Мансурхон Тоиров. Венгер сайёҳининг сўнмас севгиси

http://n.ziyouz.com/images/vambery.jpg

Улуғ сайёҳ Арминий Вамберининг “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” номли асари ватанимиз тарихи холис ёритилган бебаҳо манбалар сирасига киради. А.Вамберидан олдин ҳам юртимиз тарихига оид манбалар кўп ва улар неча минг йиллик давлатчилик тарихи, миллий ўзлигига эга бўлган ўзбек халқи ҳақида мангу гувоҳлик бериб туради.

Вамбери ўз замонасининг кучли файласуф олими, профессор, Венгрия фанлар Академиясининг академиги эди. Марказий Осиё бўйлаб саёҳати давомида Вамбери учратган одамларнинг аксариятини ўзбеклар ташкил қилган ва у бирор маротаба ҳам ўзбек миллатига мансуб одамлардан, уларнинг каттаю кичигидан ҳеч бир ёмонлик, адолатсизлик кўрмаган. Икки буюк дарё оралиғидаги ўзбек диёридан чиқиб кетгач, Эронга яқин ўлкаларда қийинчилик машаққатлари уни тушкунликка тушириши мумкин бўлган паллаларда бу ерларда ҳам ўзбеклар бор-ку, ўзбек хонадони мени оч ва яланғоч қўймайди деб, ўзбекларнинг саховати, олижаноблигига суянган ва ишонган. Ўзбек миллати одамларига, европаликлар таъбири билан айтганда, “туркий халқлар дворяни, рицари”, дея қараган.

Арминий Вамбери 1832 йилнинг 19 мартида Дунай дарёсидаги (Венгрия) Шютт оролида жойлашган Дуна-Шердагели қишлоғида дунёга келган. У отасидан жуда эрта жудо бўлади. Беш ёшиданоқ тирикчилик ғами бошига тушиб, уйи атрофидаги ботқоқликлардан зулук теради, онаси эса зулукларни дорихонага сотиб, оила аъзолари шундан кун кўришади. Ботқоқда кўп юриш Вамберини оғир касалга дучор этади ва у бир умрга оқсоқ бўлиб қолади. Оғир ҳаёт шароитида, ярим оч бўла туриб ўқимоқ унга жуда ҳам машаққатли эди. Шу боис у ўспирин йиллариданоқ маълумотини ошириш учун ўз устида мустақил ишлайди ва бадавлат одамларнинг болаларини ўқитиш орқали китоб, дафтар, кийим-бош, ош-овқатига пул топади. Ёш болалик йилларидаёқ у венгер, немис, словак, яҳудий, лотин, француз, инглиз, испан, дания ва швед тилларини пухта ўзлаштириб олади. Йигирма ёшларга кирганида рус, қадим юнон, турк, араб ва форс тилларида ҳам бемалол гаплаша олади. Вамбери 20 тилда, шу жумладан, ўзбек тилида сўзлашишни мукаммал ўзлаштиради. У 1861 йили, яъни 29 ёшида Венгрия фанлар Академиясининг мухбир аъзоси этиб сайланади.

Бизга маълумки, Арминий Вамберининг бирор асари олимнинг она тили – венгер тилидан ёки ҳеч қурса, инглизчадан ўзбекчага ўгирилмаган. Унинг фақат “Туркий халқлар” номли асаригина русчадан ўзбекчага таржима қилинган. “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” китобининг русча таржимаси эса Москвада В.Ромодин муҳаррирлигида чоп этилган. Арминий Вамберидек улкан шарқшунос олим китобининг русча таржимасида кўчманчи ўзбек жумласи фақат бир маротаба ишлатилган бўлиб, унда ҳам бу жумла таржимон ёки масъул муҳаррир томонидан киритилгани сезилиб туради. Вамбери ҳар доим ўзбек деган сўзни ёзганида ўқувчига ўтроқ халқни гавдалантириб беради. Демак, Арминий Вамбери Ўрта Осиё бўйлаб саёҳатида кўчманчи ўзбекларни учратмаган ва ўзбекларни ушбу диёрнинг туб ўтроқ халқи, деб билган. Бизнингча, “кўчманчи ўзбек” жумласини ўзбек халқи тарихига нохолис ёндашмоқчи бўлган бирор кимса киритиб қўйган ва бу жумла Вамберига таниш бўлмаган. Умуман, ўзбек халқи тарихида ўзбек сўзига кўчманчи иборасини илк бор ким, қачон ва нима мақсадда киритган, билмадик. Китобдаги “ўзбекларни кўчманчилар ҳимоя қилар эди”, деган ибора янада ишончимизни мустаҳкамлайди.

