Соҳибқирон ҳар ердаким, иморатқа қобил ер кўрса эрди, ул ерда, албатта, бир иморат солур эрди.
Шарафиддин Али ЯЗДИЙ
Соҳибқирон Амир Темур таваллудига олти юз етмиш икки йил тўлмоқда. Орадан шунча йиллар ўтишига қарамай улуғ бобомиз даврига, шахсига, ҳаёти ва фаолиятига бўлган қизиқиш, нафақат бизда, балки бутун жаҳонда тобора ортиб бораётганини кўриб ғурурланасан киши. Айтиш мумкинки, насли-насаби-ю миллатидан қатъий назар, Ер юзида Соҳибқирон тақдирига бефарқ қарайдиган одам кам… Бу улуғ зот фаолиятининг инсониятни қойил қолдириб келаётган жиҳатларидан бири, Буюк Шахслигини яққол кўрсатиб турадиган фазилати, шубҳасиз, унинг бунёдкорликка бўлган меҳри ва шижоатидир, мухтасар айтганда, том маънодаги бунёдкорлигидир. Дарвоқе, Амир Темурнинг ибратли фазилатларидан бири — у ҳар ишгаки киришса қаттиқ киришар эди. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, ”Ҳазрат Соҳибқироннинг бийик ҳиммати — ҳар ишни охиригача еткурмагунча ўлтурмас эрди…”.
* * *
Ҳали оддий амирлардан бири мақомида, қайсар ва иззатталаб амирлар бошини гоҳ қовуштиришга эришиб, гоҳ қовуштира олмай Туркистон чўлларида от чоптириб юрган паллалар… Соҳибқирон умрида биринчи ва охирги марта бой берган маъшум “лой жанги”дан (1365 йил баҳори) кейин ҳам Амир Ҳусайнга ўхшаб жонимни сақлай деб, юртни ташлаб кетмади, балки 1365 — 1366-йиллар қишида — Соҳибқирон вақтни бекор ўтказишни ёқтирмасди — Қарши қалъасини қуришга киришди ва поёнига етказди. Темурбек бу пайтда йигирма тўққиз ёшда эди. Унинг бу ҳаракатлари катта мақсад йўлида зинҳор иккиланиб ўлтирмаганини, ёш амирнинг ўшандаёқ кўнглидан улуғ умидлар жой олганини, узоқ мақсадларни кўзлаганини, гарчи ўша пайт оддий бир амир бўлган эса-да, ўзини бутун мамлакат учун масъул сезганини кўрсатади.
Маълумки, Самарқанд мустаҳкам деворлар билан ўралмаган эди. Шаҳар салтанат маркази қилиб белгилангандан кейин, Амир Темур унга пойтахт кўрку салобатини бериш, обод масканга айлантириш йўлида катта ҳаракат бошлади. Бу ҳаракат Соҳибқироннинг бутун умри давомида тўхтагани йўқ, десак муболаға бўлмас. Даставвал кўчалар ораста қилинди, Кўксарой бунёд этилди. “Самарқанд аркида Темурбек улуғ бир кўшк солибдур, тўрт ошёнлиқ, — деб ёзади Бобур Мирзо. — Кўксаройга мавсум ва машҳур ва олий иморатдур”. Милодий 1371 йилда олти дарвоза тикланди, шаҳарсозлик ривожланиб кетди, шаҳар мустаҳкам қаъла деворлари билан ўраб олинди. Соҳибқирон Самарқандни дунёнинг энг олди шаҳарига айлантирмоқчи эди, бунга эришди ҳам. Ҳатто буни таъкидлаш учун, шаҳар атрофида Дамашқ, Бағдод, Миср, Шероз, Султония каби машҳур шаҳарлар номлари билан аталган, боғ-роғларга бурканган катта-катта қишлоқлар барпо қилдирди.
* * *
Самарқанди фирдавсмонанд атрофида бунёд этилган Боғи Нақши Жаҳон, Боғи Чинор, Боғи Биҳишт, Боғи Дилкушо, Боғи Баланд ва бошқа боғлар пойтахт кўркига кўрк бўлиб қўшилди. Уларнинг ҳар бирида муҳташам сарой, кўшк ва нақшинкор айвонлар қурилди. Бу боғлар ҳақида испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз кундаликларида завқ-шавқ билан қалам тебратган. Чунончи, испан элчиси Соҳибқироннинг суюкли хотини Туман оқага атаб бунёд этилган Боғи Биҳишт ҳақида шундай ёзганди: “Бу боғнинг ғиштин ва нақшин, ложувард ва олтин билан безатилган баланд ва гўзал дарвозаси бор. Боғ ниҳоятда катта. Унда мевали ва серсоя дарахтлар кўп. Ёғоч панжаралар билан иҳоталанган шинам хиёбон ва йўлаклардан одамлар ўтиб туради…”.
