Гулноза Одилова. Эдгар Понинг тахайюл олами

Эдгар По 1809 йил 19 январда Американинг Массачусетс штати, Бостон шаҳрида туғилган. У қадимги ирландлар авлодидан эди. Бобоси генерал Давид Эдгор Понинг ота-онасини ёшлик чоғида АҚШга олиб боради. Генерал Понинг катта ўғли (отасининг номи билан аталган) Давид ота-онасининг ташаббуси билан ҳуқуқ идорасига жалб этилади. Аммо адвокатлик унинг касби эмаслигини тушунган Давид ўзида санъатга, шеъриятга бўлган кучли иштиёқни сезади. У ўз атрофига санъатсевар дўстларини йиғиб, уйида мушоиралар уюштириб туради. Ҳар ҳафта давом этадиган бу мажлисларда қадимги драмалар ва поэмалар ўқилар, ўша даврда машҳур бўлган пьесалар ижро этиларди. Санъат ва драматургияни бениҳоя севган Давид ёш ва гўзал инглиз актрисаси Элизабет Арнольдга ошиқу беқарор бўлиб қолади. (Манбаларга қараганда, дунёвий гўзалликка муқояса қилиб бўлмайдиган бу малаксиймо қиз Атлантика океанида, онасининг Англиядан Америкага қилган сафари чоғида дун-ёга келган экан. Шу аснода Эдгар Понинг қонида ирланд, шотланд, инглиз ва америкаликлар қони оққан.) Бу никоҳга Давиднинг ота-онаси қарши чиқса-да, ногаҳоний севгисини учратган Давид ҳусн, истеъдод ва овозда тенгсиз Элизабет билан турмуш қуради. Ёш оила театр труппасига қўшилиб дарбадар ҳаёт кечира бошлайди. Эдгарнинг ота-онаси деярли бир вақтда у 2 ёшлигида кўкйўталдан вафот этиб, 3 болани қолдириб кетишади. Тўнғич фарзанди Вильямни бобоси генерал Давид По, қизалоқ Розалини шотланд савдогари Маккензи, Эдгарни эса Аллэн исмли яна бир шотланд савдогари асраб олади. Айтишларича, Эдгарни асраб олган мистер Аллэн ва Розалини асраб олган Маккензилар саҳна юлдузига айланган По хоним оғир касал эканлигини эшитиб, уни йўқлаб келадилар ва севимли актрисаларини похол тўшакда оғир аҳволда учратадилар. Уйда на кийим-бош, на бирор егулик бор эди. Болалар эса юпун кийинган, оч-наҳор. Анча йил бефарзандликдан бахтлари тўкис бўлмаётган Аллэннинг хотини митти Эдгарни асраб олишга эрини кўндиради. Эдгар 5 ёшга тўлганида ўқиш, ёзиш ва ифодали шеър ўқишни ўрганиб олган эдики, жаноб Аллэн асранди ўғли билан ғурурланар, уйдаги зиёфатларда унинг қобилиятини кўз-кўз қилишни хуш кўрарди. Эдгар гўёки митти шаҳзодани эслатарди. По зотли оти ва бир неча қўриқчи итлари билан истаганча кўнгилхушлик қилар, чўнтаги ҳамиша пулга лиқ тўла юрарди. 1815 йилда Ватерлоо жангидан олдин жаноб Аллэн оиласи билан Англияга жўнаб кетади. Тезда қайтишни режалаштирган савдогар шароит тақозоси билан Англия-нинг бор гўзаллигидан баҳра олишга муваффақ бўлади. Сток-Нюингтондаги мактабда ўқиб юрган чоғида Эдгарни шаҳарнинг қадимий готик қурилиши ва ҳушманзараси бутунлай ўзига мафтун этади. Кейинчалик у бу манзараларни “Вильям Вильсон” ҳикоясида тасвирлайди. Якшанба кунлари ўсмирлар дарахтзорлардан ўтиб Шекспирнинг дўсти Эссекс яшаган жойларга қизиқиш билан боқишар, “Робинзон Крузо” ёзилган уйнинг қалин девор ва деразаларига қараб ўтишар эди. Бу ерда Эдгар илк бор инглиз, француз тили ва математикани ўрганади. 1820 йилда жаноб Аллэн яна оиласи билан Виржинияга қайтиб келади. Англия саёҳати Понинг ижодига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Унинг бир қатор лирик шеърларида, “Шиша идишдан топилган манускрипт”, “Фаришталар ороли” ва бошқа ҳикояларида денгиз нафаси сезилиб туради. 1821–1822 йилларда Эдгар По илк шеърларини машқ қила бошлади. 1822 йилда Эдгар мактабга жойлаштирилади. Мактабда француз ва лотин тилларини мукаммал ўрганган По тенгқурлари орасида доимо ажралиб турар, унинг яна бир севган машғулоти сувда сузиш эди. Ричмонддаги мактабда ўқиб юрган кезларида Эдгар бир дўстининг онаси Джен Стэннердни ёқтириб қолади. Эдгарга Джен исми ёқмагани учун уни Елена деб атай бошлайди. Елена уни кўп бор меҳмонга чақирар ва оналарча меҳрибонлик кўрсатар эди. Бегона кишидан бундай меҳрибончиликни ҳеч кўрмаган ёш Эдгар Еленани болаларча севиб қолади. Бир неча ойдан сўнг Елена хасталаниб, бу дунёни тарк этади. Илк бор аёл меҳру муҳаббатини туйган ёш Эдгар учун бу чинакам фожиа эди. Еленанинг вафотидан бир оз ўтиб, Эдгар унинг қабрига тез-тез бориб турадиган одат чиқаради. Еленанинг руҳи унинг бир қатор шеърлари мавзусига айланади.

1826 йили Виржиния университетига қабул қилинган шоир тоғлар билан ўралган ҳушманзара жойларга шайдо бўлиб қолади. Кумуш кўллар, тоғларни тўсиб турувчи паға-паға булутлар ёш ижодкорнинг юрагини жунбушга келтиради.

Эдгар По гарчи мактабда ҳам, университетда ҳам энг билимли ўқувчи ҳисобланса-да, тенгқурлари уни унчалик суймас эдилар. Ҳамма Эдгарнинг ота-онаси актёр ва актриса ўтганини, йигитнинг кейинги ҳаёти эса уни асраб олган жаноб Аллэннинг ҳимматига боғлиқ эканлигини яхши биларди. Тенгдошларининг бундай муносабати Эдгарнинг феъл-атворига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. “Эдгар ўзига еткунча ўжар, илтифотсиз бола эди”, – дейди унинг тенгдошларидан бири ўз эсдаликларида. Ота, гарчи асранди фарзандининг ютуқларидан ҳузурланса-да, унга меҳр кўрсатмас, улар ўртасида ота ва ўғил яқинлиги эмас, балки асранди ўғил ҳамда ўгай ота масъулияти бор эди, холос. Бўлғуси ижодкорнинг руҳий эҳтиёжи билан атрофдагиларнинг унга бўлган муносабати ўртасида катта тафовут бор эдики, Эдгар бу муносабатдан жуда қаттиқ азият чекар, кўпчилик орасида ҳам ўзини ёлғиз ҳис этарди. Эдгар По таҳсил олган олийгоҳда талабалар эркин қўйилар, бу эркинлик эса талабаларнинг ичкилик, қимор каби салбий иллатларга ружу қўйишларига сабаб бўларди. Дарсдан кейин уюштириладиган базму жамшидларда Эдгар ўзини бемалол тутар, доно, зийрак ва ширинсуханлик билан даврани қиздирар эди. У ўзини ва бошқа шоирларнинг шеърларини шу қадар маҳорат билан ўқиб берардики, ҳамманинг олқишига сазовор бўларди. Қартага берилиб кетган Эдгар қимор ўйнаб анча-мунча қарздор бўлиб қолади. Жаноб Аллен эса ўғлининг қарзини тўлашдан бош тортади. Бу воқеа Эдгарга катта зарба бўлади. Уйидан бош олиб кетган Эдгар университетдан ҳам ҳайдалади. Шундан сўнг у ичкиликка янада ружу қўяди. Энди у чинакам ёлғизликка маҳкум этилади.

Биринчи муҳаббати – Еленанинг вафоти Эдгарнинг қалбида қора доғ бўлиб қолади. Кейин у ўзидан бир неча ёш кичик амакиваччаси Виржиния Клеймнга кўнгил қўяди. Айтишларича, 13-14 ёшли қизалоқ жуда нозик ва мулойим эди. 1876 йилда улар никоҳдан ўтишади ва Эдгар митти Виржиния билан денгиз бўйидаги уйларида ўзини ниҳоятда бахтли ҳис эта бошлайди. Аммо рангсиз ҳаётига жиндек нур бағишлаб турган Виржиния Клеймн 1847 йил 25 ёшида оламдан кўз юмади. Совуқ уйда оч-наҳор, мушукчасини қучганча жони узилган севгилисини кўриб, Эдгар қаттиқ тушкунликка тушади.

1848–1849 йилларда По адабиётшунослик ва адабий танқидга оид маърузалар, шунингдек, “Олтин қўнғиз”, “Морг кўчасидаги қотиллик”, “Мари Роженинг сири”, “Ўғирланган мактуб” каби детектив жанрдаги асарларини ёзади. Эдгар По ҳақли равишда детектив жанрининг асосчиси ҳисобланади. У 1849 йилнинг 7 октябрида Балтиморда вафот этади. Унинг адабий танқидга оид маърузалари кейинроқ “Шеърият тамойиллари” номи остида нашр этилади. По вафотидан кейин ўз ижодининг бу қадар кенг ўрганилиши ва турли тилларга таржима қилинишини тасаввур ҳам қилмагандир?! Унинг феълидаги меланхолия, қисматидаги омадсизликлар, ўзи айтгандек, туғилганидаёқ битилган бахтиқаролиги ижоди равнақига хизмат қилгандир, эҳтимол. Понинг шеърларидан тушкун кайфият уфурсада, унда ҳақиқат ва инсон доим ҳам тан олишга ботина олавермайдиган ички ҳиссиётлар тўфони мавж уради.

Гулноза Одилова, ҚарДУ ўқитувчиси, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон