Қиёмиддин Назаров. Кўҳна тарих нидолари

Рим ва Миср империялари тарихида ўчмас из қолдирган давлат арбоблари Юлий Цезарь, Клеопатра ва Марк Антоний шахсиятига дахлдор турфа хил қарашлар шаклланган. Цезарни – енгилмас лашкарбоши ва Рим империяси бунёдкори, Антонийни маҳоратли қўмондон ва садоқатли инсон, Клеопатрани эса ўз танасини қурбон қилиб бўлса-да, мамлакат мустақиллиги йўлида бор имкониятини ишга солган, замонасининг энг салоҳиятли ва энг машҳур аёли сифатида эътироф этадиганлар оз эмас.

Уларга муқобил, қарама-қарши нуқтаи назарни ҳимоя қиладиганлар ҳам етарли. Кимдир Юлий Цезарни Миср маликасининг чиройи ва латофати қаршисида ожиз қолгани учун қоралайди, унинг гўзаллигига маҳлиё бўлиш буюк Цезарнинг давлат ишларидан узоқлашувига сабаб бўлгани ва, айни дамда, ўз ҳаёти ва тақдирини ҳам ўйламай қўйгани, алал-оқибат ғафлатда қолиб, рақобатчи-ҳамкорлари уюштирган суиқасд қурбони бўлганини алам билан тасвирлайди.

Бошқа биров эса, Клеопатра маккорлиги, манфаатпарастлиги билан нафақат Цезарь ва Антонийни, балки ўша замоннинг бошқа эркакларини ҳам ана шу майлларга бўйсундиргани, бу борада чиройи, жозибаси ва аёллик карашмасидан ҳам фойдалангани тўғрисида ғазаб билан сўйлайди.

Марк Антонийни эса Цезарь ўлимидан сўнг Римга хизмат қилиш ўрнига, Клеопатра яловбардорига айланган, Мисрни ва ўз маъшуқасини сўнгги нафасига қадар ҳимоя қилган, ҳатто ўлимидан сўнг Миср маликаси ёнига дафн этишни васият қилган хоин ва мунофиқ дея айблайдилар.

Аслида шундаймикан? Тарихий ҳақиқат ва воқеалар жараёни қандай кечган? Ҳар уч шахсга нисбатан янграётган танқидларда ғолибларнинг, яъни аслида уларни ўлдирганларнинг қарашлари акс этмаяптими? Бундай қарашларнинг ҳозирга қадар бот-бот учраб туриши сабаблари нимада?

Милоддан аввалги 100 (ёки 102) йилда дунёга келган Гай Юлий Цезарь Қадимги Римнинг машҳур лашкарбошиларидан бири, ўз даврининг атоқли сиёсий арбоби эди. У милоддан аввалги 44 йилнинг 15 мартида, эллик олти ёшида, фитначилар томонидан ўлдирилгунга қадар турфа воқеларга бой, сермашаққат ҳаёт йўлини босиб ўтган. Ўн олти ёшида отасидан етим қолган Гай Юлий не-не машаққатлар эвазига, аста-секин хизмат пиллапояларидан кўтарилиб борган, давлат ишлари ва ҳарбий соҳанинг етук билимдонига айланган.

Унинг ҳарбий юришлари мобайнида Рим чегаралари Шимолий Атлантика ва Буюк Британиягача кенгайган, Ғарбий Европанинг сиёсий ва маданий қиёфаси тубдан ўзгарган. Ўзининг улкан иқтидори туфайли кўплаб жангларда ғалаба қозонган, ўша даврда Римни ларзага келтирган фуқаролик урушига барҳам бериб, мамлакатнинг ягона ҳукмдорига айланган Цезарь сафдошлари билан бирга давлат бошқаруви ва жамият қурилиши соҳасида туб ислоҳотларни амалга оширган. Бу ўзгаришлар унинг вафотидан кўп ўтмай Римнинг империяга айланишига олиб келди. Гарчанд бу борада баъзи рақиблар Цезарни якка ҳукмдорликка интилганликда айблаган бўлса-да, айнан у ўтказган ислоҳотлар Рим Республикаси бошқарувини марказлаштириб, давлатнинг кучли ҳокимиятга эга бўлишини таъминлаган. Унинг ўлими эса мамлакатда фуқаролик уруши қайта бошланишига, Римда республика шаклидаги давлат тузуми дарз кетиши ва ҳокимиятнинг кучсизланишига сабаб бўлган. Орадан бир оз вақт ўтгач, Рим ҳукмдорлари Цезарь ислоҳотлари натижасида шаклланган давлат тузумини қайта тиклаш ва уни ислоҳ қилишга мажбур бўлганлар. Рим тахтини эгаллаган кейинги императорлар ҳам кўплаб масалаларда Цезарга тақлид қилган, немисча “кайзер” ва русча “царь” атамалари унинг номидан келиб чиққан.

Цезарь ўз наслини Рим худоси Венера билан боғлагани, Рим ҳукмдорига айланиб, шон-шуҳрати юксалган даврда (милоддан аввалги 54 йилда) ўзига атаб улкан ибодатхона қурдиргани, ўзини давлатнинг бир умрлик диктатори деб эълон қилгани рост. Умри поёнида Мисрнинг сўнгги фиръавни, тарихда “Искандария маликаси” дея ном олган Клеопатрани суюклисига айлантиргани, ундан Цезарион исмли фарзанд кўргани, у билан Римда икки йил яшагани ва ҳатто маъшуқасига Венера ибодатхонасида олтин ҳайкал ўрнатгани ҳам бор гап. Тарихчилар Цезарь аввалги аёлининг бепуштлиги сабаб ундан фарзанд кўролмагани, якка-ю ёлғиз ўғлининг онаси бўлган “Искандария маликаси”ни қонуний никоҳига олиш учун сенатдан ўзига кўпхотинлилик ҳуқуқи берилишини сўрагани ҳақида ёзганлар. Клеопатрага бўлган муҳаббати Цезарни суюклисига тегишли давлатни Рим вилоятига айлантиришдан тийган, бу ҳам етмагандек, энг иқтидорли қўмондонларидан бири Марк Антонийни қарийб юз минг кишилик қўшин билан “Искандария маликаси”нинг тожу тахтини ҳимоя қилишга юборган. Аксарият тарихчилар Цезарга нисбатан суиқасд айнан ана шу сабабларга кўра уюштирилган, деб ҳисоблайдилар.

Цезарь ўлдирилгач, Рим тожи унинг жияни Октавиан Августга ўтган бўлса-да, яккаҳукмронликка интилиш, зодагонлар орасидаги низолар янада кучайган. Цезарь вафотидан кейин эълон қилинган васиятномада ўғли Цезарион эмас, балки жияни тахт вориси, дея эълон қилингани Октавианга қўл келган. Ҳукмронликка даъвогарларга қарши курашда у Цезарь сафдошларидан фойдаланган, уларнинг баъзилари билан иттифоқ тузган. Хусусан, милоддан аввалги 40 йилда синглиси Октавиянинг яқиндагина бева бўлиб қолган Марк Антоний билан никоҳдан ўтиши ана шундай сиёсий иттифоқнинг бир кўриниши эди. Афсуски, Римнинг ягона ҳукмдорига айланаётган Октавиан билан оилавий ришталар маъқулдек кўринган бўлса ҳам, бу вақтга келиб Антонийнинг қалбини Октавия эмас, балки бошқа бир аёл, “Искандария маликаси” Клеопатра эгаллаб бўлган эди. Ўша йили Клеопатранинг Антонийдан эгиз фарзанд – Александр Гелиос (Қуёш) исмли ўғил ва Клеопатра Селена (Ой) исмли қиз кўриши буни яққол исботлайди.

Ўша даврни яхши биладиган тарихчилар кейинги уч йил давомида Римдаги ички курашлар кўпчилик қатори Антонийни ҳам домига тортганлигини ва ниҳоят у милоддан аввалги 37 йилда Мисрга келиб, Клеопатра билан яшай бошлаганини, ана шу пайтдан уларнинг севгиси ва сиёсатида янги давр бошланганини таъкидлайдилар. Антонийни Римга қайтариш ёки уни Рим раҳбарияти билан яқинлаштиришга уринишлар зое кетади. Ҳатто, Антонийнинг ҳузурига қонуний рафиқаси Октавияни юбориш ҳам фойда бермайди. Антоний хотини билан кўришишни истамайди ва уни Афинадан ортга қайтиб кетишга мажбур қилади. Бу энди Октавия учун ҳақорат, Римни ўзиники қилиб олиб, империяни узоқ йиллар бошқаришни режалаштираётган, кейинги тўрт-беш йилда сиёсий майдонни эгаллаб олганлар билан очиқдан-очиқ зиддиятнинг бошланиши эди. Қолаверса, Клеопатранинг нафақат Цезардан бўлган ўғли Птолемей Цезарион, балки Марк Антонийдан дунёга келган ўғили ҳам келажакда Рим тахтига даъво қилиши, жуда бўлмаганда Антоний ва Клеопатра иттифоқидан мустаҳкамланган Миср подшолигини эгаллаб, бир оз вақт ўтгач, ҳатто Римга ҳам хавф солиши мумкин эди.

Айнан шу даврда Клеопатранинг ўзини “Феа Неотера Филипатор Филопатрис”, яъни “Ватан ва отасини улуғловчи кичик маъбуда” дея эълон қилиши римликларни чўчитиб юборди. Бу ном, бир томондан, Клеопатранинг нафақат Миср, балки Сурия, Парфия ва Шарқнинг бошқа мамлакатларига даъволарини тарихий жиҳатдан[1] асослашга хизмат қилса, иккинчи томондан, уни Македониянинг буюк ҳукмдорлари Шоҳ Филипп ва унинг ўғли Александрга ворис эканини англатар эди. Бу эса Клеопатра аждодларининг Рим учун бегона эмаслиги, авлодларининг эса келажакда ана шу тарихий анъанани давом эттиришга ҳаққи борлигига ишора эди. Рим сиёсатининг нуктадонлари воқеаларнинг бу тариқа ривожланишидан ташвишланаётганлари бежиз эмасди.

Баъзи тарихчилар фикрича, аввалига Цезарнинг суюклиси ва фарзандининг онасига айланиш Клеопатра учун тобора кучайиб бораётган Римнинг тазйиқи ва таҳдидларидан омон қолишнинг ягона йўли эди. Шу сабабдан ҳам Римни енга олишига кўзи етмаган малика, унинг ҳукмдори қалбини забт этган ва ўз давлатининг мустақиллигини нисбатан сақлаб қолган. Цезарь ўлдирилгандан кейин эса, зудлик билан юртига қайтишга мажбур бўлган 28 ёшли Миср маликасининг Марк Антоний билан душманларга қарши иттифоқ бўлиш ва яқинлашишдан ўзга чораси қолмаган. Бир томондан, ички душманлар Клеопатрани босқинчиларга сотилганликда, истилочидан фарзанд кўриб, Римга кетганликда, Миср фиръавн­лигининг минг йиллик мустақиллигини бой бераётганликда айблаб, иккинчи томондан, ташқи ёв мамлакатни ғорат қилиб, тожу тахти, ўзи ва фарзандини йўқ қилиш учун чоғланаётган бир пайтда “Искандария маликаси” шундай йўл тутишга мажбур бўлганини таъкидловчи тарихий асарлар ҳам учрайди. Цезарь вафотидан кейин Римда уни қоралаш ва яқинларини қувғин қилиш, ҳатто, ўлдириш авж олгани, бу борада айниқса тож даъвогарининг онаси Клеопатра устига кўплаб маломатлар ёғилгани маълум. Бу ҳаракатлар замирида малика ҳамда унинг Рим ҳукмдоридан туғилган, фиръавнлар авлодидан бўлган ўғлининг Рим тахтини ишғол қилишга уриниши мумкинлигидан қўрқув мавжуд эди. Шунинг учун ҳам, фуқаролик уруши бартараф қилиниши ва Рим қаддини ростлаши биланоқ, Октавиан Август бошчилигидаги қўшин Мисрга бостириб кирди ва фиръавнлар давлатини йўқ қилиб ташлади. Клеопатра ва Антоний ҳалок бўлди, тож даъвогари Цезарион ўлдирилди.

“Искандария маликаси”га нисбатан салбий баҳоларнинг аксариятида сиёсий ёндашувлар устувор бўлганини алоҳида эътироф этиш зарур. Ҳақиқатан ҳам, Клеопатра Миср фиръавни сифатида подшолик тақдири учун ва ушбу давлат тарихида энг олий мақом эгалари бўлган аждодлар руҳи ва келажак авлодлар олдида масъул эди. Шу маънода, тождорлар сулоласининг вакили ва давомчиси бўлган Клеопатра сиёсий арбоб ва давлат бошлиғи сифатида ўз тахтини омон сақлаши ва уни авлодларига мерос қолдириш учун курашиши зарур эди.

Клеопатрани айблашдан кўра, тушунишга ҳаракат қилган, унинг сиймосида мураккаб замоннинг хавф-хатаридан нафақат ўзи, балки тожу тахти ва фарзандларини ҳам асрашга интилган, бунинг иложи қолмаган ва барча орзу-умидлари хазон бўлгани холда ўзини ажал домига ташлаган аёлни тасаввур этадиган мутахассисларнинг фикрлари эса айрича. Уларнинг наздида, Клеопатра аввало Аёл ва Она эди. Аёл сифатида у ўша замоннинг номдор ва мард эркакларини севиш, уларга кўнгил қўйишга ҳақли эди, албатта. Она сифатида эса, тож даъвогари бўлган фарзандининг тақдири ва келажаги ҳақида қайғурганидан замонга мослашгани, даврнинг энг кучли эркакларига суюкли бўлгани ва улардан паноҳ излагани шубҳасиз.

Клеопатрани турли залолатларда айблайдиганлар ҳам Миср маликаси билан боғлиқ икки далил қаршисида лол қолади. Яъни, Клеопатранинг хатти-ҳаракатларида фиръавнликни йўқотиш эмас, уни мустаҳкамлаш ва сақлаб қолиш тарихий ҳақиқат эди. Ғолибларнинг қўшини ортида Римга банди бўлиб кириб боришдек хорликдан кўра ўлимни афзал билгани ҳам рад қилиб бўлмас далолат. ҳақиқатдир. Шу маънода Клеопатра давлат бошлиғи сифатида ўз мамлакатининг мустақиллигини сақлашга интилгани, умри поёнида инсоний қадр-қимматини топташларига йўл қўймагани учун айбдор эмас. Ҳолбуки, тарихда жонини сақлаш илинжида юртини сотган, халқининг манфаатларига хиёнат қилиб, шармандаи шармисор бўлганлар қанча!

Биз бугун узоқ тарих қаърида қолган Рим ва Миср империялари тождорларининг қай бири ҳақ ёки ноҳақ, деган саволни қўйиб, кимнидир оқлаб, бошқасини қоралаш ниятидан йироқмиз. Қисқа умрлари мобайнида наинки тожу тахт, балки ўз жонларини сақлаш учун курашган ва мураккаб воқеликлар пўртанасида ҳалок бўлган Цезарь, Клеопатра ва Антонийлар кимларнингдир наздида ўша давр қаҳрамонлари, бошқа бировлар учун эса мансабпараст, шуҳратпараст инсонлар, янада ўзгачароқ ўйлайдиганлар фикрига кўра эса, замона қурбонларидир.

Клеопатрага ва унинг ҳукмронлиги давридаги Миср подшолиги ҳаётига нисбатан баҳоларга эътибор қилсангиз, тарихнависликда устувор бўлиб қолаётган яна бир ҳолатга дуч келасиз. Яъни, дунё тарихи кўпроқ Ғарб талқинида, бир томонлама ёзилавергани учун, инсоният ҳалигача Шарқ, хусусан Қадимги Миср ва унинг маликаси борасида ана шу бир ёқламалик таъсиридан қутила олмаётгандек. Аксарият бирёқламачилар назарида, Шарқ тарихи жаҳолат ва ёвузлик тимсоли бўлиб қолаётгани каби, Клеопатра маккорлик рамзи, ўша даврдаги Миср эса залолат макони бўлган эмиш.

Вақт ўтгани сари ҳақиқат ўрнини афсоналар эгаллай бошлайди ва охир-оқибат ҳақни ноҳақдан ажратиш қийин бўлиб қолади. Инсоният тарихининг бу қоидаси мақоламиз мавзуи бўлган кишилар ва улар яшаган замонга нисбатан ҳам мос келиши шубҳасиз. Лекин ҳақиқат шуки, Клеопатра ўлгани ва Антоний ҳалок бўлганидан кейин уларнинг шаънини ҳимоя қилувчилар қолмади. Болалари, қариндош ва ёр-биродарлари ўлдирилди, қувғин қилинди ёки муте бўлиб яшаб, жимгина жон сақлашга маҳкум этилдилар. Қаҳрамонларимизга нисбатан ўша даврдаги баҳоларда кўпроқ “Ғолибларни суд қилмайдилар’’, мағлублар хусусида эса доимо ‘‘жиноятчи лаънатга лойиқ’’, деган тамойил устувор бўлгани кўриниб туради. Ўша давр тарихи ғолибларнинг наздида қандай бўлса, шундай битилган ва асрлар давомида империя аҳолисининг онги ва қалбига шундай сингдирилган. Кейинчалик бу давр ҳақида ёзганлар ёки уни ўрганганлар ҳам ўша даврдан қолган манбаларга мурожаат қилганлар. Бу манбаларда эса ғолибларни олқишловчи “ҳақиқатлар” акс этгани шубҳасиз.

Нима бўлганда ҳам Цезарь, Клеопатра ва Антонийлар ҳаёти, уларнинг тақдири ва ўзаро муносабати ҳалигача одамлар диққатини ўзига жалб қилиб келмоқда. Ижодкорларгина эмас, кўпчилик зиёлилар ҳам бу тўғрида муайян маълумотларга эга бўлиш учун турли манбаларга мурожаат қиладилар. Ҳар учала шахснинг ҳаёти фожиали тугагани, ўлимидан кейин ва ҳозиргача ҳам уларга нисбатан турлича баҳолар, қарашлар ва ёндашувлар мавжудлиги эса бундай қизиқишларнинг сўнмаслигига сабаб бўлмоқда.

Қиёмиддин Назаров, фалсафа фанлари доктори

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон

___________________

[1] Тарихий манбаларга кўра, Цезар мазкур мамлакатларни баъзи сиёсий шартларга кўра айнан Клеопатрага беришга аҳд қилган эди (Муҳаррир).