Буюк сайёҳ Вамбери асарларини рус тилидан ўзбекчага эмас, балки венгерчадан ёки ҳеч бўлмаса, инглизчадан ўзбекчага ўгирганимизда эди, ўзбек халқи тарихи ва унинг олижанобликлари ҳақидаги таржимонлар чалкаштирган ёки бузган ва балки қисқартириб юборилган бир қатор тарихий қимматли мисоллар топган бўлармидик, деган ўйлар дилдан кечади.

Арминий Вамбери Ўрта Осиё бўйлаб ўша машҳур саёҳатини амалга оширган XIX асрнинг ўрталарида бу ҳудудлар асосан уч хонлик – Хива, Бухоро ва Қўқон хонликлари тасарруфида бўлган.

Айни Ўрта Осиёнинг Россия мустамлакасига айланиши арафасида Арминий Вамбери каби буюк сайёҳнинг бизнинг ўлка бўйлаб саёҳат қилиши ҳамда халқимиз ҳаёт тарзи ҳақида берган беғараз маълумотлари биз учун бебаҳо тарихий манбаларга айланган, деб биламиз. Мустамлакачилар ўзининг ғайриинсоний таъсирини кўрсатгунича ўша даврларда халқимиз қадриятлари, анъаналари қандай бўлганлиги ҳақидаги холис маълумотларга ушбу сайёҳ қолдирган манбалар асосида, қисман бўлса-да эгамиз, дея оламиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳаммамиз шу тупроқнинг сувини ичганмиз, нон-тузини еганмиз. Ҳаммамиз ўзимизни ўзбек санаймиз. Ўзбеклигимиздан фахрланамиз, ғурурланамиз…

…Яна қайтариб айтмоқчиман: биз ўзимизни миллат деб билар эканмиз, ўзбекчилигимиз ҳақида аниқ тушунчага эга бўлишимиз керак”.

Арминий Вамбери Маккадан қайтаётган ҳожиларга қўшилиб, дарвеш кийимида 1863 йилнинг 28 март куни Теҳрондан айни инглизларнинг жануб томондан ҳамда Россиянинг шимол томондан уч ўзбек хонлигига нисбатан тажовуз хавфи жуда ҳам кучга кирган паллада Ўрта Осиё бўйлаб саёҳатини бошлайди. У араб алифбосида венгер сўзлари билан саёҳати давомида кўрган-кечирганларини дафтарга яшириқча ёзиб боради. Бир ойча муддат ичида неча бора қароқчилар тўдаларидан, очлик ва айниқса, ташналик машаққатларини мардонавор енгиб, ҳожилар билан 31 май куни ниҳоят Хива хонлигидаги у илк кўрган ўзбек қишлоғига — “Оқёп”га кириб боради.

Арминий Вамбери Хива хонлиги ва ундан Бухоро хонлигига ўтиб, Самарқанд орқали Амударёнинг чап қирғоғидаги ўзбеклар яшайдиган Чичакту билан видолашгунича бўлган саргузаштларини баён қилиб борар экан, унда 55 маротаба ўзбек сўзини ишлатади. Сайёҳ доимо ўзбекларни уй – ҳовли жойли қилиб тасвирлайди. Уларни доимо олижаноб сифатларини баён қилиб борар экан, ҳаттоки, чегарадаги бож йиғувчи, мабодо, ўзбек бўлса, у ҳам хушмуомала бўлганлигини уқтириб ўтади. Бухоро ва Хива аҳолиси ҳақида сўз юритганида уларни кўпинча бухоролик ёки хивалик ёки қўқонлик ёки самарқандлик деган сўзлар билан ифодалаб ўтади. Хива, Бухоро ва Самарқанд халқининг аксарият қисмини ўзбеклар ташкил қилади, дейди у.

Биз эса ортиқча тафсилотларга берилмасдан, “минг эшитгандан бир кўрган афзал” деганларидек, А.Вамберининг “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат” асаридан айрим парчаларни келтиришни лозим топдик. Шу орқали улуғ сайёҳнинг ўзи гувоҳ бўлган ўтмиш ҳаётимиз лавҳаларини тасаввуримизда жонлантиришни ният қилдик.

Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат[1]

Бу менга ғоятда қизиқ эди, чунки мен қачонлардир Александр Македонский ўша даврлардаёқ қўрқинч солиб турган айлана атроф саҳроси аҳолисидан ҳимояланиш учун қурдирган тош деворнинг талай қисмини кўришимга имконият бўлди.

