Ёзнинг қоқ чилласи, эскилар сўзи билан – ўроқ ойи. Шундай эса-да, дала-туз ям-яшил. Мўғулистон ўрталиғидаги тузу қирлар ила ўрмон, қурама тоғлар туташиб кетган Байн Сўктў ўлкаси ана шундай манзарали, баҳаво жой. Бу тупроқда қутлуғ бир зиёратжой бор. У Иккинчи турк хоқонлиғи даврида давлат арбоби, қўмондон ва донишманд ўтган Тўнюқуқ мангутошидир. Чет эллик мусофирлар, олимлар зиёрат учун бу ерга тез-тез келиб туради. Қадимда, Чингизхон давлат қургунига довур бу ерлар турк хоқонлиқлари ва элларига қарашли эди.
Топиб бориш йўли шундай: уловда Улан-батор(ўзбекчаси Ўғлон ботир)дан чиқиб Жануби-Шарққа йўл оласиз. Саксон чақиримларча нарида сўлим бир гўша бор. У ерни Миллий боғ аташади.
Мўғулистон ерлари ўзига яраша. Биздаги сингари қишлоқ ва кентлар бир-бирига уланиб кетган эмас, ора-чора чўпон ва йилқибоқарларнинг ўтовлари кўриниб қолади. Яйловларида ҳар қадамда йилқи уюри, қўй ва эчки суруви, уй-қорамол подаси, ўркачли туялар. Йилқи ва сигирларининг танаси ялтирайди(ҳавосининг тозалиги ва ўт-ўланнинг мўллигидан бўлса керак). Қўрғонларида дарахт йўқ ҳисоби, эшик ва кўйларга дарахт экиш одат эмас. Лекин сой ёқалари, қузғай ерларда ўсган ёввойи йиғочларга кўзингиз тушади. Экинлиги оз. Қишлоқисининг тирикчилиги асосан чорвадан. Кишиси содда ва самимий. Ўтовидан чиқиб юмуш билан куймаланаётган онасининг ёнида яп-яланғоч ўйнаётган жўжуққа кўзингиз тушиб қолади орада. Дала-тузда ҳатто қўлга ўргатилган лочин ё қирғийни тутиб турган қушчисини ҳам кўрасиз. Яйловдаги оддий мўғулнинг бундайин ҳаёт тарзини томоша қилишнинг ўз гашти бор.
Бошкентдан узоқлашганингиз сари яйловлар тугаб, тоғлар, арчалар билан қопланган ўрмонлар бошланади. Бехос қадимги битигларда таъриф этилган манзараларни эслайсан киши; ўша чоғлар бундай ўрмонли тоғлар йиш деб аталган. Йўл ёқасидаги қояларни кўриб, ҳайратланасан: қаюси улкан бир тошбақа кўринишига келиб қолган, қаюси тангрига топиниб турган одам бошини эслатади. Кўк турклар бу тупроқларни она-юрт тутгани, билга Тўнюқуқ ўз тириклигининг сўнгги йилларини шу ерларда ўтказганини энди тушуниб етдим.
Тўнюқуқ ёдгорлик мажмуасига ҳам ана шу йўлдан борилади. Миллий боққа етмай туриб, сўлга – текис яйлов томон бурилиб кетилади. Асфалт йўқ, машиналар кириб-чиқавериб, ўзига йўл очган. Анча ичкари кирилгач, зиёрат ери келади.
Дарвоқе, ушбу мажмуа хоқонликлар замонидан қолган бошқа ёдгорликлардан анча четда. Кул тигин ва Билга хоқон битиглари тикланган жой билан бу ернинг ораси 360 чақирим. Саркарда қариган чоғда давлат ишларидан четроқ, тинч бир манзилни танлаган бўлса ажабмас.
Тўнюқуқ асли Табғач(Хитой)да туғилиб, тарбия топган. Табғачнинг иш йўриғига кўра, турк ўғлонлари бу ерда тарбияланиб ўз юртига жўнатилар эди. Ёш Тўнюқуққа ҳам шундай йўл тутилди. Лекин у оталар юртига келиб, табғачга хизмат қилиш ўрнига миллий-озодлик ҳаракатларига қўшилиб кетди. У уч хоқон – Элтариш, Бўгу, Билга хоқон юртни бошқарганда уларнинг кенгашчиси ва қўмондони бўлган. “Ўшанда кенгашчи ҳам менинг ўзим эдим, урушувчиси ҳам мен эдим”, дея хотирлайди бу тўғрида муаллиф. Айниқса, Элтариш ва Билга хоқон даврида унинг обрўси ва мавқеи юқори эди. Тўнюқуқ юрт тинчлиги, мамлакат куч-қудратини ошириш йўлида кўп яхши ишларнинг бошида турди, хоқонлиқнинг тикланиши ва эл чегараларининг кенгайишига муносиб улушини қўшди. У йирик арбоб бўлиши билан бирга, тарихчи, қадимги туркий адабиётнинг йирик намояндаси, замонасининг атоқли файласуфларидан эди. Отига қўшилаётган билга сўзи унинг унвони бўлиб, “билимдон, аллома” деган маънони билдиради. Улуғ донишманд, хоқон кенгашчиси бўлгани учун у шундай унвонга эришган. Хитой манбаларида у танг сулоласи даврида ўтган атоқли арбоблар, улуғ донишманд ва саркардалар қаторига қўйилади.
Энди ёдгорликнинг таърифига ўтсак. Улкан мажмуа: ўртада икки битигтош; теварагида кўҳна мақбара вайроналари, усти нураган ҳайкал ва балбаллар, турли безаклар ишланган палахса-палахса тошлар, устунларнинг тагликлари ётибди. Вайронанинг бир ёғида, кун чиқарга бир оз юрилса, яқин икки юз қадам чамаси қаторасига ердан чиқиб қолган турли кўринишдаги тошларга, балбал ва устунларга кўзингиз тушади. Мақбарага кириш йўлаги шу ёқдан бўлган кўринади.
Битигнинг ёзилган ва мақбаранинг тикланган санаси аниқ эмас. Баъзи олимлар у 712 – 716 йиллар орасида ёзилган, айримлар – 720, бошқа бирлари 725 – 726 йиллари битилган, дея тахмин қиладилар. Ҳатто ушбу ёзув Кул тигин битигига жавоб тариқасида битилган, деган қарашлар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, унинг тарихи Билга хоқон замонига боради. Бу тўғрида битигнинг якунида: “(Ушбу битигни) турк Билга хоқон элида ёздирдим мен билга Тўнюқуқ”, дея қайд этилган.
Битиг муаллифи Тўнюқуқнинг ўзидир. Матн унинг тилидан берилган. У 62 сатрли бўлиб, бир-бирига қаратиб тикланган икки тўрт қиррали тошга ёзилган: ярми биринчи битигга битилиб, қолгани иккинчисида давом этади. Матн юқоридан қуйига қараб ўқиб тушилади. Хатини кўк турк битиглари ичида энг чиройли ва тартиблиси деса бўлади.
Битигда Тўнюқуқ ўзининг ўсиб-улғайишидан бошлаб, Элтариш бошлиқ улус озодлиги ҳаракатларига қўшилиб, мамлакатни босқинчилар зулмидан қутқариши, ўз қаҳрамонликлари, мамлакат чегараларини кенгайтириш, юрт эрки, улус тинчлиги ва фаровонлиги йўлида олиб борган курашларини, эзгу ишларини ҳикоя қилади. Унда хоқонлиқ тарихи яхши ёритилган.
Муµими шундаки, тарих баёни оддий эмас: муаллиф кґрган-кечирганларини, ўзи қатнашган буюк ишларни таъриф этмаклик учун халқ мақоллари, турли бадиий воситалардан унумли фойдаланган. Услуб балоғат даражасида, ниµоятда гўзал. Бу белгилари матннинг бадиийлигини таъминлайди. Бундай услубнинг танланишига сабаб, асарни ўқишли қилиш, унинг бадиий-эстетик таъсирини ошириш эди. Шунинг учун битигни тарихий-бадиий асар сифатида ўрганиш ўринлидир.
