Қадимий, ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Ислом Каримов сўзлаган нутқларини эшитган ҳар бир ватандошимизнинг қалбида чексиз фахр-ифтихор туйғулари уйғонди. Шу билан бирга, энг аввло, шундай буюк, ҳар қандай одам ҳавас қиладиган беназир, гўзал юртда яшаш насиб этганлигига шукроналик, унга чин қалбдан, фидойилик билан хизмат қилиб, унинг ободлиги ва янада равнақига ўз ҳиссасини қўшиш каби юксак орзулар барқ урганлиги муқаррардир. Шу нуқтаи назардан қараганда, биз тарихчи, шарқшунос олимлар юртимизнинг ўтмишини: кўп асрлик шонли тарихини ҳали чуқур ўрганишимиз зарур эканлигини янада теран англаймиз. Айниқса, қарийб уч минг йиллик тарихга эга кўҳна Самарқанднинг ободлиги ва кўркамлиги йўлида буюк аждодларимиз, хусусан, XIV асрда салтанат юритган Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари амалга оширган улуғвор ишлар «бугун ҳам барчамиз учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз». Яна Президентимиз нутқида алоҳида таъкидлаганидек, «Илму фанни юксак қадрлаган Амир Темур бобомиз ўз пойтахти Самарқандга дунёнинг турли минтақаларидан етук олим ва уламолар: меъмор ва муҳандисларни жалб этган. Буни Самарқанд заминида кўрсатган Балхий ва Дамашқий, Бағдодий ва Марвазий, Тафтазоний ва Журжоний, Жазарий ва Шомий каби юзлаб алломаларнинг номлари ҳам исботлаб турибди».
Мавриди келганда айтиш керакки, мустақиллик йилларида бу йўналишда эътиборга молик улкан ишлар амалга оширилгани билан ҳали-ҳануз мамлакатимизда уларга ўхшаш кўплаб олимларнинг ҳаёт йўллари, улар қолдирган бой илмий-маънавий мерос етарли даражада ўрганилгани йўқ. Давлатимиз раҳбарининг табрик нутқида зикр этилган олимлардан бири Саъдуддин Тафтазоний бўлиб, унинг аксар фаолияти Самарқандда, Амир Темур саройида ўтган. Ҳаёт фалсафасини қарангки, айнан шу олимнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳомийлигида Самарқандда салмоқли фаолият кўрсатиб, муҳим асарлар яратгани ҳақида бундан уч ой муқаддам Буюк Британиянинг пойтахти Лондонда бўлиб ўтган бир суҳбатнинг ҳам гувоҳи бўлган эдик. Гап шундаки: хизмат сафари юзасидан шу йил май ойида Буюк Британияда бўлганимизда, Лондон университети қошидаги ислом тадқиқотлари марказининг директори, таниқли олим, профессор Муҳаммад Абдулҳалим жаноблари билан мулоқотда бўлан эдим. Асли мисрлик бу олим Шарқ мамлакатлари тарихи, ислом дини таълимотларига доир кўплаб асарлар яратган йирик мутахассис, айниқса, Қуръони Каримнинг инглиз тилига таржимони сифатида ҳам дунё илмий доираларида катта нуфузга эга (бу таржима 2004 йилда Англиядаги Оксфорд университети томонидан нашр этилган). Шулар билан бирга, суҳбатимиз чоғида профессор жаноблари Мовароуннаҳр тарихи, юртимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган улкан илмий-маърифий жараёнлардан ҳам яхши хабардор бўлиб, шулар жумласидан 2007 йилда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) томонидан мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганлиги, қадимий шаҳарларимиз Самарқанд, Марғилоннинг юбилейлари, ўрта асрларда юртимиздан етишиб чиқиб, исломий илмлар ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган буюк алломалар ва йирик арбоблар, хусусан, Амир Темур ва темурийлар даври тарихи ва маданияти бўйича ҳар томонлама чуқур маълумотга эга эканлигини ҳам намоён қилди. Мулоқотимиз охирида Муҳаммад Абдулҳалим жаноблари менга эсдалик сифатида Амир Темур таклифи билан пойтахт Самарқандга келиб, самарали фаолият кўрсатган улуғ алломалардан бири Саъдуддин Тафтазонийнинг айнан