* * *

Аввалига йўқолган нарсани ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб узоқ ахтаришди. Ҳеч нарса топилмагач, эшон(шайх) ўғри олган нарсаларини қайтармаса, уни лаънатлаб дуоибад қилиши ҳақида эълон қилди. Орадан бир сутка вақт ўтар-ўтмас, тавбасига таянган айбдор пайдо бўлди; у фақат ўғирлаган нарсаларинигина эмас, балки ярашиш орзусида совға-саломлар ҳам келтирган эди. Мен бизнинг Париж ёки Лондон полициямизга бу усулда ишлашни тавсия қилиш мумкин эмаслигини кўз олдимдан ўтказдим.

* * *

Бахтимга уйқусизликдан олган азобларим гўзал баҳор таассуроти остида унутила бошлади ва биз Хивага яқинлашганимиз сари баҳор шукуҳи ортиб борар эди. Аввалига мен саҳродан келганим учун Хива менга шундай гўзал бўлиб кўриняпти, деб ўйлаган эдим. Лекин мана бугун яна Европанинг гўзал гўшаларини кўриб турсам-да, Хива атрофи ва ҳовлилари тароватини гўзалроқ деб биламан… Мабодо, Шарқ шоирлари ўз илҳомларини бу ерда созлаганларида эди, форс саҳроларидагидан кўра арзигулик манбалар топган бўлар эдилар.

* * *

Ўрта Осиёда бир одат бор, бироз вақтга бўлса ҳам оддий бир иш билан кишининг уйига бош суқсангиз, олдингизга дастурхон ёзишади ва меҳмон озгина бўлса-да, тамадди қилиб олиши керак бўлади. Уй эгасига: “Мен бошқа таом ея олмайман”, дейишлик тарбиясизликнинг белгиси ҳисобланади. Менинг ҳожи ҳамроҳларим ушбу борада ҳам ўта тарбияли эканликларини обдан исботлашди.

* * *

Ўзбеклар конус шаклига ўхшаш мўйна телпак, катта, қўпол юмшоқ кўн этик кийишади ва шу билан бирга ёзда узун кўйлак кийиб юришади. Кейинчалик мен ҳам шу кийимни кия бошладим, чунки кўйлакни оҳори кетмаса, уни кийиш уят ҳисобланмайди ва ҳаттоки, уни бозорга ҳам кийиб бориш мумкин бўлади.

* * *

Бундан ташқари, чилдирма ва дутор бўлиб, бахши ўз қўшиқларини мусиқага солади. Одатдаги ҳаётда кўпроқ қаҳрамонлар куйланса, қирол саройида, аксинча, кўпроқ Навоий ҳамда форс шоирлари ғазаллари танланади, ёш шаҳзодалар мусиқа чалишга ўргатилган бўлишгани учун хон кўпинча улардан ўзи ёки сарой трубадурлари (бахшилари) ҳамроҳлигида бирор мусиқани ижро қилиб беришни сўрайди. Теҳрон ёки Босфор саройларидаги каби ўйин-кулгуни сиз ўзбек ҳукмдорлари саройида топа олмайсиз, у бу ердагиларга таниш эмас ва ёки одатга айланмаган. Ўзбекларнинг миллий характерида жиддийлик ҳамда қатъийлик устун…

* * *

Ундан четроқда Муножот тоғи кўриниб туради. У ерни авлиё Анбар она дафн қилинган жой, деб билишади. Исломнинг суннийлик мазҳабида аёл-авлиёлар кўпам учрайвермайди, лекин бундай авлиёлардан бир нечтаси Ўрта Осиёда мавжуд. Бу – Ғарбдаги “ислом инсоннинг гўзал бўлагига нисбатан ўгай она каби муносабатда бўлади”, деган маънодаги дунёқарашига нисбатан яна бир муҳим зиддиятдир.

* * *

Кечки қўноғимизга анча-мунча егулик учун нарсалар овлаб олдик. Мен сизга айтган қушлар бу ерларда мазалироқдир ва умуман олганда, ўзбеклар уларни Мозандарондаги форсларга қараганда мазалироқ қилиб тайёрлашни билишади. Ўрмон тугаган ерда ўзбеклар яшайдиган мустаҳкам Қизилчагала қалъаси кўринади.

* * *

Оксуснинг (Амударёнинг) қумли суви сув секинроқ оққани учун тиниб улгурган канал ва ариқ сувлари каби (тўғридан-тўғри – М.Т.) ичиш учун жудаям яроқли эмас. Оксусда эса сув гўёки қумдан тайёрланган пирогни еган каби тишингда ғижирлайди, лекин унинг сувини бироз тиндирилиб ичилса бўлади. Мазаси ҳақида сўз юритилса, Туркистон аҳолиси ер юзида бирор дарёнинг суви, ҳаттоки, муборак Нилнинг сувининг мазаси ҳам Оксуснинг суви мазасига тенглаша олмайди, дея тасдиқлашади. Бошида мен ёқимли таъм сувсиз саҳродан келганим учун бўлаётир, деган тушунчада юрдим, лекин мен тан беришим керакки, на Осиёда ва на Европада суви Оксус сувидан кўра мазалироқ дарё сувини учратмадим.

* * *

Мени янги ҳамроҳларимга рўпара қилишар ва иложи борича, менга гўёки ўғли ёки укасига бериладигандек энг яхши мақтовларни улар олдида йўллашар экан, ҳамроҳларим мени шаҳар дарвозаси олдида Қаршигача кетишга тайёр турган карвон қошигача кузатиб боришди. Мен охирги қучоқ очган дўстимдан ажраган дамим ёш боладек йиғлар эканман, карвондаги ўз жойимни эгаллаб олдим; менинг дўстларим ҳам кўз ёшлари билан юзларини ювишар, икки қўлларини осмонга кўтариб Оллоҳдан сафарим бехатар кечишини сўрашар эди. Мен бир неча бора орқамга ўгирилиб қараб бордим, лекин тез орада улар кўздан ғойиб бўлишди ва мен фақат чиқиб келаётган ой каби ярқираб турган Самарқанд қуббаларини кўра бошладим.

* * *

Ўрта Осиё бўйича пичоқсозлик кенг тарқалган бўлиб, ҳожилар улардан сотиб олиб, форслар юртига, Арабистонга ва Туркияга олиб боришар ва уч-тўрт баробар қиммат нархда пуллашар эди. Пичоқлар ўзининг мустаҳкамлиги ва нафислиги билан инглизларнинг энг нодир маҳсулотлари билан бемалол беллаша олар эди.

* * *

Биз юқорида айтиб ўтган икки қоя орасидан оқиб ўтувчи Оксуснинг кенглиги Пештам ва Офен орасидан оқиб ўтувчи Дунайнинг кенглигидан икки баробар ошиқ эди.

* * *

1862 йили қари Баракзой ҳукмрони охирги бора қиличини Ҳиротнинг ғайридинларига нисбатан яланғочлаганида, бутун Ўрта Осиё зириллади, лекин Маймана бу гал ҳам бўш келмади ҳамда ўзбекларнинг мардлик ва жасорати маталга, халқ ичида достонга айланди.

* * *

Бу – ушбу ерда изларини ҳалиям топиш мумкин бўлган Пул Табон тош кўпригини қуришга фармон берган машҳур султон Ҳусайн Мирзонинг ёзлик қароргоҳидир. Ўрта Осиёнинг энг ўқимишли ушбу ҳукмдори даврида айлана атрофдаги барча ерлар гуллаб-яшнаган ва Мурғобнинг соҳилида яна бир нечта шаҳардан ташқарида қурилган саройлар мавжуд бўлган.

* * *

Сўнгра мен Кустенжи орқали Пештга жўнаб кетдим ва у ерда менга Самарқанддан айрилмай ҳамроҳ бўлиб келаётган қўнғиротлик Мулла Исҳоқни қолдириб, Лондонга жўнаб кетдим (у Хивалик мулла Макка ўрнига Венгриянинг пойтахтига тушиб қолганидаги ҳайратини ўқувчи кўз олдига келтириши қийин эмас. Уни кўпроқ фарангиларнинг оқкўнгиллиги, улар уни ўлдириб қўйишмагани ҳайратга солар эди). Мен юртимда кўп қола олмас эдим, чунки Англия Қироллигининг география жамиятида мавсум тугамасидан ўз саёҳатим ҳақида маъруза қилишим керак эди ва мен буни дўстларимнинг қўллаб-қувватлаши орқали уддаллай олдим. 1864 йилнинг 9 июнида Лондонга келдим ва икки бир-биридан мутлақо фарқли бўлган шаҳарлар – Бухорони Лондонга алмашишга кўникишим учун мендан ғоятда катта матонат талаб қилинди.