Боғи Нав ҳақида эса қуйидагиларни ўқиймиз: “Боғнинг тўрт тарафи баланд деворлар билан ўралган, ҳар бир бурчагида ғўласифат бурж-минора бўй чўзган. Боғ ўртасида — олдида сарҳовузи бор катта чортоқ уй…”.
Умуман, боғ яратиш, барпо қилишни Амир Темур жуда яхши кўрарди, таъбир жоиз бўлса, боғлар яратиш унинг севган машғулотига айланганди, яшнаган боғни кўриб баҳри дили очиларди.
1397 йил мартда Амир Темур Самарқанднинг шимолида Боғи Дилкушони барпо этиш учун “Конигилнинг бир ёнида боғи тарҳ солсунлар!..”, деб буйруқ беради. Кичик малика, соҳибжамол Тўкалхонимга атаб олий бир кўшк, улуғвор айвон бунёд этадилар. “Кўшкнинг тоқу равоқлари нақшинкор ва сиркор ғиштлар билан пардоз топди, — деб ёзади Яздий. — Боғнинг тўрт бурчагида… серҳашам шийпонлар қурилди…” “(Темурбек) Самарқанд шарқида икки боғ солибдур, …ёвуқроғи Боғи Дилкушодир, — дейилади “Бобурнома”да. — Андин Феруза дарвозасиғача хиёбон қилиб, икки тарафда терак йиғочлари эктурубтур. Дилкушода ҳам улуғ кўшк солдурубтур, ул кўшкта Темурбекнинг Ҳиндистон урушини тасвир қилибтурлар…”
Муаррихлар сўзларига қараганда, боғ жаннатдай оромижон, Эрам боғидек дилкушо экан. “Амир соҳибқирон у боғ ва саройларнинг қурилиши билан бир ойни ўтказди…”, дейди Низомиддин Шомий. Ҳайратга соладиган жойи шундаки, салтанат юмушлари билан ниҳоятда банд бўлган Амир Темурдай давлат арбоби битта боғ барпо этишга бир ой вақтини берган, шунга фурсат топа ола билган. Худди ўша йили Боғи Шимол қурилишида ҳам “Соҳибқирон бир ой-йарим ўзи туриб жаҳд этар эдилар”(Яздийнинг эътирофи).
Милодий 1399 йилда бошланган Жомеъ масжиди қурилишида ҳам у шундай собитқадамликни намоён этган эди. Яна Шомий дейди: “…Дорулмулк Самарқандда бир Жомеъ масжиди қуриб, бу хайрли иш билан қудрат эгаси (Оллоҳ)га яқинликка эришиш ниятини қатъийлаштирди… Олий ҳазрат иштиёқининг зўрлигидан шахсан ўзи иморат тепасида ҳозир бўлар, унинг тез битишига бутун ҳимматини сарфлар эди…”. Соҳибқирон келганда, масжид пойдевори ўрнини қазишаётган баҳодир қурувчи йигитларга далда бериб, уларнинг кўнгилларини кўтарар, рағбатлантирар экан. Яздий ҳам “Зафарнома” асарида Жомеъ масжиди қурилишига тўхталиб шундай ёзади: “Соҳибқирон ғоят иҳтимомидинким (эътибор берганидан, диққат қилганидан), масжид ишида тааллул (баҳона, сустлашиш) бўлмағай (деб), ўзи ҳар кун келиб ишлагонлар бошиға туриб, иҳтимом қилур эрди. Ва сўрар эрди… Масжиди жумаъда тўрт юз саксон устун тошдин ясаб… сақфини (шифти, гумбаз) тошдин ясадилар ва тўрт ёнида тўрт минора ясадилар. Масжид тугагандан сўнг Дилкушо боғига бориб тўйлар берди. Устакорларга тўнлар кийдуруб, отлар миндурди…”.
Демак, боғ барпо қилиш, масжид ё бошқа бино қуриш давлат аҳамиятидаги юмушлардан кам деб ҳисобланмаган, балки айни салтанат юмуши саналгани аниқ. Иккинчидан, Соҳибқирон боғни ҳам, масжидни ёки ўша барпо этилаётган иншоотни ҳам ўзининг кўз олдида қуришларини, ишнинг беқусуру бенуқсон чиқишини қаттиқ истаган.
