Султон Муҳаммад Шайбонийхон ибн Будоқ Султон ибн Абулхайрхон
(1451-1510),
(1500-1510)
«Шайбонийлар сулоласи» асосчиси (1500-1510), Абулхайрхоннинг набираси, Будоқ султоннинг ўғли. Туғилганда унга туркийлар одатига кўра икки исм – Муҳаммад (арабча) ва Шайбонийхон (туркийча) исмлари қўйилган. Абулхайрхон унга Шоҳбахт деб лақаб қўйган. Шайбонийхон ғоят катта жисмоний кучга, ҳарбий ташкилотчилик қобилиятига эга эди. «Бобурнома» асарида эса у «Шайбоқхон», яъни «куч-қудрат эгаси» деб аталади. Шайбоний ёлланма қўшин бошлиғидан хон даражасига кўтарилган тарихий шахсдир. У нафақат саркарда балки, Шоҳбахт, Шойбоқ, Шебони, Шоҳибек, Шайбоний тахаллуслари билан ғазал, рубоийлар битган шоир ҳамдир. Шайбонийхоннинг адабий меъросидан бизгача бир нечта ўзбекча ғазал, рубоий ва «Баҳр-ул худо» (1508 йил 14-май Бастом, Домғомда ёзиб тугалланган) номли достони ва 1507-1508 йилларда ёзилган ўғли валиахд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжуд (унинг ягона нусхаси ҳозир Туркияда сақланади).
У ёшлигида отаси Будоқ султон ва онаси Қўзибегимдан етим қолгач, отасининг содиқ хизматкори Қорачабек оиласида тарбияланади. Кейинчалик Шайбонийга Туркистон ва Ўтрор ҳукмдори Муҳаммад Мазид тархон ҳомийлик қилади. Шайбоний ёшлигида Бухоро мадрасасида таълим олади.
Шайбоний Дашти Қипчоққа қайтиб бориб лашкар тўплашга муваффақ бўлган. У буюк давлатни тиклаш йўлида хатти-ҳаракатни дастлаб ўз қўшини билан темурийларга ёлланма қўшин лашкарбошиси сифатида хизмат қилишдан бошлаган. Дастлаб Шайбоний парчаланган Амир Темур давлатининг шимолий чегарасида нойиблик қилаётган ҳомийси Мазид тархондан уни ўз хизматига олишни сўрайди. Аввалига бу таклифга рози бўлган Мазид тархон тезда Шайбонийни ўз ҳокимиятига хавф солиши мумкинлигини англаб етади. Натижада, у Шайбонийни Бухоро ҳокими Дарвиш Муҳаммад тархон ихтиёрига жўнатиб юбориш орқали ундан қутулади. Чунки, Дарвиш Муҳаммад бундай ёрдамга муҳтож эди. Унинг хизматидан бошқа ҳукмдорлар ҳам фойдаланганлар. Шайбоний ўз қўшини билан Мўғилистон, Мовароуннаҳр ҳамда Хоразм ҳукмдорларига хизмат қилиб, уларнинг қўшниларига ва ички рақибларига қарши курашди. Бу курашларда Шайбоний ўзининг моҳир лашкарбошилик қобилиятини намоён қилади. Унинг бундай турмуш тарзини ёзма манбаларнинг муаллифлари «қозоқлик» яъни «ўз халқи ва қавмидан ажралиб кетган одамлар, тахт учун курашда енгилса-да, аммо ўз ҳуқуқидан воз кечмаган ва ўз тарафдорларига бошчилик қилиб, вуқолифлари билан қулай фурсат пойлаб курашадиган сулола вакили» деб аташган эди. Турли ҳукмдорларга хизмат қилиш Шайбонийга Темурийлар давлатидаги вазиятни яхши билиб олишига имкон берди. Мовароуннаҳр ҳукмдорлари ва зодагонлари унинг хизматидан энг кўп манфаат кўриши натижасида Шайбоний Мовароуннаҳр зодагонлари орасида машҳур бўлиб кетган эди.
Шайбоний кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаш йўлида кураш олиб борган, бироқ ,,ўзбек-қозоқ” қабилалари томонидан кучли қаршиликка дуч келган. Бу қабилалар Шайбонийхонни қўллаб-қувватлаган қабилаларни аста-секин жанубга томон сиқиб чиқарганлар. Шайбоний бобоси Абулхайрхон вафотидан пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштирди ва беаёв қонли урушлар натижасида 1480 йилда кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклашга муваффақ бўлди. 1487-1488 йилларда Сайрам, Ўтрор ва Туркистон шаҳарларини ҳамда қўрғонларни эгаллаб, Мовароуннаҳр яқинида мустаҳкам ўрнашиб олди. Бу қўрғонлар келгусида унга Мовароуннаҳрни истило қилиш учун таянч вазифасини ўтаган.
Шайбонийхон кўчманчиларнинг жанговар анъаналари билан Ўрта Осиё шаҳарларининг маданий ютуқларини бирлаштира олиши унинг истилочилик юришлари муваффақиятли чиқишига ёрдам берди.
Шайбонийхон 1497 йилда Мовароуннаҳрга ўзининг дастлабки юришини уюштирган. У катта куч билан Самарқандга юриш қилди, лекин шаҳарни ололмасдан, Қарши ва Шаҳрисабзга ҳужум қилиб катта ўлжа билан қайтиб кетган. Шайбонийхон 1499 йилдан Мовароуннаҳрни забт қилишни бошлади. 1499 йилда у жангсиз Бухорони ва 1500 йилда темурийлар давлатининг пойтахти бўлмиш Самарқандни эгаллайди ва Султонали мирзони қатл эттиради. 1501 йилда эса Бобурни Кўҳак дарёси бўйидаги жангда енгиб, Самарқандда узил-кесил ўрнашиб олади. У энди катта қўшин тўплаб бутун Мовароуннаҳр ҳудудларини эгаллаш учун тайёргарлик кўра бошлайди. Шайбонийхон 1503 йилда Сирдарёнинг юқори томонига юриш қилиб, Маҳмудхон, Аҳмадхон ва Бобур бошчилигидаги мўгуллар, уларнинг иттифоқчилари бўлган қалмоқларнинг бирлашган кучларига дуч келди. Архиён шаҳри ёнида бўлган шиддатли жангда уларни тор-мор келтириб, Тошкент ва Шоҳрухия шаҳарларини ишғол қилди. Бу шаҳарлар ҳокимлигига амакилари Кўчкунчи султон билан Суюнчхўжани тайинлади. 1504 йил баҳорида Фарғонани ишғол қилди. Самарқанд шаҳри – Шайбонийхон давлатининг пойтахти этиб белгиланди. Шундан сўнг Шайбонийхон ишғол қилган ҳамма вилоятларга қариндош уруғларидан ёки ўзбек қабилаларининг юқори табақа вакилларидан ҳокимлар тайинлайди. Шайбонийхон Мовароуннаҳрда ўз аҳволини яхшилаб олганидан кейин 1504 йилда Хусравшоҳ ҳукмронлик қилиб турган Қундуз шаҳрини бўйсунтирди, сўнгра Хуросон ва Хоразм султони Ҳусайн Бойқаро давлатини забт этишга ҳозирлик кўрди. 1504 йилда Шайбонийхон Бухородан Хоразмга юриш бошлади. Ўн ой давом этган қаттиқ ва шиддатли қамалдан кейин 1505 йилнинг август ойида Урганч эгалланди. Ўша йили кузда Шайбонийхон қўшинлари Хуросон тупроғига бостириб кириб Маймана ва Фарёбга етиб борди. 1506 йилда эса Балхни, 1507 йил май ойининг бошларида Шайбонийхон Ҳиротни ишғол қилади. Шундан сўнг Ҳирот ўзининг иқтисодий, сиёсий ва маданий марказ сифатидаги нуфузини йўқотди. Хуросоннинг бўйсунтирилиши билан амалда Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштира олди. 1508 йил баҳорида Шайбонийхон Жон остоналарида темурийларнинг сўнгги қўшинини тор-мор келтириб, уларнинг Ўрта Осиёдаги барча илдизларига барҳам беради. Шу тариқа, у ХV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб темурийлар амалга ошира олмаган вазифани бажара олди. Шайбоний 1501 йилда юз берган «Сарапул жанги» билан Мовароуннаҳр тахтини олган бўлса, «Марвичак уруши» билан бутун Хуросонни ўз тасарруфига киритди. 1508-1509 йилларда ўзбек қўшинлари қозоқлар устига ҳужум қилиб, ҳар гал қўллари баланд келган. Шундай қилиб, Шайбонийхоннинг темурийларга қарши 1500-1509 йилларда олиб борган шиддатли урушлар оқибатида Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни ўз ичига олган «Шайбонийлар давлати» вужудга келди.
1510 йилда Шайбонийхон Сафавийлар дайлатининг ҳукмдори Исмоил Сафавийдан Марв яқинидаги Мурғоб дарёси қирғоғида, Таҳрирободда мағлубиятга учрайди, эрон сафавийлари Шайбонийхонни қўлга олишади. Шоҳ Исмоил буйруғига кўра, 1510 йил 12 декабрда унинг калласи олиниб, пўсти шилинади, пўсти ичи сомон билан тўлдирилиб, Сафавийларнинг Ғарбдаги душманлари бўлмиш Усмонли турклар ҳукмдори Султон Боязид II ҳузурига жўнатилади. Шайбонийхоннинг бош чаноғи эса шоҳ Исмоил уни олтин билан қоплаб, базм-у жамшидларда унга май қуйиб, қадаҳ ўрнида фойдаланган. Унинг бошсиз танаси Самарқанддаги Баланд Суфага дафн қилинган.
Шайбонийхоннинг ҳаёт тарихида эътиборга молик уч муҳим нуқта бор. У аввало, Ўрта Осиёликларнинг ички кучларига таяниб юришлар қилган ва оқибатда чегараси Амударё доирасидан жуда узоққа чўзилган бир мамлакатни барпо этган буюк соҳибқиронларнинг охиргиси эди. Бундан кейинги жанговар йўлбошчилар, маҳорат ва ҳирслари қанчалик катта бўлсада, бу борадаги бахт-омадга эришолмадилар. Иккинчидан, бундан кейин Ўрта ва Ғарбий Осиёда қабилалар уруши қатъий тугади. Ўзбеклар Турон яйловидан жанубий ғарбга тушган қавмларнинг энг сўнги қабиласи бўлдилар. Учинчидан, илк Аму ва Сир дарёларининг нариги тарафидаги мусулмонлар билан Ғарбий Осиёдаги дин қардошлари ўртасида жуда яқин бўлмасада, доимий бир алоқа бор эди. Темурийларнинг инқирози ва ҳалокатлари билан бу алоқа тамом бўлди. Хусусан, Сафавийларнинг шиаликни қувватлашлари сабабли алоқа узилиши янада чуқурлашди. Шайбонийнинг кўчманчи қавмлари билан бу ўлканинг шимол тарафига юриши, бунда тамомила маълум диний-ижтимоий ўзгариш қилган (шиалик тарқалиши) вақтларга тўғри келгани учун Мовароуннаҳр янада тезроқ мустақил бўлиб олди: жуда қадим замонлардаги каби Мовароуннаҳрнинг сув ҳудуди Турон билан Эрон орасида асосий бир чегара ҳолини олди.
Шайбонийхон руҳоний уламоларига катта ҳурмат, ҳатто болаларча итоат қилиб, барча уруш сафарларида ўзи билан баробар кичкина гўзал кутубхонасини олиб юрар, Темур каби бу ҳам Дамашқ ва Ҳалаб уламоси билан диний мунозараларга қатнашган. Қуръоннинг баъзи бир оятлари ҳақида Ҳиротнинг пешқадам тафсирчилари бўлган Қози Ихтиёр ва Муҳаммад Юсуфга эътироз билдирган эди. Шайбонийхонинг ислом дини борасида яхши билимга эга эканлигини ҳатто Бобур ҳам тан олади. Шунинг учун бўлса керак Шайбонийхон ўзини чин мусулмонлар, яъни сунна мазҳабидаги мусулмонларнинг бошлиғи ва уларнинг химоячиси деб ҳисобларди. Шунинг учун ҳам Шайбонийлар даврида яшаган олимлар хусусан, шоир ва тарихчилар уни “Халифа ур-Раҳмон” ва “Имом аз-Замон” яъни “давр имоми” ва “тангрининг ердаги халифаси” деб улуғлаганлар. Бу ном Шайбонийхонга Ҳирот олинган йили (1506) берилган.
Шайбонийхон маориф ва маданият ҳақида ўз даврининг руҳидан тўла хабардор ва ҳатто маориф жиҳатидан олдинга Темур шаҳзодаларнинг аксаридан паст эмас эди. Замонасидаги тенгдош шоирларнинг аксариятидан ортиқ даражада қалам соҳиби бўлган. Чунки унинг шеърлари буюк бир иқтидор ва гўзал табиатга молик эканини, у ҳам туркий ҳам форсий ҳам арабий тиллардан асосли суратда воқиф эканини кўрсатмоқда. Султон Ҳусайн Бойқаронинг вафотидан кейин бир сиқим донга мухтож қолган кўпгина уламолар Шайбонийдан паноҳ топдилар. У уламоларни хизматга олиб, муносиб вазифалар берди. Бухоро, Самарқанд, Тошкентда масжидлар, мадрасалар солишга амр этди. Ҳатто ҳарбий юришларда ҳам ўз атрофида бир неча уламо бўлган ва булар унга ҳурмат ҳамда садоқат кўзи билан қарашган.
Шайбонийхон давлатни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлаш йўлида қатор ислоҳотлар ўтказди. Биринчидан у давлат бошқарувида суюрғол тизимини жорий этди, яъни забт этилган ҳудудларни бошқариш ишини ўз фарзандларига, қариндош-уруғларига, биродарларига, қабила бошлиқлари бўлган султонларга топширади. Хусусан, Балх – Султоншоҳга, Ҳисор – Маҳди ва Ҳамза султонларга, Андижон – Маҳмуд султонга, Қундуз – Аҳмад султонга, Ҳирот – Жонвафобийга, Марв – Қўбиз найманга, Тошкент – Суюнхожага, Хоразм – Кепакбий қушчига, Самарқанд ва Кеш Муҳаммад Темурга, Бухоро ва Қоракўл – Маҳмуд султонга, Туркистон эса Кўчкунчихонга тақдим этилган.
Самарқанд пойтахт сифатида хон тахтига ўтқазиладиган жой ҳисобланган. У ерда хон шарафига хутба ўқитилган ва пул зарб этилган.
Иккинчидан, у мамлакатда ер-сувни қайтадан тақсим қилди. Кўчманчи қабила зодагонлари енгилган маҳаллий мулкдорлар мол-мулкини мусодара қилиш, сотиш, эгасиз қолган ерларни ўзлариники қилиб олиш йўли билан мулкларини кўпайтириб олдилар.
Учинчидан, мамлакат ичида ижтимоий ҳаётни тартибга солишга имкон берувчи ислоҳот ҳам ўтказди. Кейинги 10 йил ичида солиқлар оғирлигидан ва мулкдорлар жабр-зулмидан ер-сувларини ташлаб кетган хўжаликлар ерларини ишга тушириш масаласи кўриб чиқди.
Тўртинчидан, Шайбонийхон 1507 йилда пул ислоҳотини ўтказди. Бунга кўра мамлакатнинг ҳамма катта шаҳарларида вазни бир хил – 5,2 грамм бўлган янги кумуш тангалар ҳамда мис чақа пуллар зарб қилиниб муомалага чиқарилди. Бу ислоҳот иқтисодиётни тартибга солиш ва савдо-сотиқни жонлантириш мақсадида ўтказилган эди. Айни пайтда бу ислоҳот марказий ҳокимиятнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеини кучайтиришга, маҳаллий ҳокимлар мавқеини эса кучсизлантиришга, деҳқонларнинг солиқ тўлаш имкониятини оширишга, давлат в ахон мулкини кўпайтиришга имкон берди.
Бешинчидан, Шайбонийхон таълим соҳасида ҳам ислоҳотлар ўтказди. Бу ислоҳотнинг ўтказилишига амалдорлар гуруҳини вужудга келтириш ва уларни жамиятнинг асосий таянчига айлантириш зарурати сабаб бўлди. Хонларга ва султонларга барча соҳалар бўйича илмли, дипломат қобилиятига эга бўлган амалдорлар зарур эди. Ислоҳотга кўра, кўп босқичли ўқитиш тизими жорий этилди. Таълимнинг қию босқичи мактаб ҳисобланди ва болага 6 ёшидан таълим бериладиган бўлди. Мактабда икки йил ўқигач ўқувчилар мадрасага ўтказиларди. Мадрасада 3 босқичли таълим жорий этилган бўлиб, унинг ҳар бир босқичида 8 йилдан ўқиларди. Шундай қилиб, ўқиш 26 йил давом этарди.
Шайбонийхон томонидан амалга оширилган бу каби ва бошқа тадбирлар ўз моҳиятига кўра марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга, шайбоний хонлари ва беклари ҳукмронлиги кучайишига хизмат қилиши зарур эди.