Доллар амерога алмашадими?

Америка Қўшма Штатлари миллий валютани ўзгартириш борасида катта қадам ташлади

Бундан ўн йиллар олдин АҚШ доллардан воз кечиши мумкин, деса кўпчилик ишонмаган бўларди. Ўша пайтлари долларнинг қадри анча баланд, муомала ишончли эди. Аммо бугунга келиб мамлакатда кечаётган иқтисодий бўҳрон ва ипотека инқирози АҚШ миллий валютаси ўз нуфузини йўқотиб боришига сабаб бўлмоқда.

  • Доллар инглизча доллар, немисча Талердан олинган. 1786 йилда муомалага киритилган. Долларни ишлаб чиқариш учун ҳар куни тахминан 18 тонна бўёқ сарфланади. Битта банкнотанинг оғирлиги номиналидан қатъий назар 1 грамм. Пул тайёрлашга ишлатиладиган қоғознинг 25 фоизи зиғир поя толаси ва 75 фоизи пахта толасидан иборат. Бу қоғоз сунъий толалар билан кучайтирилган.• Банкнота яроқсиз ҳолга келиши учун 4 минг марта букиб очиш лозим. АҚШ федерал резерв ситемаси маълумотига кўра, $1 банкнотанинг хизмат муддати 22 ой. $5 эса 24 ой яшайди, $10нинг умри –18, $20 – 25, $50 – 55 ойдир. Энг узоқ умр кўрувчи банкнота $100 дир. У 60 ой қўлдан қўлга ўтади.

    • Айрим норасмий маълумотларга қараганда, ҳозир дунёнинг 70 дан зиёд давлатларида сохта долларлар муомалада юрибди. Қолаверса, «уддабурон тадбиркорлар» асосан 50 ва 100 долларликни сохталаштиришларни маъқул кўришади.

Бу узоқни кўра билувчи америкалик мутахассисларни жиддий хавотирга солиб қўйди. Яқинда эса Қўшма Штатлар, Канада ва Мексика доллар ўрнига 2009 йилда янги валюта – амерони жорий этишларини маълум қилишди. Хўш, бу вазиятдан чиқиб кетиш учун етарли бўлармикан? Амеро Европа валютаси сингари мустаҳкам қадр-қимматга эга бўлармикан?

Океан орти давлатларининг бундай хатти-ҳаракатини тўғри тушуниш мумкин. Европада янги тузилган иттифоқчилар томонидан евронинг киритилиши ва бу валютанинг анчайин муваффақиятли оёққа туриб, ҳатто долларни ҳам ортда қолдириши америкалик иқтисодчиларнинг тинчини бузгани аниқ. Қолаверса, бугунги кунда дунё иқтисодиётининг қарийб 70-80 фоизи АҚШ доллари ёрдамида ҳисоб-китоб қилинади. Агар доллардан воз кечиладиган бўлса, жаҳон иқтисодиёти ҳар томонлама зарбага учраши мумкин. Молиявий заҳираларини доллар кўринишида сақлаб турган банклар, миллионлаб бойлар ва оддий фуқаролар ҳам катта зарар кўриши ҳеч гап эмас.

АҚШ конституцияси Конгрессга «танга ишлаб чиқариш, унинг қийматлилиги ва хорижий тангаларнинг баҳосини белгилаш» ҳуқуқини берган. Бу эса Қўшма Штатлар доллари бошқа кўп мамлакатларнинг миллий пулидан фарқли ўлароқ миллий валюта сифатида белгиланган эмас, дегани. Доллар конституцияда тилга олинмаган Федерал резерв системаси томонидан ишлаб чиқарилади. У 1913 йилда таъсис этилган бўлиб, ўшанда давлат хусусий шахслар билан биргаликда мазкур қонун ташаббускори бўлишганди. Бунинг маъноси шуки, доллар – ўз давлатини шахсий манфаатлари йўлида тасарруф этаётган Америка фуқаролари жамиятининг пулидир. Долларга ёнма-ён қандайдир янги валютани ишлаб чиқариш ёки ишлаб чиқармаслик ўша жамиятнинг ихтиёридадир.