Яна бир жиҳат. Бу боғларда бой-у камбағал, хосу омнинг баробар эмин-эркин сайр қилишлари ўша замонларда кам учрайдиган диққатга сазовор ҳодисалардандир. Боғларда Ибн Арабшоҳ, Руи Гонсалес де Клавихо сингари тарихчилар ҳайратланиб кезишган, кўрганларини авлодларга ёзиб қолдиришган. Бундай боғларнинг фақат Самарқандда эмас, балки бепоён салтанатнинг бошқа мавзеларида ҳам барпо этилганлиги эътиборни ўзига тортади. Булар, албатта, инсонпарварликнинг юксак кўринишларидандир.
Бунёдкорлик салтанатда урфга айланиб, унинг ҳаётбахш таъсири нафақат Соҳибқирон, балки амирзодалар, маликалар, аъёнлар ўртасида ҳам кенг тарқалди. Бу ҳаётбахш урфдан руҳланган қутлуғ Туркон оқа, Бибихоним, Туман оқа, Гавҳаршодбегим, Милкат оқа(Шоҳруҳ Мирзо хотини) каби ва бошқа маликаларнинг ўз маблағлари ҳисобига бунёд этган шифохона-ю ҳаммом, хонақоҳу мадраса, масжиду работлари ҳақида тарихий китобларда батафсил ёритилган.
* * *
Соҳибқирон ёшлигидан азиз-авлиёларга иззату икром кўргизиб келган. Унинг Шайх Шамсиддин Кулол, Шайх Зайниддин Абу Бакр Тойбодий, Мир Саййид Барака сингари зотларга ҳурмат-эътибори маълум. Табаррук зиёратгоҳлар, қадамжоларни обод қилишдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинларга лойиқ. Шаҳрисабздаги Дорут-тиловат, Дорус-сиёдат, Самарқанддаги Шоҳизиндадаги Қусам ибн Аббос мақбараси ва бошқа мақбарлар, Амир Темур мақбараси, кўплаб хонақоҳлар, Занги ота мажмуи, Бухородаги Сайфиддин Бохарзий, Чашмаи Айюб мақбаралари бинолари Соҳибқирон томонидан қурилган, тубдан таъмирланган. Амир Темур ўзига ғойибона пир санаган Шайх Нуриддин Басир(қутби чаҳордаҳум), Султон Бурҳониддин Қилич, Шайх Бурҳониддин Соғаржий, Шайх Сафиуддин Ёқуб Ардабилий сингари сиймоларга мақбаралар бино этдирди. Бундай эҳтирому иззат-икромларнинг олий намунаси, албатта, Соҳибқироннинг ”Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи, мақомоти олий ва машҳур” (Навоий) Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳисобланади.
Амир Темур ҳар гал Ясси шаҳрига келганида зиёратни улуғ пирнинг мозоридан бошларди. Бу ерда дастлаб милодий ўн иккинчи асрда қурилган кичик мақбара мавжуд эди. Соҳибқирон ва унинг даври тарихини мукаммал ёритган Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, милодий 1397 йил кузида Соҳибқирон Тошкент сари равона бўлади ва ундан ўтиб Ясси шаҳрига боради. Табаррук қадамжони тавоф этар экан: “Бу азиз Муҳаммад ҳанифа ўғлонларидин турур, алайҳи ва ала олиҳи вассалом”, дейди. “Буюрдиким, — деб ёзилган “Зафарнома”да. — ул мозори устиға иморати олий солдилар ва бир улуғ тоқ(гумбаз) боғладиларким, кўк била сўзлашур эрди… Ва фармон бўлдиким, томларини рангин кошин билан музайян қилсунлар(чиройли безасунлар). Ва Хожанинг қабрини оқ тош била ясадилар… Икки йилдан сўнг ул иморат туганди. Ул иморат тугангандан сўнг, андағи фақиру мискинларға кўб садақалар бердилар…”
Хожа Аҳмад Яссавий қадамжоси ҳамиша Соҳибқирон диққат-марказида бўлган. Мақбарага махсус вақф тайинланган, таъминоти учун давлат томонидан унумдор ер майдони, сарой, тегирмон ва бошқа зарур мол-мулклар ажратилган.
* * *
Амир Темур ҳамиша ерларни обод қилиш йўлларини қидирар, айниқса, сув чиқаришга катта эътибор берарди. Унинг назарида, фойдаланиши мумкин бўлган бир парча ер ҳам бекор, бенаф ётмаслиги керак.
В.В.Бартольд Амир Темурнинг салтанатда суғориш ишларига катта аҳамият берганлиги ҳақида ҳайратланиб ёзади. Фақат Туркистонда эмас, балки Хуросонда, Кобул атрофларида, Қаробоғ, олис Муғон чўли ва бошқа жойларда ободончилик, сув чиқариш, ариқлар қазиш ишлари изчиллик билан олиб борилган. Мурғоб водийсида деҳқончилик бошланишини тарихчилар Амир Темур номи билан боғлайдилар. Соҳибқирон Хуросонни фатҳ этганидан кейин, бутун аркони давлат — амиру аъёнларнинг ҳар бирига Мурғобдан бир ариқ, сой (канал, албатта, ўзларининг ҳисобидан, деб тушуниш керак) чиқаришни буюради, токи бу ерлар обод ва ораста бўлсин. Ҳафизи Абрўнинг гувоҳлик беришича, шундай йўсинда Мурғоб дарёсидан йигирма(!) канал чиқарилган, барчаси чиқарган одамнинг номи билан аталади. Каналларнинг ичида Соҳибқироннинг хайрия ишлари билан машҳур, маликалар ичида бош-қош бўлган эгачиси Қутлуғ Туркон оқа номидагиси ҳам бор эди… Каналнинг номи “Қутлуғ Хотун” деб аталарди.
Ҳиндистон сафарига отланган Соҳибқирон Ҳиндикуш тоғига чиқиб, Панжҳирдин ўтиб, Борон жилғасига тушади: бу ердан Кобулгача беш йағоч йўл экан. Бир йағочни тахминан олти километр дейдилар. Баъзан бир йағочни ўн икки минг қарн ҳисоблайдилар, бир қарн — тахминан бир метрга тенг. Бу ердаги айқириб оқиб ётган сувни кўриб, Амир Темурнинг кўнглида: “Ундан каттагина ариқ чиқарса бўлар экан…”, деган ажойиб фикр туғилади. Дарҳол сафар тўхтатилиб(!), черикка фармон қилинади ва иш бошланиб кетади. Иш бошида, одатдагидек, Соҳибқироннинг ўзи туради. Натижада тездаёқ узунлиги беш йағоч чиқадиган катта ариқ қазиб бўлинди, отини “Жўйи Моҳигир” деб атадилар. Ариқдан неча маъмур ва обод кенту қишлоқлар пайдо бўлди…
Ҳиндистон муҳорабасидан юртига қайтаётиб Соҳибқирон Нағар деган қалъани янгидан қуришларини буюради. Шу ерда, иттифоқо, ажойиб булоқ бор бўлиб, “суйи асру зебо ва латиф эрди”, фақат қалъадан ташқарида эди. Бу ердаги халққа қулай бўлишини, теварак-атрофга файз етишини кўнглига туккан Соҳибқирон: “Қалъани улуғроқ қилсунлар, андоқким, булоғ қалъа ичида киргай!”, деб амр этади. Яздий ёзади: Соҳибқирон “… андоқ жаҳд қилдиким, беклар ўзлари хишт(ғишт) ва балчиқ ташидилар…”. Амир Темур булоқнинг сувидан роҳатланиб, баҳраманд бўлиб қалъада фароғатда умр кечиришни шу ерлик халққа қолдириб, қурилиш битган куннинг эртасигаёқ Самарқандга жўнаб кетади…
Йўлда яна Арабон мавзеида бир работ солдиради…
Низомиддин Шомий Табриз шаҳрини таърифлаб дейди: “…қуббатул-ислом бўлмиш Табриз шаҳри хароб, нообод, равнақсиз ва кимсасиз қолди. Лекин Соҳибқироннинг ёсоқ ва адолати баракотидан шаҳар қайтадан яхшиланиб, Амир (соҳибқирон)нинг адлу додхоҳлиги соясида мазлум халқ яна манзилларига қайтиб, ҳаёт кечира бошлади…”.
Муаррихнинг Шероз ҳақидаги сўзлари ҳам ажойиб: “Ростини айтганда, Шероз Амир соҳибқироннинг шарафли қадами баракоти билан бир неча вақт амонда бўлиб, ободонлашди. Кишилар айшу фароғатга яқин ва қийинчилигу балолардан узоқ яшадилар. Бир қанча мавзеларга хайрия иморатлари, масжиду мадрасалар қурилди ва шаҳарнинг баъзи маҳаллаларига оқар сувлар келтирилди…”.
1401 йилда Қорабоғда юз берган воқеа ҳам бағоят ибратли. Шарафиддин Али Яздий ҳикоясига қараганда, бу ерда аввалги подшоҳлардан бири Арас дарёсидан катта анҳор чиқарган экан. Шикор қилаётган Соҳибқироннинг кўзи, иттифоқо, ўша анҳорга тушиб қолади. “Ҳиммати иқтизо (тақозо) қилиб”, ўша кўмилиб кетган анҳорни қаздиришга буюради. Тезда тавачилар ерни ўлчашиб бекларга бўлиб берадилар. Ўн йағоч узунликдаги кема юрса бўладиган чуқур анҳорни бир ойда қазиб тайёр қиладилар. Анҳорга Соҳибқирон аждодлар ҳурматини ёд этиб “Наҳри Барлос”, деб ном қўяди. Анҳор туфайли кўп боғлар яралиб, қишлоқлар обод бўлиб, экинзорлар кенгаяди…
“Соҳибқироннинг бовужуд улким, доим иши юруш эди ва бир ерда ўлтурмас эди, — деб ёзади Шарафиддин Али Яздий. — Аммо андин анча иморат ва зироат ва бақаъоти хайр(қадамжо, мақбара бинолари) ҳар вилоятда ёдгор қолдиким, сони йўқ турур…”
Буюк тарихчимизнинг сўзлари асло муболаға эмас.
* * *
Яна айрим мисолларни айтиб ўтайлик.
1380 йилда бошланган Оқсарой қурилиши, Клавихонинг ёзишича, 1404 йилда ҳам давом этар эди. 1382 йилда Сирдарё бўйида Шоҳруҳия шаҳри қайтадан тикланди, Шосмон (Мозандарон)да муҳташам сарой қурилди (1392), Хоразм (Гурганж) шаҳри қайтадан бунёд этилди (1393), Мўғулистон сарҳадида — Ашпарада мустаҳкам қалъа бўй кўргизди (1397), Ҳиндистон муҳорабасига бораётиб ўн тўрт кун деганда Эрёб қалъасини тикладилар, масжиди жомеъ обод бўлди (1398), Шомда, у ердаги табаррук икки мазор устида йигирма беш кунда оқ тошдан икки олий гунбаз солинди (1400), Қаробоғда тўрт бозори, бисёр иморатлари, ҳаммому карвонсаройи, майдону боғлари бўлган, икки тарафида тош безаклари берилган икки дарвоза, тўрт томонида ҳисор буржлари қад кўтарган Бойлақон шаҳри барпо этилди, бир йиллик иш бир ойда битирилди (1403), Эронда Гулихандон қалъасини “ганч била тошдан иморат қилдурди” (1404)…
Ажаб ҳикматки, қайдадир жанглар бўлиб ётарди, Соҳибқирон мамлакатида қурилишлар тинмасди…
Соҳибқирон табиатан қурувчи эди, унинг фаолияти замирида халқимизнинг бунёдкорлик фазилати, “қураман” деган ҳаётбахш ва яшовчан фалсафаси жобажо эди. Биз буни Соҳибқирон ҳақида ёзилган мўътабар асарларда, бугун кўз ўнгимизда савлат тўкиб турган муҳташам кошоналарда, иморатларда кўрамиз, ҳис этамиз, фахрланамиз.
Бугун Президент Ислом Каримов раҳбарлигида яратилган лойиҳалар асосида бунёд этилган Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуи, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи, Хасти Имом жомъе масжиди, Мустақиллик майдони, Темурийлар тарихи давлат музейи ва яна санасанг саноқ етмайдиган қанча-қанча кошоналар, маданий-маърифий масканлар, муҳташам саройлар, коллежлар, лицейлар, аэропорт бинолари, йўллар, темир йўлларга боқиб нигоҳлар қувнайди, диллар фараҳларга тўлади. Ҳа, Амир Темур бунёдкорлиги бугун ҳам юксак суръатларда давом этмоқда.
Эртасига умид боғлаган халқгина қурилишга меҳр қўяди, бу анъана ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда ва шиддат билан ўтиб боради.
Қайдадир олам нотинч, жанглар кечмоқда, лекин Амир Темур юрти — мустақил Ўзбекистонда қурилишлар тинмайди, бунёдкорлик одимлари кучайгандан кучайиб боради, қадимий ҳаётсевар юртда улуғ анъаналар давом этаётганини жаҳонга кўз-кўз қилади.
Амир Темур ана шундай халқнинг ўтюрак фарзанди эди.
Бунёдкорнинг толеи ана шунда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 14-сонидан олинди.