2012 йилнинг кўкламида хизмат сафари билан Урумчида бўлдим. Ўшанда менга ўтмиш цивилизациясининг ўчоқларидан бўлмиш Турфонга сафар қилиб, унинг эски харобаларини кўриш насиб этди.
Турфон Урумчидан 182 километр узоқлиқда жойлашган. Иккисини боғлаб турувчи янги қорайўл (автомобиль йўли) қурилган: Уловда Урумчидан чиқиб кенг ва текис йўлдан кунчиқарга юрилади. Шаҳар теварагидаги экинликлар тугаб ёзи-ёбонга чиқасиз. Йўлнинг икки ёғи тап-тақир. Тупроғининг бети қорамтир. Катта йўл очиқ ерга тушганиданми, Турфонга етгунча йўл ёқасида бирор қишлоқ ё қўрғон учрамайди. Анча юргач, сон-саноқсиз шамол электр пирпираклари тикланган ерга етасиз. Бу жойни Дабанчин дейилади. Бу ернинг ели кучли, кишини учириб юборгудай, изғирин. Электр пирпиракларининг ана шу тузликка тиклангани бежиз эмас. Турфонга довур шундай пирпираклар ўрнатилган жойдан яна бирови бор. Ярим йўлдан ўтгач, йўл Тангритоғ (Тяньшан) тизмалари этагидан ўтади. Тоғнинг этагида катта кўл ҳам бор. Айтишларича, ундан туз олинади, суви шўр. Умуман, бу ерлар шўртупроқ. Бетини шўр қоплаган далаларга ҳам тез-тез кўзингиз тушади.
Анча юргач, қорайўл илон изи бўлиб оққан сой ёқалаб тоғлар орасини кесиб ўтади. Икки ёндаги тошқоялар ўта салобатли. Бир воҳадан бошқасига ўтиладиган йўл ҳам шунинг ўзи. Ўтмишда арқиш (карвон) йўллари ҳам ана шу ердан ўтган. Тоғлар тугаб, кенгликка чиқасиз.
Турфонга яқинлашган сайин дашт-тузлик тугаб, пахта далалари, экинликлар бошланади. Тупроғи унумли бўлгани учунми, Турфон воҳасида пахта, дон-дун бурундан экиб келинган (Тарихини аниқ айтиш қийин, зироатчиликнинг бу хили қадимги битикларда ҳам тилга олинган). Шаҳарга етмай, ўнгга бурилиб, эски харобалар томон кириб борилади. Йўли тор, икки ёнда уйғур қишлоқлари. Бу ва умуман Турфондаги қишлоқлар киши эътиборини ўзига тортади: оддий уйлар, тевараги узумзор. Фарғонанинг чекка ҳудудлари, Самарқанд, Шаҳрисабз теварагидаги қишлоқларни эслатади кишига. Бурилишдан бошлаб, қишлоқлар оралаб кета-кетгунча узумзор. Бу ерларда узумчиликка катта эътибор берилади. Ерли кишиларнинг сўзига қараганда, Турфон узумининг довруғи дунёга кетган: донаси йирик-йирик ва ширин, икки-уч боши саватни тўлдиради. Халқи меҳнаткаш, тирикчилиги узумдан. Токнинг парвариши ҳам биздагидан фарқли: қишда ток ерга кўмилади, кўклам келиши билан илдизига тақаб очилади. Ишкомлар тартибли, токлар ниҳоятда текис таралган, навдаси ҳам бақувват. Яна бир жиҳати, ҳар қайси эшикда узум сақлаш ва майиз қуритиш учун махсус болохоналар қурилган; улар пишиқ ёки хом ғиштдан панжарасимон ишланган бўлиб, орасидан шамол ўтиб туради. Томлар лойсувоқ. Узум қуритиладиган ушбу болохоналар халқ тилида чунжа дейилади. Бундай қурилмалар бизнинг майизчилик билан шуғулланувчи воҳаларимизда ҳам бор. Чунончи, Китоб туманидаги Қайнар қишлоғида шу усулда майиз қилинади.