АҚШнинг молиявий тизими бир валютали эмас. Айтайлик, доллардан ташқари гринбеклар ҳам бор. Қўшма штатларда иш операцияларининг 90 фоизи банк чеклари воситасида амалга оширилишини инобатга олсак, ички иқтисодий айланма учун доллар у қадар муҳим эмас.

Бордию, 223 йиллик тарихга эга пул ўз қадрини йўқотса, долларда қарз олган кишилар дўпписини осмонга отишлари мумкин. Зеро, берилган кредит ўрнига ҳеч нарсага арзимайдиган оддий қо?озларни қайтариб қарзни ёпиш мумкин. Доллар ўрнига амеро валютаси муомалага киритилса, бу ҳолат АҚШ учун экспорт бобида беқиёс уфқларни очиб беради. Чунки Қўшма Штатларда ишлаб чиқарилган товарлар, нархи арзонлашиб, сотиб олувчилар ва бу хизматларнинг истеъмолчилари сони кўпаяди.

Ҳар бир ишнинг интиҳоси бўлганидек, 200 йилликдан зиёд тарихга эга бўлган доллар ҳам ўз қадр-қимматини йўқота бормоқда. АҚШ эса иқтисодий инқироздан чиқиш учун миллий валютадан воз кечишни лозим кўрмоқда. Долларнинг амерога алмашиши ҳали расман тасдиқланмаган. Аммо ғишт аллақачон қолипдан кўчиб бўлди. Бутун Океан орти давлатлари шу ҳақда бонг уришмоқда. Мабодо бу лойиҳа амалга ошадиган бўлса, евро валютаси жаҳонда яққол етакчиликни қўлга олиши мумкин.

ДОЛЛАР ФИРИБГАРЛАРИ

Америкалик журналистлар 10 ой давомида халқаро айланмада бўлган сохта 100 долларлик супербанкнотлар устида текширув ишларини ўтказиб, натижаларни афгор оммага ошкор этишди. Уларнинг долларлар Шимолий Кореяда чоп этилгани ҳақидаги дастлабки тахминлари нотўғри бўлиб чиқди.
Аризона штати конгрессмени Жеймс Колбе бундай пуллар қаэрда ва қандай ишлаб чиқарилганини тасаввур ҳам қилолмайди. У худди ҳақиқий доллар каби пахта ва зиғир аралашмасидан тайёрланган қоғозда босилган. Ундаги ҳақиқий доллардан сохтасини ажратиб олишга ёрдам бериши керак бўлган сув белги (қуёш, ёруққа тутганда кўринадиган белги)лар ва бошқа жиҳатлар фарқлаб бўлмас даражада бир хил. Шунингдек, бу долларларда ранги ўзгарадиган сиёҳ ҳам қўлланилган. Ваҳоланки, у махсус усулда ишлаб чиқарилиб, фақатгина Америка ҳукуматига сотилади. Конгрессмен Жеймс Колбе уларни дунёдаги энг такомиллашган қалбаки пул ясовчилар операцияси сифатида баҳолади.
Бундан ташқари мазкур долларларнинг энг камида 19 тури аниқланган. Уларнинг фарқи ўйиб ишланган босма шакллардаги кичик тафовутларда кўринади. Бу эса қалбаки пул ясовчиларга хос эмас. Шунингдек, долларларда оддий кўз илғаб олиши қийин бўлган қўшимча штрихлар мавжудлиги аниқланган. Пулларни қалбакилаштириш тарихи ҳақидаги китоб муаллифи, машҳур эксперт Клаус Бендернинг тахминича, бу долларлар ҳукуматнинг чоп этиш ускуналаридан фойдаланиш имконига эга бўлган шахс томонидан чиқарилмоқда.

Беҳбуд Ботиров
«Адолат» газетаси