Самарқандда 1382 йилда араб тилида ёзган «Шарҳ ал-Мақосид» асарининг 1984 йили Қоҳирадаги ал-Азҳар университети нашриётида чоп этилган беш жилдлик улкан асарини совға қилган эди. Самарқанднинг табаррук тўйи муносабати билан Юртбошимизнинг ёрқин нутқларида зикр этилган ана шу алломанинг ҳаёт йўллари ва ижодий фаолияти ҳақида азиз журналхонларга муфассалроқ маълумот бериш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Унинг тўлиқ исми Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Саъдуддин Тафтазоний бўлиб, у 1322 йилда Хуросоннинг Тафтазон қишлоғида, зиёли бир хонадонда таваллуд топади. У ёшлигидан ўта зеҳнли, ақл-идрок соҳиби, исломий ва дунёвий илмларга ташналиги билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Дастлабки билимни Хуросоннинг йирик илмий марказлари Хирот, Шероз, Балх, Сарахс каби шаҳарларида олади. Кейинроқ ўз даврининг йирик олимлари, жумладан Азудиддин ал-Ийжий, Қутбиддин Муҳаммад ар-Розий, Насимуддин Абу Абдуллоҳ, Зиёуддин ибн Усмон ал-Қазвиний, Аҳмад ибн Абдулваҳоб ал-Қўсий кабилардан таълим олиб, ўша даврда кенг тарқалган калом, мантиқ, илм ал-усул, фиқҳ, астрономия, математика каби илмлар соҳасида етук олим даражасига эришади. Манбаларда ёзилишича, Саъдуддин Тафтазонийнинг илмий-ижодий фаолияти жуда барвақт – ўн беш-ўн олти ёшларидан бошланган. Яна шуни айтиш керакки, Тафтазоний ҳаётининг аксар қисми Хуросоннинг юқорида зикр этилган шаҳарлари билан бир қаторда Мовароуннаҳрда – Самарқанд, Хоразм, Бухоро, Ғиждувон каби шаҳарларда ўтганлиги ҳақида ҳам ёзма манбаларда аниқ қайд этилган. У 1390 йилда Самарқандда вафот этади.
Ҳозирги маълумотларга қараганда, унинг илмий-маънавий меросига мансуб асарларнинг сони ўттизтага етади. Улардан «Ал-арбаъин фил ҳадис», «Ал-фатова ал-ҳанафиййа», «Ал-мифтоҳ», «Иршод ал-ҳодий», «Таҳзийб ал-мантиқ вал калом», «Ал-мутаввал ала ат-талхис» ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Асарларининг аксарияти араб тилида, қисман эса форс тилида яратилган, олим фаолиятида турк ва форс тилларига қилинган таржималар ҳам зикр қилинади. Шулар билан бир қаторда унинг илмий-ижодий фаолиятида юртимиздан чиққан йирик олимларнинг қимматли асарларига шарҳлар битиш ҳам етакчи ўрин эгаллайди. Жумладан, у юздан ошиқ асарлар ёзган насафлик таниқли олим Нажмиддин Умар Абу Ҳафс ан-Насафийнинг (1068 — 1142) ақида масалаларига бағишланган ғоятда муҳим «Ал-Ақоид» номли асарига (бу мўъжаз асар атиги 12 саҳифадан иборат) кенг кўламда шарҳ ёзган бўлиб, бу шарҳнинг 2000 йилда Қоҳирада чоп этилган нашри 162 саҳифадан иборат. Ўрни келганда айтиш керакки, ҳажм нуқтаи-назаридан ғоятда кичик бўлган бу рисолада иймон-эътиқод масалалари аҳли сунна ва жамоат ақидасига мувофиқ аниқ ва ишончли тарзда баён қилинганки, у ўз давридан то ҳозирги пайтгача мусулмон давлатларидаги дорулфунун ва мадрасаларда, жумладан ал-Азҳар университетининг ўқув муассасаларида сунний ақида бўйича асосий қўлланма – дастурлардан бири сифатида ўқитиб келинмоқда. Асарнинг катта амалий аҳамиятидан келиб чиқиб, кўплаб олимлар унга шарҳлар битганлар. Жумладан, Саъдуддин Тафтазоний ҳам бу асарга мукаммал шарҳ ёзган муаллифлардан ҳисобланади. Тафтазоний томонидан хоразмлик буюк аллома Маҳмуд аз-Замахшарий (1075–1144) қаламига мансуб «Ал- Кашшоф» номли Қуръони Карим тафсирига батафсил ҳошия ҳам битилган. Шунингдек, аз-Замахшарийнинг одоб-ахлоқ ва тарбиявий масалаларга оид «Навобиғ ал-калим» («Нозик иборалар») номли мўъжаз асарига ёзган муфассал шарҳи ҳам дунё илм аҳлларига яхши маълум.
