофиқдир. Ҳарфлар тўлиқ ўтиб бўлинганидан кейин ҳаракатлар, уларнинг шакллари, вазифалари, қўлланиш ўринлари ўргатилади ва ҳамма ўқувчилар осон тушунадиган тарзда ифодаланади. Масалан, Саидрасул домла “ташдид” аломатини шундай изоҳлайди: “Ташдид амали ҳар қайси ҳарфнинг устида келса, ул ҳарфни икки марта айтиб ўқилур”[7].
Алифбо-дарсликдаги ифодали ўқиш учун тавсия этилган матнларнинг катта қисмини муаллифнинг ўзи яратган ҳикоялар ва халқ оғзаки ҳамда ўзбек мумтоз адабиётидан олинган ахлоқий-таълимий матнлар ташкил этган. Муаллиф ҳикояларидаги болаларбоп жиҳат шундаки, уларда икки хил феъл-атвор: эзгулик ва қабоҳат, яхшилик ва ёмонлик бир-бирига қарама-қарши қўйилади; яхшилик ва эзгулик улуғланади, ёмонлик ва қабоҳат қораланади. Шу жиҳатдан, “Зулук бирла Илон” масали эътиборга лойиқ. Бир куни Илон Зулукка дўстлик изҳор этиб, дил зорини баён қилади:
Манга таажжуб кўринур икки иш,
Кўрса мани халқ қочар ҳар қаён.
Санга ажаб раҳму мурувват қилиб,
Бергайлар алар ўз танидан тоза қон.
Зулук инсонларни дарддан фориғ қилиш учун ҳатто ўз жонини ҳам фидо қилиши, Илон инсонларга заҳрини сочиб, уларга азоб-уқубат беришини бадиий шаклларда ифодалайди ва масал охирида ўқувчиларни эзгуликка чақирувчи қиссадан ҳисса билан якунлайди:
Халқ сўзидур мани дору демак,
То шу мулойимсан ва заҳринг ниҳон.
Анда Илон шарм қилиб феълидин,
Музтариб ўлди, билинг, аҳли жаҳон.
Билса бўлур бул сўзи маъносидин,
Ҳар кима хуш феъл керак ҳар қачон[8].
Алифбо-дарслик билан чуқур танишиш шуни кўрсатадики, муаллиф дарсликни яратиш жараёнида педагогика ва унинг ажралмас қисми – ўқитиш методикаси талабларига изчил амал қилган: мавзулар ва ҳикояларда қўлланган ахлоқий муносабатлар, ҳатто гаплар соддадан мураккабга ривожланиб боради. Дарсликнинг алифбо қисмида кўпроқ содда йиғиқ гаплар ифода усулини ташкил этса, кейинги ифодали ўқиш қисмида содда ёйиқ, баъзан қўшма гаплар ҳам қўлланади. Бу услуб ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. С.Саидазизов ўқувчилар оғзаки нутқини ўстиришда суҳбат методига, шу билан бирга, нутқни чиройли, таъсирчан қилувчи халқ ҳикматлари, мақол ва иборалар қўллаш масаласига катта эътибор қаратади: алифбода элликдан ортиқ халқ мақоллари, иборалари дарслик қатларига сингдириб юборилган.
Алифбо-дарсликнинг яна бир ўзига хос фазилати шундаки, унда кичик ҳажмдаги ҳикояларда ўзбек ва форс ахлоқий-таълимий, дидактик адабиётнинг гўзал намуналари: Шайх Муслиҳиддин Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”, Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”), Хожанинг “Гулзор”, “Мифтоҳ ул-адл” (“Адолат калити”) каби асарларининг таъсирини сезиш мумкин.
Дарслик 1917 йил октябрь ўзгаришигача 17 марта қайта-қайта нашр этилган бўлиб, кейинги нашрлари давомида алифбо қисми деярли ўзгартирилмаган бўлса-да, алифбодан кейинги ифодали ўқиш учун тавсия этилган матнлар янгиланиб борилган. Айниқса, рус адабиётидан қилинган “Бўри билан Лайлак”, “Тулки бирла Эчки”, “Тулки бирла Хўроз”, “Пашша била Ари”, “Айиқ бирла Қишлоқи”, “Бўри бирла Эчки”, “Қурбақа бирла Ҳўкиз” каби таржималар олиб ташланиб, мустақил, оригинал асарлар билан тўлдирилган. Сўнгги нашрларгача рус адабиётидан қилинган таржималардан фақат кичик ҳажмдаги беш асар: “Қишлоқи бирла боласи”, “Ёлғончи чўпон”, “Ватани рус”, “Бола ва отаси”, “Тулки бирла узум” давом этган. Бундай ўзгартиришларга жузъий масала сифатида қарамаслик керак, бу миллий дарслик яратишдаги дастлабки қадам эди. Эътибор беринг: шўролар даврида ўзбек мактаблари учун тузилган “Ўқиш китоби”, “Ватан адабиёти” дарсликларининг 50–60 фоизигача рус адабиётидан таржималар билан тўлдирилар эди. Натижада, дарсликларнинг миллий хусусияти буткул йўққа чиқарилар эди.
Дарҳақиқат, академик Иброҳим Мўминовнинг “ХХ аср бошларида “Устоди аввал” китобининг нашр этилиши Ўзбекистон маданияти тарихида янги бир воқеа бўлди ва ўша даврда Ўрта Осиё халқлари маънавий ҳаётини ривожлантиришда прогрессив қадам бўлди”[9], деган сўзлари заминида катта ҳақиқат ётар эди.
“Устоди аввал” алифбосининг дастлабки нашрлариёқ ўлка бўйлаб кенг тарқалди: янги очилаётган “усули жадид”, ҳатто “усули қадим” мактабларига ҳам кириб борди, жуда кам нусхада чоп этилгани учун уни тўлалигича кўчириб олувчилар ҳам кўпайди. Бир сўз билан айтганда, “Устоди аввал” педагогикамиз тарихида буюк ўзгариш ясади. Дарслик нашр этилган йиллар “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларини варақлар экансиз, ушбу асарга муносабат билдирувчи тақризлар, туркум мақолаларга кўзингиз тушади. Чимкентлик мактабдор Умаржон Абдуғаффор ўғли сўзларига эътибор беринг: “Ушбу “Устоди аввал”ни ўқиғон ёш шогирдлар эски тартиб бирлан ўқишни(нг) азоб ва машаққатларидан қутулиб, тез фурсатда муддаолариға ва мақсадлариға, яъни қора хатни ўқумоқ ва ёзмоқ давлатиға осонлиқ бирлан етиб, оз вақтда бул Туркистон музофотида турғувчи фуқароларни(нг) аксарлари ёзадурғон ва қора хатни ўқийдурғон бўлиб қолсалар ажаб эмас, деб умид қиламиз”[10].
Саидрасул Саидазизовнинг бундай маорифпарварлик фаолияти силлиқ кечган эмас. Унинг рус мактабларида, Тошкент ўқитувчилар семинариясида дарс бериши, таълим-тарбия соҳасидаги янгиликларни маҳаллий мактабларга татбиқ қилиши мутаассиблар, “усули қадим” тарафдорлари қаршилигига учради, уни “насора махзум” (кофир махзум) деб жар солдилар. Бундай дашном ва таъқиблар фақат Саидрасул домлагагина қаратилган эмас эди. Аммо мутафаккир ўзи танлаган йўлдан асло чекинмади, аксинча, собитқадамлик билан фаолиятини давом эттирди.
С.Саидазизовнинг “Туркистон вилоятининг газети” (1910 йил 72, 78, 79, 83, 86 ҳамда 1911 йил 5, 10-сонлар) саҳифаларида “Образовательная поездка учёного туземца в Москву и Петербург в 1910 г.” (“Маҳаллий олимнинг 1910 йилда Москва ҳамда Петербургга қилган маърифий сафари”) сарлавҳали туркум мақолалари эълон қилинган. Мақолада ёзишича, С.Саидазизов билан яқин ҳамкорликда бўлган ҳарбий хизматчи ва шарқшунос Блюмер (исми кўрсатилмаган – У.Д.) уни Москва ва Петербургга таклиф қилади ва у 1910 йил 5 июлда сафарга чиқади. Блюмер унга сафар давомида ҳамма шароитни яратиб берган, дастлаб 3 кун Рязань шаҳрида, 12 кун Москвада ва бир ой давомида пойтахт Петербургда бўлади. У пойтахтнинг эътиборга лойиқ масканларида: музейларида, истироҳат боғларида бўлади, ҳатто фон Кауфман 1868 йилда Самарқанддан олиб, Русия подшоҳига тақдим қилган муқаддас “Мусҳафи Усмоний”ни ўқиш, кўзига суртиш шарафига муяссар бўлади, уни музейда қай даражади эҳтиёткорлик билан сақлаётганликларини кўриб, ҳайратга тушади. Аммо сафар таътил вақтига тўғри келгани учун Москва ва Петербург ўқув муассасаларининг фаолияти билан яқиндан таниша олмаганлигидан афсусланади: “Баъзи бир ошнолар Масков шаҳрида катта мадрасаларни кўргайсиз ва ондаги тартиб ва таомилларни билгайсизким, сиз учун аларни билмоқ фойдали ва манфаатлик бўлса керак, деганларига қараб, баъзи катта мадрасаларни кўрмоқ учун бордим. Таътил сабабли аларда ҳеч ким бўлмай, ҳаммаси берк эканларини, ҳеч ким бўлмағон вақтда кўрмоқ ўзимға маъқул бўлмағони учун кўб майл қилмай, андак афсус қилғон эдимки, андагиларни(нг) таҳсилин кўрмадим ва анда таҳсил қиладурғонлар қаю илмларни қаю даражада бўлиши маълум ўлмади деб”[11].
Шундай бўлса-да, у Москва, Петербург олий ўқув юртларини тамомлаган кишилар билан суҳбатлашди, улар орқали Русия олий ўқув юртлари фаолияти билан танишишга ҳаракат қилди: “Аммо оташ ароба билан сафар қилған вақтимда йўлда бир вагонда бир одам бирла рафиқ бўлиб танишдим. Кўрдимки, ул одам Москвадағи Лазаревский институти (Лазарев номидаги Шарқ жонли тиллар институти – У.Д.)да хатм қилғон ва ул мадрасанинг яхши хатм қилғонлариға бериладургон нишонин таққан зоҳиро бир ориёнталист, яъни алсинаи шарқия олимларидан экан”[12].
Саидрасул Саидазизов 1910 йилдан эътиборан Тошкент ўқитувчилар семинариясига шарқ тиллари ўқитувчиси этиб тайинланади. Унинг семинариядаги фаолияти узоқ давом этди. Бу ҳақда марҳум профессор Шариф Юсупов мутафаккирнинг 1907 йилда туғилган қизи, машҳур тиббиёт олими профессор Турсунхўжа Нажмиддинов рафиқаси Ойпошша аянинг эътиборли сўзларини келтиради: “Отам барваста гавдали, пахтадек оппоқ, озода одам эдилар. Собир Абдулланинг “Мавлоно Муқимий” китобида тасвирланган ҳужрамизда кечалари то хўроз қичқиргунча мутолаа қилар эдилар. Инқилобдан аввал ўнинчи йилларда кунора от миниб, янги шаҳарга чиқар ва Туркистон ўқитувчилар семинариясида дарс бериб қайтар эдилар. Фурқат ва Муқимий меҳмон бўлган ташқари ҳовлимиздаги меҳмонхона-ҳужрамизга Петербург ва Москвадан таниқли рус олимлари кўп марта келишган. Совет даврида ҳам отам илм-маърифат йўлида хизмат қилдилар, йигирманчи йиллар ўрталаригача мактабларда дарс бердилар, ҳаётларининг охирги йилларида Республика давлат архивида хизмат қилдилар”[13].
Саидрасул Саидазизов шўролар даврида ҳам ўқитувчилик фаолиятини тарк этмади, узоқ вақт Туркистон Шарқшунослик институтида араб ва форс тилларидан дарс берди. ХХ аср бошларида ҳамда шўролар даврида яратилган “Алифбо” дарсликларида бевосита “Устоди аввал”нинг кучли таъсирини кузатиш мумкин. Унинг “Устоди аввал” алифбо дарслиги ХХ аср тонгида миллат учун ислоҳот рамзи бўлиб қолди. Ўтган асрнинг биринчи чорагида ўзбек педагоглари томонидан Саидрасул Саидазизовнинг мазкур алифбо дарслиги таъсирида йигирмадан ортиқ алифбо дарсликлари яратилди. Бу улуғ педагогнинг халқимиз олдидаги буюк хизматидир.
Саидрасул домла 1933 йил 3 февралда вафот этди.
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 12-сон
____________________
[1] “Туркистон вилоятининг газети”, 1910 й., 72-сон.
[2] Ўша манба.
[3] Ўзбекистон Давлат Марказий тарих архиви. 47-фонд, 561-дело, 28-бет.
[4] “Маориф ва ўқутғувчи” журнали, 1926 йил, 2-сон.
[5] Саидазизов С. Устоди аввал. 9-нашр. –Т., 1910. 7-бет.
[6] Саидазизов С. Устоди аввал. 9-нашр. –Т., 1910. 20-бет.
[7] Ўша манба, кўрсатилган бет.
[8] Саидазизов С. Устоди аввал. 9-нашр. –Т., 1910. 44-бет.
[9] Муминов И. Из истории развития общественно-философской мысли в Узбекистане. –Т., 1957. С. 72.
[10] “Туркистон вилоятининг газети”, 1903 й., 48-сон.
[11] “Туркистон вилоятининг газети”, 1910 й., 86-сон.
[12] “Туркистон вилоятининг газети”, 1910 й., 86-сон.
[13] Юсупов Ш. Фурқат йўлларида. –Т., 1984. 38-бет.