Ўткир Алимов. Самарқандда Улуғбекнинг мадрасаси нечта?

http://n.ziyouz.com/images/ulugbek-madrasah.jpg

Бу йил мамлакатимизда буюк математик, астроном, шунингдек, тарих, шеърият, мусиқа бобида ҳам баракали ижод қилган Мирзо Улуғбек таваллуд топганининг 618 йиллиги нишонланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида улуғ алломанинг бизга қолдирган бой маънавий, маданий мероси ўрганилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида анжуманлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар ташкил этиб келинмоқда.

Амир Темурнинг кенжа фарзанди Шоҳруҳнинг биринчи хотини Гавҳаршодбегим 1394 йил 22 март куни ўғил кўради. Унга Муҳаммад Тарағай деб исм қўйишади. Соҳибқирон унинг тарбия­сига алоҳида эътибор беради ва энг зийрак набираси сифатида танилгани учун уни “Улуғ бек” деб эъзозлайди. Араб ва форс тилларини пухта ўзлаштирган Улуғбек диний ва дунёвий илмларнинг асоси билан танишади. Бобосининг кенгашлари ва қабул маросимларида қатнашади. Аммо урушнинг даҳшатли оқибатларини кўриб нафратланади. СҲунинг учун ҳам у ўзининг қирқ йиллик ҳукмронлик даврида мажбур бўлгандагина жанг майдонларига от сурган, холос.

Замондош тарихчиларнинг қайд этишича, бобоси Амир Темур каби Мирзо Улуғбек тарих, тиббиёт, фалакиёт каби соҳалар ривожига эътибор қаратган. Ҳақиқатдан ҳам Х-ХИ асрлардан шиор тусига кирган “Илм олишнинг аввали аччиқ, келажаги асалдир” деб айтилган ҳикматли ўгитга амал қилган Улуғбек ўз фаолиятида амалий ишларга кўп вақтини сарфлади: атрофига турли соҳа билимдонларини тўплаб улардан сабоқ олди, аждодлардан қолган илмий мерос билан яхши танишди. Ўзи ҳам “Тўрт улус тарихи”, “Зижи Кўрагоний” каби кўплаб илмий асарлар яратди, илмий академияга асос солди. Улуғбек даврида савдо-сотиқ ривожланди, кенг кўламда қурилиш ишлари олиб борилди, жамоат иншоотлари қурилди. Айниқса, ёшларнинг илм олишларини ривожлантириш мақсадида Мовароуннаҳрнинг бир неча марказий шаҳарларида турли фанлардан илм олишга мўлжаллаб илмий муассасалар қурдирди.

Ҳозирги кунда Улуғбек замонидан бизгача етиб келган бири биридан гўзал мадрасалар барча санъат ихлосмандларини лол қолдирмоқда. Масалан, 1417-1419 йиллар оралиғида Бухорода қад кўтарган мадраса. У икки қаватли, тўғри тўртбурчак (53х41,5 метр) кўринишида бўлган. Самарқандда 1417-1422 йиллари қад кўтарган икки қаватли мадраса ҳам ҳажм жиҳатдан бироз каттароқ. Бу мадрасалар деворларининг сатҳи ўз даврида жуда нафис рангли парчин ва кошинлар, эпиграфик Ёзувлар билан безатилган бўлиб, уларда талабалар учун дарсхоналар, кутубхоналар, дам олиш хоналари бор эди. Тарихий манбаларга кўра, Улуғбек даврида юқорида саналган учтагина мадраса мавжуд бўлган.

Кейинги вақтларда газета саҳифаларида ва илмий адабиётларда чоп этилган мақолаларга кўз ташланса, гўёки Улуғбекнинг Самарқандда иккита, Регистон ва Гўри Амир ансамбли таркибида мадрасалари бўлган эмиш. Улуғбек замондошларининг қўл ёзмаларида Гўри Амир ансамблидаги мадраса Улуғбекка эмас, балки Амир Темурнинг катта ўғли Муҳаммад Жаҳонгир Мирзонинг катта ўғли Муҳаммад Султон Мирзога тегишлидир. 1404 йилнинг июль ойи­да Амир Темур фармони билан мадраса ёнида сардоба ва боғ барпо қилингани ҳақида тарихчи Шарафиддин Али Яздий ва Самарқандга сафар қилган испаниялик Клавихо ёзиб қолдирган.