Турфон уйғурларининг шеваси, урф-одати, ташқи кўриниши ҳам ўзига хос.
Қорайўлдан ичкарига икки-уч чақирим юрилгач, эски харобаларга етасиз. Халқ бу ерни Безаклик минг уйлар дейди. Буддавийлик давридан қолган ушбу обида икки сой ўртасидаги тепаликда, ниҳоятда катта мажмуа. Сой ҳозир ҳам оқиб турибди, лекин суви саёз. Бу жойларнинг тарихи икки минг йилга боради. Умримда бундай ҳайбатли обидани кўрмаганман. Биздаги Афросиёб ёки Панжикент харобаларига ўхшаб кетади, лекин анча катта. Тепаликларни ўйиб қурилган эски ибодатхонаю уйларнинг сон-саноғи йўқ; орада лой ғиштдан ишланганлари ҳам бор; уйларни туташтирувчи тор йўлаклар; деворларда токчаларнинг ўрни. Шунча замонлар ўтиб ҳам тўкилиб тушмагани ақлга сиғмайди.
Безаклик минг уйлар харобаси ҳозир очиқ музейга айлантирилган. Орага зиёратчиларнинг юриши учун пишиқ ғишт териб йўл солинган, айрим жойларга тахта тўшаб қўйилибди. Келиб-кетувчиларнинг кети узилмайди.
Бирор тепаликка чиқиб теваракка боққан киши ажойиб манзарани кўради: олдинда ҳайбатли қўрғон харобалари; сойнинг нариги томонида ям-яшил экинзорлар, уйғур қишлоқлари, узоқ-узоқларда қурама тоғлар.
Изга қайтишда Турфон шаҳрига етмай туриб, Кориз музейи деган жойга келасиз. Ҳовлиси кета-кетгунча ишком. Ўтмиш деҳқончилигининг ёрқин излари ана шу ерда яққол кўринади. Қадимда бу ерларда коризлар (сув қувурлари, ер ости ҳовузлари) кўп бўлган. Бунинг сабаби, тоғ билан бу ернинг ўртаси чўл бўлиб, тепадан сув келтириш учун ер ости коризлари қазилган. Қувурлар шу ергача тортиб келинган, сўнг устидан қудуқлар қазилиб, сув ернинг юзига чиқарилган. Музейнинг янги қурилган биноси остида ана шундай қадимий коризлардан бири бор: яхши сақланган, қувури сополдан, суви ҳозир ҳам шарқираб оқиб турибди; ниҳоятда тиниқ ва муздай, бир қултум ичсангиз, танангиз яйрайди, онадан қайта туғилгандай бўласиз (Кориз сувини ичиб юрган одам умр бўйи дардга чалинмаса керак, назаримда). Бу иншоотнинг қурилиши ўз замонида қандай катта куч талаб қилганини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу коризнинг тарихи ҳам минг йилдан нарига боради. Ҳозир Турфонда эски коризлардан анчаси сақланган, баъзилари қуриган. Деҳқончилик ва боғдорчиликда, халқни ичимлик суви билан таъминлашда ота-боболарнинг ана шу кашфиёти ҳануз қўл келяпти.
Турфон (уйғурлар Турпан деб талаффуз қилади; хитойчада Гаўчан) – тоғ этакларида жойлашган воҳа. Унинг географик шароити, иқлими, Буюк ипак йўлида жойлашганлиги ўлканинг доимий гуллаб-яшнашига имкон берган. Иқлими туфайли бу тупроқда яратилган осори атиқалар, ёзма ёдгорликлар бизнинг кунимизгача яхши сақланган.
Маданият соҳасида ҳам бу кўҳна ўлканинг имкониятлари чексиз эди. Ўтмишда қадимги туркий, суғд, тоҳар, будда, моний маданиятлари шу тупроқда туташган. Айниқса, буддавийлик даврида Турфон кишилик цивилизацияси юқори бўлган йирик маданият ўчоқларидан бўлиб, улуғ юксалишлар ана шу замонда юз берди. Кўҳна Турфон бир қанча юксалиш ва маданиятларнинг туташ нуқтаси бўлган.
Турфон халқи асрлар оша турли маданиятлар, диний-фалсафий қарашлар таъсирида бўлиб келган: бошда тангриканлик, сўнг буддавийлик, монийлик, насронийлик қарашлари амал қилган. Кейинчалик эса уларнинг ўрнини ислом эгаллади. Бу ўлкада ўтмишда, туркий қавмлар билан бир қаторда, суғд, тоҳар жамоалари ҳам яшаган. Бу тупроқлардан қадимги туркий асарлар билан бир қаторда суғдча, тоҳарча асарлар топилганлигининг боиси ҳам шунда. Суғдлар бу ўлкага тижорат ишлари, диний-миссионерлик ҳаракатлари туфайли келиб, ўрнашиб қолган эди. Туркий халқлар орасида буддавийлик, монийлик, насронийлик қарашларининг ёйилувида ҳам суғдларнинг хизмати катта бўлган. Бунинг сингари боғланишлар изини ота-боболаримизнинг ёзув маданиятида ҳам кузатамиз.
Қадимги будда ва моний маданиятларининг классик даври ҳам Турфонда кечди. Ҳатто буддавийлик Хитой ва Мўғулистонга ана шу йўл орқали кириб борган. Хитой роҳиблари муқаддас сафарга ана шу йўлдан ўтганлар. Хуллас, Турфон қадимдан Марказий Осиёнинг йирик маданий, ижтимоий-сиёсий, савдо марказларидан бири бўлиб келди. Бу ўлкада улуғ ва ўлмас обидалар яратилганининг сабаби ҳам ана шунда.
Турфон IX–XIII асрларда, тўрт юз йил давомида ҳукм сурган Қўчу давлатининг маркази бўлган. Бу даврларда ана шу тупроқларда ёзув маданияти гуллаб-яшнади; будда, моний, насроний мазмундаги асарлар яратилди; ёзма адабиёт, айниқса, таржима адабиёт ривожланди. Бу давлатнинг расмий дини буддавийлик эди, шунга қарамай, бошқа диний жамоаларга-да йўл берилганди. Будда, моний жамоаларидан етишиб чиққан ўқимишли кишилар диннинг фалсафий-таълимий, ахлоқий ғояларини кенг оммалаштириш мақсадида ўз асарларини халққа тушунарли тилда, бадиий асар даражасида битишга уринганлар. Шунинг учун ҳам ушбу асарлар қадимги туркий, суғд, тоҳар адабиётларининг классик намуналарига айланган.
Кўҳна Турфон, унинг тарихи шарқшуносликнинг, хусусан, ғарб шарқшуносларининг доимий диққат марказида туради. Олимлар бу тупроқларда жуда катта тадқиқот ишлари олиб борган, археографик экспедициялар уюштирганлар. Ўтган асрнинг бошларида Турфон харобаларидан сон-саноқсиз археологик обидалар, ёзма ёдгорликлар топилди. Ушбу топилмалар милоддан аввалги даврлардан бошлаб ўрта асрларгача бўлган даврларга тегишлидир. Деворий расмлар, ибодатхона ва саройлардан чиққан ҳайкалчалар, қимматли буюмлар, нодир қўлёзмаларнинг бари ташиб кетилди. Ҳатто эски мозорлардан чиққан мумиёланган жасадлар, тахта тобутлари билан қўшиб олиб кетилган. Ҳозир улар йирик музейлар ва қўлёзма фондларида сақланмоқда. Безаклик минг уйларнинг бебаҳо обидалари Турфон ва Урумчидаги тарих музейлари, Берлин, Лондон, Санкт-Петербургдаги музейлар ва қўлёзма хазиналарини бойитиб турибди (Урумчидаги Шинжон тарих музейида мумиёланган жасадлардан тортиб, ҳайкалчалар, сопол буюмлар, асл қўлёзмалар дейсизми, ҳамма-ҳаммасидан бор, кўриб ҳайратга тушади киши).
Турфон харобаларидан чиққан обидалар ичида ёзма ёдгорликлар алоҳида ўрин тутади. Улар қадимги туркий, суғд тилларида бўлиб, будда, моний жамоалари томонидан битилган. Ёзув ашёси – тери, қоғоз, ёғоч, сопол идиш ва металл. Орада деворий расмларга ёзилган битиклар ҳам бор.
Ёзма ёдгорликларнинг муайян бўлаги ўша даврларга тегишли расмий ҳужжатлардир. Муҳим қирраси, Турфондан топилган расмий битиклар хонларнинг ёрлиқлари ёки юрт эгаларининг ўзаро ёзишмалари, дипломатик ҳужжатлар эмас. Улар йирик ер эгалари, бойлар, деҳқонлар, оддий кишиларнинг олди-бердиси, хўжаликнинг кирим-чиқими, кимгадир сотилган ер ҳужжати, ижарага олинган ер учун ёзилган тилхатлар, қарзга олинган дон-дунни, матони эвази билан қайтариш тўғрисидаги васиқалар, қулларнинг ўз беклари устидан ёзган шикоятлари ёки йирик бойларнинг ўз қулига берган эрк ҳужжатларидир. Қадимги турк ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётини бутунича қамраб олган ушбу ҳужжатлар жамият ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муносабатлар тарихини ўзида яққол акс эттирган.
Эски, сарғайиб кетган қоғозлардаги битикларнинг ҳаммаси ҳам яхши сақланган эмас; кўпи чириб, матн бўлаклари тўкилиб тушган; айримлардан кичик парчалар қолган. Уларнинг ичида матни узуқ-юлуқ сақланганлари ҳам анча, орада айрим жойларини ўқиб маъно чиқариш қийин. Шундай эса-да, сиёҳи ҳануз тиниқ.
Ҳужжатлар туркий тилда бўлиб, давлат ишларида унинг мавқеи юқори эканини билдиради. Улар эски уйғур хатида битилган. Баъзи ҳужжатлар тартибли, чиройли хатда, айримининг эса шошиб ёзилгани билиниб туради. Ора-орада идораларнинг муҳр-тамғалари урилган, ҳужжатларнинг охирига эса қарз олувчи ва гувоҳларнинг белги-нишонлари қўйилган.
Ҳужжатлар матнида уларни битувчи кишиларнинг исмлари ҳам сақланиб қолган. Бу юмуш билан, одатда, юрт бошлиқлари, давлат идорасининг хизматчиси (бек, тудун ёки нотариус), қарз берувчининг ўзи ёки унинг ишончли кишиси шуғулланган. Матннинг саводли, юксак даражада ёзилганига қараганда, улар қонунларни, тўру-тузукларни яхши билган, билимли кишилар ўтган.
Таъкидламоқ ўринлики, ушбу битиклар туркий ҳужжатчиликнинг илк намуналари эмас. Улар, Қўчу давлати замонидан қолган (айрим ҳужжатларда Қўчу номининг берилганлиги ҳам шуни кўрсатади). Ваҳоланки, туркий ҳужжатчилик бундан-да эски замонларга бориб тақалади. Шундай эса-да, улар ҳужжатчиликнинг нодир намуналари бўлиб, туркий расмий услубнинг юзага келиши ва тарихий тараққиётини ўрганишда катта аҳамиятга эга.
Битиклар ҳужжатчиликнинг барча талабларига жавоб беради: тузилиши пухта; матн компонентлари ўзаро уйғун; матн услуби, атамалар тизими юксак босқичда. Қадимги туркий ҳужжатчилик узоқ услубий тараққиёт босқичини босиб ўтганидан далолат беради. Ҳужжатларда бунинг сингари кишини ҳайратга солувчи ўринлар талай.
Маълумки, ўрта аср жамиятида, давлат сиёсатида кишилар ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари чуқур ишлаб чиқилган эди. Қандай бўлишидан қатъи назар, кишининг ҳақ-ҳуқуқини белгиловчи ишлар, олди-берди, давлат идоралари ва хўжаликдаги кирим-чиқимлар расмийлаштирилган, улар ҳужжатларда қайд этиб қўйилган.