* * *

Ўзбеклар бу – асосан, ўтроқ халқ бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланишади. Улар Орол денгизининг жанубий чегарасидан то Комулагача (Хивадан 40 кунлик йўл) бўлган жуда кенг майдонда истиқомат қилишади ва учала хонликнинг ҳамда Хитой Татаристонининг (Қашқар назарда тутилаяпти – М.Т.) энг кўп сонли халқи ҳисобланишади. Ўзбеклар 32 қавм (уруғ – М.Т.)га бўлинишади (Шу ўринда Вамбери уларнинг номларини бирма-бир келтириб ўтади – М.Т.).

1) қўнғирот, 2) қипчоқ, 3) хитой, 4) манғит, 5) нокс, 6) найман, 7) қулан, 8) қият, 9) ас, 10) таз, 11) саят, 12) жагатой, 13) уйғур, 14) оқбет, 15) дўрмон, 16) ёшун, 17) қанжиғали, 18) ноғай, 19) болғали, 20) митен, 21) жалоир, 22) кенагас, 23) қонли, 24) ишқили, 25) бўйюрли, 26) алчин, 27) очмойли, 28) қоракурсак, 29) бирқулоқ, 30) туркуш, 31) каллекесар, 32) минг.

* * *

“Ўзбек” номи билан доимо кўнгилга жуда ёқимли оҳанг берувчи, яхши муомалалилик ҳақидаги таассурот келади. Шунинг учун қирғизлар, қипчоқлар, қалмиқ ва бошқалар шаҳарга яшаш учун кўчиб боришлари биланоқ ўз миллатларидан воз кечишиб, ўзларини ўзбек дея атай бошлашган.

* * *

Пойтахт – Қўқон, (“Хобкент” сўзидан келиб чиққан бўлиши, эҳтимол – “гўзал қишлоқ”, “гўзал жой”) ёки ерли халқ Қўқонди – Латиф, яъни “Мафтун этувчи Қўқон”, дея атайди. У ажойиб водийда жойлашган бўлиб, майдони Хиваникидан олти баробар, Бухородан уч баробар ва Теҳрондан тўрт баробар каттадир.

* * *

Тошкентдан сўнгги энг аҳамиятга молик шаҳарлардан бири Хўжанд бўлиб, унда 5 мингга яқин уй ва шолча ишлаб чиқарувчи фабрика, 15 мадраса ҳамда 30 масжид бор; (Афсуски, Вамбери Тошкентда нечта мадраса бўлганлиги хабарини қолдирмаган ёки бу ёзувлар масъул муҳаррир томонидан кераксиз деб топилиб, қисқартириб юборилган бўлиши мумкин. Тошкентдан кичик шаҳар – Хўжандда 15 мадраса бўлган бўлса, Тошкентда ўша пайтда балки улар сони камида 20-30 бўлгандир – М.Т.) Марғилон, Қўқон олимларнинг ўчоғи бўлиб, ҳозирда Маҳдум Аъзам тариқатининг раҳбари (бу тўра ҳозирги Бухоро амири шаҳарга ғолиб сифатида кириб келганида унга ўзининг оқ фотиҳасини беришдан бош тортган, лекин амир уни жазолашга ботина олмаган) Бузрукхўжа катта яшаётган жойдир; Андижонда хонликнинг оғир шойи материал – энг яхши адраслари ишлаб чиқарилади. Қўқон хонлигининг сиёсий аҳволига келсак, унинг мустақиллиги Бухоро ва Хиваники каби қадимийдир.

* * *

Қўйлар ҳамма ерларда қуйруқли бўлади ва улар, айниқса, Бухорода яхши бўлади. Мен Осиё бўйича унинг гўштидан кўра мазалироқ эт емаганман.

* * *

Бухоро аҳолиси Хива аҳолисидан сон жиҳатидан бир неча баробарга кўпдир ва бухороликларнинг Хивани шу пайтгача босиб ололмаганлигини фақат ва фақат ўзбекларнинг мардлиги билангина изоҳлаш мумкин. Менинг эшитишимча, Оллоқулихон биринчи бўлиб ўз элчиларини Бухоро ва Қўқонга йўллаб, Руссия томонидан бўлаётган тажовуз хавфининг олдини биргаликда олиш таклифини қилади. Бухоро бу таклифни олгач, уни рад этибгина қолмай, балки руслар томонга оғиб ҳам кетади. Қўқон таклифни қабул қилади ва Бухоро билан уруш ҳолатида бўлган Шаҳрисабз ва Ҳисор ҳам уларга қўшилади. Лекин иттифоқ яхши ниятлигича қолиб кетади.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-сон

———————-

[1] Асардан парчалар ушбу мақола муаллифи томонидан ўзбек тилига ўгирилган.