Ҳозирги илмий тадқиқотларга назар ташласак, Гўри Амир ансамбли таркибида ҳақиқатда ҳам Муҳаммад Султон Мирзо қурдирган иншоотлар мавжуд. Бу ерда чорси шаклида ҳовли бўлиб, унга шимол томондан кирилган. Унинг чап томонида эса мадраса қад кўтарган. У ўрта ҳажм­ли, атрофи бир қаватли ҳужралар, иккита айвон ва иккита қуббали залдан иборат эди. Ҳовлининг ўнг томонида эса мадраса билан бир вақтда қурилган хонақоҳ бўлиб, кейинчалик ҳовлининг тўрида мақбара қад кўтарган. Унда олдинма-кейин Амир Темурнинг пири Саййид Барака, Амир Темур, унинг ўғиллари, набиралари дафн этилган.

Самарқанддаги иккинчи мадраса ҳозирги Регистон ансамблидаги Улуғбек мадрасасидир. Мирзо Бобур Улуғбекнинг Самарқандда қурдирган иморатлари ҳақида “Бобурнома”да берган маълумотида қалъа ичидаги мадраса ва унинг қаршисидаги хонақоҳ, атрофларида масжид, ҳаммом бўлганини ёзиб қолдирган. Шунингдек, 15 асрнинг машҳур тарихчиси Абдураззоқ Самарқандийнинг форс тилида ёзган “Матлаи Саъдайн ва Мажмаи Баҳрайн” (“Икки сао­датли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг кўшилиш жойи”) номли асарида Самар­қандда турган вақтларида ўз кўзи билан кўрганлари ҳақида “Самарқанд шаҳрининг ичида, шаҳарнинг ўртаси ва майдоннинг марказида Арки олийга яқин жойлашган Сардуатиқ (сардуаник) деб аталадиган мавзеда Улуғбек бир-бирига рўбарў мадраса ва хонақоҳ бино қилиб, бу икки мақомни қуриб тамомлаш борасида бир неча йил давомида саъй-ҳаракатлар кўрсатди.., у икки иморатнинг латофатини Ёзув қалами ва баён рақами билан тасвирлаш мумкин эмас.., кўп даромадли ерларни, экинзорлар ва ариқларни у жойга вақф қилиб ажратти, уломаларнинг энг билимдонлари ва фозил кишиларнинг тажрибакорларини мадрасада дарс бериш ва тушунтириш учун тайинлади…” деб ёзган. Маълумотлардан кўриниб турибдики, Улуғбекнинг Самарқандда фақат битта мадрасаси бўлган. Лекин “Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги иккинчи мадрасаси” номли мақоладаги маълумотларда 1558-1559 йилларда Бухорода таваллуд топиб кейинчалик беихтиёр Ҳиндистонга кўчган тарихчи Мутрибий ал-Асамнинг “Тарихи Жаҳонгирий” асаридан олинган сатрлар келтирилган. Унда Самар­қанддаги Гўри Амир мақбараси таркибида Улуғбек томонидан қурилган мадраса бўлиб, 1625 йил атрофида ҳам талабалар ўқишгани айтилган. Мақолада мазкур асар ёзила бошлаганида муаллиф 68-69 ёшларда экани, ўз китобида яна бир қатор қайдларни, яъни Гўри Амир ансамблига бораверишдаги ҳовлининг чап тарафидаги мадраса, ўнг тарафидаги иморат, ҳовли пешгоҳида жойлашган даҳма ва у билан боғлиқ бошқа қимматли манбалар ҳақида ёзган.

Биз учун Мутрибий ал-Асам маълумотлари жуда қизиқарлидир. Лекин муаллифнинг мадрасани Улуғбек бунёд қилган деган изоҳи чалкашлик оқибатидир. Сабаби ансамблдан ўрин олган мадраса, хонақоҳ, улардаги миноралар меъморий ечими ва қурилиш услубига кўра Улуғбек замонига мансуб эмас. Фақат ҳовли пешгоҳига тақаб қад ростлаган Гўри Амир мақбараси (ХВ аср)нинг битмай қолган қисмлари Улуғбек даврида бунёд этилган.

Ёзма манбалардаги бундай чалкашликлар биздан ёшларни чалғитмаслик учун қадимий ёзма манбалардан келажакда эҳтиёткорлик билан фойдаланишни тақозо этади.

Ўткир Алимов,

Темурийлар тарихи давлат музейининг етакчи илмий ходим

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).