Тарихнавис олим Хондамирнинг «Ҳабиб ас-сияр» номли асарида ёзилишича, Амир Темур ҳазратлари Саъдуддин Тафтазонийнинг катта илмий салоҳияти ва юксак инсоний фазилатларидан яхши хабардор бўлганлиги учун 1380 йилда – бу пайтда олим Хоразмда фаолият кўрсатар эди – уни ўз давлатининг пойтахти Самарқандга таклиф қилади. Бу таклифни аллома миннатдорлик туйғуси билан қабул қилади, лекин Маккага, ҳаж ибодатини адо этиш учун муборак сафарга тайёргарлик кўраётганлиги сабабли салтанат соҳибидан узр сўрайди. Бироқ Амир Темурдан такрорий таклиф келгач, у Самарқандга, олампаноҳ саройига ташриф буюради. Соҳибқирон ҳазратлари олимни Самарқандга келиши билан самимий қутлаб, унга алоҳида иззат-ҳурмат, камоли эҳтиромини изҳор қилади. Улар ўрталарида кўплаб мароқли суҳбатлар, самимий мулоқотлару қизиқарли илмий-маърифий тарздаги учрашувлар бўлиб ўтади. Соҳибқирон томонидан кўрсатилган юксак илтифот, илиқ ва самимий муносабат, яратилган мукаммал шарт-шароитлардан олимнинг илмий-ижодий фаолияти янада гуркираб ривожланади. У Самарқанд мадрасаларида мударрислик фаолиятини олиб бориш билан бимрга кўплаб шогирдларга устозлик қилади, ўзининг бир қатор муҳим асарларини ҳам айнан шу шаҳарда яратади. Жумладан, олим ижодида муҳим ўрин эгалловчи калом илмига бағишланган асосий, йирик асари – «Шарҳ ал-Мақосид» («Мақсадлар» асарига шарҳ) ҳам 1382 йилда Самарқандда ёзиб тугатилади. Бу асар «Мақосид ат-толибин» («Толиби илмларнинг мақсадлари») деб ҳам аталиб, ислом динида ғоятда муҳим бўлган калом илмига, бошқача ибора билан айтганда, ақидавий масалалар шарҳига бағишланган. Маълумки, ўрта асрларда ақида масалаларини нотўғри, ғаразли мақсадларни кўзлаб талқин қилиш натижасида жамиятни залолатга бошлаган кўплаб гуруҳлар пайдо бўлган. Шундай шароитда қатор олимлар ислом динининг софлиги, унинг асл манбаларини тўғри тушунтириб, талқин қилиш орқали бу фирқа ва оқимларга қарши курашганлар, жамиятда носоғлом муҳит, парокандалик ва беқарорлик келиб чиқишининг олдини олганлар. Тафтазонийнинг «Ал-Мақосид» асари ҳам мана шу йўналишда ёзилган қимматли асарлардан ҳисобланади. Масаланинг ғоятда муҳим ва долзарблигидан келиб чиқиб, муаллифнинг ўзи томонидан ушбу асарига шарҳ ҳам ёзилган. Беш жилддан иборат «Шарҳ ал-Мақосид»ни чуқур тадқиқ қилиб, ушбу илмий нашрни Қоҳирадаги ал-Азҳар университети уламолар кенгаши ва исломий тадқиқотлар академиясининг аъзоси доктор Абдурраҳмон Умайра амалга оширган. Унга кириш сўз эса фазилатли шайх Солиҳ Мусса Шараф томонидан ёзилган. Тадқиқотчи ушбу хайрли ва муҳим ишни амалга оширишда «Шарҳ ал-Мақосид»нинг турли мамлакатларда сақланадиган олтита қўлёзмасидан фойдаланган. Бу қимматли илмий тадқиқотни араб тилидан таржима қилиб, кенг ўқувчилар оммасига етказиш ва Соҳибқирон Амир Темур даврида самарали фаолият кўрсатган бу алломанинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш олимларимиз олдида турган муҳим вазифаларидан ҳисобанади.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон