(1891 йил 23 феврал, Наманган уезди Поп волостидаги Исковат қишлоғи – 1928 йил 31 декабр, Москва)
Давлат ва жамоат арбоби, дипломат. 1903-1905 йилларда Попдаги, 1906-07 йилларда Қўқондаги рус-тузем мактабида ўқиди. 1909-1917 йилларда Ўш ва Жалолобод шаҳарларида Бозорқўрғон ва Қўрғонтепадаги приставларда котибларда котиблик ва тилмочлик қилди. 1917 йил ноябрида уни Ўш шаҳар думасига аъзо қилиб сайлашади.
И. Хидиралиев 1919 йилдан турли совет идораларида масъул лавозимларда ишлади: Фарғона вилояти партия қўмитасининг котиби (1920-21), Туркистон АССР Ер ишлари халқ комиссари (1922), Туркистон АССР Марказий Ижроия Комитети (МИК) раиси (1922-24). РСФСР Ер ишлари, федерал комитети Президиуми аъзоси (1923-24). Туркистон АССРнинг РСФСРдаги мухтор вакили (1924 йил январ – ноябр). И. Хидиралиев Туркистон республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб, болшевикларнинг шовинистик сиёсатига қарши курашди. Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатига хайрихоҳлик билан қаради. У “ўн саккизлар гуруҳи”нинг ташкилотчиларидан бири эди (1925). Ер ишлари халқ комиссари (1925) сифатида И. Хидиралиев Ўзбекистонда ер-сув ислоҳотини амалга оширишда фаол қатнашди. Пахтакор деҳқонларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш тарафдори бўлган. 1926 йилда у Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги банки правления раиси лавозимида ишлади.
И. Хидиралиев Ўзбекистонда ер-сув ислоҳатини амалга оширишда халқ комиссари сифатида фаол қатнашди. У болшевиклар томонидан ўтказилаётган “қулоқларни синф сифатида тугатиш” сиёсатига қарши чиққан эди. Пахтакор деҳқонларни иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатди.
Бироқ мустабид тузумнинг унга ўтказган руҳий тазйиқлари ва доимий таъқиб остига олишлари таъсир қилмасдан қолмади. И. Хидиралиев 1928 йил Москвадаги “Натсионал” меҳмонхонасида ўз жонига суиқасд қилди. Москванинг Ваганково қабристонида дафн этилган. И. Хидиралиев вафотидан кейин, 1937 йилдаги оммавий репрессия даврида “халқ душмани” сифатида қораланган эди. Андижондаги кўча, Қўрғонтепа туманидаги мактабга И. Хидиралиев номи берилган.