Умуман олганда, ушбу битигнинг эпиграфика санъати, тарихнавислик ҳамда туркий ёзма адабиётнинг юзага келиши ва унинг равнақидаги аҳамияти катта.
Ҳаётдаги Тўнюқуқ битигда адабий персонаж, асар қаҳрамонига айланади. Матннинг таъсир кучи бадиийлигидадир. Асарда акс этган тарихий воқеалар, бадиий тасвир воситалари, ажойиб тил – ҳамма-ҳаммаси бир мақсад йўлида бирлашади: донишманд Тўнюқуқни улуғлашга, унинг хоқонлиқ юксалувидаги ўрни, юртсеварлигию миллий қаҳрамон сифатидаги ишларини ёритиб беришга хизмат қилади. Юрт эрки учун, қутлуғ ер-сув(идуқ ер-суб) учун кураш, мамлакатни ташқи ёвлардан сақлаш битигнинг бош ғоясидир.
Битиг Билга Тўнюқуқ-бен (“(Мен) билга Тўнюқуқ-ман”) жумласи билан бошланган. Бу жумла матннинг бошламаси бўлиб, уни уч компонентга ажратиш мумкин: биринчиси — муаллифнинг унвони (билга); иккинчи компонент — оти (Тўнюқуқ), унга қўшилаётган -бен — учинчи компонент — шахс-сон қўшимчаси бўлиб, кесимликни таъминлайди. Ушбу бошлама қуйида берилган матн Тўнюқуқнинг сўзлари эканлигига ишора. Шундан сўнг ўзум Табғач элинга қилинтим (“ўзим Табғач элида вояга етдим”) жумласи билан асосий қисмга кўчилади.
Ҳозирги нашрларда матннинг бошланишини Билга Тўнюқуқ, бен ўзум Табғач элинга қилинтим деб ўқиб, мазмунини “Билга Тўнюқуқ, мен ўзим Табғач мамлакатида вояга етдим”, дея талқин этадилар. Бунда битигнинг расмий мавқеи сусаяди; гўё у оддий таржимаи ҳолдай бўлиб қолади.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратамиз. Одатда, хоқонларнинг ёрлиқлари, битиглари уларнинг унвони билан бошланган. Масалан, ўша замонда юртга эгалик қилган Билга хоқон ўз ёрлиқларини Тангри-тег тангри яратмиш турк Билга қаған сабим(“Кўкдай улуғ тангри яратган жасур Билга хоқон сўзим”) унвони билан бошлаган. Тўнюқуқ хоқон эмас, қолаверса, унинг битиги ёрлиқ ё юрт эгасининг битиги ҳам эмас. Лекин, таъкидлаш керак, битиг Тўнюқуқнинг ким ўтгани, халқ эрки йўлида хоқонлар билан елкама-елка туриб курашган миллий қаҳрамоннинг улуғ хизматларини хоқонлиқ олдида, келажак авлодга яна бир бор таъкидлаб қўйиш учун ёзилган баёнотидир. Ушбу нуқтаи назардан битиг расмий тус олади. Шунинг учун бошламани Билга Тўнюқуқ-бен (“(Мен) билга Тўнюқуқ-ман”) деб берилгани тўғри. Бу нарса битигнинг расмий мақомини ҳам таъминлайди, муаллифнинг мақсадига ҳам мос тушади. Матнни бу кўринишда бошлаш эпиграфика тарихида кенг тарқалган. Енисей теварагидан топилган битигларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Масалан, Ёруқ тигин битиги: Эр атим Яруқ тегин-бен(“Эр отим Ёруқ тегиндирман”); Эл Тўғон битиги: Aтим Эл Тўған тутуқ-бен(“Отим Эл Тўған Тутуқмен”); Ўга Тириг битиги: Бег тарқан Ўга Тириг-бен(“Мен) Бег Тарқан Ўга Тиригмен”) деб бошланган. Бунинг сингари мисоллар талай. Бари эпиграфик матн тузишда адиб ва тарихчи Тўнюқуқ ишлаб чиққан анъанага эргашади.