Шу ўринда бир масалага эътибор берсак. Қонунга кўра, ҳар қандай олди-бердининг кафолатлануви, олинган нарса олувчининг ўзи ёки унинг яқинлари томонидан албатта қайтарилмоғи керак. Бирор нарсани қарзга берув ҳужжатларида berginčä yoq bar bolsar-men деган жумлага кўзимиз тушади. Бу жумла “қарзни бергунча борманми-йўқман, беролмасам (қарзни узолмасам)” деган маънони билдиради. Масалан, Берлин фондида сақланаётган Т.М.222 кўрсаткичли Булмиш исмли кишининг солиқ тўлаш мақсадида Қара Ўғулдан қарзга олган кумуш танга учун берган тилхатида бу ҳолат шундай кафолатланган: Asïğï bilä köni berür-men. Berginčä yoq (ba)r bolsar-men kišim Tüzüg köni (b)ersün. Маъноси: “(Кумушни) фойдаси билан тўлиқ қайтараман. Бергунча йўқ-бор бўлсам (борман-йўқман), хотиним Тузуг тўлиқ берсин”. Бу ўринда беримчи беримни кишиси (хотини) Тузугни ўртага қўйиб кафолатламоқда.
Шу ўринда ўрта аср ҳужжатлари услубининг муҳим қирраси тўғрисида икки оғиз сўз. Одатда, расмий услуб ўзининг аниқ ва равшанлиги, кўчма маъноли сўзлар, фразеологик бирикмалар, тасвирий ифодалар, кўтаринки жумлалар, турли бадиий воситаларнинг учрамаслиги билан ажралиб туради. Лекин бу ўлчовни, чекловни ҳеч бир ўзгаришсиз қадимги туркий тилдаги расмий битикларга, қолаверса, ўрта аср ҳужжатчилигига нисбатан қўллаш ўзини оқламайди, назаримизда. Сабаби, ўша давр ҳужжатларида, юқорида расмий услубга тегишли деб қаралаётган белгилардан ташқари, оғзаки услубга, бадиий матнларга хос воситалар ҳам учраб туради. Битувчи-котиблар фикрни теран англатиш, унинг таъсирини кучайтириш, васиқани мазмунли ва ширали баён қилиш, матн услубининг силлиқ ва оҳангдор чиқиши учун, ўрни билан, бадиий воситалардан ҳам фойдаланган. Бир сўз билан айтганда, ҳужжатлар услубига оғзаки, сўзлашув услуби билан бир қаторда, бадиий тафаккурнинг, бадиий услубнинг, қадимги туркий адабиётнинг таъсири бўлган. Шундай қилиб, васиқаларда оғзаки ва бадиий услубга хос бўлган стереотип жумлалар тизими амал қилади. Улар расмий матнларга бадиий бўёқ бериши билан бир қаторда, юридик кимсалар нутқининг таъсирли ва мазмунли чиқиши, ҳаққонийлигини таъминлашга хизмат қилади. Бу нарсани қадимги туркий ёзма адабий тилидаги услублар синкретизми сифатида баҳолаш мумкин. Масалан, Кўни Қуз исмли хўжайиннинг Бурхан Қули исмли қулига берган эрк ҳужжатида шундай жумлани ўқиймиз: Bu kьntд mпnča Burxan Qulïnïŋ ya örü tağqa, qudï quumqa barsar, öz köŋülinčä buyan berip yorпsun. Мазмуни: “Бугундан бошлаб Бурхан Қулининг (эрки ўзида), юқори тоққа (борадими), қуйи қумга борадими, ўз кўнглича йўл тутсин, савоб учун юраверсин”. Ушбу мисолимиздаги örü tağqa, qudï quumqa barsar бирикмасидаги örü tağ – “юқори тоғ” ҳамда qudп quum – “қуйи қум”, уларни ўзаро қаршилантириш йўли билан бадиий санъат ҳосил қилинмоқда; “юқори тоққа (борадими), қуйи қумга борадими” дегани “истаган ерида; ҳамма ерда” англамида келган. Фикрни бу тарзда ифодалаш расмий битиклар услуби учун ғайриодатий, лекин матннинг таъсирини ошириш, ифода бадиийлигини таъминлаш, “эркинлик” тушунчасини теран англатиш мақсадида ана шу ибора қўлланган.