Битигда мамлакат қўшинининг куч-қудрати, салоҳияти тўғрисида сўз борганда “хоқони алп экан, маслаҳатчиси билга экан”(қағани алп эрмиш, айғучиси билга эрмиш), дея таърифланади. Бунинг билан юртни паҳлавонлар, доно кишилар бошқариб тургани, унинг қўшинидан эҳтиёт бўлмоқлик кераклигига ишора қилинган.
Тўнюқуқ ёвнинг она тупроққа ҳужум қилишга тайёрланаётганидан безовталанади, кеча-кундуз юртни сақлаб қолиш йўлларини излайди. “Ўша хабарни эшитиб тунлари уйқум келмади, кундузлари ўтиргим келмади” (Ўл сабиғ эшидип тун удисиқим келмади, кунтуз ўлурсиқим келмади), дея баён қилинади унинг кечинмалари битигда. Қадимги адабиётда бунинг сингари қолипга тушган жумлалар қаҳрамонлар таърифини беришда қўл келган. Масалан, Кул тигин битигида ҳам муаллиф Билга хоқоннинг фидоийлигини баён этишда ана шундай жумладан фойдаланган: Турк бўдун учун тун удимадим, кунтуз ўлурмадим(“Турк халқи учун тунлари ухламадим, кундузлари тинч ўтирмадим”).
Битигда турк қўшинининг зафарли юришлари баёнида шундай жумлани ўқиймиз: Ўл суб қуди бардимиз, санағали тушуртимиз, атиғ иқа баюр эртимиз. Кун ема, тун ема елу бардимиз. Қирқизиғ уқа басдимиз.
Биринчи жумладаги суб – “сув, дарё”; қуди бардимиз – сўзма-сўз олганда “қуйи бордик”, шу туришида қадимги туркий тил учун норма саналган, маъно англатган, лекин ҳозирги ўзбек тилида бундай дейилмайди: “Ўша сув ёқалаб қуйи бордик” ёки “Ўша сувнинг қуйи томонига бордик”, дейилади. Матнни ҳозирги тилга ўгиришда ҳам ана шунга таянамиз.
Кейинги санағали тушуртимиз дейилганда “қўшин” кўзда тутилган: “қўшинни текшириб олиш учун отлардан туширилганлик” маъноси бор. Навбатдаги жумладаги и – “ўт, ўсимлик”, бу ўринда “бута” деб олинса тўғри бўлади. Шунда “отлар буталарга боғланганлиги” англашилади(атиғ иқа баюр эртимиз). Кун ема, тун емадаги ема – таъкид юкламаси бўлиб, ҳозир қўллаётганимиз “ҳам”га тўғри келади. Буни сўзма-сўз “кундузи ҳам, тунда ҳам” дейиш мумкин, лекин “куну тун” деб ўгирилса, силлиқ чиқади: “Куну тун елиб бордик” бўлади.
Сўнгги жумлада келган уқани мавжуд нашрларда “уйқуда” деб берадилар: уқа басдимиз – “уйқуда босдик”. Қизиғи шундаки, бошқа битигларда ҳам бу жумла жанг баёнида тез-тез учраб туради. Масалан, Кул тигин битигида Билга хоқон қўшинининг қирқизлар ва тургешлар билан бўлган жанг тасвирида уда басдим бирикмаси бор(Қирқиз бўдунуғ уда басдим). Буни таржималарда “қирқиз халқини уйқуда босдик”, дея талқин этадилар. Бизнингча, бу бирикмага янгича бир ёндашув керак. Ўзбек “уйқу – ғафлат” дейди. Битигларда уда басдим ёки уқа басдимиз дейилганда “ғафлат чоғида босиб олиш; қўққисдан босиш” кўзда тутилган чамаси. Шунга кўра уқани “уйқу” деб эмас, равиш (“қўққисдан, тўсатдан”) сифатида ўгирса ҳам бўлади. Шундай бўлганда жумла “Қирқизни уйқуда босдик” деб эмас, “Қирқизни ғафлат чоғида босдик” ёки “Қирқизни қўққисдан босдик”, деган маънони англатади.
Юқоридагилар асосида матнни қуйидагича ўгирамиз: “Ўша сувнинг қуйи томонига бордик, (қўшинни) санагали (отлардан) туширдик, oт(лар)ни (эса) буталарга бойлар эдик. Kуну тун елиб бордик. Қирқизни (ғафлат чоғида) қўққисдан босдик”.
Битигда Тўнюқуқ қўрқмас баҳодир, улуғ йўлбошчи сифатида гавдаланади. Битиг охирлаган сайин ёзувчининг кўзлаган мақсади очиқ-ойдин кўзга ташлана боради; хоқонлиқ тарихидаги ютуқларнинг бошида хоқон билан бир сафда Тўнюқуқ ҳам турганига алоҳида эътибор қаратилади. Битигда айтилувича, Элтариш хоқон алломаси билан бўлгани учун, баҳодири билан бўлгани учун(Элтарис қаған билгасин учун, aлпин учун) қўшни элларга чериг тортиб, мамлакатни кенгайтирди, зафар қозонди. “Элтариш хоқонга, турк Бўгу хоқонга, турк Билга хоқонга тун ухламайин, кундуз ўтирмайин, қизил қонимни тугатиб, қора терим югуртиб, меҳнатимни, кучимни бердим” (қизил қаним тукати, қара терим югурти, исиг кучуг бертим), дея таъкидлайди муаллиф.
Асар қаҳрамонининг алпларча кураши: “Босадиган ёвни поймол қилғучи эдим”, дея таърифланади. Бошқа бир ўринда у юрт жонкуяри эканлигини таъкидлаб: “Бу турк халқига яроқли ёвни келтирмадим, (унинг) яловли отини югуртирмадим”, дейди.
“Қай ердаги хоқонли халқнинг менинг сингари алпи бор эрса, унинг не қайғуси бўларди”, дея якунланади эпосларга хос баён.
Алоҳида таъкидланувича, Элтариш хоқон ва Тўнюқуқ елкама-елка туриб зафар қучмаганларида салтанат оёққа турмаган бўларди. “Элтариш хоқон зафар қозонмаганида, унинг билан менинг ўзим зафар қозонмаганимда, юрт ҳам, халқ ҳам йўқ бўлар эди. (Хоқон) зафар қозонгани учун, менинг ҳушёрлигим, зафар қозонганим учун, эл ҳам эл бўлди, халқ ҳам халқ бўлди”, дейилади битигда.
Битигларга, умуман, ёзма адабиётга ватан, она-юрт эркинлиги, уни ёвдан сақлаш, халіни, унинг тинчлиги йўлида кураш ғоясининг киритилуви адабиётимиз тарихидаги катта воқеадир.
Битигга тикилиб туриб хаёл олис ўтмишга парвоз қилади. Бир замонлар бу ер хоқонликнинг гавжум масканларидан эди. Унга узун йўлакдан кириб келинган. Йўлакнинг бир ёнида ҳайкал ва балбаллар. Йўлакдан ўтиб табғач хоқоннинг бедизчиси(архитектори) бор истеъдодини ишлатиб қурган улкан мақбарага кирилади. Тўрда қабр ва унга тикланган икки битигтош. Олис юртлардан от-уловда йўл босиб келган зиёратчилар мангутошларга ўйиб битилган битигни қунт билан ўқиб, ундан сабоқ олган; миллий қаҳрамонига, улуғ донишмандга ҳурматини билдирган.
Қосимжон Содиқов, профессор
Тошкент – Улан-батор, 2010 йилнинг ёз чилласи.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 2-сон