Васиқаларда, ўрни билан, кўчма маъноли, экспрессив бўёқли сўзлар ҳам учраб туради. Шунингдек, ҳужжатларда синтактик паралеллизмлар, аллитерация сингари бадиий воситаларга ҳам мурожаат этилади. Айрим жумлалар сажда ёзилган.
Васиқаларда сўзловчи нутқининг берилиши ҳам ўзига хос. Матн битувчи, одатда, ерни ижарага ёки нарсани қарзга бераётган кимса, шунингдек, давлат идорасининг ходими, бирор ўқимишли киши бўлади. Матн, асосан, қарз олувчи тилидан ўқувчига қарата сўзланади. Турган гап, ҳужжат битишнинг жавобгарлиги бор. Бу нарса унинг хотимасида албатта қайд этилади: агар ерни ижарага ёки бирон нарсани қарзга бераётган кимса васиқани битган бўлса, охирида “мен битдим” ёки “менинг ўзим битдим” (men özüm bitidim; meniŋ özüm bitidim) деб ёзиб қўяди. Мабодо, ҳужжат идора ходими ёки бошқа кимса тарафидан битилган бўлса, унда Men, Mпsпr, ayпtпp bitidim; Men, Torčп, ağa-inilдrkд ayпtпp bitidim cингари жумлалар билан якунланади. Бу жумла “Мен, Мисир, (қарз олувчининг) айтиб турган сўзлари бўйича ёздим”; “Мен, Тўрчи, оға-иниларнинг (яъни қарз олаётганларнинг) айтган сўзлари бўйича ёздим” деган мазмунни англатади.
Қизиғи шундаки, биз сўз юритаётган ҳужжатларда матн қарз берувчи кимса тилидан битилаётганига қарамай, асосий қисмда, қарз берувчининг қарз билан алоқадор муҳим сўзлари, таъкидлари унинг ўз тилидан берилади. Ҳужжатларда юридик шахслар нутқининг бу шаклда берилиши бежиз эмас: улар ўзаро уйғунлашиб, матн таъсирини оширади, ҳужжатларда сўз бораётган юридик шахслар нутқининг легитимлиги, ишончлилиги, ҳужжатнинг расмийлигини таъминлайди.
Эски ҳужжатларда расмий ва бадиий услубларнинг қоришиқ ҳолда учраши ёки юридик кимсалар нутқининг бу кўринишда уйғунлашуви туркий расмий услубнинг тўла шаклланиб улгурмаганидан эмас, аксинча, унинг ўта тараққий этгани, фикрни ифодалаш, ҳужжатнинг расмийлигини таъминлаш имкониятлари кенглигидан далолат беради.
Турфон ҳужжатларининг муайян қисми немис, рус, уйғур олимлари томонидан чоп эттирилган. Берлин Академиясининг қўлёзмалар фондида сақланаётган Турфондан топиб келтирилган ҳужжатларнинг кўпи ҳозирги кезда интернет сайтларига ҳам киритилган. Бироқ уларнинг ўқилиши, матн талқини масаласида ҳали тортишувли ўринлар бор. Шунингдек, матн услуби, уларнинг туркий ҳужжатчилик тарихида тутган ўрни, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жиҳатлари ва шунинг сингари муҳим масалалар очиқ қолмоқда. Яна уларнинг барини йиғиб, ҳозирги туркшунослик талабларига мос бўлган илмий нашрини яратишнинг вақти келди. Шуларни кўзда тутган ҳолда, ўзбек шарқшунослигида тарихий сфрагистика, ҳужжатшунослик соҳасини ривожлантириш, бу соҳага ёш, билимли йигит-қизларни жалб этиш, олий ўқув юртларида айни соҳалар бўйича фанлар киритилмоғи керак.
Қосимжон Содиқов,
филология фанлари доктори, профессор.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон